Леапольд Седар Сенгор (1906-2001)

Леопольд Седар Сенгор (Léopold Sédar Senghor) – шоир, сиёсий арбоб, Париждаги Сарбонна университетининг филология факультетини тугатиб, африкаликлар орасида биринчи бўлиб, француз лицейларида дарс бериш ҳуқуқини олади. 1939–1940 йилларда француз армиясида хизмат қилади. Қаршилик кўрсатиш ҳаракатида қатнашади, икки йил фашистлар концлагери асирлигида бўлади. 1945 йилдан 1960 йилга қадар Француз ҳукуматида қатор министрлик лавозимларини эгаллайди. Узоқ йиллар давомида Сенегал республикасига президентлик қилади. Париж, Страстбург ва бошқа университетларнинг фахрий фан докторлигига сайланади. Француз академиясининг аъзоси.
Француз тилида ижод қилиб, дунёвий эътибор қозонган Л.С.Сенгор майин лирик шоир бўлиб, эҳтиросли ишқ-муҳаббатга, Ватанга кучли садоқат руҳига йўғрилган кўплаб шеърий тўпламлар муаллифидир.

МАРҲУМЛАР ЁДИ

Якшанба.
Мен мармар юзли яқинларим бесаранжом тўдаларидан
чўчийман.
Хаста ҳамда ташвишманд кексаларга тўла
минор ичидан
Термиламан туманга чулғанган тепаликлар
ва томларга,
Яланғоч мўрилар – сукут ичра тек.
Марҳумлар ухларлар уйлар ва адирлар этагида,
Ухларлар менинг орзуларим, ёниб кул бўлган,
Менинг орзуларим – беҳуда тўкилган
ва кўчаларга оқиб чиққан қон янглиғ
Қассоблар дўконидан сизган қонга қўшилиб ухларлар.
Ва мен ойнаванд минорадан Гамбия* ёки Салум** ёки
Сена қирғоқларида қабилам сардорлари каби
қишлоқ чеккасида тургандек, илғайман тепаликлар остига
узанган орзуларимни.
Халал берманг марҳумлар ҳақидаги ўйларимга менинг!
Кеча нишонланди Қуёш байрами – жамики мўътабар,
эзгу руҳларни эслаш айёми,
Бироқ ёдга олмади ҳеч ким ҳеч бир қабристонда
ўлимни инкор қилган зотларни.
Марҳумлар! Сиз ўлимга бас келиб, ҳамма ерда –
Сина*** дан Сенага қадар ва менинг томирларимни
тўлдирган ўжар қонда ҳам
Ҳимоя қиласиз менинг орзуларимни, ҳимоя қилганингиз каби
саҳройи зурёдларингизни.
О, менинг марҳумларим! Якшанба туманига чулғанган
Париж томларини офатлардан тўсинг,
Менинг марҳумларимни қўриқловчи томларни.
Ва мен тушаман бу сокин маъво –
юксак минорадан кўча саҳнига,
Мовий кўз биродарларим қошига
ва маҳкам сиқаман уларнинг қўлин.
____________
* Г а м б и я – Ғарбий Африкадаги дарё, уч давлат чегараси. Гвинея, Сенегал ва Гамбиядан оқиб ўтади.
** С а л у м – Сенегалдаги дарё, унинг қирғоғида XIX аср охирига қадар Салум кичик феодал давлати ҳукм сурган.
*** С и н а – Сенегалдаги дарё, унинг қирғоғида кичик мустақил Син давлати бўлиб, 1925 йилда у Сенегал ихтиёрига ўтган.

