Уларни кечаси турмадан олиб чиқиб, шаҳарнинг зим-зиё кўчалари бўйлаб, аллақаёққа олиб кетишяпти. Аммо Автух қайси томонга кетишаётганини билолмай хуноб. Усти ёпиқ машинада дераза деган нарса йўқ, бирор жойида йилт этган ёруғ тушадиган тешиги ҳам кўринмайди, на ташқарида, на ичкарида бирор нарсани ажратиб бўлади. Аввалига Автух “қора қарға”га тушиб қолдим деб ўйлади. “Қора қарға”нинг нималигини турмада ўтириб роса билиб олган, қолаверса, унинг тўғрисидаги гаплар қишлоқда ҳам қулоғига чалинганди. Автух бир оз мулоҳаза юритиб, бу фикрдан қайтди — йўқ. Уларни олиб кетаётган машина “қора қарға” эмас. Кечаси уларни турма ҳовлисига олиб чиқишаётганда Автух машинанинг қора эмас, кулрангроқ эканлигини пайқаганди. Биқинига ҳам нима бало деган калтагина бир сўз ёзилган экан. Фақат Автух бу сўзни ўқиб улгуролмади. Маҳбусларни тўртта-тўрттадан шошилинч равишда машинанинг қора қаърига тиқиштиришди. Автухнинг оёғидаги чипта ковушнинг ипи ечилиб кетди, уни боғламоқчи бўлиб энгашган эди, орқасидан тепки еб қолди — маҳбусларни машинага ортишга кўз-қулоқ бўлиб турган ҳарбий йигит жаҳлини шу тариқа намойиш қилди. У соқчимиди, ё бошқа бирон баломиди — ким билсин. Фақат тарашадай озғин, бир чимдим мўйлови ҳам бор. Автух шоша-пиша машинанинг темир кузовига тармашиб чиқиб олди. У ерда олтитача маҳбус бир-бирининг пинжига кириб олишганди. Автух чиқиб олиши билан кузовнинг эшиги тарақлаб ёпилди. Машина бир-икки силкиниб, ҳовлининг адоғига йўл олди ва дарвозадан чиқиб, кўчадан гоҳ бир томонга, гоҳ бошқа томонга бурилиб юриб кетди. Автухнинг чап томонида чарм камзул кийган нотаниш эркак ўтирипти. Автух уни бир марта терговчининг хонасида кўрган. Энди тушуниб бўлмаяпти — у бу ерда нима қилиб ўтирипти? Ёки у ҳам қамалганмикин? Уни бирон-бир бошқа турмага олиб кетишаётганмикин? Балки уни қўйиб юборишар? Ўзи ҳам роса тўрт ой турманинг нонини еди-да! Энди чиқариб юборишса хўб яхши бўларди! Сирасини айтганда, Автухнинг нима гуноҳи борки, уни жазолашади? Автух қанақасига поляк жосуси бўлсин? Польшага бирон марта ҳам бориб келган бўлмаса? Бор-йўқ айби чегарада яшаганими? Хуторда… Якка хўжалик бўлиб…
Ҳа, албатта-да! Автухнинг энг катта гуноҳи ана шунда — унинг якка хўжалик бўлиб яшаганида бўлса керак. Уч йил мобайнида якка хўжалик бўлгани учун бошига шунақа савдолар тушдики, қўяверасиз. Бошқа одам бутун умри давомида бунча мушкулотлар кўрмасдан ўтиб кетиши ҳам мумкин.
— Ўртоқ… Ҳой, ўртоқ, — деб чарм камзул кийиб олган қўшнисини астагина туртиб сўради. — Бизни қаёққа олиб кетишаётганини билмайсизми?
— Кудикин адрига, — деб зарда билан жавоб берди қўшниси бир оз дам сақлаб тургач.
Бу қўшнининг фамилияси Сурвила эди. У ўтиб бораётган йўлларини қоронғида кўзини юмиб туриб айтиб бераоларди — шаҳар марказидан унинг чеккасига боришади, сўнг шаҳар ёнбошидаги қишлоқлардан ўтиб, унча олис бўлмаган ўрмонга боришади. У ерда наркомат ўқчиларининг милтиқ отиб машқ қиладиган майдони бор. Бир вақтлар маҳбусларни у ерга Сурвиланинг ўзи олиб борарди. Айниқса, у комендатурада хизмат қилган кезларда бундай воқеалар тез-тез рўй бериб турарди. Кейин тергов бўлимига ўтгандан сўнг у ерга икки-уч марта бориб, ТТ тўппончасидан, яъни шахсий қуролидан отиб машқ қилган эди. Авваллари бошқармадаги ҳамма чекистларга наган берилар эди, ўтган йили биринчи бўлиб терговчиларнинг ҳаммасига янги ТТ тўппончасини беришди — улар жуда қулай, қўлга яхши тушадиган, дасталари қоп-қора эди. Шу тўппончадан отиб машқ қилишган. Ўшанда Сурвила машқда “яхши” баҳо олганди. Энди эса бу машқларни бошқалар бажаради. Амалда, манавиларнинг бўйнига отиб машқ қилади.
Машина юрган йўлида гоҳ у томон, гоҳ бу томонга чайқала бошлади. Сурвила, машина шаҳардан чиқа бошлаганини фаҳмлади. Яқин ўртада чоғроқ бир қишлоқ бор, улар чапга бурилишлари керак. Кейин… манзилгача, яъни улар етиб бориши керак бўлган жойгача жуда яқин қолади. Бор-йўғи ярим соатча вақт қолди, кейин тамом. Ҳаммаси мангуга тамом бўлади.
Лекин ҳамма нарсанинг тез орада тамом бўлиши Сурвилани унча безовта қилаётгани ҳам йўқ. Бунга у бир ой аввал, ҳатто суд бўлмасдан аввал тайёр эди. У, унинг гуноҳидан ўтишмаслигини билар эди. Отиб ташлашади. Унинг бўйнига қўйишган айблари, умуман айтганда, ҳақиқатга тўғри келарди: у ҳуқуқини суиистеъмол қилган, ман этилган усулларни қўллаган, қийнаган, суякларини синдирган. Бироқ бунақа қилган унинг бир ўзими? Уларнинг бошқармасидаги ҳамма ходимлар шунақа ишлаган — жонини жабборга беришган, туни билан мижжа қоқишган эмас, ҳар бир халқ душманидан мумкин бўлган маълумотнинг ҳаммасини суғуриб олишган. Бу малъун душманлар эса роса уларнинг асабига тегишган, гуноҳларини тан олишни сира-сира исташган эмас, ёлғон-яшиқларни уйиб ташлашган, ўзларини оппоқ қилиб кўрсатмоқчи бўлишган, энг майда масалаларда ҳам терговчининг кўзига чўп солишган. Баъзилар эса ҳатто қўл қўйиб қўйганларидан кейин ҳам суд вақтида ҳаммасидан тонишган. Судда ҳам ўз билганларидан қолмай, ҳеч нарсадан хабаримиз йўқ, ҳеч қанақа гуноҳ иш қилмаганмиз, зараркунандалик билан шуғулланмаганмиз, жосуслик қилмаганмиз, ҳеч кимни ёлламаганмиз деб оёқ тираб туриб олишган. Иш жуда оғир эди — шаррос терга чўмиб, уларни тан олишга мажбур қилиш, фамилияларини, хуфия уйларини, учрашадиган вақтларини билиб олиш керак эди. Баъзан ҳаддан ошириб юборган. Бу — тўғри. Бироқ шундай қилган бўлса, буни ўзи учун эмас, ишнинг фойдасини кўзлаб қилган-ку! Анави Семух деганлари сўроқ вақтида унинг хонасида ўлиб қолди, ўлгани-ку майли-я, садқаи сар, ҳамма гапни ўзи билан олиб кетгани ёмон бўлди. Ундан умид катта эди. Дурустроқ дағдаға қилинган эди, мулойимгина бўлиб кўрсатма бера бошлади. Унинг ёрдамида уларнинг разил ташкилотини таг-тугигача фош қилмоқчи эди. Ишнинг бориши шунақа эди. У бўлса, жонини жабборга топшириб ўтирипти. Купцовни у ўша янги ТТ тўппончасидан отиб ташловди. Ахир, Купцовнинг ўзи муштларини ўқталиб унга ташланган эди-да… Бўйи икки метр келадиган бу темирчининг муштлари шунақа эдики, ҳар қандай одамни ҳам икки зарб билан белигача ерга киргизиб юборар эди. Яхши ҳамки, Сурвила қуролини ишлатишга улгурди. Шу билан у ўзини ҳам, шеригини ҳам қутқариб қолди. Ана шунақа! Қани, хўш, холисанлилло қараганда, унинг нима айби бор? Энг сўнгги қонунга мувофиқ ҳеч нарсага риоя қилмай, қаттиқ тергайдиган бўлса, эҳтимол… тўғридир: айби бор, албатта. Аммо инқилобий пролетарча шуур асосида ҳукм қилса-чи?.. Сирасини айтганда, у ўзини унчалик ҳимоя қилиб ҳам ўтирмади, ҳаммасини тан олиб қўя қолди. Бироқ ич-ичида унча қаттиқ жазо беришмас-ов деган умид бор эди. Нима бўлганда ҳам, у бирон-бир аксилинқилобчи бўлмаса, миллатчи бўлмаса, ўзларининг одами-ку — чекист-ку! Буни инобатга олмоқлари керак-ку, ахир. Инобатга олишмади. У билан ашаддий халқ душманлари орасидаги тафовутга қарашмади. Улар билан бир машинага тиқилиб ўтиришипти-я! Ҳали бир чуқурга тиқишмаса гўрга эди. Шуниси алам қилади-да!
