Қайсин Қулиев (1917-1985)

Қулиев Қайсин Шуваевич (1917.1.11 — ҳозирги Кабардино-Балкария Республикаси, Чегем тумани — 1985.4.6) — болқор шоири. 2-жаҳон уруши қатнашчиси (1941—44). Москвадаги Театр санъати институтини тугатган (1939).

Илк шеърлар китоби — «Ассалом, тонг» (1940). Асарларида инсон кечинмалари, табиат, ватан, озодлик ва турмуш ташвишлари, ўз замонаси ва тарихий ўтмиш воқеалари акс этган. «Қўшниларим» (1939-45), «Даралар қўшиғи» (1960) шеърий тўпламлари ва «Ярадор тош» (1964), «Ер китоби» (1972), «Оқшом» (1974), «Замин чиройи» (1980) каби достонлар муаллифи. Болқор халқи тарихи ва тақдирига бағишланган «Қиш эди» (1985) эпик асари умрининг охирларида ёзилган.

Бир қатор Кавказ халқлари вакиллари қатори Ўрта Осиёга сургун қилинган Қулиев 1944—57 йилларда Қирғизистонда яшаган. Ўзбекистонда ўтказилган нуфузли адабий тадбирларда мунтазам қатнашган. У ўзбек шеъриятини ниҳоятда қадрлаган; Зулфия, Шукрулло, Абдулла Орипов каби ўзбек шоирларининг шеърларини болқор тилига таржима қилган.

«Гул ва ханжар» (1968), «Кўзларингни севаман» (1977), «Мени ардоқлаган аёлларга» (2004) китоблари ўзбек тилида нашр қилинган.

ДАВОМ ЭТСИН ЖИМЛИК

Ўлдирманг жимликни! Жимликда ёлғиз
Фикр денгизига чўмар донишманд.
Сўнувчи чироқда ойга тикиб кўз,
Битмас хаёллари билан бўлар банд.
Гуркираб кўкарар жимликда буғдой,
Болалар тўқ бўлсин, ўссин дея соғ.
Жимликда ёғиб қор, кашф этиб чирой
Яшнайди даламиз,
Гуллар, ҳовли, боғ.

Шундай бир жимликни истайди полиз:
Нозланиб қовунлар тўлсин шакарга,
Тунда ой инсонга ўзи чўкиб тиз,
Саёҳатга роҳбон бўлсин саҳарда.

Экин-тикинлар ҳам жимликда ўсар,
Тупроқнинг ҳаётбахш шаробин ичиб.
Гўдак, сут, яйловда пичанлар унар,
Жимликкина уни турганда қучиб.

Жимликда ёнади ўчоқда олов,
Она гўдагига тўқийди алла.
Жимликда тандирда қизаради нон,
Қушлар ҳам, куйлар ҳам учар баралла.

ҚАДИМГИ НАСИҲАТ

“Сендан кичик йўқ бунда!” – дерлар,
Зарра бўлсин ғазабланма сен.
“Сендан улуғ йўқ бунда!” – дерлар,
Зарра бўлсин мағрурланма сен.

Сокин тошдай бўл чидам рамзи,
Бўронда ҳам, ёққанда ҳам қор.
Кўланкали дарахтдай сахий
Ором бўл ким шабадага зор.

Гар истасанг ўз йўлинг топмоқ,
Зўр оқимдан олгин андоза.
Не кун кўрма, тоғ қори сиёқ
Қола билгин оппоқ ва тоза…

Зулфия таржимаси

ШEЪРИЯТ

Замин деб билган чоғ сени, шеърият,
Ёмғирдай ёғилдим ўтлоқларингга.
Гоҳида бешафқат кўчкин қор сифат,
Ваҳму қутқу солдим қучоқларингга.

Кушод ва муқаддас яловинг тутиб,
Бўлдим лашкарингнинг оддий аскари.
Сени гоҳ дарёдек тасаввур этиб,
Қзимни ҳис этдим ирмоқ сингари.

Бурқсиб тутаган чоғ туман ва тутун
Тангри ё расулмас, инсонинг бўлдим.
Қутлуғ даргоҳингда таънасиз, забун,
Содиқ дастёрингу дарбонинг бўлдим.

Сенинг мавжудлигинг фаҳм этурман то,
Токи тарк этурман уйқуни саҳар,
Гўзал кўрингайдир кўзимга дунё,
Асло туюлмагай бу ҳаёт заҳар.

Ҳимматим ҳаққига ғамдан, кулфатдан
Майли, асрамагин мени умрбод.
Асра лоқайдлигу енгил шуҳратдан,
Токи келтирмайин мен сенга иснод.

ҲАЙРАТ

Гуллар бош эгади,
Юлдуз чарақлар,
Қор эриб, тоғлар ҳам товланар турлик.
Мен учун дунёда ҳаммадан баттар
Ҳайратни билмаган одамлар шўрлик.
Ижод чаманида такрор ва такрор
Ҳайратга тушамиз буюк санъатдан.
Улар ҳам қачондир туғилган илк бор
Оддий нарсаларга бўлган ҳайратдан.
Ҳайратда боқдим мен гулга, чечакка,
Гарчанд сирларидан эмасман воқиф.
Ҳайратга тушдим мен куй тинглаб якка
Ёки ўзгаларнинг шеърига боқиб.
Дарёлар гувиллаб чопар денгизга,
Қушлар хаёлингни завққа ўрайди.
Замин мўъжизалар берару бизга,
Эвазига фақат ҳайрат сўрайди.

Абдулла Орипов таржимаси