СИНА СОҲИЛЛАРИДА ТУН

О, аёл, ифорли қўлларингни бос манглайимга менинг,
қўлларинг момиқдан ҳам майиндир.
Ҳов, юксакликда пальмалар тебранар
ва денгиз шабадаси ила тун ичра
Таралади тотли оҳанг, майин қўшиқлар.
Майли, аллаласин дилни сукунат куйлари.
Тунги ҳарир туман оғушида Африка юраги урар
ёғоч уйли қишлоқлар кўксида.
Бош қўяр тўлин ой сокин денгиз меҳробига.
Олис кулгу садоси сингар уфққа, эртакчи чоллар эса
тебранарлар бир тарзда
Бамисли онасин кифтидаги гўдак сингари,
Раққослар вужуди оғирлашар, бахшилар томоғига
залвор қуюлар.
Юлдузлар издиҳоми бошланар, тун хотиржам ёнбошлар
пар ёстиқ булутларга, бўксасига Сомон йўлини
қилиб ёпинчиқ.
Кулбаларнинг томлари зарҳалланар ой шуъласида.
О, нималарни сўйламас улар
уйғоқ юлдузларга!
Ўчоқларда сўнар чўғлар, ажиб бир ҳаловат шукуҳига тўлар
кулбалар бу чоғ.
Аёл, шамни ёқиб қўйгин сокин хонангга, майли,
тўшакка узанган, лекин ҳали бедор гўдаклардек
шивирлашсин руҳлар тегрангда.
Аждодларинг имдодини тингла. Улар-да тотганлар
биз сингари қувғинлик заҳрини,
Бироқ ўлмоқни истамаганлар, қовжираб қолмаслиги учун
зурёдлар қумда.
Мен эса эзгу қалблар каломини
тинглайман тутунга йўғрилган кулба ичида.
Сенинг оловли кўксинг устида бошим қизир.
Майли, тушсин менинг зиммамга –
Аждодлар шукуҳидан кўксимни тўлдирмоқ,
Уларнинг тирик овозини жамламоқ
ва бўғзимга жойламоқ.
Майли, ўрганай мен сўнгги дам қадар –
заволатнинг юксак чоҳига шўнғир оним қадар
Яшамоқни, матонат-ла яшамоқни.

ЗАНЖИ АЁЛ

О, яланғоч аёл, о, занжи аёл!
Сенинг рангинг – ҳаёт ранги, о, вужудинг нақадар гўзал!
Мен сенинг соянгда улғайдим, қабоқларимни силади
сенинг нозик бармоқларинг.
Жануб ҳарорати бор қалбимда – юксак маъволарда туриб
Сени кашф этаман, орзуларим замини,
Ва сенинг гўзаллигинг олов чақин янглиғ яралайди
менинг нақ кўксимни.
О, яланғоч аёл, қўл етмас вужуд!
Ҳаёт болига тўлган сархил, қора шаробга
лим-лим дудоқларинг
куйдиргай менинг дудоқларимни
Саҳро бағридаги саванна, Машриқ шамоллари мавжларида
титраган самбит ниҳол;
Ғолиб-жангчи бармоқларидан янграган
ноғора тимсоли,
Жарангос сурур;
Сенинг юксак ва теран овозинг – жўшқин эҳтироснинг
хуррам қўшиғи.

О, яланғоч, аёл, қўл етмас вужуд!
Ажиб товланган қомат, ажин нималигини
билмаган чеҳра,
Баҳодирлар, жангчилар ва қадим Мали шаҳзодасин
юрагин ром қилган жозиба;
Шабнам қучган ўтлоқларнинг эрка оҳуси,
Вужудингнинг тим қоронғи осмонларида жимирлайди
юлдузлар нуқра;
Сен туйғулар замзамаси, ақл эрмаги;
Қора шоҳи вужудингда олтин жилваси,
Сенинг зулфларинг соясида
кўзларинг қуёшини кутароқ
Ажиб титроқлар ила нурланади
дилда соғинчим.
О, яланғоч аёл, о, занжи аёл!
Куйлайман мен – сенинг гўзаллигингни
муҳрламоқ учун мангуликка,
Токи ғаюр тақдир замин куртакларини
озиқлантирмоқ учун уни
айлантирмас экан хоки туробга.

ЖОАЛЬ

Жоаль.*
Ҳаммаси эсимда.

Эсимда – мовий ойнаванд айвондаги
маликалар,
Кўзлари уларнинг нурланарди, денгиз
соҳилини ёритган ойдек.

Эсимда – Шафақнинг алвон лавҳаси.
Ундан Кумба Н’Дофен** қироллик либосига ранг олган эди.
Эсимда – марака дастурхонлари ва
қуюқ таомларнинг хуштаъм бўйлари.

