Инглиз шоири Сэмюэл Тэйлор Колриж 1797 йил ёз кунларининг бирида ғаройиб оҳангли ва қатъий қофияга солинган “Қубла Хон” (“Ҳубилай Хон”) достонининг эллик мисрадан иборат парчасини туш кўрди. Эсдаликларида ёзишича, у ўша вақтлар Эксмур атрофидаги уйида ёлғиз яшар ва хасталиги боис кўкнор ичишга мажбур бўлган эди; у шу алфозда Пэрчэс қаламига мансуб Қубла Хон ҳақидаги асарни, Марко Поло Ғарб ўлкалари узра шавкатини тараннум этган ҳукмдор ҳақидаги асарни мутолаа қилишга тутинди; Қубла Хоннинг сарой барпо этиши ҳақида сўз борган жойга етгач, мудроқ уни ўз забтига олди. Тасодифан ўқиб қолинган асар Колриж тушида бўйи ва энига ўса бошлади: ухлаётган одам турфа манзаралар ва ҳатто мана шу манзараларни ифода этувчи сўзлар шодасини кўнгил кўзи билан кўриб турарди; бир неча соатдан сўнг у қарийб уч юз мисрадан иборат достон яратдим ёҳуд қабул қилиб олдим, деган ишонч билан уйғонди. Айни мисраларни ҳайратомуз аниқлик билан хотирлар экан, ўз асарларидан жой олган ўша машҳур парчани қоғозга туширишга улгурди. Кутилмаган ташриф ишдан чалғитгач, қолган мисралар ёддан кўтарилди. “Ҳайрат ва алам ичра англадимки,-деб ҳикоя қилади Колриж,-мен тушимнинг умумий манзарасини ҳамон кўриб турсам-да, саккиз-ўн мисрадан бошқа барча сатрлар дарё юзасидаги халқачалар янглиғ ғойиб бўлган ва таассуфки, уларни қайта тиклашнинг имкони йўқ эди”. Суинберн унут бўлишдан сақлаб қолинган мисралар инглиз тили мусиқасининг ажойиб намунаси эканини ҳис этди ва бу сатрларни таҳлил қила олган киши ранглар жилосини кашф этади. Асосий фазилати мусиқий оҳангдан иборат бўлган достонларни бошқа тилга ўгириш ёҳуд уларни баён қилишга ҳар қандай уриниш беҳуда чиранишдан бошқа нарса эмас ва бу ҳаракатларнинг нафидан кўра зарари кўпроқдир. Шу боис Колрижга, шубҳасиз, ажойиб мисралар инъом этилган, дейиш билан чекланамиз.
Тарих бу каби ғаройиб ҳодисаларнинг яна бир қанчасига гувоҳ. Хэвлок Эллис ўзининг “Тушлар олами” («The World of Dreams») бадиасида бастакор ва ғижжакчи Жузеппе Тартини билан кечган воқеани ҳикоя қилади. Унга кўра, бастакор тушида Иблиснинг гўзал бир соната ижро этишига гувоҳ бўлади; Тартини уйғонган ҳамон “Иблис нағмалари” («Trillo del Diavolo») номи билан довруқ қозонган асарини ёруғ дунёга олиб чиқади. Роберт Люис Стивенсон бошидан кечирган воқеа тафаккур ихтиёрсиз фаолиятининг яна бир ёрқин намунасидир. Ўзининг “Тушлар ҳақида мулоҳазалар” («Chapter on Dreams») асарида маълум қилишича, у бир сафар “Олаля” мазмунига эга бўлади, 1884 йилда кўрилган туш эса “Жекил ва Хайд” сюжетини ҳадя этади. Тартини уйқудан тургач, тушда тингланган (ҳис этилган) мусиқани қайта тиклашга ҳаракат қилди; Стивенсон эса асар сюжетини, яъни умумий манзарасини тушнинг ўзида қўлга киритди. Кэдмон исмли бахши кўрган туш Колриж