Машинанинг ичида сукунат ҳоким эди. Ғилдиракларнинг тошларга тегиб шитирлаши эшитилади. Машина ҳар гал чуқурга тушганида кузовнинг бир бурчагида нимадир ғижирлайди.
— Шунақами? Кудикинга кетяпмизми? — деб сўради Автух хавотир билан. У ниманидир тушуниб етмаган эди. Алланечук ёмон нарсани сезиб, кайфияти бутунлай тушиб кетди.
Автух кайфиятини созлашга ҳарчанд уннаб эплаёлмади. Қайтага бадтар бўлди. У қоронғида бесаранжомланиб, безовта бўла бошлади, бурнини тортди, йўталди. Унинг ўнг томонидами, чапидами машинада таниши кетяпти. Ҳатто ҳамқишлоқ деса ҳам бўлади. Адаш. Унинг ҳам фамилияси Козел. У Автухдан икки баравар ёш. Минскда педтехникумда ўқийди. Шеърлари Минскда чиқадиган газеталарда босилган. Шеърларининг тагига Феликс Яшин деб чиройли имзо қўяди. Автухнинг ўзи бу шеърларни ўқиган эмас, улар тўғрисида одамлардан эшитган. Сўроқ вақтида терговчи ҳам бир-икки оғиз очгандай бўлганди. Лекин терговда шеърлар тўғрисида ундан кўп сўрашгани йўқ. Кўпроқ бошқа нарсани сўрашган. Бу Козел-Яшин Автухни аксилинқилобий, аксилшўравий, қўпорувчи-айғоқчилар тўдасига қандай ёллаганини суриштирди.
Автух паст овозда чақирди:
— Фэля! Ҳов, Фэля!
— Нима, — деган овоз эшитилди машинанинг бир чеккасидан.
— Бизни қаёққа олиб кетишаётганикин?
— Ҳукмни ижро этгани, — деб хуноб оҳангда жавоб берди Феликс. Унинг оҳангида аниқ сезилиб турган тушкунлик Автухни бадтар ташвишга солди.
— Наҳотки отгани…
— Бўлмаса-чи! Сен нима деб ўйловдинг!
— Менми?.. Анақа деб ўйловдим…
— Ўчир овозингни ундан кўра…— деб гапни қисқа қилди ҳамқишлоғи. Афтидан, кўнглига қил сиғмасди.
Ҳақиқатан ҳам, Феликс Яшиннинг гаплашадиган ҳоли йўқ эди, сўроқлардан, калтаклашлардан кейин кўкраги қаттиқ санчиб оғримоқда, нафас олишнинг имкони бўлмаяпти. У Автух амакининг болалардай гўллигига ҳайрон қолди — у қаерга олиб кетишаётганини чивдан ҳам билмайдими ё кунлари битганини англашни истамайдими? Ўтган куни суд бўлди — аввалдан тайёрлаб қўйилган қоғозларни ўн дақиқа давомида ўқиб беришди. Бу қоғозлардан ҳукм эълон қилинишидан аввалоқ ҳамма нарса равшан бўлиб қолганди. Афтидан, унинг ҳамқишлоғи, хуторда яшаган Автух Козелгина ҳеч нарсани англамаган кўринади. У бу гал ҳам ҳар доимдагидек ўзининг оиласи-ю, якка хўжалигини ўйлашдан бўшамаган бўлса керак.
Феликс Яшин турмада ўтириб, жонажон қишлоғи ҳақида ҳам, ўзи ўқиётган педтехникум тўғрисида ҳам, ҳатто ўзининг шеърлари ҳақида ҳам ўйламай қўйди. У шеърларини тартиблаб битта тўплам ҳам қилган ва қамалиши арафасида уни нашриётга топширган эди. Аммо муаллифдан аввал тўпламни қатл қилишди. Тергов вақтида, сўроқларда терговчилар бир-бирига гал бермай, унинг ҳибсга олинган шеърларидан парчалар келтиришар, уларни хоҳлаганларича бузиб ўқишар, сатрлар орасига яширинган хуфия маъноларни ҳушёрлик билан топишга ҳаракат қилишарди. “Саҳар чоғи тиниқ осмонда Сузиб юрар оппоқ булутлар”. Хўш, бу оппоқ булутлар нимани билдиради? Нимани билдирарди? Булут булутни билдиради-да… Бошқа нимани билдирсин. Э, йўқ, бекорларни айтибсиз. Шеъриятда булут шунчаки булут эмас, унинг бошқа маъноси ҳам бор деб эътироз билдиради биқинига тўппонча осиб олган “адабиётшунослар”. Қани, хўш, саҳарги булутлар деганда қандай маънони кўзда тутасиз?
У ҳеч нарсани назарда тутмоқчи эмас эди, унинг ўрнига улар ниманидир назарда тутишади, лекин нималигани айтишмайди. Уларнинг фиқрларида пинҳон бўлган нарсани Феликснинг ўзи фаҳмлаб олмоғи ва ўзи уларга айтиб бермоғи керак эди. Афтидан, шундай қилса, айбини бўйнига олган бўларди. Терговчиларга айни шу керак эди. Аммо у фаҳмламади ва айбига иқрор бўлмади. Шунда уни роса калтаклашди — таёқ билан оёқларига уришди, этик билан кўкрагига тепишди, уч кечаю уч кундуз ухлагани қўйишмади.
Кейин уни оқ панлар Польшаси фойдасига жосуслиқда айблай бошладилар. Унинг ёнига қишлоқда колхозга киришдан бўйин товлаб, якка хўжалик бўлиб яшаган Автух амакини тиркашди. Ҳолбуки, Феликс ўша Автух билан бор-йўғи бир марта — ўтган йили Минскдан бемор отасини кўргани келганида гаплашган, холос. Доктор олиб келиш учун от сўраб борган эди. Автух амаки отини бермади, колхоздан ол деди, от ўзимга керак, ёмғир ёғиб юбормасдан пичанни келтириб олишим керак, деди. Гаплари бор-йўғи беш дақиқагина давом этди, холос. Мана энди ўша дақиқаларнинг ҳақини тўлашяпти. Икковларига ҳам — олий жазо,
— Бирпас тек ўтирсанг бўлмайдими? Ичида қурти бор одамдай типирчилайсан-а! — деди қоронғида кимдир зардали оҳангда.
— Бирор нарса кўринармикин дегандим. Менинг қишлоғим шу ўртада-да… — жавоб берди типирчилаётган одам.