Бахшиларнинг қўшиқлари, тортишувлар
шовқин-сурони – эсимда.
Эсимда – насроний дуолари мажусийларнинг,
жамоалар давраси ё пальмалар ва
зафар кошоналари.
Эсимда – бўй етган қизларнинг нозли рақслари,
О, ўктам, мағрур йигитларнинг
давра ўртасида айланишлари, уларнинг
жанговор қўшиқлари!
Улар вужудидаги шиддат эсимда,
Эсимда: “Кор-Сига!”*** деган аёл товуши –
соф муҳаббат овози.
Ҳаммаси эсимда, ҳаммаси эсимда…
Оҳангга тақлидан тебранар бошим –
Европанинг зерикарли кунларида
кезаман соҳил бўйлаб,
Чалинар қулоғимга етим нола ва
У бўзлар, бўзлар, бўзлар.
_____________
* Ж о а л ь – шоирнинг ватани, Сенегалдаги кичик шаҳар ва порт.
** К у м б а Н’Д о ф е н – Син давлатининг ҳукмдорларидан бири.
3 К о р-С и г а – (Сига – шоирнинг сингилларидан бирининг исми) Сиги танлаган йигит, унинг хуштори.

ЛАГЕРЬ. 1940

Муҳаббатнинг ажиб гулшанин тўфон маҳв этди,
Настаринлар шохи синди, марваридгул ифори сўнди,
Шамолларга ва жануб дарёларига
кўксин очган Оролларга
яшириндилар келин-куёвлар.
Машриқдан мағрибга – шабнамлар нурланган узумзорлар,
қўшиқлар таралган кенгликлар узра
ўтди бир фарёд,
Чақмоқ ханжари санчилган янглиғ юракка.
Мана, тупроқ, шох-шаббадан тикланган қишлоқ –
заҳмли ариқлар билан
чирмалган.
Очлик ва нафрат ёз бағрини шишириб
юборар ортиқча.
Бу улкан қишлоқ сиртмоққа солинган
тиконли симдан.
Ва бу қишлоқ тўртта ҳушёр пулемётлар
нишонидадир.
Мард келбат аскарлар тиланарлар тамаки қолдиқларини,
итлар-ла талашарлар сарқитларни,
Тушларида тортишарлар кучуклар ва мушуклар борасида.
Бироқ, ҳарқалай, дилдан кулмоқ ва кўнгил эрки
сақланиб қолган улардагина.
Ва бу қизил юз гўдаклар
Уйқулари битлар ва бургалардан беҳаловат
Кекса рангпар, сўлғин болаларни қўриқларлар.
Уларни бедор тун эртаклари аллалар
ва ғамгин товушлар
сингиб кетар
жим-жит сўқмоқларга.
Уларни аллалар аллалар, ноғора садоларисиз аллалар,
Қора кафтларнинг ҳамоҳанг чапакларисиз аллалар.
“Эртанги кунда бу чошгоҳдан кейин
Жасорат они ва юксак қуёшнинг оппоқ саҳро
узра сузиши”.
Еллар наво тарар гитаралар янглиғ,
Янграр тиконли сим арфа торидек.
Қулоқ тутар ушбу сасларга томлар,
Юлдузлар энгашиб, жилмаярлар
бедор кўзлари ила,–
Юксакда, фалакда, арши аълода
Нурланар уларнинг тунд чеҳралари!..
Лойли ва шох-шаббадан тикланган
қишлоқда ҳаволар юмшар,
Тупроқлар жонланар соқчилар янглиғ
Ва йўллар уларни чорлайди эркка.
Улар тек қотарлар! Ташлаб кетмаслар
Заққум меҳнатни, бурчларини ўтарлар.
Ким бажарар, ахир, бу бад юмушни,
Мард келбат-ла туғилганлар
ўтамаса гар?
Ким тушади рақсга якшанба кунлар аскар товоқларин
куйлари остида?
Тақдирларин эрки ила эркинмас наҳот улар?

