Жорж Байрон (1788-1824)

Жорж Ноэл Гордон Байрон (George Gordon Byron; 1788.22.1, Лондон – 1824.19.4, Мисолунги, Греция) — инглиз шоири, Кембриж университетида ўқиган. Лордлар палатаси аъзоси (1809 йилдан).
«Чайлд Ҳаролд зиёрати» достонини (1812, 1817-18) яратди. Шарқ достонлари туркумидаги «Кофир», «Абидослик келин» (1813), «Қароқчи», «Лара» (1814), «Коринф қамали», «Паризод» (1816) каби достонлари Низомийнинг «Лайли ва Мажнун», Фирдавсийнинг «Юсуф ва Зулайҳо» асарлари таъсирида ёзилган.
Байрон 1817-22 йилларда Италияда яшайди. «Тассо шикояти» (1817), «Мазепа» (1818) поэмалари, «Манфред» (1817), «Хотин» (1821) драмаларида адолатсизликка қарши курашга чақиради, инсон ва дунё муаммоси етакчи мавзу бўлган. Байрон 1818 йилда «Дон Жуан» шеърий романини ёзишга киришган. Асарда инсон ва муҳит масаласи биринчи ўринга чиққан. Бунда Байрон романтизмдан реализмга ўтган (асар тугалланмаган). Унинг қатор шеърлари, «Чайлд Ҳаролд зиёрати», «Манфред», «Шийлон тутқуни», «Шийлон сонета» достонлари ўзбек тилида нашр қилинган.

ВИДО

Алвидо, ёр! Агар шу бало
Қисматда бор бўлса – алвидо!
Сен бераҳм бўлсанг ҳам, аммо,
Мен душманлик қилмасман – видо!

Қучоғида ширин, осуда
Уйқу билан тўлиб ётганинг,
Ёр ҳислари алсо кўзингга
Бадном бўлиб учрамас санинг!

Агар қалбим уришларини,
Жиндак сеза олсайдинг – инон!
Шунча ёмон кўрмакдан мани
Бўлур эдинг ўзинг пушаймон.

Юрт кулса ҳам энди майлига,
Зарби гали сендадир бу бор:
Мен мубтало бўлган балода
Сени мақтов қилар шармисор.

Майли қаро, осий бўлай ман,
Ҳақ ҳам берай қарғамоқ учун,
Аммо, мени қучиб ўрганган
Қўллар билан ўлдирмоқ нечун?

Сен ишонким, севги ўтини
Ёлғиз йиллар сўндира олур.
Аччиқ ғазаб икки юракни
Ажратолмас ва ожиз қолур.

Шу сезги сенда ҳам сақланур,
Севиб ёнмоқ қисматдур менга,
Бир ўй билан юрагим ёнур:
Энди доим ётдур мен сенга.

Ўлукларга аламли фарёд,
Оҳ, нақадар мудҳиш бу таққос?
Иккимиз ҳам ҳаётмиз, ҳайҳот…
Кунлар ўтар беваларга хос.

Ширин тили шод этган чоғда
Қизимизни эркалар экан,
‘Қизим, отанг сендан узоқдаъ,
Дея имо қилганингда сан –

Пайқаганда масъума буни,
Уни ўп-у шу онда бедод
Севгинг ичра жаннат топганни
Ва хайрихоҳ бўлганни эт ёд.

Агар қизда, ташлаб кетганинг,
Бир ер топсанг падарга ўхшаш,
Ура бошлар юрагинг сенинг
Ва қўзғалар манда ҳам шу ғаш.

Гуноҳимни биларсан, балки?
Мажнун бўлиб суйганим, холос.
Армонларим хазон ва сени
Суймак билан куйганим, холос.

Борлиғимни титратдинг, ишон,
Киборликни севмас бу мағрур
Руҳим сени дерди ва бу жон,
Энди ундан абад ажралур.

Ҳамма битди – сўзлардир абас,
Мен айтганлар ундан ҳам ёмон,
Лекин қалбга биз ҳоким эмас,
Унда орзу чексиздир ҳамон.

Алвидо, ёр! Сендан узоқда,
Ҳар бир мунис нарсадан маҳрум,
Қалбим азоб деган тузоқда,
Бундан ортиқ бўларми ўлим?

Ҳамид Олимжон таржимаси

* * *

Умр йўлинг битди, қаҳрамон!
Шуҳрат-шонинг энди бошланур.
Сен озодлик берган муқаддас
Ватанингнинг куйида мағрур
Яшар сенинг жасоратинг ҳам
Ва улуғвор салобатинг ҳам.

Халқинг эркин оларкан нафас
Унутолмас сени мутлақо.
Ҳалок бўлдинг! Қонинг ердамас
Оқар бизнинг томирда, аммо
Сенинг қудрат, ғалабанг ҳар он
Қалбимизга бўлгуси дармон.

Тилга олсак номингни жангда
Душман ваҳм, даҳшатга тушар,
Қаҳрамоннинг шонли ўлимин
Қизлар қўшиқ қилиб айтишар.
Кўзларда ёш бўлмас, ёш, фақат,
Пок руҳингга бўлур ҳақорат.

Шукрулло таржимаси

ДОН ЖУАН

1

Шекспир дейдики, одамзод ишин
Тўлқиндай ёприлиб келмоқлари бор,
Ундан фойдаланиб қололган киши
Мурод-мақсадига етар устивор;
Аммо гап шундаки, омад келишин
Айни ўз вақтида илғамоқ даркор, –
Мен дадил дейманки, қаро дамда ҳам
Омад нури бўлар бизларга ҳамдам.

2

Аёллар умрин ҳам авжи мавжи бор –
Қулоқ эшитмаган ишларга чорлар,
Уларни тўлқинга топширган девкор,
Бесабр денгизчи уларни хорлар!
Ҳатто Яъқуб Беме – моҳир афсункор,
Бундай мўъжизадан қилади орлар:
Эркак-ку ҳар ишда бошни ишлатар,
Аёл қалбин эса жалб этар қаърлар.

3

Лекин жасоратли, қизиққон аёл
Ҳам гўзал бўлади ҳамда шиддатвор.
Қаттиқ севиб қолса гар соҳибжамол,
Озод бўлмоқ учун узар бешумор
Барча кишанларни. Ишққа бемалол
Этар тожу тахтни, борлиқни нисор.
Аёл иблисни ҳам йўлдан уради,
Ҳаммани Монийга айлантиради!

4

Иззат-нафс оламни қилади вайрон,
Чўкар салтанатлар, дунёлар ҳам тиз.
Севги сабаб бўлса, бу бани инсон
Барча телбаликни кечирар, шаксиз.
Жанги учун эмас, Цезардан чандон
Антонийни кўпроқ устун қўямиз,
Бир аёлнинг гўзал кўзи деб, маъюс,
Акциумни ташлаб чиққани боис!

5

Антоний – элликда, Клеопатра
Қирқ ёшида эди! Ахир бу ёшлар
“Йигирма” ё “Ўн беш” каби бокира,
Ҳавас қиладиган ёшми, йўлдошлар?
Бас, ҳамма қарийди, кўз тортар хира!
Айни авж паллада сўниб оташлар,
Тарк этгач юракни яшнатувчи ҳис,
Севмоқ лаёқатин қайтаролмаймиз.

