Фариза Ўнғарсинова (1939-2014)

Фариза Ўнғарсинова (Фариза Оңғарсынова; адабий тахаллуси – Сандувоч) Гурьев вилоятининг Новобогат туманига қарашли Манаш қишлоғида туғилган. Гурьев Давлат Педагогика институтининг тил ва адабиёт факультетини битирган.
Илк шеърлари республика газета-журналларида босилган.
Ф. Ўнғарсинованинг хизматлари қатор орден-нишонлар, фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган. Республикада хизмат кўрсатган маданият ходими. “Ватаним – уйим менинг” ва “Манғиштов монологлари” шеърий тўпламлари учун 1984 йили Қозоғистон Давлат мукофотига сазовор бўлган.
Унинг “Қизғалдоқ ҳақида баллада”(1971), “Мен туғилган кун”( 1972), “Кичкинтой” (1975), “Камалак”( 1979), “Офтобшувоқ” (1980), “Очиқ осмон” (1981), “Темирқозиқ юлдузи” (1982), “Қиронқия” (1984), “Менинг тупроғим” (1985) каби тўпламлари чоп этилган.

ЭРТА ТОНГДА ЧИҚАР БАЛИҚЧИ…

Шиддат билан гувиллар шамол.
Денгиз аро мавжланар туғён.
Тўлқинлари – оқ вулқон мисол,
Отилгандай худди сен томон.
Бир ғалаён – атроф сув чанги
Яшин чақнар, учар чағалай…
Гўё уммон ва осмон жанги,
Парчаланар тўрлар ҳам талай.
Кимки олар денгиз-ла нафас,
Унинг учун бу оддий ҳолдир.
У қилмагай енгилин ҳавас,
Севар касбин – бўлса ҳам оғир.
Тезда тинар бетизгин тўфон,
Балиқчи дер уфққа сари:
“Ўтиб кетар бари бегумон,
Бева аёл ғами сингари.
Денгизда йўқ асло шум ният,
Ҳазиллашмоқ истайди гоҳо.
Ёш балиқчи саботин фақат,
Синамоқни севар у танҳо…”
Эрта тонгда чиқар балиқчи,
Қаршилайди қирғоқда қуёш.
Денгиз эса ўрмалаб чиқиб,
Оёғига аста урар бош.

Қозоқчадан Носир Муҳаммад таржимаси

ЙЎЛ

Уфқларга қора йўл қадалади,
Адирлардан ошиб илдам.
Қизғалдоқлар чеккасида жим қолади,
Юзларида биллур шабнам.

Ёрилмасин қоқ белидан деб ер бехос,
Ўраб турар йўллар бу чоқ.
Қолиб кетган денгиз ортда элас-элас,
Осмонида булут оппоқ.

Турфа гуллар нозланади елда бу дам,
Севинчлари билмайди чек.
Одамларнинг шодмон-шодмон одимидан
Уйғоқ ётар далалар тек.

Мен келаман. Тинглаб қалбим оҳангларин,
Шавқин туюб ажиб сирнинг.
Кўрмоқ учун бугун унинг ўт рангларин
Бир кездаги “ола қирнинг”.

* * *

Соғинч хатин йўлладим
Сизга, овулдошларим.
Мен сени ҳам қўмсадим,
Дўл-довулли осмоним.

Ҳуш ерларда юрсам-да
Ёдда файзу қутларинг;
Ерўчоқда ловиллаб
Ёниб турган ўтларинг.

Қарагайсиз ҳар доим —
Ўзгача фахр этиб-ла,
Борми дея шеърларим
Газет-журнал бетида.

Мақтайсизлар мени, ҳа,
Болаларга дўндириб,
Юрибди деб пойтахтда
Улуғ ишлар тиндириб.

Ҳар йил сенга, овулим,
Канда қилмай боргайман.
Кўнгиллар тубидаги
Сирларни ахтаргайман.

Бораман, қайтадан чин
Завқларга тўлмоқ учун!
Бораман, қайтадан мен
Бир гўдак бўлмоқ учун!

* * *

От минсам, йигитлардек
Елдиргум ур-ҳо солиб.
Айтишсам йиғинларда,
Бўлурман, шаксиз, ғолиб.

Ингичка йўл қадамим
Ҳадикка топширмасман.
Ҳазилда бўз боланинг
Оғзини очирмасман.

Тортинма, шўрлик бола.
Мен бир қиз, баҳсга шайман!
Куй чалсам дўмбирада,
Дина*ни тирилтгайман.

Излайман ботир миқти —
Кўз солиб умидларга:
Мендаги ботирликни
Бермапти йигитларга!
_____________
* Дина Нурпеисова – Жамбулга замондош таниқли халқ оқини.

