Доғистон шоири Расул Ҳамзатович Ҳамзатов Доғистоннинг Хунзах туманига қарашли Цада қишлоғида халқ шоири Ҳамзат Цадаса оиласида дунёга келди. У бир неча йил ўқитувчилик қилди ва кейинчалик 1945—1950 йилларда Москвада М. Горкий номидаги адабиёт институтида таҳсил олди.
Расул Ҳамзатовнинг ижоди 1937 йилдан лирик шеърлар ёзишдан бошланди. У шу вақтга қадар китобхонларга «Ҳароратли ишқ ва куйдирувчи ғазаб» (1943), «Менинг Ватаним» (1950), «Бизнинг тоғлар» (1947), «Акам қиссаси» (1952), «Доғистон баҳори» (1955), «Туғилган йилим» (1950), «Қалбим тоғларда» (1959) сингари ўнлаб шеърий тўпламларини, шуниигдек, «Тоғ қизи» (1958) ва «Отам билан суҳбат» (1953) достонларини тақдим этди. Бу шеър ва достонларнннг тематикаси хилма-хилдир. Уларда шоир Ватанга бўлган муҳаббатни, Доғистон халқларининг қайноқ ва қувноқ ҳаётини зўр кўтаринки руҳ билан тараннум этди.
Расул Ҳамзатов «Туғилган йилим» шеърлар тўплами учун 1952 йилда Давлат мукофоти билан тақдирланди. 1963 йилда «Юксак юлдузлар» номи билан кўп тилларда босилиб чиққан шеърлар тўплами учун у Ленин мукофоти лауреати унвонига сазовор бўлди.
Истеъдодли таржимон Расул Ҳамзатов А. С. Пушкин, М. Ю. Лермонтов, В. В. Маяковский ва Н. С. Тихонов асарларини авар тилига муваффақият билан таржима қилди.
ДОҒИСТОН ҲАҚИДА ҚЎШИҚ
Ҳаёт сўқмоғида қўйганда қадам,
Дуч келса йўлингда биронта қўрқоқ,
Билки, доғистонлик эмас у одам
Ва унга манзилгоҳ бўлмагайдир тоғ.
Доғистонга мансуб эр зотики бор,
Ҳар шарпадан титраб, еявермас панд.
Ҳаётдан азиздир унга номус-ор,
Ғурурин ҳамиша тутгайдир баланд.
Аксинча, зир қочган ундан ёв карахт,
Оёғини қўлга олиб, ҳоли танг.
Бунга гувоҳ эрур ҳар шоху дарахт,
Буни яхши эслар ҳар тошу харсанг.
Агарчи бирон қиз сенга келса дуч,
У шарму ҳаёдан гар бўлса холи,
Исмату иффати агар бўлса пуч,
Ҳар бир учрашгандан истаса толе,
Билки у Доғистон фарзанди эмас,
Тоғда ундайларга йўқ асло макон.
Уни бизда ҳеч ким аёл ҳам демас,
Қайрилиб карамас биронта инсон.
Ҳаё тимсолидир бизда ҳар бир қиз,
Хаёлингни олар, мисли тўлин ой.
Юрса, кўчаларда қолмас чангли из,
Товусдай товланиб ўтиши — чирой.
Дейлик, бирор уйга келганда меҳмон,
Уйқули кўз билан, эриниб, лоқайд,
Унинг қаршисига чиқаркан мезбон,
Малоллик акс этса юзида бу пайт,
Билки, доғистонлик эмас у асло,
Тоғда йўқ бундайлар насаби-насли.
Доғистон булардан тамом мустасно,
Улар Доғистоннинг бўлмагай хасми.
Майли, келақолсин минг юртдан қўноқ,
Меҳмонга бағримиз очиқ ҳамиша.
Қайноқ меҳримизни ол, сенга ўртоқ,
Бу бизнинг қон-қонга сингган андиша.
Бу ўту ҳарорат — аёлу эркак —
Доғистон элининг юрак шиори.
Буларнинг барчаси — Доғистон демак,
Шундай Ватан эрур бу тоғ диёри.
Русчадан Жуманиёз Жабборов таржимаси.
ЎСТЛАРНИ САҚЛАНГ
Дўстлик нима, душманлик нима,
Қадрлайман, шак келтирма ҳеч.
Эўстга бўлган ғазаб ва гина
Айтилади эртами ё кеч.
Кексалик-ку тақдирда аён,
Эй халойиқ, кун ўтган сайин –
Дўстдан ажраш нечоғлик осон,
Дўстни топиш шунчалар қийин.
Мен аввали қилмай эътибор,
Ҳар нарсага бўлиб жиғ-бийрон,
Талай дўстдан ажрадим бекор,
Ташлаб кетди талай дўст-ёрон!
Дўстинг бевақт дилингни сиёҳ
Қилган бўлса – қилгандир балки,
Шунинг ўзи етарли гуноҳ,
Борми юзга солишнинг боки…
Вафодор от оёғини майиб
Қилгаг бўлса йиқилиб ногоҳ,
Бошқасини минма кеккайиб,
Отда эмас, дўнгакда гуноҳ.
Энди сизга чанқоқман, чанқоқ,
Бир вақт мени севган дўстларим,
Гуноҳингиз кечганман мутлоқ,
Сиз ҳам кечингкаму кўстларим…
Эй халойиқ, Сизга илтимос,
Худо ҳаққи, бўлинг меҳрибон.
Дўстлар ўзи унча кўп эмас,
Ардоқлангу сақланг ҳар қачон!
Рамз Бобожон таржимаси
ТОКИ БУ ЕР АЙЛАНАР ЭКАН…
Қуёш ичдим сувдек, ташналаб,
Йиллар оша ташларкан қадам:
Тонгда ёниб чиққандан бошлаб,
Оқшом ёниб ботганга қадар.
Одамлари серғайрат, бардам
Ва тоғлари мағрур ўлкамда
Тиниқ ирмоқ, муз чашмалардан
Юлдузларни ичдим қадамда.
Кўкнинг зумрад пиёласидан
Водийларда кўксимни кериб —
Оромбахш тоғ ҳаволаридан
Тўйгунимча ичдим симириб.
Сўқмоқлардан ўтаркан, тоғда —
Чўкка тушиб каппаладим қор.
Меҳр билан мен ўпган чоғда
Йўлларимда эриб кетди қор.
Баҳорларни ичдим мен болдай,
Кўмилганда гулларга ҳар ёқ.
Қирчиллаган совуқ Шимолда
Аёз ичдим мисоли арақ.
Тоғлар аро бамисоли май
Ичганимда момагулдурак,
Худди рангин қадаҳ зеҳидай
Товланарди олтин камалак.
Наъматаклар чечаклар отиб,
Қоялардан хмел чўзса даст,
Шу тик қоя устида ётиб,
Ҳидларйдан бўлар эдим маст.
Мафтунман ер гўзаллигига,
Олқишлайман, қиламан қуллуқ.
Шайдосиман, жон фидо унга,
Қўшиқ ичдим — айтгандай қўшиқ.
Инсон қалби мураккаб нарса,
Ўтирганда мен дўстлар аро,
Хурсандликда ичдим бол бўза,
Хафаликда ичдим талх шароб.
Эрмак учун ичган эмасман,
Боис бўлган шодлик ве ё ғам.
Хиросима кулин кўрганман,
Фестиваллар кулгисини ҳам.
Кўпиклардан пиво юзини
Пуфлаб ўзин ичмоқ одатдир.
Шундай ичдим ҳаёт мағзини,
Ҳаёт мағзи — бу ҳақиқатдир.
Севиб, кулиб ҳамда авайлаб,
Ҳар кунимни ичаман оппоқ,
Эртага мен яна ташналаб,
Шудир ҳаёт қонуни, ўртоқ.
Бу дунёдан бир кун кетаман
Ташналигим қонмай, ғашликда,
Токи бу ер айланар экан,
Яшар инсон шу ташналикда.
ОНАМГА
Тоғда ўсдим, шумтакалигим
Билар эди яқину йироқ,
Қайсар эдим, бас келмас ҳеч ким,
Сўзларингга осмасдим қулоқ.
Бироқ йиллар ўтди… ўтди ўт ёшлик,
Ҳеч нарсани писанд қилмасдим.
Энди бўлса ҳузурингда тек,
Бир гўдакдек сезаман ўзим.
Иккаламиз танҳомиз, мана
Қалбимда йўқ ғам-ғашдан нишон.
Сенинг юмшоқ кафтингга яна
Оқ соч бошим қўяй, онажон.
Дил ўртанур, дилимда ғаш бор,
Бошбошдоқлик қилгандир асир.
Дурустгина сенга эътибор —
Қилолмадим, бу эмасдир сир.
Ҳаёт бу дам бўлиб гирдобдай,
Олиб кетур комига солиб.
Дил сиқилур яна пайдар-пай,
Онам, сени унутдимми деб.
Сен бўлсанг-чи, қилмасдан таъна,
Кўз ташлайсан хавотирланиб.
Хўрсиниб гоҳ, билдирмай она,
Артасан кўз ёшинг ўртаниб.
Юлдуз сўнгги манзили томон
Учиб борар солиб кўкка из.
Уғлинг келиб қўяр, онажон,
Оқ соч бошин кафтингга бу кез.
АЛВИДО, ИСТАМБУЛ
Босфорга тушмоқда оқшом елкани,
Сўнгги шафақ нури қўнар денгизга.
Тинкаси қуриган, хор Туркияни
Муаззинлар чорлар кечки намозга.
Алвидо, пештоқи гўзал, нақшинкор —
Сулаймон мачити, кўҳна Истамбул,
Ва султон саройи ёнида зор-зор
Ҳар бир ўткинчига узатилган қўл.
Алвидо, ғойибдан иона кутган
Эй қайсар қиморбоз!—Қаҳвахўр уя.
Эй, сен қаҳвахона ташида ётган,—
Титраган, хўрсинган ўксик Туркия.
Алвидо, эй боши эгик, қадди дол
Мусулмон бандилар, сизга алвидо.
Не учун қанчалик сиғинманг ҳалол,
Сизни муҳтожликда сақлайди худо?
Алвидо, сенга ҳам, югурдак, ғулом,—
Этик тозаловчи яланғоч бола!..
Мана денгиз уза тушди қора шом,
Истамбул шамлари ёнди шу палла.
Унутмайман сени Доғистонда ҳам,
Баъзида қалбимни ўртайди алам.
Турк қизлари чеккан фиғон жонланур
Булутлар кўз ёши тўкиб ўтган дам.
* * *
Шошилмай ёздилар боболар қадим
Ханжарлар юзига ханжарлар билан.
Мен зўрға қийналиб ёзаман ҳадеб
Уни қалам билан, бўш сўзлар билан.
Жангга от сурдилар боболар қадим
Хайрлашиб севган ерлари билан,
Менинг сиёҳ билан зўрға ёзганим
Тошга ёзди улар қонлари билан.
* * *
Баъзи ёш новдалар ўзин унутар,
Дерлар рашк соламиз кўп юракларга.
Дўл қуймоқчи бўлиб турган булутлар
Истеҳзоли кулар ғўр куртакларга.
Шундай думбуллар бор, кибрланиб дер:
«Яшаймиз бахтиёр, фароғатда биз!»
Бахт эса уларга раҳми келиб дер:
«Болалар сингари бунча соддасиз!»
ХАНЖАРЛАРДАГИ ЁЗУВЛАР
Душманларча қўл урсанг,
Тиғим сенга, эй одам!
Дўстона қўлинг чўзсанг,
Мана, ушла дастамдан.
* * *
Ханжарни қўлга ол-у, аммо ўзингдан кетма,
Ханжар учун яхши жой қин эканин унутма!
* * *
Ханжарим бор деб хурсанд
Кўрсатма ўзинг чаққон,
Битта ўзинг эмассан
Бунақа ханжар таққан.
* * *
Қиздирса ҳам қуёш минг карра,
Қон қотмайди дамида зарра.
* * *
Ханжар аҳмоқда бўлса,
Тинчлик бўлмайди ҳеч ҳам.
Ханжар оқилда турса,
Бўла бергин хотиржам.
* * *
Мўйловга устара бор, эманга болта тайёр,
Тоғлиқ дўстим, ханжаринг қиндан чиқарма бекор!
* * *
Сурнай эмас у, лекин
Унда бор икки оҳанг.
Бир куйи — ўлим экан,
Бир куйи — эрк учун жанг.
* * *
Занглар боссин юзимни,
Кимни ўлдирган бўлсам.
Лаънатлайман ўзимни
Қотил қўлида кўрсам.
М. Бобоев таржималари
* * *
Юлдузларга кеча-кундузлар
Ракеталар учди басма-бас.
Эй одамлар — юксак
юлдузлар,—
Сизга учиб етсам, менга бас.
ЮЛДУЗЛАР
Тундаги юлдузлар, ёруғ юлдузлар, .
Чарақлаб шеъримга ташлайсиз нигоҳ.
Ишониб термилган кўздайинсизлар,
Кўзларки, абадий юмилган кўзлар.
Ярим тун, ҳар ёнда сукунат нуқул,
Тинглайман, вақт билан баҳслашмай зинҳор:
— Жангдан қайтолмаган виждондек пок бўл!—
Деган бир нидони тинглайман такрор.
Доғистон юртига содиқ тоғ аҳли,
Мен тутган бу йўлим эмасдир осон.
Эҳтимол, бўлурман юлдузлар тахлит,
Қачондир маконим бўлур кенг осмон.
Боқурман кимнингдир назмига мен ҳам,
Тинчимни олгуси ердаги инсон.
Виждондек қарарман мен ҳам ўша дам,
Ҳамнафас элимдан бўлиб бир нишон.
ДЎСТЛИК ҲАҚИДА ҚИССА
Сўрсалар мендан агар: «Не билан ҳаёт азиз?»
«Ёв кўз ёши, дўстларнинг қувончи-ла»,— дейман тез.
