Эдуардо Карранса (1913-1985)

Эдуардо Карранса (Eduardo Carranza) – колумбиялик шоир. Унинг ижодида таниқли испан адиби Хуан Рамон Хименеснинг таъсири сезилади. Э.Каррансанинг “Унутилган ва Альгамбра” (1957), “Сўзлар ва хаёллар” (1974), “Ўлим хабари ва зерикиш” (1975) тўпламлари бир неча тилларга ўгирилган.

ҚИЗЛАРГА АЛВИДО ШОИР НОМИДАН

Эҳ, қизларжон, хиром айлаб юришларингиз,
Мадҳ этишга кўп ундаган кулишларингиз.
Оқ либосда боғлар аро кезсангиз агар,
Туюларсиз менга жасмин каби муаттар.
Ҳатто шамол тўхтаб қолар сизга келса дуч,
Ёнингиздан кетолмагай бўлса ҳамки кеч.
Шоир аҳли битганида сиз учун ашъор,
Шеъриятнинг осмонида мудом қуёш бор.
Ҳатто бахмал майинлиги сизга келмас тенг,
Билмай қолдим қани осмон, қайси бири ер.
Сизни учратганда дилдан қочар ғам,
Сиз-ла бўлсам ҳатто керакмас кўклам.
Афсус, сиз-ла хайрлашгум нигоҳ-ла мискин
Андуҳларим сизга гуллар этади тақдим.

ТЕРЕЗА УЧУН СОНЕТ

Кўзларинг осмон акси, Тереза,
Бўйинг гуллар ифоридек муаттар.
Сувнинг майин овозидек кулишинг
Ила асир олдинг гўё сеҳргар.
Алвон гуллар, буғдойларга эгилиб,
Ишлаяпсан мамнун, кулиб, берилиб.
Ишқ дарёси гўё сенинг вужудинг,
Абадият уммонига қуйилур.
Сенинг учун уйғонмишдир шафақ ҳам,
Тунда сени кутар барча юлдузлар.
Афсус, сендан айрилиқда яшайман,
Ҳатто тушларим ҳам сен ҳақда сўзлар.
Севги тўла сатрлар мадҳингга шай,
Юраккинам, Тереза, сенсиз бўзлар!

МАКТУБДАГИ ҚАЛБ

Қўлларингни узатсанг бу қоғозга,
Юрагимнинг суратини кўрасан.
Эшитилар ўтган гўзал кунлардай
Бахтга тўла юрак зарбин туясан.
Унутилиб узоқ кетар айрилиқ,
Аввалгидек қолдик иккимиз ёлғиз.
Бир пайтлар очгандик севгига эшик,
Бугун ўша лаҳзалар эмас олис.
Гар учрашсак, оловларда ёнаман,
Шу ондаёқ унутаман ўлимни.
Сукунатда хаёлларга толаман,
Югураман кўриш учун гулимни.
Юрагимга ботган наштар узилар,
Бормоқдаман ложувард макон томон,
Унда янги севги шарти тузилар,
Унда ортиқ дилни ўртамас ҳижрон.
Дардларимни мағлуб этгай бўсалар,
Хотиржамлик топар ниҳоят бу жон.

Рус тилидан Дилором Бегматова таржимаси