Эдуардо Гальегос Мансера (1915-1989)

Эдуардо Гальегос Мансера (Eduardo Gallegos Mancera) Венесуэлада шифокор, сиёсий арбоб, пуб­лицист ва шоир сифатида танилган. Унинг “Тутқунликдаги мактублар” (1965), “Ёшлик туғёнлари” (1971), “Кенг дарё ва учқур олов” (1987), “Авлодлар учун поэмалар” (1993) ва бошқа шеърий китоблари чоп қилинган.

ТЎРТ ҚИЗ

Менинг тўртта қизим бор,
чор-атрофим ёритган
тўртта офтобойим бор.
Менинг тўртта қизим бор,
ғам-андуҳим аритган
тўртта парли ёйим бор.

Менинг тўртта қизим бор,
тўрт мунчоғим, маржоним,
тўртта зебигардоним.
Менинг тўртта қизим бор,
кўлдаги тўрт қарқарам,
тўртта пальмам – осмоним.

Менинг тўртта қизим бор,
денгизда тўрт қайиғим –
муҳаббатли, меҳрли.
Менинг тўртта қизим бор,
тўртта кумуш булоғим –
зилол сувли, сеҳрли.

Менинг тўртта қизим бор,
қум-барханлар қўйнида
унган тўртта ниҳолим.
Менинг тўртта қизим бор,
тоғ ирмоғи бўйнида
тўрт милтиғим – қуролим.

Менинг тўртта қизим бор,
ҳусн олтин конида
тўртта ёмбим, ганжинам.
Менинг тўртта қизим бор,
қирмизи ол яшнаган
тўртта туп олчам, мевам.

Менинг тўртта қизим бор,
йиртқич, сокин тун аро
тўрт бор нидом – даъватим.
Менинг тўртта қизим бор,
ҳалокатли тўлқинда
тўрт кемам – жасоратим.

Менинг тўртта қизим бор,
оч-наҳор юртим учун
тўрт байроғим – ғурурим.
Менинг тўртта қизим бор,
уларда эсу ҳушим,
фикру ёдим, шуурим.

Тўрт қизим ва бир набирам –
бахтли оилам, зурёдим,
улар билан шод кўнглим.
Улар сенинг бешта ғунчанг,
Энрикета, севгилим,
қирмизи атиргулим!

МЕНИНГ БОБОМ

Набираси бўлмаган ҳеч менинг бобомнинг,
ўғли бўлмаган ҳеч менинг бобомнинг.
мол-давлати бўлмаган ҳеч менинг бобомнинг.
Умумжамоа товоғидан овқат еган у.
Ўтган-қайтган ҳамма бир тишлаб ўтадиган
нон сингари эди у.
Ҳар кун тонгда ҳавони бурдалаб-бурдалаб сотиш учун
кўчага чиқар эди у –
томма-том, уйма-уй,
“иш йўқ”дан то “эртага келинг”гача
дайдиб кезар эди у.

Менинг бобом тўнтарилган чироқ эди:
эгнига шиша сюртук кийган эди,
ҳаммаёғи кўринар эди ичидан,
бироқ липиллаган олов ҳам йўқ эди сиртдан.

Менинг бобом файласуф эди:
унинг кўзасидан ошиб-тошиб чиқар эди фикрлар.
Бир кун эрталаб
ерга тушириб синдириб қўйди кўзасин,
чил-чил бўлган идиш ичидаги ҳикматлар
одамларга сачраб кетди,
ҳамманинг у ёқ-бу ёғига тегди,
бироқ тушуниб етмади уни ҳеч кимса.
Менинг бобом ҳамма каби эмас эди:
у фақат кундуз ёруғида эмас,
тун зулматида ҳам фикрлар эди.
Бир кун илон чақиб олди унинг кўзидан,
у кўр бўлиб қолди-ю,
кўрадиган бўлди шундан сўнг…

Менинг бобом деҳқон эди:
ер ҳайдаган маҳалда
уммонни ўйлар эди.

Менинг бобом хаёлпараст эди:
балчиқ кўлмакка қараганида
туманли кўрфазни кўрар эди.

Менинг бобом олим эди:
кашф этгани, билгани
ўлгунича у билан ҳамроҳ бўлиб яшади.

Мен бобомни танимас эдим.
у тунда сайр этарди,
кундуз сочар эди нур.

Рус тилидан Рустам Мусурмон таржимаси