Исо таваллудидан бошлангувчи йил ҳисобининг 1460 йилида, ёз кунларида Бавариядаги Штальхаузен ибодатхонаси игумени, яъни нозири ёлғизликда қолиб, қудратли ва барча мўъжизаларга қодир Тангридан ўз руҳониятига муқаддас куч ато этишни сўраб, сидқидилдан тиловатга киришди. Шундай руҳий кучники, токи у мен, игумен Леонардни кароматли маҳак тоши ва мангу умр шарбатини излаб топишга муваффақ этсин, деган илтижо чарх урарди ўйида.
Унинг қаршисида олов яллиғланиб ёнар, бу олов лабораторияларда ишлатиладиган бўғзи узун ва тумшуғи бир томонга қайрилган реторта идишини қиздирар, унда эса қандайдир дори-дармон биқирлаган овоз чиқариб қайнар, ёнида ҳовонча турарди. Бу ҳовонча охиригача эритилиб, қаттиқ қолдиқлари эса буғлантирилиб, сўнгра қуюқлаштириладиган эритмани ўз бағрига олиши лозим эди.
Игумен Леонард мурувватли Парвардигорга сидқидилдан топиниб, унинг ҳидоятли йўлидан адашмай, ҳеч бир ишда иблис даъватларига қулоқ тутмай ва норасо кучлардан мадад сўрамай кароматли маҳак тошини ҳамда мангу умр шарбатини излаётган ожиз бандасидан ҳимматли назарини дариғ тутмасликни ўтинарди.
Шундоқ ёнма-ён жойлашган тамаддихонадан монахларнинг жазавали бақириқ-чақириқлари эшитилиб турар, улар кўкка ўткир қадалган готика қуббаларини қоматга келтириб «Отче наш, иже еси на небесах» ҳамдини хониш қилишарди.
Ҳамднинг ҳар бир бўғинини фидойиларча, жўровозликда ҳижжалаб куйлашар экан, роҳиблар овоз пардаларини бир-биридан ўтказиб намойиш этишга уринишар, улар оч-наҳор ва асабий эди. Боиси, игумен барча роҳибларнинг саломатлигини ўйлаб, уларга озуқа ва ичимликни мисқоллаб улашар эди. Аммо ўзига бу қоидани зинҳор тадбиқ этмасди.
Тамаддихонанинг эмандан қилинган қалин эшигини очар экан, ота Леонард илоҳий нурдан чеҳралари ёришган ҳолда, амр қилди:
— То оқшомга қадар ибодатни бўшаштирмагайсизлар!
Кейин ўзининг алкимёгарлик лабораториясига қайтиб хоч олдидаги ўриндиқда тиззаларини букиб ўтираркан, жунбушга тушиб ибодатни давом эттирди.
— Эй, Худойи Таоло, ишонган паноҳим, камина қулингдан зиёбахш ёғдуларингни аяма, фикримни мунаввар эт, токи насронийлар ҳаётининг боқийлигини таъминлай оладиган мангу умр шарбатини ҳамда маҳак тошини топишга муваффақ бўлай. Ўзинг йўл кўрсат, эй Яратган Эгам, ушбу шарбатга икки оёғида юрувчи қора мушукни хонадонида асраганлиги учун мушукка қўшиб Штальхаузен дарвозаси ёнида ибодатхона байрами куни ўтда куйдирганимиз шаккок кимсанинг кулидан аралаштирсам, гуноҳга йўймайсанми? Камина ёлғиз сенинг иродангни бажаргувчиман.
Худойи Таоло ишорат бермади. Ва Леонард ота, барибир, тавқи лаънати қора мушук ва шаккок-афсунгарнинг танасидан қолган кулни қозондаги қайнатмага ташлади. Кейин қўшни тамаддихонада «Отче наш» ҳамдини қироат қилишаётган монахларнинг аянчли ва ялинчоқ овозларига сокин ички бир товушда жўр бўла туриб, ретортада ҳосил бўлган эритмани ҳовончага қуя бошлади, кейин ҳовончани уч оёқли ўчоққа ўрнатиб Худойи Таолога таваллосини ихлос ила давом этдириб, эритма қолдиғини буғлантиришга киришди.
Яна оқшом тушди, Леонард ота тош ўчоқда биқирлаб ҳамда вишиллаган товуш чиқариб қайнаётган суюқ моддани ёниб турган олов устида қолдирди-да, ўзи тамаддихонага йўл олди.
Тамаддихонада эса у астойдил кўнгилдан чиқариб, роҳибларга Парвардигорнинг мурувватли эканлиги тўғрисида бир неча илиқ каломни айтди, сўнгра уларни дам олишга тарқатаркан, ўзларининг тақир тахта каравотларига ётишдан олдин ўзаро сўғишиб-курашиб осий таналарини гуноҳлардан фориғлантиришни буюрди. Ниҳоят, доимо парпираб ёниб турадиган тошчироққа қўлидаги машъалани тутиб, унинг пилигини оловлантирди-да, ҳовлига чиқди.