Муҳаббатнинг ажиб гулшанин тўфон маҳв этди,
Настаринлар шохи синди, марваридгул ифори сўнди,
Шамолларга ва жанубнинг дарёларига
кўксин очган оролларга
яшириндилар келин-куёвлар.

* * *
(Тўрт торли гитара учун)

Мен оқшом пайти ўлтирардим зерикарли ўриндиқда.
Кутиш онлари қаршимда узун йўл четидаги
устунлар сингари чўзилган эдилар чексизликка
Ва бирдан тегди ёноғимга олтин рангли
қизғиш нурлари чеҳрангнинг,
О, қачон учратгандим қайноқ, мағрур бу рангни мен?
Қадимги Сина ҳукмдорлари салтанатида, шаксиз.
Отамнинг отаси ҳовузларнинг қалайли саҳифаларида
ёрнинг чеҳрасини ўқиган чоғда.

Бирдан уфқлардан эсди ҳарорат…
Яна юракнинг кўчаларига ёз келган эди.
Дарахтлар товланмоқда заррин,
Дарахтларда ловуллар ҳовуч-ҳовуч нур;
Нима бу? Баҳордан даракми?
Аёллар – ҳавода муаллақ қадам босарлар
қуёшли соҳилда,
Оёқларнинг узун мускуллари – худди қора тери остидаги
арфа торлари,
Чўри қизлар – маликалар янглиғ сарвқомат,
Келишарлар кўза билан булоқ бўйига.
Юсак шамдек тик хурмолар шохлари узра
Куйлар еллар ўзларининг кўнгил шиквасин,
Кўчалар-чи, худди олис болалигимнинг кундузига
ястангандек осойишта, оқ.
О, Африка бўстонининг якто ғунчаси!
Чўзгин менинг кутиш онларим.
Қашшоқлик қийнаса кимники, беҳад ўткир бўлар
унинг юрак туйғуси.
Майин жилмаярлар.
Бу жилмайиш мовий мозийда рақсга тушаётган
аждодларимнинг жилмайишидир.

* * *
(Уч найда ижро учун)

Учиб ўтар қушлар мозий уфқлари сари.
Нурли ва силлиқ, қора дарахт найи,
Чулғар менинг хотирамни оқ туманларга.
О, нолаваш най! Мудраб ётган
хаёлимнинг сарҳадларига
оқ, беғубор тонгларингнинг ҳаририн тўша.
Субҳи содиқ жамолини, куйлагин, о, зар уфқни куйла,
Мужда берар у музаффар қуёш шаҳдидан,
Фил суягин жаранглаши,
Хиралашган хотирамнинг уйғонишидан,
Мужда берар кўкракдаги бир жуфт чўққи ва
рақсга ташна толма белдан,
гулгун ёноқдан.
Ўлтираман чўнг япроқнинг сояларида
Подалар ва ёввойи бол бўйидан сармаст.
Табассумим қуёши, о!
Қиёқ тусли лаблар узра ялтирар шабнам.
Тилла қанот, нуқра қушлар юмшоқ патлари тўқинарлар
Унинг тўти такаллумига.
Кўктирғоқлар унинг мовий нигоҳларига шавқ-ла
шўнғир, кўк чақмоқ янглиғ.
Намчил шоли поясидек қуюқ киприклар
Тебранарлар оҳанг янглиғ
соф ҳаволарда.
О, фароғат! Туяман мен вақтнинг
ёрқин товланган кўкда аста-секин қанот кериб,
парвоз қилишин.
Мудрай бошлар тек қотганча ҳорғин пода ҳам,
Тиниб қолар қумриларнинг мунгли саслари
Айни чошгоҳ пайтидаги қуюқ сояда.
Бироқ, мен-чи, эҳтиросим сўқмоқларида
яна олға юрмоқ учун қўзғаламан даст.

* * *
(Икки най жўрлигида)

Мен сенга ажиб қўшиқ тўқидим чошгоҳ пайти
Қумрининг кукулаши каби майин,
Ва жўр бўлди тўрт торли гитара қўшиғимга.
Мен қўшиқ тўқидим сенга, лекин
Эшитмадинг сен бу қўшиқни.
Мен сенга туҳфа қилдим дала гулларин –
Сеҳргар кўзларидек ифори сирли,
Сангомир шафағидан кўра рангин, анвойи.
Дала гулларин туҳфа қилдим сенга,
Наҳотки йўл қўйсанг сен улар сўлмоғига?
Ахир, томоша қиласан-ку сен
Соатлаб рангдор капалакни!

