Еврипид (м.а. 480-406)

Еврипид, Эврипид (Euripides), (тахм. мил. ав. 480, Афина — мил. ав. 406, Македония) — юнон шоири, драматург. Ижодини шеъриятдан бошлаган. Афиналик уч буюк фожианавис (Эсхил, Софокл)нинг сўнггиси. Жами 92 пьеса ёзган, шундан 17 фожиа ва бир ҳажвий драмаси бизгача етиб келган («Киклоп»). Улар мифологик сюжет асосида яратилган бўлсада, инсон шахси асосий ўринда туради.
Еврипид ижоди Афина давлат-шаҳар сифатида таназзулга учраган ва ахлоқий меъёрлар инқирози юз берган йилларда шаклланган бўлиб, мифология, ахлоқий ва анъанавий тартибларга танқидий муносабати билан ажралиб туради. У драматик воқеалар тасвирида кўпинча фалсафий мунозара ёки суд музокаралари оҳангига хос мулоҳаза юритганки, бунда ўта рационализм руҳий ҳолатларнинг чуқур тасвири билан қўшилиб кетади («Вакханка», «Геракл»).
Еврипид драматургиясининг объектив мазмуни Афина демократияси дунёкараши анъаналарига кескин зиддир. Афинада ўша даврда юз берган ижтимоий ўзгаришлар Еврипиднинг инсон шахсияти, унинг ички дунёсига қизиқиши кучайишига олиб келди. Еврипид асарларида маиший унсурлар тасвирига зўр бериш, кишиларнинг шахсий такдирига қизиқиш каби антик фожиага хос бўлмаган хусусиятлар мавжуд («Медея», «Ипполит»). Еврипид ижоди Европа драматургиясига самарали таъсир кўрсатган.

М Е Д Е Я
(Фожиа)

Қатнашувчилар:

Энага.
Эшик оғаси.
Медея.
Коринфлик аёллар хори.
Креонт.
Ясон.
Эгей.
Чопар.
Медея ва Ясон ўғиллари.

Воқеа Коринфда, Медея уйи қошида рўй беради.

М У Қ А Д Д И М А

Энага

Мушкул эрур Колхидага кирмоқ ётларга,
Агар алар ишлатмаса ҳийла ва тадбир.
Ҳали етмай икки қоя оралиғига
Аргонавтлар кабутарни учирибдилар.
Кабутарни сиқиб икки ложувард қоя1
Қайта бошдан ўз аслига қайтаётганда
Ёт кимсалар Колхидага кириб олибди.
Иолк шоҳи Пелий беку бекзодларни
Эшкаклар-ла таъмин айлаб, мудҳиш аждаҳо
Масканига қоракўл-чун юбормаганда
Олиймақом соҳибамиз Медея бону
Асло сузиб бормас эрди ўзга юрт сари
Ҳам телбадай кўнгил қўйиб ул алп Ясонга,
Ёт элатда оқкўнгиллик Пелийзодларга
Падаркушлик санъатидан сабоқ бермасди.
Энди эри, болалари бирла Коринфда
Юрмас эрди кулба излаб. Қувғиндиликда
Эл кўзига ул бояқиш хуш кўринса-да,
Содиқ хотин бўлиб қолди лекин эрига.
(Бағри бутун кам топилур, ушбу дунёда
Тотувликда яшаётган эр-хотин қайда?)
Медеянинг пешонаси шўр экан илло,
Энди уни севмайдилар, меҳрибонлар ҳам
Йиғиштириб қўймоқдалар борди-келдини.
Гулдан-да воз кечарканлар ғунчани кўргач,
Ясон хотин ҳамда бола-чақаларидан
Қўл силтабон шоҳ қизига уйланмоқчимиш!
Шундай қилиб, таҳқирланган Медея бибиш
Шўрликнинг-да фиғонига еру кўк титрар.
Қани, дер ул, аҳду вафо, қани дер, ул лафз
Маъбудларни шоҳидликка чақира туриб.
Зеро алар бетавфиқни кўриб қўйишсин:
Ясон номард, Ясон лафзсиз, Ясон бевафо.
Бибишгина неча кунки байтулҳазанда
Юрагига ҳасрат уя қургандан бери
Илон янглиғ тўлғанадур, сафо билмайдур.
Худди қоя тўлқинлари сингари кар ул,
Эшитмайди ёру дўстлар далдасини ҳам.
Шу ҳолда ул беҳуш ётар, ўзига келиб
Баъзан бошин надомат-ла силтаб қўяр-да,
Ёдга олар ўз диёрин, қадрдон уйин.
Кўз ёшини дарё-дарё оқизиб, қилган –
Барча нохуш ишларини дилдан ўтказар:
Эрини деб бой берганди ўз диёрини,
Эрини деб дучор бўлди қувғиндиликка,
Медеяга энди ҳатто фарзандлари ҳам
Ёқмай қолди. Аларга кўз қирин ташламас.
Шўрим қурсин, ишқилиб, ул айнаб қолмасин.
Йўқса яна бир балони бошлар, чамаси,
Ситамларга дош бермаса оғир ўйлари.
Мана шундай чўрткесар ул. Қўрқаман, ногоҳ
Оч биқинга шамшир тиқиб олмоғи мумкин.
Ул-бул ишни шаҳаншоҳга, куёвтўрага
Қўллай билар жаҳли чиқса, очиқдан-очиқ.
Осонгина ғолиб бўлмас душмани унинг!
Ана, унинг ўғлонлари сайилдан қайтиб,
Тинч-хотиржам келишмоқда кошона сари,
Онаизор қайғусидан хабар топмасдан.
Ҳа, болалар, болалар-да, азоблар билан
Неча пуллик ишлари бор, ахир, аларнинг.

Кекса эшик оғаси икки болани бошлаб киради.
Эшик оғаси

Ҳой, сен собиқ маликанинг содиқ чўриси!
Бўсағада нечун ёлғиз турибсан? Ёхуд
Ғам туфайли айрилгандай Медея ҳушдан,
Сен ҳам қайғу чекмоқликка ҳу қилурсанми?

Энага

Э, сен Ясон фарзандларин кекса раҳбони!
Не кунларга, ёраб, бизни солди бу фалак?
Унданми бу фалокатлар ё ўзимиздан?
Ҳанузгача сидқидил-ла хизмат этсак-да,
На емакда, на ичмакда рўшинолик бор,
Куя-куя адо бўлдим, куйганимдан-да,
Еру кўкка бибишимнинг достонин айтиб,
Юрагимни ҳасратлардин фориғ қилурмен.

Эшик оғаси

Яна йиғлаб оҳу фиғон қилаётирми?

Энага

Ҳей, қария, соддалигинг қолгани йўқ-да,
Ғам қиссаси энди ўқилмоқда-ку.

Эшик оғаси

Ҳе, кўр…
Булғаб бўлмас казолар шаънин. Янги
Кулфатлари борлигини билмаса керак.

Энага

Қандай кулфат? Гапирсанг-чи, мундоқ очиқроқ.
Эшик оғаси

Ке, қўйсанг-чи, чиқиб кетди оғзимдан бехос.

Энага

Ўтинаман, оқ соқолинг ҳаққи, яширма!
Сен қул бўлсанг, мен чўриман соҳибамизга.
Гар қолиши вожиб эрса қозон ёпиғлиқ
Биз ҳам асло очмагаймиз…

Эшик оғаси

Мен эшитдиму
Сиртига сув юқтирмаган кишидай бўлдим,
Ўта туриб букун шатранж майдончасидан
Пиренада2 муқаддас сув бўйида пирлар
Неларнидир сўзлашарди – мазмунан билдим:
Шоҳ тараддуд кўрсатибди: мулки Коринфдан
Медеяни фарзанди-ла ҳайдаб солармиш.
Билолмадим бу овоза қанчалик тўғри,
Бағоятда авло эрди нотўғри бўлса.

Энага

Нима, Ясон қилмайдими бунга эътироз?
Хотинидан бир умрга безган бўлса-да,
Воз кечмас-ку шаҳду шакар болаларидин.

Эшик оғаси

Илож қанча? Хуш ёқади янги ёр доим:
Шоҳ аввалги оилани тан олмас эмиш.

Энага

Ҳалок бўлдик… даф этмайин кўҳна балони
Фавқулодда янгисига дуч келмоқдамиз.
Эшик оғаси

Сўзларимни сақлагайман кўнгил тубида,
Бибишимиз билмагани маъқул бу гапни.

Энага

Ана, қандоқ дадангиз бор, болажонларим!
Тангри ҳифзи саломатда сақлагай уни.
Ҳар ҳолда ул соҳибимиз. Ва лекин эркак –
Оиласин зинҳор мажруҳ этмаслиги шарт.

Эшик оғаси

Ҳар банданинг таъбида бор бу хислат, инсон
Бошқаларга қараганда ўзини севар.
Ё шум хабар эшитдингми, таажжубдамен…
Фарзандларин қурбон қилиш жатига Ясон
Янги ёр-ла ишрат этмоқ тамасидами?

Энага

Боринг энди худо халлоқ, болажонларим,
Барҳам топур нохушликлар,
Сен эса, эй, чол,
Болаларни йироқ тутгил волидасидин –
Жаҳли чиққан. Ғазаб қотган асоратида –
Заҳарини яқинларга тўкмасайди, оҳ!
Менга аён – қурбонликсиз қаҳри босилмас.
Бизлар эмас, ёв йўлиқсин қаҳрига фақат…

Медея
(саҳна ортидан)

Водариғо!
Мунча ёвуз уқубатларим!
О, шум ажал! Водариғо! О, шум азозил!
Энага

Оҳу фиғон бошланмоқда… о, болажонлар…
Ичкарида волидангиз –
Ғам бистарида.
Ундан пича нари туринг, гиргиттонларим.
Назарига туша кўрсанг, йўқса, балокаш
Сизга ғазаб оловини сочар аёвсиз.
Бир қадам ҳам унга яқин келмангиз зинҳор.
Тутса агар саркашлиги, ёввойилиги
Ҳўл-қуруқни бир текисда ёндира олур.
Қочинг унинг ғазабидан, болажонларим,
Қани тезроқ пана жойга ўтиб олингиз.
Бу раъд агар дабдурустдан сизга йўналса,
Чақмоқ уриб, ўтда куяр хонумонингиз.
Эй, сен, кўнгил, дардларингга интиҳо қани?
Нечун юпанч-тасаллини билмайсан ҳануз,
Ёхуд азоб илонига ем бўлдингми сен?

Медея
(саҳна ортидан)

О, мусибат! О, азият, о азоб ва сиз –
Кучсиз оҳлар! Сиз, фарзандлар, отангиз бирлан
Гумдон бўлинг, минбаъд, минбаъд қўшмозор бўлинг!
Қуриб кетсин уй шунақа бўлса агарда.
Эр шу бўлса, дунёдан тоқ ўтган авло-ку!

Энага

Вой, худо-ей, шўрингизга –
Шўрва тўкилди!
Шу ҳам гапми… Болаларнинг гуноҳи нима?
Ёхуд алар жавобгарми падари учун?
Зуғум қилиб нетади ул болакайларга.
Болажонлар, қисматингиз аянч эрур, оҳ.
Нетай, найлай, сизлар учун хавотирдаман.
Шаҳаншоҳлар дағдағаси даҳшатли эрур;
Кундан-кунга оз қолмоқда итоаткорлар,
Ҳукмдорлар кўпаймоқда кун ўтган сайин…
Осонгина босилмайди ғазаблари ҳам…
Барглар аро кўз илғамас пинҳон барг бўлиб,
Кун кечирган яхшимасми? Қариган чоғда
Шаҳаншоҳлар ғазабидан йироқда бўлиш;
Осойишта яшамоқлик – орзуим эрур…
Энг сараси, аълоси ҳам – меъёр сақламоқ,
Ҳаётда йўқ шундан бўлак ғазнаи олий!
Эҳтиёждан ошиқроғи омад келтирмас.
У қавмга юклаб қўйиб кўҳ ва кўҳ офат
Йўлиқтирар маъбудларнинг ўтли қаҳрига.

ПАРОД

Саҳнага коринфлик аёллар хори киради.

Хор

Проод Олис колхидалик бадбахт келиндан
Эшитдим дод овозларин:
Ҳалиям ул тушмадими шаштидан?
Айт, кампиршо…
Аллақачон кўнгилга мунис бўлган
Оиланинг дардларига шерикман,
Эшитдим мен ичкаридан келган нолани.

Энага

Сен айтғон оиладин асар қолмади:
Эр – мустабидлар ётоғида3,
Хотин – байтулҳазанда; кўшк ичра пинҳон.
Бекачимнинг аҳволига маймун йиғлайди.
Бирон кимса йўқки, уни
Юпатолса тасалли бериб…

Медея
(саҳна ортидан)

О, даҳшат, даҳшат!
О, розиман фалак чархи
Мажақласа бош суягимни!..
Менга энди яшаш чикора?
Шўрим қурсин! Ҳайҳот! Эй, сен, ўлим,
Ҳаёт ришталарин узиб юбор –
Кўзим йўқ кўрарга тирикликни.

