Деметрио Эррера Севильяно (Demetrio Herrera Sevillano) – реализм мактабининг ҳассос вакили. Унинг шеърларида Панама аҳолиси турмуш тарзига оид оддий ҳаётий ҳақиқатлар катта маҳорат ила бадиий ҳақиқатга айланади ва ўқувчини шу юртнинг турфа манзараларига ошуфта этади. “Менинг илк қўшиқларим” (1924), “Асир қўшиғи” (1947), “Дераза” (1950) каби шеърий китоблар муаллифи. Шеърлари ўзбек тилига илк бор таржима қилинмоқда.
ЮРТ БУРЧАКЛАРИ
Ғира-шира туман,
Куртак муртаклар.
Сал ёришар бу дам
Бурчак-бурчаклар.
Қуёш нури тушмас
Зах ва қоронғу −
Етим болаларнинг
Тор бурчаги бу.
Йўқсиллик тимсоли
Увада булут.
Совуқ ўчоқларда
Чорқирра сукут.
Томир тортишиши,
Тумов, кўкйўтал…
Фақирлик аталган
Бурчакдан чўтал.
Бир маст безоридай
Эшик қоқар сил.
(Кимга керак ул?)
Бу бурчак шундоқ ҳам
Сўлғин, мажмағил.
Ғира-шира туман,
Куртак муртаклар.
Сал ёришар бу дам
Бурчак-бурчаклар.
Қуёш нури тушмас
Зах ва қоронғу −
Етим болаларнинг
Хор бурчаги бу.
СЕН МУДОМ “ХЎП” ДЕЙСАН
Панамалик
менинг қондошим,
сен мудом “хўп” дейсан,
мудом “хўп”, “хўп”.
“Йўқ” демакка
изн бермайди гўё
хўжайиннинг
қўлидаги халачўп.
Панамалик
менинг қондошим,
сен мудом “хўп” дейсан,
мудом “хўп”, “хўп”.
Арзимас маошга ҳам −
“хўп”, “хўп”, “хўп”.
Бошга теккан тошга ҳам −
“хўп”, “хўп”, “хўп”.
Панамалик
менинг қондошим,
сен мудом “хўп” дейсан,
мудом “хўп”, “хўп”.
Ниҳоят, “йўқ” дегин,
ниҳоят, “йўқ” дегин.
Доимий “хўп”
ўрнига “йўқ” де.
Бироқ бу “йўқ”ни сен
“хўп”дайин айтма.
“Йўқ” дедингми,
“йўқ” де,
гапингдан қайтма.
Гап-сўздан қўрқмагин,
мутеликдан қўрқ.
“Йўқ” дедингми,
“йўқ” де,
“Йўқ!” “Йўқ!” “Йўқ!”
“Хўп”ни ёддан чиқар,
“Йўқ”ни қаттиқ тут.
“Йўқ” дедингми,
“йўқ” де,
“хўп” сўзин унут.
“Йўқ” дедингми,
“йўқ” де,
“Йўқ!” “Йўқ!” “Йўқ!”
Бироқ, бу “йўқ”ни сен
“хўп”дайин айтма.
“Йўқ” дедингми,
“йўқ” де,
гапингдан қайтма.
Панамалик
менинг қондошим,
сен мудом “хўп” дейсан,
мудом “хўп”, “хўп”.
Бу миллат бўлгайдир
тобакай тобе…
Йўғ-э,
қилинажак ишлар
ҳали жуда кўп.
Панамалик
менинг қондошим,
тобакай “хўп” дейсан,
тобакай “хўп”, “хўп”?
Арзимас маошга ҳам −
“хўп”, “хўп”, “хўп”.
Бошга теккан тошга ҳам −
“хўп”, “хўп”, “хўп”.
Панамалик
менинг қондошим,
сен мудом “хўп” дейсан,
мудом “хўп”, “хўп”, “хўп”…
Рус тилидан Яҳё Тоға таржимаси