Кухара ўттиз олти ёшида тўсатдан уйланадиган бўлиб қолди.
Кухара уйланиш деса кўнгли суст кетадиган бўйдоқлардан эмасди, шунинг учун оила қуришга аҳд қилгач, эл қатори келинникига совчи юборди. Шу жиҳатдан олганда-ку унинг уйланиши гап-сўз қилиб ўтиришга арзимасди. Бироқ ошна-оғайни, таниш-билишлари бундан хабар топгач, лолу ҳайрон бўлиб қолди. Бунга озми-кўпми келиннинг беназир ҳусну малоҳати ҳам сабаб бўлганди.
Келинни кўриб, оғзи очилиб қолган оғайниларидан айримлари, очиғи, эртароқ уйланиб қўйганига афсусланди. Нимасини айтасан, болапақир ичидан пишган экан, дея ич-ичларида унга ҳавас қилишди ва ҳаммаларининг Кухарага муомаласи кескин ўзгарди. Ҳамманинг оғзида дув-дув гап: келин жуда бадавлат экан, энди Кухаранинг ишлари юришиб кетса, ажаб эмас. Баъзилар Кухара хусусий касалхона қурармиш деса, бошқалари, йўқ, у таълим-тарбия соҳасида астойдил шуғулланмоқчи дея тахмин қилишарди. Нима бўлган тақдирда ҳам, уйланиш шарофати билан Кухаранинг бирдан мўътабар шахсга айлангани ғалати эди.
Тиббиёт билим юртининг тиш касалликлари бўлимини тугатгач, Кухара тиббиёт институтига ассистент бўлиб жойлашганди. Шу тариқа у шифокорлар даврасида таниш-билиш орттирмоқчи, кейин илм олиб, алоҳида амалиёт билан шуғулланмоқчи эди. Бироқ диссертация ёқлагандан кейин ҳам у тажрибахонада қолди; амалий фаолиятдан ҳам, янги иш бошлаш ниятидан ҳам воз кечиб, кутилмаганда патология бўйича тадқиқот олиб боришга аҳд қилди. Агар буларнинг барига шу чоққача бўйдоқ юргани қўшилса, таниш-билишлари уни нима сабабдан бир қайнови ичидаги одамга чиқариб қўйганларини тушуниш мумкин. Тиббиёт билим юртида орттирган ёр-дўстлари ўзларини ҳориқулодда истеъдодли, истиқболи юксак аллома деб сезишди ва одамга ўхшаб тузукроқ муомала қилишни ҳам унутиб юборишди, пировардида аста-секин ундан узоқлаша бошладилар.
Нима сабабдан айнан уйлангач кўпчилик эътиборига сазовор бўлганига Кухаранинг ўзи ҳам ажабланарди. Қизиғи шундаки, бир замонлар юз ўгириб кетган эски дўстлари ҳам унга бутунлай бошқача муомала қила бошлашди. У қаллиғи Харуко билан сайр қилиб юрганида ҳатто бегоналар ҳам уларга ҳавас билан қарар, шундай чоқларда Кухара нима учун кутилмаганда бунчалар мўътабар инсонга айланиб қолганидан ҳайрон бўлиб, уларнинг нигоҳида акс этган алланечук эҳтиром туйғуларидан мутаассир бўларди. Уйланиш туфайли ҳаётида ажабтовур, умидбахш ўзгаришлар юз беражагини ҳам билмас эди-ю, аммо Харуко ҳусну малоҳатли бўлибгина қолмай, қадами қутлуғ қиз эканини кўнгли сезарди. Алоҳа у ўзича Харукога ҳеч қачон озор бермаслик керак, деган қарорга келди.
Кухаранинг улфатлари Харукодек гўзал қиз нега шу пайтгача турмушга чиқмаган экан, дея ҳайрон бўлишарди. У кўринишидан йигирмаларга чиққанга ўхшаса-да, ёши йигирма еттини ҳатлаб ўтганди.