Хор

О, сен Зевс, о, сен она-Ер, сен Офтоб,
Бадбахт келиннинг
Мунгли зорларини эшитдингизми?
Дудоқлар, оғушлар, сиз – нечун
Совуқ бистар хоҳишидасиз?
Ўлим одимлари
Тайсаллар нечун?
Ё ёлвориш керакми унга?
Агарда янги ёр тиласа эринг
Нечун жаҳл офати бирлан
Бу бебақо дунёда
Мусибатни орттирасан сен?
Ҳадемай додингга етар Кронзода:
Фақат сен унгача
Оғир бўл,
Сабр берсин ишқилиб ўзи.
Фақат бевафо эрни деб
Кўз ёшингни селоб айлама…

Медея
(саҳна ортидан)

Муаззам Кронзода… Маликаи Фемида!4
О, маъбудлар, паноҳ беринг азобларимга!
Ўзим муқаддас онт ила
Лаънати эрни тақдирга қўшдим!
Эвоҳ!
Кошки энди уни кўрсам келинчак бирлан –
Сарой харобалари ичра бир жуфт мурдани!
Ўшаларнинг дастидан дод,
Аламимга ўшалар боис. О, яздонлар!
О, сен падаргинам, элу шаҳрим, сизлардан мен,
Шармсор қочдим. Ўртамизда ҳануз жонажон
Ўз инимнинг мурдаси ҳам.

Энага

Тингланг, нима дер,
Қандоқ тавқи фиғон осар
Фемидага, назри ниёз маликасига,
Ва Зевсга, аҳду паймон ўдағасига,
У ғоятда мудҳиш интиқом билан
Лиммо-лим айлар кўнглини.

Хор

Нечун менга рухсорини кўрсатмайди ул?
Нечун нафис товушимга
Акс-садо қилмаётир?
Бемаъни қаҳри-итоби
Қовурар қалбини қоп-қора ўтда.
Эҳтимол, мен
Ширинсуханлик бирлан
Берарман унга юпанч.
Мен севган одамлар ҳам
Кўриб қўйсин маним юрак истакларимни.

(Энагага)

Хабар олмайсанми кошонасидан?
Олдимизга пешвоз чиқсин.
Имиллаш керак эмас… Бўл!
Бу чордевор ичинда
Бахтсизлик рўй бермоғи мумкин.
Қаҳр ва ўч шиддати ёмон,
Пушаймонлиғ ундан-да қўрқинч.

Энага

Боришга тайёрман, фақат, бибишим,
Қолдирмасми сўзимни ерда?
Эринмоқда деманг… бемалол…
Туғаётган урғочи шердек
Азобланар, ёввойисимон –
Қарар, агар байтулҳазанга
Яқин келса чўри оғзидан
Сўзи тушиб ҳадиксирайдир…
Муқаррарки, бир замонлар, ҳа,
Ҳайит ёхуд зиёфатларда
Масъуд зотлар қулоқларини
Куйлаб хушнуд қилмоқлик учун,
Эркалаш-чун мадҳиялар тўқиб
Юрган ўшал одамлар жиндек
Ақли ила бор санъатини
Ишга солган десак саҳв ўлмас.
Чилторларнинг оҳанги бирлан
Манфур тусли ғамга-қайғуга,
Шоҳлик зулми ила ларзакор
Ўлим яратувчи қайғуга
Чек қўйишни ҳалига довур
Ҳеч бир кимса ўйлаб топмаган
Дейилса гар, у ҳам саҳв ўлмас.
Кишиларни куй-ла даволаш –
Фойдалидир. Зиёфатда лек
Созанданинг меҳнати бекор:
Кўнгилларни тўкин дастурхон
Хушнуд этар мусиқасиз ҳам.

(Чиқади)
Хор

Тағин эшитмоқдамен
Унинг оҳу ноласин.
Афсус-надомат тинмас.
Байтулҳазандан ҳавони ёриб
Учмоқда эри сари тавқи лаънат.
Фемидани чорлар Колхиданинг бахтсиз боласи,
Нечун уни жалб этди
Денгиз оша Эллада соҳиллари;
Тубсиз қайнамани мавжлантирган
Адоғи йўқ долғалар.

БИРИНЧИ МАНЗАРА

Медея киради.

Медея

(Хорга)

Эй, Коринфнинг қизлари, гар рўпарангизга
Чиққан бўлсам – таъна эшитмоқ учун эмас.
Кўча-кўйда сандирақлаб юргандан кўра
Фақат уйда ўтиришни маъқул кўрганлар
Ёки ўзга юртни кўриш майли-истаги учун
Кам дейсизми такаббур деб номдор бўлганлар?
Ғавғосиз уй йўқ дегандек бани одамга
Ҳозир ғавғо ёқмай қолди, ҳар нарсага ҳам
Қўлни силтаб қўймоқдалар. Гўёки бор гап
Одамларга илгаритдан қуёшдай равшан.
Агар киши бизни дилтанг қилмаган бўлса,
Қалбин билмай қилолгаймиз қозилик унга.
Орангизда бегоналар кўпдир, эҳтимол
Уларга ён бериш керак, албатта, илло
Раият ҳам хуш кўрмайдур димоғдорларни,
Ўз-ўзини тенимоққа имкон тополмай,
Шу тариқа ачинарли ҳолға тушганлар…
Менга келсак, дугоналар, сизсиз ҳам ногоҳ
Балоларга дучор бўлдим, ғамга ёр бўлдим.
Ўлсам дейман – нафас олмоқ азобдир фақат
Нимагаки молик бўлсам бари-барига
Ёлғиз эрим сабабчидир. Билсам бу киши
Одамларнинг энг тубани – номарди экан.
Ҳа, бу кунда яшаётган одамлар ичра
Топиш мушкул биздек бахтсиз хотин жинсини.
Нархи арзон эмаслармиз эркаклар учун5.
Биз тушган ер обод бўлар – хизмат қиламиз.
Гар борди-ю сотиб олсанг эркак зотини
У сен учун соҳиб эрур, хизматчи эмас.
Унисига қараганда буниси чакки,
Энг муҳими иш тутасан таваккалига.
Таши бирлан ичи бирми – билиб бўлмаса.
Никоҳдан сўнг кетай десанг, ўзингга уят,
Куёвдан-да қутулишнинг чораси йўқдур.
Урф-одати, таомили ёт бўлган жойга
Тушган келин бешак ўлим топгай агарда
Куёв бўлмиш тортолмаса ўз аравасин,
Бошқа билан дон олишса, хиёнат қилса,
Бунга келин қай йўсинда тахаммул этар.
Хиёнаткор эканлигин билса у билан
Бир ёстиққа бош қўймасди абадул-абад.
Жонга тегса оиласи эркакга не ғам?!
Бошқа ёққа кўз сузганча арқон узарлар,
Биздан эса қўл силтабон, қиё боқмаслар.
Дейдилар-ку бошқа дебон эркак йўриғин
Биз ичкари ожизаси, азал азалдан
Кўча пайдам, ташқарида ризқ-насибаси.
Қўлда найза, шикор дея рўкач қилгайлар
Ва нимани овлашадур тангрига аён.
Жангу жадал эркак учун… Туғгандан кўра
Ёв зарбига қалқон тутиб, дош берган авло.
Ҳа, айтмоқчи, гап хотин-қиз хусусидайди,
Аммо сизу менинг ҳолим айри-айрича:
Сиз эгасиз шаҳрингизга, ўз уйингизга.
Дўсту ёрлар юпатишар ғамга ботсангиз.
Мен бўлсам-чи, бегоналар ичра ёлғизмен.
Ҳам қувғинди, ҳам мосуво, ҳам суприндиман.
Ёввойилар орасида – олисда ўсдим.
Бунда менинг на уйим бор ва на-да онам,
Кимсасизман – биродарим, қиблагоҳим йўқ.
Лоақал бир хешим бўлса, келган балога
Мардонавор тутар эрдим бошимни бешак.
Вале сиздан оз бўлса-да шафқат сўрайман.
Гар эримдан ўч олмоққа, бир илож топсам,
Сиз аввало сукут сақланг, халақит берманг.
Журъатсизмиз, зотан, курашнинг, алалхусус,
Тиғобдори қўрқитади хотин зотини.
Номуссизлик гар илашса нигоҳ ипига
Аёл қалби шу қадарли қонсирагайки,
Тополмайсиз ер юзидан бунақасини!

Корифей

Бас. Медея, кўнглинг нима тиласа, қилгин,
Сенинг хоҳиш-истагингга қарши турмаймиз.
Сен ҳақ бўлсанг, тан берамиз. Аммо Креонт
Келаётир, мулк султони – нима деркин ул.
Балки бизга эълон қилур янги фармойиш?

Креоний киради.

Креонт

(Медеяга)

Ҳа, Медея, кек сақлайсан чоғи, эрингга
Ғамбодасан, жаҳон бирлан ишинг йўқ гўё.
Гап энди шу – фарзандларинг олиб бир йўла
Тарк этмайсан салтанатим сарҳадларини.
Бош тўлғамай итоат эт амримга, жўна!
Эшитдингми? Қайта бошдан қорангни кўрмай.
Шу мулк ичра гар мабодо қорангни кўрсам
Нақ мустаҳиқ этгайдирман оғир жазога.

Медея

Шунақа денг! Шўрим қурсин! Бадбахтман қандоқ!
Ёв туширди сўнгигача лангар занжирин,
Соҳил томон чиқай десам ёвуз тўлқин бор.
Ундан менга эндиликда ҳимоят ҳам йўқ,
Шундай бўлгач сўрамоққа изн берсалар
Нега энди ҳайдаяпсиз бу мулкдан мени?

Креонт

Ҳеч қанақа сир йўқ бунда, ҳаммаси равшан,
Қизгинамга панд берасан деган хавфдаман,
Устомонсан, ялагансан илоннинг ёғин.
Бир кори-ҳол бўлмасин деб қўрқаман, рости.
Боз устига эрсиз қолдинг, ҳижронзадасан…
Дейдиларки, сен менга ҳам, келинчакка ҳам
Хавф солмоқчи бўлганмишсан нима биландир.
Тўрт мучамиз соғлигида шунинг учун ҳам
Чора-тадбир кўрмоқликни лозим топамиз.
Сенга ёмон кўринсам-да, Медея бибиш,
Кўнгилчанлик қилолмайман, баъдаз кеч бўлур.
Гапнинг рости – сўнгги пушмон, ўзимга душман.

Медея

Эвоҳ! Эвоҳ!
Илк мартамас, э шоҳ, кўп бора
Менга зарар бериб келди ёмонотлиғим.
Ёмонлик у қадимдан бор. Кимда-ким агар
Оқилликдан сал-палгина бўлса хабардор
Гўдаклардан тайёрламас софист аҳлини.
Сафсаталар учун улар ҳамюртларига
Эшиттириб қўймасдилар таъна-маломат…
Тағин нима? Оломоннинг нафратин улар
Тўйғизмаслар ўзларининг санъатлари-ла.
Жоҳилларга, дейлик, агар бирон нимадан –
Доноликдан, янгиликдан ё ҳикматлардан
Сабоқ берсанг борми – тамом улар ичра сен
Донишмандмас, таниласан текинхўр бўлиб.
Башартиким, овозаю миш-мишга кўра
Эл-юрт ичра ҳурмат топган оқиллардан ҳам
Юксакроқда турсанг, сени хавфли кас дерлар.
Мен ҳам шуни ўз бошимдан кечириб кўрдим.
Гап шундаки, Медеяда ақл етарлик.
Шундан уни ёқтирмаслар баъзи бировлар.
Кимдир эса сизга ўхшаб шу Медеянинг
Мардлигини ҳисоблайдир хавфли нарса деб.
Тарк этилган, кимсаси йўқ хотин, ажабо,
Шаҳаншоҳга қутқу солса?! Хўш, нима учун,
Нимага мен ёмонликлар тилар эканман?
Сиз хуш кўрган кишингизни куёв қилдингиз,
Илло маним нафратларим сизгамас асло,
Эримгадир. Сизларга мен ҳасад қилмайман,
Ҳаёт билан роҳатланинг, турмуш қуринглар.
Фақат мени қолдирсангиз Коринфда дейман,
Сабрим бирлан ёпай дейман шармандалигим.

Креонт

О, сен дуруст сайраяпсан, машқинг жойида,
Лекин ёвуз ният ҳоким талқинотингда.
Гумонларим ортиб борар эшитган сарим,
Эл оғзига элак тутиб бўлмас, Медея.
Биламанки, сен хусусда мишмишлар талай.
Эҳтиёткор тулкилигинг ким билмас ахир.
Қани жўна! Ўйнаб бўлдинг қозон, чўмичда,
Уринсанг-да илло етмас санъатинг сени,
Ўзимизда сақлатмаймиз ортиқча ғаним.
Медея

Ёлбораман, янги келин-куёвлар ҳаққи,
Бизни сургун қилманг бундан, шоҳим, раҳм этинг!

Креонт

Эланишинг беҳудадир, овора бўлма.

Медея

Шафқат қилинг, ялинаман, додимга етинг.

Креонт

Медея, бизга яқинроқ ўз оиламиз.

Медея

О, диёрим! Қадринг ўтди яна шу кезда.

Креонт

Бола-чақа роҳатини кўрайлик биз ҳам.

Медея

О, Эротлар! Қандай ёвуз уруғ экяпсиз.

Креонт

Пешонага ёзилгани бўлмас доимо.

Медея

Ё раббано, айбдорга бошпана берма.
Креонт

Етар энди? Сен, яхшиси, сафсаталардан
Ўзинг тугул, бизларни ҳам фориғ айлагин…

Медея

Фориғ этмак? Кимни ҳамда нимадан ўзи?
Шоҳ, бизни сиз фориғ айланг бу уқубатдан.