* * *

Мен сени кузатдим то тун чегараси,
қишлоққа қадар,
Бари бир олтин табассуминг тилсимин
еча олмадим.
Қисқа шом шафағи илоҳий нурлардек
сенинг юзларингга тушарди.
Тепалик устига омонат қўнган шуълаларнинг
Қоматингда алвон шоҳи каби товланишин
кузатардим мен,
Сочларинг шалоладек оқади тун қучган
далалар бағрига.
Ва туйқус ташланган сиртлон каби
Эски ваҳмлар чулғади кўнглимни менинг.
Улоқтирмоқликка қудрат топмадим
бу қўрқувни уфқнинг ортига
Демак, бу ёғи тун? Демак, тунми бу ёғи?
“Тонггача хайр!” деган сўз йўқми?
Зулматга чўмилиб, она замин кўксига юзимни босиб
йиғлайман,
ухлайман кўз ёшларим сукунатида.
Токи осмонларда товланмас экан
сенинг лабларингнинг серёғду тонги.


НИҚОБЛАР

Ниқоблар, о ниқоблар!
Қора, қизил, чипор ниқоблар –
Юзнинг тўрт нуқтасидан эсар менга
руҳнинг эпкини,
Ниқоблар, алқайман мен сизни жимгина,
Сени ҳам, арслон қиёфасидаги
менинг аждодим.
Сизлар қурғайсиз бу муқаддас жойни
аёлларнинг синиқ кулгуларидан,
тез ўчиб қолувчи табассумлардан.
Мангуликнинг бу соф ҳаволарида
туяман Оталар тиниқ нафасин.
Ажинлар нақшланган тунж тус ниқоблар,
оқ қоғоз меҳроби узра эгилган.
Бугун, қадим Африканинг салтанатлари
заволатга мангу юз тутар экан,
Жони жонга туташ саркаш Оврўпа,
нураб борар экан эски қалъадек,
Сиздан мадад сўргум, ташланг бир назар
Бешафқат фармонлар қаҳрига маҳкум
Пажмурда гўдаклар – зурёдингизга,
Гадодек луқмага жонин бергувчи
ўз наслингизга.
“Биз шу ердамиз!” деб овоз берамиз
дунё уйғониб чақирса бизни.
Майли, биз хамиртуруш бўлайлик
энг эзгу туғёнларга.
Йўқса, ким жонлантиргай дунёнинг
бу ўлик мошинлари, ускуналарин,
Ким садо таратгай етимларни,
Ўлганларни Янги тонг учун уйғотиб,
Ким ҳаёт сафосин қайтаргай, умидига
найза санчилганларга?
Бизни пахта, ёғ-мой, қаҳва кишилари
деб атайдилар,
Атайдилар – жим ўлимга бўйсунганлар деб.
Лекин бизлар рақссевар инсонлар эмасмизми,
Ерга оёқ уриб, ундан чексиз
куч оладиган?!

Рус тилидан Мирпўлат Мирзо таржимаси

ФРАНЦИЯ УЧУН ҲАЛОК БЎЛГАН СЕНЕГАЛ ЎҚЧИЛАРИГА

Мана, қуёш.
Шуълалари остида унинг
латофатга тўлар қизларнинг кўкси,
яшил ўриндиқларда
жилмайишиб ўтирар чоллар
ва она заминда
тирилмоққа шайдир қурбонлар.

Эшитаман отишмалар гулдурагини…
Ирун тўпларидир, эҳтимол, бу ҳам?
Қабрларга гул элтади одамлар,
ёқадилар мангу оловни —
исинсин деб Номаълум солдат…

Менинг қора танли биродарларим,
Сизни ҳам кимлардир хотирладими?
Ярим миллион нафар ўғлонни
ёлланишга маҳкум этдилар
урушнинг шон-шарафи учун,
бўлажак қурбонлар шаънига
ёғдирдилар олдиндан мақтов.