— Сен шаҳарлик эмасмисан? — деб гап қўшди эшик ёнида ўтирган Сурвила. — Сўроқда Комаровкаданман дегандинг.
— Комаровкада яшаганман-да. Депода ишлай бошлаганимдан кейин. Аслида Кўк Яйловда туғилганман.
— Ижтимоий келиб чиқишинг энди аниқ бўлди! — деди Сурвила жиндай сукутдан кейин. — Сўроқда нуқул ишчиман, темирйўлчиман дердинг. Туллаклик қиляпсан-ов, Шестак.
— Ҳеч қанақа туллаклик қилаётганим йўқ. Қишлоқда туғилганман, тўғри. Лекин ишчиман. Буни эътиборга олмоқ керак. Ҳали партия аъзосиман.
— Аъзоси эдинг! — деб гапни мухтасар қилди Сурвила.
Чекистнинг бу луқмаси, афтидан, Шестакка қаттиқ тегди — унинг юрагидаги оғир дардни қўзғатиб юборди.
— Партия аъзоси эдим ва шундай бўлиб қоламан. Баъзи бировларга ўхшаб партиядан юз ўгирмайман. Партия оддида виждоним тоза!
Машина каттароқ чуқурга тушиб кетиб, қаттиқ силкинди. Шоир Феликс Яшин кўкрагидаги оғриқдан инграб юборди. Олдинда ўтирганлардан бири сўкинди.
— Аблаҳлар! Кунинг битаётганда ҳам одамга ўхшаб муомала қилай дейишмайди. Ҳе онангни, сенинг…
— Секинроқ сўкинишнинг иложи йўқми? — деди Сурвила.
— Нима секинроқ? Секинроқ-секинроқ! Бор, йўлинган қолма…
— Сен кимсан? Фамилиянг нима?
— Сенга нима? Терговчимисан?
— Ҳа, терговчиман. Фамилиянг нима деб сўраяпман?
— Нима қилардинг? Зайковскийман. Ҳаммаси дафтарларингда ёзиғлиқ бўлса керак. Ҳе ўша сенларни туққан оналаринган… Ўзингни тугиб ўтирсанг-чи, буржуйнинг думи! Ўлигингни ортиб олдинг-ку! — деб тўсатдан бақирди у қоронғида кимгадир. — Ахир, менинг қўлим синган.
Соғ қўли билан Зайковский ёнидаги одамнинг орқасига туртди. Машина бурилганида у ҳам Зайковский томон оғиб кетиб, унга анча азият етказганди. Унинг елкасидаги суяги дарз кетган эди. Бу воқеа бир ҳафта аввал сўроқда рўй берди. Уни ўша куни икки терговчи ўртага олди. Уларнинг бири ёш, чувалчангдай ингичка, иккинчиси эса кексароқ, мўйловдор, гимнастеркасига орден тақиб олганди. Уни “Польша жосусиман, айғоқчиман, фамилиям Млинец” деб тан олдиришмоқчи бўлишди. Лекин Зайковский жосус эмас эди, унинг фамилияси ҳам Млинец эмас, сабабки, у москвалик хашаки бир ўғри эди. Москвада унинг бўйнига саккизта талончиликни осишганди. Тўғрисини айтганда, Зайковскийнинг талончиликлари кўпроқ эди (ўн учта эди, шекилли), лекин у бир бало қилиб сувдан қуруқ чиқар, на жиноят қидирув бўлимининг, на ГПУ, на милициянинг қўлига тушар эди. Унинг ҳаётига Ванда суқилиб кирмагунча шундай бўлиб юрди. Бу разил чақимчи аёл аввал қўйнига олди, кейин сотди. У таваккалчи, довюрак ва эпчил эди, шу сабабдан бу гал ҳам милициянинг қўлидан чиқиб кетишга муваффақ бўлди. Рост, қочаётганда навбатчи милиционерни у дунёга жўнатишга тўғри келди. Ўша кезлардаёқ у Москвада куни битганини тушуниб олганди, Москвадан тусини шиқиллатиш фурсати келганди. Шу аснода у Минскда истиқомат қиладиган амакисини эслади. НЭП замонларидан бери у билан кўришмаган эди. Минскка келиб, керакли уйни аллақандай Заславская деб номланадиган пасқам кўчадан роса қидирди, ниҳоят топди, топди-ю, дарров иш пачава эканини тушунди — амакиси аллақачон аллақаерга гум бўлипти. Олдида ям-яшил боғи бор уйда бутунлай бошқа одамлар истиқомат қилишар экан. Улар амакисини билиш эмас, ҳатто унинг номини ҳам эшитишмаган экан. Уни қаердан излаш керак? Қаерда тунаса бўлади? Вокзалга йўл олди. Ҳолбуки биларди — унга ўхшаган учарлар учун вокзал энг ноқулай жой. Аммо нима иложи бор — роса чарчаган, кун бўйи оёқда юрганди. Бунинг устига ёмғир ёғиб юборди. Бирор жойда ўтириб, жиндай ҳордиқ олмоғи, уст-бошини қуритиб олмоғи керак-ку! Ўйлаганидек, уни вокзалда қўлга олишди. Жўнгина қўлга тушди. Иккита милиционер истеҳзоли кулиб, ўзлари билан олиб кетди. Шу тарзда ўзининг бемаъни тақдир йўлини босиб ўтди — вокзаддаги курсидан айбдорнинг қора курсисигача. Натижа маълум — олий жазо!
Агар елкаси лат емаганида, у, албатта, таваккал қилиб кўрарди. Ҳали кучи бор — анави суяксиндирар сўроқпарда бор кучини қоқиб олганларича йўқ. Аммо бунақа лат еган елка билан бир қўли йўқ деса ҳам бўлаверади. Бир қўл билан эса ҳеч нарсани эплаб бўлмайди. Шунинг учун Зайковский аламдан ва ночорлиқдан лабини тишлашдан бошқа илож тополмади. Ахир, у бемаъни тақдирини ўзгартиришга ожизлик қиляпти-да!
Бу орада ундан “буржуйнинг думи” деган сўкиш эшитган Валерьянов инжиқ қўшнисининг ёнидан нари сурилиб ўтирди. У бир оғиз ҳам гап айтмади. Умуман у теварагида содир бўлаётган воқеаларга кам эътибор берар, одатига кўра қобиғига ўралиб олганча, у ерга бошқа бирон бегонани йўлатмас эди. Ҳатто турмада ҳам. Хоҳ ёмон, хоҳ яхшини. Бу лаънати замонда “яхши” деганлари ҳам бир зумда чаппа тескарисига айланиб қолиши ҳеч гап эмасди. Инсоннинг энг оддий яхшилиги ҳам. Ҳатто ҳамдардлик ҳам. Валерьяновнинг жиян сингли урушдан кейин Краковга бориб қолганди. Тақдир тақозоси билан Минскка келиб қолган акасининг оғир қисмати ҳақида тасодифан хабардор бўлиб қолади. Табиийки, акасига раҳми келади. Баҳорда мавлуд кунлари арафасида Валерьянов почтадан хорижий муҳрлар босилган бир халтача олади. Унинг ичида иккита болалар кўйлаги, оқ пайпоқ, ўзига хавфсиз устара ва ялтироқ қоғозларга ўралган конфетлар бўлади. Унинг ҳали мактаб ёшига етмаган қизалоқлари учун бу конфетлар олам-жаҳон шодлик келтиради. Валерьяновнинг ўзи ҳам жуда хурсанд бўлади. Чунки гимназияда ўқийдиган синглисидан ўн беш йилдан бери биринчи марта хабар топиши эди. Улар ўн тўққизинчи йилда Киевда ажралишган ва шундан бери Валерьянов жиянимдан бутунлай ажраб қолдим деб ҳисобларди. Лекин унинг хурсандчилиги узоқ давом этмади. Орадан бир ой ҳам ўтмасдан, саҳар чоғи эшик тақиллаб қолди. Хотини Дуся тўшакдан сапчиб туриб, дарҳол йиғи-сиғисини бошлади. Саҳарлаб эшик тақилласа нима бўлишини фаҳмлаган эди. Буни Валерьянов ҳам шу дамдаёқ фаҳмлади — у эшикни очди, очди-ю, қайтиб ёпмади. Унинг ўрнига эшикни бошқалар ёпди. Чекистлар хонани бошдан-оёқ ағдар-тўнтар қилиб ташлашди. Хотини жон-жаҳди билан уларга ташланди. Аммо аёл кишининг қўлидан нима ҳам келарди. Эртаси куниёқ кўйлаклар ва пайпоқлар Валерьяновнинг поляк разведкаси билан жинояткорона алоқасини исботловчи ашёвий далилга айланди.
