Фридрих Шиллер (1759-1805)

Буюк немис шоири, драматурги, санъат назариётчиси, тарихчиси Иоганн Кристоф Фридрих Шиллер (Johann Christoph Friedrich von Schiller) 1759 йил 10 ноябрда Марбах шаҳрида дунёга келди. Бу йил адиб таваллуд топган кунга 250 йил тўлади.
Фридрих Шиллер Г.Э.Лессинг ва И.В.Гётелар билан бир қаторда немис классик адабиётининг асосчиларидан ҳисобланади.
Фридрих Шиллер ижодда кўламнинг кенглигини яхши кўрарди, антик адабиёт вакиллари уни мафтун этарди,шу боис улар ижодини чуқур ўрганди. Оқибатда ўзи ҳам улуғ адибларга хос бўлган умуминсоний мавзуларда асарлар ёзди. В.Г.Белинский таъбири билан айтганда, ўз ижоди, ардоқлаган ғоялари билан “инсониятнинг олийжаноб ҳимоячиси”га айланган, Ф.М.Достоевский “инсониятнинг дўсти” деб атаган, А.И.Герцен “олийжаноб туйғулар шоири” деб улуғлаган Ф.Шиллернинг ижоди бағоят ранг-баранг. У “Қароқчилар”, “Макр ва муҳаббат”, “Мария Стюарт”, “Дон Карлос”, “Валленштейннинг ўлими”, “Вильгельм Телль” каби жаҳон адабиётини бойитган драмалар, “Шодликка қасида” (шоирнинг ўзи эътироф этишича, бу шеър худди халқ шеъри, қасидаси дегулик шарафга эришган, Бетховен ўзининг Тўққизинчи симфонияси охирги қисмини шу қасида асосида яратди, бастакорни шеърдаги озодлик, тенглик ва қардошликнинг кўтаринки руҳи, ифодаси илҳомлантирган эди), “Ернинг тақсимланиши”, “Қўшга қўшилган Пегас”, “Янги аср ибтидоси”, “Оламнинг улуғворлиги”, “Қўнғироқ ҳақида қўшиқ” сингари оҳанраболи шеърлар, “Қўлқоп”, “Жом”, “Кафолат”, “Поликрат узуги”, “Геро ва Леандр”, “Ғолиблар тантанаси” ва бошқа машҳур балладалар, новелла, роман, “Қўшма нидерландларнинг испан ҳукмронлигидан ажаралиб чиқиш тарихи”, “Ўттиз йиллик уруш тарихи” сингари, нафақат илмий изланишлар маҳсули, балки немис насрининг ажойиб намуналарига айланган йирик тарихий тадқиқотлар, санъат тарихи ва эстетикага бағишланган теран мақолалар муаллифидир.


ЕРНИНГ ТАҚСИМЛАНИШИ

Одамларга Зевс дейди: “Замин сизга хос!
Ердан олинг, ҳимматимдан қолинг нафланиб,
Олий инъом сизлар учун бўлсин бир мерос,
Оға-ини мисол яшанг иноқ ё сафланиб!”

Тараддудга тушди ҳамма, калапатра жон,
Ўзин қайга қўярини билмас ёш-қари.
Бўлиқ ерни, экинзорни танлади деҳқон,
Овчи эса ўрмон олди, тоғлардан нари.

Аббатга* – май керак экан, тужжорга-чи – мол,
Бутун савдо йўлларини олиб бир йўла,
Кўприкларни тўсди, соқчи қўйди-ку, қирол:
“Олди-сотди қилдингми, бас, товонин тўла!..”

Алламаҳал узоқлардан келди шоир жим,
Ўйга ботган, кўзларини ердан олмаган…
Ҳамма нарса улашилган, тугаган тақсим,
Шоир учун бир қарич ҳам ер йўқ, қолмаган…

“О, қисмат! – оҳ урди шоир. – Наҳот ёлғиз мен
Эҳсонингдан бенасибман? Шундоғми азминг?
Фидойи бир ўғлингман-ку!.. Раҳм айлагил сен…”
Бироқ осмон ҳукмдори сўз деди вазмин:

“Нафсиз орзу-хаёлларга қул бўлдингми, бас,
Кўз ёш тўкма, керак эмас нолаю нидо.
Буюк тақсим палласида қайдайдинг, эй кас?..”
“Мен сен билан бирга эдим, эй ҳозиқ худо!

Сенинг ёрқин жамолингга боқдим қизғаниб,
Сеҳр тўла каломингга бўлдим маҳлиё.
Улуғ зотни ўйлаб, эвоҳ, байтулҳазанни** –
Унутган бир бечорани кечиргил, худо!”

