Адду Агво (Нигерия)

Адду Агво – нигериялик шоир. Инглиз тилида ижод қилади.

БУ ЗОТНИНГ САФАРИ ТУГАДИ, ТАМОМ…

Азадорлар якдил турарлар йиғлаб,
Яна бир ботирга ўқ тортди камон,
Манзилига етди яна бир йўлчи,
Бу зотнинг сафари тугади, тамом.

Жаноза тугади — мулла жим айтди;
«Тупроқдан яралган тупроққа қайтди».
Марҳумга қилишди дуо, эҳтиром –
Бу зотнинг сафари тугади, тамом.

Ерга кўмишди ва кетди дўст-ёрон,
Қабр – тор, қоронғу, зулмат, зимистон,
Майитдан тирикка не наф тегади?
Бу зотнинг сафари энди тугади.

Энди унинг куни на тунд, на чақноқ,
Энди хотини ҳам қилмас ноз-фироқ,
Қавму қариндош ҳам ёприлиб келмас,
Бу зотнинг сафари тугади, адоқ.

Юлдуз милтилламас, эсмайди шамол,
Куни узун эмас, туни ҳам алҳол,
На сув совуқ унга, на оташ – завол,
Бу зотнинг сафари тугади, тамом.

Энди қўрқмайди у тўфондан, хундан,
Ҳеч не умид қилмас эртанги кундан,
На зилзила хавфли, на ўқли камон.
Бу зотнинг сафари тугади, тамом.

Ҳаёт ташвишидан уйғоқмиз тун-кун,
Дунё дер нафсимиз, чорасиз авом,
Курашиб, талашиб, чопамиз ҳамон,
Ҳали
Сафаримиз
Этмоқда давом…

Карим Баҳриев таржимаси