– Дунёда ҳалиям бунақа бебаҳо гуллар бор экан-у, билмай юрган эканмиз, биз ҳам бахтимизни синаб кўрсак бўларкан, – дея ич-ичидан ҳавас қилганини яширмоқчи бўлиб, жўралари ҳазил қилишарди. Кухара эса ўзини эшитмаганга олиб, жилмайиб қўярди. Унинг қиёфаси бахт кулиб боқадиган замонлар келишини сабр-тоқат билан кутаётган саодатманд кишини эслатарди. У Харуконинг бунчалар кеч турмушга чиққанининг сабабини ҳеч кимга айтмади.
Ўша кезлари Кухара совчилар билан орасида бўлиб ўтган ғалати бир суҳбатни тез-тез эсларди.
– Уни ўзига айтмай қизкўрарга бир неча бор олиб чиқишган экан, – дея ҳикоя қилиб берган эди совчилардан бири. – Ҳар сафар учрашувга чиққан куёв ёқтириб кетар-у, қиз томон унамас экан.
Ота-онаси Харуконинг эрга тегмаслик қарори қатъийлиги ва усталик билан уюштирилаётган қиз кўришлардан фойда йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, охир-оқибат куёв ахтаришдан воз кечишган ва кейинги ўн йил мобайнида унинг олдида бу мавзуда гапиришни ҳам лозим топишмас эканлар.
– Аммо сизга келганда, жаноб Кухара, кутилмаганда ҳаммаси ўзгариб кетди, – деган эди совчи.
Улар гўё театрда тасодифан учрашиб қолишди, Кухарани қизга институт касалхонасида даволанаётган онасини алоҳида муолажа қилган шифокор сифатида таништиришган эди. Қисқаси, худди илгари бир неча бор ўтказилган қизкўрар бу сафар ҳам бинойидек уюштирилган эди. Лекин бу гал Харуко икки оёғини бир этикка тиқиб олмади, унаштиришларига қаршилик билдирмади.
Бамисоли узоқ давом этган тун охирлаб, тонг отаётгандек, ота-онасининг қувончдан бошлари осмонга етди.
Харуко, Кухарага айтадиган зарур гапларим бор эди, дея совчилардан айттириб юборди.
Гап ўзининг ҳажрида куйиб оламдан ўтган йигит ҳақида экан.
Совчи эшитганларини ҳазил аралаш Кухарага сўзлаб берди:
– Умуман олганда қизнинг ишқида ёна-ёна тоқати тугаган йигит енгилтаклик қилиб ўз бошига етган, шекилли.
Кухара ҳангу манг бўлиб қолди: наҳотки шу сабабли Харукодек ҳар жиҳатдан бенуқсон қиз ёшлигини хазон қилган бўлса?
Нафсиламрини айтганда, у қизнинг фидойилигига қойил қолган, айнан шу иқрор унга уйланиш ниятини мустаҳкам ва барқарор қилган эди. Ҳолбуки, унгача Харукога совчи қўйган бошқа йигитлар ҳам қиз ҳақида худди шундай фикрда бўлишган экан.
– Кечирасиз, агар шундай деб ўйласангиз, у ҳолда… – совчи таъзим қилди, – буларнинг ҳаммаси ўтган гаплар. Бунда қизнинг заррача гуноҳи йўқ. У ҳатто сал бўлмаса тарки дунё қилиб, монастирга кетмоқчи бўлган экан…
Шундай бўлса ҳам Кухара ўша йигит ҳақида Харуконинг ўзидан эшитгиси келди. Бир тўхтамга келиш учун эмас, йўқ, у ич-ичида аллақачон уйланишга қарор қилиб қўйган, қолаверса, бўлажак рафиқасининг ўтмиши ҳақида сўраш ўзи тенги йигитларга муносиб иш эмаслигини биларди. Шунчаки, бунақанги ажойиб қизни ўзи ҳақида гапириб беришга мажбур қилишини олдиндан кўз олдига келтириб, ҳузур қила бошлаган эди.
