Атантой Акбаров (1960)

Атантой Акбаров (Атантай Акбаров) 1960 йил 27 майда Қирғизистоннинг Чотқол туманида туғилган. Ўш педагогика институтини тамомлаган (1983). «Чаткал оттору», «Адабият», «Бишкек шамы», «Асаба», «Нуска», «Ак бата», «Аалам», «Ак калпак» нашрларида ишлаган.

Шеърий китоблари учун Мулла Ниёз (2000), Алиқул Усмонов (2001) номидаги миллий мукофотларга, 2008 йили бутун дунё турк шоирларининг йиғинида қатнашиб, халқаро Жалолиддин Румий номидаги мукофотга сазовор бўлган.

ЮЛДУЗЛАР

Азрўй-азал осмондаги юлдузлар
Бир маромда ёғду сочиб туришар.
Ерда эса икки “юлдуз” қирпичоқ,
Бир-бирини кўролмасдан уришар.

Ғайирликнинг ботқоғидан чиқолмай,
Пахта қўйиб-товон ўпгай, ялингай.
Сохта шуҳрат илинжида саросар,
“Юлдуз” деган касалликка чалинган.

Якто бўлиш иштиёқи ухлатмай,
Иқтидорнинг йўлин тўсар ғов бўлар.
Покдомонлик унутилган манзилда,
Қашқирлардай қасос олар, ёв бўлар.

Минг афсуски, қалби қурум баъзилар,
Инсоф бериб, ғуборларин аритмас.
Шу боисдан ўша сохта “юлдузлар”,
Ҳатто қадам босган ерин ёритмас.

Осмон узра зиё сочган юлдузлар
Ўзларига бино қўймай, керилмай.
Қаро туннинг пардаларин парчалаб,
Нур улашиб, ёғду сочар эринмай.


КУЗ

Куз келиб, қовоғи солиниб,
Ҳукмини ўтказа бошлади.
Далаларнинг сочу соқолин,
Супуриб, тозалаб ташлади.

Деҳқондай ҳис қилиб боғларни,
Тартибга келтира бошлади.
Қовунга тўр кўйлак кийгизиб,
Сабзини ўрага ташлади.

Кейин у лайлакни, турнани,
Маржондай қаторга сафлади.
Кунларни тасбеҳнинг тошидай
Санамай, сидириб ташлади.

Шўх-шаддот боладай ошиқиб
Шохларни силкитиб қучарди.
Япроқлар чўчиган қушлардай,
Бутоқдан олислаб учарди.

Ўктам бир оҳангни соғиниб,
Куз учун шукрона айтаман.
Барглар-ку, қуш каби қўнса ҳам,
Каптардай учолмас қайтадан.


ДАРВЕШ

Уйланмапти бир дарвеш,
Ҳаёт завқин сурмапти.
Бу бевафо дунёга
Ошиқ бўлиб юрмапти.

Ҳақиқатни қидириб,
Тубига ҳам етибди.
Куйлай-куйлай ниҳоят,
Оқин бўлиб кетибди.

Ёзган машқи анча қурч,
Оддий сўздан иборат:
“Мафтун бўлма ўзингга,
Мўртдир бундай иморат.

Ёшлик – омад фаслидир,
Савоб ишга шайлангин.
Бўриларга дуч келсанг,
Сен арслонга айлангин.

Тутқич бермас йигитлик,
Ўтар-кетар қуюндай.
Севмай олган аёлинг,
Сўраб олган буюмдай.

Бойлигингга ишониб,
Керилиб кетма ортиқ.
Кўз ёш тўкма, бу ҳаёт –
Заҳар ҳам қилар тортиқ.

Бахилликка қул бўлиб,
Ўз бахтингдан қолмагин.
Ўзгаларнинг пойига
Тушов, тузоқ солмагин.

Ғафлат-туман, кўрсатмас –
Ҳатто оёқ остини.
Қазо куни етса ҳам
Ростини айт, ростини…”

* * *

Шундай холис шеър учун,
Унинг тилин кесибди.
Бир юмалаб шу дарвеш
Қўшиқ бўлиб кетибди…


ЯЙЛОВДА

Чўпонларга майса – тўшак,
“Кўкат” дейди билмаган.
Қулунларни эргаштириб
Йилқи тушар жилғадан.

Тунги ором-ҳордиқ учун
Олқиш айтиб ўтишар.
Яйловдаги гулни илк бор
Капалаклар ўпишар.

Кўзларидан севинчнинг
Ёшин сочар булоқлар.
Нафасларин ичга ютиб,
Кузатар отқулоқлар.

Бўз бедовнинг туёғидан,
Чанг ўрлайди чилимдай.
Чавандознинг қалби қалқир
Нозик қўбиз қилидай.

Сўна чаққан буқадайин,
Чақмоқ чатнар – ёмғир тайин.
Вақт айланар арқонланган
Ўта ўжар ғунондайин.

Яйлов кўркам тумор қилиб,
Осгим келар бўйнимга.
Эҳ, қанийди сулув қиздай
Кириб олса қўйнимга.

Қирғиз тилидан Турсунбой Адашбоев таржималари