Менинг юртим тик қоя, улкан тошлар аро жо,
Довруғи анча катта, ери кичикдир аммо.
Эртакдаги боғ эмас, кам ҳосилли ери бор,
Дўстликдан қудрат топмиш, севгиси ҳур ва бисёр.
Бир кун шу қорли тоғлар каби сочи оппоқ чол
Қазо чоғи келганин пайқаб бўлибди беҳол.
Бироқ уни ўлим банд қилиб олмбқдан аввал,
Кечган умрин сўроқлаб, берибди шундай савол:
«Қандай яшаб, не тахлит ўткарган эдинг умр,
Қани айтиб бер дебди, тортинмасдан бирма-бир».
Сўйлай бошлабди шўрлик келган чоғда сўнгги он
Кўрган-кечирганларин қисқача қилиб баён.
Ўзин пок асраганмиш, бўлмайин деб нобакор.
Гуноҳ йўлга кирмабди, ичиб-чекмабди зинҳор!
Эрта тонгдан то оқшом келгунича бечора
Беш вақт намозин ўқиб, еб-ичибди уч бора.
Ўғрилик не билмабди, не билса билдирмабди,
Ҳалол-у пок яшабди, олмабди ҳам бермабди.
Ўлим тинглаб чол сўзин дебди содда, бепарво:
«Ҳа, яшабсан, эй ота, гўёки бир авлиё.
Эй кекса, сочинг ўхшар улкан қорли тоғларга,
Қилгандирсан эзгу иш дил тортар ўртоқларга.
Шул сабабдан уларнинг кўнглин қилмай деб вайрон,
Ортга сурай қазойинг муҳлатини, бобожон.
Қилиб ҳар бир энг яқин дўстларингдан армуғон,
Бир йилдан умрин олиб, сенга берайин, қувон!»
Мурдадек бўзарибди чолнинг юзи шу онда.
Дўсти тугул йўқ экан душмани ҳам жаҳонда.
Ўлим қилибди хитоб: «Ундай бўлса, э доно,
Тирик юрсанг-да, ўлик экансан-ку доимо.
Ҳозирлик кўр, мен билан биргаликда кетурсан,
Кимга ҳам даркордирсан, кимни ҳам шод этурсан?»
«Э ўлим, сўзларингни мақбул деб тан олурман,
Ашаддий ёв бўлсанг ҳам, бу гапинг ҳақ билурман».
Инсондирмиз, демакки, дўстларсиз умр маҳол,
Дўстларсиз қазо топмоқ ундан ҳам оғир, малол.
Дўстларсиз кичик халқим янчиларди батамом,
Улуғланди дўстликдан, дўстлар бор, яшар омон.
Бизларга дўстлик даркор, у ҳақда қўшиқ даркор,
Ҳаводан ҳам, нондан ҳам шунга муштоқмиз минг бор.
З. Обидов таржималари
ОШИҚЛАР САРДОРИ
Булбуллар ичинда тинмас забонман,
Ҳамон ёнингдаман, танангда жонман.
Агар ошиқларинг ўн мингта бўлса
Билгилки аларнинг сардори менман.
Қўлларим истаги тутмоқлик қўлдан,
Истагим тотмоқлик лабдаги болдан,
Ошиқларинг келса гар мингта йўлдан
Билгилки энг аввал келгани менман.
Севгига содиқлик шартини қўйсанг,
Шартни бажармас деб, ёнингдан қувсанг,
Агар ўн мингтадан юзта қолдирсанг
Билгилки юзтадан биттаси менман.
Кексалик деган сўз жой олса дилдан,
Йигитлик қуввати кетса ҳам белдан,
Ҳар кун гул олсанг сен гар ўнта қўлдан
Билгилки энг аввал гул тутган менман.
Фалак фалаклигин қилса ногаҳон,
Сендан юз ўгирса ҳатто кенг жаҳон,
Ошиқлардан қолса бир нафар, инон
Қолган шу ошиғинг билгилки менман.
Кўзларинг бемаҳал ёшларга тўлса,
Агар душманларинг устингдан кулса,
Ошиқларинг агар ҳеч келмас бўлса
Марҳум ул Расул Ҳамзат билгилки менман.
Булбуллар ичинда тинмас забонман,
Ҳамон ёнингдаман, танангда жонман.
Агар ошиқларинг ўн мингта бўлса
Билгилки аларнинг сардори менман.
ОНА ТИЛИМ
Ажабо! Туш деган нарса қизиқ-да,
Ўлиб қолганмишман тушда ногаҳон.
Кўксимда қўрғошин, қуёш тиғида,
Тоғлар орасида ётибман бежон.
Узоқда шарқираб сойлар оқмоқда,
Борлиқда бир ажиб дилбарлик ҳоким.
Мен эсам ўйлайман ётуб тупроқда:
Мана шу тупроққа қўшилар хоким.
Мен ўлиб ётибман, кимсасиз, унут,
Ҳеч кимга қайғурмас ва чекмас ёҳу.
Фақат чўққиларда қурқурар бургут,
Фақат водийларда инграйди оҳу.
Навқирон ёшимда бўлдим-ку адо,
Оташ юрагимни ўйди ахир ўқ.
На онам, на ёрим бермайди садо,
Дўст тугул, ҳаттоки йиғичи ҳам йўқ.
Фиғон отилади жонсиз бағримдан,
(Гўё фиғон бордек мурда дилида.)
Шу пайт икки киши ўтди наридан,
Қувноқ суҳбат қуриб авар тилида.
Мен-ку бу дунёдан кўз юмдим мангу,
Улар кулиб-кулиб сўзлашар борин;
Қандайдир Ҳасаннинг турфа ишию
Қандайдир Алининг шўх кирдикорин.
Авар сўзин тинглаб кирди менга жон,
Оҳиста тирилдим ва шунда билдим:
Мени тузатолмас ҳеч дори дармон,
Жонимга масиҳдир шу она тилим.
Майли, ким қай тилдан завқу шавқ олса,
Менинг ўз тилимга минг жоним фидо.
Эрта она тилим агар йўқолса,
Мен бугун ўлишга бўлурман ризо.
Майли, қашшоқ бўлсин, майли, беҳашам,
Лекин менинг учун азиз ва суюк.
Жаҳон минбаридан янграмаса ҳам,
Она тилим, менга муқаддас, буюк.
Оташин Маҳмуднинг ёниқ шеърини,
Наҳот таржимада ўқир авлодим?
Наҳот, мен аварнинг сўнгги шоири,
Шуми эди менинг эзгу муродим?!
Севаман ҳаётни, дунё кўркини,
Муҳаббатим чексиз барча эл учун.
Ҳаммасидан азиз она юртимни
Аварча куйладим етганча кучим.
Узоқ Сахалиндан Болтиққача то
Қалбимда кўраман ҳур Ватанимни,
Ҳар қайда қилайин унга жон фидо,
Лекин ўз юртимга қўйинг танамни.
Юртдошларим турин қабрим олдида
Кўрсатсин аварнинг шоири шул деб.
Элим ёдга олсин оан тилида
Ҳамзат Садасанинг ўғли Расул деб.
ЙЎЛГА ЧИҚҚАН ҲАР ОДАМ
Йўлга чиққан ҳар одам
Қуруқ чиқмас бегумон.
Нон олади, шароб ҳам.
Аммо, эй азиз меҳмон,
Тоғларга йўл тутсанг гар
Кел хуржунни тўлдирмай.
Тоғ дилбари нон ёпар,
Тоғ йигити тутар май.
Йўлга чиққан ҳар одам
Қуруқ чиқмас бегумон,
Олар ўткир ҳанжар ҳам.
Аммо, эй азиз меҳмон,
Ҳанжар тутма қўлингга.
Ҳанжар сенга на даркор?
Душман чиқса йўлингга,
Бил, тоғликда ханжар бор.
Йўлга чиққан ҳар одам
Қуруқ чиқмас бегумон,
Олар йўлга қўшиқ ҳам.
Эшит, азиз, эй меҳмон,
Соз қўшиққа бой бу эл,
Куйлар бизда кўп, аммо —
Қўшиғингни олиб кел,
Қўшиқ керак доимо.
ШОМИЛ
Яна ўртар мени эски жароҳат,
Яна юрагимни қиймалар армон.
… У мен учун эди кўҳна ривоят,
У ҳақда овулар сўйларди достон.
Кўнгил у эртакни қайда унутар,
Кечалар кўз юммай тинглардим тўлиб.
Ҳатто тоғлар узра сузган булутлар
Кўринарди Шомил лашкари бўлиб.
У бир қўшиқ эди. Уни гоҳида
Онам куйлар эди, эслайман ҳамон.
Онам бу қўшиқни айтар чоғида
Ўйга чўмар эди кўзлари гирён.
Суратдан боқарди черкаска кийган,
Кўзида ўт ёнган суворий одам.
У чапақай эди. Чап қўли билан
Қилич дастасини тутганди маҳкам.
У суратдан боқиб кузатган эди
Иккита акамни муқаддас жангга,
Онам марвариду балдоғин берди
Унинг номи билан аталган танкка.
Ўлимидан аввал отам бечора
Унга бағишлади ажойиб достон,
Лекин Шомил номин қилдилар қора,
Ёғдирдилар марднинг шаънига бўҳтон.
Балки шу кўргулик бўлмаса, отам
Кўпроқ яшармиди… мен ҳам айбдор.
Кўпнинг овозига жўр бўлиб мен ҳам
Шомилни шеър билан қилгандим абгор.
Халқим эрки учун тоғлик еримда
Ёвларга беаёв бўлганди Шомил.
Болалик қилдим-у мурғак шеъримда
Мен уни атадим сотқин ва қотил.
Тоғларни тун чулғар. Ётаман беҳол,
У дарчам олдида пайдо бўлади.
Гоҳида мўйсафид, кўпни кўрган чол,
Гоҳи лашкарбоши бўлиб келади.
Дер: “Нелар кўрмадим дардли оламда,
Қанча азобларга билдим гирифтор.
Ўн тўққиз жароҳат ёнар танамда
Сен гўдак, тиғ урдинг йигирманчи бор.
Ўн тўққиз ярага чидадим, биллоҳ,
Ўн тўққиз ярамдан қолмади асар.
Лекин, сен урган тиғ битмагай, э воҳ,
Болам бўлатуриб солдингку ханжар.
Озодлик жанггига боримни бердим,
Қўшиқ, маишатга бўлмади фурсат.
Маддоҳларни баъзан қамчилар эдим,
Шербозни калтаклар эдим бешафқат.
Лекин мен уларни жабрлаб, уриб,
Хато қилгандирман ва лекин ишон,
Сендек сафсатабоз шоирни кўриб
Ҳақлигимга бир бор келтирдим имон”.
Тонггача қаршимда турар у сиймо,
Тонггача ўша руҳ беради озор.
Қуюқ соқолини бўяган хино,
ПапоғИ устидан ўраган дастор.
Мен унга не дейин? Унинг қошида
Ва сенинг қошингда айблиман, халқим.
Мен хато қилгандим гўдак ёшимда,
Лекин чекинмоққа йўқ бу кун ҳаққим.
Нойиб Мурод бир вақт Шомилдан кетиб
Сўнг пушаймон бўлди. Яна қайтмоққа —
Аҳд қилди-ю, аммо ажали етиб
Йўлда дучор бўлди тубсиз ботқоққа.
Мен ҳам пушаймонман ўз шеърим учун,
Яна ортга қайтиб, қилдим деб хато —
Ё узр узр сўрайман Шомилдан бу кун?
Йўқ, йўқ, ботгим келмас ботқоққа алсо.
У ҳам кечирмайди барибир мени,
Мен отдим орқадан, пана жойдан ўқ.
У қиличда ёзди мардлик шеърини,
Менинг бўҳтон шеърим кечирмайди, йўқ.
Майлига… лекин сен қил менга шафқат,
Халқим, кечир, сени севаман ёна.
Жон ўлкам, сен мени қарғама фақат,
Мисоли ўғилдан ранжиган она.
Эркин Воҳидов таржималари
ШEЪРИЯТ
Ишлар бор, ишдан сўнг ўйламайсан ҳам,
Гоҳ оддий туюлар саёҳат-роҳат.
Сен менга саёҳат ва ундаги дам,
Сен менга оромсан ва оғир заҳмат.
Сен бошимда онам алласи бўлдинг,
Баҳор, мардлик бўлиб сингдинг шуурга.
Сен оташ ишқ билан бирга туғилдинг,
Ишқ эса туғилган мен билан бирга.
Ёш пайтим онамдай бўлдинг меҳрибон,
Навқирон давримда суюкли дилдор.
Кексайсам, қизимдай асрашинг аён,
Агар ўлсам, мендан қоларсан ёдгор.
Сен гоҳо чўққисан, гоҳо лочиним,
Учсам қанотимсан, баҳсда исботим.
Сени ўйлаганда йўқолар тинчим,
Сенга бахшидадир ижод-ҳаётим.
Қайда тугайди иш ва бошланар дам,
Қайда оз муддатли саёҳат-роҳат.
Сен менга саёҳат, чўққисан ҳар дам,
Сен менга оромсан ва оғир заҳмат.
* * *
Шеърият – умримнинг орзу-матлаби,
Сатрларни тиздим оддий сўзлардан.
Қалбимдаги пинҳон муҳаббат каби,
Уларни асрадим ёмон кўзлардан.
Яккаш сўзлар чеккан оҳини илғаб,
Ўзим билан олдим қараб раъйига.
Кейин соатсоздай жарангин тинглаб,
Мурватдай сўзларни қўйдим жойига.
Тунлар қучоғига олди туш-хаёл,
Қаршиладим қанча гўзал тонгларни.
Шафақдан ранг олдим, тўқувчи аёл
Танлагандай гилам учун рангларни.
Майли, дилбар қўшиқ куйласин ўзга,
Эҳтимол, мен буни удда қилмасман.
