Марица Бодрожич (1973)

Марица Бодрожич (Marica Bodrožić) 1973 йилнинг 3 августида Хорватияда таваллуд топган. 1983 йили Германияга кўчиб келган. Ўн ёшидан эътиборан Берлин шаҳрида истиқомат қилмоқда. “Тито ўлди” номли ҳикоялар тўплами (2000) орқали адабий жамоатчиликка танилди. “Ботиний лаҳзалар ўйинчиси” (2005) романи, “Битта патида ўзгармабди колибрининг” (2007) шеърий китоби нашр этилган. “Хотиранинг қалб сурати” бадиий фильми томошабинлар олқишига сазовор бўлган. Ўнга яқин мукофотлар совриндори.
М.Бодрожичнинг туркум шеърлари “Гулистон”, “Жаҳон адабиёти” журналларида, “Ҳуррият” газетасида, “Мерос юлдузлар жилоси” эссеси “Жаҳон адабиёти” журналида босилган. Немисзабон хорват адибаси шеърий туркуми “ХХ аср жаҳон шеърияти” антологиясига (Тошкент, 2011) киритилган.

ОТАМ МЕНИ ҚОР ҚИЗИМ ДЕРДИ

Боиси туғилган вақтимда
оғзимдан онамнинг кўксига
қор учқунлари сочилган экан.
Қиш келса кўзгунинг ичига кириб
қайта чиққиси келмайдиган қорқиз эдим
Онамнинг юмшоққина бағрида
осуда ухлардимми ёки…
буларнинг бари хотирамда йўқ.,
Жигарранг чамбарли дўнг кўкрак,
бироқ аввалгига нисбатан ўта янги жой.
Ҳали “Мен” қиёмига етмаган
қайга қараманг менсизлик.,
барча-барчаси менсиз,
барчаси ҳамиша менсиз.
Ота-онам саёҳатга чиқишларидан сал олдин
мени бошқа исм билан атаган эканлар.
Бири Денгизга Яқин дейишса,
иккинчиси Ёруғ деб чақирган.
Айнан ўшанда
ёз соям узра узоқ чўзилган,
бироқ менга яқин келмай шувиллаганича
ўтгану кетган.
Отамнинг тушларида: Қор, Қор Аёл,
Миллионлаб ҳужайралар
ва вергул,
вергул ортида миллионлар –
ўзини батамом унутиш учун.
Мен Денгизга Яқин ва Ёруғ,
Ўзимни ҳақиқий ёзга атаб асрамоқда эдим.
Оқ учқунлар
оқ рангни суриб олиб
юз-кўзларга урилар эди.
Ҳатто қулоқлардан паға-паға бўлиб
қор ёғар эди.
Қулоқлардан ёғаётган қорни назорат қилиб
бўлмасди. Бурундан муз тушар эди,
муздан бошқа ҳеч вақо йўқ эди.
У ерда менинг музим
чана учишга мўлжалланиб қотиб қолганди.
Кандай яхши ҳаммаёқ ях, ях, ях –
бўғиқ товушли қиш,
учиб кетолмаган каптарларнинг совуқ ини,
ғўнгиллаб юрган эски асалари
ўз феълидан қочиб
тўппа-тўғри менга қараб учиб келмоқда.
Тош отдим – қулаб тушди.
Қўлимдаги ашё – мусиқа негизи.
Қишлоққа росмана ёз келди,
Ёздан туғилган кунимга атаб бир бўлак
тортиб олдим.
Онам шаҳарга келди,
эшик қўнғироғини чалди
ва бор вужуди билан
тўлдириб турди август ойини.
Чўнтагидан чак-чак
томарди
бўсағага,
на-да бўсағага, оёғим остига,
на-да оёғим ости, бутун ҳаётимга
муқаддас Биби Марям байрамининг дақиқалари.

* * *

Битта пати-да ўзгармабди колибри*нинг
туш одамига кириб келаркан
қанотлари ила ҳавони чизар
мен осмонман, дейди,
мен мовий осмонман.

Одамлар учаётган гўзаллик
қошида лол қолишаркан,
устомонлик қилишар
чамалаб-чамалаб
шундай дейишади колибрига:
сендаги ранг — ранг эмас, хаёл.