тушига бирмунча яқин туради. Муҳтарам ҳазрат Бэданинг маълум қилишича, (“Англизлар насронийлик тарихи”, IY, 24) бу воқеа YII аср сўнгида мутаассиб ва жангарилар Англиясида содир бўлган. Кэдмон ёши бир жойга бориб қолган оддий чўпон эди; қўшиқ куйлашга мажбур этишларини пайқаган Кэдмон бир гал байрамдан жуфтакни ростлади. Отхонада отлар орасида пинакка кетишга чоғланган маҳал, кимдир унинг исмини айтиб чақирди ва куйлашга амр этди. Кэдмон куйлай олмаслигини айтди, аммо буйруқ такрор янгради: “Яратилиш ибтидоси ҳақида куйла”. Ва шунда бахши аввал ўзи ҳеч эшитмаган мисраларни баралла куйлай бошлади. Уйғонгач эса хотирига муҳрланган қўшиқни роҳибларга қайта айтиб берди. У барибир савод чиқара олмади, аммо роҳиблар Муқаддас Битик маталларини ҳикоя қилишлари ҳамон “у баайни иқтидорли шогирд янглиғ воқеаларни пухта ўзлаштириб, уларни қулоққа ёқимли ғазалга айлантирар ва шу тариқа олам ва одам яралишини, Борлиқ ва Бани Исроил фарзандлари Ҳижрати воқеаларини, уларнинг ваъда қилинган ўлкага қадам қўйишлари ва эврилишлару эҳтиросларни, Халоскорнинг қайта тирилиб самога меърож қилиши, Муқаддас Руҳ ташрифи ва ҳаворийлар ҳадисларини, шунингдек, Қиёмат ва жаҳаннам азоби даҳшатларини, жаннатий роҳат-фароғат ҳамда Тангри марҳамати ва қаҳрли жазоларини тараннум қилди”. У англизларнинг илк руҳоний шоири эди. “Унга ҳеч ким бас келмайди,-дейди муҳтарам Бэда,-илло у бандалар эмас, билъакс Тангридан сабоқ олган”. Орадан йиллар ўтиб, Кэдмон ўзининг қазо фурсатини башорат қилди. У валинеъмати билан дийдор кўришган, дея умид қиламиз.
Бир қарашда, Колриж воқеаси Кэдмон воқеасидан кўра ғариб туйилиши мумкин. “Қубла Хон” – ажойиб гўзаллик намунаси, Кэдмон туш кўрган тўққиз мисрадан иборат марсиянинг эса тушда бино бўлганидан бошқа фазилати йўқ, бироқ, гап шундаки, ҳар икки воқеа содир бўлган вақтда Колриж шаклланиб бўлган шоир, Кэдмон эса эндигина истеъдоди очилаётган бахши эди. Шунингдек, “Қубла Хон”ни бунёд этган тушнинг мўъжизакор синоатини бундан-да беқиёс даражага олиб чиқишга қодир ҳолат мавжуд. Агар далиллар хато қилмаётган бўлса, Колриж кўрган туш тарихи шоирнинг ўзидан бир неча аср аввал бошланган ва у ҳали адоғига етган эмас.
Шоир бу тушни 1797 йилда кўрган (баъзилар 1798 йилда деб ҳисоблайди), у ҳақдаги хабарни эса достоннинг тугалланмагани изоҳи сифатида 1816 йилда эълон қилди. Орадан йигирма йил ўтгач, Парижда (Ғарбда илк бор) XIV аср форс муаррихи Рашидиддин қаламига мансуб “Воқеалар мухтасар баёни” таржимаси айрим парчалар тарзида нашр этилди. Ушбу асар саҳифаларидан бирида шундай жумла бор: “Ксамдудан шарқ томонда Қубла Хон тушида кўриб, ёдида сақлаб қолган лойиҳа асосида сарой барпо қилди”. Қубла Хон авлодидан бўлган ҳукмдор Ҳасан Маҳмуднинг вазири бу ҳақда ёзиб қолдирган.