* * *

Бу шеърлар ёзилмас эди ҳеч,
Мен қайғу ютмаган бўлсам.
Бу юрак топинмас эди ҳеч,
Сен кўпга ўхшаган бўлсанг.

Назарга илмас эдим мен,
Чиқа олар жойим бўлсанг гар.
Тавозени билмас эдим мен.
Ҳар кун хокпойим бўлсанг гар.

Мен бундоқ юрмас эдим ҳеч,
Умримда бўлмаган бўлсанг.
Севгини билмас эдим ҳеч,
Қалбимни хўрлаган бўлсанг.

* * *

Олтин зарин сочганда тонг нурланиб,
Кўклам ҳар ён ёйганида ажиб гилам.
Қучоғим — гул. Келаман мен лов-лов ёниб,
Мен ёшлик суруриман.

Дилни ўртар, шубҳасиз, учқур йиллар,
Ширин туйғу юракда, кўзларда ҳам.
Олам тутиб турганда мснга гуллар,
Масрурлар масруриман.

Ёшлигимга вақтнинг ўзи ошиқ,
Етаклайди боғларга қийғос, кўркам.
Севгим дилда ёнади нурин сочиб,
Жонимда ўзинг, эркам.

… Туғёни мўл, ҳар они тўла сирга,
Қалбга ҳасрат-қувончлар олиб кирган…
Бош эгамиз ҳар вақт биз бу асрга —
Иккимизни таништирган.

* * *

Юрак мудом мойилдир ўйга эзгу,
Олқишларни кўрди бисёр, титрамас у.
Нетай, сендан қолмади қалбимда из:
На бир қувонч, на қайғу — ҳеч бир туйғу.

Гўёки мен юрар эдим ишқинг-ла шан.
Лекин юрак бу туйғуга бермасди тан.
Зинҳор севги саналмаскан яккаш ҳурмат.
У жуда кам учрайдиган бир дард экан.

Бу кун келиб бундоқ ҳурмат келар малол,
Эр йигитга номус бўлар бундай иқбол.
Суйдирмасанг, суёлмасанг куйиб-ёниб,
Туйғуларинг топар завол.

Мирпўлат Мирзо таржималари

* * *

“Ватан деган нима?” – дейсан, ўғлим, менга.
У – сенинг кексайган онанг.
Йўргагингдан жонингга сингийверган
Қўшиқларинг ва шеърларинг, болам!

Ватан – манов ўз уйинг, қара, жоним,
Ўйнаган дала, боғинг.
Отанг чиққан бу уйдан, аканг чиққан,
Ўсган бунда қадимги боболаринг.

Яшил ўрмон, булбул куйи янграган,
Асқар тоғлар, булоқлар.
Ватан – эшик олдида бирга ўйнаган
Жўра, бола ўртоқлар.

Ватан – эл келажаги, жони, қони,
Ўзинг асрайсан уни.
Ўғлим, сенсан кенг, обод бизнинг уйнинг
Энг ишончли устуни!

ҚИЗ СЎЗИ

Сенинг ўтли қучоғингда,
Бор дунёни унутиб, толиқсидим*.
Юрагимни ўртади жон иссиғинг,
Манов чексиз далада фақат икков
Юргандаймиз. Ўзимни Аршга кўмдим.
Кўзим очсам, ширин дам кўздан учиб
Кетажакдай – кўзимни тарс-са юмдим.

Эҳтиётлаб қучасан минг айланиб,
Ундан сайин эсимни чиқардинг-да,
Эриб кетдим кўмилиб роҳат-нурга…
Яхши сўзнинг барин айтдим сенга ёниб,
Ичимдами, ёки сас чиқардимма?
Кўзларимиз қамашарди бахтдан жиққа.

Сен ёнимда юрдинг-да,
Кўзларимни тўлдирдинг илиқликка,
(Бу бахтни мен ўхшатдим улуғликка).
Тотлилигин сездим мен бул умрнинг,
Ҳар бир куни тўлган эди бахтга лиққа
Сахий ҳам бизлар эдик, бешафқат ҳам,
Кўзларимиз қамашарди бахтдан жиққа.

Бироқ… ўзинг айнидинг.
Унутдик биз ёшликнинг жаннат кунин,
Сен мисқиллаб*, мен эса йиғлаб турдим.
Ҳаёт отлиқ ҳайбатли кенг дарёга
Сочларимдан ушлаб оп улоқтирдинг.
Шундагина эсим кириб, бул ёлғончи
Дунё – алдоқ эканин билдим.
Билдим…
_____________
* Толиқсимоқ – ўздан кетиш, толиб кета ёзмоқ.
* Мисқиллаб – киноя қилмоқ масхараламоқ

Музаффар Аҳмад таржимаси