Ёқуб Умар ўғли. Касалхонада (ҳикоя)

Назокат билан салом бериб, касалхона палатасига кирдик.Уч кишилик палатага шоша-пиша киргандик. Ғилдиракли аравачадаги ўғлим, рафиқам, дўстлигини кўрсатиб, дардимизни енгиллаштирган доктор оғайним ва мен. Ўз дардига ғарқ бўлган кичик бир гуруҳ.

Палатада биз билан бўладиган беморлар орасидан ёшроғи – қалин, узун соқоли юзини қоплаган, қорамағиз, кўринишидан дағал, 35 ёшлардаги бир барваста йигит экан. Саломимизга алик олиб-олмай ташқарига чиқди. Ҳар ҳолда кўпчиликни кўриб беҳаловат бўлди, шекилли, деб ўйладим.

Ўртадаги каравот ўғлимга ажратилган, эртага бўладиган операция­га шу хонада тайёрланиши керак эди. Кейин билсак, бош­қа беморлар ҳам операцияни кутаётган экан.

Иккинчи бемор бўлса, кексароқ киши эди.

Яхши кўрган кишиси хаста бўлган одамлар бемордан кўра кўпроқ ташвишланади. Мен ҳам шундай эдим, кўзимга қўли синган ўғлимдан бошқаси кўринмас, қулоқларим фақат унга алоқадор нарсаларни эшитишни хоҳлар ва бу мавзудан ташқари бирон нарсанинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ эди.

Палатадаги беморларга “Шифо берсин!” дер эканман, ўғлимни тўшакка жойлаштира бошладим.

Ярим букланса диван ҳолига келадиган каравотни бемор баҳузур ётадиган шаклга келтиргунимизча бошқа беморлар ҳам чиқиб кетиб, ўғлим икковимиз қолдик.

Кекса бемор қишлоқдан келган экан, трактор ҳайдаётганида оёғини синдириб олибди. Ўзига ишонадиган одамдай кўринар, эртага бўладиган операцияни кутаётган экан.

Ўғлим қўлини қандай синдириб олганини сўради.

– Отдан йиқилди, – дедик.

Олдинига ҳайрон бўлди, бола шаҳарлик бўлса, у ерда от нима қилсин, нега от минади, дегандай қаради.

– Чавандозликка қизиқади, от минишни яхши кўради. Опаси билан бирга чавандозлик дарсига қатнашади.

Ўша куни ўғлим от устида жуда ёқимтой кўринарди. Бўз от устида ўтирар, от чопди дегунча узун сочлари силкинар, ўзи ҳам, томоша қилаётганлар ҳам завқланар эди…

Бизга ҳеч нарса демади, аммо авзойидан “Қичимаган жойни қашибсиз, йўқ ердан фалокат чиқарибсиз, – дея ўйлаганини англаш қийин эмасди. – Шаҳарда от миниш нимаси ўзи? Болага от минишнинг нима кераги бор? Далага борармиди, суруви орқасидан етиши керакмиди ёки трактор чиқолмайдиган жойга етиб олармиди?”

Ҳолбуки, сал олдинроқ ортопедия хонасида анча эътибор кўрган эдик. Докторлар “Қандай синди?” деб сўрагач, ўғлим:

– Отдан йиқилдим, – деб жавоб берган ва докторлар роса қизиқиб қолишганди.

– Ўҳ-ў, от минар экансан-да?! Қаерда минасан? – деб сўрашди ҳайрон бўлиб.

Ҳатто, “Тез ёрдам” машинасининг ҳайдовчиси ҳам чавандозликка қизиқар экан, докторлар ўғлимни муолажа қилаётганида чавандозлик маҳоратига оид саволлар бериб, ўғлим билан суҳбатлашганди.

Бироз олдин докторлар орасида юксак эътиборга сазовор бўлган ҳавасимиз кекса бемор назарида катта хатога айланди қолди. “Албатта, боланинг айби йўқ, ҳамма гап ота-онасида!”

– Юзингга нима қилди? – деб сўради.

Ўғлимнинг юзи ҳам яра, қизариб кетган эди.