Бу қип-қизил шармандалик-ку!
Тингланг мени, Сенегал ўқчилари,
қаро ер ва ўлим хилватгоҳида,
сизнинг сўқир ва кар хилватгоҳда,
танимдан қора у хилватгоҳда;
Бир пайт қишлоқ йиғинларида
сиз билан бақамти ўтирганидек,
ётганлари каби сиз билан бир пайт
ҳандақларда шундоқ ёнма-ён —
ҳозир ҳам ёнма-ён ётишган
ўртоқларингизнинг ҳарорати ҳам
илитмаган зулмат — шу хилватгоҳда.—
Тингланг мени, қора танли ўқчилар,
гарчи кўзингиз йўқ, қулоғингиз йўқ
ва лекин бор эрур уч қават зулмат.

Гирландалар бўлмас бу ерда,
ҳаттоки бевангиз кўзёшлари ҳам.
Туллар фақат эслаб юришар
жаҳлингиз қўзиган пайтларни,
беваларга доим хуш ёқар
фақат тирикларнинг эркалашлари.
Гирландалар оҳи ўта мусаффо.
Жуда тез қуриди, ёноқларида,
хотинларингизнинг оққан ёшлари —
шундай тез қурийдп жазирамада
Фут-Жаллондан чопган жилғалар.

Аччиқ кўзёшлар ҳам ҳатто шаффофдир,
ютилиб кетдилар улар бевафо
дудоқлар четида жуда шошилинч.
Биз олиб борамиз сизларга…
Тингланг, бизни,— ўлганингизда
номингизни бпр неча ойлар
қайта-қайта ҳижжалаганмиз…

Биз олиб борамиз сизларга,
шу кунларда бемисл ҳадик,
биз элтамиз сизларга дўстлик…
Биз — сизларнинг тенгдошларингиз…

О, мен куйлай олсайдим агар
чўғ каби қизиган овозим билан
ошқозондек қайноқ, пайдек мустаҳкам,
чандир, сингир, метин Дўстликни!

Тингланг бизни, қурбонлар, тингланг,
Шимол билан Шарқнинг беҳудуд
Водийлари аро шу ботқоқликда.
Қабул этинг, оқтан ҳамкасбларингиз
қонини шимиган, қасосдек ёнган
бир ҳовуч қип-қизил тупроқни.

Республика учун жон берган
Сенегал ўқчилари,
қабул этинг, қора танли
дўстларингиз саломин!

НЬЮ-ЙОРК

1

Нью-Йорк! Дастлаб довдиратди
мени чиройинг,
узуноёқ, тиллабадан қизларинг, Нью-Йорк!
Совуқдан совуқ кулгинг
ва зангори темир қорачиқларинг
олдида ваҳмага тушдим мен дастлаб.
Ваҳма босди осмонўпар биноларинг тагида,
дара-кўчаларинг қаърида эса,
қуёш тутилган дамдаги бойўғли каби
кўзларини пирпиратди хира хавотир,
худди олтингугурт каби рангингни бўғиб,
осмоннинг бўғзида бирлашган эди
шуълаларнинг жонсиз-оқиш узун бармоқлари.
Бетон мушаклари ва тош териларин
кўкўпар бинолар ўйнатиб мамнун,
солар эди тўфонларга даҳшатли таҳдид.
Икки ҳафта Манхеттеннинг тақир асфальтларида —
учинчи ҳафтанинг бошида сизга
сакраб қоплон каби ташланар азоб.
Икки ҳафта сувсиз, гиёҳсиз,
аллақандай баланддан қушлар
кулранг тепаларга йиқилар ўлик.
На бола кулгиси, на бола қўлчаси бор
менинг муздай кафтимда.
На она кўкраги бор, фақат бор майин
оёқларнинг ҳукмронлиги,
қаварган оёқлар, кўкслар бор фақат.
На бир оғиз ширин сўз бор, фақат кўкракда
дук-дук тепиб турар механизмлар —
танга жарангига сотилган сохта юраклар.
На бирор ҳикматли китоб бор бунда.
Маржонларнинг совуқ биллури каби
очилади рассомларнинг бўёқ тахтаси.
Бедор тунлар… Қотган соатларнинг бўм-бўшлиғида
чиябўри улишлари ва ботқоқ машъалларининг
жаврашига тўлган Манхеттен тунлари!
Йўлкаларнинг лойка суви оқизиб борар
озода севгиларнинг одатдаги юкини,—
худди шундай олиб кетар ул тошқин дарё
болалар жасадини.