6

Аммо бизларТаврот беваси мисол
Ишқни улуш қилиб олганмиз абад.
Муҳаббат ҳамиша тирик, безавол,
Бор жонзот олади ишқдан ҳарорат.
Ҳали эҳтирослар ажини, алҳол,
Инсон сиймосини бузмаган бир пайт,
Шоирлар бекорга кийгизмаганлар
Муҳаббат бошига илоҳий чамбар.

7

Жуан танг аҳволда, учинчи аёл
Қаҳрамонимнинг ҳам аҳволи ёмон.
Канизакни йўлдан урган навниҳол
Йигитнинг тақдири ҳаммага аён.
Яна ҳарамда-я! Султонлар қаттол,
Улар гуноҳкорга бермаслар омон,
Гўзал хотинларин хушторин аяб,
Илтифот қилмаслар Катонга ўхшаб.

8

Тўғри иш қилмади гўзал Гулбека,
Ачинсам-да, чекиб қанча афсуслар,
Фиғоним чиқса-да тоқи фалакка,
Биламан, бу бари бекорчи сўзлар.
Очиғи, ҳамдардман мен бу малакка –
Зориқиб тинади баъзида кўзлар;
Олтмишда бўлса-да султоннинг ёши,
Олти юздан ошар унинг ўйнаши.

9

Шу нарса аниқки, гўзал, навқирон,
Тантиқ, ўзбошимча хотин ниҳоят
Зерикиб, сиқилиб, султоннинг аҳён
Ташрифига қилмас сабру қаноат,
Бунда алжабрга ҳожат йўқ, аён,
Жўн ҳисоб илми ҳам қилар кифоят,
Олти юз меҳридан, бу қари одам,
Бир учқунин кўрар у билан баҳам.

10
Барча аёл зоти, хусусан, хотин
Ўз ҳуқуқин поймол қилдириб қўймас,
Диндор бўлса, айблар эрини бетин,
Умр бўйи айблар, айблашдан тўймас;
Ҳар бир хато учун шўрлик эр зотин
Қонун қиличига бермоқдан тоймас,
То эрнинг мингдан бир бўлагини ҳам
Ўғирлай олмасин ўзга бир санам.

11

Тарсо хотинларга хосдир бу одат
Ва лекин мусулмон хотинлари ҳам
Ўз қадру қимматин қилдириб ғорат,
Чекинмас эканлар ортга бир қадам.
Суюкли ёрларга кўрсатиб ҳурмат,
Кўнглин овламаса султони беғам,
Хоҳи тўртта бўлсин, хоҳ бешта улар,
Ҳар бири ўз шаънин ҳимоя қилар.

12

Суюкли ёр эди Гулбека, аммо
Тўртинчи ёр эди нима бўлса ҳам:
Бир хотинлик турмуш олдида, илло,
Кўп хотинлик турмуш эрур кони ғам!
Битта хотин билан яшаш ҳам ҳатто
Осон эмаслигин билар ҳар одам;
Тасаввур қилинг-а, не жазодир, воҳ,
Тўрт хотин нолишин эшитмоқ ногоҳ!

13

Оламнинг офтоби, подшоҳи якто
(Подшолар азалдан шундай мақталар,
Шаҳона жасадни еб бўлгунча то
Сўқир якобинчи қурт-қумурсқалар),
Улуғ ва даҳшатли, қўрқинчли подшо
Бекани кўз билан майин эркалар,
Бундай нигоҳ учун эрнинг таъмаси –
Беш қўлдай аёндир ҳамма-ҳаммаси.

14

Лекин унутмангки, ошиқ шуаро,
Ўтли бўсалару сўзлар, қарашлар
Аҳли аёл учун – енгил бир сарпо:
Ё попук, ё рўмол, ё тўрга ўхшар;
Уларни ҳам турфа либосдай гўё
Ечиб-кийса бўлар; бу ишга бошлар,
Юраклар бедахл; имо, эҳтирос
Тўғноғич сингари бир безак, холос.

15

Журъатсиз нигоҳу юзда ним ҳаё,
Ажиб ҳаяжонга йўғрилган ғулу,
Севги изҳорига ўхшаган зебо
Лаблар лаълисида чақнаган кулгу –
Бахтли ошиқликдан юракда зиё
Уйғота олгувчи ҳолат мана шу!
Бу афсун қудратин қилар зумда йўқ
Ортиқча иссиғу ортиқча совуқ!

16

Ортиқча эҳтирос найрангга ўхшар,
Мабодо у найранг бўлмаса ҳам гоҳ,
Қилса ёш-яланглар қилиғин агар,
Ёши катталарга уятдир ногоҳ.
Оташин аёллар дарҳол бўйсунар,
Солсанг бас уларга оташин нигоҳ;
Совуққон аёллар ва қизлар кўпроқ
Фаҳм-фаросатдан бўларлар йироқ.

17

Нозик лаҳзаларда завқ-шавқимизга
Муносиб бир жавоб кутар эканмиз,
Аёнки, жаҳлимиз чиқади тезда,
Жавоб сукут бўлса дидсиз ва ҳиссиз.
Авлиё Франциск – хотиримизда,
У муз маҳбубадан тилаган-ку ҳис.
“Medio tu tutissimus ibis” – абад
Бизга Ҳорацийдан қолган насиҳат.

18

Мен “tu”ни ишлатдим бу ерда бекор
(Вазн тақозоси бўлди бу, холос!)
Буни лотиншунос кечирмас зинҳор,
Лекин дуч келмади менга бу шунос;
Шусиз ҳам қийналиб жойладим ночор,
Келмас октавага гекзаметр мос!
Шеър илми ёзғирса ёзғирар, хуллас,
Сал сакта бўлса ҳам шеърим – ҳақпараст!

19

Гулбека не қилди, билмайман; бироқ
Биламанки, топгай ишлари барор:
Маккор Цирцеялар меҳр ила кўпроқ
Эркаклик шаънини ардоқлаб хумор,
Эрларга ҳукм этар ҳаммадан хўброқ.
Риё – завқ отаси. Ҳамма – риёкор!
Урчиш иллатига одамнинг майли
Барҳам топар фақат очлик туфайли.

20

Майлига, ажойиб бу жуфти ҳалол
Олсинлар шоҳона тўшакда ором,
Кўрган тушларидан менга не малол,
Лекин бизни қилар хуш онда мудом
Арзимас нарсалар безовтаю лол –
Бор кайфу сафомиз бўлади ҳаром.
Азал жонимизни эговлаб келар
Шу каби арзимас майда-чуйдалар.

21

Сиртидан бегуноҳ миянғи хотин,
Тўлов талабида келган бир ҳужжат,
Номаълум сабабга кўра бисотин
Сенга қилмаса гар марҳум васият,
Оқсаб қолса ногоҳ хуш кўрган отинг,
Дардга чалинган ит, ноқобил фарзанд, –
Майда-чуйдалардир эҳтимол булар,
Лекин бизни қийнар, безовта қилар.

22

Бас, мен файласуфман: жин урсин, хуллас,
Ҳайвону инсону пулни ҳам, фақат
Дилкашу дилором аёлни эмас –
Аёлни қилолмас тилим ҳақорат,
Аёлни лаънатлаш қўлимдан келмас!
Аёл – кўнглимга руҳ, руҳимга – қувват!
Моҳияти нима, сабаби нима?
Билмайман, аёлни жин урсин дема!

