Хосе Марти (1853-1895)

Хосе Марти (José Julián Martí y Pérez) 1853 йил 28 январда Гаванада туғилган. Куба адабиёти тараққиётига катта ҳисса қўшган шоир, публицист, файласуф, сиёсатчи ва жамоат арбоби бўлган. Куба миллий қаҳрамони сифатида эъзоланади. “Исмаэлильо” (1882), “Эркин шеърлар” (ХIX асрнинг 80-йиллари), “Содда шеър­лар” (1891), “Сургун гуллари” (1913) шеърий тўпламлари эълон қилинган. Шоирнинг романтизмдан реализмгача бўлган тадрижни босиб ўтган ижоди Куба шеъриятида муҳим янгиланишларни бошлаб берди. 1952 йилда Хосе Марти таваллудининг 100 йиллиги жаҳон миқёсида кенг нишонланган.

ҚАҲРАМОНЛАР

Мармар сафлар кирди менинг тушимга,
Ҳайкал қаҳрамонлар сақларди сукут.
Улар ҳузурида келиб ҳушимга
Гўё суҳбат қурдим, сўрадим ўгит.
Тош сафлар ёнидан ўтдим виқор-ла,
Ҳар бир тош ҳайкалнинг ўпиб қўлини,
Тош лаблар шивирин мен эътибор-ла
Тинглаб кездим сафлар ўнгу сўлини.
Тош соқоллар силкиндилар оҳиста,
Тош кўзлардан ёшлар оқиб тушдилар.
Ва тош қўллар асабий ёпишдилар
Тош қиличлар дастасига бир пасда.
Ҳайкаллар дастини жимгина тутиб,
Суҳбат қурдим тунда ўзни унутиб.
Тош сафлар ёнидан виқор-ла ўтиб
Йиғладим нафасим ичимга ютиб.
Минг бир хаёл қанотида учаман,
Қаҳрамонлар тош ҳайкалин қучаман.
Дейман: “Сўзла, савлат тўккан навкарим,
Тош совутда нега жимсан, нега жим?
Эшитдим, авлодинг кўп ичар экан,
Бегоналар заҳар қўшган қадаҳдан.
Шаробмас, ўз қонин хўп ичар экан,
Йўқсизлик уруғи жўшган қадаҳдан.
Ўз тилларин унутиб ўз элида,
Сўзлармишлар хўжайинлар тилида.
Тағин қонга белаб дастурхонини,
Ер эмишлар виждонсизлик нонини.
Қонли стол узра кўкрагин кериб,
Бекор сафсатага вақтини бериб,
Сўндиришар эмиш қалб қўрин энди.
Айтиб бер-чи, менга, мармар навкарим,
Эгнига тош совут кийган саркорим,
Қаҳрамоним, балки оловинг сўнди!”
Лекин мен бағримга босган қаҳрамон
Бир урди-ю ерга ағдарди шу он.
Найзасин бўғзимга қадади бирдан
Тушунолмай гаранг эдим бу сирдан.
Манглайдаги совуқ терларин артиб,
Тош ҳайкаллар сафландилар батартиб.
Қаҳрамонлар отланишиб жанг сари —
Ҳужумга ташланди бирдайин бари!

* * *

Золимми? Сен золим ҳақида гапир,
Дилингда неки бор — барин тўкиб сол.
Шарманда қил уни, узиб-узиб ол,
Қуллик андуҳларин гапир бирма-бир.

Ёлғонми? Сен ёлғон ҳақида сўзла,
У билдирмай келиб ёқадан олар.
Одамзод бошига минг кулфат солар,
Сен золиму ёлғон ҳақида сўзла.

Аёлми? Никоҳда бўлган чоғда ҳам,
Заҳар-заққум ютиб ўлсанг, ўл, майли.
Доғ тушмасин сенга аёл туфайли,
Аёлни ёмонлаб, бўлма муттаҳам!

* * *

Кумуш тусли булутнинг тунд бағрини,
Қизғин нурлар бирдан парчалаб сўкди.
Қуллар ортган кема очиб сағрини
Тутқун занжиларни соҳилга тўкди.

Хурмолар букилди. Увлади шамол,
Буталар шохини қайириб солди.
Бегона бир юртга тонгда бемажол
Қулларнинг сафлари ўрмалаб қолди.

Кулбалар эшигин юлқийди бўрон,
Томларни учирар кўкка пайдарпай.
Қул — она боради қўлида нолон
Гўдаги йиғлайди чирқираб тинмай.

Туманда қизарган доира нишон —
Офтоб қум соҳилдан излайди чора.
Дарахтнинг шохида қўлида кишан
Осилиб ётибди ёш қул бечора.

