— Бечорани кўришга қанчалик интиқ бўлаётганингизни кўз олдимга келтираяпман, — деб гап бошлади қайнонаси уни марҳума хотини ётган хонага шоша-пиша бошлар экан. — Мана, қаранг, ўлим уни қандай кўйга солди, — дея майитнинг юзига ёпилган оқ ёпинчиқни очишга тутинди.
Бироқ куёви кутилмаганда унинг қўлини тўсди:
— Бир зум шошманг. Унинг юзини ёлғиз кўрсам, дегандим. У билан холи қолсам майлими?
Унинг сўзлари хонани тўлдириб ўтирган қариндошларига бирмунча эриш туюлди. Улар бир сўз демай хонадан чиқишди ва орқаларидан шёжини* суриб қўйишди.
У оқ ёпинчиқни бир четидан кўтариб очди.
Аёлнинг жонсиз юзида ғам-кулфат ифодаси зоҳир эди. Қуриёзган лунжлари осилиб қолган, ярим очиқ оғзидан сарғайган тишлари туртиб чиқиб турарди. Папирос қоғозидай юпқа қовоқлари кўз соққасига ёпиштирилгандай бўлиб кўринарди. Пешанасидаги бўртиб чиққан томирлари у чеккан азоб-уқубатлардан дарак берарди.
Эри қимирлашга ҳам юраги бетламай марҳуманинг адо бўлган ва аламдийда юзига боққанча узоқ ўтирди. Кейин ўрнидан туриб, майитга яқин келди ва титроқ қўллари билан унинг жағларини бирлаштиришга уриниб кўрди. Лекин у қўлини қўйиб юбориши билан марҳуманинг оғзи яна иржайиб қолди. У яна марҳуманинг оғзини ёпиб қўйди, лекин унинг лаблари оҳиста ажралиб, олдинга беўхшов туртиб чиққан тишлари қайтадан очилиб қолаверди. У бир неча маротаба уннади, лекин ҳеч қандай натижа чиқмади. Шундай бўлса-да, майитнинг оғзи атрофидаги маъюс ажинлар юмшаб, мулойимлашганини сезди.
У бармоқлари қизиб кетганини, гўёки баданидаги барча иссиқлик уларда мужассамлашганини ҳис қилди ва жуфти ҳалолининг юзидаги чуқур ажинлари ва пешонасида бўртиб турган томирларни зўр бериб ишқалай бошлади. Кафтлари қизиб кетгунга қадар шу юмуш билан машғул бўлди.
Сўнг яна марҳуманинг ёнига чўкиб, унинг юзига разм солди. Майитнинг юзи қўл тафти таъсирида қандайдир янгича тус олган, тинчлангандай, хотиржам тортгандай ва мунислашгандай эди.
Шу пайт хонага марҳуманинг онаси ва синглиси кириб келишди.
— Сиз, ҳойнаҳой, йўлда толиққан бўлсангиз керак. Тушлик қилиб, бир оз дам олсангиз бўларди.
Лекин бирдан онасининг кўзи ёшга тўлди ва тутилиб-тутилиб деди:
— Ё, парвардигор! Инсон руҳияти нақадар кучли экан-а! Шўрлик қизим сиз қайтиб келгунингизча сира жон бергиси келмаган эди! Энди эса гўё мўъжиза юз берди. Унга бир марта қараганингизгаёқ юзи шу қадар осудалашиб, майинлашибдики… Энди етар… Бечорани ўз ҳолига қўяйлик.
Марҳуманинг синглиси таърифи йўқ лобар, чақмоқдай кўзлари билан поччасининг телбанамо кўзларига қаради ва ҳўнграганча тиз чўкди.
*Шёжи — японлар хонадонида суриладиган эшик.
Абдувоҳид Умиров таржимаси