Ана Исабель Илюэка (1903-1994)

на Исабель (Ana Isabel Illueca) таниқли панама шоираси. Оддий одамлар ҳаётини куйлагани, шеърий ифодалари содда ва тушунарлилиги боис уни “Панама деҳқон шоираси” деб ҳам атаганлар. “Пойабзал тозаловчи”, “Тоғлик”, “Газета сотувчиси”, “Мураббиянинг илтижоси”, “Илк қадамлар” каби шеърий китоблари нашр қилинган.

ЙИГИТ БЎЛСАМ

Йигит бўлсам таваккалчи бўлардим,
Оламни дегувчи, севгига чанқоқ.
Денгизларни ҳўплаб, еру осмонни,
Бахтнимас, озорни танлардим кўпроқ.

Йигит бўлсам, сира тўсиқ билмасдим,
“Ўтолмайсан” демас эди ҳеч одам.
Жарликлардан сакраб, билмай чегара
Тўхтамасдан олға ташлардим қадам.

Йигит бўлсам, ўздаги ўжарликни
Боғлаб турган ҳеч бўйсунмас ул қудрат
Ипакдайин майин, нафис бўларди,
Узиб ташлар эди қўлдаги қувват.

Ҳавасим келади кучли бастингга,
Полвоннамо кенгдир кўкрак қафасинг.
Нозик қўлларимни тутган дастингга,
Унинг қувватига келар ҳавасим.

Ўзингга боқаман – кўзларим порлар
Сендек ўғлон бўлмоқ истаги сабаб.
Менда ҳам жўш урса ул денгиз суви.
Токи тўсиқларни бузиб тошса-ю,
Сатҳи-ла қирғоқни ётса эркалаб.

Йигит бўлсам, сенга ини бўлардим,
Бўлишардим орзуни ҳам рўёни.
Ташна бўлмай мангуликка, ўлимга
Ва армонсиз тарк этардим дунёни.

РАМЗИЙ ГУЛ

Айт-чи, чечакмисан
Ё қанотли қуш?
Барглар соясида
Тин олиб сархуш,
Мажоз яратибсан
Ой ёғдусидан,
Ўхшаши йўқ инда
Кўрмоқ учун туш.

Айт-чи, чечакмисан
Ё қанотли қуш?
Сочганинг атирми,
Ё сасинг кумуш?
Озуқанг меваю
Томирда шира.
Безагинг оқ парми
Ё япроқми хуш?

Яшил шохлар ичра,
Қуюқ ўрмонда
Беркинган. Селвамнинг
Сеҳрли гули.
Оппоқ пар, гулбарглар
Ифори билан
Борлиққа юз очдинг
Бир ёғду бўлиб.

Бизнинг кенг денгизлар
Бағрига олган
Садафдек ялтироқ
Зарҳал тождир у.
Қанотлари нозик
Муқаддас руҳнинг
Оппоқ кабутари
Ин қурган ёғду.

Юртимнинг энг юксак
Меҳробларида,
Кўкнинг номасини
Келтирган гулсан.
Яшнагайсан улкан
Садоқат билан.
Ўз бағрига олган
Сени бу гулшан.

Муқаддас руҳ гули –
Пок орхидея,
Бокира тоғларда
Бўй чўзган чечак.
Халқим орзусини
Бағрида сақлаб
Бизни асрайверсин
Абадий – бешак.

Испан тилидан Ҳилола Рўзиева таржимаси