Шрикант Верма (1931-1986)

Шрикант Верма ҳинд адабиётининг йирик вакилларидан ҳисобланади. У 1931 йил 18 сентябрда Мадхья-Прадеш штатидаги Биласпур шаҳрида туғилган. Мураккаб ва бетакрор ижодий тадрижни бошдан кечирган бу шоир, «Талваса достони» (1963 йил) шеъри билан ўқувчилар ва адабий танқидчилик эътиборига тушди. «Мажлислар уйи» (1973 йил) шеърий тўплами эса унга катта шуҳрат келтирди.

ҲАММАГА ЎХШАБ

Мен ўзимни қандай тутдим,
ҳамма айюҳаннос ила
қичқирган пайти?
Мен қичқирдим улар билан теппа-тенг —
қўрқдим,
ҳаммага ўхшаб.

Мен ўзимни қандай тутдим,
ҳамма қичқирганда:
«Мусулмон Азиз — бу, душман!» деб?
Шу кўп овознинг ичида
бор эди менинг ҳам ўткир чинқириғим:
«Мусулмон Азиз — бу, душман!»

Мен ўзимни қандай тутдим,
у ёқ бу ёққа аланглаб олиб,
ҳамма деганида:
«Жим турган маъқул эмасми?»
Мен ҳам такрорладим:
«Ҳамма гапирганини гапир.
Бошқаси ҳақда —
дамингни чиқарма!»

Қичқириб бўлдик.
Ўлдирдик Азизни.
Тилни тишладик.
Энди-чи, ҳайрон бўлиб
ҳамма бир-бирига дер:
«Қандай рўй берди бу иш?»
Мен ҳам такрорлайман ҳамма билан
шу сўзларни.

БОБУР ВА САМАРҚАНД

Бобур Самарқанд йўлида,
Самарқанд Бобур йўлида.

Черикига айларак зуғум
Ўн мартача сўради гарчанд:
«Узоқдами ҳали Самарқанд?»
Жавоб айтмас Бобурга ҳеч ким.

Олам ёнар офтоб кўзидан.
Кўкка ўрлар чанг булутлари.
Самарқандга йўл топмас бари.
Шу-чун Бобур эмас ўзида —
Қаҳри келган ҳаддан ташқари.

Қаттиқ-қаттиқ кишнар арғумоқ.
Тўхтайдилар — сувга етган чоқ.
Бир эл чиқди. Одамлар аро
Ёмон шов-шув бўлганди пайдо.
Лекин сўрар бетоқат подшо…
«Эй дўст, азиз Самарқанд қайда?»

Унга боқмас тўдадагилар,
Ерга боқар ҳамма, боши хам,
Бу эл унга не жавоб қилар?
Учрашувдан шодмас Бобур ҳам.

Кун ҳам қайтар қовуриб бир қур.
«Қаранг! Қаранг! Не бунинг сири?
Миноралар! — қичқирди Бобур, —
Самарқандга етдим охири!»

Лекин ёлғон эди бу хабар.
Тўғри сўзни шунда эл айтди:
«Самарқанддан ўтгансиз саҳар,
Энди эса орқага қайтинг!»

Самарқанд Бобур йўлида,
Бобур Самарқанд йўлида.

Муҳаммадали Қўшмоқов таржималари.