Паскал Пети (Pascale Petit) Парижда туғилган, болалик ва ёшлик йиллари Францияда ва Уэлсда кечган. Ҳозир Лондонда яшайди. Унинг учта тўплами ва иккита шеърий памфлетлари чоп этилган. 2004 йилда у Келажак шоираси деб тан олинган. Унинг икки тўплами “Ҳайвонот боғи асосчиси” (Серен, 2001), “Овчи аёл” (Серен, 2005) Т.С. Элиот мукофотига лойиқ кўрилган ва “Times Literary Supplement” нашрида “Йил китоблари” деб эътироф этилган. “Ҳайвонот боғи асосчиси” Бадиий кенгашнинг Инглиз ёзувчилари мукофотига , шунингдек, Янги Лондон ёзувчилари мукофотига сазовор бўлган.
У илк маротаба нашр этилган шеърият мактаби антологиясининг муҳаррирларидан бири ҳисобланади. Роял Санъат коллежида ҳайкалтарошликдан сабоқ олган. Паскал “Лондон поэзияси”нинг муҳаррири ҳамда ҳаммуаллифи саналади ва ушбу нашрда 1989 йилдан 2005 йилгача шеърият бўлими муҳаррири сифатида фаолият кўрсатган. Унинг шеърлари бир неча марта Би-би-си радиосининг дастурларида янграган, Буюк Британия, АҚШ ва Австралияда чоп этиладиган Poetry Review, Modern Poetry in Translation, American Poetry Review, Kenyon Review, Poetry Wales ва Quadrant каби кўплаб журналларда эълон қилинган.
Унинг шеърлари хитой, литва, форс, португал, испан, немис, дат ва румин тилларига таржима қилинган. “Ҳайвонот боғи асосчиси” асарининг икки тилдаги, яъни испан ва инглиз тилларидаги нашри Мехикода чоп этилган.
Шеърлари ўзбек тилига илк бор таржима қилинмоқда.
ҚАНДИЛ ДАРАХТИ
Барглар орасинда тош қотган маъво,
тикилгум, юз очар тоза, кўк патлар,
кўзимга суратин чизади ҳаво.
Кўргум, одам чиқса бўлар жойгача
Тугамас дарахтнинг танаси, аммо
Етиб борар жойи бир гули арча
стратосферни ёрар само патлари
ҳаворанг ўрмонда инжа толанинг
кўкиш, баъзан эса оқ қат-қатлари
ҳали тун киргунча сир япроқлари
бирдан бош кўтарар юлдузлар билан –
улар нур дарахтин милтироқлари.
ҚУШЛАРНИНГ ЯРАТИЛИШИ
Юлдуз нури билан қушлар чизгум бот,
Иш қанча қийиндир, шунча зўр қанот –
уларнинг нури ҳам қуёшли, ойли.
Гъаройиб товушли най бор чиройли,
гъижжак чўткасидан чизилган сурат,
танҳолик онида гъўнгъирлар фақат.
Қўйиб юбораман қуримай бари
дилгир ва нурлидир ашулалари.
Кўҳна ўрмондаги инлари ёлгъиз
дарахтларимиз-чун вақтинча огъиз.
Буюк кўчиш учун тайёр турарлар,
Замин қафасига ўзни урарлар.
АТЛАС ПАРВОНА
Атлас парвонанинг очилган қаноти
Хитой харитаси бўлиши мумкин.
Мана иккита Буюк Девор.
Ҳар бир олд қанотдаги Манжурия учида
Йиртқичларни қўрқитиш-чун аждаҳо боши.
Аммо нима экан ҳов даричалар
Кристалл доначаларга нур тушган жойда?
Гўё замин қобигъида даричалар бор
кечқурун маълум бир пайтларда очилар улар.
Янги пайдо бўлган атлас
қўлимда қолади, биринчи парвозига исинган ҳолда
янги дунё мисол тебранади у.
Инглиз тилидан Аъзам Обидов ва Нодира Абдуллаэва таржималари