23

Афанасий каби мен ҳам бемалол
Дунёи дунига айтдим кўп лаънат.
У лаънат ёғдириб душманга филҳол
Солди художўйлар кўнглига шафқат;
Неча юз йилларки, чақнар безавол
Оташин бу нутқнинг шуъласи албат,
Рангин камалакдай ёниб жилвагар,
Диний китобларни безатиб турар.

24

Ётар олиймақом ул жуфти ҳалол
Уйқу оғушида, йўқ, бека бедор!
Аёл ухлай олмас қочганда хаёл,
Қийналиб, ўртаниб, интиқиб зор-зор,
Хаёлан ҳам бўйдоқ, ҳам соҳибжамол
Йигит висолини қўмсар бу дилдор.
Ич-ичин зиногар эҳтирос ёқар,
Ухлаётган эрга ғижиниб боқар.

25

Ҳайҳот, қимматбаҳо чодир ичра ҳам,
Осмон остида ҳам бор эди қаттол,
Тангри иродаси бирла дамодам
Аёлни қийновчи соғинчу малол.
Никоҳ қиморида алданган санам –
Шўрлик Гулбекани этолгай хушҳол
На пахмоқ, зардўзи, парқу тўшаклар,
На олтин, на гавҳар ва на ипаклар.

26

Бундан сал олдинроқ “жонон” дон Жуан
Ва бошқа гўзаллар йўл олди ғужғон
Қўша-қўша соқчи қўйдириб султон
Маҳкам тутадиган ҳарамга томон.
Турфа хил иқлимдан турфа хил жонон
Эснаб ётар бунда лоқайд, нигорон,
Аммо қафас ичра қуш янглиғ улар
Озод осмонларни орзу қиларлар.

27

Аёлни севаман, севганман доим,
То ҳануз пушаймон эмасман; занғар,
Қачондир, қайдадир демиш бир золим:
“Дунёнинг бир бўйни бўлсайди агар,
Бир қилич сермашда узиб олардим!”
Аммо менинг орзум жўн ва бехатар:
Ўпардим (о, қаранг содда хаёлни!)
Бир лабга жо қилиб аҳли аёлни.

28

Ўнлаб қўлларию яна бешумор
Бошқа кўп узвларга эга зўр сиймо,
Бемисл ишларни бажарган девкор
Бриарейга ҳавас қиларман, аммо
Бизларга йўл бўлсин? У – дев, биз – ночор!
Илҳом париси ҳам шу асно ҳатто
Паҳлавонга хотин бўлмоқчи эмас,
Жуан аҳволини билмоқчидир, бас.

29

Хуллас, дилраболар ичра Жуаним
Йўлдан озиб, қилди таваккал-тусмол.
Канизакка кўзин олайтирса ким,
Шарқий мамлакатлар қонуни қаттол.
Бу инглиз қонуни эмас, ими-жим
Жаримани тўлаб, яна бемалол
Эс-ҳушингдан ажраб, жазманлик қилсанг,
Эрли хоним билан айшингни сурсанг!

30

Аммо у унутмас “қизлигини” ҳам,
Қизлардан ул-булни илар назари;
Орқада бадқовоқ оғаи ҳарам,
Ён томонда эса синчков ва қари
Бир аёл кузатиб борар бекарам:
Алжираб юрмасин ҳарам қизлари.
Онахон деб олган бўлса ҳам лақаб,
Қизларига боқмас унча ёрлақаб.

31

Ким билар “онахон” бўлганми ўзи?
Бу қизларнинг ўзи бўлганмикин “қиз?”
Аммо олма терар бу хотин кўзи,
Жавобгарлик осон иш эмас ҳаргиз.
Яшайди Кантемир ва де Тот сўзи
Шундай онахонлар ҳақда то ҳануз.
Бир юз эллик қизга – айтишга осон! –
Доим кўз-қулоқдир бундай “онахон”.

32

Одатда сабаб йўқ уларга бирров
Қаттол назоратдан бўлгали халос;
Онахонга мадад – тамбаю буров,
Эркаклар йўқлиги – ҳаммасидан соз.
Қизларни подшоҳнинг биргина ялқов
Нигоҳи ийдирар, шод этар, холос.
Роҳибалар каби аҳли бечора
Завқи учун бордир фақат бир чора…

33

У қандай чорадир? Намозу рўза!
Саволингиз мени қолдирар ҳайрон:
Аён, роҳибалар бўлар покиза!
Бас, гапни бураман дон Жуан томон.
Хаёлчан чайқалиб, гўё сув уза
Сузиб кетаётган гулдастасимон,
Нақ рангин, улуғвор мунчоқ шодаси,
Борарди мафтункор қизлар тўдаси.

34

Жонларига тегиб ҳамшира аёл,
Бедламдан қутулган бемордай бари,
Етиб келдилару ётоққа, дарҳол
Чулдираб, ғужурлаб чиқди тиллари
Баҳордаги шўхчан жилғалар мисол,
Ўқувчи қизлар ё қушлар сингари;
Ирланд бозорида юргандай кулиб,
Ўйнашиб, қувнашиб, вижир-виж қилиб,

35

Баҳслашиб кетдилар улар Жуандан:
Сочу кўзларидан гап очиб бехос,
Дедилар: қулоғи зираксиз экан,
Либоси ўзига тушмаяпти мос,
Елкаси бунча кенг, бунча оқбадан,
Бўйи эркаклардай намунча дароз!
Сўнг қўшиб қўйдилар – о, тил, о, тикан! –
“Фақат кифти, бўйи эркакча экан…”

36

Шубҳа қилмадилар либосларидан,
Қиз ҳали жуда ёш – гуноҳни билмас,
Ҳусну малоҳатда лекин у билан
Бирор гуржи қизи баҳслаша олмас.
Афсус, Гулбеканинг эси паст экан,
Бошига бу гўзал не бало солмас!
Чўри гўзал бўлса, бекаси шу зум
Иззату икромдан бўлади маҳрум…

37

Аммо ажойиби шундаки, Жуан
Ҳавас уйғотмади ҳеч кимда бироз!
Аксинча: у ҳалол матонат билан
Бир-биридан кўҳлик, бир-биридан соз
Бир гала дугона топди синовчан.
(Сирли куч таъсирин англадим бехос:
Бир-бири ҳуснидан завқланмоқ, хуллас,
Гўзаллар аҳлига хос одат эмас!)

38

Табиат ҳукми бу, ҳа, дўсти азиз;
Ва бунда тасодиф рўй берди, холос:
Бизнинг Жуаннага бор аҳли каниз
Бўлиб беихтиёр жазман, ишқивоз,
Ҳис этди ғалати бир меҳри ғализ:
Жин чалиб ё бари бўлдими васвос,
Ё барин тортдими оҳанрабо куч,
То ҳануз тагига етолмасман ҳеч.

39

Бу ёш жононага маъсум, осуда,
Шодон орзуларга тўлгандай гўё,
Дўстликнинг инжа бир эҳтиросида
Ёниб боқардилар тамом маҳлиё;
Қалтис гап қилади баъзилар жуда,
Хижолатда қолар иффатли дунё:
Гар бўлса унингдек гўзал, ёш оға,
Қилар эмиш бари жонин садоға!

