Габриэла Мистраль (1889-1657)

Габриэла Мистраль (Gabriela Mistral; тахаллуси; асл исм-шарифи Лусила Гадой Алькаяга) (1889.7.4, Викунья —1957.10.1, Хемпстер, АҚШ) — чили шоираси, педагог, жамоат арбоби. 16 йил ўқитувчилик қилган. 1922 йили Мексика таълим вазирлигига таклиф қилингач, Мексика мактаблари ва кутубхоналарини ислоҳ қилиш лойиҳасини ишлаб чиққан. 1924—46 йилларда Чили элчиси сифатида Италия, Испания, Португалия, Бразилия, АҚШда ишлаган. БМТ ташкил бўлган даврдан Миллатлар лигаси ишларида қатнашиб келган. Биринчи шеърий тўплами — «Ўлим сонетлари» (1914). Лирикасида испан шеърияти анъаналари билан индейслар мифологиясидаги анимистик образлилик қўшилиб кетган.
«Нозиклик» (1924) шеърий тўпламида оналик бахтидан махрум аёлнинг дардлари акс этган. «Яксон қилиш» (1938) шеърий тўпламида фашизм крраланган. Габриэла Мистраль «Тушкунлик» (1922), «Тала» (1938), «Тахтакач» (1954) каби шеърий ва «Лаънатланган сўз» (1950) публицистик мақрлалар тўплами муаллифи. Нобель мукофоти лауреати (1945).

У ҚАНАҚА БЎЛАР ЭКАН?

У қанақа бўлар экан? Гулларнинг япроғига узоқ тикилиб, кейин у баргларни қувонч билан ушлаб кўраман: мен ўғлимнинг рухсори худди шу гул баргидай, юмшоқ, беғубор бўлишини орзу қиламан. Мен маймунжониинг новдаларини тўзғитиб ўйнайман. Мен унинг сочлари қора ва қуюқ бўлишини хоҳлайман. Бордию болам қорачадан келган, кулоллар севадиган қизғиш лойнинг рангига ўхшаган бўлса ҳам, сочлари менинг бутун ҳаётимдай оддий, силлиқ бўлса ҳам ҳечқиси йўқ.
Мен тоғлардаги туманга қопланган ўнгирликларга тикиламан. Назаримда, туман худди қиз бола қиёфасига, нозик-ниҳол қиз боланинг қиёфасига ўхшаб кетади. Майли, қиз туғилса ҳам.
Лекин энг муҳими, бола худди эримнинг нигоҳидай мулойим, меҳрли, иссиқ нигоҳ билан менга боқадиган бўлсин, боланинг овози худди эримнинг товуши сингари дилбар, эркаловчи, самимий бўлсин. Зеро, мен кутаётган инсонни худди ўз бўсалари билан мени бахтиёр этган кимсани севгандай севай.

УМРЛИ ДАРД

У менинг жисмимда азоб чекаётганидан беҳол бўлиб рангларим ўчиб кетади. Унинг қимирлашидан дард чекаман, мен кўрганим, лекин танамда ардоқлаб юрганим жоннинг бир ҳаракатидан ўлиб кетишим ҳеч гап эмас.
Аммо мен бу дардни ҳис қилишим, унинг менга боғ лиқлиги фақат танимда эканлигидангина деб зинҳор ўйламанг. У дадил қадам ташлаб ўз йўлини топиб юрганда ҳам, ҳатто жуда узоқлашиб кетганда ҳам унга келган шамол менинг танамни қамчилайди ва унинг чннқириғи менинг лабларимдан кўтарилади. Менинг йиғим, менинг табассумим сенинг чеҳрангда туғилади, ўғилгинам!

ШУ ТУФАЙЛИ

Майсаларнинг тагидаги ингичка жилға каби уйқуда ётган шу жон ҳаққи, менга озор берманг, оғир юмушларни буюрманг, агар қандайдир таомни тусамай қолгаи бўлмасам, шовқин-суронни кўтаролмай қолган бўлсам, ўша жон туфайли мени кечиринг.
Ҳаётнинг ҳамма пасту баланди, рўзғорнинг оғир-енгилликлари ҳақида мен боламии йўргакли килганимдагина мен билан сўзлашишингизни илтижо қиламан. Қўлингизни пешонамга қўясизми, бирон озор топиб ўша ердан нидо беради.