Креонт

Сен чинданам кутяпсанми жаллодларимни?!.

Медея

Йўқ-йўқ, асло, ёлвораман сизга, шаҳаншоҳ…

Креонт

Сенга камлик қилмоқдами дўқ-пўписалар?

Медея

Илтижойим, шаҳаншоҳим, бу хусусдамас.

Креонт

Тағин нима керак сенга? Ҳоли қўй мени…

Медея

Менга бир кун муҳлат беринг: ҳали ҳал эмас
Манзилгоҳим. Норасида болаларга-ку
Менсиз ким ҳам топа олгай бошпана сув-нон,
Бу ташвишдан Ясон ҳоли. Шафқат айланг, шоҳ.
Сиз ҳам ахир болангизга ғамхўрсиз-ку, оҳ,
Бу ҳис сизга ошино-ку, бизчаликмассиз.
Қувғиндилик менга ҳеч ҳам қўрқинчли эмас,
Йиғлаётган бўлсам, фақат болаларни деб…

Креонт

Бу дунёга келмаганман мустабид бўлиб,
Мени кўп бор нобуд этай деган бу кўнгил.
Биламанки, ҳақ эмасман, мана ҳозир ҳам
Сен айтганча бўла қолсин, лекин огоҳ бўл,
Гар эртага қир-даламда менинг қуёшим
Бола-бақраларинг бирлан қорангни кўрса,
Нурларини найза қилиб сенга санчилур.
Бу турган гап… Тонг отгунча…

(Чиқади)

Корифей

О, чигал қисмат!
О, хотинлар, бу қандоқ дард, бу қандай бало!
Шу аҳволда бир ожиза қайга боради?
Кимдан уй-жой ва бошпана сўрайди ахир?
Қани асл хонадонинг, қани ул кишвар?
Умри боқий ёвуз кучлар, тубсиз дарёга
Тириклайин қўл-оёғинг боғлаб отдилар!

Медея

Бўлмасам-чи! Осмон – тийра… Лекин бу билан
Ҳали ўйин тугамади! Тағин ўйламанг,
Келин-куёв мақсадига етур деб, шаксиз.
Бало-қазо етиб ортар совчиларга-да,
Беҳудага нўш этилмас бу ширин заққум, –
Посонгиси келтирилган бари олдиндан…
Шоҳ тадбирли эди, рост гап, ҳар бир нарсани
Етти ўлчаб бир кесарди, о, кўзи басир!
Ўзига чоҳ қазиди ул ўз хоҳиши-ла.
Қарорида собит турмай, бизга бир кунни
Инъом этди… Етиб ортар ана шу муҳлат.
Ўзи тугул, қизи бирлан қуёвини ҳам
Шу муҳлатда биз жасадга айлантирамиз.
Ярамаслар… Бор кўпгина усул-йўллари,
Қай бирини танлаш керак, мана бу мушкул;
Кўшкин ёқмоқ маъқулмикин келин боланинг,
Ё олмос тиғ тиқаймикин оч биқинига,
Дабдурустдан ётоғининг устидан чиқиб?
Э, йўқ, ул юмушнинг бир иллоси бор.
Йўл-йўлакай қўлга тушиб қолишим мумкин.
Бадхоҳларга кейин гап-сўз, калака бўлгум.
Йўқ, яхшиси боражакмиз синалган йўлдан.
Масала ҳал: енг ичида берилгай оғу.
Хўб, уларни шу йўсинда ўлдирдим, дейлик.
Айт-чи, кўнгил, нима бўлгай ундан кейин, хўш?
Топилурми бизга баъдаз дўст-ёрон, элат?!
Кимлар бизни қучоқ очиб кутиб олажак?
Кафолат йўқ… Майли, кўнгил, сабр қил пича.
Борди-ю, бир ҳимоячим бўлганда эди,
Қотилликка киришардим шу ондаёқ мен.
Енг ичида саранжомлаб қўярдим барин.
Мададкорсиз қоладурғон бўлсам мабодо
Қисматим шўр экан, дея қилич тутаман.
Ва рўйирост қилажакман уларни бисмил.
Бул ғараздан қайтмагайман, раббано шоҳид
Кўзимга тик боқса ҳамки малъун, Азозил.
Шоҳ қизини авваламбор кўздан қочирмам;
Мол-мулки-ла, юрти ила кўнгли тўқ бўлган
Кундошимни Ҳеката-ла онт ичаманки,
Менинг азам ҳисобига ушбу дунёда
Ҳеч бир банда ишрат тўйин қура олмагай!
Кўп қимматга тушар ҳали уларга базм,
Кўз ёшиму азобимдан шароб ичгайлар!
Қани ишга! Бўш келмагин, Медея, зинҳор,
Барча инсу жинсларингни мададга чақир, –
Миридан то сиригача ҳар бир қадамни
Обдон ўйлаб ҳамда билиб босмоқлик керак!
Эй, сен кўнгил, ҳайиқмагил, ўтга ур ўзни,
Энди азму шижоатинг кўрсатмоқ пайти,
Ўзинг ўйла, ким эдингу ким бўлиб қолдинг.
Наҳотки сен Сизифларнинг аждоди6 бўлмиш
Ясон бирлан паймон айлаб таҳқирланишга
Йўл қўясан Ҳелийларнинг қони7 устидан?
Бале, кимга бу гапларни айтяпман ўзи?
Яралганда бор эди бу хилқатимизда:
Эзгуликка қайишмаймиз, ёвузликка-чи
Бор иқтидор ила доим кўмак берамиз.

БИРИНЧИ СТАСИМ

Хор

Кавсар сувлари оқди ортига,
Терс кийди тўнин ҳақиқат нега?
Адил сарвлар эгиб қаддини,
Эрлар қутуриб билмай ҳаддини,
Яздонлар номин тупроққа қорди…
Бизнинг довруқ ҳам, ҳаққи рост, сўзсиз,
Мақтовга дўнар; минар отига.
Учиб қуш каби олтин сўзимиз
Завқ бера билар аёл зотига.
Илҳом нағмага кўрсатмас зуҳр
Аёл маккорлик қилган пайтида…
Фақат лабингда қотса шу муҳр,
Аёллар найи янграб турса бас,
Фебнинг қирмизи салтанатида…
Мусагет8 маҳкум айлади қайта
Тингланар ўшал қўшиқ на лоқайд?
Талай ҳақиқат эркаклар ҳақда
Этилмаганми битикларда қайд?
О, менаданинг9 жўшқин юраги!
Ота уйидан сени, э хотин,
Симплегаданинг хатарларидан
Олиб қочганди бадкирдор тўлқин.
Бегона юртда – танҳосан бунда
Эр сени эзди, уқубат солиб;
Қувғиндиликда ўзинг-ла бирга
Шармандаликни юрурсан олиб.
Аҳду паймонлар қаро ер бўлди,
Макр-ҳийлага йўқ энди сарҳад.
Ҳаё дегани – тил тортмай ўлди,
Руҳи юксакда, қўл етмас, ҳайҳот!
Сақлай олмади бўрондан асти
Медея танин падар ўқлари,
Шаҳаншоҳ қўли жалб этиб кетди
Қайноқ оғушин қўйнидан нари.

ИККИНЧИ МАНЗАРА

Ясон киради.

Ясон

Илк бор эмас, кўп кўрганман, кек бора-бора
Пиллақуртдек ўз-ўзини маҳв этмоғини,
Сен шаҳарга, ҳовли-жойга эгу булурдинг
Шоҳлар билан олишмасдан сипороқ юрсанг.
Лойиқ эсанг гар қувғинди номин олмоққа
У ҳолда шум кўргиликни ўз тилингдан кўр!
Биламанки, тубанликка юз тутди, дея
Ўз эрингни қораламоқ қасдидадирсан.
Бундан бўлак тағин, шоҳнинг оиласидан
Ўринлатиб ўч олмоқни ваъда қилибсан.
Бу яхшимас. Ким айтади сени эслик деб.
Куч-қудратим етганича босдим шоҳ қаҳрин.
Сени бунда қолдирмоққа тиришиб кўрдим.
Вале барча меҳнатларим чипакка чиқди.
Салтанатга панд берувчи сўзлар айтибсан.
Эл оғзига элак тутиб бўлмайди, хотин.
Шу важдан-да, энди сенга шаҳримиз ёпиқ.
Аммо, хотин, бола-чақа ташвишидаман,
Илло сизлар камлик кўрманг зинҳор ҳеч ерда
Пул туфайли. Озми ўзга диёрда ахир
Ёвузлик ва муҳтожликлар. Ясон сен учун
Жирканч одам. Аммо Ясон кек нима билмас,
Узатар у душманга ҳам дўстлик қўлини.
Бошқалардек тўнини терс кийиб олмагай,
Илолабад замонага қараб иш тутур.

Медея

Вой пасткаше… вой олчоғ-е… номардлигингни,
Жангга яроқсизлигингни қандай сўз билан
Изҳор қилай, билмай қолдим, тилим ҳам ожиз –
Бизлар учун бундан ортиқ бадлик бўлмайди.
Бизлар томон келасан-а тағин уялмай.
Бунинг оти мурдорликдир, жасорат эмас.
Одам деган ўз дўстига шундай панд бериб
Сўнг кўзига қарай олса, ботирликми шу?
Бу иллатни биздагилар ҳаёсизлик дер.
Ҳар қалай мен сендан шодман… Кўнглимни энди
Бўшатишга имкон бор-ку… О тингла мени,
Хаҳ нимайди? Ҳа, бошлайин бир бошдан секин.
Ўша кезда агар сенинг эсингда бўлса
Сени сақлаб қолғон эрдим мудҳиш ўлимдан.
Бунга ўша кемадаги бор эллинликлар
Шоҳид эрур, қутқаргандим, буқаларни сен
Итоатга ўргатиш-чун юборилгандинг,
Бурунлари ўт пуркарди – ажал ерига
Ундан кейин уруғ экиш вазифанг эди.
Олдиртириб аждаҳонинг сеҳрли жонин
Олтин юнгли қўй терисин сенга бахш этган
Менмасмидим! Менмасмидим бедор кўзларинг
Кўрмаганда қайта бошдан қуёш ёғдусин
Ато этган! Менмасмидим отамдан кечиб
Элу юртдан этак силкиб Фессалияга
Бир сени деб ҳайё-ҳуйт деб равона бўлган.
Қизиққонлик устун келиб муҳокамадан
Пелий шоҳни ўлдиртирган ўзим-ку, даҳшат.
Мен туфайли падаркушлик қилди фарзандлар!
Бу билан мен мушкулингни осон айладим.
Мана энди биздан кетдинг, охир-оқибат
Аҳдни бузиб, янги никоҳ қураётирсан.
Болаларнинг дадасига шу иш лойиқми?!
Янги никоҳ келтирмасин сенга хуррамлик.
Илолабад наслинг битсин, тирноққа зор бўл.
Болаларинг бўлмасайди, ҳа, майли дердим:
“Фарзанди йўқ, ажаб эмас, ўзгадан кўрса”.
Болаларинг бўла туриб бу не саркашлик?
Қани вафо? Қани ўша муқаддас аҳдлар
Ё у паймон сўзларини эшитган раззоқ
Энди ҳукм юргизмасми, ёки қонунлар
Ўзгардими? Сен шоҳидсан бари, барига
Қани иқрор бўлмай кўр-чи, сен онтни буздинг.
О, неча бор суркалгандинг менга бу билан…
Тиззамни-да булғагансан яқинлашиш-ла!
Орзу-умид пучга чиқди. Бой берилди қалб.
Сендан энди нимани ҳам кутмоғим мумкин?
Аммо кўнгил дудоғимни чўғдек куйдирур –
Рўйирост бу орсизлигинг саволлар билан
Фош қилгайман… Алҳосилким, фармойиш беринг:
Қай сари биз азм этайлик, айтингиз? Ёки
Кетайликми ўз уйимиз – ота ҳовлига?
Сенга осиғ бўлсин дея бой бердим юртни.
Ё жўнайми бадбахт Пелийзодалар сари?
Оталарин ўлдирганман, албатта, улар
Мени ёруғ дийдор билан кутмаса керак.
Эски дўстлар, дугоналар ҳақида сўз йўқ:
Улар мендан воз кечишган хиёнатим-чун
Кимгаки мен қилган эрсам қабиҳлик агар
Ўз фойдамни кўзлаб эмас, сени деб қилдим.
Улар менга эндиликда ашаддий душман.
Шўрим қурсин! Ўша шону шавкат – мана у, –
Эллинликлар аро кўрган ҳаловатларим…
Ўшанда сен ёлғон ваъда берган экансан.
Мағрурлансам, ҳа бўлади, содиқ эр билан…
Бинобарин, бахти кулган келин-куёвлар
Асло ғамгин бўлмагайлар. Агар Медея
Бу шаҳардан узил-кесил мосуво бўлса,
Ҳам бир ўзи ҳимоясиз жужуқлари-ла
Лол қолдириб… ёш-қарини – бадбахтлиги-ла
Дайдиб юрса… Болаларим бир бурда нон деб
Қўлчаларин узатишса мўлтираганча,
Маъқулми бу, сенингча, хўш? Сени ўлимдан
Шунинг учун соғ-саломат қолдирганмидим?
О, сен Зевс, о, худойим, олтинни мисдан
Ажратмоққа қодир эрсанг, нечун бу ёзмиш?
Нима учун куйдирилган тамға босмадинг
Нобакорга, турсин дея кўзга ташланиб?!.