Бу унинг инқилобдан кейин олтинчи қамалиши эди. Валерьянов ўзини оқлай-вериб, қўйилган айбларнинг ўта даражада бемаънилигини рад қилавериб, жони ҳалқумига келганди. Шунинг учун сўроқларда ҳар қандай таҳқирлар ва калтакларга чидаб, уларни қандайдир табиий нарса деб ҳисоблар, кўпинча индамай ўтирарди. Сўроқлар оралиғида эса ўзининг урушдан аввалги узоқ ўтмишдаги ҳаётини эслаб, унинг тафсилотларини хотирасига келтириб вақт ўтказарди. Унинг у ҳаёти кейингисига мутлақо ўхшамасди. Тўғри, ўтмишдаги ҳаёти ҳам бир текисда ўтган эмас — унда яхши воқеалар ҳам, унча яхши бўлмаганлари ҳам тиқилиб ётарди. Аммо у пайтларда талаба бўлган эди, ҳарбий хизматни ўтаган эди ва ҳатто икки марта сайёҳ бўлиб, Болгарияга ва Австриядаги Альп тоғига ҳам саёҳат қилган эди. Краковда эса ҳеч қачон бўлмаган ва бу нотаниш шаҳар унинг тақдирига шу қадар фожиона таъсир қилишини хаёлига ҳам келтирмаганди.
Кечаси камерада одамларнинг шовқин-сурони жиндай тинган кезларда Валерьянов ибодат қилар, яъни Худо билан тиллашарди. У худодан ўзи учун эмас, ҳозир аллақаёқларда қолиб кетган икки фарзанди учун илтижо қиларди. Унинг бошқа илтижо қиладиган яқини йўқ эди. Хотини учун худодан шафқат сўрашнинг фойдаси йўқ эди. Чунки Валерьянов хотинининг феълини яхши биларди. Бунақа феълу-атвор учун уни сийлаб ўтиришмайди. Бировнинг ёмонлигига эса жиртаки аёлларга хос қизиққонлик билан жавоб берар, қаршисида турган одам терговчими, соқчими ё турма бошлиғими эканига қараб ўтирмасди. Валерьянов ўз тажрибасидан билардики, бунақа одамлар турмада кун кўролмайди — ё уларни ўлдириб юборишади, ё улар ўзларининг жонига ўзлари қасд қилади.
Унинг биринчи хотини дворянлардан эди. Ундан инқилоб кезлари айрилиб қолди. Кейин у фаррошнинг қизи Дусяга уйланди — энди фаррошларнинг даври келди деб ўйлаганди у. Адашган экан. Афтидан, янги ҳаёт на уларга, на бошқаларга мос келарди. Дуся билан бирга турмуш кечиришга қўйишмади, Дусянинг ўзига ҳам яшашга имкон беришмайди. Мактаб ёшига етмаган қизалоқлари қолиб кетди — уларнинг аҳволи нима кечаркин?
Ҳадемай бошига тушадиган мусибат тўғрисида Антон Аркадьевич унчалик ўйламайди, чунки биладики, унинг устидан ҳукм ўтган куни чиқарилгани йўқ, балки бу ҳукм ўн еттинчи йилдаёқ чиқариб қўйилган. Яна шунча йиллардан бери тирик яшаб юргани қизиқ — назарий жиҳатдан булар ақл бовар қилмас гаплар бўлиб туюлади, лекин амалда шундай бўлиб чиқди. Шунча йил фақат бир куни отилсин учун яшайдими? Юрак ҳовучлаб яшаган бу йиллар нима берди унга? Хотини учун, ўзи учун, ундан туғилган фарзандлар учун битмас-туганмас қўрқув, ададсиз ташвиш берди, холос. Ҳар ҳолда, оила қилиб яхши иш қилмаган кўринади — ундан ватангадо, юпун, етим-есирлар қолмоқца. Энди ким ёрдам беради уларга? Яхши одамларми? Қани ўша яхши одамлар? Ҳамма-си қирилиб битди-ку! Фақат яккаю-ягона Илоҳ, паккаи Парвардигор қолди, холос. Фақат Парвардигоргина бу бокира гўдакларни пушти-паноҳига олмоғи мумкин.
Шаҳардан чиққандан кейин машина катта йўлдан кичикроғига бурилганга ўхшайди, унинг ҳаракати секинлашди, ўнқир-чўнқирларда баҳайбат кузов чайқалиб борарди. Ўқтин-ўқтин машинанинг мотори кучайиб, зўр-базўр ишлаётгандан, мана — ҳозир тўхтаб қоладигандай туюларди. Партия аъзоси — большевик Шестак ҳам бу йўлни жуда яхши билар ва ҳозир қаердан кетиб боришаётганини бехато аниклай биларди. Турмадан олислаганлари сари ғам ичини кучлироқ кемириб борарди. Турмага тушганига олти ой бўлди. Бу муддат давомида у тақдири учун куйиб ўзини ўзи адо қилди деб айтиб бўлмас – турмада унинг худди хизматдагига ўхшаш вазифалари бор эди. Шестакнинг ВКП(б) аъзоси бўлганига икки йилдан ошиб қолганди — у ишчилар синфи ва унинг илғор отряди большевиклар партиясининг етакчилик ролини жуда яхши тушунарди. Модомики, у ҳозир турмага тушиб қолган экан, бу ерда ҳам у ўзини большевикчасига тутмоғи керак, яъни органларга халқ душманларини фош қилишда ёрдам бермоғи зарур.
