Қанибек Жунушев (1941)

Қанибек Жунушев (Каныбек Жунушов) 1941 йил 11 ноябрда Қирғизистоннинг Қўчқор туманида туғилган. Қирғизистон қишлоқ хўжалиги институтининг агрономлик факультетини тамомлаган. Илк шеърий тўплами “Бўёқчи” номи билан 1964 йили чоп этилган. Қирғизистон болалар адабиётининг етук намоёндаларидан бири.

ФАҚАТ

Шоир акам қишлоқни
Кечга қадар оралаб,
Гўшт еб, қимиз сипқориб,
Қовун узди саралаб.
Меҳмон бўлгач у роса,
Қилди шундай хулоса:

– Ўзгариш зўр, ҳамманинг
Ўсибди кўз қараши.
Ажабки, ўзгармабди
Қўй, эчкининг маъраши.

ҲАЛҚА

Ғозлар сойга йўл олишди
Боғ кўчадан ғот-ғотлаб.
Тракторчи кутиб турди,
Мотор ишлар пот-потлаб.

Тутун ғозлар бўйнига
Ҳалқа бўлиб осилар.
Улар бундан қувнашиб,
Сой тарафга шошилар.

БИТПИЛДИҚ

Тиним билмас бедана,
Билган гапи: – Битпилдиқ.
Ялқовларни ит қилдик,
Битпилдиқ! Битпилдиқ!

Ётиб олиб чалқанча,
Ўйланаман қайтадан.
Ишимизда йўқ тайин,
Хўш, нима деб айтаман.

Авжга чиқар бедана:
Ялқовларни ит қилдик!
Битпилдиқ! Битпилдиқ!

НИМА ҚИЛСИН?..

Айиқ билан Юмронқозиқ
Куч синашди – олишди.
Юмронбой чиқди ғолиб,
Унга қарсак чалишди.

Ғирромни мақтар ғирром,
Оқ кигизда кўтариб.
Айиқ шўрлик хижолат,
Нари кетди йўталиб.

ЎЧАШСА…

Лоф

Аламзада эканлиги
Юришидан пайқалиб,
Шохдор Қўнғиз келарди
Нари-бери чайқалиб.
Уни кўрган Олабуқа
Дабдурустдан ўкирди.
Қўнғиз-чи, писанд қилмай,
Тошга чиқиб ўтирди.
Уён-буён қарар Буқа,
Аҳволи жуда таранг.
Шохдор Қўнғиз зуғумидан
Қутилди қочиб аранг.

ТУХУМИНИ ЕГАНДА

Онажоним товуқларга
Дон сочиб қўй деганда,
– Менинг ишим эмас, – дебман.
Қаранг, ғўрлик экан-да.
Изза бўлдим уч кун ўтмай,
Ўша чипор товуқнинг
Қуймоғини еганда…

ДУМИ “О” ОЛАПАР

Бир товуқни Олапар
Қувиб чиқди “ёв” билиб,
Ҳурар эди тинмасдан
Қуйруғини “О” қилиб.

Ғоз дер: – Салга акиллаб,
Бунча чопар зовуллаб.
Эси бор ит аслида
Зарур пайтда вовуллар.

– Ёқтирмайман, – дер ўрдак
Серғалва бу пучуқни.
Думи “О”га ўхшаган,
Ўпкаси йўқ кучукни.

ҚАЙИҚ

Кўл бағрида ғоз, ўрдак
Қанот керар ҳайиқмай.
Ғозлар аро бир калиш
Сузиб юрар қайиқдай.

Йиртиқ калиш қайдандир
Қўлга тушиб қолибди.
Уни бўлса жўжалар
Қайиқ қилиб олибди.

Қирғиз тилидан Турсунбой Адашбоев таржималари