Дилдаги ниятим кўчдими сўзга,
Бор гапим айтдимми, шуни билмасман.
Балки яратмадим юксак шеърият,
Лекин ўтган умрим шу сўзларда жо.
Муҳарририм, сендан илтимос фақат,
Умримни қисқартма бўлса ҳам хато.
Менинг фарзандимга ўтмайди тиши,
Ўзга ота қанча турмасин тергаб.
Менга айтинг бўлса ёмон қилмиши,
Ўзим қулоғини қўяман бураб.
* * *
Куни кеча ёш бола эдим,
Қуш уядан полапон тутдим.
Қайси куни ишққа дуч келдим,
Бирданига вояга етдим.
Куни кеча доно чол эдим,
Кексаликнинг мақомин тутдим.
Қайси куни ишққа дуч келдим,
Бирданига ёшариб кетдим.
* * *
Ишқий шеърим чиқмас беташвиш,
Яна шаштим журналда қайтди.
Уларни халқ ўқимас эмиш,
Бош муҳаррир шундай деб айтди.
Қайтармади у шеърим лекин,
Бир-икки кун унда турармиш.
Олиб кетиб уйига бир кун,
Хотинига ўқиб берармиш.
* * *
Менинг севгим – чинор,
унда қўш шох бор,
Бири қуриб борар, бири гуллайди.
Менинг севгим – бургут, гўё икки сор,
Бири парвоз этар, бири қулайди.
Менинг қалбим қийнар икки жароҳат,
Биридан қон оқар, бири битади.
Умрим бўйи шундай: навбатма-навбат,
Гоҳ қувонч, гоҳ қайғу қўлим тутади.
* * *
Ишонмасман бу дунёнинг сеҳр-қудратига,
Майли, ўлим ҳукм ўқисин ўтказмай фурсат.
Майли, мени олиб кетсин салтанатига,
Икки йилдан кейин ортга қайтарсин фақат.
Ниятим шу: қайтиб келиб йироқ-йироқдан,
Яқинларим ҳузурида бир-бир бўламан.
Агар ёрим шоду хандон юрсанг фироқда,
Билиб қўйгин ўша заҳот қайта ўламан.
* * *
… Чавандози минмади сакраб,
От депсинмас сувлиқни чайнаб.
Унинг оппоқ тишига қараб,
Туриб қолдим кулди деб ўйлаб.
Шу ҳолати ростдан этди лол,
От куларди ўхшаб инсонга.
У бош эгди, ерга тегди ёл,
Елда ёллар тўзди ҳар ёнга.
Ажабландим, кетолмай йироқ,
От олдига бордим яқинроқ.
От кулмасди, эгиб бошини
Тўкар эди кўздан ёшини.
От ҳолини кўзи қилди фош,
Қуйиларди селоб-селоб ёш.
Мен жилмайсам, яқинроқ кел ёр,
Кўзларимга тикилгин бир бор.
* * *
Қисқа ё узун йўл насибдир бизга,
Бари бир, умримиз чегараси бор.
Нимага эгамиз берилган қарзга,
Қачондир барини қайтариш даркор.
Недандир ажраймиз ачинмасдан ҳеч,
Ненидир асраймиз чиққунича жон.
Ақлинг кирган чоғда биласанки кеч,
Туришга ҳожат йўқ, қулашинг аён.
Энди ўзимнинг ҳам ёшлигим ўтди,
Чўққидан шитобла тушиб боряпман.
На чора, танимга кексалик етди,
На чора, умримга ҳисоб беряпман.
О, ёр, шундай кучга эмасмиз эга,
Йўқса, ҳаётимни берардим сенга!
* * *
Ёрларга етказдик қанча ғам-азоб,
Кошки, бунинг учун қайсидир соат,
Мавжуд суд олдида берсайдик жавоб,
Эҳтимол, зиндонга қолмасди ҳожат.
Аммо ҳар юракнинг ўз йўриғи бор,
Сендан сўрамасман зарра марҳамат.
Мана мен пойингда, ҳукм эт, дилдор,
Қалбинг буюрганин сўзлагин фақат.
Ишқ қонуни билан суд қилгин мени!
Майли, барча ишда айла гуноҳкор.
Гувоҳлик беришиб ёқласин сени,
Ўтган туну кунлар туришиб қатор.
Зеро, кўп жиҳатдан бахтли эдик биз,
Ҳамон ўша дамлар биз учун азиз.
* * *
Ишчанлик ва мардлик кўрсатса, Ватан,
Дарҳол тақдирлайди ўғил-қизини.
Мукофотлаш ҳақда фармонлар, баъзан
Тўлдирар газета саҳифасини.
Гоҳида истайман азиз Ватаним,
Ишқ ва садоқатни тақдирлашини.
Ошиқлар кўксида кўриб яйрардим,
Орден-медалларнинг ялтиллашини.
Муҳаббатда орден-медал йўқ азал!
Агарда мукофот бор бўлса, менга
Садоқатим учун берилса медал,
Ғалаба ордени аталар сенга!
Лекин ишққа шартми бундай илтифот,
Ахир, севмоқ ўзи олий мукофот!
* * *
Гоҳида ўйлайман, ишқла тирик қалб,
Бошқа ҳислар ҳақда шеър битдим нечун?
Бугун ўшаларни майда-майдалаб,
Печкага ташлайин исинмоқ учун.
Нетай, тоғдан пастга тушяпман бу дам,
Энди саноқлидир куним-соатим.
Умр бир бор берилган кўп бўлганда ҳам
Барига етарди шу муҳаббатим.
Шу боис қайларга бошласин тақдир,
Шеърларимда севги янграсин фақат.
Олддаги кунларим кўп эмас, ахир,
Беҳуда шеър ёзиб ўтказмайин вақт.
Дам ғанимат, ишққа ёз шеъру достон,
Куз ўтиб, қиш келса чекмагин армон.
* * *
Кўпдан мен туғилган кунингда гўзал,
Сенга қараб туриб қоламан ҳайрон.
Наҳот сен дунёга келмасдан аввал,
Шундай гўзал бўлган бу қадим жаҳон?
Билмасман, не учун Пушкин чеккан ғам,
Шеърга солган қайси ажиб лаҳзани?
Ҳурлик учун Шомил жангга кирган дам,
Мадад берган кимнинг кўнгил махзани?
Зеро, шундай гўзал бўлмаган очун,
Унга ҳаёт нури йўғрилган кундан.
Шу боис ҳайронман, билмасман, нечун
Йил бошланар Исо туғилган кундан?
Бироқ, йил бошланар кўпдан мен учун
Сендай гўзал барно туғилган кундан!
ШОИРНИ ЎЛИМДАН АСРАГАН АЁЛ
Умар ҳожи, умр – оқар дарё,
Қани ўтир гулхан ёнига.
Тугамайди турмушда ғавғо,
Кел, қулоқ сол, ишқ достонига.
Эл-элат кўп қадим дунёда,
Бу воқеа Кавказда бўлган.
Шоир ётар доруш-шифода,
Ҳаёт гули деярли сўлган.
Ажал таҳдид солсин жонига,
Ширин висол кўзи олдида.
Шом пайтида ёри ёнига,
Борган эди учқур отида.
Чақнар эди юлдуз самода,
Чақнар эди ёри ойжамол.
Энди эса доруш-шифода,
Ётар шифтга тикилиб беҳол.
Шоир дер: – Бу тақдири азал,
Бўла олмас табиблар паноҳ.
Бир мухлиси келтирар асал,
Бошқа бири доривор гиёҳ.
Олиб келай деб оби-ҳаёт,
Муҳиб кетди Тибет томонга.
Топди дори, ичгани заҳот,
Айланарди чол навқиронга.
Шоир дори баҳридан ўтди,
Ва бошлади видо сўзини:
– Куйим тамом! Қазо вақт етди,
Тотиб бўлдим дунё тузини.
Шом пайтида доруш-шифога,
Учиб келди тунги капалак.
Балки тўғри келмас ибога,
Табибга дер тик қараб малак:
– Мен керакман, энди шоирга.
Рухсат беринг, кирай ёнига.
Бутун кеча бўламан бирга,
Жоним садқа шоир жонига.
Ҳилол каби нозик фаришта,
Палатага кириб нур сочди.
Кекса шоир кўрдим деб тушда,
Ёш йигитдай қучоғин очди.
Тонгда шоир доруш-шифодан,
Чиқиб кетди йигитдай бўлиб.
Қанча сувлар оқсин дарёдан,
Бу достонни эслашар кулиб.
Умар ҳожи, қадим замонда
Шундай қизиқ воқеа бўлган.
Тоғлик эрлар қолмай армонда,
Ҳатто ажал устидан кулган.
Шу боис мен ғам чекай нечун,
Ажал кесиб чиқсин йўлимдан.
Биламанки,мени ўшал тун
Ёш бир аёл асрар ўлимдан.
МEН ЮЗ ҚИЗГА ШАЙДОМАН
Ишқимга бўлай иқрор:
Мен юз қизга шайдоман.
Ҳамма жойда ёрим бор,
Ҳар бирига фидоман.
Мўйлови сабза урган,
Мен ҳали ўсмир эдим.
Йўлда кўза кўтарган,
Бир қизчага дуч келдим.
Сув сўрадим, ич деди,
Кўзаси турар ёниб.
Кўза суви муз эди,
Симирдим роса қониб.
Булоқ суви ичимни,
Ўтдай ёқди хўб ёмон.
Ўша қизга ишқимни,
Сақлайман дилда ҳамон.
Сал ўтиб, айни баҳор,
Кездим Каспий бўйида.
Ёнимда севикли ёр,
Мен мастман ишқ кўйида.
Билолмасман, тушимда
Тингладимми сўзини.
Чунки ҳамон ҳушимда,
Излагайман изини.
Баланд дорга осилдим…
Буни жуда кеч билдим.
Сақланар бир умр эсда,
Поэздда учраган қиз.
Кетдик битта купеда,
Ўтирганча юзма-юз.
Омадли йўл чиптадан,
Мисоли бахтим ютдим.
У билан бир дарчадан,
Атрофга қараб кетдим.
Кошки, шундай юзма-юз,
Кетаверсак иккимиз.
Шаддод қизни севдим чин,
Ёдимдан ўчмас ҳечам.
Жиғимга тегиш учун,
У шеъримни йиртса ҳам.
Шўхчан қизнинг нигоҳи,
Ҳамон дилим ёқади.
У кулиб суҳбат чоғи,
Шеърларимни мақтади.
Шайдоман оддий қизга,
Бағритошга шайдоман.
Шайдоман жиддий қизга,
Қаламқошга шайдоман.
Шайдоман вайсар қизга,
Кам гап қизга шайдоман.
Шайдоман қайсар қизга,
Очиқ юзга шайдоман.
Севдим ҳар бир шаҳарда,
Севдим ҳар бир сафарда.
Севдим танлаб ўтирмай,
Барча курсдош қизларни.
Ҳеч бирига сир бермай,
Айтдим ишқий сўзларни.
Мен юз қизга шайдоман,
Барчасига фидоман.
– Юзта қиз асириман?!
Туриб кетдинг дарғазаб.
– Мен юзтанинг бириман,
Сен мени алдабсан заб.
– Хулосада шошма ёр,
Сенда юз қиз ҳусни бор.
Сенда юз қиз мужассам,
Фақат сенсан ягонам.
Ўсмир чоғим қишлоқда,
Йўлда илк бор дуч келдинг.
Кўза ушлаб сўқмоқда,
Турган қиз ўзинг эдинг.
Кезсанг Каспий бўйида,
Ёхуд боғ-бўстонингда.
Маст бўлиб ишқ кўйида,
Менман юрган ёнингда.
Сақланар бир умр эсда,
Кетганимиз поэздда.
Сен ўзингсан юзта қиз,
Барида сен мужассам.
Сен ўзингсан баҳор-куз,
Сен ўзингсан қувонч-ғам.
Гоҳи сен тош юраксан,
Гоҳи жуда зийраксан.
Гоҳи жуда жаҳлдор,
Гоҳи мунис, беозор.
Қаёққа қилма парвоз,
Йўлингда чиқдим пешвоз.
Нимани қилсанг хаёл,
Муҳайё этдим дарҳол.
Бормай қайси шаҳарга,
Йўлдош бўлдинг сафарга.
Сен билан чиқдик тоққа,
Бирга боқдик йироққа.
Мен юз қизга шайдоман,
Уларга севгим бир хил.
Фақат сенга фидоман,
Фақат сенга садқа дил.
Қандай сени севмай ёр,
Сенда юз қиз ҳусни бор.
ВАНГАХОНИМ
Девор ортидаги сирларни бир-бир,
Айтиб берадиган башоратчи бор.
У ўша таниқли Вангахонимдир,
Мен бунга учрашгач, бўлганман иқрор.
Олдин ҳам у ҳақда эшитгандим кўп,
Яшаркан Булғорнинг чет қишлоғида.
Башорати эса таърифланар хўп,
Ҳатто Доғистоннинг олис тоғида.
Дерлар: Вангахоннинг тегса қўллари,
Тўғриси, мустарга юз бурган ҳамон,
Унга ўзгаларнинг ҳаёт йўллари,
Худди кафтдагидай бўлар намоён.
Яшириш не ҳожат, қизиққаним рост,
Менга нима дейди, билмоқ истадим.
Ва Вангахонимга Доғистонга хос,
Совға олиб, сафар отим қистадим.
Кексаларга суянч-ҳамроҳдир асо.
Момога узатдим нақшли ҳассани.
Топиш мушкул ҳасса ясашга зеро,
Қизил новдасидан яхши нарсани.
Катта-кичик кўзли асода асли,
Табиий гўзаллик эди мужассам.
Уларга ярашган устанинг нақши,
Ҳассани этганди янада кўркам.
У ҳассани олиб аста силади.
Сезгир бармоқлари недир излади.