Қуш таажжубни одамлардан ўрганди
бинафша ранг гуллар ёққа учиб кетди.
Дафъатан сеҳрли китобини очиб кўрди-ю
шоша-пиша варақлади-ю
капалакка айланди варақлар ёпилгунча то.

Қанотлари ила ҳавони чизиб
мен осмонман, дейди,
мен мовий осмонман.

Бундан буёғига болалар туш кўришмас,
гапираётган мўьжизани бармоқлари орасига
олишса чанг тўкилади.
Капалак баттар сарғайиб
учиб кетди суратларнинг кўҳна макони томон,
унда лимон ҳиди ҳукм сурарди.

Энди у — колибри. Битта пати-да ўзгармаган
парвоз қилаётгани тушлар олами.
Яна ўша теварак-атроф,
яна ўша ҳайрат оғушидаги одамлар.
_________
* Колибри — Дунёдаги энг кичик қуш

* * *

Бир минг йил ўтар икки бора,
токи мўъжизалар куртак ёзгунча,
ёронгулга айлангунча сўзлар навбатма-навбат,
дам узилиб, дам сузилиб ўсишгунича,
ўзларини унутиб аҳён-аҳёнда.

Ботинида — Улкан кўз.
Бу дунёга нисбатан
Мисоли Кўзгу.
Унда аксланади тақдир чигалликлари,
беомон уруш лавҳалари. Очлик. Қаҳатчилик.
Қалбнинг ўзига хос ўрта асри.

Бироқ бунда ҳам китоблар ёзилар.
Асл шимол буғулари
таваллуд топар. Ёз ўз мавсумини тугатар.
Эртаклар, ривоятлар,
шамол бирма-бир санаб юрган мавжудотлар.
Бинобарин ўша даҳо Моцарт
бир куни албатта тирилар қайта.

* * *

Апельсин осмони. Ўзга бир оҳанг
айланар фонийлик гирдоби ичра
хуш дамларнинг самимий саси.

Мевалар кўзи рангдор жомадон,
гир-атроф мезбон. Ҳаводан илингани
Меҳр. Сўрагани — Мўъжиза.

Инсон булутларни ушлаб кўради:
тўкилаётган шабнам — орзуси,
нур эса гўзал ишқдан чарчаб кўрган тушлари.

* * *

Балиқ парвоз қилар.
Соялар аввал дарёда
сўнг кўлда чўмилишади.

Киндигимда шаҳодат битиги бор,
киндигимга Ер яширинган.
Якшанба шитоб ила ўтаркан
бир киши Ерни замбилғалтакда ташийди.

Шунда бармоқларим ҳунар кўрсатади
Ёмғир томчилари остида очилади.
Дов-дарахтлар кетишга тараддуд кўрар
уларнинг қисмати шу-да ахир.

Шамол дарахт учлари билан мажлис тузиб
шохчаларнинг шивир-шивиридан иборат
суҳбатини таққа тўхтатди.
Гўё шуни кутиб тургандай
Уйғонар мушуклар оиласи ҳам —
Ботинимда. Пешона ва юракнинг орасида.

Ёлғизгина дельфиним бор эди
мунофиқ одамлар дельфинимни
узоқ вақтгача яшириб қўйишган экан.
Мен буни билиб қолдим.

Яна битта илова:
Ўзимни кўрдим — шунча уриниб-туртиниб
ҳеч қачон мени ўз измига сололмаган
Ўзимни кўрдим.

* * *

Шамоллар ортида, пальмаларнинг нариги тарафида
қанақа битиклар бизни кутиб олмоқчи экан.
Улар бизни яшиллик оғушида кутишади.
Улар тоғлардаги
ҳеч қачон топиб бўлмайдиган
сарҳадларда бизга илҳақдирлар.

Май марваридгули водийсида
гул муҳаббатга қодирлигини намоён этар.
Кун тўхтаб қолган эди. Ҳамон бугунги кун эди
чунки марваридгулларни кўринмас нарсалар ила озиқлантирдик.
Сал-пал тегиниб, сабрли тилимиз ила парвариш қиларкан
тасвирланишга муносиб қилардик марваридгулларни.

* * *

Юзма-юз туйғу,
кўллар пастда, ерда
кулдиргичлар оша сочилган мўъжизалар —
ортга қараётиб шуларни кўрдик.
Соатимиз милларини қордек совуқ фаришталар тўхтата билмади,
бунинг сабаби хотирот оғриқлари қўлларимизга маъно бериб турарди.

