Юхан Смуул (1922-1972)

Эстон адабиётининг йирик вакили Юхан Смуул (эст. Juhan Smuul) 1922 йилнинг 18 февралида Муху оролидаги Когува қишлоғида камбағал балиқчи оиласида туғилди. Ота-онасининг камбағаллиги туфайли ёшлик чоғларида ўқишни тугатолмай, отасига ёрдамчи бўлиб қолди.
Ю. Смуулнинг ижоди Улуғ Ватан уруши йилларида шеър ва мақолалар ёзишдан бошланди. У шу вақтга қадар «Оғир ёшлик» (1946), «Олма дарахти гулласин» (1951) каби бир неча шеърлар тўпламларини, «Когува қишлоғининг кизил карвони» (1947), «Ярвесуулик йигитлар бригадаси» (1948), «Эстония достони», «Бўрон боласи» сингари достонларини нашр эттирди.
Ю. Смуул китобхонларга истеъдодли прозаик сифатида ҳам танилди. Унинг болалар учун ёзган «Мурка денгизчи» повести, «Сигидате қишлоғидан мактублар» (1950— 1953) номли очерклар туркуми ва «Муз китоби» (1957— 1958) асарлаои эстон прозасининг сўнгги йиллардаги катта ютуғидир.
Ю. Смуул 1955 йилдан буён Эстония ёзувчилар союзининг раиси. 1960 йилда «Муз китоби» асари учун у Ленин мукофоти лауреати деган юксак номга сазовор бўлган.

БАЛИҚЧИЛАР ЯШАЙДИ ШУНДАЙ
(ШУ НОМЛИ ТУРКУМДАН)

1. СУБҲИДАМ

Ботиб кетди кўкнинг ярқироқ ойи,
Қичқиради тонгни қутлаб хўрозлар.
Бутун соҳил бўйлаб тўрини ёйиб,
Балиқчилар куни олтин сеп ёзар.

Қуёш чиқа бошлар уфқ саҳнига.
Қумликлар устида париллаб мағрур.
Денгизнинг тўлқинли ойна сатҳида
Ялтиллаб акс этар бу улуғвор нур.

Худди ёнбошлаган тюлень мисоли
Қайиқлар ҳозирча олади тиним.
Қорача сиртларин офтобга солиб,
Ҳали ҳаракатсиз туришар жим-жим.

Боладай беғубор, сўлим субҳидам,
Тўлқинлар тебранар яқин-йироқда.
Балиқчи йигитлар бўлиб шай, бардам.
Қайиқларин ҳайдаб кетар қирғоқдан.

Эшкаклар ғижири бағишлар қувонч,
Қайиқ қуйруғида мотор гулдирар.
Бу қудратли садо ёзиб кенг қулоч,
Зилол чексизликни босар, тўлдирар!

2. ДЕНГИЗ КУЙЛАЙДИ

Мавжлар мажнунтолга ўхшамас зинҳор,
Узгача уларнинг зангори ранги.
Ёлдор кўпикларни тинчитмас баҳор,
Ўзига хос куйин мазмун, жаранги.

О, бу мўъжизакор шимол ёйиғи
Ҳансирар, уфққа қулоч ёйиб кенг.
Бу мовий денгизнинг бутун борлиғи
Бир қудратли хор ва арғанунга тенг.

Кўпик лавалари ўйнашади шўх;
Эркин куйларида қвнчалар маъно.
Таралар оққушлар янгратган қўшиқ,
Даъватдай юракда бериб акс садо.

Шимол томон учар улар ҳарқалай,
Ўз инлари сари… соғиниб учар.
Фақат ёлғиз қолган бева чағалай
Қанотлари билан денгизни қучар.

Тўлқин, ғалаёнли қудрат сингари
Ўйна, шаддод дилга бахш этиб севинч.
Мен эслай олмайман бундан илгари
Бу хилда ларзакор куйлаганинг ҳеч!

3. БАЛИҚЧИ КУЛАДИ

Денгиз бўлса ғамгин, дил хира,
Балиқчи ҳам кулмайди сира.
Аммо бугун нечундир шод у,
Юзларига ёйилган кулгу.

Шамол увлар денгизда бирдак,
Биз бекорга чиқмабмиз демак,
Юклар билан лиммо-лим қайиқ,
Кумушланар қайиқда балиқ.

Тўла қайиқ ёнида туриб,
Ўз ишингдан яйрашинг аниқ.
Худди чақмоқ — шуъла уфуриб,
Ўйнаб ётар минг-минг оқ балиқ.

Қанотларин ўйнатар чўртан,
Қалқонбалиқ кўринар тўрдан.
Кумуш танли олабуғалар
Йилт-йилт этиб сузиб, йўрғалар.

Ҳу қайиқнинг анча пастида,
Зилол тўлқин тубида ҳозир,
Салакалар ҳаёт қасдида
Кумушланиб югурар зир-зир.

Бароридан келган ов учун
Балиқчига эл дейди раҳмат.
Юрт олдида бажарар бурчин,
Бир қитъага етар бу неъмат!

4. УЙИГА КАЙТАДИ БАЛИҚЧИ;

Оқшомги зар парда тусида
Сув сатҳида қалқади шафақ.
Ҳўл, барзангги харсанг устида
Денгиз қуши ўтирар мудроқ.