40

Хусусан, уч қизга диққат қиламиз:
Дуду, гуржи қизи Катенька, Лола.
О, сахий табиат буларга ҳадсиз
Ҳусну малоҳатни этмиш ҳавола.
Кўҳлик дугоналар аро бу уч қиз
Ёнар уч қуёшдек – учта ҳилола.
Менинг Жуанимга ҳаммадан хўброқ
Шу уч қиз гап отар негадир кўпроқ.

41

Ҳиндистоннинг оташ ҳавоси мисол
Қизғин ва буғдойранг Лола жангари;
Ёнар ложувардий бир тусда хушҳол
Олёноқ Катянинг кўзин ранглари,
Қадамин сезмайди ҳатто паркет пол,
Оёқлари нафис, бежирим пари!
Лекин эринчоқ ҳур Дуду учун мос
Тополмасам керак тузукроқ таққос!

42

Хоболуд Зуҳрога ўхшар эди у,
“Уйқумиз қотили” бўлмоққа қодир;
Эринчоқ алпозу қад-қомат, кулгу,
Ҳукмфармо кўзлар – бари зебодир,
Ҳар жиҳати дўмбоқ қиз эди Дуду
(Баъзан жуда ёқар бу тарзи нодир!),
Очиғи, ҳуснига етказмай завол,
Нафис дўмбоқликни йўқотмоқ маҳол!

43

Жони қилтиллайди ноз уйқу аро,
Субҳи навбаҳорда эсган елга хос;
Кўзларида чақнар нафис бир зиё;
Ҳайкалга ўхшар у – о, янги таққос! –
Пигмалион жўшиб ушлагач, хулё
Янглиғ хаёлида тирилиб, паққос,
Жон эниб, илиган мармарга ўхшар,
Танида ҳали ҳам ўшал тафт яшар.

44

“Жуанна! Бунчалар чиройли ном, оҳ!
Қизларга жуда мос! Ватанинг қаер?”
“Испания!” “Бизга яқинми, узоқ?” –
Деб Катя қизиқди, “Нимаси ахир, –
Дер Лола. – Жонгинам! Бандаи гумроҳ!
Испания! Оҳ-ҳо, ёдимда у ер,
Шолизор оролча, бир ён – Марокаш ,
Бир ён –Тунис, бир ён – Африқо – оташ!”

45

Дуду баҳслашмади, бермади савол.
Лабида ноаниқ, жумбоқ табассум,
Ғарқ этиб қандайдир билгисиз хаёл,
Жуанна кокилин ўйнар эди жим;
Ўзининг ғаройиб қисматидан лол,
Гангиб ўлтирарди Жуанна хоним.
Синчи кўзлар боқиб излаганда сир,
Хижолат чекади ҳар бир мусофир.

46

Шу пайт етди дея уйқуга фурсат,
Онахон айлади ҳаммани огоҳ.
Жуаннага деди: “Сен келдинг бевақт,
Келдинг тасодифан, билмадим, эвоҳ,
Ҳатто беролмадим оқшомги овқат,
Тўшаклар ҳам банддир бари, ё оллоҳ,
Бир кеча мен билан ётгин амаллаб,
Эртага жой қилиб бераман боплаб”.

47

Эътироз билдирди Лола: “Вой, худо!
Шусиз ҳам сиз ўзи ухлайсиз ҳушёр!
Тинч ухланг, сизни биз қўриқлаймиз, о!
Яхшиси, мен билан ётсин бу дилдор,
Қаранг, иккимиз ҳам нозигу адо,
Мен билан ётса у қийналмас зинҳор!
“Мен-чи, – дер Катенька. – Мен нима қилай?
Менинг тўшагим ҳам тор эмас, қулай!

48

Боз, ёлғиз ётишдан қўрқаман ёмон:
Алоқ-чалоқ тушлар… сизда ихтиёр!
Туннинг сукунати қилар чалажон,
Ҳар товуш, ҳар шарпа қўрқитар бисёр,
Тушимга киради арвоҳ, жанг, шайтон…”
“Ана, бемаънилик! – дер “онаизор”, –
Сен қўрқсанг, туш кўрсанг, титрасанг дир-дир,
Дугонангга уйқу бермайсан, ахир.

49

Дардингга топаман бошқа бир малҳам,
Ўшанда қўрқмайсан, бўлмайсан нотинч.
Сен, Лола, бесабр, қувсан жуда ҳам;
Дуду билан ётсин Жуанна бу кеч:
Дуду кўп иболи, камгап, хотиржам,
Бормайди бемаъни хаёлларга ҳеч.
Борақол, қизалоқ!” Дуду жим эди,
Майин нигоҳ билан гўё “Хўп” деди.

50

Онахону Лола, Катяни шодон
Ўпиб, миннатдорлик билдириб азим,
Таъзим бажо айлаб (улар ҳеч қачон
Қилмас биздагидек тиз букиб таъзим),
Дугоналар кўнглин олди меҳрибон,
Қилиб хушчақчақу лоқайд табассум,
Тутиб Жуаннанинг қўлидан майин,
“Ода”га етаклаб кетди у кейин.

51

Хўш, “ода” нимадир? Бу шундай хона –
Унда хос тўшаклар, ипаклар бисёр
(Бўлганман неча бор мен ҳам хуфёна),
Болишлару турфа майда-чуйда бор,
Ҳа, бундай тўшакда ҳеч бир жонона
Шайтоний хаёлдан кечолмас зинҳор.
(Жуан кирганида остона ҳатлаб,
Ишонинг: шайтон ҳам тишлаб қолди лаб!)

52

Гўзал бир мавжудот эди Дудумиз;
Бундайлар куйдирмас, эркалар фақат,
Бу қадар мукаммал ҳуснни, афсус,
Ҳатто қила олмас рассомлар суврат.
Рассомни жалб этар ифодали юз,
Норасо бўлса ҳам, маъноли талъат.
Хуллас, алоҳида кўркдан мосуво,
Кескин чизиқларга бой бўлган лиқо.

53

Гуллаётган баҳор қувончлари жо,
Маъсум бахтиёрлик уйғунлигию
Ором ва сукунат ҳукмрон маъво –
Қуёшли ўтлоққа ўхшарди Дуду…
Бундай манзаралар дардимга даво!
Бўронли уммонга ўхшаш серғулу,
Шиддатли гўзалдан қўрқаман; ё сал
Қўрқитар ундан-да гўзалроқ гўзал!

54

Осуда эди у, ғамгинмас бироқ;
Ўйчан эди, рости, жиддийроқ эди,
Ёритиб тургандай ичин бир чироқ,
Ҳатто баҳордан-да нурлироқ эди.
Гўзал эди, лекин кибрдан йироқ,
Ҳуснин кўз-кўзлашдан у йироқ эди;
Гўдакдай бокира, беғубор эди,
Ҳолбуки, ўн етти ёши бор эди.