II
Харуконинг ота-онаси тўйгача қизларига Кухара билан учрашиб туришга рухсат беришди. Аслида айтиш мумкинки, йигирма етти ёшли қизларининг куёв билан учрашиб туришга рози бўлганини кўриб, ота-онанинг шодликдан бошлари кўкка етганди.
Зеро улар, худо кўрсатмасин, Кухаранинг совчилари айниб кетса, Харуко бахти очилмай қариқизлигича ўтираверади, деган хавотирда ҳаммасига чидашга тайёр эдилар.
Кухарага келсак, бошиданоқ қизнинг иффатли, ҳаёли экани уни мафтун этган ва у анави ғамгин саргузаштни айтиб беришни Харукодан сўрашга сира ботинолмас эди.
– Совчилар шу чоққача нега турмушга чиқишдан бош тортиб келганингиз ҳақида гапириб беришди, – дея гап бошлади бир куни у.
Харуко бош қимирлатди ва худди бу мавзуда гап очилишини анчадан бери кутаётгандек дарҳол жиддийлашди.
Қизнинг рухсорида шундай ёқимли ифодалар балқидики, Кухара дафъатан тутилиб қолди ва ўзи истамаган ҳолда гапни бутунлай бошқа томонга буриб юборди.
– Шундай экан, нега аҳдингиздан қайтиб мен билан учрашишга рози бўлдингиз?
Бу ножўя савол эди.
– Ўзим ҳам билмайман. Балки шифокор бўлганингиз учундир.
– Шифокор бўлганим учун?!
Харуконинг соддадиллик билан берган жавобини эшитган Кухара довдираб қолди. Дафъатан, балки мени лақиллатаётгандир, деб ўйлайди у.
– Чиндан ҳам шифокорга турмушга чиқсангиз ёмон бўлмайди, – деди бироздан сўнг. – Бир мутахассис сифатида шуни айтишим мумкин, сизнинг эрга тегишдан безиллаганингиз ўта таъсирчанлигингиздан бўлса керак. Аммо хотиржам бўлинг, булар ўтиб, ҳеч нима кўрмагандек бўлиб кетасиз.
Харуко унинг ҳазилини тушунмади, шекилли, хаёлга толди.
Кухара ташвишга тушди: у восвос ёки савдойи эмасмикин, ишқилиб?!
Ўз жонига қасд қилган йигитнинг тақдири Харуконинг қалбида унутилмас армон бўлиб қолган, дея тахмин қилди Кухара.
Қиз ўша йигит ҳақида бор гапни очиқ-ойдин айтиб бериши учун Кухара бир йўлини қилиши керак эди, ана шунда у қизнинг юрагига бир дунё таскин ва тасалли бахш эта олар ҳамда дардига малҳам топарди.
Кухара, сизга бутунлай ишонаман, кейинчалик ҳам турмушимизга шубҳа-гумонлар раҳна солмаслигини истайман, холос, деб бир неча бор такрорлади.
– Кўнглингизда сизни қийнаётган неки армон бўлса, айтинг, енгил тортасиз, мен сизга ёрдам бераман, – деди у.
– Хўп. – Харуко маъқуллаб бош ирғади. – Ўзим ҳам сизга ҳаммасини айтиб бермоқчи бўлиб юргандим. Кейин нима қилсангиз, ихтиёрингиз…
– Қўрқманг, менинг қарорим қатъий. Мен сизга ҳамдард бўлишни истаяпман, холос.
– Тушуниб турибман, лекин… – Харуко яна ўйга толди, кейин ўзига тикилиб турган Кухарага кўзи тушиб, лоладек қизариб кетди ва бошини қуйи солганча деди:
– Ноз қиляпти, деб ўйламанг, мен аввал сиздан ўз ўтмишингиз ҳақида гапириб берсангиз, деб сўрамоқчийдим.
– Мендан?! Аввал?.. – Кухара довдираб қолди.
