Порфирио Барба Хакоб (Porfirio Barba-Jacob; 29 июль, 1883 – 14 январь, 1942) – колумбиялик машҳур шоир, асл исми – Мигель Анхель Осорио (Miguel Ángel Osorio Benítez). Хакоб умр бўйи саёҳат қилган, Куба, Ямайка, Коста-Рика, Гватемала, Гондурас, Перу ва АҚШда яшаган. Мексикада вафот этган. “Қўшиқлар ва мунгли шеърлар” (1932), “Қора атиргуллар” (1933), “Порлаган юрак” (1942) шеърий тўпламлари муаллифи.
ЮРАК
О, менинг гуллаётган юрагим, шошма!
Кўкрагимда ёнаётган қизил маёқ,
қирмиз қуйқа, ол гулли эҳтирос – ташна
юраккинам, тафтинг сўнар бир куни бироқ.
Гупурлашинг – найсон нафаси,
кўклам завқин эслатар бугун.
Вақти келиб кўкрак қафасим
зиндонга айланар сен учун.
Шум тақдирнинг узун чангали,
дабдурустдан бўғзингдан олар.
Умр деган кема лангари,
аросатда мангуга қолар.
Қўшиқларинг серзавқ туғёни
қиздирганда мажруҳ бағримни,
кўз ёш билан ювиб фиғонни,
кутгайман айрилиқ қаҳрини.
О, менинг гуллаётган юрагим, шошма!
Кўкрагимда ёнаётган қизил маёқ,
қирмиз қуйқа, ол гулли эҳтирос – ташна
менинг юрагим…
О, юраккинам…
ТЕРАН ҲАЁТ ҚЎШИҒИ
Одам – аллақандай ғалат нарса,
ўзгарувчан ва беқарор.
Монтен
Кунлар борки, кўкларда қилгаймиз парвоз,
дарахт шохин тортиб, шамолдай ғир-ғир,
худди омад самодан бергандек овоз –
ложувард денгиздек ҳаёт мавжланур.
Кунлар борки, бизлар сахий, жуда ҳам сахий –
гўё апрелдаги етилган тупроқ:
поёнсиз ер узра буғланар ақл,
тафаккур ҳам шодлик қалбларда яшноқ.
Кунлар борки, биз шу қадар сокин ва камгап,
юраклар тош, вужудимиз харсангдай оғир:
тун сукути бошимиздан елиб ўтган пайт
Эзгулигу Ёвузликка юлдуз сочилур.
Кунлар борки, биз беташвиш, беғам,
(зангор уммон софлиги! Мовий болалик!):
шеър сатри ҳам, дайди ўрмон қуши ҳам,
ҳатто ғусса – дилга шодлик соларлик.
Кунлар борки, вужудинг ўртайди истак,
кўнглинг тўлдиролмас энг гўзал қиз ҳам:
висол онин дам-бадам қўмсайди юрак,
тинкани қуритар фироқ ила ғам.
Кунлар борки, биз қанчалар маъюс ва ғамгин,
мисоли тун қучган дарахт – қайғули.
Юрак хуфтон – дунё кўзга кўринар ҳазин,
ҳеч зоғ аритолмас зилдек туйғуни.
Яна… шундай бир кун бордир… охирги кун…
Лангар тортиқ! Оловланиб боради наҳор…
Она замин! Шалдираган шамолингни бур,
энди ерда қололмасмиз зинҳор ва зинҳор!
Рус тилидан Ҳумоюн Акбар таржимаси