55

Олтин нималигин билмас бирор кас,
Олтин замондаги олтиндай, – бу қиз
Қуруқ номнинг қуруқ шуъласи эмас,
Малоҳатда тўкис, чиройда тенгсиз.
“Lucus б non lucendo” эски гапдир, бас;
Эҳтимол бу таъриф муттаҳам иблис
Филиззотни қориб бир зумда абжир
Коринф миси монанд аллақандай бир

56

Ғалати қотишма яратган замон –
Бизнинг замонага жоиздир; магар
Ҳақлидир устимдан кулса китобхон:
Чунки кўп ўтлайман, менга шу ёқар,
Кўплаб октавамни қиламан қурбон.
Буни ожизлик деб билма, биродар;
Биламан, айбдорман, лекин ўз раъйим,
Ўз эркинлигимча қоламан доим.

57

Дуду Жуаннани етаклаб хушбахт
(Жуанни десак ҳам қилмаймиз хато),
Ўтди буюк хоннинг рангин, басавлат
Тўшагига мойил қайлиқлар аро;
У сукут сақларди, бу – ноёб хислат,
Ҳам гўзал қизга хос, айни муддао;
Тасаввур қилинг сиз кўзларни шу чоқ,
Йўқ, улар кўз эмас, сокин қалдироқ!

58

Аммо, айни пайтда, канизни Дуду
(Чалғийман Жуанни десам мен агар,
Чалғисам не бўпти, тўғриси ҳам шу)
Ҳарам ишларидан қилар бохабар:
Айтар муҳофаза усулларию
Борлигин антиқа ҳийла, ўйинлар;
Хуллас, уддаламоқ эмасдир осон
Кўпайиб кетганда ҳарамда жонон.

59

Дуду ёш, навқирон дугонасини
Ийиб ўпди: ўпса, нима бўпти, хўш?
Беғубор, меҳрибон қиз бўсасини
Яхши эмас ахир ножўя йўйиш.
Аёлларнинг дўстлик робитасини
Севаман ва қилар ўпичи сархуш,
Зеро, олмоқ учун тўла қониқиш,
“Ўпиш”га қофия бўлсам дер “хоҳиш”.

60

Борини яширмай, табиий, илдам
Либосларин ечди хушқомат Дуду;
Сўнг ошкор ноз ила ўзини шаҳдам
Ойнага солиб бир жавлон урди у.
Шаффоф бир булоққа кўзи тушган дам
Ўз аксига шундай тикилар оҳу,
Яъни, сув остида фусункор бу жон
Қандай яшашига тушунмай ҳайрон.

61

Дуду ёрдамлашиб, дугонасин ҳам
Ечинтириб қўймоқ бўлди-ю, бироқ
Жуанна уялиб олмади ёрдам,
Ўзим ечинаман деб, шўрлик нўноқ,
Ё билмай, ё қўрқиб чекди кўп алам,
Қолмади тўғноғич кирмаган бармоқ:
Аёл кўйлагида турса гар бежо,
Тўғноғич – лаънатдир, тўғноғич – жазо.

62

Гўзал хонимларни қилар бу матоҳ
Тегиб бўлмайдиган бир типратикан.
Ўзим ёшлигимда бўлганман гувоҳ,
Ниқоб базми учун ясантираркан,
Бир гўзал хонимга, шошиб, баногоҳ,
Тўғноғични хато қадаб қўйганман;
Билмасдан, керакли жойига эмас,
Бошқа бир жойига қадабман, хуллас!

63

Аммо бу сафсата ғийбатнинг ўзи:
Ҳар қалай, илмнинг қадри бор ҳамон!
Бас, баҳсда янграсин заковат сўзи
Хоҳ тўнка, хоҳ золим ҳақида урён.
Лекин ҳамма учун Фалсафа қизи
Жумбоқдир, менга ҳам, рости, ноаён,
Нечун, қачонгача, ким учун яшар
Бу ёруғ дунёда инсон ва башар?

64

Хуллас, сукунатга ғарқ эди ҳарам.
Ожиз милтирарди хира чироқлар.
Сездимки, руҳларга бу боғи эрам,
Ажойиб сайргоҳ бўларди, – агар
Улар бор бўлсалар, – мос эмас ҳечам
Уларга тангу тор, хароб ҳужралар!
Шунда, борлигига руҳларда ҳам дид,
Биз, лоқайд бандалар, бўлардик шоҳид.

65

Жанубга хос кўркам, сеҳрли боғда
Оҳ чекиб, интизор солланган гуллар –
Янглиғ ҳаловатни қолдириб доғда,
Ором оғушида ётар гўзаллар.
Биттаси сал толғин, хира чироқда,
Бетимсол хулёдек сирли, кўз олар,
Гўё ларзон шохда осилган ноёб,
Ғаройиб мевадек нафис, файзиёб.

66

Бошқа бири ётар, ёноқлари ол,
Оппоқ билакларга таяниб бир ён,
Қуюқ, қора сочлар кифтида хиёл,
Оҳиста мавжланиб, турар паришон;
Елкаси кўз олар оппоқ қор мисол,
Турар ним очилиб, яъни, ним урён,
Нафис қад-қомати бамисли ҳилол –
Чойшаб тагидан ҳам ялтирар яққол.

67

Ой шундай кўринар шаффоф булутлар
Момиқ туманидан мўралаган дам;
Нарида – учинчи тутқун бир дилбар,
Мубҳам бир уйқуда ётади пурғам:
Тушига қадрдон бир соҳил кирар,
Кўрар йиғлаётган она юртин ҳам,
Гўё сарв баргига инган дур шабнам,
Мужгонида ёнар шода-шода нам.

68

Тўртинчи асира – ҳайкалдай рангпар,
Ҳиссиз сукут ичра тин олар ҳиссиз,
Оппоқ, эҳтироссиз, совуқ бу дилбар
Худди Алп қоридай нур сочар нурсиз,
Ё бир қиз қабрига қўйилган пайкар,
Ё Лутнинг тузқотган хотини дейсиз.
(Хуллас, ўхшаши кўп. Ҳа, жуда бисёр,
Танлаб олаверинг – сизда ихтиёр.)

69

Буниси, бешинчи соҳиби талъат,
Ўрта ёшда, агар таржима қилсак –
Айни ёз фаслида. Афсус! Бу суврат
Тасаввур уйига бўлолмас безак.
Ҳақиқий шоирлар каби мен фақат
Ёшликка шайдоман, шу боис, бешак,
Ёшлигини эслаб оҳ урган қари
Одамлардан доим юраман нари.

70

Хўш, қандай ухлади суюкли Дуду?
Албатта, қизиқ бу, аммо йўқ имкон,
Илҳомим ҳам буни билолмади-ку,
Алдашни эса у хуш кўрмас, аён.
Ҳоким эди сирли бир ним қоронғу,
Гўзал боғнинг гўзал гулларисимон
Ухлаётган қизлар устида ҳайҳу
Кўтариб қичқирди ногаҳон Дуду.

71

Дудунинг бошига тўпланди ҳарам,
Таҳликага тушди Онахон, қизлар,
Қасирға қўпгандай туюлди бир дам,
Муз узра шовуллаб тушгандай музлар.
Қўрқиб кетган қизлар бўлди жамулжам,
Шивирлар лол эди, лол эди сўзлар.
Хўш, вазмин, хотиржам Дудуни бу тун
Нима ҳам қўрқитган бўлиши мумкин?

