Павло Тичина (1891-1967)

Тичина Павло (Павел) Григорьевич [1891.15.(27).1, ҳоз. Чернигов вилояти, Украина — 1967.16.9, Киев] — украин шоири, давлат ва жамоат арбоби. Украина Фанлар академияси академиги (1929), Украина Олий Мажлиси раиси (1953-59), СССР Олий Совети Миллатлар Совети раиси ўринбосари (1954-62).
1918 йил «Қуёшли кларнетлар» шеърий китоби нашр қилинган. «Украинадан эсган шамол» (1924), «Чернигов» (1931), «Ягона оила туйғуси» (1938), «Пўлат ва нафосат» (1941) каби шеърий тўпламларида ватанпарварлик ва тинчлик мотивлари ифодаланган.
«Котовский қиличи» (1938), «Шевченко ва Чернишевский» достонлари (1939) муаллифи. «Енгмоқ ва яшамоқ» (1942), «Дўстни дафн этиш» (1943) шеър ва достонлари 2-жаҳон урушига бағишланган. Урушдан кейинги даврда долзарб мавзудаги шеърий асарлар, болалар учун эртаклар ҳамда адабиётшунослик масалаларига оид мақолалар ёзган.
«Танланган асарлари» (1957, 3 жилдли) учун Т. Г. Шевченко номидаги Украина Давлат мукофоти берилган (1962). Айрим шеърлари ўзбек тилига таржима қилинган.

УКРАИНАНИ ЎЙЛАГАНДА

Деразамда қават-қават муз,
Осмонда ой сузади сокин.
Оғир, жимжит чўкиб ётар тун,
Уйқу келмас. Вокзалда-ёлғиз.

Паровозлар солади шовқин.
Ухлалмасдан қўзғолдим, нега?
Ё бомбалар портламоқчими?
Снарядлар дод солмоқчими?

Муз қоплаган деразаларга
Осколкалар ёғилмоқчими?
Ҳеч нарса йўқ. Ва сайёралар
Орасида учмоқда ер ҳам.

О, ватаним! Ичаман қасам,
Қамиш қомат хонимлар қадар
Бежонмассан, менинг волидам.
Нелар кечди онанинг ҳоли?

Нелар бордир пешонасида?
Йўқ, йиғи йўқ ўғил сасида,
Дуо қилмас гўдак мисоли,
Ёнмоқдадир ғам найзасида.

Украина, оҳ Украина!
Бу тунларда сен ўзинг бедор,
Ўзинг ғамли, сен ўзинг бемор.
Қора тунда, чақмоқ ўтида
Япграб ёвга тикмоқдасан дор.

Бутун фикрим — хаёлим сенда.
Украина! Эй эрк қуёши!
Оёғингда ўғлингнинг боши,
Жароҳатинг азоби менда,
Бошимдадир қайғунинг тоши.

Ахир нега чекмайин азоб
Тупроғингда туғилган бўлсам,
Эмган бўлсам сутингни мен ҳам,
Нега бермай азобингга тоб?

Бўлган бўлсанг жонимга малҳам?
Мен ўзимни тутиб олганда,
Аста-секин чиқариб овоз,
Куйчинг бўлиб чолганимда соз,

Ишқинг бирдан ўтга солганда,
Мажнун бўлиб айтган бўлсам роз?
Мен ўйлайман Украинамни,
Ўз уйим деб қилганим йўқ ғам.

Қайғиртирмас кичкина кулбам.
Днепрни, бутун халқимни,
Авлодимни ўйлайман ҳардам.
Хафа бўлма додимга бироқ,

Оғриганда онанинг жони,
Чиқмайдими бола фиғони?
Сенсиз унга ўлган яхшироқ
Ва лозимдир тўкилса қони.
Жим… секинроқ… мени хаёллар

Олиб кетди сенга, онажон.
Ухлалмайман… жимжит ҳар томон.
Фақат тинмай солмоқдадир жар
Паровозлар вокзалда ҳамон.

Қурол ташир улар бетиним,
Танк, замбарак менинг элимга,
Куч ортдириб менинг белимга.
Мен уларни кузатаман жим,
Далда бериб ғамгин дилимга.

Сен ёвларнинг бошини учир,
Эй жонажон даҳшатли қурол,
Одамхўрлар элидан ўч ол,
Жаҳаннамга жонини кўчир.
Ҳаммасига қиёмат кун сол!

Гўдакларнинг недур гуноҳи?
Она, унга нима қилдинг сан?
Сийнасига юлдуз тилинган,
Бокира, пок қизларнинг оҳи
Унга охир бичмасми кафан?

Ана шўрлик бир бола бежон,
Яп-ялонғоч ётипти қорда.
Она билан отаси дорда.
Бу ваҳшийлик бўлган ҳукмрон
Қай замонда, қайси диёрда?

Сен ҳам тутдинг ёвнинг бўғзидан,
Жонини ол, бўғабер маҳкам.
Гўрга кирсин қонхўр, муттаҳам.
То тиз чўкиб ялинмас экан,
Ҳеч нарсадан қайтмагил сен ҳам!

Кўнглим шунда топар тасалло…
Осмонда ой сузади сокин.
Оғир, жимжит чўкиб ётар тун…
Кўзларимда уйқу йўқ асло…
Паровозлар солмоқда шовқун.

Ҳамид Олимжон таржимаси