Маълумки, душманлар жуда маккор одамлар, усталик билан ниқобланишади, айёрлик қилишади, алдашади, уларни фош қилмоқ учун жуда катта куч сарфлаш керак. Шестак кучини аямади, ўзини жўн одам қилиб кўрсатди, одамларни гапга солди, улар гапирган гапларни тинглаб, эслаб қолди. Баъзан у одамларга маслаҳатлар берарди. Якка хўжаликчи Козелга донолик билан маслаҳат бериб, ҳамма айбига иқрор бўлиши ва терговчи талаб қилганда ҳаммасига имзо чекиши кераклигини айтди. Шундоқ қилса, камроққа кесилиши мумкин экан, омади келиб қолса, бўшатиб юборишлари ҳам ҳеч гап эмас. Ўжарлик қиладиган бўлсанг, бадтар бўласан. Отиб ташлашлари ҳам мумкин. Козел бу гапларга чиппа-чин ишонди, шекилли, кўп пайсалга солмай, ҳаммасига қўл қўйиб берди. Терговчи Кутасов мамнун бўлди, якка хўжалик тарафдорини терговга чақирмай қўйишди, у шўрлик анча хотиржам бўлиб қолди, қўйиб юборишларини кутабошлади. Шестак бадният одам эмас эди, ўзи ҳам Козелни қўйиб юборишларига ишонишга тайёр эди. Рост-да, Козел ҳам халқ душмани бўлди-ю… Онги етишмайди, холос. Аммо айни ана шу Козел воқеасидан кейин Шестакнинг ҳам ҳамма илинжлари чиппакка чиққандай бўлди, нима сабабдандир унинг ўзидан ҳам шубҳалана бошлагандай бўлишди. Албатта, шубҳаланишлари беҳуда эди, унинг ҳеч қанақа гуноҳи йўқ эди, унга нима дейишса ҳаммасини бекаму кўст адо этар эди. Ундан темир йўлдаги зараркунандалик ҳақидаги кўрсатмага имзо чекишни талаб қилишди. Бу унга уччига чиққан адолатсизликдай кўринди. Бироқтерговчи Кутасов унга тушунтирди: ВКП(б) аъзоси сифатида у органларга гап қайтармаслиги керак, балки махфий ва фахрли ишларида уларга ёрдам бермоғи даркор. Шу нарса эсида бўлмоғи керакки, органлар адашмайди. Майли, аввалига шундай туюлмоғи мумкинки, кимнидир ноўрин айблашяпти, унга нисбатан адолатсизлик қилишяпти. Аммо ўта хавфли жосусларни фош қилмоқ учун шундай қилмоқ керак. Бундан ташқари, кимдир ўзини фидо қилмоғи ҳам керак-ку! Ўтмишда оташин инқилобчилар ишчилар синфининг манфаатлари учун, Ленин-Сталиннинг улуғ ғоялари учун шундай қилишган. Вақти келади — партия ҳамма нарсага адолат юзасидан баҳо беради, ҳеч кимнинг хизмати унутилмайди. Ишнинг бунақа тус олиши Шестакка унчалик ёқинқирамади. Албаттаинки, Шестак партияга ва унинг органларига ёрдам беришга ҳамиша тайёр эди. Аммо ҳозир терговчи жон-жаҳди билан уриниб, уни шунақа йўлга бошлаяптики, бу йўлда муайян хавф-хатар бор. Бирдан-бир таскин берадиган жойи шундаки, партия чуқурроқ кўради ва органлар адашмайди. Шундай ўйга бориб, юраги зириллаб турса-да, кўнди. Қоғозга имзо чекди. Унда гўёки Пантелей Иванович Шестак “Эркинлик учун олға” (ЭУО) деган номдаги зараркунандалар гуруҳининг аъзоси бўлган, бу гуруҳга темир йўллар халқ комиссарининг муовини Булеш раҳбарлик қилган дейилган эди. Терговчилар унга сиз бу гуруҳда органларнинг хуфия одами сифатида қатнашган бўлишингиз мумкин дейишди. Бу гап ҳам унга анча тасалли берди. Энг муҳими — ҳозир кўниб, имзо чекиш, кейинчалик судда ҳамма нарсадан тонади, шу билан уни оқлаб юборишади. Судялар — малакали чекистлар, улар органга хизмат киладиган одамларни хафа қилдириб қўйишмайди.
Ҳозирга қадар Шестакнинг ишлари анча силлиқ кетаётгандай эди. Сўроқларда унга хушмуомалада бўлишар, баъзан эса ҳатто чой-пой ҳам қуйиб беришарди. Лекин сўнгги кунларда нимадир рўй берди! Бир ҳафта мобайнида уни бутунлай терговга чақиришмади — гўё унинг шу ердалигини унутиб қўйишгандай. Кейин судга олиб боришди. Шестак шунчаки хўжакўрсинга суд бўлади, деб ўйлаган эди. Йўқ, унақа эмас экан, хўжакўрсинга бўлиб чиқмади. Соқчилар унга жуда дағал муомала қилишди, судялар қаҳр билан қарши олишди. Қисқагина савол-жавоблар унга жуда бемаъни туюлди — судялари тушмагурлар унинг органлар билан яширин ҳамкорлик қилганидан бехабарга ўхшашади. Терговчи Кутасов уларга бор гапни тўла-тўкис айтмаганми, нима бало? “Олий жазога!” деб унга ҳукмни эълон қилишганда, у чин юрақдан ҳайрон қолди. Лекин шу лаҳзадаёқ бир фикр калласига келди: афтидан, шундай бўлмоғи керак. Ҳар нима деганда унинг ўзи ёлғиз суд бўлаётгани йўқ, қора курсида ўтирган халқ душманлари бисёргина. Демак, улар билиб қолмасликлари учун ниқоб остида иш олиб бормоқ керак. Лоақал анави Автух Козелни олайлик. У ҳам олий жазога ҳукм қилинди. Кейин Шестакнинг жавобини бериб юборишади. Ахир, нима гуноҳи борки, уни отиб ташлашсин? Олти ой мобайнида турмада ўтириб тортган азоблари учун ва органларга кўрсатган хизматлари учун уни мукофотлаш даркор. Бир неча кун давомида у камерада сабр-тоқат билан кутди. Лекин бундан ҳеч нарса чиқмади. Кейин терговчи келишини талаб қила бошлади. Бир куни у қаттиқ ташвишланганидан эшикни тақиллатишга тушди, шунда иккита назоратчи кириб, уни ўлгидай дўппослашди. Ўшанда у биринчи марта ишлари жуда чатоқ эканини тушунди. Бироқ ҳамма нарсанинг пачаваси чиқишига ишонгиси келмасди. У Кутасовнинг келиб қолишини кутарди. Кутасов келса, ишлар юришиб кетади, ҳамма нарса жой-жойига тушади. Балки бу Кутасов деганлари турмада эмасдир, балки бирор ёққа сафарга кетгандир. Масалан, Москвага. Ахир, турмада органларнинг садоқатли ёрдамчиси, партия аъзоси Шестак уни пойлаб ўтирганини эсидан чиқариб қўймайди-ку!
Тунда уларни машинага ўгқазиш учун олиб чиқишганда, у терговчини излади. Аммо бу ерда Кутасов йўқ эди. Худди ер ёрилган-у, Кутасовни ер ютган. Шу лаҳзада яна бир фикр Шестакнинг жонига ора кирди: ҳа, Кутасов отиш олдидан пайдо бўлади-ю, энг сўнгги дақиқада уни бошқалардан ажратиб олади. Эндилиқда унинг учун энг муҳими худди аввалгидек сирини фош қилиб қўймаслик, қатъиятли бўлиш, охиригача ўзининг яширин бурчини адо этиш. Шунда ҳамма нарса жойида бўлади. Жойида бўлмоғи керак.
Бирдан машина кескин оғиб кетди, унинг ичидагилар бир силкиниб тушди, мотор ўкириб юборгандай бўлди, улар тўхтаб қолгандек эдилар. Сурвила фаҳмлади — машина лойга тиқилиб қолди. Йўлнинг дабдаласи чиқиб кетган, ҳатто ёғингарчилик бўлмаган вақтларда ҳам бу ерда кўлмак бўлиб ётарди. Кеча ёмғир бошланган, кўлмаклар яна ҳам кўпайган бўлса керак. Эшикнинг ёнида ўтирган кўйи Сурвила лойга тиқилиб қолган ғилдираклар остида сувнинг шалоплаётганини эшитди. Ғилдираклар турган жойда айланар эдилар. Кабинанинг эшиги тарақлаб очилди, ён томондан эркак кишининг сержаҳл овози эшитилди — улар билан бирга ҳукмни ижро этишга кетаётган комендант ёрдамчиси Костиков кабинадан йўлга тушган эди.
— Чапроққа бур, чапдан ол, аблаҳ! — деб ғазаб билан бақирди у шофёрга. Шофёр эса устма-уст газни босар, мотор ўкирар, машина турган жойида силкинар эди-ю, юрмас эди. Ғилдирак айланиб, лойни беҳуда қорарди.
— Қани, менга бер-чи…
Костиков газни боса бошлади — у бир оз қаттиқроқ босар, кейин камайтирарди. Лекин буларнинг бари беҳуда эди — машина борган сари лойга чуқурроқ ботиб борарди.
