Леся Украинка (1871-1913)

Леся Украинка [Леся Українка; тахаллуси; асл исм-шарифи Косач (Косач-Квитка) Лариса Петровна; Лариса Петрівна Косач-Квітка; 1871.13(25).2, Новгород-Волинский, ҳозирги Житомир вилояти — 1913.19.7(1.8), Сурами (Грузия); Киевда дафн этилган] — украин ёзувчиси. Онаси Олёна Пчилка ҳам ёзувчи бўлган.
Леся Украинка шеъриятда ва драматургияда Шевченко анъаналарини давом эттирган. Илк шеърлар тўплами «Қўшиқлар қанотида» 1893 йилда нашр этилган. Мазкур тўпламдан жой олган шеърларда украин халқ оғзаки шеъриятига хос оҳанглар кўзга ташланади. «Ўйлар ва орзулар» (1899), «Акс-садолар» (1902) тўпламларида шоиранинг чор ҳокимиятига нисбатан нафратли муносабати ифодаланган.
Леся Украинканинг «Ой афсонаси» (1892), «Роберт Брюс, Шотланд қироли» (1893), «Асир» (1903), «Оппоққина Изольда» (1912) каби достонлари ҳам бор. Ёзувчининг «Мовий гул» (1896) номли биринчи драмаси ўша йиллардаги украин драматургиясига хос маиший ҳаёт ва этнографик урф-одатлар тасвирига қарши исён сифатида майдонга келган. «Куз эртаги» ва «Мағораларда» (1906) драмаларида 1905 йил инқилоби билан уйғун ғояларни олға сурган. «Кассандра» (1908), «Тош хўжайин» (1912) драмаларида мифологик образ ва сюжетларга мурожаат этган ҳолда ўз даври воқеаларига муносабат билдиришга уринган.
«Ўрмон қўшиғи» (1912) драмаси Леся Украинка ижодининг чўққисидир. Бу асар халқ фольклори асосида ёзилганлиги ва фаол гуманистик моҳияти билан ажралиб туради. Унда украин адабиётида биринчи марта инсон ва табиат мавзуи қаламга олинди. Ушбу драма асосида опера, балет ва кино асарлари яратилган. Леся Украинка «Денгиз узра» (1898), «Дўстлик» (1905), «Хато» (1906) сингари насрий асарларнинг ҳам муаллифи. 1971 йилда Леся Украинканинг 100 йиллиги кенг нишонланди.
Наим Каримов.

УМИД

Бахтим қаро экан, толеим нигун,
Ёлғиз умид билан яшайман бугун:

Умидим — бир кўрсам Украинамни,
Диёрим — мунисим, жоним онамни.

Зангор Днепрга бир боқар бўлсам,
Армоним йўқ эди сўнг майли, ўлсам.

Қиру адирларда юрсайдим яна,
Тошқин ўйларимни сурсайдим яна…

Бахтим қаро экан, толеим нигун,
Фақат умид билан яшайман бугун.
1880

МАРВАРИД ГУЛ

Ўсди танҳо марварид гул,
Юксак эман қошида —
Асраб уни бўронлардан
Посбон бўлди бошида.

Лекин узоқ яшолмади
Марварид гул бечора,
Танноз бир қиз узиб олди,
Раҳм этмади — не чора?

Узиб олди, парво қилмай,
Давом этди йўлида.
Барно кирди гавжум балга
Гулни тутиб қўлида.

Ҳар томонда шодлик, ўйин,
Ҳар томонда шўх кўлгу.
Марварид гул сўлиб борар,
Бошин аста эгар у.

Қиз чарх уриб рақс тушди,
О, нақадар шод кўнгил.
Дона-дона япроқларин
Кўз ёшидек тўкди гул..

Йиғлаб шўрлик видо айтди:
«Хайр, ўрмон — эй она!
Алвидо, эй юксак эман,
Дўстим эдинг ягона!»