Сен қўлингни қўйиб қош узра,
Узоқларга ташласанг назар:
Бу қай гулзор эканин тезда
Фаҳм этмоғинг қийин, муқаррар!

У не нурда гулдай кўринган,
Еллар билан ўйнаб — уринган?
У балиқчи қизлар тўдаси,
Товланар шўх кўйлак, дурраси.

Балиқчи ўз овидан хурсанд,
Аста чиқиб келар қайиқдан.
Ёр висолин ўйи билан банд,
Ё интилар гўзал қайлиққа.

Тортади ёр этигини ёр,
Кенг шарфини бўйнидан олар,
Кўзларига боқиб вафодор,
Не хил ҳислар мавжида қолар?

Елкасига сўнг бош қўяр қиз,
Нигоҳида майин бир ҳаё:
Бу қарашда ҳаяжон, денгиз,
Жасорат ва муҳаббат аён.

АНТАРКТИДАДА ДАФН МАРОСИМИ

Антарктидада ҳалок бўлган дўстларим хотирасига

Ўлганга қайғурмас мис карнай бунда,
Корбўрон ув тортиб ғувиллар вазмин.
Оқ қорлар уюмин тўлдириб мунгга,
Буюқ уфуради ўлик, муз замин.

Қалин кийимларга бурканган йўсун
Муз қоялар аро турдик биз йироқ…
Билардим нели^ин йўқотмоқ дўстни,
Не бўлишин бунда билмасдим бироқ.

Кеча қисқа тўлқин билан биз
Берган эдик радиограмма.
Фавқулодда бу фожиадан
Хабар топсин дегандай ҳамма:

«Комсомольская» станциясида
Ҳалок бўлди ёш аэролог.
Ҳаяжонли морзе ҳарфлари
Униққан қон мисоли ғамнок
Безовта ва нотинч урарди.
Қисқа тўлқин тез югурарди…
—    Ким?—деб аёл эшикни очар,
Кўзларида уйқунинг изи,
Эшик очиб, тош қотар ночор,
Мудҳиш хатга тушганда кўзи…

Трактор ортида тобутли чана,
Сукут дақиқаси соатдан ортиқ.
—    Менинг қитъам сизга бўлмас бошпана!—
Деб ҳайқирар бўрон — биринчи нотиқ.

Муз, Дейвис денгизи билмайди карам,
Тўртта кишингизни ютди қаърига.
Сиздай келган эди Роберт Скотт ҳам,
Аммо ях қотдилар, учраб қаҳримга.

Ёшу жасурларни тропик ёққа —
Йўллангиз, серқуёш, ўрмонзор у жой.
Бу ер айлантирар баданни яхга,
Мох ўтлар ҳам ҳатто кўрсатмас чирой.

Кўзларида ёниб ўтли ғам-алам,
Бошлиғимиз ногоҳ тик боқди шу дам.
Новча, кенг елкали, бақувват киши,
Аёздан чақнайди гўё яноғи…
Сўз бошлар — товшида инсон ташвиши,
Бўғиқ, ғамгин нидо изи, титроғи.

— Ҳалок бўлди бизнинг асл дўстимиз
Жонажон юртидан олис бу ерда.
Гарчи зил бўлса-да, оғир ишни биз
Сўнгига етказмай тинмаймиз сира.

Олти ой давомли бўрон — аёзли
Қоронғулик чўкар Қутб устида…
Биз йўлдан қайтмаймиз, дўст орзусини
Қарор топдирамиз қитъа музида.

Ҳалокатга — бўлур шу жавоб бизнинг,
Бу фожий ўлимга шудир обида.
У бунда абадий қолдирди изин —
Антрактиданинг оқ китобида.

Чаналар ўрмалар, устида алвон,
Тиззадан қор кечиб бордик изма-из…
Кўзойнакдан олам худди зимистон.
Қорбўронда ўйлар оғир, аёвсиз!

Ешлик ҳам, ўт-олов ёниш ҳам бари,
Бахту муҳаббат ҳам унда эди жам…
Борамиз Ҳақиқат соҳили сари
Дўст қабри у ерда қазилган бу дам.

Шағал ва муз парча барабан янглиғ
Тобут тахтасига урилар чунон.
Ўлим шарақлатиб қулфлар қулфини,
Мангу шон-шарафни куйлайди бўрон.

Икки қўшоғиздан салют янгратиб,
Қулоқчинларни биз оламиз қўлга.
Қорайган бу Дейвис денгизи узра
Оқ айсберг тоғларин қон рангга бўяб,
Кунботар шафағи уфқни тутар.
Тамомми? Бўлдими?
Ҳа, бўлди тамом.

Тамом. Қабр дўнги ожиз кўринар,
Антарктида зафари саробдир аммо.
Йигит боши узра абадийлик турар,
Демак у биз билан бўлар доимо.

У қайтди, зўр жангда бўлмоқ-чун қўлдош,
У йиқилган эди вақтинча фақат.
Ҳақиқат соҳилида биз билан йўлдош —
Яшар у. Кричак—дўстимдай албат.

Антарктидада, муз мақбарасида
Марҳумлар абадий қолур барҳаёт…
Бу қабрни кўриб муз орасида:
— Бу улардан бири!— дер узоқ авлод.

Бу қисса дилларга қайғу ортарди,
Изтироб учун ҳам берилгандир қалб…
Трактор карвони ортга қайтарди,
Жанубий қутбни тўғри мўлжаллаб.

Ж. Жабборов таржималари