Зевс деди : “Ҳеч вақом йўқ, билмам, нетарман,
На қишлоқ, на шаҳар… айлай десам илтифот.
Аммо сенга кенг осмонни ҳадя этарман,
Осмонларда юражаксан эркин, ҳур ва шод!”
___________
* А б б а т – католик руҳонийси.
** Б а й т у л ҳ а з а н – бу ғамхона дунё, дунёи бевафо, маъносида.

РУССО ҲАЙКАЛИ*

Франция ва давримиз шаънига
Тўлиб тошган маломату таънага –
Ҳайкалингга бош эгурман бу фурсат.
Сенга таъзим, доноларнинг доноси!
Сен изладинг фоний ҳаёт сафосин,
Ер остидан уни тополдинг фақат…

Гардуни дун яралари битганмас:
Қадим зулмат – доноларга қилди қасд.
Ҳозир нур бор – хўш, жаллодлар камми, кам?
Суқрот ўлди жоҳилларнинг қўлида,
Одам қилай деб исовий қулидан,
Исовийдан ўлди Руссо ўзи ҳам…
___________
* Руссо ҳайкали Париж яқинидаги Эрменонвил шаҳрида ўрнатилган эди. Шеър ўша ҳайкалга мурожаат тарзида ёзилган(Таржимон).

ҚЎШГА ҚЎШИЛГАН ПЕГАС

Хаймаркетда* бўларди от савдоси,
Сотиларди ҳатто жуфту ҳалоллар.
Чор-ночор оч қолган шоир Пегасин,**
Мана, сотайин деб, бозорга солар.

Ёлларин силкитар, кишнар асов от,
Кўкларга сапчийди.
Одамлар ҳанг-манг,
Ҳайратдан ёқасин ушлайди: “Ҳайҳот!
Қанақа зўр от-а! Савлатин қаранг!
Оҳ-оҳ, қанотлари бўлмаса борми,
Отмисан от бўлар эди дунёда!
Отинг, айтганингдай, жуда зотдорми?
Миниб олиб тағин юрмай ҳавода?”

Отга яқинлашар битта харидор:
“Рост, кўркин қаноти турибди бузиб.
Ҳечқиси йўқ…. Бунда уста байтар*** бор,
Отлар пири, шартта ташлайди кесиб!
Кейин отдай бўлар! Берай беш олтин!
Марҳамат, олгин”.

Шоир дер: “Бор-барака!”
Отни олиб Ҳанс жўнар.
Қараганлар қараган,
Ҳасадчилар ютинар…

Оғир аравага юкларни ортиб
Йўл олар Ҳанс.
Учмоқ истайди Пегас,
Олийжаноб ғазаб, қаҳри олийдан
Кўкка интилдию юганни тортиб,
Эс-ҳушин йўқотиб учиб тушди Ҳанс.

“Ҳа-ҳа-ҳа! – деди Ҳанс. – Шундайин тулпор
Юк торта олмасмиш! Ҳеч бокиси йў-ў-ўқ!
Тонг билан почтага ўтарман бир бор,
Аравага қўшиб кўраман аниқ.
Унда у уч отнинг ишини қилгай!
Балки шу йўсинда ақли ҳам киргай!”
Юки енгиллашган эҳтиётсиз от
Учқур шамолларни қолдирди ортда!
Арава елади! Ногаҳон, ҳайҳот,
Фоний йўл чангига ўрганмаган от-да! –
Осмон-фалакларга айлади парвоз,
Пинҳон қудратини этиб намоён,
Пастда-чи, ўрмонлар бўй чўзмиш, дароз…
Бирдан кетди ҳамма отлардан имон,
Жилов ҳам, қамчи ҳам йўлга сололмас,
Даҳшатдан титрашар сайёҳлар бари.
Кеч кирди ва, мана, тунда бир нафас
Тик адир устида тинди сафари…

“Эҳҳе! – Ҳанс ўйланди. – Ҳазилми ё чин?
Ахир, нима тортар сени осмонга?
Бунақа қилиғин унутсин учун,
Туну кун ишлатиб олайин кучин,
Емдан озроқ берай қайсар ҳайвонга!”
Айтди – бас. Чўп бўлиб қолди шўрлик от,
Тўрт кунда қаровсиз, емдан бенасиб.
Ҳанс хурсанд, кўкларда қоқади қанот:
“Энди ҳеч қушларга қилмассан таъсип!
Энди қўш тортасан ҳўкиз-ла бот-бот!”