ЕР ТИМСОЛИ

Мен илгари ернинг асл қиёфасини кўрмаган эканман. Ер худди қўлида гўдак кўтариб турган аёлга ўхшайди.
Мен энди нарсаларнинг оналик моҳиятини англай бошладим. Менга қараб турган ана у тоғ ҳам — Она, оқшомлари туман унинг кифтларида, тиззаларида худди гўдакдай эркаланиб ўйнайди. Мен водийдаги ўнгирларни эслайман. Унинг тубларида қоялар ҳимоясида ҳаммаёқни куйга тўлдириб ирмоқ чопади, мен ҳам худди шу ўнгирга ўхшайман. Мен ўз жисмимнинг туб-тубида кичкинагина ирмоқни ҳис қиламан. У ўзига йўл топиб, ёруғ дунёга келгунча мен ўз танимни қоя сингари унинг ихтиёрига топширганман.

БОЛАМНИНГ ДАДАСИГА

Дадаси, менга ёндашманг. Худди сув ўзидан нилуфар бунёд этганидай, сиз менинг борлиғимда инсон ато қилдингиз. Энди мен нилуфар ўсаётган кўлдай осойишта бўлмоғим лозим.
Мени севинг, илгаригидан кўра қаттиқроқ севинг. Мен мурғаккина бўлсам ҳам сизга, сизнинг ҳаёт йўлларингизга ҳамроҳ бўладиган жон ҳадя қиламан. Мен жуда кўримсизман, мен сизга олам лаззатларидан тўла баҳраманд бўлишингиз учун яна бошқа кўзлар, бошқа дудоқлар туҳфа этаман. Мен шундай мўртманки, севгингиздан ҳаёт шарбати тўла шишадай дарров синиб, шарбат каби ёйилиб кетаман.
Кечиринг мени, дадаси! Менинг юришларим ҳам беўхшов, чой узатишларим ҳам қўпол, начора, ҳаммасига ўзингиз сабабсиз. Мана энди аранг қимирлаб юрибман.
Менга ҳар қачонгидан кўра ҳам меҳрибонроқ, ғамхўрроқ бўлинг, дадаси, жонимга ҳаяжон солманг, юрагимни ҳам ўйнатманг.
Мен энди — енгил, ҳарир бир пардаман. Бугун менинг таним мисоли бир парда, унинг остида гўдак ухлаяпти.

ОНАЖОН

Онам мендан хабар олгани келди. Биз ёнма-ён ўтирибмиз. Биз ҳаётимизда биринчи бор қандайдир оғир синовлар ҳақида сўзлашаётган эгачи-сингилдек ўтирибмиз.
У титроқ қўллар билан менинг қорнимни силади ва кўкракларимни очиб, авайлабгина учларини ушлаб кўрди. Назаримда, унинг қўллари тегиши билан мен худди нафис гулдек очилиб кетдим. Ва кўксимни қандайдир ёқимли ҳислар тўлқини тўлдириб юборди. Қизариб, уялибгина, не андишалар билан танамдаги дардларим ва хавотирларим ҳақида сўзладим.
Сўзлар эканман, онам нинг кўксига бошимни қўйиб олибман. Мен қайта бошдан ҳаёт олдидаги таҳликадан унинг қўлларида йиғлаб турган кичкинагина қизалоқ бўлиб қолган эдим.

СЎЗЛАБ БЕРИНГ, ОНАЖОН!

Бошингиздан кечирган оналик дардларидан хотирангизда қолганини менга ҳикоя қилиб беринг, онажон! Қани, айтинг-чи, бола қандай туғилади? Таначаси ҳали менинг танамга боғлиқ гўдак қай йўсинда ёруғ дунёга келади?
Айтинг-чи, онажон, менинг кўкрагимга унинг ўзи талпинадими ёки менинг ўзим кўкрак тутишим керакми?
Меҳру муҳаббат ҳақидаги ҳамма билимларингиздан воқиф этинг мени, онажон! Янгича эркалашга, энг нозик, энг латиф эркалашга — эримнинг эркалашларидан ҳам ўтли эркалашга ўргатинг мени!
Уни қандай қилиб чўмилтираман? Қандай қилсам унга озор бермасдан йўргаклайман?
Мен тебратиб ўлтириб айтган аллаларингизни энди менга ўргатинг, онажон! Ҳамма қўшиқлардан ҳам гўзал бу алла гўдакни ором оғушига олади, онажон!

МУҚАДДАС ҚОНУН

Айтишларича, танамда жоним дилдираб колибди. Лекин мен ўзимни жуда енгил ҳис қилиб, эркин нафас оляпман.
— Мен ким бўлдимки,— дейман ўзимга-ўзим,— ўғлимни тиззаларимда эркалаб ўлтирсам?
Ўзимга-ўзим жавоб киламан:
— Аёл! Севгувчи ва севгиси биринчи бўсадан зурриёт тилаган аёл! Замин менга ва мен қўлларимда кўтариб турган ўғлимга қарайди ва мени шарафлайди. Чунки эндиликда мен мевали пальма дарахтиман, жўяклар мисол жаҳонга ҳаёт берган мевали ва муқаддасман.