Оҳиста суянди… (Жуда мустаҳкам).
Сўнгра ташлаб кўрди бир-икки қадам…
Секин шивирлади, эшитдим аранг,
Ким билан улғайдим, ўқидим қайда.
Худди башоратчи Вангахоним ҳам
Бир умр яшагандай бизнинг Садада…
Вангахоним менга аён-ноаён,
Ишларни бир бошдан айлади баён.
Ҳатто айтди, менинг устимдан қачон,
Ким нома жўнатди раҳбарлар томон…
Бехосдан қалбимни чулғади гумон:
Ён қўшним олдинроқ учрашиб кетган…
Суҳбат охирида келтирдим иймон,
Бунга ён қўшнимнинг дахли йўқ экан!
– Отанг аллақачон боқий дунёда,
Онанг у томонга борган кейинроқ.
Улар сендан хафа ҳаддан зиёда,
Қўлларида ҳасса тутишган, шундоқ.
Ҳозир улар ухлар осуда, сокин,
Аммо сен у ёққа қадам қўйган кун,
Дарҳол қўлларига ҳассани олар,
Юз-кўзинг демасдан аямай солар!
– Менга ташланади? Айтинг, не учун?
Қайси ишларимдан улар норизо?
Ёшлигимда бебош бўлганлигим чин,
Ҳозир қуюлганман, юрибман сипо.
— Лекин ҳассада бор бошқача хабар,
Қўлинг теккан нақшлар кирмоқда тилга.
Биласанми сен ким? Ўғри, исрофгар –
Умрини беҳуда совурган елга.
Соф юрагинг тайёр эди ёнишга,
Сен эса бермадинг унга эътибор.
Қанча замонасоз шеърлар ёзишга,
Олтин вақтларингни сарфладинг бекор.
… Нима шеърларим бор? Эй, фикри ожиз,
Қанча шеъринг элинг дардига малҳам?
Бўкиб қолгунингча симирдинг ҳаргиз,
Қуръон тақиқлаган ичимликдан ҳам.
Мана шудир сенинг тунинг ва кунинг!
Ҳасса сирти гувоҳ ҳаёт йўлингга.
Айт, асраб қолдингми туғилган уйинг,
Ёрдаминг тегдими мунис синглингга?
Юрдингми, ҳақиқат билан басма-бас,
Шеърингга кўчдими доим ҳур фикр?
Шу сабабдан ота-онанг бу нафас,
Сенинг қилмишингдан олар хавотир.
Дўстинг кўп…
Ким билан бўлмадинг ўртоқ?
Сен севасан…
Мен бош эгиб турдим жим.
Қандай севги ҳақда баҳслашай шу чоқ,
Ёнимда гапимни пойлар хотиним.
Индамай тингладим, бу аччиқ сўзлар,
Ярамга туз сепиб этса-да таҳқир.
Жимман, кўнглим эса ич-ичдан бўзлар,
Нетай, Вангахоним ҳақ эди, ахир!
Унинг сўзларида на сунъийлик бор,
На бирор ёлғон бор – бари ҳақиқат!
Энди қандай яшай? Сўрадим зор-зор:
Доно Вангахоним менга йўл кўрсат!
Наҳот яна сарфлаб ғайрат-шахтимни,
Бемаъни ишимдан қоламан доғда.
Ёки йироқларда излаб бахтимни,
Адашиб кетдимми ўзга сўқмоқда…
Биламан, сизларни кетурман ташлаб,
Бу дунё мендан ҳам бир кун қолади.
У ёқда қўлига ҳассани ушлаб,
Мени ота-онам кутиб олади!
ШОМИЛНИНГ МУҲАББАТИ
Достон
Ноибларнинг сараси,
Ахбердилав от солар.
Моздок, Дарго дараси,
Ғайратига лол қолар.
Унга азиз мард шаъни,
Демади бу ўз ҳаққим.
Олиб келган ўлжани,
Шомилга этди тақдим.
«Йўлда қилди кўп сарсон,
Бу ўжар арман қизи».
Асирага боққан он,
Оқарди Шомил юзи.
Сўнг ишонмай кўзига,
Бир зум кўкка тикилди.
Келиш учун ўзига,
Очиқ кўксини тилди.
Унут ёр-у жароҳат,
Имом келмас ҳушига.
Дер: «Қандай исм бормиш айт,
Беҳиштнинг бу қушига?»
(«Эвоҳ, бундай сулувни,
Кўрмагандим ҳеч қачон!»)
«Пирим Анна дер уни».
Ахбердилав лол-ҳайрон.
Чечен ва Доғистонга
Пешво айлар илтифот:
«Бу парирўй жононга,
Ўзим қўяй нафис от.
Анна – ой нурга кўзгу,
Демак, исми Шуойнаът.
Суюк ёрим бўлар у,
Ранжима мендан фақат.
Эътиқодим мустаҳкам,
Буни ҳамма билади».
Шундай деб у хино ранг,
Соқолини силади.
Ва эслади Тангрига
Қанча қилса ибодат.
Ўтлар тушиб бағрига,
Сўрабди жангга омад.
«Тангрим, дин учун тинмай,
Қилич солдим, отдим ўқ.
Наҳот менинг ошиқдай,
Севмоқликка ҳаққим йўқ».
Ноибнинг ор-номуси,
Келди бу ҳолдан, ахир,
Унинг тутқун товуси,
Шомилни этмиш асир.
Ахбердилав довюрак,
Гапни шартта айтар ул:
«Биз қиз учун сўраб ҳақ,
Ундирамиз катта пул.
Бойдир уруғ-аймоғи,
Тўлдирамиз ҳамённи».
«Бўлса ҳам олтин тоғи,
Бермасман бу жононни».
Ноиб қалбида қутқу,
Лахча чўғдир каломи:
«Ғайридин фарзанди у,
Сиз ҳақ диннинг имоми!
Оллоҳга хуш келмас иш,
Тарқалар тоғда миш-миш».
«Оллоҳнинг карами кенг,
Ишқ олдида ҳамма тенг!»
«Ғанимини шер билган,
Ерга урмас қадрини.
Қиз унашиб қўйилган,
Олиб бўлган маҳрини».
«Бундан бўлма хижолат,
Элда бор шундай ҳикмат:
Қиздан кўплар умидвор,
Бахти бори бўлар ёр».
«Бу сатангга панд бекор,
Юрмас ҳижоб ичида.
Қаранг, на боғичи бор,
Ёқасининг учида».
«Сен озор чекма бундан.
Ахир, йигит ҳамроҳи –
Қилич ҳам чиқиб қиндан,
Яланғоч бўлар гоҳи».
«Баҳслашма ёвқур навкар,
– деб Анна кирди тилга.
Ҳақ йўлда турган сарвар,
Майли, билдирсин элга.
Бу қисмат ё мурувват —
Шудир умримга маъни.
Энди исмим Шуойнаът,
Унутинглар Аннани.
Майли, келтирай иймон,
Сиз сиғинган ҳақ динга.
Бошимга ташлаб чачвон,
Қиличдай кирай қинга.
Кўнглим шартларга кўнди,
Бўлурман авар қизи…»
Кўп ўтмай жангда сўнди,
Ахбердилав юлдузи.
Олис Макка томонда,
Шомил кўз юмган чоғи,
Бошин эгди армонда,
Кавказнинг баланд тоғи…
Бўлса эди ёнида,
Шуойнаът вафодори,
Ўша чўл осмонида,
Ўрларди кўкка зори…
Қаторимиз учмоқда,
Водийда Моздок томон.
Дафтаримга кўчмоқда,
Бу севги бўлиб достон!..
ҚАЙСИН ҚУЛИЕВ ХОТИРАСИГА
Чингиз, Давид, Мустай –
азиз дўстларим,
Қайсин оғамиздан бўлибмиз жудо.
Энди унга етмас соғинч сўзларим,
Кетмиш Эльбрусга айтганча видо.
Эсимда, Кунцево доруш-шифоси,
У билан яқинда қургандим суҳбат.
Энди эса йўқдир дўстлар пешвоси,
У тоғдай суярди бизни оғир вақт.
Бўзла, Чегем…
Бўзлаб мотам тут, Кавказ,
Тун чиммати қопла тоғлар юзини.
Она Болқористон!
Энг сўнгги нафас,
Ўзинг ёп ўғлингнинг очиқ кўзини.
Худди кечагидай эсимда ҳануз,
У қучоқ очганди, юзида зиё.
Кейин ҳазиллашди:
— Табобат ожиз,
Ўлимга тик боқиш — нажот ва шифо.
Қанийди,
дўстларни чорласак шу чоқ,
Ахир, тўпланишиб давра қурмадик.
Ҳа, эгарни тортиб боғладик бироқ,
Отларни кечувда ўзгартирмадик.
Эслайлик,
фронт ва парашютларни,
Украина узра ёғилди кулфат.
Павличко ва Гончар эслар уларни,
Уруш деганлари қанчалар даҳшат…
Ғамгин ўйлар чулғар тасаввуримни,
Қирғиз ўлкасини эслаган вақти.
Қувғинди йилларда менинг умримни,
Тумордай асради Пастернак хати.
Қайсин оға чарчаб,
бирпас олди тин.
Озғин қўлларини кўксига суриб,
Қатъий деди:
— Қандай ўлишим мумкин,
Барча дўстларимни эсламай туриб?!
Қайда Зулфияхон, Силва, Шукрулло,
Ираклий?.. Уларга таъзимда бошим.
Шукур, ёрлақабди қулини Худо,
Сиз каби дўстларни этди йўлдошим.
Қайда Андронников,
қайда қадрдоним?
Қайда Дудин Миша, Гранин Даниил?
Кўп жойларни кўрдим,
бор бир армоним,
Петербургда кезмоқ истайди кўнгил.
Энди боролмасман тоғлар қўйнига,
Чўққидан денгизга қарай олмасман.
Келдиммикин, дўстим Аткай ўйига,
Абхазлар лочини қайда, билмасман?
Козловский, Гребнев?..
Содиқ дўстларим,
Улар шеърларимнинг таржимонлари.
Энди айтолмасман қадаҳ сўзларим,
Шеърларим қайдадир чиққан онлари.
… Кун оғди,
қилт этмас ҳатто япроқлар,
Суҳбатимиз қизир доруш-шифода.
Хотирда жонланар дўсту ўртоқлар,
Кимлар ҳаёт, кимлар йўқдир дунёда.
Вурғун, Твардовский,
Симонов, Бажан,
Мирзо Турсунзода ва Чиковани…
Хаёл қуши чиққан каби қафасдан,
Кўкда учар билмай чек-чегарани.
Бир зумда зулумот чўкди дунёга,
Лекин тараларди ундан нур-зиё.
Сарьян шу лаҳзани чизиб матога,
«Сўнгги сурати» деб айлади ифшо.
Қайсин оға ўлди…
Йўқ, ҳалок бўлди,
Ажал билан кечган аёвсиз жангда.
Мусиқа жаранги хаёлим бўлди,
Мадҳия янграрди мунгли оҳангда.
Айтсалар:
— Қайсиннинг кетганлиги чин.
Бундайин гапларга ишонманг асло.
Ахир, суратини жо қилмоқ учун,
Керак тоғ қоридай улкан оқ мато.
Давид, Алим, Мустай —
азиз дўстларим,
Қанисиз, ёнимга келинг яқинроқ.
Эшитиш учунмас видо сўзларим,
Ёш тўкинг, юмшасин у ётган тупроқ.
Она Болқористон! Сўнмас умидим,
Ўғлинг қайтмас йўлга
кетмаган асло!
Агар сен чорласанг:
— Қай – си – ни – и – м!
У жавоб беради бўлиб акс-садо.
ШОМИЛ
Қалбимни қийнайди эски жароҳат,
Қачон эсга тушса ўртанар юрак.
У ҳақда боболар айтган ҳикоят,
Кейин овулларда тўқилган эртак.
Тоғда унинг номи бўлмайди унут,
Яшар эртакларда қаҳрамонга хос.
Тоғ аро қувлашиб ўтганда булут,
Унинг лашкарига айлайман қиёс.
У ҳақда тоғликлар куйлайди қўшиқ,
Ёдимда, даврада жўр бўлган онам.
Онам ҳам куйлаган меҳрини қўшиб,
Кўз ёшидан қолган юзида шабнам.
Хонамнинг тўрида қарар сурати,
Нақадар синчковдир у теран қароғ.
Чап қўлида эди кучи, қудрати,
Шу боис ўнг ёнга тақарди яроғ.
Тўрдаги расмида кўргандим алам,
Акаларим жангга жўнаётган кун.
Тилла зийнатини топширди опам,
Унинг номидаги танк ясаш учун.
Қариган чоғида раҳматли отам,
Қаҳрамонга битди қасида-достон.
Шомилга туҳматлар ёғарди у дам,
Ёлғончилар отда сурарди даврон.
Отамга бемаҳал ёпишмаса дард,
Ҳали яшармиди… Кечиринг, ота!
Кечикиб бўлса-да узр сўрашим шарт,
Менинг ўша шеърим хатодан хато.
Ватан шаъни учун қилич тутган эр,
Чорак аср ёвларга бермади омон.
Мен-чи, қораладим замонасоз шеър,
Унда ўйламасдан сўз ёздим ёмон.
Тунлар чироғимни ўчирган оним,
Кимдир деразамда бўлар намоён.
У — ўша тоғликлар севган посбоним,
Гуниб тоғларидан чиққан қаҳрамон.
У дейди: «Эй бола, уруш фалокат,
Қанча яраланмай миқ этганим йўқ.
Ўн тўққиз жойимдан олдим жароҳат,
Сен кўксимга отдинг йигирманчи ўқ.
Ё тиғдан, ё ўқдан чекканман озор,
Вужудимда омон жойнинг ўзи йўқ.
Аммо тоғлик илк бор қилди ярадор,
Куйдиради доғи бамисоли чўғ.