Корифей

Давоси йўқ ва даҳшатли ғазаб кўпмоқда,
Кимсаларнинг адувлиги йиқар хешларни.

Ясон

Ясон бўлиб туғилган зот букун ҳақирдир,
Унга кун йўқ. Мен бир кема дарғасиманким,
Ҳушёрдирман, бўрон турса елканни озроқ
Тушираман, йўқса иғво бўрони ва бу
Сўз қуюни бизни ғарқоб айлайди, хотин.
Миннатларинг чексиз экан – ҳаввоза янглиғ
Ҳаво сари ўрлаб кетди. Менинг сафарим
Хайрли деб ҳисобланса, бунга Киприда –
Боис, ундан бурчлидирман, Киприда ахир
Яздонларнинг ичида ҳам, халқ ичида ҳам
Кипридадир, – балки бу гап ўзгага ёқмас.
Аммоки, сен ундаги бор назокатга боқ:
Гар кимда-ким бу Ясонни қутқармоқ учун
Медеяни руҳлантирган бўлса, бу Эрот…
Майда-чуйда нарсаларни қўзғамоқ нечун?
Хизматларинг тан оламан, хўш, бундан не наф?
Бурч ўталган аллақачон ортиғи бирлан.
Бирламчи, сен Элладада яшаётирсан,
Ёввойилар ичидамас, қабилангдаги
Инсу жинслар қолиб кетди, бу ерда янги
Қонун ила ҳақиқатни ўргандинг биздан.
Санъатингни эллинликлар шарафладилар.
Нуфузинг бор, ўша дунё сарҳади аро
Сокингина кун кўравер ҳашаматсиз жим.
Биз учун ҳеч саройдаги мол-дунё, Орфей –
Қўшиқлари ожиз ўша шон қаршисида.
Бир замонлар ўша шон-ла яшадим хушбахт,
Гап тақалди келиб-келиб яна ўзимга.
Модомики, бу баҳсни қўзғаган бўлсанг,
Уйланишим хусусида бирон нима дей.
Авваламбор, оқилона ва ундан кейин
Камтарона иш тутдим мен, нимага десанг
Бу барчаси болаларим ва сенинг учун.
Фақатгина чимрилмасдан қулоқ берсанг бас,
Иолкдан буён бадбахтлик келтирдим ёлғиз,
Сизлар ҳам юк устига юк – занжир бўлдингиз.
Гарчи эрксиз ҳам қувғинди бўлсак-да ногоҳ –
Кутилмаган бахт-саодат йўлиқди менга.
Шоҳ қизи-ла юлдузимиз бир экан асли.
Сен бекорга, хотин, бизни, маломат қилма.
Иштиёқи баланд дерсан ётиш-туришга.
Дилда шаҳват алангаси гурулламаган.
Серфарзандлик истаги ҳам бор эмас менда.
Назаримда, улар бизда етарли, хотин.
Бу хусусда сенга таъна қилолмайман ҳам,
Янги ёрга уйланишим эҳтиёждан, бил.
Ўз ўрнини топмоғи бор ҳаётда ҳар ким.
Шундай қилсам, кўрмагаймиз муҳтожлик бетин.
Биламанки, ҳар кишининг бори бўлмаса,
Юз ўгирар қариндоши, ёронлари ҳам!
Болаларни оёққа тез турғизиш учун
Маблағ керак. Улар ўқиб вояга етгач,
Ундан кейин роҳатини кўраверамиз, –
Туғилажак укалари сояларида
Ҳадемайин қаддиларин тутиб олурлар.
Сенга тағин фарзанд нечун? Менга бўлса-чи
Улар зарур, мўмай маблағ, даромад учун.
Сенингча мен ноҳақманми? “Ҳа”, деб айтардинг,
Рашк қиласан-да. Ҳаммангиз ҳам бу хусусда шу –
Ётоғингиз бут бўлмаса эрингиз билан
Дунёнинг тўс-тўпалонин чиқазасизлар.
Сиз фойдали маслаҳатдан нафратланасиз.
Бола-чақа шундай бунёд бўлсаки, бунда
Хотин зоти иштироки кўрилмаса ҳеч
Башар аҳли кулфатлардан холи бўларди.

Корифей

Суханбозлик санъатини қўлладинг, Ясон,
Шарттакилик қилган бўлсам, айбситма мени,
Ҳақ эмассан, Медеяни тарк этсанг агар.

Медея

Фарқланаман одамлардан кўп жиҳатдан мен.
Бу хусусда, дарҳақиқат, гап ҳам бормайди.
Гар ихтиёр бўлиб қолса менинг илкимда
Суханбозлик қилганларга энг олий жазо
Берар эрдим! Бу билан у ҳаққониятни
Ерга урди. Суханбозлик машғулотини
Кимки давом эттирса-чи, шумлик бўриси
Қўй терисин ёпинганча ишрат қиладир.
Не ишларни қилмайди у ниқоб остида?
Айб-нуқсон ҳам мавжуд бундай донишмандликда
Сен, инчунун айёрлик ва эҳтиётлик-ла
Сўз тузоғин ёза билдинг, тўғридан-тўғри.
Ҳа, сен учун ҳеч гап эмас бизга панд бермоқ.
Биздан олиб ризоликни баъдаз тўй қилсанг,
Соз бўлурди. Сен-чи, аввал уйланиб одинг…
Ясон

Сендан олиб бўлармиди рози-ризолик,
Ҳозир, сиртдан, сипороқсан, лек ёвузликни
Ҳалигача юрагингда асраб келасан.

Медея

Йўқ, умрбод сен мен билан қолишдан чўчиб10,
Шундай қилдинг. Қартайганда сиз, эллинликлар,
Эски ёр-ла яшамоқдан озорланасиз.

Ясон

Бундай теран хаёлларга бормагин, хотин,
Ҳеч қанақа сир-синоат йўқ бу никоҳда:
Сенга ахир боя айтдим, оиламизни
Мустимаҳкам қилмоқчиман шоҳ қизин олиб,
Туғиб берса, яшаймиз биз шоҳ соясида.

Медея

Бундай соя керак эмас, ахир, бу номус
Эвазига олинган зар – бойликни нетай,
Азобмасми, ташвишмасми, турган-битгани?

Ясон

Маъбудларга ибодат қил, Медея бону,
Ўзга орзу-истакларни қалбингга жо қил.
Қўлга кирган нақдинангдан ранжима асло,
Бойқуш бўлиб кўринмасин иқбол булбули.

Медея

Масхара қил… Қидирмайсан биз учун уй-жой,
Рўпарангда ҳимоясиз қувғинди турар.
Ясон

Ўзинг ёмон йўл танладинг – ўзгада айб йўқ.

Медея

Алдаган ҳам, уйланмоқчи бўлган ҳам менми?

Ясон

Осийларча қарғагандинг ўз шохларингни.

Медея

Лаънатлайман сенинг ўрда-саройингни ҳам!

Ясон

Шу билан биз тугатамиз. Бордию сизга –
Сенга ёки фарзандларга пул керак бўлса,
Дариғ тутмам эҳсонимни – бир оғиз сўзим.
Керак бўлса юборурман қўноқ белгисин11.
Қадрдонлар сизларга лутф кўрсатишади.
Керакмасми? Аразларинг ўринли эмас.
Кўзингни оч, қаҳру итоб қилавермасдан.
Қўлим узун, манфаатим тегади, инон.

Медея

Пул-мулларинг, ошноларинг бошингда қолсин,
Вафосиз эр муруввати – қўлни куйдирур.
Таклиф қилма, кераги йўқ, олмайман зинҳор.

Ясон

Худо шоҳид, манфаатим тегиб қолсин деб
Кўп уриндим, аммо бизнинг саховатни у
Қадрламай ўз-ўзига, фарзандларимга
Жабр қилди. Нима дердим – ўзидан кўрсин.

(Чиқади)

Медея

Бор, боравер, қалбинг висол орзусидадир,
Ёш келинчак кутиб қолди саройда сени.
Тантана қил, никоҳ! Майли, сафо қилавер,
Воз кечгайсан, куёв бола, ҳали келиндан.

ИККИНЧИ СТАСИМ

Хор

Қаҳру ғазаб қилса Эротлар
Дилдан соқит бўлур ҳамул лаззат,
Кишилар шон насибасидан
Қуруқ қолур. Аммо агарда
Гўзалликда бемисл Киприда
Йўлласа фақат хушчақчақлик…
Сен менга минбаъд, шоҳ қизи
Қалбимга зар ўқни муқаррар
Нишон этма,
Тўп-тўлиқ заққум истаги.
Камтарона навозишни хоҳлайман:
Бундан тотлироқ дорилбақо эҳсон йўқ.
О, ҳеч қачон эшитгулик қилмасин
Киприданинг қутқу ваҳмасин.
Унинг хавфли раъдвор зарблари
Бўрон билан қилган кажбаҳслиги –
Бегона ётоқ истаги учун!
Уруш-жанжалсиз уйни,
Келин-куёв ади-бади айтишмоғин.
Ётоққа достон битай.
Ватан, ота уйи, манбаъд.
Сендан айру тушмасман,
Юртдан ҳижрат бўлмасман.
Бормам номард қошига
Оғир кунлар тушмасин
Ҳеч банданинг бошига.
Қувғиндилик кўргандан
Ўлганим яхши менинг.
Гулдек узилиб кетсам
Сўлганим яхши менинг.

Ўзим шоҳид – одамлармас, ҳайҳот,
Бу фасона ижодкори!
Шаҳардан манъ этилдинг
Дўсту ёр ғамин чекиб
Айламас дардинг фориғ.
О, кўрнамак… Майлига
Қуриб кетсин ёрини ёд этмаса.
Ёри ҳасрат дафтарини
Унга очгай,
Бўлаккамас.

УЧИНЧИ МАНЗАРА

Эгей киради.

Эгей

О, Медея, қувонч сенинг йўлдошинг бўлсин!
Ёронларга доим менинг тилагим шундай.

Медея

Салом сенга ақли етук Пандион12 ўғли,
Бу ерларга қайси шамол учирди сени?
Эгей

Феб коҳини даргоҳидан келаётирман.

Медея

Нечун керак бўлиб қолди ибодатхона?

Эгей

Биласанми, фарзандим йўқ: тирноққа зорман.

Медея

Ё тавба-ей, ҳалигача фарзандсизмисан?

Эгей

Боғлиқ эмиш бу ҳаммаси инсу жинсларга.

Медея

Машқинг сустми ё бўлмасам хотинсизмисан?

Эгей

Уйланганман, бўйинтуруқ тушган бўйнимга.

Медея

Хўш, нима дер парвардигор фарзанд ҳақида?

Эгей

Ҳайҳот! Унинг сўзларини англаб етмадим.

Медея

Мумкинмидир мен эшитсам унинг сўзларин?
Эгей

Бўлмасам-чи, фаросатинг керак бу ерда.

Медея

Ирод айла ул сўзларни уят бўлмаса.

Эгей

Деб эди у: “Чиқазмагил қопдан оёғинг”.

Медея

Йўқса нега бажармайсан? Ё бундай ердан
Жилгинг йўқми? Янглишмасам шундайми ўзи?

Эгей

Ҳали вери қайтиб бўлмас ота уйига.

Медея

Сен бу ёққа не мақсадда ташриф буюрдинг?

Эгей

Бизга керак Трезен мулкин хоқони Питфей.

Медея

У шоҳ демак, Пелопларнинг диндор ўғлими?

Эгей

Ҳа, коҳиннинг сўзин унга айтмоғим керак.
Медея

Ҳа, у оқил – шарҳлай олур коҳинлар сўзин.

Эгей

Боз устига у ўзимнинг яқин сафдошим.

Медея

Тангри сенга мадад берсин, бахтинг очилсин,
Барча эзгу ниятларинг амалга ошсин.

Эгей

Ҳа, дарвоқе, қани менга айт-чи, Медея,
Нечун чеҳранг мунча сўлғин, кўзинг қизарган?

Медея

Менинг эрим – одамларнинг энг тубанидир.

Эгей

Аниқроқ айт куйинишинг боисин менга

Медея

Ҳеч нимадан ҳеч нима йўқ ҳақорат этди.

Эгей

Не қилғилик қилди Ясон? Тўппа-тўғри айт.

Медея

У устимга хотин олди уялмай-нетмай.
Эгей

Йўғ-ей, наҳот шундай қилган, шармандалик-ку.

Медея

Худди шундай иш тутди у.

Эгей

Севиб қолдими,
Ё бўлмаса унга ёқмай қолдингми ўзинг?

Медея

Ҳирс иши бу, кўра-била хиёнат қилди.

Эгей

Ўтакетган номардлик бу, жин урсин уни.

Медея

Эгей, билсанг, осилди у хоқон қизига.

Эгей

Кимнинг қизи? Сир бўлмаса эшитсам девдим.

Медея

Коринф шоҳи Креонт бор-ку, ўшанинг қизи.

Эгей

Шўрлик, сенга қийин бўпти, мана гап қайда!
Медея

Эрсиз қолдим ҳам бу юртдан ҳайдамоқдалар.

Эгей

Бу кўргилик сенга ўзи қайдан ёпишди?

Медея

Ҳаммасига Коринф шоҳи сабаб бўлмоқда?

Эгей

Ясон бундан хабардорми? Қандай разиллик!

