Шоир ва файласуф Шаҳзод Аҳмад (شہزاد احمد) Ҳиндистоннинг Амритсар шаҳрида туғилган. Кейинчалик Покистонга кўчиб келган. 1956–1958 йилларда Лаҳор университетида психология ва фалсафа фанлари бўйича магистрлик даражасини олган. У кўплаб шеърий ва илмий китоблар муаллифи. Бир қатор жаҳон шеърияти намояндаларининг асарларини урду тилига таржима қилган.
ЯРАДОР ҚУШ
Юрагимда бир қуш яшайди,
На куйлай олар, на уча олар,
На атрофдан бир дон излайди.
Ҳеч қачон ёғмайдиган ёмғир остида
Бўкиб ўтирар.
Чарақлаб турган қуёшни соғинар.
Рангсиз бўлса-да
Майли деб ўйлар.
Унинг нурларини ҳис қилмас кўзи,
Кўрмайди, қуёшга талпинмас ўзи.
Кўзида акс этар вайрона боғлар,
Юзида аламу ғамлардан доғлар.
Тилида минг битта таъмни туяди,
Баридан ўткирроқ ғамни туяди.
Уясини сўрасангиз гар –
Тарк этилган баҳайбат шаҳар.
Рус тилидан Азиз Саид таржимаси