Тўғри, ғазовотга ҳожат йўқ энди,
Ҳурлик учун қилич ушладим, холос.
Гарчи қиличимнинг жаранги тинди,
Тоғлик ори учун савашганим рост.
Ҳаловат билмадим, курашдим фақат,
Кўнглимга сиғмади ялла, тўй-ҳашам.
Жазоладим, кимки айтса ҳикоят,
Ҳатто қамчилатдим шоирларни ҳам.
Ўйлардим, ўжардай фикримда туриб,
Жазо бергандурман ноҳақдан ноҳақ.
Сендай оғзи ботир шоирни кўриб,
Билдимки, ўшанда мен эканман ҳақ».
Тонггача тикилиб турар тепамда,
Кўраман, бошида катта оқ салла.
Баъзан кезар ғира-шира хонамда,
Хинога бўялган соқоли малла.
Нима ҳам дер эдим? Унинг олдида,
Элимиз олдида айбдорман, айбдор.
Бир вақт Ҳожимурод жаҳл отида,
Имомдан аразлаб кетгандай бекор.
У қайтмоқ истади бўлиб пушаймон,
Ботқоққа дуч келди ва топди жазо.
Мен ҳам қайтайинми? Аммо йўқ имкон,
Ахир, бу тамоман бошқача хато.
Ғўрлигим маҳсули торттирар сергак,
Ич-этимни ейман, ҳеч ким билмайди.
Имомдан кечирим сўрашим керак,
Бироқ ботқоққа ҳам ботгим келмайди.
Энди узрим айтмай, у қабул қилмас,
Ҳеч ким гуноҳ ишни ёддан ўчирмас.
Ёмон сўз шеъримда янградими бас,
Қилич тутган одам асло кечирмас.
О, халқим! Ёмондир ўғлинг аҳволи,
Сен ўзинг кечиргин, айла марҳамат.
Ўғлидан ранжиган она мисоли,
Гуноҳкор бошимни силаб қўй фақат.
ШЕЪРИЯТ
Сенсиз дунё ўхшарди гўё,
Қуёш нури тушмаган ғорга.
Ё юлдузсиз сим-сиё само,
Ё бир ошиқ зору зор ёрга.
Сенсиз дунё мисли бир уммон,
Суви музлаб гезариб қотган.
Сенсиз дунё гулсиз бир макон,
Булбулларсиз ҳувуллаб ётган.
Сенсиз дунё баргсиз бир дарахт,
Бошида қиш, унга ёт баҳор.
Сенсиз башар ғариб ва бебахт,
Куйламас, куй унда йўқ зинҳор.
* * *
Пастдай кўринади азим чўққи ҳам,
Мисоли, чўзилсанг етади қўлинг.
Аммо тикка сўқмоқ бўйлаб юрган дам,
Қанча кўтарилма тугамас йўлинг.
Кимгадир шеър ёзиш осон туюлар,
Қалам олсанг бас, шеър ўзи қуйилар.
Аммо шеър ёзишдан, эй ғофил инсон,
Гоҳ чўққига чиқиш минг марта осон.
* * *
«Доно, зийрак имом бўлиши керак»,
Шундай таклиф айтди билимдон ноиб.
«Мард, довюрак имом бўлиши керак»,
Фикрини билдирди навқирон ноиб.
Мен билдимки, шоир бўлишдан кўра,
Ҳаттоки дунёни бошқариш осон.
Шоирликка етмас тўрт хислат сира,
Унга керак юзлаб хислат бегумон.
* * *
«Бу расво жаҳонда яшамоқ оғир»,
Деб биринчи шоир оламдан ўтди.
«Яшаш яхши!» – деди иккинчи шоир,
Ва дунёдан йигит ёшида кетди.
Учинчи шоир ҳам ўтди бегумон,
Бироқ у шунчаки айтмади қўшиқ.
Нима ёмон бўлса атади ёмон,
Нима яхши бўлса куйлади жўшиб.
* * *
Шоир хотинига бағишлар ашъор:
«Сен ўзинг қуёшим, ойим, юлдузим.
Сен ёнимда бўлсанг жўшади баҳор,
Агарда йўқ эсанг бошланар кузим…»
Мана остонада турар ўша нур,
Ижозат сўрайди уйга киришга.
«Сенми? – жеркир шоир.
– Худо хайр бергур,
Халақит бермагин ижод қилишга».
* * *
Мана гилам тўқиб бўлинди лекин,
Бировга кўрсатиб мақтанма дарҳол.
Осилган ипларни қайчила секин,
Кейин безагига синчков назар сол.
Мана китоб ёзиб бўлинди лекин,
У экинга шудгор қилинган дала.
Энди марзаларда айлангин секин,
Текшир, қолмадими бирор жой чала.
* * *
Печкада ўт ёнар, ўтирмай ёвуқ,
Жунжийман, тирқишдан уради шамол.
Игнадай тешикдан туядай совуқ,
Киради деб, бежиз айтишмас мақол.
Қўшиғимда қолса бирон-бир бўшлиқ,
Тинчим йўқолади этгунча барҳам.
Чунки одам каби жунжикар қўшиқ,
Сўзлар аро ўтса қилдай шамол ҳам.
* * *
Тан бераман заргар қўшнимга,
Ўз ишини билади чиндан.
Бир зумгина қараб буюмга,
Ажратади мисни олтиндан.
О ўқувчим, ўзингсан зукко,
Менда бўлса эди зийрак кўз.
Аниқлардим сатрлар аро,
Қайси бири миси чиққан сўз.
* * *
Чопма, отим, чопмагин, отим,
Қарамадим ҳали ортимга.
Шунда кечди ширин ҳаётим,
Тўйиб қараб олай юртимга.
Чопгин, отим, чопақол, отим,
Йўлга чиққан манзилни кўзлар.
Бошланяпти янги ҳаётим,
Чорлар мени ўзга юрт-дўстлар.
* * *
Ишлар бор, ишдан сўнг ўйламайсан ҳам,
Гоҳ оддий туюлар саёҳат-роҳат.
Сен менга саёҳат ва ундаги дам,
Сен менга оромсан ва оғир заҳмат.
Сен бошимда онам алласи бўлдинг,
Баҳор, мардлик бўлиб сингдинг шуурга.
Сен оташ ишқ билан бирга туғилдинг,
Ишқ эса туғилган мен билан бирга.
Ёш пайтим онамдай бўлдинг меҳрибон,
Навқирон давримда суюкли дилдор.
Кексайсам, қизимдай асрашинг аён,
Агар ўлсам, мендан қоларсан ёдгор.
Сен гоҳо чўққисан, гоҳо лочиним,
Учсам қанотимсан, баҳсда исботим.
Сени ўйлаганда йўқолар тинчим,
Сенга бахшидадир умрим-ҳаётим.
Қайда тугайди иш ва бошланар дам,
Қайда оз муддатли саёҳат-роҳат.
Сен менга саёҳат, чўққисан ҳар дам,
Сен менга оромсан ва оғир заҳмат.
БИТИКЛАР
Йўловчи, уйимга кирмасдан ўтсанг,
Менда айб йўқ, бунинг гуноҳи сенда,
Эй меҳмон, уйимдан хафаҳол кетсанг,
Сенда айб йўқ, бунинг гуноҳи менда.
Эшикдаги битиклар.
Кичкина болалар ҳам катта тушлар кўради.
Бешикдаги битиклар.
Элни чорлар: бўлса тўй ё жанг,
Унда мудрар шундай зўр жаранг.
Қўнғироқдаги битиклар.
Қўшиқчини машқидан,
Заргарни нақшидан билишади.
Кубачинликлар ёдгорликларидаги битиклар.
Атрофим ёруғ бўлиши учун ёняпман.
Чироқдаги битиклар.
Оддий гилдан ясалади
энг гўзал кўза,
Оддий сўздан яралади,
шеърий мўъжиза.
Кўзадаги битиклар.
Асрор Мўмин таржималари
ҲАФТАНИНГ ЕТТИ КУНИ ҲАҚИДА
Душанба ғоз туриб мақтанар чунон:
«Кунларнинг подшоси ўзимман ёлғиз.
Олам тириклиги бошланар мендан,
Барча ҳафталару, календар шаксиз…»
Сешанба алмашиб эгаллаб тахтин,
Деди: «Бўлиб келган азалдан шундай.
Барча замонлару эллар қисматин
Тутиб келмоқдаман қўлда ханжардай…»
Тонгги сокинликда сузиб чоршанба:
«Қани, уйғонинглар!» — дея ундади.
«Ана, мақтанчоқлар қочиб қолишди!
Тақдир соатларин изми мендадир…»
Пайшанба кетидан жума ҳам келди,
Шанба ўтиб кетиб, келди якшанба.
Ҳаммаси мақтаниб кўрсатди ўзин,
Ўтга ҳам, нурга ҳам гўё бош манба!
Вассалом, косагул унинг тек ўзи,
Одамларга тутар ҳаёт бодасин.
Ҳаммаёққа солар жар, аюҳаннос,
Бир ўзи қоққандай кўк ноғорасин.
Етти кун еттита ноаҳил қавмдек
Биринчи бўлиш-чун курашди фақат.
Йиллар зулматида тутоқиб Қуёш,
Улар қулоғини чўзди бешафқат:
«Қанақа талатўп! Қандай ҳовлиқиш!
Тортишасиз, ханжар кўзни ўйгудек!
Бирингиз бўлмаса — ҳаммангиз ҳам йўқ!
Тишлар эмассизки, ясаб қўйгудек.
Етти кун — заминнинг ҳаёти демак,
Айланиб туради қуриб тинкаси.
Сизнинг қўлингизда ҳамиша ханжар,
Ҳамма замонларнинг янгроқ зурнаси…»
Шу чоғдан кунларнинг кетидан кунлар
Бежанжал, беуруш алмашиб турар…
Шу чоқдан можаро, жанжал, суронлар
Фақат одамларнинг ичида юрар.
Ғаффор Маннопов таржимаси
* * *
Сулувлар бўй етган пайт,
Сейлонда бу — фарз, удум,
Солиқ тўлагай, албат,
Ўзининг ҳусни учун.
Бу хилдаги солиқ гар
Қўлланилсами тоғда,
Сертама солиқчилар
Қолмас эди ҳеч доғда.
Куба малагин мангу
Сақлайдирман ёдимда,—
Гўзаллик тахтига у
Чиққанди кўз олдимда.
Доғистонда эса энг —
Сулув ким, дейишса гар,
Маҳшаргача бетиним
Баҳс кетажак муқаррар.
* * *
Жилғалар тордайин куйлар эди шан:
— Ойдин тун яхшидир қаро кундуздан.
Юксак тоғ шафаққа термулиб, пастда —
Турган ёш чўққига сўйларди аста:
— Гарчанд девор тоши кўримсиз, бироқ
У қабр тошидан кўркам, яхшироқ.
Ёдимда, косагул улашаркан жом,
Деганди даврада бир улуғ калом:
— Май билан бўялсин, майли, дастурхон,
Тўкилгандан кўра қорга иссиқ қон.
Чеҳраси чандиқли бир аскар дарров
Унинг пайровига қилганди пайров:
— Азаддан қўрғошин ҳуштаги эмас,
Қалбларни забт этган қалбдан чиққан сас.
Аёлни тоабад қучмоқ яхшидир —
Тутмоқлиқдан қилич бандин бир умр.
Ҳаргиз аскар учун никоҳ тўшагин
Дала бўронимас, аёл тўшасин,
Ястанган майсага кўз ташлаб пинҳон
Ногоҳ гуфтор қилди шунда бир жувон:
— Чўққилар, майлига, бўлсин оқсоч бош,
Муштоқ этган қаллиқ эса доим ёш…
* * *
Куйлаганди бир пайтлар Ҳофиз:
— Форс жонони гар этса карам,
Бахш этардим холига шу кез
Самарқанду Бухорони ҳам.
Лекин гўзал демишки кулиб:
— Харид этсанг магар холимни,
Ўлтирмагин савдосин қилиб,
Қайтариб ол арзон молингаи.
Шоирлар ҳам суйганларига
Уларнинг бир ғамзаси ҳаққи,
Юлдузларни ипга тизиб ва
Минг ёлвориб этганлар тақдим.
— Ҳадя қилманг бизга юлдузни, —
Аёллардан таралади сас. —
Меҳр билан эркаланг бизни,
Ишқингизни ўзи бизга бас.
Келтирмангиз сандиқчада ҳам
Зебу зийнат, бебаҳо олмос,
Биз сизни деб ғусса чеккан дам
Кўз ёшимиз аритинг, холос.
ҚИЗИМ ПАТИМАТГА
Гуллар тақса баҳор – сени ўйлайман,
Тушса боғларга қор – сени ўйлайман,
Тонглар отса оппоқ – сени ўйлайман,
Ёз хандон урган чоқ – сени ўйлайман,
Қайтиб келса қушлар – сени ўйлайман,
Ортга елса қушлар – сени ўйлайман.
Қиров тушган баргга термулиб бир дам,
Ўйлайман мен сени, унутиб ором.
Ақлли қиз бўлиб бўй етгандирсан,
Мен сени ўйлагач туну кун, мудом.
* * *
Сен ҳақда ўйларим шеърга солсам, чин,
Бир девон бўларди – улкан, зиёда.
Имоним комил, сен бундоқ китобнинг
Иккинчисин топмас эдинг дунёда.
Бироқ, афсус, ҳали бу девон юпқа,
Ўлтирмоққа қунт-ла тоқатим озроқ.
Чунки вақтни шеърга бергандан кўра,
Сен-ла ўтказганим мен учун созроқ.
* * *
Дугоналарингга мен бахт тилайман, о!
Топила қолсин эр уларга, илло!
Тағин наҳот ғурбат домида қолсанг,
Бўлмасми эшикни тамбалаб олсанг!