Шундай дея жим бўлди гул,
Букди ниҳол қаддини.
Кўзларини юмди, э воҳ,
Улоқтирди қиз уни.

Эй нозанин, бир кун сендан
Юз ўгирар саодат.
Улоқтирган шу гулингни
Хотирингда тут албат.

Ўйин, кулгу, шод кунларинг
Тез ўтгуси — билиб қўй.
Эрта сени мафтунларинг
Унутгуси, билиб қўй.

Сен қалбингни бағишлаган,
Жондан севган бир одам —
Хазон бўлган шу гул каби
Ташлаб кетар сени ҳам.
1884

АЛЛА

Жонгинам қўзим,
Ой боқар хушҳол.
Кўзларингни юм,
Бир зум ором ол,
Кеч бўлди, қўзим!

Тунинг хуш бўлсин,
Кўнглинг хуш бўлсин,
Бу кеч кўрганинг
Ширин туш бўлсин,
Кўнглинг хуш бўлсин.

Қайғурмоқ нечун?
Ким билар бу кун—
Тақдирда не бор?
Балки ёруғ кун,
Балки алам, зор,
Ким билар бу кун?

Кулфатда жаҳон,
Ғурбатда замон.
Бутун эл ношод.
Заҳматда ҳар он
Кечади ҳаёт,
Бутун эл ношод.

Бас, эгдик кўп бош,
Бас, тўкдик кўп ёш,
Шунча қилдик, бас—
Тақдирга бардош,
Йўқ, энди бўлмас!

Жонгинам қўзим,
Ой боқар хушҳол.
Кўзларингни юм,
Ухлаб ором ол.

Тин олсин бир зум —
Бу мурғак жонинг.
Ухла, жон қўзим,
Келар давронинг.
1890

ТОНГОТАР МАШЪАЛЛАРИ

Ҳорғин бу эл узра қанотин
Астагина ёйди қаро тун.
Шаъмлар ўчган, зим-зиё ҳар ён,
Етар ширин уйқуда жаҳон,
Тун борлиқни қамраган бутун.
Алам чекар ким бўлса бедор!
Ухлаганлар қандай бахтиёр!
Кўзларимга келмайди уйқу,
Атроф жим-жит, атроф қоронғу
Сукут ичра гўёки мозор.
Кеча узоқ, тоқатларим тоқ,
Гўё туннинг сўнгги йўқ мутлоқ,
Шу тоб бирдан кўринди зиё,
Зулмат ичра касб этиб жило—
Узоқларда порлади чироқ.
Чироқ! Бериб қуёшдан хабар,
Тун бағрини тилкалаб ёнар,
Ёнар бўлмай уфқлар алвон,
Ёнар турмай уйқудан жаҳон —
Меҳнат аҳли ёққан машъаллар.
Тўлқин урар кўнгилда исён,
Уйғон, сени иш кутар, уйғон!
Ҳайда туннинг ғафлат уйқусин,
Ёқ тонготар машъалини сен,
Қуёш чиқмай, уйғонмай жаҳон!
1892

САФГА ТУРДИК

Сафга турдик — ҳақдир йўлимиз,
Биламиз, ҳақ асло енгилмас.
Шу ишонч-ла кучли қўлимиз,
Шу ишонч-ла оламиз нафас.

Сафимизда йўқ бирор олчоқ,
Қўрқитолмас бизларни зулмат.
Қўлимизда муқаддас байроқ,
Баланд тутиб борамиз ҳар вақт.