– Йиқилаётганида оёғи узангига тиқилиб қолди, бироз вақт ерда судралди. Ўшандан, – дедим ва кейин қўшимча қилдим: – Яхшиямки ер чим эди.

“Биз қишлоқда дам олишга вақт тополмаймиз, булар чарчаш учун спорт билан шуғулланиб, бошларига бало орттиришади”, деб ўйлаганига амин эдим.

– Ўтади, ўтиб кетади, – деди менга тасалли бериш учун сал беписандлик билан.

Мен ўғлимнинг синган қўлидан ҳам, юзидаги чандиқлардан ҳам хавотирланаётгандим. Қирилган жойлар бироз вақт ўтиб битиб кетади, лекин боланинг юзида из қолса нима бўлади, деб ташвишланаётган эдим.

– Бу яралар юзида из қолдирмас, иншооллоҳ, – дедим. – Докторлар ҳам из қолмайди дейишяпти.

Яра терида из қолдирмасдан тузалиб кетиши учун доимий равишда керакли малҳам суриб туриш, мунтазам нам бўлиши кераклигини докторимиз қаттиқ тайинлаган эди. Яра қуриб тузалса, из қолиши мумкин экан. Шу боисдан доктор айтган малҳамни яра қуришига йўл қўймасдан сурункали равишда суришимиз даркор эди.

Юздаги қизарган яралар малҳамнинг нам ёғи таъсирида боланинг чеҳрасини афтода кўрсатарди. Қўли синганидан бехабарлар бола юзи туфайли касалхонага ётган бўлса керак, деб ўйлашарди.

– Из қолмайди, қолмайди, – деди қўшни. – Бу қиз болами?

Сочлари узун бўлгани учун қиз бўлса керак, дея тусмоллаган бўлса керак.

– Йўқ, – дедим. – Ўғил бола.

Шу пайтда паҳлавонкелбат, соқоли устара кўрмаган бемор хонага кирди ва тўшагининг бир четига ўтирди.

– Шифо берсин, – деди.

– Раҳмат.

У ўғлимга юзланиб, меҳр-шафқатли оҳангда сўради:

– Қандай қилиб йиқилдинг?

– Отдан йиқилдим, – деди ўғлим. Овозида уч соатдан бери тортаётган оғриқлари ўз аксини топгандай эди.

Қисқача қилиб:

– Ўтиб кетсин, – деди. – Кўп ўтмай отдай бўлиб кетасан.

Шундай дегач, яна даҳлизга чиқди.

Бу кишининг руҳияти ҳам ўзига ўхшаган қўпол бўлса керак, деб ўйладим. Ўн яшар хаста болакайга шунчалик бепарво эканидан жаҳлим чиққан эди.

Кекса бемор тракторда қандай авария қилганини англата кетди. Айб ўғлида деб билаётган эди. Гарчи от чоптириш мусобақасида ҳеч бири ютмаган бўлса-да, улар доим қишлоқ болаларини зўр чавандоз деб ўйлайдилар.

– Қандай йиқилдинг? – деб сўради ўғлимдан.

– Ҳар доимгидай миниб юрган эдим. Ҳаммаси жойида эди. Бир соатга яқин минган эдим. Бирдан сафга бир янги от кирди. Уни кўрди дегунча менинг отим қутуриб кетди ва мени ерга йиқди.

От ҳақиқатан ҳам қутурган эди. Ёввойи отларни қўлга ўргатаркан, от биринчи марта минилганида суворийни устидан отиш учун тўхтовсиз ирғишлайверади-ку, ўғлимнинг оти ҳам шундай қилган эди. Бундай ҳолларда энг тажрибали чавандозлар ҳам от устида қолишга қийналади, лекин ўғлим ёш бўлса-да, анча вақтгача от устида қолишнинг уддасидан чиқди. Аммо кейин, барибир, йиқилди.

Вақт ўтиб, овқат ейиш палласи келди.

Даҳлизда айланиб юрган бемор ҳам таомини еб олиш учун хонага қайтиб келди.

Мен унга мулозамат қилишга, суҳбатлашишга ҳаракат қила бошладим.