Медея

У бошқалар саҳнасида қўғирчоқ ҳозир,
Ҳар нарсани улар кўрган кўз билан кўриб,
Мулоҳаза юритмоқда улар ақли-ла.
Аммо, Эгей, ёлбораман тиз чўкиб сенга,
Тарк этилган қувғиндига шафқат қил озроқ.
Мен шўрликка ўз юртингдан бир бошпана бер,
Эвазига умри боқий Яздонлар сенга
Фарзанд ато айлагайлар, армонинг қолмас.
Агар билсанг фарзандсизлик иллатига ҳам
Даво топиш йўлларини яхши биламан.
Ота бўлиш шарафига ноил бўлурсан.
Ўлсанг ҳамки фарзандларинг кетингда қолур.

Эгей

Сенга ёрдам берай дейман, боқийлар ҳаққи,
Энг муҳими хотин бўлиб менга зурриёт
Ато эта оладиган ваъданг сурурли.
Бор вужудим банд айлади ана шу истак.
Шу истак-ла, тепар қалбим. Сенга бўлса мен
Хушнуд соҳиб бўлмоқликка жаҳду жаҳд қилгум;
Бирга олиб кетаман деб ваъда беролмам,
Бордию сен Афинага ўзинг боролсанг,
У ҳолда мен ҳаётингни таъмин этаман,
Хотиржам бўл, – пишт демайди мушугинг ҳеч ким.
Бу диёрни, хуллас калом, менсиз тарк айла,
Сени дея дўстлар бирлан, гапнинг чин-рости,
Ади-бади айтишмоқни эп деб билмайман.

Медея

Сен айтганча бўла қолсин, вале кафолат
Берганинг йўқ бизга ҳали, фикринг қатъийми?

Эгей

Ҳали менга оз бўлса-да инонмайсанми?

Медея

Инонаман. Аммо менинг душманларим кўп,
Бири – бунда, бири – унда, Фессалияда.
Агарда сен қасам ичсанг хотиржам бўлгум.
Илло, тушмам дўст-душманлар исканжасига.
Биласан-ку иш битмайди қуруқ гап билан,
Баъзан дўстлар қиламан деб юзхотирчилик
Жўш урурлар. Аммо фурсат ўтгани сари
Ҳисси ғолиб келиб қолар муҳокамадан.
Дейлик, мен ҳам шу тарзда йўл тутишим мумкин.
Лекин бошга иш тушганда кўринмас дўстлар:
Дўст – бевафо, чарх кажрафтор, шоҳлар – бизга ёв.

Эгей

Афтидан, сен келажакни олддан кўришга
Устайкансан. Аммо қалбинг шуни тиларкан.
Бу хусуда рад жавоби бўлмайди биздан.
Ҳа, эҳтимол, биз, онт ичиб қўйганмиз, дея
Ёвларингга айтармиз ҳам. Сенга – бу гаров…
Қани чақир яздонларни, не деб онт ичай?

Медея

Қасамёд эт ҳудудсиз Ер, Офтоб билан
Медеянинг бувасию Яздонлар билан…
Барча қодир маъбудларга қасамёд айла.

Эгей

Нима қилиш ёки нима қилмаслигимни
Айтмоғлигим керакмикин, бибиш, чамаси?

Медея

Ҳайдамайсан Медеяни минбаъд, агарда
Душманларим қатъий талаб қилган чоғда ҳам.
То ҳаётсан – озодлигим таъмин этурсан.

Эгей

Муқаддас Ер ва Офтобни ўртага кўйиб,
Худо ҳаққи, бажараман айтганларингни.

Медея

Жудаям соз, чиқмасанг-чи сўзинг устидан?

Эгей

Ҳаёт шомим баҳам кўрай осийлар билан.

Медея

Хўп, бўлмаса хайр, Эгей, қани бор, оқ йўл,
Диёрингга етиб боргум изма-из мен ҳам.
Фақат қилар ишларимни бажариб олай,
Кўравергум пешонага ёзилганин сўнг.

(Эгей чиқади)

Корифей

Илоҳият раҳнамоси, Майя фарзанди13,
Эгейни ўз масканига ёвуқ қиладир!
Ниманики тугган бўлсанг дилингга, султон,
Ҳаммаси ҳам тез фурсатда амалга ошсин.
Туғилажак фарзанд ҳақда шамани илғаб
Юрагингда ҳавас ўтин алангалатдинг…

Медея

О, сен Зевс, эй сен, Зевснинг ҳаққонияти!
Эй, сиз Қуёш шуълалари! Зафар биз ёқда!
Энди маним душманларим жазосини ер.
Дугоналар, нур устига аъло нур бўлди.
Энди қаён бормоқлигим тайин, исталган –
Бардаргоҳга эга бўлдик. Кемага тушсак –
Палладанинг гўзал шаҳри бизга тўш очар.
Энди менинг қароримга қулоқ бер жиддий.
Ҳазил эмас, ҳа, чиндан-да, менинг номимдан
Жориямиз чорлаб келсин Ясон – эримни.
У бу ерда яхшигина кутиб олинур.
Инонурки, ҳаммасига мен рози, ҳатто
Креонт ҳукми бизга ёқиб тушганин кўрар.
Сўров фақат фарзандларим устида бўлар.
Қолсин дейман улар Коринф салтанатида.
Душманларнинг орасида қолиш-чун эмас,
Шоҳ қизини маҳв этмакка асқотур улар.
Тўёнага юбораман улар орқали
Ажойиб бир сарупою гўзал тиллақош.
У кийганда жозибадор ҳадяларимни
Шул заҳоти ҳалок бўлар минг азоб билан.
Шундан кейин уни халос этмоқчи бўлиб
Ким қўл сунса, у ҳам кетар дорулбақога.
Заҳар билан ошлагайман совғаларимни.
Бу хусусда гапирмоқни энди бас қилай…
Оҳ чекканча энди буни юбортираман.
Улар сўнгра Медеяга қандай ёвузлик
Ишлатишса ишлатишсин… Мен фарзандларни
Бисмил қилиб ташлагайман. Уларни ҳеч ким
Биздан тортиб ололмагай. Ясон уйини
Таг-туги-ла хароб қилгум, кейин не бўлса
Пешонамдан кўражакман: “Худодан тонган”,
“Қувғинди” ё “болалар кушандаси”ми –
Менга қандай тамға бўлса қўяверишсин.
Ёвга кулгу бўлмасам бас. Ҳаётда энди
Нимани ҳам қизғанайин, хўш, нима қолди?
Ватанимми? Ота-она паноҳими ё?
Бадбахтлигим дафн этарга бир гўша борми?
Йўқ, мен учун ёруғ дунё қоронғу энди.
О, нимага алдовига лаққа учдим мен
Она юртим тарк айлабон?! Эллинликлар-ла
Нима учун кўна қолдим жўнаб кетмоққа?
Шошмай турсин, Яздонларнинг мадади бирлан
Ҳали қасос-ўч оламиз хиёнаткордан.
Медеядан кўрган икки фарзанд доғида
Қон-қон йиғлар. Суюк ёри – маликаси ҳам
Бошқасини туғиб бермас. Афсунларимга
Дучор бўлиб, хазон бўлар гули очилмай.
Шундай қилсам на ожизу ва аянч бўлиб
Эл оғзида мен афсона бўлиб қолмасман.
Атолмаслар бизни ҳеч вақт сабрли деб ҳам.
Табиатан ўзгачароқ менинг атворим:
Яхшига мен яхшиману, ёмонга ёмон.
Шундай бўлган бу оламнинг шонли зотлари.

Корифей

Фикру ўйинг қулфларини очдинг сен менга,
Мен ҳам сенга ёмонликни раво кўрмайман.
Лекин замин қуёшини – ҳақни унутмам,
Ва биргина тилагим шу: болалар қолсин.

Медея

Иложим йўқ. Ўлдиришим керак уларни
Дардларимни ўз бошидан кечирмагунча
Бирон хотин тушунолмас истагимни ҳам.

Корифей

Болаларни қатл этишга борурми қўлинг?

Медея

Бундан ортиқ алам борми Ясонга ахир?

Корифей

Қўй, бу ишни, бахтсизлигинг етиб ортмасми?

Медея

Чириб битсин… Сиз бировнинг гапин айтдингиз.
Шунақа денг…

(Бир жорияга)

Чақириб кел Ясонни бизга.
Тақдир талаб этса содиқ хизмат қилишни,
Бошқа кимни чақирайин? Эсингда бўлсин,
Бизнинг режа тўғрисида оғиз очмайсан.
Биламанки, менга меҳринг беҳад ва ўзинг
Заифасан. Бизни тўғри тушунгандирсан.

Жория чиқади.

УЧИНЧИ СТАСИМ

Хор

О, қадимдан хушбахт Эрехтидалар,14
Хушбахт маъбудларнинг фарзандлари!
Оёқ етмас тепаликлар аро
Сизни сақлар муқаддас экинзорлар.
Жўш урдирар ул ерда сизни шуҳрат,
Ҳавосида ҳоким фароғат,
Унда тўққиз соф Пиэрида15
Ҳармония бағридан чиққан.
Киприданинг ажиб нафаси-ла
Кефис16 мавжлари зарҳал.
Экинзорлар бўйлаб учар
Гуллар нафаси.
Сочларда мушки анбар.
Хазон бўлмас ул ерда гуллар.
Идрок соатлари олдида
Мангу шайдир олтин Эротлар…
II банд Ўша соф тўлқинлар ҳаққи,
Шаҳри азим, дўсту ёрон ҳаққи,
Менга айт-чи, болаларни
Ўлдирсанг, ижобатинг
Қабул бўлғайму?
Ўшал даҳшатни
Этиб кўргил тасаввур…
Болаларда жароҳат!..
Кўряпсанми,
Тиззаларингни
Илтижо бирлан
Оғушга олгум…
О, раҳм эт,
Ўлдирма, Медея,
Бўталоқларни
Айт-чи, қўл ва юрак
Қайдан олур ғаддорликни
Болаларни сўймоққа?
Кўзлардан қалтираб
Тўкилган нурлар
Болалар чекидаги ёшни
Куйдирмайдими?
Йўқ, ҳеч қачон
Илгингни қонга ботирмайсан.
Осийлик айлаб
Гуноҳга ботма:
Дуога қўл очган
Болаларни қақшатма.

ТЎРТИНЧИ МАНЗАРА

Ясон киради.

Ясон

Чақирибсан, мана келдим, авзойинг бузуқ
Бўлса ҳамки, тилагингни эшитай дебман,
Қани, қандай гапларинг бор, гапир бирма-бир.

Медея

Бунда бўлган машмашага аввало узр,
Тазарруим қабул айла, Ясон, муҳаббат –
Биласанми, орамизда узоқ яшади.
Қизиққонлик қилган бўлсам сен тўғри тушун.
Шоҳ маломат қилаётир деб ўйлабман мен,
Мен, бетавфиқ, нега энди шаддодлик қилдим?
Аслида бу бетгинамга урсалар агар
У бетимни тутиб берсам бўларкан, ахир
Эрим тахтга чиқмоқда-я? Бордию эрим
Шоҳ қизига уйланса ҳам, болаларимга
Орттирса ҳам ука-сингил, унинг бу иши –
Бизлар учун… Қизиққонлик ҳали шунгами?
Нима бўлди ўзи сенга, Медея бону?
Бу ҳаммаси ё яхшилик сари эмасми?
Ё бизларда бола йўқми? Борми юрт, шаҳар?
Ё ҳаммамиз биратўла қувғиндимизми
Дўсту ёрдан четда? Ана шуларни ўйлаб
Хомчўт қилиб, англадимки, ақлдан эмас
Қаҳру итоб қилганларим. Мен энди дилдан
Сени олқаб ғурурландим. Бурч ва камтарлик
Сени, Ясон, шу кўйларга солгани аниқ.
Сен қайтадан уйланмоқни ихтиёр этиб
Режа туздинг. Хаёлимга ўшанда менинг
Сенга лойиқ йўл-йўриқлар бериш келмабди,
Келинчакнинг хизматларин қилсам бўлар-ку!
Мағрурлансам олий насаб кундошим билан
Бўлади-ку? Биз ҳаммамиз хотинмиз асли –
Сизларга сал озор бердик, афу этгайсиз.
Илло, Ясон, ўхшамагин заифаларга,
Заифалар гўллигига болалик қилиб
Лаққа тушиб ўтирмагин. Буткул нотўғри
Сен ҳақингда мушоҳада юритганларим.
Энди менинг фикрларим ўзгарди. Эҳ-ҳе!

(Уйдан болаларни чақиради)

Қўзичоқлар! Отангизни маҳкам қучингиз
Ва орқамдан такрорлангки, олқиш, меҳр-ла,
Гина сақлаб ўтирмаймиз дадангизга ҳеч.
Тинч-омонлик ўрнатилди, кудурат унут,
Дадил бўлинг, болаларим, мана шунақа
Мана сизга менинг қўлим… Во ҳасратоким,
Тепангизда қора булут, болакайларим!..
Ортида на? Узоқмикин умрингиз ҳали,
Қўлларингиз излаётир ҳимоя мендан
Уларга кўз тикишларим мудавоммикин?
Шўрлик кўнгил мунча бўшсан, йиғлайсан, чоғи,
Борлиғингни титроқ қучган. Ҳа, болакайлар,
Дадангиз-ла бир озгина айтишиб қолдик.
Мана энди омон-омон ярашиб олдик,
Лекин кўздан дарё-дарё ёш қуюлмоқда!