Мана, шармандали қисматга банди
Тулпор ҳўкиз билан чиқар майдонга…
Беҳуда ер тепар само фарзанди,
Беҳуда интилар она осмонга.
Ҳўкиз-чи? Судралар экканча бошин,
Майишар юкдан Феб**** арғумоғи ҳам.
Фақат занжирлари жаранглар машъум,
Фақат қанотлари қайрилар бу дам,
Худо манглайини силаган тулпор
Йиқилар азобдан ёш тўкиб зор-зор…

“Э, ҳайвон! – Ҳанс қаҳри ловуллар ногоҳ,
Кетма-кет тулпорга солади қамчи! –
Қўшга ҳам ярамас, не гап бу, эвоҳ,
Лаққа туширибди мени алдамчи!..”

Ҳанс тинмай Пегасни калтаклар ҳамон,
Тоғдан тушиб келди бир йигит шу он.
Созидан таралар тотли бир нағма,
Очиқ чеҳрасидан ёғилади нур.
Манглайин безаган тиллойи тасма,
Ўзи ҳам куйидан қиларди ҳузур.
“Биродар! Бекорга куйинма бирпас! –
Деҳқонга боқади йигитча хомуш, –
Сен ўзи, афтидан, бу ерлик эмас,
Айт, ҳеч кўрганмисан, ҳайвон билан қуш
Бир қўшда юрганин? Диққат бўлма, бас!
Яхшиси, отингни берақол менга,
Унинг мўъжизасин кўрсатай сенга!”

Дарҳол эгарланар тулпор! Шу замон
Йигит табассум-ла эгарга минар.
Пегас чавандозни сезгани ҳамон
Кўзида учқунлар чақнаб кўринар
Ва кишнар, учай деб кўкка уринар!
Пуркуч руҳ, нақ худо, подшо мисоли
Турар у занжирдан, таҳқирдан холи!

Гўё қанотида элтмоқда бўрон,
Ложувард осмонга интилар Пегас.
Мана бир дақиқа, мана бир нафас,
Ожиз нигоҳлардан бўлди у ниҳон!
____________
* Жой номи.
** Қадимги юнонларда афсонавий илҳом арғумоғи.
*** Байтар (араб) – ветеринар, мол дўхтири.
**** Қадимги юнонларда қуёш ва нур худоси Аполлоннинг лақабларидан бири.

ЖОМ*

“Ким бўлса ҳам – рицарми, оддий аскарми ва ё,
Чўққидан денгизга ташлай олур ким?
Ушбу олтин жомимни итқитаман шу асно,
Сув тубига шўнғиб, ким топса жомим,
Соҳилга қайтиб чиқса тўлқинлардан саломат,
Ўшанга жом туҳфадир, бир туҳфаки – аломат!”

Шундай дер подшоҳ мағрур юксак чўққида туриб,
Қараркан мавжланган денгиз томонга.
Сўнг беписанд, ҳамманинг ҳавасини келтириб,
Шарт отиб юборар жомни уммонга…
“Қани, ким ул, борми мард, жасорат деб туғилган?
Топиб, ортга соғ-омон қайтмоқни ният қилган?..”

Аммо рицарь ҳам аскар, индамай юз буришар,
Сукут жавоб бўлар подшоҳ сўзига;
Ваҳимали денгизга қўрқиб қараб туришар,
Кўрмай жом излашни раво ўзига.
Такрор сўзланар подшоҳ, ҳар каломида виқор:
“Қани, ўша довюрак, юрагида ёли бор?..”

Жимлик…. Бирдан ёш йигит, паж** – подшоҳ хизматкори
Тавозеъ-ла ўртага чиқади мағрур;
Ёпинчиғини ечар, белбоғ, қалпоғин борин –
Тахлаб ерга қўяр… Кўзларида нур…
Хонимлар ва рицарлар кўнглидан кечар алҳол:
“Ёш жонингга раҳм айла! Қўй, шахтингдан қайта қол!”

Қоянинг қиррасига қадам ташлар бу фурсат,
Тикилар денгизнинг қаърига ўғлон…
Тубсиз қаърдан долғалар отилиб чиқар қат-қат,
Айқириб, кўкларга қилгандай исён!
Тўлғанар оч тўлқинлар, кўпик сочар жангари:
Даҳшат момақалдироқ сурон солган сингари.

Увлар-да, ҳуштак чалар, ўзин қирғоққа урар,
Чиқар ўт теккандай вишиллаб садо.
Тўлқинлар чопар, кўпик тутундай кўкка ўрлар –
Устундай самога етмоқчи гўё!
Баланд тўлқин, долғалар, пўртанавор тубсиз қаър…
Дейсан, денгиз бош олиб кетмоқни истар магар?

