Борис Олейник (Борис Ілліч Олійник; 22 октябрь 1935 — 30 апрель 2017, Киев) — украин шоири, давлат ва жамоат арбоби. Украина Фанлар академияси ҳақиқий аъзоси. СССР Давлат мукофоти лауреати (1975). Украина Қаҳрамони (2005).
* * *
Ажаб эмас, бир куни
ёринг қилса хиёнат,
Ё панд берса милтиғинг.
отилмасдан ногаҳон.
Хотирага ишонгин,
хотирага сен фақат,
Хотирани сотган кўп,
у — сотмаган, ҳеч қачон!
Алдаш мумкин ойнани
қийшиқ гарчи башаранг,
Гуноҳ эмас ўлимга
чап бериб кетсанг, ҳатто.
Фақат юракка ишон
райи-рўйига қара,
Юракни сен алдашинг
мумкин, юрак-чи — асло!
Кулсанг, йиғласанг бўлар
Ниқоб тортиб юзингга,
Кимлигингни билолмас
балки тенг-тўш, улфатинг.
Ўтолмайсан яшириб
ўзлигингни ўзингдан,
Сен билан улар доим —
бахтинг ёки кулфатинг.
Сим-сим санчади юрак,
хотира турар эзиб…
Янглишар ундан қочиб
қутулмоқчи бўлганлар.
Жамики Магелланлар
жаҳонни кезиб-кезиб,
Бегона жойда эмас,
юртларида ўлганлар!
Русчадан Муҳаммад Раҳмон таржимаси.