Йўқ, буни болакай унута олмас,
Юраги қон қақшар, кўзларида нам.
Қуллар ҳаёти-чун олгум деб қасос,
Жасад тепасида ичади қасам.

ИККИ ВАТАН

Менда икки Ватан бор:
Бири Куба, бири тун
Ёки икков бус-бутун.
Кўк юзида сервиқор
Офтоб чиқиб тахтига,
Кулса ернинг бахтига,
Ғамгин бева мисоли —
Тўрга ўралиб олиб,
Қўлда тутиб чиннигул
Рўпарамда пайдо ул —
Бўлиб қолар дафъатан
Куба — муқаддас ватан.
Қалтираган қўлдаги
Чиннигул менга таниш.
Кўксим бўм-бўшдир менинг —
Юрагимнинг ўрни бўш.
Ҳаётдан кетиш пайти
Етиб келди менга ҳам.
Энди “Хайр-хўш” айтиб
Жўнаб қолиш айни дам.
Бу иш учун тун яхши,
Ёруғ берар ҳалақит.
Сўзамол кишиларнинг
Мақтови бошдан соқит.
Бирдан коинот бироқ,
Бўлиб гўёки байроқ,
Курашга чорлар мени.
Шафақ қизариб шу чоқ,
Олов бўлиб ловуллар,
Уй торлик қилиб қолар.
Таранг кўкрак қафасим,
Қисилади нафасим.

Жонсаракман ҳам дилтанг,
Деразам очилар ланг.
Қонталаш чиннигулни
Худди соқовдай узиб
Булутдай кўкни тўсиб
Менинг олдимдан бева —
Ўтиб бормоқда Куба!

* * *

Тикка боқиб ўлим кўзига
Тушундим жон берганни кеча.
Ҳамма дардни даволар экан,
Яхшилигу севгининг кучи.

Майли, зулмат қудуқ тубидай,
Майли, ўчиб кетса ҳам изинг.
Яхшилик қил, билгин, албатта,
Ҳаловатдан ёришар юзинг.

МЕҲРИБОН ПЕДРО

Қадрдоним Педро, мендан хафасан,
Менсимай одобу одатлар кучин,
Сочимни ўстириб юрганим учун.
Сен бекорчи Шимол макрига учиб
Кунларни бетайин ўтказмоқдасан,
Маст-аласт жазманлар белини қучиб
Қиморда гоҳ ютиб, ютқазмоқдасан.

Бепарво қадаҳга қадаҳ улайсан,
Лекин гулоб эмас қадаҳларингда,
Қайнар қўлларингдан оққан терли қон.
Мен эса ёлғизман — қайғули, тамкин,
Кечки нонуштам ҳам қотган бурда нон.
Мени қийнамоқда ўша ўй ҳамон:

Одамларни қандай қутқариш мумкин?
Қандай озод этмоқ мумкин қулликдан?
Сени шармандали бекорчиликдан
Қандай қилиб халос этса бўларкин?
Очиқ айтиб қўяй, меҳрибон Педро,
Ҳозир чўнтагимда йўқ бир мири ҳам.
Ўсган соч-соқолим олдириш учун
Бирор сартарошга тўлайин десам.

* * *

Софдил бир одамман, ватаним хоки,
Пальмалар ўсувчи осойишта ер.
Мен ўлиб кетмоқни истамам токи,
Қалбимнинг қаъридан туғилмаса шеър.

Ҳар ердан келаман ҳисларга тўлиб,
Ҳар қандай ўлкага мен йўл оламан.
Санъатда яшайман мен санъат бўлиб,
Чўққи узра чўққи бўлиб қоламан.

Мен ноёб гулларнинг, ўт-гиёҳларнинг
Номини биламан жуда ҳам кўплаб.
Биламан ғурур-ла чеккан оҳларнинг
Нобуд бўлганини заҳардан ҳўплаб.

Тунда тонг отгунча зулмат қўйнида,
Устимга қуйилди ёмғир риштаси.
Нурдан маржон тақар оппоқ бўйнига
Тоза гўзалликнинг соф фариштаси.

Мен кўрдим ул гўзал нозанинларда
Нурафшон қанотлар ўсиб чиққанин.
Мен кўрдим: уларни чанг-тўзонлардан
Учган капалаклар тўсиб чиққанин.

Мен эркакни кўрдим, кўксида ханжар
Санчилган ҳолатда яшарди, ё раб.
Лекин бирор марта солмади у жар,
Ким уни шу кўйга солганин, инграб.