… Бир замонлар ана шу Костиковни райондан турма бошқармасига ўтқазишган эди. У пайтларда у эндигина органларда хизмат қила бошлаган ёшгана йигитча эди. Ўша оқшом навбатчилик қилаётган Сурвила уни биринчи бўлиб қарши олди. Озғин, тортинчоқ Костиков унинг турма тартиблари ҳақидаги, маҳбуслар билан пачакилашиб ўтириш мумкин эмаслиги тўғрисидаги гапларини индамай тинглади. Албатта, бу гапларнинг ҳаммаси унинг учун янгилик эди, Сурвила эса чекистлик ишида бирмунча тажриба тўплаган, ҳозир эса шу тажрибасини янги одам билан баҳам кўришга тайёр эди. Ўша куни у ёш ходимга ижарага оладиган уйни қаердан излаш ҳақида ҳам яхши йўл-йўриқ берди. Ҳақиқатан ҳам, Костиков кўп ўтмай Кальвари қабристонининг орқа томонидан бежиримгина бир уйни ижарага одди. Кейин у Сурвилани уйига чақирди. Икковлари роса тўйиб ичишди. Бир неча муддат ўтгандан сўнг Сурвила кўтарилиб кетди — уни тергов бўлимига ўтказишди. Костиков эса комендатурада аввалги мансабида — комендант ёрдамчиси бўлиб қолди. Эндиликда Сурвиланинг чекистлик фаолияти фожиона тарзда хотималанадиган бўлганда шу Костиков тергов бўлимида унинг ўрнини эгалламаса гўрга эди. Эгалласа нима — Сурвиланинг эътирози йўқ — Костиков ёмон йигит эмас, ёшлигага қарамай, ҳақиқий чекист деса бўлади.
Ниҳоят, комендант ёрдамчиси машинани ботқоқдан фақат моторнинг кучи билан чиқариб олиш мумкин эмаслигини тушунди, шекилли, газни камайтириб, кабинадан пастга тушди. Темирнинг темирга урилиб жаранглагани эшитилди.
— Қани, итарамиз. Сен — Николай ва сен — Козел, тушларинг бу ёққа. Улар эшикка яқин ўтиришарди. Дарров ўринларидан туришди. Сурвила ўйлаб ўтирмай, тўғри лойга сакради. Автух оёқ қўйгани жой тополмай, бир оз тайсалланди. Аммо Костиков яна бир пўписа қилган эди, Автух оёғида чориғи билан бесўнақай бир тарзда кўлмакка тушди.
— Қани, бўлларинг! Мен айтишим билан баравар итарасанлар, — деб буйруқ берди Костиков йўлнинг чеккасида туриб. — Бўлақол, шофёр, газ бер-чи! Ҳа, бир-икки, олдик…
Улар анча ботиб қолган машинани орқа томондан бор кучлари билан итара бошлашди. Бир томонда Сурвила, яна бир томонда Автух. Ҳали қоронғи эди. Йўлдан нарироқда кичикроқ бир ўрмон, осмондан майда ёмғир уриб турипти. Автомобиль ғилдираклари чир айланиб, уларнинг уст-бошини лойга ботирди. Кўп ўтмай Сурвиланинг чарм камзули ҳам, Автухнинг мовут чопони ҳам шалаббо бўдци. Улар кўлмак тагидаги сирпанчиқ ерга оёқларини тираб, жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилишар, лекин машина жойидан силжимас эди, аксинча, у бадтар ботди. Буни кўриб, Костиков шоферга: “Ҳадеб газ бераверма, бензинни адо қиласан” деб бақирди. Сурвила билан Автух ҳансираб қадларини ростладилар. Сукунат ичида машинанинг кузовидан илтижоли бўғиқ овоз эшитилди:
— Қани, менга ҳам беринглар-чи… “Ҳа” деган туяга мадад.
Овоз Шестакники эди, комендантнинг ёрдамчиси бир зум дудмалланди.
— Бўпти. Қани…
Костиков бир оёғи билан кўлмакда турганича кузовнинг эшигини очди, у ердан кўринган Шестак шалоп этиб лойга тушди.
Уч кишилашиб улар яна машинани итаришга тушишди, аммо уларнинг бу ҳаракатлари ҳам зое кетди. Мотор чўзиб увиллар, машина силкинар ва чайқаларди, лекин жойидан қимирламас эди. Кузовда машина билан бирга Феликс Яшин ҳам силкинарди. Унинг хаёлидан “мен ҳам машинадан чиқиб, қолганларга ёрдам берсам бўлармиди, одамлар жонини жабборга бериб ишлаётганида қўл қовуштириб ўтиравериш яхши эмас” деган ўй ўтди. Аммо уни чақиришмади. Энди чақиришмасалар ҳам керак. У душман, душман бўлганда ҳам, албатта, ҳамқишлоғи Автухга ёки анави ишчи — партия аъзоси Шестакка қараганда ўн чандон бадтарроқ душман. Чекист Сурвила тўғрисида гапирмай қўяқолса ҳам бўлади. Сурвила бу ерда нима қилиб юрганини Феликс сира тушунмай гаранг эди. Унинг иши бошқаларникидан алоҳида кўрилди. Тўғрисини айтганда, бу шоирнинг парвойига ҳам келмайди. Бор гап ҳам шу: бошқаларнинг ишига бурун тиқишни ёмон кўради. Фақат Автух Козелнинг тақдиригина уни жиндай ташвишлантиради, холос. Лекин бир нарса ғалати эди — нечук комсомол шоирнинг ишини якка хўжалик тарафдорининг гуноҳи билан боғлашдийкин? Уларнинг ҳеч қанақа қариндош-уруғчилиги тугул, ошна-оғайнигарчилиги бўлмаса? Феликс Яшин адабиётда кўзга ташланиб қолган эди, Козел Автух эса ўзининг чаласаводлиги важидан газета ҳам ўқимаган бўлса керак. Шунга қарамай, икковларини бир арқон билан тушовлашди. Дарҳол эмас, турмада анчагина ўтирганидан кейингина Феликс англадики, у умуман, шеърлари туфайли қопқонга тушиб қолгани йўқ, балки белорус тилида ёзгани учун ҳибсга олинди. Русча шеърлар сиёсий жиҳатдан белорусча шеърлардан хавфсизроқ эди. Нима жин уриб у белорус шеърияти билан шуғулланиб юрипти? Очиғини айтганда, унга рус шеърияти ўн чандон ортиқроқ ёқарди. Пушкин, Лермонтов, айниқса, Фетни айтмайсизми? Аммо бир вақтлар Фет ёзганига ўхшатиб ёзмоқнинг имкони йўқ — комсомол дўстларининг масхарасига қолади. Маяковскийдан ўрнак олмоқ керак. Аммо Феликс Яшин Маяковскийни кўп ҳам ёқтиравермас эди. У “Ёш авлод” уюшмасига қўшилди. Бошқа ёш шоирлар ҳам шу уюшмага киришган эди. Шундан кейин Феликс ҳамма жойда урф бўлганидек, баландпарвоз, жўшқин шеърлар ёза бошлади. Вужудига сингишиб кетган туғма диддан, мешчанликдан қутулишга ҳаракат қилди. Ўрмонни кўрганда ийиб кетиш, қарағайга муҳаббат изҳор қилиш кимга ҳам керак дейсиз! Буларнинг ҳаммаси сийқаси чиқиб кетган. Кундалик ҳаёт ҳодисаларига юз ўгирмоқ керак. Бошқа эстетикани ўзлаштирмоқ лозим. Бу эстетика завод цехларининг гулдуросига, фабрика мўриларидан чиққан тутунлар дудига, коммунизм қурувчиларининг коллектив меҳнатига тўлиғдир. Унинг ижодида нималардир энди-энди қовушиб келабошлаган эди. “Совет Белоруссияси” поэзия обзорида ёш пролетар шоирлари қаторида унинг ҳам номини санаб ўтган ва “Май оҳанглари” деган энг яхши шеъридан бир баидни мисол келтиришганди. Истеъдодининг расман тан олинганидан қаноатланган Феликс бунақа шеърлардан яна бир дюжинасини шариллатиб ёзиб ташлади ва ўзини пихини ёрган инқилоб куйчиси деб ҳис қила бошлади.
Унинг ҳамма ишлари юришиб кетди. Шундай пайтда қамалиб қолди-да… Биров чақув қилдими, кайф устида айтиб юборган бирор гапини еткиздими? Турмада аввалига фақат шеърлар масаласида сўроқ қилишди, кейин эса шеърлар масаласида пичоққа илинадиган гап чиқмаслигини тушунишди, шекилли, уни Автух амакига боғлашди — поляк жосуси эканингни тан оласан деб туриб олишди. Афтидан, Автуҳдан ҳам шуни талаб қилишган кўринади. Ва мақсадларига етишди ҳам. Автух амаки деҳқонда — онги етишмайди. Шунинг учун бўлса керак, сўроқларга дош беролмади — Феликс мени поляк развсдкасига айғоқчи қилиб ёллади, мен уни чегарадан ўтказиб қўйишим керак эди деб кўрсатма берди.
