Таниқли шоир, урду адабиёти бўйича фан доктори унвонига эга адабиётшунос Анис Наги (انیس ناگی) 60-йиллар адабий ҳаракатининг пешқадамларидан саналади. Янги шеърият ва экзистенциализм оқими тарафдори. У Пабло Неруда, Альбер Камю ва Жан-Поль Сартр асарларини урду тилига таржима қилган. Адиб 2010 йил 7 октябрда талабаларга маъруза ўқиётган пайтда юрак хуружидан вафот этган.
ШОВҚИН СИМФОНИЯСИ
Чор атроф шовқинга ғарқ,
Ўз овозим қандай эшитай,
Бошқалар-чи, қандай эшитгай?
Қулоғимдан лабимга қадар
Садо йўқдир шовқиндан ўзга,
Маъни йўқдир шовқиндан ўзга.
Менинг ғалат ватандошларим
Шовқинзорнинг хилватларида
Лаззат сепар баданларига.
Таомлари шовқин уларнинг,
Ҳузурлари шовқин уларнинг.
Азобли ўйлардан нажотлари – шовқин,
Ўлим қўрқувидан паноҳлари – шовқин.
Шовқиндан гўёки озод қуш улар,
Қуш, лекин аслида парвозкуш улар.
Чор атроф шовқинга ғарқ –
Шошаётган ҳар бир қадамдан
Титраётган ҳар битта тандан,
Юраклардан,
ғилдираклардан,
моторлардан
таралган шовқин
қийноққа соладир жонимни.
Ҳеч қаердан топа олмайман
Бу асрнинг сурони ичра
Йўқолган ўз овозимни.
Рус тилидан Азиз Саид таржимаси