2

Кунинг битди, о, Нью-Йорк,— етди сўнгги ҳисоб-
китоблар вақти.
Кунинг битди! Аммо қутқазмоғинг мумкин
ҳали ўзингни,
фақат очгин қулоқларингни тромбон худосига,
янги оҳанг билан тепсин юрагинг фақат —
қайноқ қон, ўз қонинг оҳанги билан!
Ҳидлар олови бўлиб фарёд солаётган,
тантанали бўёқларнинг кувиси бўлиб
гувлаётган Гарлемни кўрдим,—
Америка дорихоналарида чойхўрлик пайти эди,—
кўрдим: Гарлем шайланарди тун байрамига
ва чекинди шаффоф кундуз.
Тун олдида чекинди Кундуз,
чунки Тун Кундуздан ҳаққонийроқдир.
Мен кўрдим Гарлемни тошйўлларнинг қобиғин ёриб,
илк ҳаётни унмоққа
мажбур этиб турганда тангри —
Гарлем, Гарлем, нелар кўрдим мен!
Гарлем, Гарлем, мен кўрдим:
ҳабашларнинг рақс тушгувчи оёқлари бирла ҳайдалган
асфальт узра чайқалар эди
буғдойзорнинг мовий мавжлари.
Сонлар мавжи, ипаклар мавжи,
кўкраклар — найзанинг учлари каби,
ранглар рақси,
афсонавий ниқоблар рақси.
Полиция отларининг туёғи остида —
муҳаббатнинг дум-думалоқ анбаҳи.
Мен кўрдим: йўлкада жилдираб оқди
оппоқ ром ирмоғи,
сигаранинг кўм-кўк туманида
жилға бўлиб оқди қоп-қора сут!
Мен кўрдим, пахта қори ёғди кўкдан кечқурун,
сеҳргарлар сочларида кўрдим малаклар
қанотлари ҳамда патларни.
Тингла, Нью-Йорк! Гарлемнинг овозин эшит,
сурнайнинг шу акс-садоли томоғида
фарёд чекаётган сенинг ўз овозинг,
кўз ёш бўлиб дотган хавотиринг сенинг
тўкилмовда лахта-лахта қон бўлиб.
Тингла, Нью-Йорк! Олисларда тепаётган тунги қалбинг бу:
тепаётир қонли тамтам, тамтам ва қон, тамтам ва қон
оҳангида у.

3

Тингла мени, Нью-Йорк! Гарлемнинг қора қони
томирингга қуйилсин,
У ҳаётни ювсин ёғ бўлиб,
сенинг пўлат бўғинларингни
у зангдан аритсин,
қайтарсин у кўҳна кўприкларингга
ёш сонларнинг бақувватлиги,
чирмовуқлар абжирлигини.
Кўряпман, бурунги замонлар қайтар,
қайтар Биродарлик,
қайтар Арслон, Дарахт ва Ҳўкиз муросаси.
Вақт келади — сўз иш билан, қалб ақл билан,
маъно билан қўшилиб кетар.
Керак эмас ўйлаб топмоқ янги сиренлар.
Фақат кўзингни оч — савр кемаларин кўрасан аниқ,
Фақат қулоғинг оч — эшитасан саксофон
қаҳқаҳаси остида,
олти кунда еру осмонни
яратган худонинг сасини шу он.
Етинчи куни у — керишди, эснади ва ҳорғин ҳабаш
каби қотиб ухлаб қолди у.