Ичаклари операция бўлиши керак экан. Кўп сўзламади, овқатини тезгина еди ва яна узр сўраб, ташқарига чиқди.

Бу одам бориб турган қўпол экан, деган фикрга келгандим.

– Бу одам доим шунақами? Жойида ётмайдими? – деб сўрадим.

– Йўқ, – деди кекса бемор. – Сиз келмасдан олдин тўшагида ётиб, суҳбатлашар эди.

Ажабо, биздан беҳаловат бўлдимикан? Шундай деб ўйлаётган ва тушуниб етолмаётган эдим. Аммо бу кишининг тамомила тўнка экани аниқ эди.

Касалхонада тонг отмай кетади, лекин барибир қачондир тонг отади. Бизнинг “ялдо кеча”миз ҳам ўтиб бўлган, операцияга олиб кетадиган ҳамшираларни кутаётган эдик. Бу жуда катта шифохона эди, операциянинг аниқ вақтини айта олишмасди.

Хотиним баъзи майда-чуйдаларни олиб келди. Уларни олиш учун ташқарига чиқиб келишим керак бўлди.

Ёнимизга кирмай кечани даҳлиздаги креслода ўтказган, фақат ухлагани кирган қўпол бемор:

– Ака, менга писка олиб кела оласизми? – деди.

Операция қилинадиган жойни тозалаш учун лозим бўлган писка ва бошқа бир қанча нарсаларни беморларнинг ўзлари олар эдилар. Орқасидан келадиган одами бўлмаган бу бемор ҳам мендан ана шундай нарсаларни келтиришимни илтимос қилаётган эди.

Ичимдан: “Сен бунга лойиқ эмассан, лекин сендай аҳволдаги бир беморнинг эҳтиёжига лоқайд қаролмайман”, деб ўйладим.

– Рўйхатни беринг, оламан, – дедим.

Жуда хурсанд бўлди. Керакли нарсаларнинг рўйхатини олиб, ташқарига чиқдим. Ишимни битирдим, унга керакли нарсаларни ҳам харид қилиб, қайтиб келдим, нарсаларини бердим. Бу кишидан ҳалиям ўпкалаган эдим. Бир марта бўлсин ўғлимнинг юз-кўзига боқмади, нуқул кўзини бош­қа томонга олиб қочади.

Операцияга биринчи бўлиб ўғлимни олиб кетишди.

Сўнгра қўпол сиёқли кишини олиб кетишди. Оёғи синган беморнинг операцияси, ундан олдинги хасталарнинг операцияси узоқ давом этгани учун, эртага қолдирилди.

Операциядан кейинги назорат иши ҳам бажарилганидан кейин уйга қайтишимиз мумкинлигини айтдилар. Чиқиш ҳужжатларини расмийлаштира бошладик.

Бизга яқиндан ёрдам бераётган ҳамшира ўша қўпол кишини таниш-танимаслигимизни сўраб қолди.

–Йўқ, – дедим, – шу ерда кўрдим. – Ич-ичимдан ҳалиям у кишидан хафа эдим. – Зотан, хонада кўп ўтирмади, нуқул даҳлиздаги креслода ўтирди.

– Ҳа, – деди ҳамшира. – Даҳлизда ўтирди. Ўғлингизни деб жуда хафа бўлган экан.

– Бунга кўпам ишонмадим, аммо қанақасига бундай бўлди экан? – дея сўрадим ҳамширадан. – Ёнимизда бундоқ ўтиргани ҳам йўқ.

Ҳамшира “Тўғри” деб бош ирғади.

– Ҳа, шундай, – деди у. – Ёнингизда ўтиришга чидай олмабди. Сочи узун бўлгани учун ўғлингизни қиз бола деб ўйлабди ва бу чиройли қизнинг юзи чандиқ бўлиб қолади, бир умр азоб тортади-ку, дея даҳлизда йиғлаб чиқди.

Томоғимга каттакон мушт тиқилгандай бўлди.

– Омон бўлсин! – дея олдим холос.

Туркчадан Бобохон Муҳаммад Шариф таржимаси.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2023 йил 12-сон