72

Дуду танг, безовта, сирли қўрқувда
Бир-бир ташлар эди қизларга нигоҳ.
Учар юлдуз нури қоқ ярим тунда
Теграни шу тахлит ёритар ногоҳ;
Ҳаяжон ичинда, титроқ ичинда
Қизлар ҳар шарпадан бўлганча огоҳ,
Турарлар билолмай, тушунолмай ҳеч,
Нима бўлди ўзи Дудуга бу кеч?

73

О, дўстлар, уйқу бир оромижондир!
Жуанна ухларди сокин, бехабар.
Никоҳ лаззатидан ҳорган мамнун эр
Шундай хуррак отиб тинчгина ухлар.
Гўзаллар шўрликни тапира-тупир
Аяб ўтирмасдан турта кетдилар,
Ниҳоят, таажжуб ичида беғам,
Эснаб ва керишиб уйғонди у ҳам.

74

Ногаҳон бошланди буюк бир тергов,
Бош-кетсиз саволлар ёғилди ғужғон;
Юраклар, нигоҳлар, юзларни лов-лов
Ёндирар қизиқиш, кутиш, ҳаяжон.
Шубҳаю тахмину хитобдан бирров
Довдираб қоларди оқилу нодон!
Дудумиз гап-сўзга кўп чечан эмас,
Нима бўлганини айтиб беролмас.

75

Айтишича, бир туш кўрганмиш ёмон,
Мудроқ бир ўрмонга кирган эмиш ул, –
Данте ўрмонига ўхшаш бир ўрмон, –
Унда нафсин тийиб, яхши ва оқил
Бўлмоққа маҳкуммиш ҳар битта инсон.
Зарурат қонуни мўмин ва маъқул
Қилармиш енгилтак хотинни дарҳол, –
Қисқаси, рўй бериб мўъжиза-имкон,
Тушига кирганмиш қоронғи ўрмон.

76

Шундоқ тепасида, дарахтда, яққол,
Тирсиллаб етилган, чиройли, олтин
Бир олма осилиб турармиш беҳол,
Ям-яшил япроқлар қуршаб атрофин.
Аммо унга етмоқ бўлибди маҳол;
Саркаш, итоатсиз қўл билан бетин
Дуду отган тошлар кетибди бекор –
Хуллас, ололмабди олмани дилдор.

77

Алам қилиб, бироз кетса у нари,
Ўша гўзал олма поп этиб ногоҳ
Узилиб тушганмиш, олиб, у пари
Энди очган экан оғзини, эвоҳ,
Пайдо бўлиб туйқус бир асалари
Унга ниш урибди! Ё олампаноҳ!
Оғриқдан нақ ўлиб тўлғонибди у,
Додлаб: “Вой!” дебдию уйғонибди у.

78

Ўлгудай хижолат чекарди Дуду
(Албатта, таъбири бизга номаълум
Қўрқинчли тушининг оқибати бу),
Сирли-кароматли, ғалати, мавҳум
Бу тушлар менга ҳам бегонамас-у,
Ўхшаш тасодифми дейман-да балким;
Неки сирли бўлса, бу кун одамлар
Барини ўхшаш бир тасодиф билар.

79

Даҳшатли бу ишлар тафсилотини
Билмоққа ишқивоз аҳли дилором,
Чуғурлаб талади шўрлик Дудуни,
Ширин уйқумизни қилдинг деб ҳаром.
Ҳовучлаб турувди қиз юрагини,
Онахон ҳам берди қўшимча дашном;
Дуду уқтиради хўрсиниб тинмай:
“Додлаб юборибман ўзим ҳам билмай”.

80

“Умримда чўпчакни кўп эшитганман,
Лекин асалари, олма ҳақда туш,
Ё шайтон, ё бўри босгандай бирдан,
Ҳарамнинг бошидан учириб эс-ҳуш,
Жинни қилганини кўрган эмасман!
Гапларинг тутруқсиз бари, бояқиш!
Ўнгда ҳам алаҳлаб титрайсан қалт-қалт,
Ҳаким чақираман эртага албат.

81

Бояқиш Жуанна! Қандай беозор!
Қара, чўчиб тушди бу ҳам, қизпақир!
Уни ётқизибман сен билан бекор,
Мен ўлгур – мияси айнаган кампир.
Яхши кўрардим-да мен сени бисёр,
Ақлли, камсухан, тинч эдинг ахир…
Энди уни, Лола, қаватингга ол,
Сал нари сурилсанг, сиғар бемалол!”

82

Лола яшнаб кетди қувончдан гул-гул,
Аммо шўрлик Дуду кўзёшин ютиб,
(Туши таъсиридан у ҳамон малул,
Кампир таҳдиди ҳам қўйди ҳуркитиб),
Бирдан журъат топди ва дадил-дадил,
Қизилликда ҳатто лоладан ўтиб,
Онт ича бошлади: “Авф эт, Онахон,
Тушимда қўрқмайман энди ҳеч қачон”.

83

Дуду Онахонга ваъда берди бот,
Энди у туш-пуш ҳам кўрмайди, тамом.
Пушаймондир, лекин фойда йўқ, ҳайҳот,
Қилди қизларнинг ҳам уйқусин ҳаром.
Қўрқиб кетган эмиш уйғонган заҳот
Кўзи бошқаларга тушиб ногаҳон.
Ўтиниб, кечирим сўрар эди чин,
Ожизлиги, ножиз қилиғи учун.

84

Жуанна ҳам кирди жонига аро:
Дуду билан жуда зўр бўлди уйқу;
Қизлар кўтармаса агар можаро,
Дуду қичқирганин билмабди ҳам у;
Таъна қилмас эмиш қўрқса ҳам, зеро,
Айбдор эмас эмиш қичқирса Дуду, –
Хаёлот – қоронғу, мавҳум, билинмас,
Одамнинг тушига нималар кирмас!

85

Жуанна кўксига ўзининг лов-лов
Ёнаётган юзин беркитди Дуду
Пушти рангга кирган гул каби дарров.
Не ажаб, энсаси, бўйни ҳам, ёҳу,
Бўлди ҳаяжондан бирпасда олов.
Менинг ишим эмас, бинобарин, бу,
Энди бу мавзуни тўхтатиб пича,
Ҳарамга тилайман хайрли кеча.

86

Ёки, тўғрироғи, хайрли саҳар,
Хўрозлар қичқирди, дарвоқе, хушҳол,
Масжидлар ҳилоли ялтираб турар
У ер, бу ерларда кумуш ип мисол;
Салқин тонг, баргларда шабнам ялтирар,
Тепалар устида имиллаб беҳол,
Туялар карвони суринар нолон,
Олис Кўҳиқофдан келар бу карвон.

87

Ҳали тарқамасдан сабуҳий туман,
Гулбека безовта, нотинч, пуркадар,
Ювиниб, тараниб, кийиниб олган;
Тийиқсиз эҳтирос сингари рангпар.
Булбулнинг кўкраги ҳажр хоридан
Ярадор бўлади, дерлар шоирлар, –
Ва лекин асов бир истак азоби
Олдида ҳеч гапдир ҳажр изтироби.