Ташқарида машинанинг силкиниши ва итарувчиларнинг инқиллаб-синқиллашлари бирдан тиниб қолди. Фақат мотор секин гувиллаб турарди. Комендант ёрдамчиси тушкун оҳангда деди:
— Узил-кесил ботдикми?
— Ўқига ўтириб қолди, — деб ҳорғин жавоб берди Шестак. Феликс Яшин астагина эшикни тақиллатди:
— Мен ҳам ёрдамлашиб юборайми? Ҳар ҳолда, тўрт киши бўлсак… Ташқаридан ҳеч ким жавоб бермади, лекин эшик ғижирлаб ланг очилди.
— Қани, чиқҳамманг. Ҳаммаларинг чиқ, ҳе оналарингнинг оёғидан осиб… Итарларинг. Ҳамжиҳатлик билан. Биргалиқда! — деб пўписа қилди комендант ёрдамчиси.
Аммо бу гал пўписасининг қўрқувлик жойи йўқ эди — унинг номигагина дағдаға қилаётгани шундоққина кўриниб турарди. Энди унинг буйруғи гўё эркалаётгандай эшитилди. Буни кўриб, Феликс унчалик ёмон одамга ўхшамайди деб ўйлади. Икки ой турмада ўтириб, сўроқлар бериб, у анча-мунча хўрликлар тортган эди. Шунинг важидан уларнинг ўртасида биронта ҳам инсонга ўхшага-ни йўқ, ҳаммаси йиртқичдан бадтар деган тўхтамга келган эди. У лоақал сунгги нафаси олдидан биронта рисоладаги одамга рўпара келишга зор эди. Қани энди бу одам уларнинг кулфатига жиндаккина ҳамдардлик кўрсатса, уларнинг ҳолини тушуниб, зиғирдек ачинса… Шунда Феликс гарчи энг олий социалистик жазога ҳукм қилинган бўлса ҳам, ўзини бир қадар одам дсб ҳисоблаган бўларди.
Феликс Яшин кузовдан қоронғилик қўйнига сакради ва тиззасигача лойга кириб кетди. Аммо ундан кейин қолган икки киши кўпда ошиқавермади. Комендант ёрдамчиси яна дағдағага тушди:
— Ҳой аблаҳлар! Кутиб ўтираманми сенларни? Ҳе оналарингни…
— Э, тошингни терсанг-чи! — Кузовдан Зайковскийнинг бўғиқ овози эшитилди. — Мен маҳкумман. Менга машина итариш мумкин эмас.
— Мумкин эмас? Нега энди? — деди ҳанг-манг бўлган Костиков.
— Шунақа! РСФСР Жиноят мажмуаси. Бир юзу йигирма етги — прим моддаси. Ўқиганмисан?
Нима дейишини билмай қолган Костиков йўлнинг чеккасида оёкларини кенг қўйганича бир дақиқага индамай қолди. Бошқалар ҳам ҳансираганча тек туришарди. Феликс Яшин машинани итариш қулайроқ бўлсин деб ўзини мосламоқда. Кўкрагидаги санчиғи бу ишни осон бажаришга қўймас эди.
— Алдаяпти! Бу тўғрида модда йўқ, — деди Сурвила.
— Йўқ бўлса нима? Барибир, чиқмайман. Менга деса, ёрилиб ўлларинг. Отишга ҳукм қилганларингдан кейин, марҳамат қилиб, қатл жойига соғ-омон етказиб қўйинглар. Тушунарлими? — деди Зайковский машинада хуноб бўлиб.
— Ҳозир сенга қатл жойини кўрсатиб қўяман,—деди дарғазаб бўлиб Костиков. Шундай деб у қинидан тўппончасини ола бошлади. — Сени итдай лойга беламасамми ҳали! Ҳе сенинг ўша безори башарангдан ўргилдим. — Лекин у эшикни очишга жазм қилмади — ботқоқнинг энг чуқур жойига тушиб қолишдан қўрқди, шекилли.
— Катталарингга нима жавоб берасан? — деган овоз эшитилди машина ичидан. — Олиб кетишга олиб кетиб, етказиб боролмадингми, дейишмайдими?
Вазият тобора чалкаш тус олмоқда эди. Чуқур кўлмакнинг нариги томонидаги Зайковский ҳозирча дахлсиз бир аҳволда эди.
— Ҳа аблаҳ! Ҳали шошмай тур! Бир боплай сени! Бир эмас, бешта ўқни жойлай гавдангга! Бирин-кетин!
Зайковскийнинг сўнгги галларини Костиков беэътибор қолдирди — уни бошқа нарса безовта қилмоқда эди. Маҳкумларнинг букик қадди-қоматларини индамай кўздан ўтказиб чиққан Костиковга кимдир етишмаётгандай кўринди.
— Кузовда анави буржуй ҳам қолган,— деб гап қўшди Шестак.
— Оқгвардиячи,— деб аниқлик киритди Костиков ва дарғазаб қичқирди:— Кани, чиқ бу ёққа, гражданин Валерьянов! Ҳе сенинг дворянлигингга ўйнаб қўяй!
Кузовдан Валерьяновнинг шапкасиз кал боши кўринди. Аввал у кузовнинг бир четига ўтирди, оёғи билан пайпаслаб таянадиган бирор нарса излади, дудмаллик билан қўлларини силкитди.
— Қани, сакра! Қўрқма! — деб унга далда берди Сурвила.
Аммо оқгвардичи сакрамади, у Автухнинг елкасига таяниб, аста сирғаниб кўлмакка тушди.
— Қани, олдик! Ҳа, бир-икки — олдик! — деб буйруқ берарди Костиков. У бир чеккага чиқиб, нуқул тўппончасини ўйнатарди.
Улар яна машинани итаришга киришишди. Машинани ғилдираклар ҳосил қилган чуқурдан чиқариб олиш ниятида шофер бот-бот газни кучайтириб, уни силкитарди. Зайковскийни ўз ҳолига қолдиришди. Энди кузовдан унинг бўғиқ овози олис-олислардан келаётгандай эшитиларди:
— Итаринглар, ҳа-а, итаринглар, социализмнинг шўрпешона қуллари. Аҳилроқ! Кучлироқ! Бақувватроқ! Юксакроқ! Ўлимингиз сари олға!
— Буни қара-я! — деди жон-жаҳди билан машинани итаришаётган Шестак. —Бунда ичакларинг узилиб кетай деяпти-ю, бу аблаҳ ўтириб олиб масхара қилади-я! Вой лаънати қизиғар-ей!..
— Бўлақолларинг, йўқсулдан тарқаганлар…
— Ўчир овозингни! Буюраман — унингни ўчир. Отаман! — деб таҳдид қилди Костиков йўл четида у ён-ён югурар экан.
Зайковский парво қилмай, яна нимадир деб қичқирди. — Бу гал анча шалоқ ва таҳқирли гапларни айтди. Сурвила чидаёлмади шекилли, Костиковга маслаҳат берди:
— Отиб ташласанг-чи! Уни ўчарди. Қанча чидаш мумкин?
— Учгача санайман. Кейин ҳамма ўқни бўшатаман.
— Отақол! Давлатнинг машинасига ичинг ачимаса, майли, от! — деган овоз эшитидди кузовдан.
Аммо Костиков ўзининг қўрқинчли таҳдидини амалга оширишга улгурмай, мотор “пақ” этган овоз чиқарди-ю, ўчиб қолди. Бирдан ҳаммаёқ жим-жит бўлиб қолди, машинанинг тагидан кўкиш қўланса тутун буралиб чиқа бошлади.
— Нима бўлди? — деб сўради Костиков сергакланиб.
— Тамом. Бензин адо бўлди, ўртоқ комендант ёрдамчиси,— деб жавоб берди шофёр кабинадан. Костиков сўкинди.