Ёнгинангда изғиб – тўлдим мен хунга,
Бироқ улар фаҳми етмас ҳеч бунга.
Соатга боқаман, у сира жилмас…
Овсар меҳмонларинг кетишни билмас.
Бирин жағи тинса, бири бошлар гап,
Чидай олмас бунга ҳеч қандай асаб!
Айтгин, биз шом пайти суҳбат қурган дам
Кирмасин уларнинг биронтаси ҳам!
Шоирга-да, шундоқ холи он керак,
Халал беришдими, тугар у, бешак…
Шўрлик кўнглим эшик чертилмаса дер,
Дугоналарингга, о, тезроқ чиқсин эр.
* * *
Қара, қор авжига чиқмоқда бирам,
Майли сочларингга қўнсин, йўқ гинам!
Шамол ҳам гувласин – ишим йўқ, бироқ,
О, нега у сени қучар бесўроқ!..
* * *
Эслайман ёзғириб ўлкаларда ёт,
Олисларда қолган кулбамни бот-бот.
Тушимга киради пурвиқор тоғлар
Ва учқур тулпорни минганим чоғлар.
Булоқ ҳам ёдимга тушади такрор,
Ундан сув тутганди у менга илк бор.
Сўқмоқ эсимдадир – шудринг қучган, нам,
Кузатиб қоларди мени субҳидам.
Фақат ёд этмадим мен сени тақир,
Чунки унутмадим бир он ҳам, ахир!
* * *
Яна йўлга чиқдим висолингга зор,
Вақтнинг ўтмоқлиги бунчалар душвор.
Мен-ку, ҳузурингга етсам дейман тез,
Нега ўчакишиб имиллар поезд!
Нега еллардай у шитоб учолмас,
Учқур ўйларимдек уфқни қучолмас!..
Деразадан бот-бот боқаман, беун,
Йўлнинг узунлиги дилни қилар хун.
Қуёш чиқиб кўп бор, кўп бор ботди ҳам,
Зулмат тунлар чўкиб, тонглар отди ҳам…
Уйда эканимда сезмасдим буни,
Сезмасдим уфқда ёнган ёғдуни…
Қалбим аллақачон сенинг биландир,
Бироқ темир изда таним қақшар зир.
О, чарақлар кўкда юлдузлар бари,
Ахир, кузатарлар мени сен сари…
Не-не кент, шаҳарлар нурланиб алвон,
Айларлар йўлларим менинг чароғон.
Бироқ кўкда булут уюлар ногоҳ:
«Менсиз яшамоқда экан у қандоқ?»
Деразага шуъла тўқинар бир пайт,
Кўзимга боқиб дер: «У нечукдир, айт?»
Мен дейман ошиқиб, дилга ютиб ғам:
«Кутмоқдамисан сен мени чиндан ҳам?»
* * *
Тун чўкар борлиққа. Қораяди чўғ.
Эринмай чиқиллар деворда соат.
Ва гўё сўрар у:
– Нега уйқунг йўқ?
Ё сенга ухламоқ эмасми одат?
– Уйимизда гоҳо ғам бўлар меҳмон,
Бедорлик азоби менга кўп таниш.
Севганим оғритди дилим ногаҳон,
Шундан мени қийнар алам-ўртаниш.
Соат ҳам ҳамдарддек ўкинчга тўлар
Ва дер: – Парво қилма, ёнмагин бекор.
Азалдан бу шундоқ бўлган ва бўлар:
Кимки севса, топган фақат ғам-озор.
Тун. Яна кўзимдан уйқулар ўчса,
Дейман, сўроқлардан бўлиб мен огоҳ:
– Севганим кўзида кўрдим ғам-ғусса,
Оғритиб қўйдим мен дилини ногоҳ.
Соат ҳам ҳамдарддек ўкинчга тўлар
Ва дер: – Парво қилма, ёнмагин бекор.
Азалдан бу шундоқ бўлган ва бўлар:
Кимки севса, топган фақат ғам-озор.
Юлдузни ўчирар боғнинг эпкини,
Уфқнинг бетига югуради қон…
Йил кетидан йиллар ўтмоқда – мени
Шундоқ суҳбатларга қилиб андармон.
* * *
Эгри-бугри дарахт – менинг ҳаётим,
Баргини ёзмаслар, қор кетмас магар.
Ва улар тўкилмас айтиб баётин,
Қўшиғим уларни асрамаса гар.
Йилларим – дарахтнинг шохи, албатта,
Куйиб кул бўлиши аниқдир, аён.
Кейин тирилмаслар тўлиб шарбатга,
Севгимиз бўлмаса уларга посбон.
КЕНЖА НАБИРАМ ШАҲРИЗОДГА
Нега йиғлаяпсан, айт, қўзичоғим,
Нима бўлди? Ёмон туш кўрдингми ё?
Отанг бор, онанг бор – суянган тоғинг,
Бошингда гиргиттон теварак дунё.
Етимлик заҳридан қалб яра, не тонг,
Кўрдим озорларин қисматнинг қаттиқ.
Йиғласа ярашар мен – кекса бобонг,
Нега йиғлаяпсан сен аччиқ-аччиқ?
Билмайсан ҳали сен хусумат нима,
Алдов, хиёнатдан бўлмас ҳолинг танг.
Мурғак вужудингга ғам қўнмас сира,
Алласин айтаркан мунис волиданг.
Дўстларни кўрдим мен – имонсиз тақир,
Душманлар йўлимни тўсди ғов бўлиб.
Сен нега йиғлайсан? Йиғлай мен, ахир,
Ўпкам йиғиларга кетди-ку тўлиб.
Сен уруш нелигин билмайсан мутлақ,
Ёнди оловида – неки тирик жон.
Сенинг бошинг узра нур сочар ҳар чоқ
Тинч ва осойишта ложувард осмон.
Не-не оғаларим жангда йўқотдим,
Эсласам, кўзимдан сизади намлар.
Сен нега йиғлайсан? Бас, йиғлайин мен,
Сочим оқартирди беадад ғамлар…
Набирамнинг бидир-бидир сўзларин
Тингладим, шундоқ дер у митти юрак:
«Сиз неки кўргансиз – мен улар барин
Улғаяркан, бир-бир кўрмоғим керак.
Таҳликага тўла бу дунё аро
Тонглар хавотирнок отмас беҳуда.
Йиғлашим шу боис, сиз эса, бобо,
Нега йиғлаяпсиз, ҳайронман жуда…»
ДИЛ ТАШАККУРИ
Раҳмат, сўқмоқларга: нозик эшилиб,
Дунёни кифтида кўзадай тутди.
Камалак ёнганда ажиб ёй бўлиб,
Қалб бир зум бўлса-да, ғамни унутди.
Раҳмат – бу қишдан ҳам чиқолдим омон,
Ёз эса кўз очиб юмгунча кечди!
Қисмат қадаҳини лутф этди ҳар он,
Унинг аччиқ, тахир майини ичдим.
Ёмғирлар эҳсонин тутмади ҳеч кам,
Қуёшнинг нурлари эврилди зарга.
Раҳмат почтачига: сал кечикса ҳам,
Хатинг етиб келди мисли себарга.
Қушчага ҳам раҳмат, деразам чертиб,
Янги, ёруғ тонгдан қилди хабардор.
Унга аён бўлган – тун бўйи балки
Яна бедорликда чекканим озор.
Дўстлар қаршисида таъзимим чуқур,
Улар оз қолдилар жуда – саноқли…
Яқинлардан кўрдим бадбинлик бир қур,
Лекин юрмадим мен ҳеч гина сақлаб.
Раҳмат Севги, раҳмат Сўз ва Мусиқа!
Баҳсу низолардан гап очмам бу дам…
Ёмонга ёмонлик соғинмам сира,
Уларни эслашни истамайман ҳам…
* * *
Мен ҳам домидаман учқур йилларнинг,
Қувончу ғуссага яшайдирман бой.
Юртимнинг хокига қўшилиб бир кун,
Чўққилар пойидан оладирман жой.
Дунё улкандир ва мен ўз умримда
Ўтмадим дўстга зор, ёлғизга ўхшаб.
Кўз юмсам, дўстларим мотам кунимда
Турфа юрт-эллардан келурлар йўқлаб.
Йўл олиб Жанубдан ё Шарқдан шу зум
Ва ёки бегона мамлакатлардан –
Ҳар бири қабримга ўз она юртин
Келтирарлар сиқим тупроғини ҳам.
Майли, метин дўстлик ҳаққи, номимни
Ёдлашиб оҳ чекиб қайғудан бир дам-
Чўққи остидаги мўъжаз қабримни
Тиклашсин омихта тупроқлар билан.
Аёллар эса – ҳамд-санолар айтиб,
Кўкларга кўтариб, ўзим куйлаган –
Ошно булоқлардан зилол сув элтиб
Ювгайдирлар қабрим тошини у дам.
Олиб келажакдир сайёҳ булутлар,
Туманлар – кўксини босганча ерга,
Чақмоқлар – беғараз яроғдек қутлаб,
Йироқ ўлкалардан саломлар менга.
Ва мен келгуси шан қўшиқлар учун
Бир кун қабрим тоши остидан хушҳол –
Ўсиб чиқмагайман мисоли гужум,
Тириклар сафида тургум, эҳтимол.
Мирпўлат Мирзо таржималари
БУЛБУЛ ҚЎШИҒИ
Булбул қўшиғини эшитяпсанми,
Тингла, қандай юксак, қандай соф туйғу?
Аммо, нени куйлар – билмайди ҳеч ким,
Қуш тилин англашдан ожиз инсонлар.
Ишонаман,
Юртин куйлаяпти у,
Йўқса, зерикарди аллақачонлар.
ҚОН ВА КЎЗЁШ
Ярадан қон оқиб чўзилар узун,
Аммо, кўзда ёш йўқ.
Чунки, бизларда
Ёшмас, қон оқизмоқ афзал эр учун.
Аксини танлаган эркак бўларми?
САККИЗЛИКЛАР
Ниҳоят, совуқ куз нафаси келди,
Қушлар уфққа боқиб, нафас ютади.
Ёз бўйи бу ерни куйлашган эди,
Энди эса, уни ташлаб кетади.
Фақат, сукут сақлаб юрган бургутлар
Яланғоч боғларда кўзини ёшлаб,
Кетгиси келмайди бу қийин кунда,
Ота маконини кимсасиз ташлаб.
* * *
“Бургутлар! Не сабаб уйғотди ҳавас
Сизда бу қоялар, бу совуқ қорлар?”
“Озодлик туйғуси иссиқ уйгамас,
Бизни чўққиларга – юксакка чорлар”.
“Юртдошлар бу ерга келдингиз нега,
Бу ерда нима бор тоғ-тошдан ўзга?”
“Иссиқ уйлар эмас, шу қор, шу қоя
Озодлик туйғусин бахш этди бизга!”
* * *
Шеърият, кучлига хизматкормисан,
Мудом мазлумларни қилдинг ҳимоя.
Паноҳсиз қолганга ташладинг соя,
Золимга Ҳақ сўзни айтдинг қўрқмасдан.
Шеърият, биз сенга қиламиз ҳавас,
Кучлилар кўзига тик боқдинг, бардам.
Шу сабаб, жудаям гўзал бўлсанг ҳам,
Сени келинчакка ўхшатиб бўлмас.
* * *
Олис юрт сафарин тугатиб қайтдим,
Ўғли ҳалок бўлган оналар дилгир
Сўрадилар: “Болам, мусофир пайтинг
Бирор юртдошингга кўзинг тушгандир?”
Мен эса, ёлғонни тўқидим шитоб:
“Ҳа, бир ватандошга, рости, дуч келдим”.
Оналар жим қотди. Ҳар бири шу тоб
У менинг болам деб ўйлади, билдим.
* * *
Тирикларга тегма, тегма, шуҳрат-шон,
Сен ҳали билмайсан инсоннинг сирин.
Гоҳида ўлдириб қўясан, ишон,
Ҳатто, энг кучлисин, энг яхшиларин.
Асли, ўликларга кераксан, билсанг,
Уларга халақит бермайсан, ишон.
Аксинча, оловли нафасинг билан
Уларга қайтадан бахш этасан жон.
* * *
Деразам ортида ёмғир шовқини,
Момақалдироқнинг қаҳқаҳли уни.
Кўнглимда туйғулар қоришар ҳозир:
Изтиробу шодлик, севги ва қаҳр.
Дардларим жойлайман қўшиқларга ва
Шодликни дўстларга қиламан совға.
Севгим одамларга тортиқ бўлади,
Қаҳрим эса, бир ўзимга қолади.
* * *
“Шодлик, тўхта, қайга учяпсан?”
“Севгиси бор қалбга-да, ахир!”
“Ёшлик, сен-чи, қайга шошяпсан?”
“Севгиси бор қалбга-да, ахир!”
“Йўл бўлсин-ов, куч ва жасорат?”
“Севгиси бор қалбга-да, ахир!”
“Сен қаерга, қайғу-машаққат?”
“Севгиси бор қалбга-да, ахир!”
* * *
Менинг қўшниларим – моҳир заргарлар
Бола тасаввурим қолдириб ҳайрон,
Маҳак тошин ишга солар эди ва
Соф олтинни мисдан фарқларди осон.
Эй зукко ўқувчим, қарздорман сендан,
Асл шеъриятга ўзингсан посбон.
Мен ҳам маҳак тошинг – назаринг билан
Сунъий мисраларни фарқладим осон.
ТЎРТЛИКЛАР
Жуда ғалати-да насиба, тақдир,
Толе ҳам бемаврид кулади гоҳи.
Ейишга гўшт кўп-у, тишим йўқ ҳозир,
Атала ичгандим тишим бор чоғи.
* * *
Нимага ўхшайди одамдаги нутқ?
Мен уни ёмғирга менгзагим келар:
Бир кун ёғса қутдир, иккинчи кун – қут,
Шундан сўнг тинмаса, бир офат бўлар.
