Тўғолоқ Мўлда (1860-1942)

Тўғолоқ Мўлда (Тоголок Молдо, асл исми – Байымбет Абдракман уулу) – қирғиз оқини, манасчи. 1860 йил 17 июнда Норин вилоятининг Оқтала туманида туғилган. Маҳалла мулласидан сабоқ олган. Туркий дунё улуғлари асарларини ўқиб, ёза бошлаган. Тўқтағул билан танишган. Бирга кўп сафар қилишган.
Шеъру масаллари ва достонлари матбуотда чиқиб турган. 1938 йили СССР Ёзувчилар уюшмаси аъзоси бўлган. Оқин 1942 йили вафот этган.

НАСИҲАТ

Қушбозларга қуш яхши,
Йигитларга қиз яхши.
Таомлар тобин келтириб,
Тотли қилган туз яхши.
Ухлашга ётиб тун яхши,
Ишлашга ёруғ кун яхши.
Олтин-кумуш, ёқутдан,
Асл тошдан дур яхши.
Олисга сафар айласанг,
Жабдуқли йўрға от яхши,
Билимсиз оға-инидан,
Билимли етти ёт яхши.
Уйингда бекор ётгунча,
Ўргансанг илм, хат яхши.
Хасислик қилган одамдан,
Сахийлик қилган мард яхши.
Зиёнкаш, ёмон хотиндан,
Сил аталмиш дард яхши.
Биздай кўчманчи элга
Чорва яхши, мол яхши.
Мумсуклик қилган йигитдан,
Сарамжонли чол яхши.
Чакка ўтган ўтовдан,
Девори қалин том яхши.
Бошингга тушса ёлғизлик,
Ширин умид-ком яхши.
Пора олган бийлардан,
Таёқ берар тол яхши.
Аёлларга — эр яхши,
Деҳқонларга — ер яхши.
Экин битар чўл яхши,
Ўрдак-ғозга кўл яхши.
Ақл-эсли эр йигит,
Эли учун энг яхши.
Қадр топган одамлар
Қари-ёшга тенг яхши.

АСАН ҚАЙҒИНИНГ СЎЗИ

Қўққисдан қор ёққанда Асан Қайғи шундай деган экан:

Қуриб олган томи йўқ,
Экиб-йиққан дони йўқ,
Боққан бирон моли йўқ,
Мол боқишга ҳоли йўқ,
Сўна қурғур не қилди?

Айтадиган сўзи йўқ,
Кўрадиган кўзи йўқ,
Чивин қурғур не қилди?

Тарозини кўтариб,
Тентираган ул ғариб—
Тошбақа қурғур не қилди?

Ерга бағри ёпишган,
Тепасига қор тушган,
Бақа қурғур не қилди?

Қуйғуси йўқ, ёли йўқ,
Қулон қурғур не қилди?

Оёғи йўқ юришга,
Илон қурғур не қилди?

Ўриб-йиққан чўпи йўқ,
Ҳеч нарсага эпи йўқ,
Тўнғиз қурғур не қилди?

Йўқ кирувчи эшиги,
Жон сақловчи тешиги,
Қўнғиз қурғур не қилди?

Совуқ сувда хўп музлаб,
Илиққина жой излаб,
Балиқ қурғур не қилди?

Уйи йўқ қурт-қумурсқа,
Совуқ еб ўлишгандир…
Ўлмаса ҳам қурғурлар,
Минг азоб кўришгандир.
Умри бир сув кўрганда,
Жонин сувда яширган.
Жаён балиқ не қилди?

Қўл яширар енги йўқ,
Қўрқоқликда тенги йўқ,
Қуён қурғур не қилди?

Уясини қор босиб,
Юрагини зор босиб,
Чумчуқ қурғур не қилди?

Эгаси йўқ боқувчи,
Ҳаммага тенг ёқувчи,
Элик қурғур не қилди?

Еру сувга юқмаган,
Жайрон қурғур не қилди?

Бўри асл душмани,
Сайғоқ қурғур не қилди?

Тоғда кўча-кўйи йўқ,
Тошдан бошқа уйи йўқ,
Кийик қурғур не қилди?

Чилла тушиб, қиш бўлди,
Атроф совиб, муз бўлди,
Қанча ўрдак, ғоз ўлди.
Қарқира қурғур не қилди?

Овқат топар эри йўқ,
Кийимин соғ ери йўқ,
Есир қурғур не қилди?

Янгаси доим ёт олган,
Ҳар онда «етим» аталган,
Кийими юпун бечора,
Кўз ёши оқиб юз бора,
Етим қурғур не қилди?

Яшаш керак, нетайин,
Нон бор жойга кетайин.
Ажал етиб ўлгунча,
Дунёга кўз тутайин!
Совуқларда хўп музлаб,
Кийим-кечагин излаб,
Чоллар қурғур не қилди?

Пайпоғин киёлмаган,
Ҳали ҳам юролмаган
Бола қурғур не қилди?

Келини тил олмаган,
Ковушин киёлмаган,
Не қилишин билолмаган,
Яхшироқ юролмаган,
Кампир қурғур не қилди?

БЕДАНАНИНГ ТУЛКИНИ АЛДАГАНИ

Турумтой билан Қирғийга
Бедананинг ўчи бор:
Шу иккиси қилар гоҳ
Кенг дунёни унга тор…
Пана ерда, ялангда,
Юрар доим аланглаб…
Беданани Тулки ҳам
Излар унин уққанда.
«Битбилдиқ» деган сўзи
Яқин жойдан чиққанда…
Бугун эса туйқусдан
Беданани ушлади.
Ўйчан турган чоғида
Босди, белдан тишлади.
Бедана тез ўйланди,
Сўнг ичида сўйланди:
«Қутилиб кентсам зора,
Ишлатайин бир чора»
Деди: — Арзим уқ, ака,
Олайтирмай кўзингни.
Мен оғзингда турибман,
Айтай сўнгги сўзимни…
Не десан шуни дегин,
Ҳалоллаб, кейин егин!
Бир деса, у бир деди,
Икки деса икки дер.
Уч деганда уч деди,
Тўрт деганда деди тўрт .
Беш деса Тулки беш деди,
— Мендан тулки кеч, — деди.
— Энди Тулки олти де?
(Ҳақиқат шу олтийди).
Тулки ақли шошганда,
Олти деб оғиз очганда,
Бедана кетди қутилиб,
Тулки қолди ютиниб:
— Олтинг ила тўрга туш!..
Бўларкан айтмай қўйсам.
Ширин гўштин ер эдим,
Энди кеч дилим ўйсам…
Тулки қолди қайғуриб,
Беданадан айрилиб.
Бедана юрди кулиб,
Алдаганин шеър қилиб!

Усмон Темур таржималари