Гастон Бакеро (1914-1997)

Куба шеъриятининг таниқли намояндаларидан бири Гастон Бакеро (Gastón Baquero) 1914 йил 4 майда Хольгин вилоятида туғилган. Ўтган асрнинг 40-йилларида Хосе Лесама Лима бошчилигидаги “Орихенес” (бу сўзни “манбалар”, “илдизлар”, мазмун-моҳиятига кўра эса, “азалий”, “асослар” деб ҳам таржима қилиш мумкин) журнали атрофидаги адабий гуруҳга мансуб бўлган. “Ўз қиличи тиғидаги Саул” (1942), “Испанияда ёзилган шеърлар” (1960), “Ғойиб шеърлар” (1991) ва бошқа шеърий тўпламлар, кўпдан-кўп эсселар муаллифи. Шоир 1997 йил 15 майда Испания пойтахти Мадридда вафот этган.

КУЛГИ

Муаллим томон яқинроқ сурилиб,
“Мангулик нима?” – деб сўрадик бизлар.
Бизга узоқ тикилди чол гинаомуз,
сўнг, ниҳоят, кафтига тикилганича,
дона-дона қилиб деди:
“Мангулик нимадир – фанга маълум эмас.
Биз бутун бир мангулик давомида
бош қотирганимиз-қотирган
шу масала устида.
Хўш, тушунарлими?”
Биз бундай аниқ жавобга қойил қолиб –
“бутун бир мангулик давомида” –
ўзимизни босиб ололмасдик ҳеч,
ичакларимиз узилгудек бўлиб
хохолардик, хохолардик.

ФЛАМЕНКО МАВЗУИДАГИ РАПСОДИЯ

Ўлим билан суҳбатлар – ғаройиб эҳтиётсизлик!
Жунунвашлик эмасми тубсиз жар лабида –
бешикдан то тобутгача куйлаш?
Дарвоқе, даставвал она назорати,
кейин эса, ёрнинг мафтункор нигоҳи –
кўз ўнгида воқе
асрлар оша
ҳаммаси ўша-ўша
умидсизликнинг жазавали удуми,
енгиб ўтиш тутуми
рақсу қўшиқ –
назардан холи қилиб тақилган тумор сеҳри ила
ундан халос бўлиш иложи топилса эди –
лекин йўқ: бунга ожиздир
чевар қўллар ҳам,
жонҳалак нола ҳам!
То қайнаб оқар экан томирларда қон
кўнгил кул бўлишига йўл қўймас –
бундан ҳам кучли бошқа оловни ёқар
алҳол унинг алангаси
ва буриштирар сохта топинчлар башарасин.
Рақсу қўшиқ – маъбудларнинг унутилган тили,
жаҳаннам қаърига чўкаётган маёқ ёғдуси-ю
ўлим билан аёвсиз олишув,
ниятингга етмайсан, йўқ, мени енголмайсан –
оромга даъват ва илҳомбахш раҳмат,
ўз коҳинлари қаҳ-қаҳалари тиғида парчаланиб
сочилиб кетган қадимги санамларга хизмат.
Бу – ичдан ёниб ўрлаётган дод, дафн
вақти айтилган ашула,
қадимги овоз – Давиднинг сарсон-саргардон қабилалари
етказиб келган уни,
бу – синагоганинг тасалли топмас йиғиси: унда минг йиллик
қашшоқлик, ҳалокатга маҳкумлик, сирли муҳаббат,
гўзаллик ва насл дарёлари, тақиқланган эҳтирослар оқимлари,
буни куйлар ўйнаганча
ҳайдаб бурчакка тиқилган,–
тақдир ўз қутурган итларига ғажитадиган–
қочқин жиноятчи,
маъсум нилуфарлар соясига
сиғингулик ҳолга тушган тажовузкор.
Завол эгизаги, бу, рақсу қўшиқ бош чаноғидан
чиққан ёруғга,
бу, жаннат қопқасидаги дўзахий байрам,
белдан пастга урувчи феълдор, тантана ва парвоз –
нима бўпти ўлимга беписандларча нафрат! –
юқорига кўтарилар шундай шитоб
адёлда силкитиб ҳавога итқитилган латта қўғирчоқ –
танфуруш бузуқ таннозга,
ҳасратга, гуноҳга тўла бўлса-да, муҳаббат қўйгач жонланган –
ўша, ичига пахта тиқилган масхарабоз.
Ҳаётбахш, рангсиз қонини ерга томчи-томчи оқизиб,
кўкка ирғитарлар бечорани бешафқат
“хи-хи”, “хо-хо”лари чиқар авжига,
ва ниҳоят, дами қисилган, ҳолсиз дамида
улоқтиришар
неки бор ямламай ютгувчи
такаббур бўшлиқ қўлига.
Бу рақсу қўшиқ – иситма аралаш алаҳлаш,
бир вақтлардаги ажойиб солнинг абжағи чиққан қолдиқлари,
ва – то дунё тургунча! – Мисрнинг муқаддас мушуклари:
юқори кўтарилган қўллар ҳалқасидан сакраб ўтару улар
раққос танасини юлқалар ютоқиб.
Жозибнинг авлиё Себастьянни тешиб ўтган заҳарли ўқлари бу,
белигача олов ўрлаган жинлар базми.
Танага мажусий алқову
гитаранинг тийиқсиз гиряси,
эҳтирос ва азоб саннови тўхтаб,
ўлимолди қўрқинчи кўзни ола-кула этганда эса,
яшириниб тун зулмати аро,
учиб кетар ва ухлар тонггача
унутилган олис мозорда
бу рақсу қўшиқ.
Бу қўшиқ
ва рақс бардавом, яна ва яна, эртагача,
тонггача, ҳамишагача, адоғгача,
замон охир бўлгунигача.

Рус тилидан Муҳаммадали Қўшмоқов таржимаси