Людмила Скирда (1945)

Украин шоираси ва маданиятшуноси Людмила Скирда (Людмила Михайлівна Скирда) 1945 йили Кировоград шаҳрида туғилган. 1968 йили Киев Миллий университетини тамомлаган. У Малишка, Сковороди, Вииниченко номидаги адабий мукофотлар соҳиби, Украинада хизмат кўрсатган маданият ходими.


ФАҚАТ ЮЗЛАР НУРЛАНДИ

Икки севишганнинг висол онларин
Кузатаман француз ресторанида.
Қиз ўн саккиз ёшда.
У қизил кимонода,
Оддий ерлик қиздан кўра у
Ўхшар атиргулга кўпроқ.
Уларнинг столи
Каттакон ойнаванд девор ёнида,
Ундан кўриниб турар гуллаган сакура.
Улар сўз қотмаслар,
Термулишар фақат сакурага жим,
Гоҳ-гоҳ бир-бирига ташларлар нигоҳ.
Йигитнинг ҳар нигоҳидан кейин
Қизнинг майин ёноқларига
Тепчир қизиллик.
Ва у енгил пайдо бўлар-да,
Енгил йўқолар.
Таомни келтирарлар. Қиз тегинмайди уларга –
Йигит емакка даъват қилароқ
Қўлларига пичоқ ва санчқини
Олмагуни қадар.
Бироқ яна лаҳза ўтмай,
Улар қўлларидагини қўйиб,
Термуларлар сакурага –
Худди сеҳрлангандек.
Улар хатти-ҳаракатида кўҳлик намоён.
Мен қиз кўнглидаги
Масарратни туяман, –
Уни таомдан тўхтатиб қўйган.
Ойна ташидаги оппоқ гуллардан
Кўз узмайди у.
Бундай латиф ҳолат давом этар узоқ.
Таомлар бир-бирин ўрнин эгаллар,
Тегинмаган ҳолда олиб кетар уларни ресторан бекалари.
Ё раб, севишганлар бир-бирларига
Сўз қотмаслар то мудом.
Фақат юзлари нурланар ички туйғудан.
Қўл етмас бўладими сукунат ҳам шу қадар…

ТАБИАТ УЙҒОНИШИ БАЙРАМИДА

Сецбун-мацури*  айёми – ибодатхонада
Қовурилган нўхатларни отардик.
Бизлар болалардек қувнардик
Нишонга текканда отган нўхатларимиз.
Нишон – шляпалар, беретлар,
Тўрвалар, халталар, соябонлар эди.
Одамлар жинлар билан яшашни истамаслар.
Шу боис хонадонларининг қоронғи бурчакларига
Нўхатлар отиб, дейдилар:
“Уйда бахт қолсин – жинлар йўқолсин!”
Уларнинг мунаввар юзларига боқиб,
Ишонгим келади,
Эртага жинларнинг дунёда камайишига.

_______________
* Қишда нишонланадиган табиат уйғониши байрами.

СЕНИНГ ИСМИНГДАГИ ГУЛЛАР

Мен бир умр севдим нилуфарларни,
Уста гулкорларнинг гулларини.
Мармар қўнғироқлар
Сеҳрли бўйларини тарар.
Токиода илк нилуфарларни харид қиламан
Ва сўрайман гулчидан:
– Бу гуллар япончасига қандай аталгай?
“Юри”, – дейди у.
Ва бирам мамнун жилмаяр,
Худди бу сенинг исминг
Эканин билгандек, ёлғизим…

ТАБИАТ БИЛАН ЁНМА-ЁН

Сёдзи – меъморчиликдаги ажойиб ғоя,
Деб ўйлайман мен.
Бу борада баҳслар ортиқча.
Айтинг, яна қаерда оддийгина уй
Қўлнинг енгил ҳаракати ила
Боғнинг бир қисмига айланиб қолар,
Яъни гуллар, новдаларнинг ажиб ифори,
Қуёш ҳарорати ва сарин эпкин
Сизни ўраб олар, чулғар дафъатан.
Япон хонадонин ройиши ушбу:
Жиҳозлар, гиламлар, буюмлар нечун –
Турганда табиат шундоқ ёнма-ён?