Ўшанда декабрь ойи эди, адвент ўрталари
билдикки, хамиртоғарада билимимиз ухлаб ётган экан
ашёлар гўзаллигини туш кўриб.

Исмларимиз оёқларимиздаги пойабзал каби
феъл-атворимизга мос тушган эди.
Ўлчоқларимизни ҳеч кимга ўғирлатмаган эдик.

Ташқарида эса
инсонларнинг ҳақиқий дунёсида
ҳозирги замон қалингина кийиниб олган эди.
Ўтмиш лом-лим демади.
У билан азоб-уқубатларни баҳам кўрганлар
бу ёққа ташриф буюрмадилар ҳам.

Сен ва мен,
яъни синглим ва сенинг боланг
ёйилган масофаларни фикрлар чўткаси ила
тараб-тараб босиб ўтишди.
Гумбаз ертўласида,
қадам товушларимиз ортида
асалли кулчалар ҳамда зираворларнинг
димоқни ёргудай хуш бўйлари анқир эди.

Декабрь об-ҳавоси илиқ келганди.
бу тароват давримизгаям юқар эди
қадам-бақадам.
Давримизда декабрь илиқлиги қулф урар эди.

* * *

Бир тулки ишком оралаб
япроқ косасидаги шудрингларни сипқориб қўйди,
дум-думалоқ кўзлари ила менга узоқ тикилди,
худди танбеҳ беришимни кутиб тургандай.
Мен эса уни ҳам, бошқа бир ҳайвонни ҳам
ҳузуримга чорламаган эдим.

Рўпарада тоғ дараси,
юқорига қарасам дарада аксим кўринди.
Шунда
пириллаб қушлар учиб чиқишди дарадан,
қанотларида нотаниш ифор —
бегона бир ҳид.
Қорнимда
хайрихоҳ қўшиқ жаранги,
келишув, ботиний битим номаси.

Ичкарига кирдим, кўзим ёриди,
тулкига кўрсатдим боламни.
Тулки гўдакнинг митти қулоқларидан
оёқчаларига қадар тикидди.
Шунда шоша-пиша
бирваракайига тўртта соатига қараб
оёғида ялтиллаган шудрингга имо қилди.

Кўрсаткич бармоғига
маҳлиё бўлиб турган пайтимда
болага чанг солди,
кўз очиб юмгунча ғойиб бўлди у.

Узумзорга қарасам марварид шудринг доналари,
ишком узра ғир-ғир эсмоқда ёқимли бир тонг шаббодаси.
Ҳавони симирдим.
Ўйга чўмдим,
сўнг эса уйимга жўнадим.

Келаси кузда,
янги ҳосил йиғими вақти,
яна кўриб қолдим ўша тулкини.
Анчайин ҳорғин…
Айтишига қараганда бу ёққа атайин келмаган экан,
йўл-йўлакай бурилган шунчаки.
мен бу гапига ишондим.
Шундан сўнг бошқа кўрмадим уни.

КЎНГИЛ НИМА ДЕЙДИ

Сузиб ўтаётган момиқ булутлар
бир-бири ила туташса, эврилар фариштага.
Дунё қай тахлит яралганини, ким бошқараётганини
ич-ичимдан биламан. Қарангки, бандаргоҳда
нурдек порлоқ кемалар кўринмас. Бунинг ўрнига
яп-янги моторлар гуриллар тинмай.
Қувғиндан қутулган жангчилар
янги аср томон жўнаган гўё.
Атиргул, айт-чи, улар рўшнолик кўришармикан,
шамол эшикларини тарақлатган уйлар жим.
Жавоби йўқ савол. Кулсам, кўриб қолар яна атиргул.
Атиргул баридан воқиф… Негаки
айнан менга ўхшаш менлик йўқ.