Мўғул ҳукмдори XIII асрда саройни туш кўради ва шунга мувофиқ, уни чиндан ҳам барпо этади; мазкур иморат тушдан бунёд бўлганидан мутлақо бехабар инглиз шоири XYIII асрда ушбу сарой латофатини тараннум этган достонни туш кўради. Агар ухлаб ётган одамлар қалбига таъсир ўтказишга қодир ҳамда қитъалар ва замонларни забтига олган ушбу бақамтилик муқаддас китобларда тасвир этилган самога меърожлар, қайта тирилиш ва башоратлар билан қиёсланадиган бўлса, фикримча, кейингилари ҳеч вақога арзимайди.
Айни воқеага қандай изоҳ раво кўрилади? Ҳар қандай ғайриоддийликни аввалдан инкор этувчилар (мен ўзимни ҳамиша мазкур давра вакили ҳисоблардим) баъзан булутлар қоплон ёҳуд отлар шамойилини олгани каби бу икки туш воқеаси ҳам тасодифлар ўйинидан бошқа нарса эмас, дейишлари тайин. Бошқа бировлар эса шоир, афтидан, мўғул ҳукмдори саройни тушида кўрганидан воқиф эди ва “мен ҳам достонни тушда кўрдим” қабилида хабар тарқатган ҳамда бу билан достоннинг нотугаллиги ва мисралар нотўғрилигини изоҳламоқчи бўлган, дея тахмин қиладилар. Бу фараз ҳақиқатга яқинроқ, аммо у бизни – ҳеч бир асоссиз – хитойшуносларга номаълум бўлган ва Колриж Қубла Хон кўрган туш ҳақида 1816 йилга қадар ўқишга улгурган матннинг мавжудлигини тахмин қилишга ундайди. Шуурдан ташқаридаги фаразлар бундан кўра жозибадорроқ. Масалан, мармар ва маъдандан кўра собитроқ сўзлар кўмагида шоир ўша саройни қайта тиклаши учун ҳоқоннинг руҳи Колриж қалбини ишғол қилган, дея тасаввур қилишимиз мумкин.
Дастлабки туш саройни ҳаётга тадбиқ қилди, беш асрдан сўнг кўрилган иккинчи туш эса сарой кўнгилга солган достонни (ёхуд достон муқаддимасини) юзага чиқарди; тушларнинг ўхшашлиги ортида аллақандай оламшумул режа яширин, айни шу икки туш оралиғида кечган улкан вақт эса ушбу режа ижрочиси ғайриоддий ҳилқат эканидан далолат беради. Ушбу мангу зотнинг асил ниятини англашга интилиш беҳуда чиранишдан бошқа нарса эмас, аммо биз у зот ўз режасини амалга оширганига шубҳа билдиришга ҳақлимиз. 1691 йилда Исо масеҳ Жамияти аъзоси ҳазрат Жербийон Қубла Хон саройидан фақат харобалар қолганини аниқлади; достондан эса атиги эллик мисра сақланиб қолган. Ушбу далиллар асосида йиллар ва интилишлар шажараси мақсадига эриша олмаганини тахмин қилиш мумкин. Биринчи одам тушида саройни кўрди ва уни чиндан барпо қилди; биринчи одам тушидан бехабар бошқа одам Сарой ҳақидаги достонни туш кўрди. Агар ушбу режа тўғри бўлса, келажак асрлар қаърида яширин аллақайси бир оқшом чоғи “Қубла Хон” достони мутолааси билан машғул кимдир биров ҳайкал ёҳуд мусиқани туш кўради. Бу одам бир замонлар яшаб ўтган икки нотаниш одам тушларидан бехабар бўлади ва тушлар синоатига йўл очгучи калит энг сўнгги тушда яширин бўлса, эҳтимол.
Ушбу сатрларни ёзиб бўлгач, мен тасодифан бошқа бир изоҳга эътибор қилдим. Эҳтимол, одамларга ҳали номаълум бир архетип, аллақандай адоқсиз мангу вужуд (Уайтхед атамаси) аста-секин, аммо беомон тарзда дунёмизни ишғол этмоқда; унинг илк аломати Сарой эди, иккинчиси эса – достон. Агар кимдир биров бу икки ҳодисани ўзаро қиёсламоқчи бўлса, эҳтимол, улар моҳиятан айний эканига ишонч ҳосил қилиши тайин.
Шарифжон Аҳмедов таржимаси