Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистон халқ шоири, фаол маънавиятчи ва жамоат арбоби 1938 йилнинг 11 февралида Қорақалпоғистон Республикасининг Кегайли туманида туғилган. 1960 йилда Қорақалпоқ давлат педагогика институтини тугатган. Меҳнат фаолиятини Кегайли туманидаги 3-сонли ўрта мактабда ўқитувчиликдан бошлаган.
Қорақалпоғистон телевидениясида муҳаррир, “Амударё” журнали бўлим мудири, бош муҳаррир, “Эркин Қорақалпоғистон” газетасида бош муҳаррир ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси телерадиокомпанияси раиси, Нукус тумани ҳокими, Қорақалпоғистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази раиси лавозимларида хизмат қилган.
“Аккалакам-дуккалакам”, “Кўнгил туйғулари”, “Йилларим менинг”, “Оддий қишлоқ ҳангомаси”, “Кўнгил қушим” ва бошқа кўплаб шеърий тўпламлари, “Дилкаш суҳбатлар” достони нашр этилган.
Лермонтовнинг “Демон”, Мустай Каримнинг “Турналар қайтганда” достонларини қорақалпоқ тилига маҳорат билан таржима қилган.
Умрим баёни
Қарай-қарай дунёнинг
Қизиғига тўймадим.
Яхши қўшиқ ёзганлар
Кўп эмас деб ўйладим.
Одамзодни ардоқлаб,
Ойга, кунга тенг этдим.
Бу тенглашлар бошқада
Топилмайди деб эдим.
Табиатга ҳайрон бўп,
Табиатга қизиқдим.
Юлдузларга қарадим
Гардишидан узукнинг.
Юлдузларнинг тилига
Тушунмадим, қийналдим.
Эрта пишган экиндек
Ёз бошида йиғналдим.
Бу сиримни ўзгадан
Сир сақладим, яширдим.
Ҳикмати кўп китобнинг
Бетларига бош урдим.
Яхши деди: – “Яхши-ку,
Тезроқ бери кел”, – деди.
Дуруст кенгаш бермай у:
“– Ўзинг учун ўл”, – деди.
Арғумоқдек ирғишлаб,
Баланд-баланд қир ошдим.
Ўзим билан ўйлашиб,
Ўзга билан синашдим.
Қараб турсам, ўзгадан
Асло, наф йўқ, фойда йўқ.
Ўз нафига адашган
Мендай одам қайда, йўқ?!
Бир манзилга келганда,
Алланега тўқиндим.
Ўз-ўзимни пир билиб,
Ўз-ўзимга сиғиндим.
Тингламадим айтганин
Бир ўзимдан бошқанинг.
Шу феъл билан, дўстларим,
Манман бўла бошладим.
…Галма-гал кўп, ғавғо кўп,
Қиёлмайман ҳеч бирин.
Кун, узун кун йўл юриб,
Ухлолмайман кечқурун…
Талпинаман, сўнг, яна
Учадиган каптардай.
Кўз ўнгимда бу дунё
Очиқ ётган дафтардай.
Қулун чопиб боряпти
Қулун чопиб боряпти,
Ҳилпирайди қуйруқ ёл.
Қулун чопиб боряпти,
Ҳансираб қолар шамол.
Қулун чопиб боряпти,
Қир-тўқай, дала-тузлик.
Қулун чопиб боряпти,
Кенгликка уйқаш тезлик.
Оқ йўл бергин, кенг дунё,
Чопаётган қулунга.
Чоҳ қазмагин, қурма ғов,
Қоқилмасин йўлинда.
Бошин чўзиб осмонга,
Қулун югурсин озод.
Эгар, юган, арқонга
Дуч келмасин умрбод.
Бугун қўшиқ ёзажакман
Бугун қўшиқ ёзажакман,
Ажойиб, хушовоз бўлгай.
Қувват битиб қанотига,
Осмонларга парвоз қилгай.
Бул қўшиғим Ҳумо каби
Давлатли ва бахтли бўлгай.
Озод учар, эмин-эркин,
Саодатли, тахтли бўлгай.
Тоғнинг баланд чўққисига
Барча бирдай ошиқ бўлгай.
Ирмоқ каби чулдур-чулдур,
Сўқмоқ каби қўшиқ бўлгай.
Армони кўп одамзоднинг
Кўнгли бўлгай, дили бўлгай.
Тилсими кўп табиатнинг
Сўйлаб турган тили бўлгай.