* * *

Бир қучоқ бўсада — уммон чексизлиги,
бугунга етади. Балки асқотар
эртанги буюкроқ кунлар учун ҳам.
Шундан сўнг, айт-чи, Илм, атиргул тиконлари
қовжираб қолмасмикан қўққисдан? Ифори
етиб борармикан уммонлар ошиб
олис-олис келажак томон? Шу ҳақда сўйла, Илм,
одамлар чин овозга, чин ўзакка
эгамилар тик ўсган қарағай каби? Кўз қорачиқларига
ғаму ташвишдан айро. Бу ҳақиқий келажак учун
татирмикан? Кифоя қиларми экан?
Айт, Илм, мен энди сеникиманми,
ёки туғилдиммикан кўзгу ичида?
Бу ҳақда сўрама, дер Илм. Яшна, яшнайвер,
сен ўзимнинг атиргулимсан.

* * *

Жой бўшатинг қарияларга
тотли тушлар, қир чечаклари ифори
умр шафағида уларники бўлсин.
Қадаҳ жаранггини, булут соясини, нон ҳамда
ширин сўзларни дариғ тутманг қариялардан.
Ёшарсин сизга ўхшаб. Хизматини қилинг.
Хўроз уч бора қичқиргунча то
хиёнат фош бўлар. Оғир тонг отар.
Битар. Мўъжиза рангсизланар. Барибир
кундалик ҳаёт ташвишларини бир чеккага улоқтириб
иссиқ нон янглиғ бизни лол қолдиришади.
Мана шунинг учун ҳам яшашни хоҳлаймн,
Асраб-авайламоқ — асл мақсадим.

* * *

Камбағал – аҳдига содиқ,
чунки тасодифни тушунганча то
сўнгги умид билан бирга яшайди.
Осмонни ғўч йигитдек кайф ичра кўрар.
Қирғоқ чеккасида эса дирижабл катталигидаги юрак
пирпираб сузиб юрибди.
Асални ўпканинг бурама чизиқларини
силлиқлаш учун тайёрлашмаган. Бироқ, йўл — теп-текис,
йўловчига панд бермас. Турма қопилари ланг очиқ,
нега очиқ бўлмасин, ахир, ичонда
ўша бир-бирига содиқ тутқунлар.
Дишонда ҳамма нарса муҳайё.
Кўп-кўп дала-туз…
Кўп-кўп қир, адир…
Кўп-кўп ёз, ундан ҳам кўп қиш,
Сукунат ҳам
кўп-кўп.
Ҳамма нарса кўп.

* * *

Европада ҳар куни ҳам,
ҳар куни ҳам ўлавермас
қуш.
Акс ҳолда паррандашунос
касбини тез ўзгартирган бўлур эди.
Бир гал шу ҳақда ўйлаётиб
“Овчилар-чи?” деган сўроқ
миямда кўндаланг турди.
Бордим овчининг уйига.
Овчи отишни унутиб қўйгандек гўё,
шунчаки… ҳавога қараб ҳам ўқ узмади.
Милтиқ ўқталмади. Боиси
иккаламиз ўз тасаввур доирамизда эдик.
Илк маротаба деразам ёнидан
зоғ учиб ўтди. Лекин уни ҳам
мушук кўрган экан биздан олдинроқ.

СОАТ МИЛИДАН ЮҚОРИГА ЧИҚДИ ВАҚТ

Танаффус ҳадди аълосида Вақт қўрқинчлари жонсарак:
ҳаёт энди вақт сарҳадидан чеккада ўтар.
Ҳунармандлар сайёра тутқичини айлантиришар.
Қадам товушларида тушки пайтнинг сояси,
томирларда қирсиллаётган анор доначалари,
юзда аксланаётган — жаннат роҳати.
Ярқ этиб очилаётган — “Мен”,
давомийлик ҳудудида бир оҳанг устуворлиги,
биргина порлоқ нигоҳ,
оғиз бурчлари тиниқлигидан тўйинган.
Ўпишмоқдан муддао не — сўрайман,
бирлик сон нима истар — сўрайман,
қовушмоқдан нени истайди
ёки лаззат онларини эслашдан не наф?
Йўқ, шундайку-я барибир
саволим савол
одамлар ўпишишлари керак,
бир-бирига керакли бўлмоғи керак.