* * *
“Айтинг, менга, айтинг, энг жирканч кимдир?”
“Титраб-қақшаб турган қўрқоқ бир эркак!”
“Айтинг-чи, ундан-да, жирканчроқ кимдир?”
“Сукут сақлаб турган қўрқоқ бир эркак!”
* * *
Олов ва касаллик, қарзлар ва душман,
Томдан ўтган чакки, мусибат ва кин –
Фақат аҳмоқ одам, ақлини еган
Буларга менсимай қараши мумкин.
Рус тилидан Ориф Толиб таржимаси
АЁЛ ЗАҲМАТИ
– Дол букиб қаддингни, ташийсан пичан,
Тер томар, пойинга, билмайсан тиним.
Рухсат бер онажон, ёрдамлашай мен!
– Бу эркак ишимас, жон қоқиндиғим.
Иссиқ ёз кунлари, кузак кунлари,
Ёғилганда қишнинг оппоқ кукуни.
Қишлоқ аёллари куну тунлари,
Таширлар елкада абад юкини.
– Узатгил пақирни, дарвозани оч,
Ўзим сув ташигум эрта азондан!
– Йўғ-э, дейди опам, ёнга ташлаб соч,
Бу эркак ишимас, азал замондан.
Сомон йўлдай тоққа осилди сўқмоқ,
Осмон нафасидан – жазирама туш.
– Онаси, қизчамни кўтарай, озроқ.
– Йўғ-э, ярашмас-ов, эркакка бу иш?
Тарқоқ булут аро осмон гумбази
Ўз соясин солган ёнбағирларда,
Қийиндир ҳаммавақт аёл заҳмати –
Севги қийноғи-ю, тириклик ғами.
* * *
Қизилча қоплаган адирдан сўрдим:
– Қай йўсин ўлчанар эркак қиммати?
– Аёлга эҳтиром-ла, деганди осмон!
– Не билан ўлчанар эр қалбидаги
Жасорат, – сўрдим мен қадим достондан.
– Аёлга эҳтиром-ла, сўз қотди достон.
– Қай йўсин ўлчанар, дилда севгиси
Марду майдонларнинг, эр ўғлонларнинг?
– Аёлга эҳтиром-ла, аввалу ҳамон!
* * *
– Айтгил-а, ёшликда қай олов ичра
Ёнмоғинга розийдинг, оға?
– Аёл ишқида!
– Андак чап беролмай, қайси ўт ичра
Ёнмоқдасан, айтгил, ҳозирча?
– Аёл ишқида!
– Сўйла,
Бундан кейин қай бир ўт ичра
Ёнмоқчисан, умринг борича?
– Аёл ишқида!
– Сен нени шуҳрату мукофотдан ҳам,
Ўта азиз санайсан, бўтам?
– Аёл ишқини!
– Нега сен сув каби қуйилдинг шар-шар,
Нечун бошдан баланддир ханжар?
– Аёл ишқида!
– Тақдирга тан бермай, яна не ила,
Қилгунг ишқни абад ҳилила?
– Аёл ишқи-ла!
– Ростин айт, ақлини йўқотган инсон,
Йитарсан, не билан беомон?
– Аёл ишқи-ла!
ШУНДАЙ БЎЛҒУСИ
О, тенгги йўқ аёл, сени дафъатан
Ташлаб кетишсалар дўсти чин, ночин,
Эшитган ҳамоноқ қошингга елгум,
Ғаму ҳасратинга шерик бўлиш-чун –
Хизматинг қарздори ҳам ихлосмандинг.
Нур сочдинг севгидан, ўз асримизда,
Сендан фидойиси йўқдир аслида.
Ғамгинманми ёхуд қувноқ пайтимда,
Кўргизиб илтифот, бериб маслаҳат,
Кўпроқ тушунгансан мени ўзгадан.
Мабодо, бошланса бу умрим бошдан,
Тушгай изларимга изларинг яна.
Менинг тақдиримда сенсан ягона,
Ҳа, шундай бўлғуси, токи тирикман.
ЭЗГУЛИК ДЕБОН
Не-не бедовларни уюрдан ушлаб,
Эгар бостирдим.
Сўнгра узангига оёғим тираб,
Она юртим узра от солиб елдим,
Лек, моҳир чавандоз бўла олмадим.
Битдим кўп минг сатр Кавказда фақат,
Ўзим мадҳ айлаган, суйган заминим.
Ҳақиқий шоир-ку – пайғамбар сифат,
Замон сўйлагуси, мен шоирмидим!
Тоғли эрлар билган ойдин кечада,
Оғуши жон олар аёллар борин…
Бироқ мен шундайин учратмадим-да,
Улар сеҳрин айтмоқ менга йўл бўлсин!
Бир вақтлар жасорат санардим ўзга,
Ўйноқи сатрлар битмоқни ҳар кун.
Токи садо берсин қоялар узра,
Худди пишқиргандай, кўпирган оқин.
Энди-чи,
Эҳтимол, эзгулик дебон,
Яширмай замондан ному дарагим.
Кўпинча қўлимга қалам олмайман,
Аслича қолдириб қоғоз варағин.
* * *
Аркадий РАЙКИНга
Тик турмади бедов орқа оёқда,
Чидамай сувлиқни чайнамади ҳам.
У фақат куларди тишин оқида,
Вазмин калласини энгаштирибон.
Ёли салкам ерга теккудай, бирам,
Тўриқ жуда гижинг – оловнинг ўзи.
Кўрдиму, ўй келди, валлоҳи алам,
Инсон кулгандайин куларди ўзи.
Кимни ўйга солмас бундайин ҳолат,
Назар солмоқ бўлдим яқиндан отга.
Кўрдим.
Йиғламоқда.
Кулмасди ул, от,
Инсон янглиғ бошин энгаштирганча.
Кўзлари чўзиқроқ, мисоли япроқ,
Ичи туман янглиғ намиққан эди…
“Агар куларимни истасанг, кўрмоқ,
Яқин кел ёқимтой, диққат қил”, деди.
ҚАЛБИМ МЕНИНГ ТОҒЛАРДА
(Достон)
Менинг қалбим тоғларда.
Ўзим пастдаман…
Роберт Бёрнс
1
Тошқин ёз шаҳарни тарк этди тамом…
Яна мен ҳақимда бўлмағур гап-сўз.
У асфальт йўллардан, ўрлаб тоғ томон,
Аварлар уйида кайф сурар ҳануз.
Ғийбатнинг боиси: мен – ёш йигитча,
Манманлик дардига чалинганмишман.
Янгрармиш қўшиғим уйдан узоқда,
Ёдга олмасмишман – қояга маҳкам
Ёпишган овулу ранги қулф урган
Иси таниш тошлоқ она-заминни.
Бўйнимда бўйинбоғ, эшак думидай,
Бошимда шляпа, кир тоғорадай.
Елкаси тердан нам, жарни ёқалаб,
Ўтлоқдан уйига пичан ташиган
Тоғли аёлни ҳам унутганмишман.
Камназар эмишман Гуниб қишлоққа,
Хунзах кўкати-ю, яшнаган боққа.
Бегона бўлибман, қайтмоғим гумон.
Яшармишман фақат шуҳратим дебон,
Жисмимда тоғликнинг югурик қони
Қайнамасмиш, э воҳ, анчадан буён.
… Шу хил даъволарни тап тортмай, бирдан
Тутоқиб гапирди, чол – қишлоқдошим.
Тушлик ҳам қилмади, мен –ҳайрон билан,
Майимни татимай, хўрлади ёшим.
Эътибор бермади хонам саҳнига,
Енгилгина чўкиб юмшоқ диванга.
Бефарқ кўз ташлади мен не юртлардан
Танлаб келтирганим совға-саломга.
Сигаретни, қаранг, қатъий рад этди,
Тамаки халтадан қўлболасини
Олди-ю, тинмасдан жавраганича
Папирос ўради ҳидлаб исини.
Зарема қизим-ла, ўйнаркан, меҳмон,
Тикиларди ўйчан дадам расмига.
Енгсиз чакмонини остига тўшаб,
Барини устига қайирганича,
( Тоғтакага найза санчиб, яралаб,
Бироз тин олган у овчи сингари)
Ухлади, меҳмоним ўтирганича,
У учун тўшалган тўшакдан нари.
… Оҳ-ҳо, камон ўқи,
Шоир севинчини поралаган сен –
Қалбига отилган ватаннинг тоши!
Ҳатто панжангмасман, якка ҳолда мен,
Яғмо-бўҳтонларга ишонма халқим!
Шуҳрат деганлари не даркор менга?
Ўзиммас. Сен, ахир, ягона фахрим!
Мен бир учқуниман сенинг шуҳратинг,
Сенингсиз, ул учқун сўнмоққа маҳкум.
Мен – баланд тоғларинг ўтлоқларида
Ниш отган чилтонман, сенсиз – забунда.
Чанг-тўзон ичида сўлмоғим аниқ,
Тошқин оқимларинг ўзанларида.
Сачрамиш томчиман, тўлсам-да лиқ-лиқ,
Сенсиз соп бўлмоғим, қуришим аниқ.
Ушлаб кўр, кафтларим силлиқмас, дағал,
Улар томирида оқмоқда тафтинг.
Кўзларимни сендан айирган маҳал,
Қўмсов сели босар, сарғайтиб афтим.
Қалбим сеникидир, фарзандлик қалбим,
Тириклиги тоғда – отам юртида.
Унда ўчмас севги, жонажон халқим,
Сени дилдан севгум, умрим борича!
2
Эсимда: уйдаги қоп-қора ўчоқ,
Завққа тўлдирган он олов ёлқини.
Ҳанузгача ўшал хотирим қайноқ,
Сўнмасдан ҳар лаҳза иситар мени.
Эслайман: шом тушди дегунча, дадам
Қўйтери пўстинин елкага ташлаб,
Чиқиб томимизга куйларди бирам,
Қалб қўрин менга деб, мени ардоқлаб.
Энди мен ҳам ўшал болалигимда
Уққан қўшиқларни қизимга ёддан
Куйламоқдаманки, берилиб ҳисга,
Сасим паст бўлса-да, отамникидан.
Қирчиллама ёшдан ўтаётирман,
Сочу соқолимга қўнмоқда қиров.
Аммо, мунис онам қаршисида мен
Сезаман ўзимни боладай дарров.
Қанийди, шу чоғда тоғли гулбадан
Елкадаги кўзасин энгаштирганча
Қондирсайди мени булоқ сувига.
Ҳозир ҳам сўнмас бир иштиёқдаман –
Эски таниш дара, гулхан четида
Узоқ-яқинлар-ла, ўлтирсам дейман…
От сурмоқ, жон-дилим!
Лек, ташвишдаман –
Энди асов отга эгар урмоқни
Ёшлигимдагидай эплармиканман?
Бедор тунларимда, билсангиз, яна
Овулимиздаги ҳўкиз қўшилган
Арава ғичирин сезмоқ анъана.
Эслайман: ёз бўйи пичан қуритиб,
Қишда қори тирнаб куралган томни.
Тезак тутунини не кўйга солиб,
Самога узатар эски мўрконни.
Куз келди, деганча аварлар уйи
Сурлаш-чун осилган нимтага тўлар.
Наврўз келгунича бутун қиш бўйи,
Нимта камайса-да, иси тўйдирар…
О, халқим! Тарихинг қалам биланмас,
Сиёҳдан оққан кўп қон-ла битилган.
Солномачинг бўлган ханжари ҳаққост,
Ҳамда сон-саноқсиз даҳманг – йитилган.
Ҳануз қулоғимга чалингандайин:
Аварлар ханжарин жаранг-журунги,
Боболарим босган қадамлар саси,
Жанглар садоси-ю, отлар дупури.
Андалал ери-ю, Эрон шоҳининг
Гулли чодирида тортишув чоғи,
Суракат жанговар хитобин акси,
Элимнинг сир тўсар чўққили тоғи
Мунгида янграшин сезаман доим.
Кўрдим: Хунзахдаги оловли майдон,
Хочбарни кутмоқда ёлқинли гулхан.
Ўлимга бўй бермай, Гидатли ўғлон
Рақсга тушганини мўйлов бурабон.
Кўрдим: Элдарилав матонатини –
Писанд ҳам қилмайин ичган заҳарни,
Олганча қўлига дилкаш қўбузин,
Куйлади сенингдек бўй эгмас халқни.
Мардларинг жанг чоғи ўнг қўлсиз қолса,
Шу заҳот чапига қилич олганлар.
Мабодо жанговар боши кесилса,
Танасин тик тутган ҳолда қолганлар.
Ёхуд кўкрагига қадалса ханжар,
“Қўлим, душманимга, етсин”, – деб дигар,
Мардларинг пўлатни ичкари ниқтар!
Қул бўлмайин, дебон тушса гар асир,
Елка била девор тешмоққа тайёр.
Баланд ёнбағирда, булутлар аро
Ин қурган бургутга тушганда кўзим,
Ўшал юксакликдек мардликни раво
Фарз билган элимга ҳавасда ўзим.
Кўрдим ўғлонларинг – ярадор, чўлоқ,
Бир қўлсиз, тупроқда ётар, беланиб.
Сўрсангиз алардан: “ Нечун курашмоқ?”
“Бир сиқим тупроқ-чун она замин, деб.”
Сўрсангиз: “Қай жойда истеҳкомингиз?”
Тор бир дарадаги тошни кўрсатар.
Шундан ҳавасдаман, дейми изма-из
Юрсам улар қатор, ишончим забар.
Улар ҳаётидан фахрим, ғурурим
Вафотидан йиғим, қайғули дамим.
Қизиққонлигингни севаман, халқим,
Бир сўзли, ўжару ўткир забоним.
3
У – тоғлар қўшиғи. Онажонгинам
Жўшиб куйлаганин унутмам ҳечам.