АЛЛА

Тун доронғу, тун ғариб
Тун ичра колди денгиз.
Мен бешигинг тебратиб,
Ўзни севмайман ёлғиз.

Осмон оламда ғариб,
Ойни ҳам кучди денгиз.
Сени қўлда кўтариб.
Ўзни сезмайман ёлғиз.

Инсон ер узра ғариб,
Топилмас бирон ғамсиз.
Сен билан тўлиқ бағрим,—
Эмасман якка-ёлғиз…

ЭЗГУЛИК

Сенга атаб мен айтсам қўшик,
Бутун замин унутар ғамни.
Кулгинг мисол мулойим, илиқ
Тоғу тошлар, қирлар тикани.

Сенга атаб айтаман қўшиқ,
Дилдан қувиб оғир ўйларни.
Нафасингдан меҳрга тўлиқ

Зулфия таржималари

* * *

Ичимда ўлдирдим уни беомон,
Чунки севмагандим уни ҳеч қачон.

У баланд тоғларнинг адл кактуси,
Гуллаётган чоғлар гўзал ол тусли.
Ҳам ўтли, ҳам қуруқ эди, бегумон,
На янгидай эди, на ёш, навқирон.

Оёғи остида, олди-ортида
Ётарди шу тошлар, осмон беғубор.
Сувларга сувларнинг кўзи, дардида
Энгашиб боққанин кўрмадим бир бор.

Яшилланиб борган майса, ўт-ўлан
Қовжираб қоларди тушса излари.
Қайноқ нафасидан атроф димиққан,
Буғланарди майин қизил юзлари.

Иссиқ-совуқда ҳам нутқлари қаттиқ,
Суртиб қўйилгандай атай қорағат.
Одамлардан йироқ, кўзларга ортиқ
Кўринмасдан эркин юрсам дер фақат.

Эгилиш нелигин билмади асло
Тоғ бағрида ўсган мағрур гул чирой.
Унинг билан туриб ёнма-ён асли
Эгилиб-эгилиб қолдим, ҳойнаҳой…

Йўлиқтирдим уни ўлимга бир кун,
Ўрадим-чирмадим жон-жисмим буткул.
Бургутдай жон берди оташин, ғамгин,
Айрилди ризқидан, ёниб бўлди кул.

Қанотларин ёйиб, энгашди аста,
Бир зумга тўлғонди, шитобли, беун.
Қўлларимни очсам, тўкди оҳиста
Ўчиб-ўчмаётган энг сўнгги учқун.

Опа – сингилларим уни эслашса,
Мен каби ўйлашмас, соғиниб қолар.
Ўтмиш кукунларин титиб, излашса,
Вужудимдан бир-бир суғуриб олар.

Уларга юзланиб, айтаман: – Қаранг,
Ғорга тушиб кўринг, соз тупроғидан
Шундайин оловранг сор бургут ясанг,
Қўшиб қўйинг чимдим қалб титроғидан.

Агар қўлингиздан бу юмуш келмас,
Демак, ёдга олманг, унутсин юрак.
Мен уни ўзимда ўлдиролдим, бас,
Сиз ҳам шундай қилинг албатта, бешак!

Зуҳра Асқарова таржимаси

КУЧЛИ АЁЛ

Юзларингни шамол тилган, либосинг мовий –
Кўз ўнгимда қолган тиниқ сиймойинг унда.
Сени кўрдим болаликка гул битган савр –
Ер ҳайдалиб тақдир каби очилган кунда.

Исқирт ва тор қовоқхона кунжида ичар,
Ўша, сенинг фарзандингга ота бўлган кас.
Зил-замбил юк кўтарасан, қўлингдаги дон
Тўкилади, ерга тушар, сочилар бесас.

Ўғлингга нон ғамлайдирсан, ёз бўйи то кеч,
Ёшлар оққан кўзларимни узолмайман ҳеч –
Ва туйқусдан ҳаяжонлар қоплайди бир зум…

Оёғингнинг пок гардини ўпсам бўларди!
Шаҳарлик олифталардан безиб ўлардай,
Ортингдан шеърим-ла бирга далага боргум.

СЕН СЕВГАН ҚЎШИҚНИ…

Севган қўшиғингни куйлай, ҳаётим,
Яқин келиб тингла шундай, ҳаётим,
Эслайсанми, сенинг бўлган ҳаётим,
Шом палласи куйлай, соямсан менинг,
Жимжитликлар, сукут куйгай, ҳаётим.

Хитобимсиз изим йўқдур, ҳаётим,
Мен ҳаққимда нелар ўйлайсан – сукут?
Мен-чи, ҳамон ўша-ўша, ҳаётим.
Унутмадим сени, бўлмадим унут.