Жонсарак, тиниб-тинчимас игумен ибодатхона хўжалигини кўздан кечириши керак эди. Молхонадаги чўчқалар қандай аҳволда — уларни бориб кўриши лозим. Кеча улар бир ҳолатда эди.
Леонард отанинг кўнглини неча кунки, шубҳа қийнамоқда. Рўза кунларининг оч-наҳорлигидан қийналган роҳиблар чўчқаларга мўлжалланиб, буғдой кепагидан тайёрланадиган бўтқани ўмаришиб, шу йўсинда, Яратганнинг ғазабини келтириб ҳамда ночор жониворларнинг ризқини қийиб, ўзларининг дўзахий қоринларини қаппайтиришмаяптимикин? Кейинги кунларда чўчқалар кескин эт ташлади, булар энди аввалги, ўша бамисоли бочкадай думалоқ, сериштаҳа, бўй-басти товланиб турадиган чўчқавойларга сираям ўхшамасди. Ҳолбуки, уларни бир вақтлар айнан шундай тўқмижоз ҳолатда кўриб, Леонард ота Худойи Таолога шукроналар изҳор этар ва дуо оятларини шавқ-завқ ила куйлаб юборар эди.
Чўчқахонада Худойимнинг бу антиқа яратмаларидан қирқ донаси боқиларди, яъни ибодатхонада қанча роҳиб бўлса, шунча чўчқа ҳам бор эди. Демак, агар шу қирқ нафар роҳиб қирқта чўчқа учун тайёрланаётган озуқани ўзлаштиришиб, паққос туширишаётган бўлсалар, энди бу жониворлар беташвиш «хур-хур»лашиб, ўзларининг дилкаш шовқин-суронлари ва дуркун ёшлиги билан ибодатхона ҳудудидаги хўмрайган, сокин ҳаётни жонлантириб туришларига умид боғламаса ҳам бўлади.
Ота Леонарднинг қўлидаги машъала чирсиллаб яллиғланиб, қизғин шуълалари билан афтодаҳол жониворларнинг озғин танасини ёритиб турарди. Ўзларининг жонкуяр тарбиячисини таниб қолиб, бемажолгина «хур-хур» қилиб туришарди, уларнинг бундай авзойидан оқкўнгил игуменнинг юраги сиқилди.
— Шунақаям аянчли аҳволга тушиб қолдингизми, эй менинг биродарларим! — изтиробли бир оҳангда ингранди қария, суяклари саналиб турган чўчқагиналарнинг озғин гавдасидан кўз узолмай. Унинг киприкларида кўз ёшлари ялтиради.
Кейин, ичи шип-шийдам тоғораларга инқирозли нигоҳ ташлаб, монахларнинг етти авлодини лаънатлади ва бутхона қўнғироғини чалиш учун йўл олди.
Роҳиблар тағин тамаддихонага тўпланишганда, игумен уларга шундай ваъз билан мурожаат қилди.
— Сизлар ўткинчи, бебақо таналарингизни чиниқтирмоқдасиз бетаъмизлар, яширинча, чўчқаларнинг ризқини ўмараяпсиз ва рўза кунларининг шартларини бузмоқдасизлар. Билиб қўйинг, нақ, Худонинг қаҳрига йўлиқасиз. Қани, тиз чўкларинг, муттаҳамлар!
Бамисоли оломон устида балқигандай, игуменнинг чеҳраси жинчироқ шуъласидан ёришиб, ҳайқирди:
— Тавба қилинг, баттол чўчқалар!
Ва монахлар чўзиб ижро эта бошлашган «Тавбамизни қабул қил» оятининг оҳанглари остида у ертўлага тушиб, тишини ғижирлата-ғижирлата шароб тўла кружкани қўлга олди.
Лекин, барибир, зардасини боса олмади, яна тамаддихонага қайтди ва роҳибларга уларни то Римгача яёв йўл босиб Иннокентий III ҳузурига кириб, насронийлар оламининг раҳнамоси олдида тиз чўккан ҳолда, қилган гуноҳлари учун ўтинч сўрашлари зарурлигини эълон қилди.
Шундан кейин уларни хобхоналарига жўнатди.
Ўзи эса қоп-қоронғу кулбасига қайтиб, бошлаган тажрибаларини давом эттирди ва қўлидаги машъаланинг ёруғида, буғланишдан кейин ҳовонча тагида муз қотган моддани кўздан кечира бошлади. Қотишма алланечук оғир вазнли ва маъдандай ярақлаб турарди.