Ким ҳақ учун қилса фидо жон,
Бизнинг сафга турсин баробар.
Унга қалблар очиқ ҳар қачон,
Ҳақни севган бизга биродар.
1893

Эркин Воҳидов таржималари

ОҚШОМГИ СОАТДА

Қуёш оғиб уфққа ботди,
Деразамдан кумуш ой боқди.
Парпиради осмонда юлдуз,
Атроф ухлаб… ғусса юмди кўз.
Боққа чиқиб оламан нафас,
Ой нурида куйлайман бирпас…
Бу ер қандай тоза, кенг, эркин,
Унутилди ҳамма ғам секин.
Теварак боғ, уйлар қордай оқ,
Сайроқ булбул ўрмонда уйғоқ,
Волиндаги ҳаётдай худди.
Ҳаёт қайда бегона юртда?
Она қучган каби ардоқлаб,
Уйларни тун олган қучоқлаб,
Гўё ширин фарзанд бешигин
Тебратгандай аллалаб секин
Нафас олар баҳорги ел жим…
Юрак тўлар қўшиқларга лим…
1889

УМИД КУТАМАН

Бас! Тарқалинг, оғир хаёллар,
Ер юзида яшнади кўклам,
Наҳот ёлғиз ғусса, фарёдлар
Туманида сўлар ёшлик дам?
Йўқ! Мен кўзда ёш билан кулиб
Қайғуда ҳам қўймам куйларим,
Мен барибир умидга тўлиб
Кулмоқчиман, кетинг, ўйларим!
Мен ҳаттоки харобаликда,
Вайронада ўстираман гул.
Йўлларга гул экиб—совуқда
Суғораман кўз ёш-ла буткул.
Бу ёшлардан қўзғалмас бўрон,
Эрир ундан музлик қатламлар.
Мен эккан гул очилиб чандон
Балки келар ажиб кўкламлар.
Бу йўлларнинг чўққиларига
Зиналарни тошдан қуярман,
Харсангларни кўтарганда ҳам
Қўшиғимни тинмай куйларман.
Йилдай узун қоронғу тунлар
Мижжа қоқмай ўтаман уйғоқ,
Тунлар шоҳи—йўлчи юлдузни
Ўз кўзим-ла бўламан кўрмоқ.
Ҳа, кўзда ёш билан куламан,
Қайғуда ҳам қўймам куйларим.
Мен барибир умид кутаман,
Бас, тарқалинг, ғамгин ўйларим!
1890

КУЙЛАРИМ

Куйларим! Нега сиз чақмоқдай бўлиб,
Жангларда ёнувчи пўлат эмассиз?
Ё душман бошини бешафқат узиб
Ташловчи шамшири қасос эмассиз?

Эй менинг тобланган тиғим — куйларим,
Сизни қинингиздан олсам суғуриб,
Фақат оқизасиз дилдан хунларим,
Ёв бағрин тешмайсиз яшиндай уриб!..

Бағишлаб барча куч, билим, санъатни,
Мен пўлат шамширни чархлайман жангга,
Ярқираб деворнинг бўлиб зийнати
Турган бу пўлатдан не фойда менга?

Эй менинг курашга тайёр куйларим,
Биз ҳалок бўлмасмиз беҳуда ҳеч бир.
Балки сиз нотаниш жасур дўстларим
Қўлида бўлэрсиз душманга шамшир.

Кишанга теккан тиғ чиқарган садо
Душман қўрғонини қўпориб ташлар.
Озод қардошларнинг дардига даво
Бўлиб кураш сари, жанг сари бошлар.

Қасоскор ҳеч қачон жангда енгилмас,
Ҳужумга кираркан қўшиқ-ла ҳамдам.
Куйларим! Бу заиф қўлларга эмас,
Жасур курашчига ёр бўлинг ҳар дам!
1896

МАРВАРИД ЁШЛАР

Оҳ, ўлкам… бепоён далалар юрти,
Нечун ҳамма ёққа чўкмиш сукунат?
Нечун гулдуракни кутгандай худди
Мунғайган ўрмонда чирқираб фақат
Қушлар жим бўлади… туман ҳукмрон?
Ҳолимиз ёмон!..

Сен қайда, эй кўкнинг юлдузи — ҳурлик,
Осмонингдан пастга тушмайсан нечук?
Эркни нондай кутиб бизнинг ер шўрлик
Қийналди… ва ҳамон қуюқлашиб тун,
Ҳақиқат-ла яккаш риё қилар жанг,
Аҳволимиз танг!..