* * *

Тонг қўли беозор силади
менинг тунги қабоқларимни,
табассуминг чиқди туман устига,
сўнг Конго устида сузди оҳиста.
Калб акс-садо берди — тонгда уйғонган
қушчаларнинг нозик адо қўшиқларига.
Қоним акс-садо берди ҳеч пайт билмаган
қўлим новдаларин шарбатидаги
оппоқ қўшиқларга қайноқ куй бўлиб.
Кўряпсанми, гул буталарн, сочимдаги юлдузчалару
чўпонларнинг пешонабандин?…
Мен чўпон найини оламан, чунки
қўриқлар у сурув осойишталигин.
Ва кунбўйи, қуёш ботгунча,
сенинг узун киприкларинг соясида мен
булоқ бўйида,
вафодоринг бўлиб боқаман
майин юнгли сурувларингни.
Чунки бугун эрталаб, тонг қўли беозор силади
менинг тунги қабоқларимни,
Чунки кунбўйи, қуёш ботгунча, акс-садо берди
қалбим қушчаларнинг нозик адо қўшиқларига.

Сулаймон Раҳмон таржималари

САРДОРГА

Сардор!
Биз сени қалбларни бериб эшитдик.
Овозинг бизнинг тобе тунлар оралаб,
Худди Брусс ҳукмдори овозидек,
эгик елкаларимиз узра таралди.
Биз палапонлармиз – уясидан айрилган,
умидсиз бир жонсиз танамиз.
Йиртқичлармиз – тирноқлари юлинган,
қуролсизланган саллотмиз – яланғоч.
Мана биз ёғочдек беўхшов қотганмиз,
етакчисин йўқотган сўқирлардекмиз.
Виждонлилар ўлдилар, ўзларини отмадилар шармандалик бўғзига.
Маданиятли эл жоҳиллиги исканжасида ҳимоячимиз йўқ!
Биз таянч изласак, улар қум сочдилар кўзларимизга.
Биз раҳбар изласак, у – йўқ, қуролдош изласак, улар исташмади.
Биз танимай қолдик Францияни.
Тунлар камбағалликдан нола қилдим. Эътибор йўқ.
Князлар қулфлади ибодатхонани,
Ҳукмдорлар эса “бағрикенглик” ила дедилар:
“Гап занжилардами?! Гап одамлардами?! Бемаънилик!
Бариси бекордир Европа ҳақда гап кетса агар!”

Сардор!
Сенинг виждон ва ишонч деган овозинг
ҳаяжонга солди кўксимизни.
Овозинг ваъда берар Республикадан,
Биз унда қурамиз ёруғ бир шаҳар –
Тенглар ичра тенг қардошлар аро!
Жавобимиз шу: “Бу ерда ўзимиз бекмиз, Сардор!”

ЛЮКСЕМБУРГ БОҒИ

Люксембург боғини кезаман кузда,
Худди ёшлигимни кезганим каби.
Бунда йўқ энди севишганлар,
Қайиқлар, фавворалар, болаларнинг
Шўх кулгилари – дилга яқин “сайёра” ҳам йўқ.
Фақат теннис кортида кулгили қариялар кезинар.
Бу куз тонгида болалар қани?
Ёпиқ турар болалар театри!
Люксембург боғи, унда мен топмадим,
Ёшлик наҳорин, яшил баҳорин.
Наҳотки орзулар чилпарчин бўлди.
Наҳотки бу ерда ғолиб йўқ.
Хазонлар тўкилар, эзилган боғлар,
Устига худди сўнгги томчи қон каби,
Қариндошлик қабрини тўлдирмоқ учун.
Люксембург боғи, мен уни танидим.
Тўхтаб турар соатлар.
Тўплар турибди, қўрқоқ ҳокимиятни қўриқлаб, аяб.
Қачонлардир мен нозиклик ва нафислик нелигини англаганим
Ўриндиқ ёнида хандақ қазилибди.
Мен уни танидим – ёшликда битилган ёзувимдан.
Хазонлар тўкилар хандақ ва чуқурлар оғзини ёпмоқлик учун.
Тўкилар авлодларининг қони устига,
Европа кўммоқда янги халқнинг ишончлари-ю,
Миллатнинг тоза гулларин.

Рус тилидан Зулфия Мўминова таржимаси