Фақат икки марта мени букди ғам,
Икки бор қолганман кўзимни ёшлаб,
Менинг бағрим тиғлаб ўлганда отам
Ҳамда кетганингда сен мени ташлаб.

Титраб-қақшаганман ҳаётда бир бор,
Бу юз берган эди гуллаган боғда.
Ёвуз қовоғари чириллатиб зор,
Қизчамнинг юзини чаққани чоғда.

Умримда бир марта қувондим чексиз,
Омадим чопгандай бағримни тиғлаб,
Менга машъум ўлим ҳукмини шаксиз —
Эълон қилганида зиндонбон йиғлаб.

Ер узра, сув узра елмоқда нафас,
Шамолдек бизга ҳам қилар у таъсир.
Ва лекин аслида бу нафас эмас,
Бу менинг ўғлимдир — уйғонар ҳозир.

Дерлар, рангдор тошда мусаффоликни,
Излаб топа билиш, баҳолаш муҳим,
Худди шу боисдан содиқ дўстликни
Муҳаббатдан устун биламан муқим.

Менинг кўрганим бор: ўқ теккан бургут
Самовий кенгликда кетар йўқолиб.
Кавакларда ўлиб бўлади унут
Қора илон заҳрин ўзига солиб.

Мен биламан, рости, бу кенг коинот
Кучдан толиққан чоғ қурир бўзариб.
Сукут сақлар экан қилганча тоқат
Булоқ қайнаб чиқар ердан кўз ёриб.

Нетай кўкрагимда мен йиллар оша,
Оғриқдан яшириб ўртайман қалбим,
Халқнинг ўз фарзанди халққа қул яшаб,
Охир-оқибатда ўлаётир жим.

Не тонг, ҳаммаси зўр, ҳаммаси яхши,
Мусиқа жарангдор, барчада онг бор.
Бари жавоҳирдай — жилвалар нақши,
Кўмир бўлса бас-да, зиё на даркор.

Мотамсаро тўда менга хўп таниш,
Эҳтиром-ла кўмар ғофил бандани.
Бутун ер юзида қийиндир топиш —
Ширин емиш бўлар тупроқда тани.

Хаёл сураяпман, мен сукут сақлаб,
Истамам олишни қофиябоз ном.
Майли, мен докторлик унвонин ёқлаб —
Сичқонга ем бўлсин чанг босган диплом.

* * *

Мен оддий бир ўлим топсайдим дейман,
Худди даладаги майса, ўт, япроқ.
Тепамда шам эмас, ёнса юлдузлар,
Қабрим бўлар менинг қаро ер, тупроқ.

Майли, сотқинларни тўсишсин нурдан,
Қоронғи гумбазлар, зах тош остига.
Ҳалол яшаб ўтдим — менга мукофот
Офтоб нури тушса қабрим устига.

* * *

Сезаяпман: айни пайтидир,
Сўзлаб берай, дил тўла қайғу,
Гватемала қизи ҳақида —
Муҳаббатдан ўлиб кетди у!

Жасмин гули, нилуфарлардан
Манглайига чамбарлар тердик.
Тобутини қабрга қўйиб
Ёш жасадни тупроққа бердик.

… Бир вақтлар севганди ёниб,
Сабот билан ёрни кутди у.
Йигит бўлса қайтди уйланиб,
Муҳаббатдан ўлиб кетди у!

Қўшнилари дарду аламда,
Тобутини кўтариб бошга,
Ёш жасадни қайғу ва ғамда
Элтди кўзлар тўлганча ёшга.

… Келди! — деган қанотли хабар
Унга ҳаёт ато этди-ку!
У уйланиб қайтди, алҳазар,
Муҳаббатдан ўлиб кетди у!

Видолашиб, лабимни муздай
Манглайига босдим титраб жон.
Уни жуда унутиш қийин
Унутолмам уни ҳеч қачон.

У дарёга чўкди… У ердан
Оқсоч келди кўтариб ёҳу!
Шамоллашдан ўлди дейишди,
Муҳаббатдан ўлиб кетди у!

Сағанага қўйилди тобут
Аста силаб турфа гулларин.
Тўйиб-тўйиб йиғлаб олдим мен
Ўпиб унинг жажжи қўлларин.

Сўнг кетдилар мени етаклаб
О, дилимда аламли туйғу…
Маҳбубамни учратмадим ҳеч,
Муҳаббатдан ўлиб кетди у!

* * *

Пўртанага кўзинг тушса агарда
Билки ўша менинг шеърим, юксалган.
Юксалса-да осмон қадар авж парда
Майингина куйга ўхшар тор чалган.