Бирдан тинар тўлқинлар, мавжлар тинчланиб қолар,
Ҳурпайган кўпиклар ичида алъон
Ўпқон пайдо бўлару денгиз бир сўлиш олар,
Сув шитоб ёприлар ул ўпқон томон!
Барчасин юта бошлар оч денгиз қаъри, қара:
Қаър ўртанар, тўлғанар, ҳар ён ўкирик, наъра…

Ваҳшатга боқмас йигит, сакрар денгизга азот,
Ичида худога айлаб тавалло…
Ҳамма тош қотган, қўрққан, диллардан учар фарёд, –
Ачинар йигитга: “Дариғ!.. Ажабо!..”
Шу палла сирли ўпқон оғзи шартта ёпилар,
Биров билмас, ки йигит топилмас ё топилар…

Денгиз тинди… Борлиқ жим… Тўлқинлар шовқин солмас,
Денгиздан излашар йигит изларин,
Боқару ғам-аламдан ўзин тўхтата олмас:
“Баҳодир йигит,– дер – кечир бизларни!”
Теран қаърнинг сурони пасайиб борар аста…
Диллар ненидир кутиб сирқирайди шикаста…

“Менга деса, сувга от олтин тожингни майли,
Дея: “Ким келтирса сув қаъридан тож,
Тахтга ҳам шерик бўлгай, ботирлиги туфайли!” –
Тахтингга йўқ менда, билсанг, эҳтиёж.
Ваҳший ўпқон йигитни айлади кўздан ниҳон,
У ҳақда сўзлаб бермас, бунда бирон тирик жон.

Қанча-қанча кемалар тўлқинларга бойланиб,
Ем бўлган, чўккандир ўпқон ичида:
Барчаси парча-парча, пайрахага айланиб
Юзиб юрган тагсиз уммон ичида…”
Бироқ тағин сас келар қаърдан он ўтган сайин,
Олис момақалдироқ товушидай нотайин.

Увлар-да, ҳуштак чалар, ўзин қирғоққа урар,
Чиқар ўт теккандай вишиллаб садо.
Тўлқинлар чопар, кўпик тутундай кўкка ўрлар –
Устундай самога етмоқчи гўё!
Боз сувларни сачратар, кўпик пуркар тубсиз қаър,
Баҳайбат махлуқ мисол, наъра тортар, ўкирар!..

Бирдан… ажаб, шиддатдан сармаст кўпиклар аро
Оқ нарса кўринди… кўринди аён…
Бир оқ нарса… ана қўл, елка… бир бахти қаро
Тўлқин-ла олишар, қаттиқ, беомон!
Ана, – хитоб, нидога чулғанади издиҳом –
У чап қўл-ла ҳопитар, ўнг қўлида эса… жом!

Узоқ нафас олар ул, оғир-оғир энтикар,
Шукр айлар оламни боз кўриб ўғлон.
“У тирик! – деб қичқирар кимки интиқ кўз тикар, –
Бундоқ жасоратни кўрмаган жаҳон!
Нақ зимистон қабрдан, денгиз тубидан омон,
Ўлмай чиқди-я омон, гўзал йигит навқирон!”

Соҳилга чиқар йигит; ҳайқиради оломон;
Подшоҳнинг пойига отилар ғаввос
Ва олтин жомни қўяр… Подшоҳ айлайди фармон,
Буюрар қизига: “Мард экан, шоввоз!
Узум шарбати тўла жом узатгил шу заҳот,
Ки ширинлик, ширинлик бўлсин унга мукофот! ”

“Омон бўлсин подшоҳим! Ерда борки тирик жон,
Ҳеч ким чет қолмасин, шодлансин, кулсин!
Аммо бағоят даҳшат, денгиз таги зимистон…
Банда Ҳақ амрига итоат қилсин:
Худо биздан сир тутган нарсаларни билмоққа
Уринма, журъат этма ҳаттоки интилмоққа…

Ўқдай шувиллаб учдим мен ваҳший денгиз сари…
Келарди қаршимдан бир оқим шитоб;
Тошларнинг ёриғидан сув тирқирар сарсари,
Тортиб кетди шу он даҳшатли гирдоб,
Суриб кетди қаър ичра, бирам пуркуч, пурқудрат…
Чирпирак айлади-ку, хас-хашак, буюм сифат!

Яратганга ёлбордим, паноҳингда асра деб,
Худо қўллади-да, ўзи халоскор:
Зулматда ғира-шира қояни қолдим кўриб,
Жон-жаҳд-ла ёпишдим, неки кучим бор;
Олтин жом ҳам илиниб турар коралл*** шохига,
Тўлқин олиб кетмаган уни денгиз чоҳига.