ИКЕГАМИДАГИ НИТЕРЕН* ҚАБРИ ТЕПАСИДА

Мен биламан,
Инсонни нима боқий этажагини –
Бу нурдир,
У тирик қалбларда қолдирган…

____________
* Нитерен (1222–1282) – машҳур япон рассоми.

* * *

Соддалик, донишмандлик –
Ажралмас қисмлари бир бутунликнинг.
Ҳалқадаги янглиғ –
Боши қайдадир, сўнги ҳам шунда, –
Уқтирар Сенсей*.
Меъёр ва маром шу, шудир фароғат.

__________
* С е н с е й – японларда устоз маъносида қўлланилади.

* * *

Гуллаган сакура шохида ғужғон
Асаларилар.
Ўнлаб камералар суратга олар:
Қовушган онини
Икки оламнинг –
Гўзаллик ва
Меҳнат оламин.

* * *

Апрел. Гулга кирди яйдоқ новдалар.
Товланди бинафша рангида дунё.
Шодумон туйғулар тошди кўксимдан.

* * *

Апрелда гуллади магнолиялар,
Сакуралар, азалиялар, олеандрлар,
Камелийлар, гортензиялар, форзиций*лар!
Ҳамда сон-саноқсиз турфа гиёҳлар…
Ошуфта юракка яна не керак?

__________
Японияда ўсадиган гуллар номлари.

* * *

Йигирма йил бурун
Ёзгандим: “Шеърият бу – гўзаллик!” дея.
Шунда билмаганман,
“Маньёсю*”нинг беш минг муаллифи ҳам
Шундоқ ўйлашин.

___________
* “М а н ь е с ю” – биринчи япон шеърияти мажмуаси, VIII аср иккинчи ярми.

* * *

Харуки Мураками* дейди:
“Ҳеч кимга ҳеч нарса айтмоқчимасдим…”
Мен уни тушундим.

___________
* Х а р у к и  М у р а к а м и – замонавий модерн адабиёти намояндаси.

* * *

Қулоқларинг агар кўришни билса,
Эшитишни билса агар кўзларинг,
Дайтокудзи ибодатхонасин
Ҳовлисида куз ёмғири-ла,
Албатта, сен тил топишгайсан.

* * *

Тушкинликка берилма зинҳор,
Умид ёрдир доим юракка –
Чорасизлик уйдирма бир гап,
Ожизларнинг оҳ-ноласи бу, –
Деб айтар Сенсей…

* * *

Ифорларни ҳидлаш,
Нақшларга термулиш,
Шеъриятдан сабоқ,
Хаттотлик машғулоти,
Илк чечак сурури,
Най чалишни билиш,
Гербарийлар йиғмоқ,
Капалаклар тутмоқ
Пинҳоний висол,
Ишқ мактублари,
Таом такаллуфи,
“Кечки эпкин равони”да ухлаш –
Хейан* даври амалдорин кун тартиби бу.

___________
Хейан (794–1185)– япон миллий маданияти ва санъатининг шаклланиши даври.

* * *

Мамояма – шафтолизор тоғ,
Худди шунда Фусима қасри –
Сайр этардик кўклам тонгида,
Олча гули қордек ёғарди,
Биз маст эдик ишқ ва фусундан.

* * *

Таралади бу кун мусиқа
Ҳаммаёқда, ҳамма тарафда,
Меҳмонхона айвони узра
Кузатардим теваракни мен:
Учар кўкда оқ чағалайлар,
Балиқчилар тўри қирғоқда,
Қайиқчалар тебранар мавжда,
Кўринади узоқда орол –
Юзларида тумандан парда,
Осмон эса бирам ложувард –
Боши йўқдир,
Охири ҳам йўқ.