Бутун халқ, оилам, онам ва иним
Занжирда инграйди суяги қақшаб,
Украинам тани тилим ва тилим,
Яллиғлаб ёнади оловга ўхшаб.
Занжирни узишга мадад берар ким!
Билмайман, тангрим!..

Токай шундай бўлур, ё кулар тақдир?
Бу заиф қўлларга минг ва минг лаънат!
Нега қабр ичра туғилдик ахир,
Наҳот қуллик бордир қисматда фақат?
Гар шундай бўлса биз ўлмакка ҳозир…
Нақадар оғир!..
1897

Зулфия таржималари

ЭРК ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Одамлар боради, байроқлар чўғдай
Ловуллаб ҳилпираб. Қалин оломон —
Тутундай ўрмалар, чайқалар сафлар,
«Эрк қўшиғи» янграр бош узра ҳамон.

Даҳшатли кунларда яшагандик биз,
Жангга кўтарилдик тонготар чоғда.
«Йўқ, ёруғ кунларга етолмайсиз!» деб,
Такрорланар эди бир куй қулоқда.

Сиз ўзга авлодсиз. навқирон авлод,
Сизга бошқа қўшиқ муносиб бу чоғ.
Кўксингиз тўлдириб оласиз нафас,
Марсия куйлашга ҳали эртароқ.

Умрингиз гулларга буркансин буткул,
Мунгли куй қуймасин дилларга заҳар.
Оҳу воҳ ярашмас сизларга асло,
Янги қўшиқ тўқинг, қадрдон дўстлар!

Шундай бир қўшиқки, нур сочсин кўкда,
У билан изма-из осмонга ўрлаб,
Эзгу қизил байроқ товланиб нурда,
Мўъжиза яратсин мағрур ҳилпираб!
1905

Уйғун таржимаси

ТУШ

Қуёш қиздирмоқда… Наҳот бу Миср?
Ҳа, Миср… Нақ ўзи… Осмони баланд,
Осмон чодири ҳам мовий ва ёрқин,
Нечоғлиқ юксак-а! Осуда, шодмон.
Нақ Миср ўзи…

Ёқимтой эркалаш… Украинамисан?
Ҳа, менинг севикли Украикам бу,
Ёғоч уй ва чорбоғ, яшил чаманзор,
Чакалак ортида ўт босган ҳовуз…
Бу — Украина…

Етар дарбадарлик…. Йўлдан озиш бас…
Ҳаёт ёруғ бўлгай.. Туғилган ўлкам.
Мен билан азобдан қутулдинг сен ҳам.
Осмон йиғламайди, одамлар хушвақт.
Ухласаму доим шу тушни кўрсам…
Ҳаёт ёруғ бўлгай…
1910

Миртемир таржимаси

УКРАИНА

Нозик дея, ким айтди мани, –
Қисмат билан курашмади деб?
Наҳот титрар қўлларим, таним,
Товушим ҳам наҳотки заиф?

Гарчи унда бордир гоҳида
Шикоят ва тўлқинли нафас.
Бу бир тошқин – баҳор чоғида,
Зерикарли куз ёмғиримас.

Куз бўлса ҳам…
йўқдир зарари.
Кимдир яшнар, ким эса сўлар.
Ҳовуз бўйи толларнинг бари,
Сўнгги дамда шафақранг бўлар.

Ўрмонларни этиб шип-шийдам,
Кафан билан ёпганида қиш.
Гуллар қабри узра ўзи ҳам,
Рангдор барглар сочар бояқиш.

Нима бўпти, яшайман гўё –
Сукунатга ғарқ бўлган денгиз –
Сув юзаси гарчи тинч, аммо
Яқинлашар тўлқинлар бу кез.

Рус тилидан Носир Муҳаммад таржимаси