Ҳэнрик Арнолд Вергеланн (Henrik Arnold Wergeland) – норвег шоири, ёзувчи. Радикал-демократик қарашларни олға сурган, деҳқон демократиясини ёқлаган. “Жамоа учун”, “Ишчи синфи учун” журналларида муҳаррирлик қилган. “Яратувчи, инсон ва Масиҳ” достони билан эл оғзига тушган. Ҳ.А.Вергеланн ижоди норвег маданияти тарихида ёрқин из қолдириб, кейинги давр адабий сиймолари, жумладан, Ҳ.Ибсен ва Б.Бьёрсонга ўз ижобий таъсирини ўтказган.
ЛАКФИОЛГА ДЕГАНИМ
Кўркка тўлган вақтинг ўтганда,
Хайр-хўшни этганча канда
Кетгум ул ён: унда, бир вақт биз
Ўсган эдик ялакатмағиз.
Сўнг бор сенга йўлланур оҳим,
Сенда қолар сўнгги нигоҳим,
Титраб турар бу оқин ҳаво –
Удир сўнгги бўсага маъво.
Фидо бўлгум лабга икки бор,
“Хайр”, – дейман, аввал, гулдийдор,
Кейин суюк атиргулларим
Лаб босишар дудоғингга жим.
Кетай, сингай сўнг зулматга мен…
Саломимни етказ унга сен,
Бакор келсин энг зарур онда,
Гуллаб турсин у қабристонда.
Дейман, ётсин кўксимда бари
Янги кунлар атиргуллари…
Дейман, чорла ўлим қурган ин
сари, фақат муҳаббат нурин.
ҲАҚИҚАТ ЛАШКАРИ
Сўз? Эшитгай ким ҳам?
Сўз, шеър дарди бир.
Сўз азалдан ҳимоясиздир.
Сўзлар жангга отланса ўктам,
Қайдан мадад олар истагани дам?
Дунё ҳақиқатга этмас илтифот.
Лекин оловлари балқишларини
Унинг ҳузурида йиғар-у, чини,
Чақмоқ қилиб қайта қуяр самовот.
Ҳақиқат улуғвор – исботлар бу бот.
Нечун бурғусидан таратганча ун,
Эгнида юлдузлар нуридан либос,
Кўкнинг ўзи ато этган ўша хос –
Ёвга қарши олға бошламас нечун?
Қўшин чодир тикиб, этмасми хуруж –
Дунёлар урушга кирган айёмда,
Мардлар ўлим майин ичаркан жомда;
Кимки ҳалокатга келар бўлса дуч,
Бер унга ҳаётни бошқаргувчи куч.
Зулмат қўшинини енгар имкон кам.
Қора босган манглайдаги шўргача,
Бешикдан гўргача
бир қадам.
Зимистондан ўтиш осонмас ҳеч ҳам.
Дард, бало билмаса ҳамки ниҳоят –
Сўз қўшини, олға! Ёриб ўт охир,
Ахир, ғалабани чевар-у моҳир
Парвардигор сизга этган иноят.
Ҳақ инъоми – ҳақиқатни сев ғоят.
Сўз! Эй ҳақиқатнинг шонли аскари!
Сен ҳақиқий ботир!
Самодан чодир
Тикди сенга атаб оламнинг бари.
Сен-чун олижаноб диллар чамбари.
Сўз! Дубулға пардасин сал сур –
энди эса – олға.
Сўз кучи ўсади билмай қўналға,
гарчи гоҳо силла қуриб ҳам қолур.
Курашда мангулик сенга ёр бўлур.
Шу учун, ёш мардим, кулфатда
зорланма асти,
мағлубиятни бил бир хумор босди –
ундан топ чўнг зафар балқишини ва
Ҳақлик йўлин кўрсат ёлғон-зулматда.
Рус тилидан Муҳаммадали Қўшмоқов таржимаси