Синтио Витьер (1921-2009)

Синтио Витьер (Cintio Vitier) 1921 йил 25 сентябрда АҚШнинг Флорида штатида туғилган. У 1947 йилда Гавана университетининг юридик факультетини тамомлайди. Ёшлигидан адабий муҳит таъсирида улғайгани сабабли ноширлик ва журналистика соҳасида фаолият юритади. Биринчи “Шеърлар” номли китоби 1938 йилда Хуан Рамон Хименес сўзбошиси билан чоп этилган. Унинг “Субстанция” (1950), “Арафа” (1953), “Шоҳидлик” (1968), “Саналар” (1981), “Йўқолаётган саҳифалар” (1988) ва бошқа китоблари нашр қилинган. Адабиётшуносларнинг таъкидлашича, “Хасинто Финалнинг хатлари” асарининг иккинчи бўлими руҳ жиҳатидан Б.Пастернакнинг “Доктор Живаго”сига яқин турар экан.
Шоир 2009 йил 1 октябрда Гаванада вафот этган.

ХОТИРА

Йиқилдим ўзимнинг чуқурлигимга,
На оёқ, на қанот қололди ушлаб.
Дунё бўшаб қолган. Ҳеч ким йиғимга
Жавоб қайтармайди, гўё туғишган.

Сукунат. Хилватда асаблар таранг,
Бир замон бўлганман яшину чақмоқ.
Музлаган боладай турибман аранг,
Бошимдан уради момақалдироқ.

Тирмашиб чиқаман кунлардан ғамгин,
Кучини кўрсатар пойгакдаги лой.
Демак, бутун умр қидирган умрим –
Салкам икки метр келадиган жой.

ТОНГ

Ёлғиз светафор.
Овлоқ кўчада,
Кимгадир йўл берар
Катта кўчада.
Ғамгин бораётган ой қаршисида
Музлаб шивирлаган тун қаршисида –
Кимнингдир йўлини қўяди тўсиб,
Кимнингдир йўлига қўяди тўсиқ.
Қайрилишим керак чапга?
Ё ўнгга –
Светафор ҳаммани солади йўлга.

ЎША ЕРНИНГ ИЧКАРИСИДА

Ўша ерда… Ўша
Ичкари уйда,
Нимани англатар у ёки бу, ким?
Фақат биламанки, аллақаерда –
Кимдир йиғламоқда бетиним.

Зулумот ичида, тушлар ортида,
Аламлар ичида тун ёяр қулоч.
Соғиниб ўйлайди ким нима ҳақда –
Мангуга айланар лаҳзалик қувонч.

БЕВУЖУД ВАҚТ

Кўринар бевужуд вақтнинг танаси…
Юракнинг тушига кираман. Жимман.
Наҳотки кул бўлар Варақ ҳаммаси –
Қаердан келганман?
Қайдаман?
Кимман?
Тун эса вужуднинг гуллаш пайтида,
Бу ёруғ юлдузлар ёнар, тинмайди.
Мен эса дунёнинг ҳеч нарсасига –
Тегиб безовта қилгим келмайди.

Ва ранглари ўчиб борар туманнинг,
Бир куни йиғлайди бу пажмурда Вақт.

* * *

Шоирлар қаранглар: Кўринмас зулмат,
Гапирар оловли илҳом париси.
Меҳмонхона шовқин. Йўқдир ҳаловат,
Нурли ҳошиялар. Гулларнинг иси.
Нурланар ирисли шу бинафша ранг,
Ва ёзиб ўтирсанг уятдай гўё.
Фақат йиғлайверсанг садоқат билан,
Кўз ёшдай жилмаяр афсунгар Дунё.

ВАРАҚ

Оқ. Оппоқ бир варақ устида,
Сирли куч бор. Яна ҳаяжон.
Сендаги жасорат – темир тусида,
Ва инграб, инграниб айтилган ҳижрон.

Кечирим сўрамоқ оҳангидаги,
Бу ўша оппоқ бет. Бу ўша вароқ,
Оппоқдир – илоҳий ширин нон каби,
Кўкдаги сермаҳсул буғдойдай юмшоқ.

Китобдан аниқла юлдуз бор жойни,
Солиштир тунларни ёруғ ва кескин.
Совуқ ва тинчимас баландлик борми,
Шу тинчлик китоби беради таскин.

Сенга очиб берди бош саҳифасин,
Бари китобларни тушириб ерга.
Қадрига етмадинг, тинчлик туҳфасин,
Вақтни аямадинг совуриб елга.

Шунда ҳам қолмоқда қоғозлар оппоқ,
Сенинг сиёҳларинг эса қоп-қора.
Топ-тоза, ёп-ёруғ, сип-силлиқ, юмшоқ,
Муқаддас дарахтлар ўсар тобора.

Дафтар чизиқлари борар оралаб,
Бирор жой қолмаган. Ё бирор хитоб.
У дунё турганда йўлингга қараб,
Ҳушингга келтирар яна шу китоб.

* * *

Яшириниб бўлсайди сўзга,
Ва овунсанг бирор иш билан.
Кеч тушганда кўринар кўзга,
Наҳот ерда эмасман мен ҳам?

Атрофимда суянчиғим йўқ,
Бармоқларим қидирар юпанч.
Қуёш порлар – нурлари совуқ,
Ҳамон давом этар ўша ранж.

Ер остини кўраман қат-қат,
Кўзларимни ювар зулумот.
Қаердандир думалаб келган,
Узун-қисқа соя бор фақат.

Овозига соламан қулоқ,
Шамол беҳад таратар оҳанг.
Аммо қалбим бу ердан йироқ,
Аммо қалбим бетаскин, беранг.

Рус тилидан Хосият Рустамова таржимаси