Менинг шеърим ўхшаб кетар ханжарга,
Дастасини тутган қўлда гуллайди.
Фавворадир, шеърим айланиб зарга
Шаффоф томчилари шан шовуллайди.

У пойандоз майса эрур ям-яшил,
У босқондир чақнар ўт наърасидан.
Шеъримни ўқ теккан бир кийик деб бил,
Ҳимоя излаб юрар тоғ дарасида.

Ҳар бир сатри жасоратга тасалли,
Соддагина, самимийдир шеърларим.
Пўлатдан қуйилган қиличдир, балли,
Юрагим қонидир, манглай терларим.

Файзи Шоҳисмоил таржимаси.

* * *

Норгил ўсмиш сокит ҳаводан
Баҳра олган оқкўнгил одам
Бергум ҳаёт ҳикматига тан
Дил тубидан шеър отилган дам.

Қайда бўлсам, етиб келгайман,
Ҳисдай етгум бўлса қайси бурж,
Санъатга санъатлик қилгайман,
Чўққиларда чўққидирман қурч.

Мен биларман кўп ноёб хилқат –
Гуллар билан ўтларнинг номин.
Биларман кўп кибрли кулфат,
Заҳарни ҳам – ҳаётга зомин.

Тирқиши йўқ тунда тепадан
Ёмғир бўлиб қуяр бетиним
Бир илоҳий гўзалликка шаън
Пок нурлар соф шуъласи сим-сим.

Кўрдим: бўлди нурафшон қанот –
Соҳибаси, у, гўзал хотин.
Кўрдим: балчиқ ва чангдан бот-бот
Капалаклар учиб чиқди, чин.

Кўрдим: ханжар санчди – ўтмай зум –
Ўз кўксига, ўшанда, бир эр
Ким бу ҳолга солди – тишлаб мум –
На ингранар, на бирор сўз дер.

Бадар кетган жонларни, сазо –
Бермай, кўрдим икки марта мен:
Шўрлик отам қилганда қазо
Ва мени тарк этганингда сен.

Бир гал титроқ босди, тизимдан –
Мадор кетди; боғдан сал нари –
Ерда чақди – жимит қизимдан
Ўч олгандек – баттол болари.

Фақат бир бор бўлдим шод-хандон,
Енгил нафас олдим безаққум,
Айтганида йиғлаб зиндонбон
Этилганим ўлимга маҳкум.

Еру сувда сездим бир нафас
Тегиб ўтди у мисли шамол.
Лекин руҳи равоним бу сас –
Менинг ўғлим уйғонар алҳол.

Чақноқ тошлар қадри – билмас ким –
Тозалиги – шуни изла, топ.
Шу-чун содиқ дўстликни этдим
Муҳаббатдан ортиқроқ тавоф.

Кўрдим бургут ўқ еган онни:
Кўтарилди самоларга у.
Кавак ичра қора илонни
Ўлдирди ўз ҳунари – оғу.

Билдим, иягига кафт тираб,
Ҳорғин олам олганида тин,
Мовий жимлик аро жилдираб,
Янги булоқ кўз очар секин.

Остонамга келиб-йиқилиб,
Милдир-милдир сўнган юлдузга,
Шавқ ичида, мен ирим қилиб,
Қўл тегиздим – суртай деб кўзга.

Неча йилки, кўксимни тешар
Бир дард қалбим эзганча пинҳон:
Қул-халқ ўғли халқ билан яшар,
У деб берар ҳеч таф тортмай жон.

Бари гўзал, бари барқарор,
Бири бошқасига масаллиғ.
Бари, гўё, олмос – қиррадор,
Кўмир бўлса, сўнг бўлар яллиғ.

Не тентакни тумонат одам
Ҳурмат билан дафн этишар.
Бу дунёда барчасидан ҳам
Сархил мева мозорда пишар.

Ҳаммасини билсам, не эмиш,
Қофиябоз бўлмай деб мен – жим.
Сичқонларга сийлову емиш
Чанг босган докторлик дипломим.

* * *

“Ғам” дейсизми? “Ғамга ботди” деб ким –
Айтди мени? Шу сўз жўяли, ўнг:
Нур, аланга, ғалабалардан сўнг
Келар менинг қайғу чекар вақтим.

Бир кулфат бор: теран денгиздан ҳам,
Асрларки, у эзгани эзган,
Бу – инсоннинг қуллиги, – биз безган –
Оламда йўқ ундан даҳшатли ғам!

Тоғлар бор – шарт чўққисига сабот –
Ила чиқмоқ; сингиб танамизга,
Шундан кейин уққаймиз, дил, бизга –
Ўлимни ким айлаган мукофот!

Рус тилидан Муҳаммадали Қўшмоқов таржимаси