Харуко бош қимирлатди. Унинг бармоқлари билинар-билинмас титрарди.
– Хўп, нимани айтиб беришим керак?
– Наҳотки ҳаётингизда арзигулик бирон нима юз бермаган бўлса?! – дея ажабланиб сўради Харуко. – Тўғри, тушунаман, сизнинг ҳурматингизга сазовор бўлиш учун аслида аввал мен бошимдан ўтганларни айтиб беришим керак эди. Лекин сиз туриб аввал мен гапириб беришим ғалати туюларкан.
– Менга ишонаверинг, ростдан ҳам гапиришга арзимайди, – деди Кухара ва ўша заҳоти Харуко гапларига ишонмаётганини фаҳмлади.
Очиғи, бу иқрори ғалати ва ишониш қийин эканини ўзиям сезди.
– Ишонинг, яширадиган гапим йўқ, – дея такрорлади у ва яна ҳам ноқулайроқ аҳволга тушди.
– Агар сиз истамасангиз, жаноб Кухара, мен ҳам ўзим ҳақимда гапириб беролмайман. Сиз мени жуда ноқулай аҳволга солиб қўйдингиз. Нима десам экан, худди мени хижолат чекишга мажбур қилаётганга ўхшайсиз. – Кухаранинг назарида ногаҳон Харуко қалбининг аллақандай даричалари ўзи учун ёпилгандек бўлди.
Ўша куни уларнинг гаплари ичларида қолиб кетди.
Очиғини айтганда, Харуко ҳақ: тўрт мучаси саломат, бўйдоқ йигитнинг ўттиз олти ёшгача биронта аёлга илакишмаганига ишониш қийин. Харуко шу маънода Кухарани кечиришга ҳам тайёр эди. Чунки унинг ҳам ҳаётида ўзини деб жонига қасд қилган йигит бўлган-ку! Эҳтимол, шунча пайт уйланмай юрган Кухаранинг қалбида ҳам қандайдир битмас жароҳати бордир? Модомики бир ёстиққа бош қўйишар экан, буларни яширишдан нима фойда?! Харуко ўзича шундай деб ўйлар эди.
Балки у бир-бирига тасалли бера оладиган, бир-бирини кечирадиган муштарак тақдирларнинг қовушиши учунгина эрга тегишга рози бўлгандир?!
“Харуко ҳаммасини айтиб беради, мен эса унга ҳеч нима айтмайман”, дея хаёл қилган Кухара чакки ўйлаган эди.
Кухарани беғубор, покдоман йигитлардан деб бўлмасди, аммо модомики гап оила қуриш ҳақида экан, у ишонч билан ташлаб кетиб, сўнг қийналган ёки пушаймон бўлган биронта аёлни учратмаганман, дея бемалол айтиши мумкин эди.
Бунинг сабаби табиатан аёлларни ёқтирмаслиги ва уларга ишонмаслиги эмасди. Балки шу чоққача кўнгли сув ичадиган қизни учратмаган эди.
Вақти-соатида уйланмагач, оила қуришдан, умуман аёл зотидан совуб кетгандир?! Юракда бу нарсаларнинг ўрни келмагандир? Эҳтимол, шу сабабли у сўққабош юришни афзал кўриб, охир-оқибат илмга берилгандир? Балки мана шу феълини яхши билган таниш-билишларига унинг уйланиши фавқулодда ҳодиса бўлиб кўрингандир?!
Бўйдоқлигида Кухара эмин-эркин юрарди. Илгари аёллардан омади чопмаган бўлса, энди, Харукони учратгач, унга бахт кулиб боққан эди. Шунга қарамай, Харуконинг илтимоси уни эсанкиратиб қўйди ва шу боис у ўз ўтмиши ҳақида ўйлаб кўришга қарор қилди.
Тўғриси, кўнглида яширадиган сир-асрори йўқлигидан у ўзича ғурурланиб ҳам қўйди. Лекин, ажабо, шундай экан, нега қизга буни очиқ айтишга ботинолмади? “Демак, мен софдил, самимий инсон эмас эканман”, деган андишада дилига ғашлик чўкди.