Пастимда нима бордир, ноаниқ ғира-шира,
Қирмизранг зулматда кўзлар илғамас,
Сукунат чўмган, жимлик… қаърдан сас келмас сира;
Қўрқинчли, боқурсан олмайин нафас,
Бесўнақай нарсалар силжир таҳдидли бот-бот,
Денгиз тубин безаган турфа хил ажойибот…

Кўрдим, ажаб, ҳар бало камардан чиқар қайнаб,
Балиқ, турфа жонвор, ўт… йўқ нарса йўқ,
Бари устун мисоли ўрлар баландга қараб,
Тирмашар уларга бир тишли махлуқ.
Очкўз денгиз бўриси деб аталган бир наҳанг
Ейман дебон ташланди, қутулиб қолдим аранг.
Қодир қисмат қошида қамти турардим ҳолсиз,
Инсон назаридан йироқда ночор,
Ваҳший махлуқлар аро ўзим биргина, ёлғиз,
Денгизнинг тубида хасдан хокисор.
Фақат инсон каломи берарди дилга сафо,
Зиндонни макон тутган тилсиз жонзотлар аро.

Титроқ босар… судралиб келар, кўзи ўт сочар,
Юз оёқли ваҳший, ножинс, ҳўл бало,
Домига тортай дея .. каппакдай оғзин очар…
Жон ҳолатда қочдим ундан уввало!
Балодан ҳазар дерлар: тўлқин тутиб кифтини,
Қошингизга соғ-омон чиқариб қўйди мени…”

Ушбу қисса подшоҳга кўп ғаройиб кўринди:
“Олтин жомни олгин, қўшай узук ҳам,
Олтин узукни сенга туҳфа этайин энди,
Олмос ярақлайди унда чинакам!
Яна журъат кўргизиб, қаърга отилсанг дадил,
Қайтиб, сўйларсан денгиз сирларидан турфа хил.”
Буни эшитган замон малика қалби куйди,
Қизарганча деди: “Жоним отажон,
Етар ахир, раҳм этгил, у зўр иш қилиб қўйди,
Бошқа биров шундоқ қилмоғи гумон!
Агар яна текширмоқ истасанг ким мард, жасур,
Ёш паж эмас, биронта рицарни юбориб кўр!”

Аҳдида қоим эди, сўздан қайтмади подшоҳ,
Олтин жомин отди денгизга томон:
“Энг ардоқли рицарим бўлурсан, қайтганинг чоғ,
Қўлингда олтин жом ярақлаган он.
Қизим, малика, мана сени айлар ҳимоя,
Бўлур сенинг қайлиғинг, қайтганингда ниҳоят!”

Йигитнинг шаъми ёнар, бағрига ўт туташар,
Кўзларида порлар мардлик, жасорат.
Қизнинг юзи ловуллар, ранги оқара бошлар…
Дилгинасин ўртар қўрқув ва шафқат…
Қувончига тор келиб, йигит қалби потирлар,
Ё ҳаёт, ё мамот деб, тўлқинларга отилар!..

Денгизнинг қаъри тинчир… яна суронлар солар…
Сув сатҳин қоплайди кўпиклар яна…
Қалби титраб қиз узоқ денгизга қараб қолар…
Пўртана кетидан келар пўртана…
Тўлқинлар келар, кетар, лом-мим демас, сўз айтмас…
Йигитдан-чи, йўқ дарак, у энди мангу қайтмас…
_____________
* Шеърнинг номи аслиятда “Ғаввос”. Рус таржимони В,Жуковский ўз таржимасида мазмундан келиб чиқиб, “Жом”, яъни май ичиладиган қадаҳ, деб атаган.
** П а ж – рицарлик унвонини олишни мақсад қилган подшоҳнинг ёки бирон амлакдорнинг шахсий хизматкори, ғуломи. Бошқа маъноси – маҳрам.
*** К о р а л л – маржон-маржон бўлиб яшайдиган дегиз жониворларининг тошга айланган қолдиқлари. Улардан аёлларнинг безак буюмлари, тақинчоқлари ясалади. ясалади.