Корифей

Мен ҳам энди тобу тоқат қила билмадим,
Тирқиради кўз ёшларим. Етар фалокат!

Ясон

Ўтган ишни хотирлашга лузум йўқ энди
Вале гапинг менга жуда ёқди. Медея,
Эркак киши бошқа билан ёстиқдош бўлса,
Қаҳри итоб қилмоқликка шайдир хотинлар.
Бу-ку бор гап. Шунинг учун сендаги жаҳл
Авжга миниб, яна сокин тортди оқибат.
Ғолиб чиқди Медеянинг камсуқумлиги.
Сизга эса, болаларим, исбот қилурман
Маъбудларнинг ёрдамида оталигимни…
Ташвишингиз – бош устимга. Бир кунмас бир кун
Коринфнинг энг олд кишиси бўлурсиз шаксиз!..
Бу албатта туғилажак укаларингиз
Ёрдамида зоҳир бўлгай. Унгача сизлар
Ўйнаб ўсинг, болакайлар, худо халлоқдир.
Худо берса, ёшликнинг нақ гуллаган пайти
Сиз бу ерга қайтарсиз ҳам, оиламизни –
Сизни жондан зиёд кўриб севгувчилар бор,
Дўст-душманга кўрсатурсиз тарбият бекор –
Кетмаганин. Яна кўз ёш, вой, сени қара.
Боқмаяпсан… Бекитяпсан биздан жилвангни…
Ёки сенга тағин ёқмай қолдимми, наҳот?

Медея

Шундай ўзим… Ўйлантириб қўйди болалар.
Ясон

Бахти қора, ўй ўйламак йиғлаш демакми?

Медея

Тўққиз ойлаб кўтаргандим… Мана, уларни
Нарироқда яшашларин хоҳлаганинг-чун
Алланечук бўлиб кетдим, шу ростми, Ясон?

Ясон

Айтганларим бажо бўлур, дадил бўл, хотин!

Медея

Сенинг чизган чизиғингдан чиқмайман нари,
Биз, хотинлар, бўшкўнгилмиз, йиғлоқмиз азал.
Хўп, майлига, бу хусусда бўлганча бўлди.
Ана энди, кўраяпсан… Шоҳларга осон
Мени бундан сургун этмоқ, ер уларники.
Биз учун ҳам бу натижа ҳар қалай дуруст…
Сенга ҳамда уларга-да халақит бермай –
Осмон йироқ, замин қаттиқ – таъқиб остида
Умр бўйи яшамоқлик ҳар нечук оғир.
Бугунданоқ ҳозирлайман сафар анжомин,
Лек ўтинчим шуки маним, Креонтдан сўра,
Лоақал у фарзандларга берсин кафолат,
Қабатингда бўлсин улар Коринф мулкида.

Ясон

Нимайкин бу? Албатта у рози бўлажак.

Медея

Келинга айт, гўдакларни унинг отаси
Ажратмасин, онасиз деб таҳқир этмасин.
Ясон

Ҳа, албатта, кўндирамиз шундай қилишга…

Медея

Биз сингари она бўлгай бир кун келин ҳам…
Ҳалитданоқ унга эҳсон муҳайё этдим,
Хотинингга болалардин бериб юборгум,
Мен биламан, жаҳонда йўқ бу каби нарса.
Тўхта… Ҳозир, жориялар, биттангиз ҳарир
Сарпо билан тиллақошни олиб келингиз.
Ҳа, бир эмас, келинчакнинг пешонасига
Битган экан сон-саноқсиз бойлик ва дунё.
Ётоғида – сендай катта амалдор бир эр
Бузрукворнинг бузруквори Қуёш бободан
Авлодларга мерос қолган либос – эгнида…
Бу жиғани олинг қўлга, эй сиз болалар,
Муҳаббатли келинчакка, маликамизга
Элтажаксиз. Қандай ҳавас қилгулик инъом!

Ясон

Ҳей, исрофгар! Нечун ғариб этасан ўзни?
Ёки камми тақинчоқлар шоҳ ғазнасида?
Керак бўлар, асраб қўйгин қора кунларга,
Шундоғам биз сенинг учун қимматга тушдик,
Тағин совға қилишларинг ортиқча ахир.

Медея

Ундай дема, эритармиш маъбудларни ҳам
Совға-салом, иноятлар – эшитганим бор.
Қандоқ латиф сўзлар керак шу тиллақошни,
Шу ёмбини маъқуллаш-чун хушбахт келинга…
Унга лойиқ бу либосим… Ёш бўлса ҳамки,
Ҳукмрон у… Болаларим шунда қоларкан,
Олтин нима? Ҳаётимни дариғ тутмасдим…
(Болаларга)

Болаларим, хайр энди кошона сари,
Борингиз-да, дадангизнинг бой хотинига,
Яъни менинг навниҳолим қироличага
Обдонгина хуш боқинг-да, илтижо қилинг,
Жами совға-саломимни юзхотир айлаб,
Олиб қолсин сизларни ҳам отангиз билан…
Энг муҳими, диққат қилинг бу кийим-бошни
Ўзи олсин, қани бўлинг, жадалланг тезроқ.
Жавобини зор-интизор кутажакман мен.
Хайрли бўлур шак-шубҳасиз, худо ёр бўлсин.

Эшик оғаси етагида болалар чиқади.

ТЎРТИНЧИ СТАСИМ

Хор

Ҳой, болалар! Тун сизга ялдо букун.
Қонли оёқ ташлаш ила қўрқинчли ўч
Ўз ишига якун ясар:
Қўлларда сиртмоқ ярқ этиб кетди.
Лаҳзада Аид17 қизни чулғар;
Жилваланиб қолар соч тугуни ҳам…
Аммо хилъатнинг илоҳий жодулари,
Олтин жиға гулчамбари,
Келинчакни ардоқламас бекорга:
Унга Аид ётоғи илҳақ,
Жаҳаннамнинг оташ азоби.
Ўз тўри-ла банд айлагай,
Ўт ичида ёнар у ҳали…
О, сен бадбахт куёв, шоҳ ардоқлиси.
Наҳот кўрмайсан?!
Пичоқ бориб етмоқда болалар сари.
Ўзинг машъал тутиб турмадингми
Келинчак хилъатига?
О, сен қандай йироқсан қалбан,
Эй, тақдири ҳал бўлган эркак!
Сен билан бирга йиғлайман, Медея,
Эй, болалар қотили.
Эй, бағритош Ясонзода онаизори!
Улар гўшангага киргани учун
Болалардан хун олмоқчисан,
Наки эринг имонсизларча
Берган бошқага кўнгил.

БЕШИНЧИ МАНЗАРА

Эшик оғаси болалар билан қайтади.

Эшик оғаси

Эй, бекачим! Болаларни ҳайдамадилар.
Қиролича армуғонни олди улардан
Бажонидил, кулимсираб, силаб, эркалаб,
Бундан бағи омонликдир жужуқлар ила.
Илло, ажаб! Хафамисиз, наҳот шу иқбол
Озор берса Медеяга.

Медея

Ҳай-ҳай-ҳай-ҳай-ҳай.

Эшик оғаси

Бу хабарга лойиқ эмас бунақа калом.

Медея

Ҳай-ҳай, ҳай-ҳай…

Эшик оғаси

Қора хабар келтирдимми ё,
Мен хушхабар келтирдим деб ўйлаган эдим.
Медея

Сенда айб йўқ, гапиряпсан, нимани билсанг…

Эшик оғаси

Лекин ўзинг ерга боқиб ёш тўкяпсан-ку?

Медея

Ҳа, қария, пешонага ёзилгани шу,
Бунга розиқ, қолаверса, ўзим сабабчи…

Эшик оғаси

Бону, хафа бўлма, шояд сени ҳам бунга
Қайтаришса, орқа қилиб болаларингни.

Медея

Авваламбор бошқаларни қайтараман мен.

Эшик оғаси

Болалардан айру тушган биргина сенми?
Банда учун бундан оғир қайғу-ҳасрат йўқ.

Медея

Ҳа, шундайдир… Сен, яхшиси, уйга киргин-да,
Болаларга муҳайё қил не керак бўлса.

Эшик оғаси чиқади.

Эй, болалар, болалар-а! Энди сизларда
Шаҳар ҳам бор, уй-жой ҳам бор, – фақат то абад…
Манглайи шўр онангизсиз яшарсиз бунда…
Мен жўнайман ўзга юртга қувғинди бўлиб,
Тўйингизни кўриш менга насиб этмагай,
Молу дунё йиғолмайман сизни деб энди,
Келинларнинг илк саломин қутлай олмайман
Ва ҳаттоки машъала ҳам тутиб туролмам18.
О, мунчалар дунё ғаддор, фалак кажрафтор.
О, қандоғам пешонанг шўр, қайсар Медея!
Нега сизни тўққиз ойлаб парвариш қилдим?
Нега сизни оппоқ ювиб, оппоқ тарадим?
Кунни куну тунни тун ҳам демай мен сизга
Мижжа қоқмай ато этдим қуёш жилвасин?
Қариганда кўзимга нур, белимга дармон
Бўлурсиз, деб сизга умид боғлаган эдим,
Кўмарсиз, деб ўйлагандим ўлигимни ҳам.
Барбод бўлди ўша ширин-ширин орзулар.
Куним ўтар энди сизга бегона бўлиб.
Ўз қорнимда сизни шунча парвариш қилиб,
Энди ўзга юртда яшаб мусофирликда
Сизни кўриш қувончини туймасман ҳеч вақт.
Нега менга термиласиз, шўх-шўх куласиз,
Ёинки бу сизнинг сўнгги кулишингизми?
Вой-вой… вой-вой… Нималарни ўйлаб қолдим мен?
Улардаги жилмайишни кўриб, азизлар,
Шув этди-ку юраккинам – муз қотган қалбим!
Йўқ, мен журъат қилолмайман, маҳв бўл батамом,
Ваҳимали қароримнинг машъум ғазаби!
Ўзим балан олиб кетгум болаларимни…
Нима қилдим дард устига чипқон орттириб?
Ясон берган дард ҳам етар, о, шўрим қурсин…
Йўқ, ҳеч қачон… У режалар энди унутдир…
Унут… Ҳа-ҳа… Аммо лекин душманлар не дер?
Қаҳ-қаҳ уриб кулишади мазах қилганча.
Қатл этмоқ-чи? Ёки менда йўқми қатъият!
Шармандалик, ё раббано, қандай тубанлик!
Заифгина юракларнинг сўзидан қўрқиш…
Сиз, болалар уйга киринг, бу қурбонликда
Қатнашмоққа балки сира йўл бермас виждон,
У ҳам бизни тарк этиши мумкин эҳтимол.
Ҳалитданоқ қўлларимга титратма кирди…
Эй, сен, кўнгил, бу ишга ҳам йўл қўясанми?
Йўқ, йўқ, зинҳор болаларни қолдир омонда,
Улар сенга ҳузур берур – қувғиндиликда.
Йўқ, онт ичгум бор қудратли яздонлар ила,
Онт ичгайман Аид билан, душманлар ортиқ –
Кўрмагайлар тарк этилган, мазах қилинган
Медеянинг ҳар иккала фарзандини ҳам!
Режа аниқ, ҳаммаси ҳал, қайтиш йўқ энди,
Қиролича бошидаги тиллақош билан
Либосларга мен томондан қўшилди заҳар.
Биламанки, у муқаррар тил тортмай ўлар…
Менга эса кенг очилди янги уфқлар…
Янги… Шундай… Лекин олдин видо вожибдир…
Қўзиларим, бери келинг, қани бир нафас
Қўлчангизни лабларимга босмоқ истайман.
Қўлларингиз момиққина, сочларингиз ҳам.
Дудоғингиз ғунча мисол, чеҳрангиз эса
Сиймосидан ёғду ёғган шоҳларникидек.
Сиз бу ерда саодатнинг бетин кўрмайсиз!
Бахту иқбол ўғирланган ота томондан…
О, қанду бол оғуш, нафис ёноқлар, ҳайҳот,
Кўнгилларни шод этувчи нафасларингиз…
Қани жўнанг, тезроқ боринг. Қараб турмоққа
Қувватим йўқ. Ҳасрат билан адо бўлганман…
Нимага қўл кўтаришим ўзимга аён;
Ёлғиз ғазаб мендан устун, мендан кучлироқ.
Фонийларнинг уруғ ёхуд аймоғи учун
Бундан ортиқ вахшийлик йўқ: бадкирдорлик йўқ…

(уйга киради)

Корифей

Фаннинг инжа шахобчасин
Хуш кўраман мен,
Ақл билан иш кўришни
Устун қўяман
Хотинларга башар урфин
Раво кўргандан…
Санъат ила адабиёт
Илоҳаси бор:
Иборат ул теран ақл
Донишмандликдан
Ул, эҳтимол, хотинларга
Сурур бахш этмас.
Хуш ёқар ул аммо-лекин мингдан бирига.
Зотан ёпиқ эмас ахир заифаларга
Илму ирфон дарвозаси кўпдан, шул ҳақда
Ўйлаб кўрсам, зоҳидларга бахт кулиб боққан,
Улар кечган мол-дунёдан, хотин-халаждан,
Шу важдан-да уларда йўқ рўзғор ташвиши.
Боз устига алар мутлоқ хабарсиз эрур.
Фарзанд шаҳду шакармидир ёки бўлмаса
Бори меҳнат-машаққатдан иборатмикин?
Бехабарлик – ташвишлардан асрар уларни.
Зотан, фарзанд ширин бўлиб туюлганларга
“Болали уй – бозор” нақли айнан мос келур.
Бир товуққа ҳам сув, ҳам дон деганларидек
Болаларни еб-ичириш – таъминлаш керак.
Униб-ўсгач, бўлишарми муносиб одам,
Ё шум бўлиб, беришурми дилларга озор,
Буни олддан била олмас ҳеч қайси ота
Умр бўйи. Аммо-лекин фарзанд доғида
Қолмоқликдан ёмони йўқ. Отаси майли,
Киссасига даста-даста пул солиб қўйсин,
Ғам кўрмайин катта бўлсин фарзандлар, майли,
Ўғлим бор деб мақтанишсин оталари ҳам,
Аммо ажал уни уйдан гарддек учириб
Нақ жаҳаннам қаъри – Аид сари жо этса,
Қандай қилиб бу ярага малҳам қўйилур?
Кўкармасдан хазон бўлса қошингда боланг,
Жаҳон ичра бундан ортиқ мусибат борми?

