Аҳмад Надим Қосимий (1916-2006)

Аҳмад Надим Қосимий (احمد ندیم قاسمی‬‎) – шоир, адабий танқидчи, журналист. Элликдан зиёд бадиий, илмий-оммабоп китоби чоп этилган. У ярим аср мобайнида адабиёт журналининг бош муҳаррири вазифасида фаолият юритган. “Ёмғир томчилари” (1944), “Гул ёлқини” (1953), “Вафо саҳроси” (1962) каби китоблари шеърият ихлосмандлари эътирофига сазовор бўлган.

ЁМҒИР

Тун… Қамоқхона томи устида
Шахд билан ҳаллослаб югурар ёмғир.
Бундай қатъиятда муз тоғларни у
Парчалаб, майдалаб ташлашга қодир.

Сирли нафас олар дағал тўсиқлар,
Ғужанак бўлади тош мағлуб, карахт.
Ўтириб бу тийра қафасда танҳо
Хаёл сургум: мени тополмас ҳаёт!

Кўтарилар ҳаёт кўкрак қафаси,
Гўё куйлаяпти, гуллаган зулмат.
Темир ва харсанг қатлам оралаб,
Шоирни сургалар, орзу беминнат.

ЗИДДИЯТ

Олисдасан! Дарё, тоғлар ортида –
Майин овозингни эшитиш даргумон.
Жуда ҳам яқинсан! Киприк остида:
Кўзларимни юмсам – чеҳранг шўх, шодон.
Жуда ҳам олиссан, жуда ҳам яқин,
Ақлим қочиб борар ўйлаган сайин.

ЧОРЛОВ

О сен, орзулари юрагида тўлқин урган,
Кел, ой, жамолингни гуллар ила ўрайин.

Туманга экиб табассум – кунлик машғулотинг,
Кел, ой, сени бир кўришга бахш этай, ҳаётим.

Сен тўрт томонимсан: ердан ҳам кўкдан марҳамат,
Ҳарёқдан ахтардим – яна қайдан кутай ҳиммат.

Гўзал Бегим таржимаси