Балки у ёмон яшагандир? Ундай бўлса, Харуко ишонмай тўғри қилган бўлиб чиқади. Кухара шуни кўнглидан ўтказиб, ўзича кулиб қўйди.
Шунга ҳам ота гўри қозихонами? Харуко биринчи бўлиб ўтмишдаги гуноҳларини бўйнига олишни шарт қилиб қўйган экан, Кухара ҳам иложи борича ишонарли бир ишқ можаросини ўйлаб топишга аҳд қилди.
III
У ўзи таниган барча аёлларни – ёшлигидаги дўстларидан тортиб то ҳамширалару касалхонада ўзи даволаган бемор хотинларгача бирма-бир хотиридан ўтказиб, Харукога айтиб бериш учун фавқулодда ишқий саргузашт ўйлаб топишга киришди.
Бу жуда бачкана ва куракда турмайдиган бир машғулот эди. У ўша аёллар билан қаллиғи Харукони хаёлан таққослаб кўрар, уларнинг ҳаммаси файзсиз-фариштасиз туюларди. Лекин барибир Харуконинг қулфи дилини очадиган бир жўяли воқеа ўйлаб тополмади.
Харуконинг ўз жонига қасд қилган йигит ҳақидаги ҳикояси эса – қиз ҳаммасини Кухарага айтиб берди – ҳар ҳолда одатий, ҳатто айтишга арзимас воқеа экан.
Ўша йигит Харукодан икки ёш катта бўлиб, унинг тоғаваччаси экан, Харуко билан йигит ёшликдан бирга ўсишган экан. Кейинчалик йигитнинг отасини Токиодан анча олисдаги қишлоққа ишлагани юборишгач, ёшлар хат ёзиб туришган экан. Таътил пайтларида йигит билан Харуко ёзда чўмилгани денгизга боришар, қишда эса чанғи учгани тоққа чиқишар, бирга бўлишган чоғларида ўзларини ниҳоятда бахтиёр сезишар экан. Ўрта мактабни тугатиш арафасида йигитнинг мактублари тобора ишқиёна тус ола борибди. Сўнгра, у коллежга ўқишга киргач, Токиога кўчиб келиб, Харуколарникида яшай бошлабди.
Улар ҳар куни кўришиб туришар экан. Кўп ўтмай йигит унга муҳаббат изҳор этган. Харуко қариндошлигини рўкач қилиб, рад жавобини берган. Ўша йили қишда йигит чанғи учгани бир ўзи тоққа жўнаган ва бўрон пайтида тоғдан йиқилган. Унинг жонини сақлаб қолишибди.
Бироқ кўкрак қафаси лат егани учун узоқ вақт касалхонада ётибди.
Кўп ўтмай йигит Харукога видолашув мактубини ёзиб, ўзини-ўзи ўлдирган экан. Ўша мактубнинг айрим лавҳалари ўз вақтида рўзномада ҳам эълон қилинган экан. Агар у касалхонада қазо қилганда бу ҳақда овоза қилишмас экан, бироқ йигит ўзини денгизга ташлаган, касалхона маъмурияти жавобгарликдан қочиш ниятида унинг ўлими олдидан ёзган мактубини таҳририятга юборган. Шу тариқа йигит гўё ишқ дардига чидаёлмай ўзини-ўзи ўлдирди, деган гап тарқалган.
– Ўша пайтда неча ёшга чиққан эдингиз, Харуко? – деб сўради Кухара қизнинг ҳикоясини тинглаб бўлгач.
Бу севги достони шунчалар жўн ва оддий эдики, аввалига унинг ишонгиси ҳам келмади. Бунга ўхшаган воқеалар ҳақида рўзномада бир неча бор ўқиган эди.
Аммо ҳар қандай ишқий саргузашт ҳам ўзгалар тилидан эшитганда озми-кўпми бачкана бўлиб туюлса, ажаб эмас.