* * *

Оламларнинг зулмати аро
чўкмиш тубсиз қаър,
Қаър узра ел кифтида
қайиғим учиб борар.
Гирдоблардан ўтарман,
Шартта лангар отарман
Ҳали ҳаёт нафаси ухлаган қирғоқларга,
Коинотнинг ҳудуди қулоч ёзган ёқларга.
Аён кўрдим: юлдузлар
елкама-елка турар,
Асрий удумни тутиб, бир-бир
изма-из юрар.
Ана, интилиб олға,
Учар, истаб қўналға…
Бутун атроф уларга кўздай
боқар нигорон,
Ва кўрар: юлдузсиз кўк, осмон,
нари — бепоён!
Қуюндан ҳам, нурдан ҳам тездир
менинг парвозим.
Мард бўл! Етсин итирқин ул
ерга-да овозим!
Аммо булутлар йўлда,
Туманлар ўлда-жўлда,
Таптортмас қайиғимга
боқар экан маҳлиё,
Сайёралар шодаси тўлқинланар жо-бажо.
Кўрдим — кимдир ошиқиб
келарди менга пешвоз.
“Қаёққа? — қичқирди ул. —
Қадамингни билиб бос!..”
“Гирдоблардан ўтарман,
Шартта лангар отарман
Ҳали ҳаёт нафаси ухлаган қирғоқларга,
Коинотнинг ҳудуди қулоч
ёзган ёқларга…”
“Ҳайҳот! Борар йўлингнинг
йўқдир асло поёни! —
Мен ҳам ҳеч ер қолдирмай
кезиб чиқдим дунёни!.. ”
Бу йўл бепоён жуда,
Уринишлар беҳуда…
Бургутқанот фикр лол, теран
ақлу идрок лол,
Ройиш бўл, сен ҳам, шоввоз,
лангарингни ташлай қол!
1781

КОЛУМБ

Олға, қўрқмас юзувчи!
Кулса, майли, нодонлар;
Дарға қўлдан чиқарса кема
чамбарагин ҳам.
Олға, мағрибга! Қирғоқ яқин,
йўқдир гумонлар,
Кўриб турар идрокинг
йироқларни мужассам!
Қўрқмай уммонга йўл сол!
Ақл-сардорга ишон!
Соҳил йўқ-са, ер бўлар
уммон тубидан пайдо.
Табиат — даҳо доим
бир-бирига қадрдон:
Ваъда берса даҳо, бас, —
табиат қилгай адо!
1795

ШОДЛИККА ҚАСИДА

Шодлик, эй сен илоҳий олов,
Жаннат руҳи ёр эрур сенга.
Сармаст бўлиб, юзимиз лов-лов,
Кириб келдик ёруғ қасрингга!
Бир-бирига душманларни ҳам
Осонгина айлайсан иноқ.
Қанотингни кенг ёзганинг дам
Ҳамма бўлур ўзаро ўртоқ.

Х о р

Бир-бирингга шодлик кўр раво,
Бағрингни оч, эй аҳли башар!
Юлдуз юрти узра-чи, боқар
Меҳру ишққа айланган худо!
Турмуш, рўзғор ташвиши аро
Дўст, дўстликни асрай олган зот,
Дилдорига айлаган вафо —
Ўша келсин даврамизга бот!
Кимки боқса беписанд, худком,
Нозик кўнгил ришталарига,
Кўздан ёшлар тўкса ҳам, тамом,
Кетсин орамиздан нарига!

Х о р

Мавжудотда борки тирик жон,
Мангу дўстлик деб қасам ичсин!
Қасамимиз кўкларга учсин,
Унда эгам — сарвари жаҳон!

Бор борлиққа она табиат
Раво кўргай шодлик шарбатин.
Барчага ҳам бирдай пок ният,
Очиб қўяр толе қат-қатин.
Бизга бергай май, ёр нигоҳин,
Ато этгай дўсти мукаррам.
Малак кўра олгай худони,
Шафқат бўлгай мискинларга ҳам!

Х о р

Итоатми шукуҳинг, шаънинг?
Кўрдингми эй, Илоҳни, жаҳон?
У юксакни тутмишдир макон;
Самоларда қишлоғи анинг…

Шодлик, шодлик У берган шиддат
Юритгувси жаҳон соатин,
Нурлар туғар итирқин зулмат,
Гул-мевага бахш айлар тотин…
Чархи фалак ила қургай баҳс,
Шиор айлаб суръат-шитобни,
Мунажжим ҳам чамалай олмас —
Юксакларда кўргай офтобни!

Х о р

Жангга кирган марддай бағритош,
Кўк юлдузи каби жилвагар,
Сафарингиз бўлсин бехатар,
Шодлик бўлсин йўлларда йўлдош!