* * *

Ташна, ҳар нарсага интиқ қалб,
қароқчининг дум-думалоқ кўзлари,
дов-дарахтларнинг ҳилпираган учлари оша
чайқалаётган бошқа бир денгизни кўриб қолганди.
Гўё падари бузруквор юксакда,
ҳавода чордона қуриб ўтирар,
жами эзгуликлар — мулки,
барча тиллар — тасарруфида,
“сен”лашиб гаплашади рубъи маскун билан.
Балки кекса бир фаришта ёнида ўтиргандир,
оппоққина ҳамда шаффоф болалик,
момиққина жажжи фаришта
Ирида олдида тургандир найза тутиб.
Балки у ерда ипакдан тўқилган мамлакату
сиёҳранг муҳаббат офтоби,
болаликнинг пок муҳити
ҳамда кучи, қуввати, шон-шуҳрати пинҳон.
Юрак тадрижи, ишқнинг юлдузли онлари
бордир эҳтимол.

* * *

Ёноқларимни ёндириб турган
архив рангларини ўқийман.
Нега ҳам ўқимай
юзи остида битта юз бўлиши мумкин-ку, ахир.
сизга айтсам, қишнинг қисқагина кундузи чоғи
баданим остида бадан борлигини
пайқаб қолганман.
Эҳтимол, бу кўнгил асали,
ҳамма қишнинг сўнгги кунларида
бошқа одам шаклида ўзидан қочгиси келар.
Сўзлар тили чўғланмоғи учун
ёзнинг иссиқ тилини билмоғинг жоиз.
Бу гапим Сўз шаклига дахлдор эмас,
Шунингсиз ҳам чиройлидир Сўзнинг чеҳраси.

* * *

Гоҳо куч бағишлар кутиш онлари,
Унга қаршилик қила олмасман.
У кутишимни,
пойига келиб тиз чўкишимни кутади.
Мен унинг ихчам тузилмасига таъзим қиламан,
Сабр саройига бориб қолганимни илғайман.
Бу ерда нима қиламан, — сўрайман ўз-ўзимдан,
ахир бошқа одамлар муҳаббати билан шодумон.
Мен эса ҳамон кутаман,
кимнидир ёки ниманидир.
Ўйлаб кўрсам Сабрни маҳв этсам бўларкан.
уй олдидаги бодом пўчоқларини
супуриб ташлаган каби
миямдан чиқарсам бўларкан Сабр деган нарсани.
Ёз бошланди дегунча
барча югославчасига зерикканидан
сигарета буруқсита бошлайди.
Сўзлар аввалдан Сўз ичида ухлайди,
радиодан мусиқа тинглаш амали
шубҳа уйғотмайди одамда.
Бугун мен сабр деб атаган нарсани
юқорида зикр этилган манзараларни
томоша қилганимда кашф этгандирман.
Қанчалик покдоман эсам-да,
ҳеч ким мени эсга олмас.
Фақат чўкка тушиб ниманидир кутиб ўтиравераман.
Гоҳо куч бағишлар кутиш онлари,
у куч менинг ҳозирги замонимни ўғирлаб қўяр
ва ўзин дўкон каби сотворар.
Мен ўтирибман бунда,
курсининг устида,
ташқарида чинорлар музлар,
лекин ҳеч совқотмайман.
Сабрда
шундай куч борки —
кутишдаги кутилмаганлик.
Ва ҳеч ким бу ерда
ўзимни унутиб ўтирганимни
эслатиб қўймайди ҳатто бир бора.