Зеро, хуноби ошаётган Кухара назарида Харуконинг эрга тегишдан қатъий бош тортишларига фақатгина кутилмаган, фожиавий ҳодиса сабаб бўлиши мумкиндек эди.
Қиз боланинг қалбини вайрон қилишга бир неча сатр ҳам кифоя.
Лоп этиб аланга олган фидойи муҳаббатдан фарқли ўлароқ тоғаваччаси билан ўрталаридаги муносабат Харуконинг қалбида гўзал хотира сифатидагина қолган ва бу узоқ вақтдан буён унинг хаёлини тарк этмай келаётган эди.
– Харуко, ўша йигитда кўнглингиз борми? – дея сўради Кухара.
Харуко бош қимирлатди.
– Ҳозир ўйласам, яхши кўрган эканман… Аммо у пайтларда жуда ёш эдик.
– Ўша ҳалокатдан кейин ота-оналарингиз юзкўрмас бўлиб кетишмадими?
– Тоғам билан келинойим мени бирон нимада айблайдиган одамлар эмас.
– Шунинг учун унга садоқатли бўлиб қолмоқчи бўлганмисиз?
– Садоқатли дейсизми?.. Эҳтимол…
Аммо Харуко очиқ айтиши мумкин бўлган гапларнинг ҳаммаси шулардангина иборат эмасди.
Тоғаваччаси ўз жонига қасд қилганда Харуко ўн тўққиз ёшда эди, орадан икки йил ўтгач, уйларига совчи келди. Харуко розилик билдирди, бироқ тўй тадоригини келишиб олишгандан кейин, икки кун ўтар-ўтмас бўлғуси куёвнинг ота-онаси ўзини ўлдирган йигит ҳақида хабар топди-ю, тўй бузилди.
Бу воқеа Харукога тоғаваччасининг ўлимидан ҳам ёмонроқ таъсир қилди: у куёв Катакирини астойдил севиб қолганга ўхшарди.
Харуко пешонамга эр ёзилмаган экан, дея ўшандаёқ бор умидини узган эди.
Тўғрисини айтганда Харуконинг биринчи муҳаббати тоғаваччаси эмас, Катакири эди. Катакирига бўлган мана шу муҳаббати кейинчалик ҳалок бўлган қариндошининг хотираси билан қоришиб кетган эди.
Харуко кейинги унаштиришлар ҳам худди шундай тугайди, дея қўрқарди. Тўғри, ўша пайтда у Катакирига турмушга чиқишига ишончини бутунлай йўқотган эди, куёвнинг ота-онаси тўйни бузишгандан кейин ҳам улар пинҳона – атиги бир марта учрашган, Катакири ота-онасини кўндиришга ваъда берган эди.
Харуко Катакири билан боғлиқ воқеаларни Кухарадан яширмоқчи эмасди, фақат Кухара ўтмиши ҳақида яна бирон нима сўраб қолсагина, айтиб бермоқчи эди.
Бироқ, сиёқига қараганда, тоғаваччаси ҳақида айтиб берганларидан Кухара қаноат ҳосил қилган ва бошқаси қизиқтирмаётганга ўхшарди, шунинг учун Харуко Катакирини эслашни лозим кўрмади.
Дарҳақиқат, Катакири ҳақида гапириш унинг учун ҳам оғир, ҳам аламли эди: Кухара Харукога совчи қўйганда Катакири аллақачон оила қурган ва бундан хабар топган Харуко ўзини таҳқирлангандек сезарди.
IV
Кухара билан Харуко турмуш қуришди. Тўй сафарининг иккинчи куни мусофирхонага жойлашганларида Харуконинг тушига ўз жонига қасд қилган тоғаваччаси кирди.
Уларнинг қишлоқдаги уйидами ёки ўзларининг уйидами – Харуко аниқ билолмади. У хонага кирганда тоғаваччаси эшикка орқа қилиб ўтирарди. Кутилмаганда ўгирилиб қаради-ю, Харуко қотиб қолди. У дафъатан яланғоч эканини сезиб қолганди… Харуко ўзининг овозидан чўчиб уйғониб кетди.