* * *

Ханами* сурури – эҳ, учқур дамлар
Ажиб туйғуларни
Уйғотар қалбда.
Тўкилиб бўлади гуллар яқинда,
Бироқ олдинда бор янги бир баҳор…
Шундоқдир мангу…

_________
* Х а н а м и – сакура гулларидан завқланиш айёми.

ЯПОНЛАРНИНГ МИЛЛИЙ ЎЗИГА ХОСЛИГИ ҲАҚИДА

Мен бошқа халқни билмайман,
Шу қадар
Мангулик ташвишини қиладиган
Ва гўзал сониялар қимматин туйиб,
Уларнинг қадрига етадиган.
Японлар –ўзини англаган миллат.
Бу борада фикрлар якдил.
Балки бу – худони осмондан эмас,
Ўзларидан излаганликлари боис.
Инчунун улар
Қиёмат ҳукмидан-да,
Дўзах азобидан-да қўрқмаслар.
Балки улар
Аждодлар васиятин бажарарлар шунчаки?

* * *

Санъат инсон қалбин
Юксакларга кўтармоғи керак,
Уни тозартмоғи керак,
Гўзалликка ошно қилмоғи керак…
О, асл санъатни соғиндик бирам!

* * *

Кийомидзудера ибодатхонасида
Шодлик чулғаб олди менинг қалбимни
Ва баҳор осмонига учириб кетди.

* * *

Япон тилидаги биринчи шеърни
Худо Сусано-о Микото ёзган дейишар.
Балки шу сабабли бу мамлакатда –
Шоирлар худомонанд.

* * *

“Гар ҳурмат қилмас халқ ўз салтанатин,
Келар халқни ҳурмат қилмас салтанат
Ва пул ўз ҳукмини юргизар унда,
Маҳв бўлгай адолат бошбошдоқликдан”, –
Уқтирар Сенсей.

ГАГИКУ* – АСРЛАР САДОСИ

I

Канген** –
Бу мусиқа ҳақиқатан ҳам
Ҳинддан Чинга, Чиндан Японияга
Қанотлари ила учиб ўтган.
Унинг ёшининг ҳисоби йўқ,
Уни минглаб машшоқлар,
Балки юз минглаб машшоқлар ижро этганлар.
У Осиё руҳи-ла камолга етган,
Балки камолга етган Осиё унинг руҳи ила.
Японияни унингсиз
Тасаввур қилиб бўлмас.
Бироқ, айтинг, нега, нега
Менга украин авжпардаларин эслатар у –
Карпат тоғларида Иван Купалани чорлаётган!

II

Бугаку***  – раққосалар, қизил либосда
Қуштумшуқ ниқобларда кўринарлар.
Бамисли кўз ўнгимда
Тахайюл дунёсидан, эртаклар оламидан,
Сирли тилсимлар қатидан
Сузиб чиқарлар ғаройиб сиймолар бир-бир.
Қаранг, улар чорларлар гўё қадим худоларни –
Туйсинлари учун дарахтлар, дарёлар
Йўллаган ичкин қудратни.
Балким, худди шундоқ рақсга тушганлар
Менинг боболарим ҳам
Маъжусий маконлари теграсида.

___________
* Г а г и к у – қадимий мусиқали томоша.
** К а н г е н – томошада чалинадиган мусиқа.
*** Б у г а к у – гагаку томошасидаги маросим рақслари.

* * *

Сенсей айтар: “Шуни билгин, сен
Яралгансан нурдан, ҳаводан”.
“Ўзгалар-чи”, – деб сўрайман мен.
“Кимдир – сувдан, кимдир – зулматдан,
Улар сенинг аксил-зидларинг.
Ўзга зотлар эса яралган –
Оз-озроқдан ул тўрт унсурдан”.
“Нур, ҳаводан яралмоқлик бу –
Не дегани, айтингиз, устоз?”
“Бу дегани –
Ўзгалар учун
Руҳий қувват улашгайдир ул”.
“Бошқа қавмда йўқми ундайлар?”
“Йўқ. Ундайлар бошқа қавмда йўқ.
Чунки улар ерлик одамлар.
Ер қуввати – бу тан қуввати.
Бўлишгайми кимдир ўз танин?
Улашмоғинг мумкин ўзгага
Қалб нурингни, дил сурурингни.
Ёдингда тут: нурдан яралган
Одамлар ҳеч билмас ўлимни…”

* * *

Бу йилги қиш кўп қаттиқ келди…
Баҳорда ҳам эримади қор.
Кейин бирдан – кўкда қалдирғоч…
Тангри қудратига
Келтирдим имон.

Рус тилидан Мирпўлат Мирзо таржималари