СЕҲРЛИ КИТОБ

Салмоқлигина бир сеҳрли китоб бор,
бунда қоидалар йўқдир.
Чунончи, ким нени хоҳласа шуни қилади.
У ҳамиша шаклланишда.
Дарвоқе, у қонунлар мажмуаси эмас,
ҳар саҳифаси рақамдан иборат,
ҳеч ким саҳифаларни оча олмайди:
очқасангиз у — тушки таом.
Уни тўйиб ейиш — бу яхши амал.
Кимники кўзи бўлса уни кўргиси келади.
Поёнсиз отизларда тонгги чиғ узра туш учи
кўр-кўрона тин олади.
Гўёки кимдир сайр қилиб юргандай,
далилланмаган хотиротдан гулдаста тузади.
Шунда посбон ҳамиша баҳор
“кун ажойиб бўлади” дейди.
Тонгги ғира-шираликда каттакон ёруғлик мени
бежиримгина қўлга олиб даст кўтаради.
Айнан ўша дақиқаларда китоб саҳифалари
ўз-ўзидан очилади —
жимгина, сассизгина.
Бир ҳайрат унинг ёнида,
митти болакай.
У бу ерда сокингина яшар,
гапирмас. Уни момиқ баданини қучиб
отамни ҳис этаман. Ана у тут тагида ўтирибди,
нигоҳлари аста-аста сўнмоқда.
Қуёш унинг суратларини олд ҳовлисига йўллар
ва у менга худди ўз болаларини санаётгандай туюлади.
Бармоқларига росмана одамдек қараб турибди,
дафъатан устида ўрмалаб ётган шиллиққуртларни кўрди,
шу онда у томон шошилдим.
Ота, дейман, келақол, китоб иккимизга аталган.
Мен митти болача бўлишни истамас эдим,
қон-қардошлик белгиси сифатида
китоблар битишни хоҳлар эдим.
Майли дейди у, бир дарахт учига чиқиб келай.
(Оҳистагина кетди у,
ҳавода бирдан-бир улуғ нарсани терволди)
Қарай-қарай ҳеч ишонгим келмади, у алифбони ўғирлаб
само қаърига ўзи билан олиб кетди.
Ота, дедим, ахир бу барчамиз учун-ку,
агарда бошқалар ишонмаса,
биз китоб ёза билмасмиз.
Яхши, ундай бўлса, алифбони олақол, деди.
Мен китобни олиб қўлларимда ушлай туриб
Сўзларни,
Яратганнинг йўриғини нима қилишни билолмай
узоқ вақтларгача ложарам бўлдим.
Шунда отам китобга — аслига қайтиб дедики: қулоқ сол,
саҳфаларга оид кетиш танҳо алифбо ила бўлиши керак.
У дарахтларни худди тушдагидек
илдиз-пилдизи билан қўлга олиб
уларнинг учларини
қалбим мамлакати саройи томон йўналтирди.
Мен эса дарахтлар
не истаётганини билмай йиғлавордим,
узоқ-узоқ йиғладим. Сўнг рақсга тушдим.
Пировардида, кўз ўнгимда сеҳрли китоб қолди,
сеҳрли китобни аччиқ севги ила севдим.

* * *

Тақдири азал ўз қўлингда бўлса, бўлмаса
унда мен булут одам шаклида туғилардим, дейман,
унда мен об-ҳаво ҳудудига эврилардим.
Чунончи ҳеч ким, ҳатто ўзим ҳам
Югославияда туғилишимга халал беролмасдим.
ҳар куни турлича об-ҳавойим бўларди.
Қуёш алмашинуви дунёдаги энг оддий ҳодиса саналарди.
Ўпкаларим билан Андралидага сайр қилган бўлардим,
Зуҳро ҳудудини мушукона сакрашга тўлдирар эдим.
Ҳаво бер, дердим ўшанда. Ва албатта кулиб…
чунки, ботинимдаги энг жиддий нарса ўзгарган —
кутаётганларнинг, ўтирганларнинг, чегара очилишидан
умидворларнинг жўр бўлувчисига айланган бўларди.
Одамлар билан эллашиб, тиллашиб кетардим.
Дарахтлар ҳамиша кўз ўнгимда.
Ўлчами — ўша-ўша.
Яъни, ёмғирни кутиб олишга қодирдирлар.
Якшанба куни эди. Берлинда ёмғирли кун. Шунда учта
вояга етмаган минорадан биттасини кўриб қолдим.
Шунда Ердан ўсиб чиқиб гаплашишга фурсат топдим.
Ўз-ўзимга дедимки, миноралар нурдан ясалганида борми,
унда тақдири азал билан ишим бўлмаган бўлур эди.
Шуни ўйлаб турувдим ошхонамда
қуёш манбаи жаранглаб, ўн учинчи минора ўз
мавжудлигини маълум қилди.
Рўё рўёби шумикан? Ҳақиқатимдан воз кечдим.
Барча бўлиб ўтган ҳодисотлардан мосувоман.
Ўз номимни намунали посбонлар қаторига киритиб
қўйсам бўларди. Шундан мамнун эдим мен.
Лекин у одам
уни маҳкамроқ ушла, деди.
Қўйиб юборма, деди.
у сенга у ерда, бу ерда ёрдам беради,
пойафзал биланми ёки пойафзалсиз
оёқ биланми, ёки кўнгил билан
олға босишингга
бунинг нафи кўп, деди.

Немис тилидан Мирзаали Акбаров ва Баҳром Рўзимуҳаммад таржимаcи