Жизиллаган жазирада
Ёлғиз ўсган терак бўлгай.
Чарчаб келган йўловчининг
Муҳтожига керак бўлгай.
Фазогирдек коинотда
Юлдузларга сирдош бўлгай.
Нозик таъбли, зийрак, оқил,
Улуғликка тиркаш бўлгай.
Тонг-саҳарни қанотида
Олиб учган лочин бўлгай.
Мошинлига – аэроплан,
Пиёдага – мошин бўлгай.
Олтин қушим, олмос қушим
Эл-юртимга қўлдош бўлгай.
Мангуликка ошиқ бўлиб,
Яхшиликка йўлдош бўлгай.
Ким бўлса ҳам, бул қўшиғим
Инсон ғамин ўйлайверар.
Катта билан катта бўлиб,
Бола билан ўйнайверар.
Ким бўлса ҳам, бул қўшиғим
Танҳо менинг ўзим бўлгай.
Юртим учун Яратгандан
Тилаб олган сўзим бўлгай.
ВАТАН
Қорақалпоқ отли менинг Ватаним,
Дунёда муқаддас ғурур, орим ул.
Ота-бобом ётган азиз тупроғим,
Қайга кетсам, қайтиб келар ерим ул.
Юртнинг лойқа суви, тузли ҳавоси,
Армонли кўнглимнинг ёлғиз давоси,
Пирим Хўжа Аҳмад холис дуоси,
Жонимнинг ичинда жоним — зарим ул.
Ватан таърифланмас тилнинг учинда,
Унинг тенги йўқдир бутун очунда,
Дўсти ёроним бор тенг-тўш ичинда,
Эрназар, Элмурод, Абдукарим ул.
Бўлакча сийлаган тақдир инсонни —
Танлаб бўлмас ота-она, Ватанни,
Ватанни севмасанг бахш айлаб жонни,
Тирик туриб ўлган ўлим — шўрим ул.
Умрим бўйи эрта кунми, кеч кунми
Мен Ватанни алмашмайман ҳеч кимга,
Икки дарё оқар халқим кўксинда,
Ибройим, Абдулла каби шеърим ул.
Эй, кекса-ёш ватандошим, тенгдошим,
Тутаман деб дунёнинг тамал тошин,
Ватангадо бўлма, тўкиб кўз ёшинг,
Хору сарсон, юрт кўрмаган кўрим ул.
Қўл тегмаган қўриқ ерим, заҳирам,
Зуваламиз кўп ийлам ё оз ийлам,
Омон бўлсин Ватан отлиғ хазинам,
Ёлғиз уйим — остонам ҳам тўрим ул.
ТУҒИЛГАН ЕР ҚАДРЛИ
Бўлса ҳам бир қаричдай,
Туғилган ер қадрли.
Қаторингдан қолишмай,
Югурган ер қадрли.
Олис ерда адашсанг,
Йўлбошларинг қадрли.
Ўпкалашиб, ярашган
Йўлдошларинг қадрли.
Туғишгандан тунгилсанг,
Туғ олишинг қадрли —
Қайғусига қайишсанг,
Қувонишинг қадрли.
Уя босган маконинг
Учганингда қадрли.
Туҳмат қилган дўстингдан
Душманинг-да қадрли.
Қўнаман деб қайрилсанг,
Кўлинг бўлар қадрли.
Ор-номусдан айрилсанг,
Ўлим бўлар қадрли.
МЕНИНГ ИККИ ДЎСТИМ БОР…
Менинг икки дўстим бор,
Биринчиси — Гумондор,
Иккинчиси — Таваккал.
Гумондор дўст муғомбир,
Кўп сирлашавермайди.
Таваккал дўстим соддадил,
Айтганимга кўнмайди.
Иккинчи дўстим ер юрак,
“Кейинимдан юр!” дейди.
Биринчи дўстим бош чайқаб,
“Охирин англаб кўр” дейди.
Соғ бошимни дўстларим
Ҳар балога солади.
Измига юрсам бошқанинг,
Дўстларнинг кўнгли қолади.
Таваккалга юраман,
Икки-уч давон ўтганча.
Изимни аниқ кўраман,
Гумондор дўстим етгунча…
Менинг икки дўстим бор:
Биринчиси — Гумондор,
Иккинчиси — Таваккал.
Қорақалпоқ тилидан Рустам Мусурмон таржимаси