Оқшом чоғи келгил, ҳаётим менинг,
Қўшиғимни ёдга ола келдингми?
Ёдингдами, айтгил, унутмадингми,
Ёдингдами, исмим унутмадингми?

Даврлар ўткинчи! Сени кутгайман.
Ёмғир, туманлардан, кечадан қўрқма.
Истасанг йўлдан кел, ўтлоқлардан ўт.
Қайдаки мавжудсан – мени бир оқма,
Адашма, тикка кел мен томон, эй дўст!

АЛЛА

Денгиз аллалайди минглаб тўлқинни
Илоҳий шивирлар ила.
Денгиз шивирига тутаман қулоқ,
Алла, болам, алла.

Чайқатади дайди шамол буғдойни,
Тун бўйи тебратган палла.
Шамол қўшиғига тутаман қулоқ,
Алла, болам, алла.

Олам бешигига энгашар Худо,
Одамни нигоҳ-ла силар.
Шарпасини сезиб, бешик тебратгум –
Алла, болам, алла.

ЯНА КЎРМОҒИМ КЕРАК

Қайтиб кўрмайманми гулгун шафақ тонг
Ва юлдуз титраган тун қучоғида,
Чарчаб ёнаётган оқшом чоғида.

На сўқмоқ, на ўрмон ва на далада,
Тангадек товланиб ойнинг нурида
Шовуллаб куйлаган ирмоқ ёнида,

Ўрмонларнинг ёйиқ кокили аро
Мен уни чорлаган, кутган маъвода
Акс-садо қайтарган жойда мабодо?

Йўқ! Кўзда ёш билан кўрмоғим керак,
Мулойим ой балққан кечада тағин,
Осмон соҳилида, чақмоқлар чоғи.

Қишда ҳам баҳорда бирга бўлмоқ-чун,
Қон тепган бўйнида қўлларим у кун
Сабодан майинроқ ўралмоғи-чун!

Рус тилидан Гулбаҳор Саид Ғани таржимаси

БЕШИК

Уста, эрка шаҳзодам учун
Ясаб бергин менга бир бешик.
Тезроқ бешик келтир уйимга,
Мен шошилиб очаман эшик.

Қарағайнинг бутоқларин кес,
Сийнам каби бўлса ҳам юмшоқ.
Бешикка беласам боламни,
Баданига ботмасин у шох.

Уста, бола бўлгансан сен ҳам,
Онанг айтган сенга ҳам қўшиқ.
Уста, онанг алласин эслаб,
Ясаб бергин менга бир бешик.

Ўғил берсин сенга ҳам, уста,
Бешигига осиб қўй ошиқ.
Аллалаб ухлатай ўғлимни,
Ясаб бергин менга бир бешик.

МАККАЖЎХОРИЗОР МАДҲИЯСИ

I

Шамолда куйлайди маккажўхори,
Яшил умид билан гуркирар мағрур.
Ўттиз кунда бўйи етиб, навниҳол
Қоматига боқиб шовуллар масрур.

Қирлардан қиялаб чопар тепага,
Шафақни кўтариб турар навжувон.
Қиқирлаб табассум сочар шамолга,
Беармон ўйнайди – кенглик бепоён.

II

Шамолда тўлғанар маккажўхори:
Иссиқда ҳосили пишиб етилди,
Қуёшда мўйлови сарғайиб куйди,
Енги, ёқалари чуркаб йиртилди.

Шамолда таралар нолаю зори,
Эгнида қовжираб сарғайган тўни:
Шамолда ўртанар маккажўхори,
Эгнида эскириб йиртилган тўни.

III

Маккажўхорининг бўлиқ сўтаси
Қизалоққа ўхшар, ўхшар гўдакка:
Меҳрибон онадек макка пояси
Икки ой тебратар ўраб йўргакка.

Чақалоққа ўхшар макка сўтаси,
Баданида сариқ туклар бор майин.
Макканинг барглари онадек ғамхўр,
Болага шудринг – сут берар атайин.

Қават-қават қалин қобиқ ичига
Боладек беркиниб олар ажойиб:
Қобиқдан мўралаб боқар оламга,
Оғзи қулоғида кулар тиржайиб.

Қизалоққа ўхшар макка сўтаси,
Она қучоғида эрка боладек:
Уни тебратади макка пояси
Боласин кўксига босган онадек…

Ширингина ухлар омборга кириб,
Файзга тўлар халқнинг уйи, омбори:
Тушлар кўриб ухлар, туш кўриб ухлар
Чақалоқдек бизнинг маккажўхори.

Рус тилидан Рустам Мусурмон таржимаси