88

Қиссадан бир ҳисса қилардим, лекин
Шоирдан изларлар ғаразли фикр;
Эринмай, кўтариб ҳар банд этагин
Топарлар қандайдир ишораи сир.
Ўқувчи-ку, майли, ҳар сўзинг тагин
Кавловчи ҳамкасбга не дейсан ахир.
Дунёда ёзғувчи зоти кўп, нетай,
Хўш, қайси бирига дум ликиллатай?

89

Хуллас, такасалтанг одамларга мос
Пахмоқ тўшагидан турди маликам, –
Гулбаргдан нафисроқ бўлса ҳам палос,
Такасалтанг нолир ётаётган дам.
Ҳатто иштаҳа ҳам сезмасдан бироз,
Кўзгуга ҳам боқмай Гулбека пурғам,
Ажиб бир орзуда ўртанар, ёнар,
Дарғазаб малоҳат ичра тўлғонар.

90

Унинг буюк эри, паноҳи, ҳайҳот,
Уйғонди сал кечроқ – бепарво, беғам, –
Ўттиз вилоятга ҳукмрон бу зот,
Ёрига хуш ёқар жуда камдан-кам.
Серҳиммат Ҳименей Туркияда бот
Аъло шифокордир бу ишда ҳар дам:
Хотинларга қилмай ҳеч нарсани маън,
Хотиржам қилади эрни умуман.

91

Султон бу ишларни кам ўйлар, зеро,
У ҳам бир эркакдай фикр юритар.
Унга шаробдай гап ҳар қандай барно,
Қизлар билан фақат кўнглин овутар.
У чаркас қизларин ҳарамда гўё
Бир гулдон, бир сурат ё шамдай тутар.
Аммо билиб азиз, суюкли бир ёр,
Ёлғиз Гулбекадан туяр ифтихор.

92

Алқисса, у туриб, олди таҳорат,
Қаҳва ичди, қилиб аллоҳга шукр,
Сўнг кетди ўтказмоқ учун машварат,
Бебош рус қўшинин сиқуви ахир
На ором беради, на берар муддат.
Шу сабаб то ҳануз мадҳия ўқир
Ялтоқлар ул тождор эркакжаллобга,
Улуғ шаҳаншоҳга – бузуқ, қаллобга…

93

Қонуний невара, Александр, о,
Қадим Нева узра янграса бир кун
Менинг октавамдан бу ҳамду сано,
Сен мендан ранжима истеҳзо учун.
Биламан: қўшилди янги, зўр садо
Болтиқ долғалари сасига бу кун –
Яъни, зўр, шиддатли, эркин бир нафас!
Мен шуни англадим – шунинг ўзи бас.

94

Екатеринанинг ўғли деб отанг
Аркони давлатда тан олинди-ку;
Эркакка ўч эди шаҳаншоҳ хотин,
Аммо шармандалик саналмагай бу!
Қандайдир бир зино подшоҳ авлодин
Ахир маломатга қўймас-ку мангу,
Жаноблар, энг аъло шажарада ҳам
Майда-чуйда айблар учрайди кам-кам.

95
Ҳам Екатерина, ҳам султон магар
Ўйлаб ўз фойдаю манфаатларин,
Ибрат, сабоқ бўлиб янги ўлкалар,
Исроф қилмасалар хазиналарин:
Султон – сарфламаса ҳарам учун зар,
Аёл – лашкарига сочмаса зарин,
Насроний, мусулмон аро бу қадар
Авж олиб кетмасди ўтли низолар.

96

Султон олимлар-ла қилади кенгаш,
Билмоқчи бўлади аъёнлар дилин:
Сўрар манжалақи ҳамда жанжалкаш
Бу хотин подшоҳдан қутулиш йўлин;
Жўяли бир жавоб ўрнига, ғамкаш
Машварат хўрсиниб эгади бўйин:
Сўнг мадад ўрнига қўшарлар, ҳайҳот,
Ўлпонга – ўлпону закотга – закот.

97

Шу орада гўзал Гулбека ҳорғин,
Махсус хос ҳужрага айлади узлат.
Нонушта қилмоғу май ичмоқ учун
Йўқдир бу ҳужрадан қулайроқ хилват.
Бўстонлар инъоми – гуллар гуногун,
Ёқутлар, биллурлар, гиламлар қат-қат,
Нақшин шифт, шоҳию атласу кимхоб
Бу ҳужрани қилмиш файз ила сероб.

98

Порфиру мармарлар таратиб жило,
Қилар қимматбаҳо атлас ила баҳс.
Шишалар рангига чўғ ҳам маҳлиё,
Қушлар қафасларда сайрар басма-бас…
Шоирлар неча бор айламиш иншо,
Бу зебу зийнату маҳобатни, бас;
Бу ҳужра кўркини хаёли учқур
Ўқувчимнинг ўзи қилсин тасаввур.

99

Гулбека занжини қийнаб бешафқат,
Сўради: не қилди шунча вақт Жуан,
Ҳарам аҳли ичра у соҳиб талъат
Бўлди не гап-сўзга сабаб дафъатан?
Тутдими ўзини доим пурҳасрат,
Хўш, қандай танишди у қизлар билан, –
Хусусан, у жуда қизиқди, сўзсиз,
Ким билан, қаерда, қандай ётди “қиз”?

100
Бобо қўрқа-писа бераркан жавоб,
Сергап бўлиб, ўзин хизматга тайёр
Кўрсатиб, бекани, баҳаққи савоб,
Алдамоқчи бўлди бу содда-айёр.
Аммо чол бир сирга ёпганин ҳижоб
Гулбека пайқади – зийрак ва ҳушёр;
Сабабки, гоҳ қулоқ, бош қашиб гоҳо,
Жиддий тутолмади ўзини Бобо.

101

Гулбека кутмоқни қилмаган одат;
Бу сабру тоқатга бегона аёл
Яхши кўрар эди бой бермай фурсат,
Ё изоҳ, ё жавоб олмоқни дарҳол.
Ортиқ гапиришга қилолмай журъат,
Занжи қўрққанидан жим қолди алҳол,
Гулбеканинг юзу кўзида пинҳон
Ғазаб ўз чақмоғин чаққани замон.

102

Бобо бу аломат охири бахайр
Бўлмаслигин сезиб, тушди юзтубан,
Ёлвориб сўради бекадан узр
Ва айтди ямланиб, чайналиб, Жуан
Дуду ғамхўрлигин кўрди, деб, манзур;
Сўнгра ўз юлдузин айблаб дафъатан,
Йўқ, дея, бу ишда менинг ҳеч ҳиссам,
Қуръон ўпиб, ичди кетма-кет қасам.

103

У элтди Жуанни эшиккача то,
Ундан у ёғига, бас, ҳадди сиғмас.
У ёғига ҳукмин ўтказар танҳо
Шу юзлаб канизлар онахони, бас;
Тартибга ҳам ўша жавобгар, зеро,
Занжига уйқудан бошқа иш қолмас…
Ўйланмай айтилган арзимас бир сўз,
Бошингга ёғдирар минг битта афсус.

104

Сўнг ишонч билдириб айтдики Бобо,
Жуан ҳам ўзини тутгандир албат:
Ахир эҳтиётсиз бўлса мабодо,
Билар ўз бошига тушишин кулфат:
Ё қоп ё бошқа бир ёмонроқ бало…
Занжи ҳаммасини айтди-ю, фақат
Ташлаб ўтди Дуду тушини – айёр,
Хуллас, у қилмади бу сирни ошкор.