Шодлик билан чечандир оқил,
Саҳфаларга ёзар ҳақ гапни.
Эътиқод-ла кутар алҳосил
Жафокаш дил — тоза матлабни.
Байроқлари ҳилпирар юксак
Юлдуз ичра чўмиб нурларга.
Бош эгганча қарар куюнчак,
Ёрилган ул эски гўрларга.

Х о р

Юлдуздан-да баландда рўй-рост,
Хушбахт олам яшнар ғаройиб,
Сабр айла, ким ожиз, заиф —
Ажр бордир унга, бор қасос!

Худолар зор эмас оҳларга!
Бир нарсада тенг бўлурмиз, тенг:
Шодлик жомин ёнига барча —
Маҳзунларни чорлайлик, келинг!
Кетсин нари низо-нифоқлар!
Юзга солма душманинг айбин:
Ўртамасин азоб-қийноқлар,
Сирқиратиб юрмасин қалбин.

Х о р

Ўтга отинг қарзлар дафтарин!
Тинчлик, шодлик — шу, зулматдан йўл!
Қандай ҳукм чиқарсак мақбул —
Шундоқ ташлар ҳақ ҳам назарин.

Шодлик қайнар қадаҳда лим-лим,
Ишком қизи бахш этар сафо.
Ёвузларнинг юмшатар дилин,
Қўрқоқларга айлар куч ато.
Эй оғалар, шароб хушхандон
Кўпирсину, кўкка етсин соз!
Оҳ, май жоми айланган замон
Ёғду руҳи бўлгай сарафроз!

Х о р

Мадҳу сано ўшанга бари,
Фаришта-ю юлдузлар ҳам жўр…
Қадаҳ сўзи, жарангли, мағрур —
Уч, самовий қишлоқлар сари!

Азобларда сабот бўлсин ёр,
Ким мазлумдир — ўшанга мадад,
Бузилмас аҳд кучи барқарор, —
Шундоқ бизнинг олий урф-одат!
Бош эгманг ҳеч золим қаҳрига,
(Кетса ҳамки, майли, ширин жон),
Ўлим — макр малайларига!
Адл-инсофга бўлсин шараф-шон!

Х о р

Эй оғалар, жипслашинг маҳкам,
Эгиларкан май жоми узра,
Худо ҳаққи, аҳдимдан сира
Қайтмайман, деб айлангиз қасам!
1785

Русчадан Муҳаммад Али таржималари

РУССО

Франция шаънига, шу воқеликка
Оғир таъна бўлиб юксалдинг тикка,
Руссо сағанаси, сенга эгдим бош!
Бунда тинч ором ол, тилсиз донишманд,
Оламда осойиш изладинг ҳарчанд,
Зотан ер қаърида сукут топди лош!

Тинмади оламда ўчлар, ёнишлар,
Зулматда маҳв ўлди неча донишлар,
Жаллодлар қолмайди дейсизми бугун?!
Жаҳолат танғиди Суқрот қўлларин,
Руссони ўлдирди бидъат қуллари —
Барин одам этмак бўлгани учун.

1781

ЗАМИН ТАҚСИМОТИ

Зевс инсонларга деди: «Мана ер!
Олинг, саховатим инъоми ушбу!
Муқаддас меросга соҳиби таъмир —
Мунда баҳамжиҳат яшанглар мангу!»

Дарҳол аломонга келди тўрт тараф,
Гувраниб кекса-ёш оёққа турди.
Деҳқон кетди олтин қирларга қараб,
Овчи ўрмон сари йўлини бурди.

Тожирга мулк тегди, аббатга — шароб,
Карвон йўлларида қиролда тизгин,
Сарҳадларга соқчи қўйди беҳисоб:
«Қани, тижоратдан бож-хирож чўзгин!»

Бир пайт денг, элдан сўнг, олис йўлдандир,
Шоир етиб келар, не гап, бехабар.
Замин тақсимоти ўтиб бўлгандир,
Унга кафтдек бир жой қолмабди магар.

«Воҳ, мен шўрпешана! Эй исми қодир!
Содиқ бир ўғлингга наҳот ҳеч вақо?!» —
Оҳ уриб юз тубан тушаркан шоир,
Шундоқ ваъз айтади ул ҳукми якто:

«Беҳуда хаёллар сарҳадларида
Кезмишсан! Малолдир энди талабинг!
Қайда эрдинг тақсим соатларида?!»
«Сенинг бирлан эрди дилим-матлабим!

Нигоҳи — мунаввар сиймонгга пайванд,
Нурли сўзларингга боғлаб имонни,
Афв эт, ҳислари олий комга банд, —
Ерий инъомлардан бехабар жонни!»