ОЛТИНЧИ МАНЗАРА

Медея киради.

Медея

Дугоналар, тақдир тезроқ айта қолсайди
Ўз ҳукмини, кута-кута тугади сабрим.
Битта хабар кутмоқдаман… Мана, ниҳоят,
Келаётир бири Ясон ҳамроҳларидан;
Нохуш хабар келтирдиёв – ҳарсиллаяпти.

Чопар киради.

Чопар

Қоч, қоч, жўна, бўла қол, қоч, Медея бону,
Қайиқ ёки аравага бепарво боқма,
Дарё билан иш битмаса, битиш ер билан.

Медея

Қизиқсан-а, нега энди қочишим керак?

Чопар

Қиролича қазо қилди, кўп ҳам ўтмасдан
Заҳар доринг гумдон қилди падарини ҳам.

Медея

Қандоқ яхши хушхабар бу… Дўстлари аро
Хушнуд дея Медеяни ҳисобла энди.

Чопар

Не деяпсан? Жойидами эс-хушинг ўзи?
Шоҳлар насли нобуд бўлди. Сен эса мамнун;
Юрагингда на қўрқув бор, на-да ваҳима.
Медея

Буни сендан сир тутмайман, аммо тўхтаб тур,
Ҳовлиқмагил, биродарим, энди бир бошдан
Сўйла улар ўлимин бор тафсилоти-ла.
Даҳшат қанча бисёр бўлса, дилга шунча хуш.

Чопар

Икки томчи сув сингари келишган-монанд
Фарзандларинг, эҳ, Медея, отаси бирлан
Қиролича ётоғига кирган заҳоти
Барча диллар енгил тортди, содиқ қулларинг
Биз сен учун қайғу едик. Дедиларки сўнг,
Орангизда бўлиб ўтган жанжал битганмиш,
Ким жужуқлар қўлчасини ўпарди майин,
Ким тилларанг сочларидан бўса оларди.
Болаларга завқим келиб, қувонганимдан
Аёлларнинг бўлмасига кириб қобман, денг.
Бекачамиз, аслида сен бекач бўлсанг-да,
На чораки, бекачамиз деймиз келинни.
Шундай қилиб, келинпошша нигоҳи ҳали
Болаларга тушмаганди, куёв – Ясонга
У жилмайиб боқар эди. Бироқ назари
Тушгач, шаҳло кўзларини чирт юмиб олди.
Болаларнинг ташрифи хуш келмади унга,
Куёв бўлса: ҳай-ҳай, ундоқ қарама, ёрим,
Менинг пуштикамаримга кулиб боқ, дерди,
Бундан бағи улар сенга бегона эмас,
Норасида гўдакларга онасан, хушми?
Ҳадяларин қабул айла, сўнг айт: уларни
Бузрукворинг озод этсин қувғиндиликдан,
Тилагим шу, деб гапирди. Бекач бўлса-чи,
Болаларнинг қўлидаги либосни кўриб,
Сўзсиз рози бўла қолди куёв гапига.
Жужуқларни зўрға олиб жўнади Ясон.
Бекач эҳсон этилганин эгнига мослаб,
Соч тўлқинин танғиди-да, тиллақош билан
Чиройига оро берди кўзгу олдида.
Ўз аксининг гўзаллигин кўриб малика,
Соясига жилмаярди – ўзида йўқ шод.
Ўриндиқдан туриб сўнгра бўлмаси бўйлаб
Хиром қилди, кўринарди оппоқ оёғи.
Бир-бир босиб нозу ҳамда истиғно ила
Либосидан бениҳоя завқланар эди.
Ўз ҳуснига шайдо бўлиб оёқ учида
Юрар эди. Лекин бирдан бу тинч томоша
Ваҳимали манзарага айланди-қўйди.
Рангидан ранг силинди-да, зир қақшаб кетди.
Тиззалари дағ-дағ титраб қолди мажолсиз,
Ҳатто курси яқинига йўлай олмади…
Шунда қари чўри, Пан ё бошқа бир маъбуд
Қаҳри хусусидаги нақлни хотирлаб,
Фарёд чекди… Лекин… даҳшат… ғужанак бўлиб
Маликамиз лабларидан кўпик сочилди,
Кўзларидан қорачиқлар йўқолди, юзи
Бўздай бўлиб оқарди-ю, сўнгра бир кампир
Обидийда қилмоқни ҳам унутиб бирдан
Уввос солди. Зум ўтмасдан жорияларнинг
Бири шоҳга – падарига, бошқаси эрга
Шум фалокат хусусидан пайғом бергали
Зир югуриб кетишганда кўшку саройни
Босди қий-чув, тапир-тупур қадам товуши.
Маликамиз ҳушдан кетди, икки дақиқа
Вақт ўтгандан кейин мазкур кўр ҳамда соқов
Ҳайкал каби ранги ўчган келин жонланди:
Инграб қўйди, аммо жони оғриқда эди.
Бир вақтнинг ўзида у икки ўт ичра –
Икки азоб қийноғида қолди бояқиш:
Олтин гултож сочларида ловуллаб ёнар,
Алангаю оташ бўлиб қамрарди уни,
Болаларинг инъом этган сарупо эса
Бениҳоя азобларди келинпошшани…
Кўрдим: бирдан силкинганча ўрнидан турди –
Бағоятда мудҳиш аҳвол! Ўт ичра тамом,
У ўзининг ҳаракати билан гултожни
Сочдан олиб ташламоққа уриниб кўрди.
Аммо гултож ўхшар эди илдиз олганга;
Алангаси авж оларди уринган сари,
Бешбаттар у ўсар эди жилоланганча.
Ва ниҳоят мағлуб бўлди – шилқ этиб тушди…
Уни кўрса тунимасди ота ҳам куёв:
Кўз косаси тугул хушрўй қиёфасини
Фарқлай олиш мушкул эди, фақат қирмиз қон
Сочларидан сирғаларди ва қайнар эди
Қоришганча оташнафас аланга бирлан.
Кўз илғамас заҳар билан тўйинсираган
Эти бўлса сўнгагидан айрилганича
Кумуш танли терисини ёриб чиқарди –
Арчадан ёш чиққан каби пўстлоқни ёриб.
Буни кўриб дилимизга ваҳима тушди,
Ботинмадик марҳумага яқин келмоққа
Бизлар тақдир дағдағасин кузатганча жим.
Аҳволотдан ғофил қолган отаси бир пайт
Кириб келди, қарасаки мурда ётибди.
Бирдан оҳу фиғон айлаб, ёқасин йиртиб
Ўлиб ётган марҳумага ўзини отди.
Фарзандини қучиб, ўпиб нола қиларди:
“О, қизгинам, шўрликкинам! Қайси бир маъбуд
Тилаганди сенинг учун шарманда ўлим?
Нега етим қолдирди у отанг гўрини
Қўлларидан олиб унинг гули хандонин?
Сенга қўшиб ўлдирсалар нетарди мени?”
Шу сўзларни айтиб бўлиб турмоқчи эди,
Туролмади. Тани худди дафна дарахтин
Чирмагувчи девпечакдан қолишмас эди, –
Олишув ҳам қизиб кетди ваҳмнок:
Шоҳ тиззасин ростлай дея қўзғалган сайин
Мурда уни тортар эди оҳанрабодек.
Зўр беришлар фақат чолнинг гўшт парчасини
Кўчирарди, уринишлар заифлашарди.
Шоҳ бўшашди, азобларга чидолмай оғриқ
Жон ҳам берди… Ўша ерда шоҳ ила қизи
Биргаликда нўш этдилар ўлим шарбатин.
Сен тўғрингда не ҳам дердим? Ўзинг биласан
Жасоратнинг даҳшатини-ваҳимасини…
Ҳа, умримиз кўланкадан иборат экан,
Ана шундай хулосага келмадим илк бор,
Яна шуни таъкидлашдан қўрқмайман асло,
Ким ўзини доно санаб, ҳаёт мангу деб
Эртасини ўйламаса, онгсизлик қилур.
Эътимод йўқ бу дунёда, бор бевафолик –
Унга мансуб. Бойлик эса қўлнинг киридир.
Ювсанг кетар, шунинг учун омад – омонат…

(Чиқади)

Корифей

Дарҳақиқат, қабиҳликка яраша бари!
Тангри бугун жазолади Ясонни атай…
Сенга эса, Креонтнинг бечора қизи,
Ачинамиз, чунки сенга Ясон никоҳи
Фақатгина очиб берар дўзах қопқасин.

Медея

Шундай қилиб, дугоналар, қарорга келдим…
Фарзандларни гумдон қилиб, кетаман ҳозир,
Агар ўзим ўлдирмасам, ёвлар ўлдирар,
Аммо ўша бир хил якун: бари бир ажал;
Қисматлари шу экан-да… Бу қонли ишнинг
Уддасидан чиқса тузук онанинг ўзи.
Эй, сен кўнгил, қуроллангин! Имиллаш нечун?
Қўрқувлардан тушма сира саросимага.
Андишанинг оти қўрқоқ. Йўқ, мен қўрқмайман.
Бармоқларим мардонавор тутгай пичоқни.
Мана ўша тўсиқ, ҳозир шундан, Медея
Маъюсгина югуришни бошлайсан, эвоҳ.
Хотирангга эрк бермагин қийнаб ўзингни.
Сен бугунча улар учун она эмассан,
Аммо тонг-ла қон йиғлайсан юрагинг тўлиб.
Сен уларни ўлдирасан ҳамда севасан.
Оҳ, қандоғам, заифалар, шўрпешонаман!

(Дарҳол жўнайди)

БЕШИНЧИ СТАСИМ

Хор

Ио! Замин! Ва сен, Қуёшдан
Келаётган ёруғ нур, қаранг!
Боқсангиз-чи нияти шумга
Қўли билан болаларининг
Қонин тўкмасин…
Эй, сен Қуёш, эрк берма,
Наки маъбуд қони ер сари
Ўлим салтанати остида
Тирқирамасин;
Эй, сен Зевс зуҳури, нури,
Қув, бу кўшкдан Эринияни19.
У, онанинг қалбига қасос –
Кекин солиб,
Фарзандларин ўлдиртирмоқчи!
Бекорга сен гўдакларни деб
Азоб чекдинг, бекорга туғдинг.
Бадбахт она – Медея, қалбинг
Ғазаб харсангидай эзилиб,
Баджаҳл қоровулларга ўхшаган
Мовий қояларни босиб ўтиб
Нега яна қотиллик сари
Судралиб келдинг,
Каммиди аввалгиси?
Ё телба! Қон билан булғанган
Фонийларнинг ҳоли вой ахир.
Дод кўтарар қон маъбудларга
Ва маъбудлар берарлар жазо…

Хор

Тингла, жиноятчи! Бола овози…
Аёлнинг ташлаган чекини кўринг.
О, нақадар ёвуз, нақадар машъум!..

Бир боланинг овози

Вой-вой… Қандай қутуламан онамдан?

Бошқаси

Билмадим, укажон, ҳалок бўляпмиз…

Хор

Ёрдамга чопайлик, опа-сингиллар,
Мен уйга кетяпман.

Болалар овози

Тезроқ келинг, худо ҳаққи ўлдиришади.
Бизни ўраб сиқар ҳозир темир тузоқлар.

Хор

Тошданмисан ёки темирдан,
Ўзингдан бино бўлганларни
Ўзинг маҳв этасанми, хотин?
Бир хотира чиқмас эсимдан:
Фарзандларин севган бир она
Ўлдирганди уларни ўзи…
Рашк айлабон Ҳера20 гўзал Инони21
Жинни-санғи юрмоқликка ҳукм этганди.
Денгиз долғалари қон изларини
Эндигина ювиб кетганди.
Ино тик қоядан денгизга сакраб
Икки фарзанд қабри ёнига ётди.
Даҳшат, турган-битгани даҳшат!
Аёлларнинг азоб тўшагида
Ёвузлик уруғлари нақадар кўп.

ЭКСОД

Ясон киради.

