Алан Пейтон (Alan Stewart Paton) Питермаритцбургда туғилган. Наталь университетини тамомлаган. Бир неча йил Наталь мактабларида ўқитувчилик қилди. Кейин қоратанлилар учун қурилган Дипклоопф ахлоқ тузатиш колониясида директор бўлиб ишлади. Шеърларини инглиз тилида ёзган.
ХЎЖАЙИННИНГ КАТТА ИНЪОМИ
Ошин ошаб, ёшин яшаган
Эски-тускиларин беришди унга.
Қиз уларни кийди завқ билан,
Кўзлари чарақлаб, оҳ-оҳ деб шунга.
Рақсга тушарди, диркиллар тани,
Кўзларин сузарди, айтарди қўшиқ.
Мақтарди соҳибин она тилида,
Хизматчи дўстларин чорларди жўшиб.
Танишу нотаниш ўткинчиларга
Бутун Африкага эгни-бошини
Кўз-кўз қилар эди, “кўринглар” дерди
Ўйнатиб қувончли қора қошини.
Шундай аппа-арзон, теппа-текинга
Сотиб олинди-я ишонч, садоқат.
Ер юзининг содда, азиз бойлиги –
Сотиб олинди-я онгсиз итоат.
Аппа-арзон, теппа-текинга
Олинди бир дунё ҳалокат.
ДИПКЛООПФ АХЛОҚ ТУЗАТИШ КОЛОНИЯСИДА
ЎЛГАН КИЧКИНА БОЛАГА
Кичик ёшли жиноятчи, бегуноҳ бола!
Сенинг арзимаган битта қилмишинг
Бу юртнинг қўпол, бесўнақай қонуни ҳақда
Тушунча, тасаввуринг бўлмагани боис,
Ҳукмдорларнинг сон-саноқсиз аскарлари,
Судьялари, адвокат, прокурорлари,
Жиннихона шифокорлари,
Полициячи, иқтисодчи, директорлари –
Гуноҳингдан куч олиб яшовчилари
Қилмишингни бўрттира-бўрттира
Охири бошингга етдилар. Бугун мен
Сенинг вужудингни тупроққа бераман,
О, бирдан йўқолган, ёлғизгина бола.
Ўлиминг амалдорларни ишга солиб қўйди;
Тўпланди тартиб билан сенинг ҳужжатларинг,
Ўтказилди тириклардан ўликлар бўлимига.
Мана сенинг туғим гувоҳноманг,
Унда айтилган қаерда, қачон туғилганинг,
Қувончдан, қайғудан унда ҳеч гап йўқ,
Қуёшли кунмиди, ёмғир ёғармиди,
Онанг сени туққанда, томингиз устидан
Бирон қуш вижирлаб ўтмаганмиди?
Сенинг отинг, оқларнинг тилига ўгирилса,
“Келди” экан, аммо нега, қай мақсадда – айтилмаган.
Мана, ниҳоят, ўлиминг гувоҳномаси –
Ҳокимлардан олдин у берди сенга озодликни.
Сен қачондир келгандинг, энди кетдинг,
Сени қучоғига олди бирдан-бир яхши бағр –
Она тупроқ, бунақасин ҳаётда кўрмагандинг.
Ҳаётда сенга парво қилмаганди, энди
Кечикиб бераётир сенга сахий инъомлар –
Титраётган ўрмонга баракот ёғдирмоқда.
У ёқда жала ҳам, дўл ҳам бўлмайди,
На шамол, на-да қор, жазирама кун
Сени ҳеч ранжитмас…
Илгарилари
Тепаларга ёққан совуқ ёмғирнинг
Ингичка найзалари сенга санчиларди,
Энди улар мозоринг устига тушаркан,
Тупроқ сени бағрида маҳкамроқ босар
Теран афсусларга тўла юрак билан.
Мана, сени кўмишга берилган ордер.
О, муштдай, ёлғиз бола, қилмишинг учун,
Бу ерда миллионта шеригинг билан
Қонунбузарликлар қилганинг учун,
Сен маҳкум бўлгансан.
Сени кутаётган ерга, тепа тупроғига
Сени, заиф танинг, сенинг мавтингни
Энди мен гўрингга маҳкум қиламан.
О, жоним, уч кўкка, Олий Ҳакамга,
Ўзинг бор Худонинг олдига энди,
Фақат у жамиятни қўриқлаб турар,
Фақат у раҳм-шафқат ҳукмини берар…
Рус тилидан Миразиз Аъзам таржимаси