Леонард отанинг ранги оқарди. Йўқ, бу маҳак тоши эмас: қадимги китобда маҳак тошининг шаффоф ва вазнсиз бўлиши далолат қилинган. Ахир ўз тажрибалари учун тупроқни Штальхаузен ёнидаги ўша тепаликдан олган эди-ку? У тепаликда эса бир замонлар тошларни майдалашган ва муқаддас жума кунларида унинг тепасида ёрқин ёғдулар шуълаланиб турганлигини айтишади.
У муккасига тушиб, йиғлаб юборди. Сўнг салиб хочга кескин назар ташлади ва кўкрагига кетма-кет муштлаб, ожизона бир оҳангда нола қила кетди:
— Кўриб турибман, эй Худойим, сенинг лутфу карамингга сазовор бўла олмадим.
Сўнгра ҳовонча тагида қолган эритмани ҳовлига чиқариб тўкиб ташлади.
Шундан кейин роҳиблар яна бир неча кун қўшимча рўза тутишди, улар ниҳоятда озиб-тўзиб кетишди, негаки, ғамхўр игумен роҳиблар қалбининг беғуборлигини асраб қолиш ниятида ташвиш чекиб, чўчқаларга тааллуқли бўлган бўтқага улар ружу қилишмасин, деб қаттиқ назорат ўрнатган эди.
Чўчқалар эса бу орада ўзига келиб, бинойидай ялтиллаб семира бошлашди. Шундай узоқ очликдан кейин улар ўзларини бу қадар тез ўнглашларини ҳатто тасаввур ҳам қилиб бўлмасди. Қизиғи, роҳиблар тинка-мадори қуриб, озиб-тўзиганлари сайин чўчқалар семиргандан-семирарди. Бу ҳар қандай кўзга яққол ташланиб турарди.
Ниҳоят, бир куни Леонард ота чўчқалар ҳовлида тимирскиланиб, ниманидир излаб ва топиб, иштиёқ ила кавшанаётганларини пайқаб қолди. Аста яқин бориб кузатди: маълум бўлишича, чўчқалар маҳак тоши ўрнида ҳосил бўлиб, ҳовлига сочиб юборилган кукун зарраларни ялаб, тамшаниб, ютоқиб озиқланишмоқда эди.
Игумен бегона кўзлардан узоқроқдаги хонага кириб, санам олдида ҳажонланиб тиз чўкди. Худойи Таоло ўзидан мурувватини аямаганлигини у аниқ кўриб-билиб, ишониб турарди. Ҳа, у маҳак тошини топган эди! Аммо бу ўзи кутган маҳак тоши эмасди, балки оддий озуқа, емиш, танага нафақат куч-қувват бағишлайдиган, балки уни яшнатиб-яшартириб юборадиган мўъжизали нимадир эди.
Ўша куниёқ игумен роҳиблардан бир нечтасини ёнига олиб Штальхаузен ёнидаги, буйруқлар ўқиладиган махсус тепаликка борди, у ердан маҳак тоши манбаи бўлган тупроқни лабораторияга ташмалай бошлади.
Бундай тошнинг йирик бир уюми яратилгач эса, игумен Леонард бирдан ўз қарамоғидаги бечораҳол, арвоҳлардай озиб кетишган роҳибларни оталарча бир ачиниш ила эслади. Ота уларнинг ҳам, бамисоли чўчқалардай эт қўйишини хоҳлади: шу боисдан ошпазларга бу тошни майдалаб, янчиб, эзиб роҳибларнинг бўтқасига аралаштиришни буюрди ва овқат маҳали шўрпешона роҳибларнинг тамшаниб-ютоқиб бўтқани тушираётганларини ички бир қониқиш ила, мутаассир ҳолатда кузатиб ўтирди.
Қирқ нафар роҳиб шундан кейин тун бўйи ит азобини бошдан кечириб, тонгга етар-етмас жон таслим қилдилар ва Леонард ота дунёда якка-ёлғиз бўлиб қолди.
Ҳалиги маҳак тоши, бор-йўғи, сурма экан. Уни 1460 йилда Бавариядаги Штальхаузен ибодатхонасининг игумени Леонард кашф этди. Кашфиётга мутахассислар ҳазилвонлик билан лотинчасига «антимоний» деб ном беришди. Бу эса «монахларга қарши» деган маънони англатади.
Леонард шундан кейин ҳам бутун умри давомида чўчқачиликни ривожлантириш билан шуғулланди. Сурмадан эса чўчқалар ҳеч бир зарар кўрмас, аксинча, тобора ёғ ва эт боғлаб, ялтиллаб семиришарди. Шу каромат сабаб бўлиб, кейинчалик Германия императорининг амр-фармонига биноан, игумен Леонардга графлик унвони берилди.
Рус тилидан Михли Сафаров таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 5-сон.