Унинг юзи номусдан ловуллаб ёнарди.
Харуко титраб-қақшаб Кухаранинг тунги кимоноси енгидан ушлаб олди.
Тушида марҳум тоғаваччасини кўргани ҳақидаги хаёлдан даҳшатга тушди.
– Мени кечир… – дея шивирлади у ва бутун вужуди титраб, эрининг пинжига суқилди.
Ўша кечаси Харуко эрга тегиб, марҳум тоғаваччасининг руҳига хиёнат қилгандек узоқ ўйга толди. Бундан ташқари, назарида, кўрган туши жуда-жуда бехосият эди.
Бироқ вақт ўтиб элас-элас ёдида қолган тоғаваччаси билан Катакирининг қиёфалари бора-бора унутилиб кетди. Харуконинг қалбида куртак ёзган муҳаббат гуллари кечикиб бўлса ҳам барқ уриб очилди ва бу гулларнинг таровати энди Кухарага тегишли эди.
– Бизга ўхшаб вақти-соатини сабр-тоқат билан кутиб турмуш қурганларни худонинг ўзи қўллайди, – дер эди баъзан Кухара.
Шундай лаҳзаларда Харуко ўтмишни эсламасликка ҳаракат қиларди.
Харуко гул-гул очилиб, Кухаранинг орзу-ҳавасларини тинглар ва оиласига бахт тилагани-тилаган эди.
Кунларнинг бирида Кухара беғараз оҳангда сўраб қолди:
– Тоғаваччанг ўлими олдидан ёзган мактубининг баъзи ерлари жуда ғалати-я, аҳамият бердингми?
– Бўлиши мумкин, сиз бекорга гапирмайсиз, – деди Харуко хотиржам.
– Ростдан-да. Гап шундаки, у ётган касалхонада бир ўртоғимнинг таниши ишлайди. Мен тоғаваччангнинг ўлими сабабларини суриштирдим. Маълум бўлишича, унинг асаблари тамом ишдан чиқиб, қандайдир восвос, телбанамо бўлиб қолган экан. Мен унинг касаллик варақасини ҳам кўрдим. Шулардан келиб чиқиб айтишим мумкинки, у сен туфайли ўзини ўзи ўлдирмаган. У шунчаки соғайишига кўзи етмаган – унинг ўпкаси тамом бўлган экан. Ўлганнинг устига тепган дегандек, руҳий хасталикка ҳам чалингач, буни кўтаролмаган. Иродаси шунақа бўш экан. Унинг ўлимида сенинг мутлақо айбинг йўқ.
– Буларни қачон била қолдингиз?
– Анча бўлди.
– Ярамас, нега шу чоққача индамай келдингиз? – деди Харуко гинахонлик билан. Кўнглидан эса, буни илгарироқ билганимда, балки Катакири билан тўйимиз бузилмасмиди, деган ўй кечди.
Бу фикр Харукога шунчалик таъсир қилдики, бояқиш довдираб қолганини яшириш учун синиққинаб кулимсиради.
– Лекин шуни эсдан чиқармаслик керак, ўша телбанинг шарофати билан биз турмуш қурдик, – деди фаросатсизларча Кухара.
– Шуни айтинг-а!
– Сен бўлсанг, Харуко, ўзингни-ўзинг қийнаб юрибсан. Бир гап айтайми, бунинг учун сендан янаям хурсандман.
Ўшандан буён Харуко жувонмарг бўлган тоғаваччасини тез-тез эслайдиган одат чиқарди. Шундай дамларда кўз олдига ёз фаслидаги мовий денгиз ҳамда қор босган тоғлар келарди.
Лекин афсуслар бўлсинким, унга ато этилган неъмат – ўзгаларга бахт келтириш иқтидори сусайиб борарди.
Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 5-сон