Ясон

Эй, хотинлар, турибсизми бу ерда кўпдан?
Нияти шум қани ўзи! Ўз кўшкидами?
Беркиндими? Бирор ёққа қочдими ёки?
Медеянинг жаҳаннамдан бўлак жойи йўқ.
Қутқаролмас уни на кўк, на қуш қаноти.
Жавоб бергай золимларга, шоҳ насли учун
Ёйинки у ер султонин ўлдириш билан
Бир умрга ҳис қилурми ўзини хавфсиз,
Нечук бундан қочиб қолди? Бироқ у ҳақда
Зарра бўлсин қайғурмайман. Қатл этилур
Вақти келиб. Болаларга ичим ачийди!
Ҳа, уларни бир амаллаб халос этсам бас.
Онасининг гуноҳи деб Креонтзодалар
Болалардан ўч олмаса дея қўрқаман.

Корифей

Эй, сен, Ясон, фалокатни билмайсан ҳали,
Унинг ранги, мазасини билсанг, дод солиб
Бузар эдинг бу дунёнинг тоқи, устунин.

Ясон

Фалокатми? Энди навбат менга келдими?
Корифей

Ўз онаси қатл этди фарзандларингни.

Ясон

Нима-нима? О, азозил, о, қабиҳ ажал!

Корифей

Қатл этилди, ер юзида улар йўқ энди.

Ясон

Қаерда у қатл этди, уйдами, қайда?

Корифей

Дарбозани оч-чи, кейин – ўзинг кўрасан.

Ясон

Эй! Сиз! Бузинг эшикларни, чилпарчин қилинг!
Кўрмоқчиман норасида икки бадбахтни
Ва мангуга лаънатимга қолган лаинни.

Аждаҳога қўшилган икки ғилдиракли ароба зоҳир бўлади.
Унда Медея болалари жасади билан.

Медея

Қатл этилган болалару қатл айбдорин
Топмоқ учун, ҳожати йўқ, эшикни бузманг,
Кучингизни сарф этмангиз мен керак бўлсам –
Ўтаверинг мақсад сари – хўш, нима даркор.
Қўлингизга тушмагайман, овора бўлманг,
Бу ароба ёв дастига қарши қўрғонки,
Буни менга бузрукворим Ҳелий юборди.
Ясон

О, сен мараз! Яздонлару инсонларга ҳам
Медеядек жирканч кимса йўқдур дунёда.
Ўз қонингдан бино бўлган жужуқларингнинг
Нафасларин пичоқ бирлан қирқдинг бир умр.
Сен бефарзанд ўтсин дединг мени оламдан.
Айт-чи, қандай ботинасан қуёшга, ерга
Қарамоққа. Бақрайтирма кўзингни, зиндиқ,
Андишасиз, эй, имонсиз, худо бехабар!
Чириб даф бўл! Мана энди кўзим очилди,
Элладага кўр бўлиб мен сени обкепман
Ўз қўйнимда асрагани илон, чаённи.
Сен-ку мараз, сотган эдинг ўз падарингни, –
Ватаннингни, киндик қонинг тўкилган ерни!
Иблис эдинг, сен орқали руҳи яздонлар
Мени йўлдан оздирдилар. Бизнинг кемада
Тушмоқ учун сен инингни меҳроб олдида
Бисмил қилдинг, сўйдинг, мараз, илк жиноятинг
Ўша эди… Хотин бўлдинг сен менга ахир
Бола туғдинг, ҳар иккисин кундошингга сен
Ўчакишиб қатл этдинг. Эллада ичра
Топилмайди сен сингари шарманда хотин.
Боз устига сени барча хотинлардан-да
Аъло кўриб ардоқловдим. Мана, оқибат…
Сен урғочи арслондирсан, хотин эмассан.
Скилла22 ҳам, қалби бўлса, сендан сахийроқ
Вале сенга муносибми гина-кудурат,
Қабиҳлигинг қаршисида кудурат бир пул.
Лак-лак гина йўқотади ўз қийматини,
Болаларнинг шум қотили, йўқол кўзимдан!
Қолдир мени ўз ҳолимга, дод-фарёд этай.
На хотиндан роҳат кўрдим, на болалардан,
Қучолмайман, оҳ, тарбият қилганларимни!
Улар ўлик. Барбод бўлди буткул ҳаммаси.
Медея

Сўзларингга ярашасин қайтарардиму
Кронзода Зевс отам барига шоҳид:
Нечоғлик дард чекканману ва қандай қилмиш
Қилганимдан ўзи огоҳ. Сен эса, Ясон,
Доғ туширдинг ул муқаддас тўшагимизга.
Яшамоқчи бўлдинг завқу сафолар бирла
Медеяни кулги қилиб, шарманда қилиб.
Ва на сенинг қироличанг ва на-да мени
Ҳайдамоққа амр этган бузруквори ҳам,
Кўряпсанки, мендан зарра кулолмадилар.
Энди мени хоҳ урғочи арслон дегин-у,
Хоҳ Тиррена Скилласи деб ата – бирдай.
Мен қалбингни яраладим, биламан, оғир…

Ясон

Ўз қалбинг ҳам, демак, икки қалб яраланди.

Медея

Менга осон, қанчалик сен аламга ботсанг.

Ясон

О болалар, жодугардан бино бўлгансиз!

Медея

Адо қилди сизни фақат падари жунун!

Ясон

Ўлдирмадим мен уларни ўз қўлим билан.
Медея

Аммо гуноҳ ҳалок этди бегуноҳларни.

Ясон

Болаларни маҳв этмоқлик кундошлик қилиб…

Медея

Сенингча, бу аёл учун камлик қилурми?

Ясон

Хотинмассан, сен илонсан, илондан баттар…

Медея

Болалар йўқ, мана энди азоб чекасан.

Ясон

Руҳлари бор, онага ҳам хавф солмоқдалар…

Медея

Бахтсизликлар айбдорини яздонлар билар…

Ясон

Билар улар манфур қилмиш – жодуларингни.

Медея

Нафратлангин, майли. Фақат сўзлама ортиқ…

Ясон

Хоҳламасанг қулоқ берма. Ажрашув қачон?
Медея

Шу истак-ла кўпдан тепар юрагим менинг…

Ясон

Болаларни менга бергин, мен йиғлаб кўмай…

Медея

Йўқ, уринма, кўмажакман ўз қўлим билан.
Гўдакларни олиб боргум муқаддас маскан –
Ўрмонзорга, яъни Ҳера Узлатгоҳига,
Ўшал ерда таҳқирланмас уларнинг қабри.
Ҳам уларга ҳеч ким отмас маломат тошин.
Биз Сизифда ўтказамиз ҳайит байрамин,
Юважакмиз болаларнинг маъсума қонин.
Сўнг кетурман Эрехтея мамлакатига…
Пандионнинг ўғли Эгей олдига бориб
Бошпанасин унинг бирла баҳам кўрарман23.
Сен-чи, ёвуз, ҳаётингни, ифлос умрингни
Мана шундай ўлим бирлан ясатиб қўйки,
Бундан бошқа бирон чора қолмади сенга.
Никоҳингнинг таъмин эса татидинг, Ясон…

Ясон

О, болалар умри учун,
Сени қатл этсин
Қўллари қон Эриния ҳамда Ҳақиқат!

Медея

Яздонлардан ким ҳам сенинг додингга етар,
Эй, қасамхўр, лафзи ёлғон, ким ҳам тинглагай?

Ясон

Ҳайҳот! Ҳайҳот! Болаларни ютган ялмоғиз!
Медея

Саройга қайт. Келинчакка сипориш кўрсат,
Ҳам бир йўла аза очиб жасадини кўм.

Ясон

Бир қуш эдим, қанотимдин қайирдилар, во,
Бир жуфт гулим, фарзандимдан айирдилар, во!

Медея

Шошмагин, бу патир эрур хамир учидан –
Қариганда болага зор бўлиб йиғларсан.

Ясон

Жондан ортиқ, суюклигим, болажонларим!

Медея

Она каби севолмассан болани ҳеч вақт.

Ясон

Онамисан? Қотилсан-ку!

Медея

Ҳа, сен учун дард…

Ясон

О, Мен қандоқ кўникаман
Фарзанд доғига.
Кошки бирров силай олсам манглайларини.

Медея

Сен уларни таркин этдинг, силтаб ташладинг…
Энди силаб-сийпамоққа ҳаққинг йўқ сенинг…
Ясон

Худо ҳаққи, бергил менга улар мурдасин,
Бир қучоқлай…
Битта силай пешонасидан.

Медея

Сен беҳуда ёлборяпсан.

Ароба Медея билан кўздан йўқолади.

Ясон

Зевс, о сен, эшитяпсанми,
Бу урғочи арслон,
Бу палид қотил
Не қиляпти бизга,
Кўряпсанми ҳеч?
Қанчалар ёлбордим.
Кўз ёш етганча
Йиғладим-сиқтадим,
Шоҳид бўл бизга.
Болаларни маҳв этиб
Бизни солди фироққа.
Ҳатто бир қучишга
Имкон бермади.
Йўл бермади дафн этмоққа…
Болалар, сизни мен
Қотил қўлида
Ўлик қолдирмоққа
Яратганмидим?

Хор

(Ясондан кейин саҳнани тарк эта туриб)

Кўп нарсалар ҳозирлар Зевс Олимпда бизга,
Орзу-умид йўлларини тўсар яздонлар;
Сен тўғри деб ўйлаганинг рост чиқмас ҳеч вақт,
Кутилмаган ҳодисотни йўллар яздонлар.
Бизлар шуни ҳақиқатда бошдан ўтказдик.

ИЗОҲЛАР

1. Икки ложувард қоя – олтин юнгли терини – қоракўлни қўлга киритиш учун Арго кемаси Симплегаддан – денгиз қоялари орасидан ўтиши керак эди.
2. Пирена – Коринфдаги чашма.
3. Эр – мустабидлар ётоғида… – бу ерда гап Ясон ҳақида; яъни у ҳукмдорлар наслидан бўлмаса-да, шоҳ қизига уйланиб, тахтга чиқмоқчи бўлади.
4. Кронзода – Крон ўғли – Зевс; Фемида – ҳақиқат рамзи; Зевс ва Фемида қасамёд ҳомийси ҳисобланади.
5. “Нархи арзон эмаслармиз эркаклар учун” – Афинада никоҳ ота-оналар хоҳиши билан амалга ошган, улар ёшларнинг соф туйғуларини ҳисобга олмаганлар. Ана шу таомилга кўра қалин ҳақи эвазига қизлар ўз эрларига гўштхўр бўлганлар.
6. Сизифларнинг аждоди – коринфликлар; юнонларда Сизиф – Коринфда шоҳликка асос солган илк ҳукмдордир.
7. Ҳелийларнинг қони – Медея – офтоб маъбуди Ҳелиоснинг неварасидир.
8. Мусагет – Апполон, санъат пешвоси.
9. Менада – сўзма-сўз: “жунун”, бу ерда гап Медея аҳволи; Ясонга қаттиқ меҳр қўйиш хусусида боради.
10. Йўқ, умрбод сен мен билан қолишдан чўчиб… – Медея Ясон шаҳрига келгинди ҳисоблангани учун Афина расми русумига кўра у фуқароликка қабул қилинмаган, лекин ундан бино бўлган фарзандлар фуқароликка ўтган.
11. Қўноқ белгисин – жадвал тахтача; икки бўлак бўлиб, бири қадрдон танишларда бўлади. Иккинчи бўлакни бошқа одам орқали юбориш эса икки ёрти бир бутунликни касб этади, яъни: қабул эт меҳмонни, бу – ўз одамимиз, деган маънони билдиради.
12. Пандион – афсонавий Афина шоҳи, Эгейнинг отаси.
13. Майя фарзанди – Ҳермес, йўлчилар ҳомийси.
14. Эрехтидалар – афиналиклар; улар бизнинг биринчи шоҳимиз Эрехтей дер эдилар.
15. Тўққиз соф Пиэрида – санъат пешволари, афсонага кўра, улар Пиэрия вилоятида Зевс билан Мнемосинадан туғилганлар. Еврипид эса уларнинг ватанини Аттика, онасини – Ҳармония деб олади; Ҳармония – Уйғунлик демакдир ва у баркамол она тимсолини билдиради.
16. Кефис – Аттикадаги дарё.
17. Аид – жаҳаннам.
18. “Ва ҳаттоки машъала ҳам тутиб туролмам…” – юнонча тўй маросимига кўра, куёвнинг онаси никоҳ ўқитиб қайтишгач, келинга машъала тутади.
19. Эриния – хор бу ерда Медеяни Эриния деб атайди, чунки у Ясондан ўч олиш иштиёқида эди.
20. Ҳера – Зевснинг хотини.
21. Ино – орхоменлик шоҳ Афамантнинг хотини. У кичкина Дионисни тарбияга олади. Уни Инонинг опаси – Семела Зевсга ўйнаш тутиниб орттирган бўлади. Рашкчи Ҳера Инонинг бошига жиннилик касалини юборади. Ино жиннилиги тутган пайтида икки ўғлидан бирини ўлдириб қўяди, иккинчиси онасидан қочиб ўзини денгизга отади. Ино ҳам ўзини сувга ташлайди. Денгизда она-бола Левкота ва Палемон деган илоҳаларга айланиб қоладилар. Бу ерда Еврипид Инони ҳар иккала фарзандини ўлдирган қилиб кўрсатиб, афсонанинг иккинчи қисмини тушириб қолдирган.
22. Скилла – денгиз маҳлуқи; айтишларича, у Сицилия шимолидаги Тиррена деган қирғоқ ғорида яшаган.
23. Бошпанасин унинг бирла баҳам кўраман… – Ривоятдаги тахминлардан бирига кўра, Медея Афинага бориб Эгейга турмушга чиқади.

Рус тилидан Асқар Қосим таржимаси