Шунда Зевс деди: «Илож не, қани,
На мисқол ёр қолди, на шаҳрим-кентим.
Мана, очдим осмон — Арши аълони,
Бунда қачон келсанг, азизсан энди!»

1795

ҚЎЛҚОП

Оғир қафас қошида мағрур
Кирол Франц ўлтирар ёвқур
Арслонларнинг кутиб жангини.
Тахт гирдида кўшкларда юксак
Аҳли кибор — аёлу эркак
Эслатарди чаман рангини.

Ногоҳ қирол соҳиб маҳобат
Бажо этар хос бир ишорат, —
Очилади залворли қафас.
Тез ўртага чиқади шу он
Боши юнгдор баҳайбат арслон
Ва тек туриб қолади бирпас.

Теграсига шошилмай боқиб,
Эснаб, тарс-турс ёлини қоқиб,
Чўзиларкан ерга эринчоқ,
Гал иккинчи қафасга етар,
Зил эшиклар очилиб кетар
Қирол тағин имо қилган чоқ.

Бул қафасдан аччиқ ўкириб,
Гоҳ ўқ, гоҳ ёй шаклига кириб,
Тажанг йўлбарс чиқар майдонга
Норози, ўч кўрсатиб ўзин,
Жағ ўйнатиб, ёндириб кўзин,
Сўнг чўкади арслон ёнига.

Қирол тағин имо қилганда
Очилади учинчи тамба
Ва тушгандек гулдирак ерга,
Пайдо бўлар ўртада шу он
Икки нафар ичиккан қоплон,
Зуғум солиб йўлбарсу шерга!

Ташланаркан йўлбарсга икков,
Панжа солар ул ҳам қайтмай, дов,
Тикраяди тишлар ва туклар!
Аммо бирдан тикланиб арслон,
Ўкираркан, тинчланар майдон,
Жимиб қолар асов мушуклар.

Айни пайтда заррин кўшкдан, воҳ,
Йўлбарс ва шер устига ногоҳ
Тушиб кетар нафис бир қўлқоп.
Соҳибжамол Кунигунд шу дам
Нозли, нафис киноя билан
Боқар рицарь Делоржга алқаб:

«Жаноб рицарь! Севсангиз ростдан,
Касам ичманг, қўлқопни пастдан
Олиб чиқиб беролсангиз бас!»
Рицарь Делорж — орият соҳиб,
Пастга тушиб кетар тик боқиб
Кизнинг сўзи тугар-тугамас.

Кўрқув қайда! Кўзлари чақноқ,
Махлуқларнинг ўртасидан нақ
Бориб олар қўлқопни шоввоз!
Ҳаяжон ва ҳадикда турган
Тўда гувва таҳсин ўқиркан,
Юқорига чиқиб борар ғоз!

…Нигоҳида нозик майл, қув,
Уни кутиб оларкан сулув,
Йигит зарра этмайин парво,
Кўлқопини отар жононга:
«Зор эмасман сизнинг эҳсонга!»
Ва тарк этар қизни шу асно.

1797

КОЛУМБ

Жасур сайёҳ, олға! Қўрқма нодонлардан, кулкидан,
Оғир гардиш майли қочсин ҳорғин дарға илкидан.
Ғарбга, фақат ғарбга талпин, ана, яқиндир қирғоқ:
Хаёлингда ёнаётир мафтункор ва ярқироқ!

Идрок – сурур ёринг! Баҳрул Муҳит узра сол сурон,
Ер йўқ эрса, сув қаъридан шаксиз бўлгай намоён!
Азал-абад даҳо билан табиатдир мувасо –
Кўнглимизга нени солса, албат этади бажо!

НЕЧУК ШИРИН БАХТ ЭКАН…

Нечук ширин бахт экан, бўлмоқ
Бир одамнинг севикли ёри!
Жаннатдан ҳам лазиз экан, оҳ,
Битта бўсасининг хумори.

Энди билдим, ҳув қўш кабутар
Ҳу-ҳулашар неларни ўйлаб!
Ва булбуллар ҳар кун тонготар
Нени орзу этишар куйлаб?!

Энди билдим, ҳудудсиз қалбим
Қай ҳасратдан бўлмиш тенгу тор
Ва сарғайиб чеҳраи зардим
Қайси нурга бўлмиш муштоқ, зор?!

Шу пайтгача нечук кулмабди
Менга баҳор, гул юзли зебо?
Нечук кўнглим бир очилмабди
Минг сайраса булбули гўё?

Чунки лаънат дердим тақдирга –
Нечук қуёш кўрмас меваман…
Бугун бирдан нурга етишдим:
Бахтиёрман! Чунки севаман!

Омон Матжон таржималари