Қўшиқ – онам кўзу кипригида нам,
Ингандай ўтлоққа тонг чоғи шабнам.
Эслайман, суратда қотган оқсоқол
Кузатганин жангга икки акамни.
Опам маржонларин сотиб, хайри ҳол
Отамнинг номида буюртган танкни.
Отам ўлимидан салгина олдин,
Машҳур қаҳрамонга бахш этди достон.
Афсуски, ўшанда Шомилни такрор
Бадном қилишгани бўлганди аён.
Балки шу қайғу-ғам бўлмагандайди
Кўпроқ яшармиди отам, ҳойнаҳой…
Чорак аср ёвни жангда пайдар-пай
Қулатган боболар кескир қиличин
Ғализ бир шеъримда, кўпам ўйламай,
Хоин яроғига менгзаганим чин.
… Тунлари қадамин гусури босиқ,
Чироқ ўчирдимми, ойнада акси.
Гоҳо Ахулгога қўриқчи, аниқ,
Гоҳо гуниблик чол, хонамда саси.
У шундай сўз қотди: “Не бир тутунли
Ёнғину, жангларда тўкмадим, мен қон!
Ўн тўққиз еримдан яралангандим
Йигирманчиси, сен бўлдинг, нодон!
Яраларим – билсанг ўқу ханжардан.
Бироқ, сеники-чи – аламли бўҳтон.
Асло кутмагандим тоғлик дўстлардан
Бундай жароҳатни дилга ҳеч қачон.
Энди ғазавотга ҳожат йўқ бугун,
Лекин у қутқарган сен суйган тоғни.
Қуролинг эскирган дейдилар менга,
Озодлик деб тутдим ўшал яроғни.
Чарчоқ нималигин билмасдим жангда,
Қон тўкдим жанггоҳда, қайсар тоғлидай.
Имконим йўқ эди куйга, базмга
Шеърбозларга қамчи босганман, тинмай,
Бахши, оқинларга танбеҳ берганман.
Балки ўшанда мен янглишгандирман,
Оқину шеърбозни сиқувга олиб.
Аммо, сендекларни тинмай, беармон
Қувганим тўғридир олдимга солиб”.
Шу зайл тонг отар таъна қилганча,
Турарди тепамда меҳрибон отам.
Бошига саллали қалпоқ кийганча,
Бўялган соқолин силаб дам-бадам.
Энди мен не дейин унга, сенга ҳам,
Она халқим, айбим – авфсиз гуноҳ.
… Имомнинг ноиби Ҳожимурод ҳам,
Уни ташлаб кетиб, чектирган оҳ-воҳ.
Ҳожимурод ортга қайтмоқни ният
Қилганда, ботқоққа чўккан. Вовайло!
… Имомга қайтмоғим кулгили ҳолат,
Менинг йўлим бошқа, замоним авло.
Ўзим ёзган бўҳтон битигимни деб
Уйқусиз кечалар чекаман озор,
Узр сўрагум бор имомдан бориб,
Бироқ, ботқоғига чўкмасман зинҳор.
Менинг янглиш фикрим, алданганимни
Сезган у, демакки, кечирмас дарров.
Ғализ шеъримдаги самум бўҳтонни
Қиличда ёзарлар кечирмаслар-ов…
Майли…
Доно халқим, сен ўзинг кечир,
Сени дилдан севишим ҳаққи.
Сен эса, она Ер шоир ўғлингни
Асра жоду сўздан бермагил дакки.
Ранж-алам сўнгуси йил ўтган сайин,
Ҳар баҳор кўк либос кийганинг каби.
Севаман – озодсан, мағрурсан тайин,
Қувончинг – Шомилдай ўғлинг борлиги.
4
Шоирлар аввали кўрмаган юртдан
Қўшиғу куй олиб қайтарлар чунон.
Гомер ватанида бўлсам-да, бир кун
Шунда ҳам куйладим, сени Доғистон.
Рафаэл ерида юракдан сездим
Мени туққан авар аёл ватанин.
Парижда муҳожир ҳамюртни кўрдим,
Ундан бахтсиз инсон йўқлиги тайин.
Йигитлар қизлардан куппа-кундузи,
Муччи олар жойда қизариб юзим,
Эсладим овулдош авар аёлни.
Мени кўрган заҳот, рўмол учи-ла,
Аста бекитарди юзи – ҳилолни.
Бу ер – Европа-да, ўзга бир лаҳжа.
Гангур-гунгурига қиламан ҳавас.
Узуқ талаффузи худди хунзахча,
Ханжар жирингидай бўғиқ бир овоз.
Бегона элларда ёмғир ёққанда,
Томчисида Цада ерин кўраман.
Атрофни дўл уриб, сели оққанда,
Гимрин боғларидан хавотирдаман.
Юрагинг уммондай, кенг бир ҳодиса,
Тоғу тош қўйнида ўссанг-да, халқим –
Қалбингда қоралик топилмас, сира.
Фақат тим ранг эрур андий чакмонинг.
Эҳ-ҳе, бароқ жунли чакмоним!
Европанинг машҳур отелларида,
Сенга ўралгандай ухламоқ душвор.
Қанийди, бир зумга қилсайдинг ато
Болалик кунларим, келганда баҳор,
Ёмғир чоғи сенга ўралганимда.
Майли, мен ҳақимда турлича гап-сўз
Қилсалар қилсинлар кечаю-кундуз,
Мен эса тик тоққа тўшалган ўша
Қорли сўқмоқларни қўмсайман ҳануз.
Узоқ овулларни қўмсайман ҳар дам,
Улардаги ижод, бунёд самарни,
Шу қатор ҳар жойда Исбагини ҳам –
Цадалик ҳазилкаш, аскиягарни.
Унцукулли дўстлар, интиқман сизга,
Ҳар бирингиз мени хушлашга қодир.
Ашелталиклар-чи, ишонинг менга,
Туғилганиданоқ хонишга моҳир.
Доғистон: тоғостинг ўти ширали,
Суви шаффоф мисол, тездир оқиши,
Қўшиғинг куйга бой, таққос топилмас,
Бас келмас Саъди-ю, булбул хониши.
Орзум – менга таниш қўшиқ эшитсам,
Жўровоз танлухлик гиламдўзлардан.
Улар овозлари майинки, бирам.
Дилда туғилажак сокинлик куйдан.
Қаерда бўлмайин ҳар дам, ҳар онда,
Сени мадҳ этишга интилганим рост.
Шеърларим тошлоққа етса бўлгани,
Элим куйларига қўшилсалар, бас!
Майли, шундай шеърлар ёзилмаса ҳам,
Анинг том маъноси – қалбдан, юракдан.
Бу туйғу ўчмайди, доим қонда жам.
Қаерда бўлмайин, сени чин дилдан
Севганим севгандир, менинг тоғлигим…
5
Майлига, баъзи бир калтабин каслар,
Сени менсимасдан десалар, ҳайҳот:
“Эскича таомил, хонишу саслар,
Ҳозир ҳам уларда ёввойи одат”.
Севаман: сершовқин, тошқин тўйларинг,
Шодлик учга чиққан томошаларинг,
Чам-чаму, дам-дамга кўмилган онинг,
Май тўла шоҳқадаҳ – шоҳқадаҳларинг.
Ижро этилганда лезгинка рақси,
Тезроқ айлангуси қари замин ҳам.
Дарада акс этган сурнайнинг саси
Тирилтирар ҳатто ўлганларни ҳам.
Йигитлар отларин эгари узра,
Қушдай учарлар-а оёқ учида.
Тоғлилар дорларин тортарлар, токи
Тебрансин деб тордай, рақс тушар чоғи
Устига қўйилган ликобча узра.
Меҳнату курашда яшаб чиниққан
Кексага ҳурматинг севаман дилдан
Қариялар мамнун бундай иззатдан,
Мудом неваралар қуршовида жам,
Балки узоқ умр кўриши шундан.
Илтифот кўрсатмоқ тоғли учун хос,
Камбағал бўлса ҳам, сахийлиги бор.
Қўноққа терс қараш – ўлимга қиёс,
Қўнар жой бермасга кимнинг ҳадди бор?
Овулимизнинг бор ҳар дарвозасини
Қоққин-а, йўловчи, ҳеч ийманмасдан!
Сендан сўрамаслар: “Кимсан, қаердан?”
Оддийгина: “Кир”, деб очар эшикни.
Аввало, отингни охурга маҳкам
Боғлаб, сули билан емлайди, ишон.
( Тоғли ҳафта бўйи оч юрганда ҳам
Аввал отин емлаб, сўнг тотар таом.)
Мезбонинг чакмонин
“Исин”, деб кеч-тун,
Елкангга ёпгуси, магар жунжуксанг,
Ўзи тим ўтирмас, сен ўтирмасанг.
Мўркондан тепага чиқдими тутун,
Демак, меҳмон энди “уйли” бус-бутун.
Беканинг қўлида элак сарбасар,
Саримсоғу гўштнинг ҳиди тарқалар.
Бош қадаҳ сен учун, чунки шом, саҳар
Хурсанд қилдинг уйни, хурсанд эгалар.
Ҳар қандай хоҳишинг сезарлар, тамом,
Ором олишингга энг яхши тахта.
Уни ҳадя қилар сенга батамом,
Ногоҳ мақтаб қолсанг, билгил, албатта.
Қўшнининг меҳмонин овулдошлари
Бир бўлиб кузатар. Халқда бор мақол:
“Меҳмонни хушламай, ночор кутганнинг
Гуноҳли суяги топгуси завол”.
Шаҳардаги уйим эшиги тирбанд,
Келган-кетган учун очиқ – анъана.
Боболар расмига ҳурматим баланд,
Азал одатларин оширгум яна.
Дейдилар: меҳмон-ла ширин эмиш ош,
Май эса қувватли, дилкашликка бош.
Унутмас йўловчи қай бир ҳовлида,
Сафарга отланиб, эгар босганин.
Мен – абад йўловчи, сақлагум дилда
Она кулба мени сайёр қилганин.
Қай ҳолда борай мен отам қабрига,
Сени севмоқ ҳиссим бўлса, йилдирим?
Қай кўз билан қарай, онам кўзига,
Мабодо унутсам сени, жон халқим?
– Унутдингми? – сўрса суюкли қизим –
Зарема, вояга етганда, унга
Не деб жавоб бергум, қизаргай юзим,
Умрим борича мен содиқман сенга,
Сени унут қилмоқ, мен учун ўлим!
Махач мардлигию, Мулла Насриддин
Ажиб қилиқлари танангга сингган.
Улар қаторида хушовоз Марин,
Хулласи буларнинг бари– ўзингсан.
Майли, қўшиғимга кирсин Маҳмуднинг
Ўчмас алангали севги шайдоси,
Цадас кулгуси-ла, Камолил Башир
Санъати қатори сўз мўъжизаси
Бўлган эски воқе – мардлар қиссаси.
Хоҳлардим, шеъримнинг ҳар қандай сатри:
Қанотини қоққан бургут шиддати,
Қуёш тафтин шимган тоғ гунафшаси,
Ва аниқ санчилган марднинг ханжари
Каби – қалбга азиз сирга чулғанса.
Бу қўшиқ тугамас, аминман бунга,
Ўлгунимча уни айтганим билан.
Отам кетар чоғи қолдирган менга,
Мен ҳам мерос қилгум келар авлодга.
Фарзандлик қарзим бор – улкан фарз менга,
Ҳаяжондаманки, ёза бошладим:
Ўзгаларни жўшиб бийлаш-чун, сенга,
Ва сени уларга бийлаш мақсадим.
* * *
Қушларнинг тонг куйи ойна ортида,
Тоғ қуёшин шуъласи интилар уйга.
Ҳамюртим, майимни рад қилдинг кеча,
Кел, бугун қадаҳлар сунайлик бирга.
Бўлмағур иғво сўз, шом булутидай
Кумуш нур ўқидин пора бўлди – хор,
Сенинг деганларинг инкор қилай-да,
Ўзим айтганларим тасдиқлай такрор.
Яна қўшиқларим шайлай, ҳозирман.
Отам ўлкасига севгимдир – онтим,
Ҳар бир нафасим-ла сенга содиқман,
Менинг қалби буюк эй, митти халқим!
Эгамберди Мустафоев таржимаси
ДАРАХТИМ
Япроқларинг мусаффо кўкда,
Қаро ерда сенинг илдизинг.
Дарахтгинам, серновдаликда
Ҳаётга энг мос тимсол ўзинг.
Уйимизнинг рўбарасида
Бўй чўзгансан фалакка қараб.
Умр йилларим каби шохларинг
Тарвақайлаб кетган ҳар тараф.
Бир маҳаллар совуқ ел эсиб,
Қиш қоқай деб турганда эшик,
Олгандилар бир новданг кесиб
Менга ясаб бериш чун бешик.
Ул новдага қўнмади шабнам,
Унга булбул айтмади ҳеч роз.
Иккимизни муштипар онам
Аллалади эрта-кеч, холос.
Муҳаббатга бўлдим сўнг банди,
Қизлар куйга ташна эдилар.
Яна битта шохингдан энди
Менга қўмиз йўниб бердилар.
Топди бедардлигимиз барҳам,
Гоҳ шод хандон, гоҳ ғамгин диллар.
Қўшиқ билан ўтди ойлар ҳам,
Қўшиқ билан йиллар кечдилар.
Гоҳ уловда, гоҳ яёв роса
Дунё кездик ўлкама-ўлка.
Бугун сендан бежирим ҳасса
Йўнмоқдалар ҳорғин Расулга.
Юксалгандек сен билан бирга
Орзуларни қилмасдан нобуд.
Энди бир кун қуларсан ерга
Бўлиш учун мустаҳкам тобут.
Япроқларинг мусаффо кўкда,
Қаро ерда сенинг илдизинг.
Дарахтгинам, мусаффо кўкда
Ҳаётга энг мос тимсол ўзинг.
Матназар Абдулҳаким таржимаси