105

Тўғри, у айтарди балки олдинроқ
Ва лекин даҳшатли Гулбека унга
Қошларин чимириб тикилди узоқ.
Ҳарсиллаб, кўзлари сочди аланга,
Нигоҳлар дарғазаб, уюлган қовоқ,
Ғашдан, ҳаяжондан, ғамдан манглайга
Қалқди реза-реза совуқ тер зилол,
Титроқ нилуфарда шабнамлар мисол.

106

Ожиз тоифадан эмас у, бироқ
Ҳушдан кетказмоқ ҳам осонмас уни,
Лекин бир дақиқа асабий титроқ
Қуршаб олди унинг бор вужудини;
Шундайки, қийноқли даҳшат тутқаноқ
Ёхуд талвасанинг совуқ тўлқини
Ларзага солганда машъумот бизни
Бир лаҳза сиқади юрагимизни.

107

Бир нафас қотди у, алаҳ ичра фол –
Кўрган Пифиядек, талвасаи жон
Измида бир муддат гангираб беҳол,
Худди жиловини узган отсимон,
Пора-пора қилиб қиймалар қаттол
Жазава, эҳтирос юрагин чунон.
Дил-дилдан эзилиб, ўчиб ранг-рўйи,
Дафъатан солди у бошини қуйи.

108

Бошин қуйи солди, худди жароҳат
Ҳолдан тойдиргандай ғалати, сузғин;
Сочлари мажнунтол сояси сифат
Диванга ёйилди паришон, тўзғин,
Кўкраги тўфонли уммондай шиддат,
Шаҳд ила қалқинди безовта, маҳзун;
О, уммон бундай дам қаҳқаҳ уриб шод,
Соҳилга итқитар хас-чўпни, ҳайҳот.

109

Ҳали айтганимдай, тўзғин кокиллар
Тўсар ой юзларин; беҳол, бемажол
Шалвираб тушади оқ, момиқ қўллар,
Худди жони йўқдай афтода бир ҳол…
Мен рассом эмасман, шоирман, магар
Бу ҳолни тасвирлаб беришим маҳол;
Сўз бўёқ эмасдир: бу байтлар, аммо,
Бир ҳолат тарҳидир, бир ожиз имо!

110
Бобо ҳам қув эди: тил тийиб қачон,
Қачон гапирмоқни билар эди ул,
У биларди, тинар охир бу тўфон,
Қутурган тўлқинга кирмоқ – номақбул.
Туриб, хона ичра у ёндан бу ён
Юра бошлади у, боқиб, сезди қул:
Қалдироқ-ку ўтар ва лекин уммон
Тинчирмикан, фақат шуниси гумон.

111

Гулбека юришдан тўхтади, бирпас
Жим туриб, сўнг яна юра кетди у;
Асабий қадамин тезлатди бесас
Ва яна тўхтади. Юриш – бир кўзгу;
Юрганда фош бўлган дунёда кўп кас;
Каталин ҳақда Гай ёзган эди-ку:
У ёвуз иблислар измида яшар,
Юрса – эҳтирослар туғёни жўшар.

112

Гулбека занжига буюрди: “Тезроқ!
Айт, олиб келсинлар уларни, эй, қул!”
Беканинг овози паст эди, бироқ
Ҳарам оға сезди, шаҳаншоҳ тугул,
Шайтон ҳам бўлолмас айбдорга паноҳ.
Бобо Гулбекадан сўради: “О, Гул,
Яна хато қилмай, раҳм этинг бизга,
Кимларни келтирай ҳузурингизга?”

113

Гулбека бақирди: “Эй, қора айиқ!
Гуржи қизи келсин, ўйнаши келсин!
Дарвоза олдида шай турсин қайиқ…
Амримни уқдингми, тилингни тий сен!…”
Гўё бошқа бир сўз тополмай лойиқ,
Гулбека жим қолди ушлаб ўз бўғзин;
Чол эса аллоҳга қилди илтижо:
“Ўзинг балолардан асра, илоё!”

114

“Майли, мен тилимни тияман, – дер чол, –
Ҳеч вақт амрингиздан чиқмадим, бекам,
Амрингиз ҳар қанча бўлмасин қаттол,
Доим қулоқ қоқмай бажардим илдам;
Шошилманг, мен ахир кўп кўрдим завол,
Қаҳрига қанча кўп эрк берса одам,
Жабрини ҳам ўзи тортиши аниқ.
Сирнинг очилишин айтмаяпман, йўқ, –

115

Ўзингизни ўйланг, деяпман, холос!
Тўғри, ҳалок этар денгиз мутлақо,
Қанча жасадларни бу ўпқон паққос
Ютганин бир худо билади танҳо!
Бир қошиқ қонимдан ўтинг, илтимос,
Ахир сиз… сиз унга ошиқи шайдо…
Уни-ку ўлдирмоқ – осондир аниқ,
Аммо, узр, дилда ўлармикан ишқ?”

116
“Ишқдан гапирмоқни сенга ким қўйди! –
Бақирди Гулбека. – Йўқол, касофат!”
Бобо тез фаҳмлаб, тилини тийди:
Беканинг амрини агар бир муддат
Кеч бажарсанг, билки, хонумон куйди;
Бу ҳам етмагандай ҳайф кетар фурсат.
Қолаверса, занжи эмасдир нодон,
Қилмас ўзгалар деб ўз жонин қурбон.

117

Кетди бека амрин этгали бажо,
Йўлакай туркчалаб ғудраб, ғўлдираб,
Инжиқ аёл феълин сўкиб норизо,
Дарғазаб бекадан қўрқиб, қалтираб.
Аёл зоти бунча ўжар, ё худо!
Бунча зўр уларда ҳиссиёт, талаб!
Хайриятки, ўзи холис, йироқдир
Бундай кулфатлардан, худога шукр.

118

Бобо буюрдики, икки айбдор тез
Бекам ҳузурига етиб борсинлар,
Унутмасин соч-поч тарашни ҳаргиз,
Ипак либосларин кийиб олсинлар.
Бекам сўроқ қилар уларни, шаксиз,
Қайда туғилдилар, қайда турдилар?
Дуду таҳликада, Жуан жим, диққат,
На у қарши чиқар, на бу қилар рад.

119

Олий қабул учун шайланар улар;
Мен халал бермайман; балки, эҳтимол,
Гулбека уларга марҳамат қилар;
Балки, жазо берар; англамоқ маҳол:
Баъзан бир ҳаракат барин ҳал этар,
Бас, демак, олдиндан очиб бўлмас фол,
Ким билар, дарғазаб, қутурган, қайсар
Аёл бундай дамда қандай йўл тутар.

120

Бас, етди еттинчи бобга ҳам фурсат;
Бошлайман, олдимда кутар янги йўл.
Маълумки, берилса агар зиёфат,
Таомлар тортилар доим хилма-хил;
Қадрдон Жуанга ёр бўлсин омад,
Ишқилиб, балиққа ем бўлмасин ул.
Вақти ғаниматни мен ҳамда илҳом
Ҳарбий мавзуларга этамиз инъом.

Рус тилидан Сулаймон Раҳмон таржимаси