Ҳамма нимадандир ҳафсаласи пир бўлгандай ёхуд биров алдаб кетгандай индамай турарди. Рост-да, шунча ҳаракат қилишди, қанча куч сарфлашди — ҳаммаси беҳуда бўлиб чикди. Энди яна ҳаммасини бошидан бошлаш керак.
— Хўп, бундай қиламиз, — деди Костиков бир зум индамай тургач. — Шофёр, сен гаражга югур. Бензин юборишсин.
— Чистяковга айт,— дея огоҳ қилди Сурвила. — Чистяковнинг хабари бор. Ёш қизил аскар — шофёр ҳорғингина шаҳар томон йўрғалади. Маҳкумлар бирин-кетин лойдан йўл четига чиқишди. Йўл чеккаси унчалик шилта эмас эди. Ҳаммалари бошлиқ яна қандай буйруқ бераркин деб кутиб турарди. Бошлиқ бўлса бир қўли билан шинелининг тугмаларини ечди. Иккинчи қўлидан эса ҳамон тўнпончани қўймаган эди.
— Ҳа, нима? Энди бекор ўтирмоқчимисизлар? Бекорларни айтибсиз! Қани, ишга киришинглар! Шунча одам битта машинани чиқара олмайдими?
Тепилавериб суюлиб кетган бўтқа ичига қайтадан киришга ҳеч кимнинг иштиёқи йўқ эди, шундай бўлса-да, машинанинг лой босган орқасига қўллари билан тармашдилар. Сурвила билан Шестак икки бурчакдан, Автух билан Феликс ёнма-ён. Машина ғилдиракларнинг тўхтовсиз айланишидан ҳосил бўлган сув тўла чуқурга узил-кесил ботиб бўлганди — унга қараган одам машина ҳозир йўл бўйлаб сузиб кетади деб ўйлаши мумкин эди. Лекин у сузиб кетмади, у жойидан қўзғалишни ҳам истамас эди. Костиков йўл чеккасида у ёқ-бу ёққа юриб, тўппончасини силкитганча қўмондонлик қилар, одамлар эса оеқлари билан лойни топтаб, кучаниб-зўриқиб машинани итаришарди.
Аммо бу гал ҳам ҳамма ҳаракат зое кетди. Машина яна ҳам чуқуррор ботди. Энди ҳеч қандай куч уни ботқоқцан тортиб чиқара олмайдигандек кўринарди. Бир неча фурсат ўтгандан кейин комендант ёрдамчисининг ҳам попуги пасайиб, дами чиқмай қолди. Маҳкумлар бир оз нафасларини ростладилар.
— Бу тарзда бўлмайди, — деб гап бошлади Шестак ўксиниб. — Итарадиган бўлсак, ҳаммамиз биргаликда итарайлик-да! Биз бўлсак… Худди колхоз бригадасидагидек — битта одам ишлайди, бошқаси тишлайди…
— Қани, ким у ишдан бўйин товлаётган? — деб сўради Сурвила сергакланиб.
— Кимлигини билмагандай гапирасиз-а! Ана, анави буржуй-да. Номигагина қўлини теккизиб турипти.
Валерьянов бесўнақай тарзда елка учирди.
— Мен ушлаётганим йўқ…
— Шунақа дегин? Нима, менинг кўзим йўқми? Яна ўзини оқлайди-я!
— Яна ким кўрди? — қовоғини уюб сўради Костиков. Лекин қолганлар ин-дамай туришарди. Комендант ёрдамчиси ҳаммани бир-бир сўроққа тутди. — Яккахўжалик, кўрдингми?
— Йўқ. Ҳеч нарса кўрмадим.
— Сен-чи, шоир?
Феликс Яшин кўлмак ичидаги оёқларини бир-бир босди, енгил бир тужуркада бадани совуқдан дилдираб қолганди.
— Нима десам экан? Анақа… Ҳар нима деганда ҳам, ёши ўтинқираб қолган-да…
— Э-э, ўтинқираб қолган, дегин! Демак, кучи йўқ! Совет ҳокимиятига зарар етказишга кучи етадими? Ҳар биттангни ўзим кузатаман. Ишёқмасларни огоҳлантирмасдан жойида отаман. Жасадини ғилдиракнинг тагига ташлайман. Шунда чуқурдан тезроқ чиқамиз.
Феликс Яшиннинг ўзи ҳам бир қўллаб итаряпти ҳисоб, кўкрагига босиб олган иккинчи қўлини оғриқнинг зўридан кўтаролмай қолган. У хавотир ичида ўйлади — унинг ожизлигини ҳушёрдан ҳушёр Шестак ёки бўлмаса комендант ёрдамчиси Костиковнинг ўзи пайқаб қолмаса гўрга эди. У таҳдидини амалга ошираман деса, биров унга халақит берармиди? Отади — ташлайди-да… Кейин манави суюқ бўтқага улоқтиради. Ёлғиз шу ўйнинг ўзидаёқ унинг аъзойи-баданида қалтироқ турди. У хавотир ичида ёнида қорайиб кўринган гавдага қараб қўйди.
Улар яна итара бошлашди. Бор кучлари билан, командага риоя қилиб… Феликс Яшин оғриқнинг зўридан энтикиб кетди. Унинг ёнида оқгвардиячи буржуй Валерьянов жон-жаҳди билан тиришмоқда. Афтидан, чекистнинг пўписасидан у ҳам қўрқади, шекилли. Лекин ўйлаб қараса, нимасидан қўрқади? Бироқ ҳамма гап шунда эдики, ҳар бир маҳкум иккидан бирини танлаш зарурияти қаршисида қолган эди — унинг жасади қаерга кўмилади — қуруқ сарғиш қумлоққами ёхуд аталадай ботқоқ ичида қолиб кетадими? Бу ботқоқни кўрганда тирик одамнинг оёғида томири тортишади-ю… Бу аҳволда шамоллаб қолиш ҳам ҳеч гап эмас деб ўйлади маҳзун киноя билан Феликс Яшин.
Дафн жойига ўз тобутларини улар ўзлари кўтариб боришмоқда — бу қадимги маросимда алланечук янгилик эди. Ёки қатлнинг янгича нозик усулими? Қани энди шу тўғрида шеърми, балладами ёзсанг! Лекин кенг тарқаган вазнда эмас, оғир, залворли вазнда ёзмоқ жоиз. Ҳомерга ўхшаб. Ҳа, бу машьум давр учун Ҳомер энг мос келадиган шоир бўлса керак. “Ёш авлод”дагиларнинг бари Маяковский!
— Бир-икки — олдик! Ҳа, қани бос! Яна бир! Ҳа-а: яна! — деб бўғиларди ёнида чинқироқ овозда Костиков.— Ишёқмаслик қилма! Кучлироқ! Яна ҳам. Куч борми ўзи, ҳе сенларни туққан онангни…
Икки-уч марта у орқа томонда туриб тўппончасини бўшатди. Ўқ овозидан ҳамма зир титради. Одамлар терлаб кетган, ҳаммаёғи шалаббо, буткул кучдан қолган эди.
— Бўлларинг! Бўлақолларинг! Бўлмаса, ҳаммангни итдай отиб ташлайман, совет халқининг малъун душманлари! — деган ҳайқириқ янграрди йўл устида тунда.
Кейин бирдан мўьжиза рўй берди — машина бир силжигандай бўлди, улар бундан хурсанд бўлишиб, яна бир зўр беришди, қўллари ва оёқларини тираб яна итаришди. Шунда машина чиндан ҳам лой ичида бир қадамча сурилди. Ўрталиқда турган Яшин билан Валерьянов энг чуқур жойга тушиб қолишди, лекин чекинишмади, қўлларини машинанинг темир бортидан узишмади. Ниҳоят, ҳаммалари бир бўлиб бир амаллаб ҳамма ёғи лой бўлиб кетган машинани чуқурдан чиқариб олишди. Йўлнинг энг ярамас жойи ортда қолди, маҳкумлар мамнуният билан қаддиларини ростладилар.
— Ана, бўларкан-ку, ҳе оналарингни сенларнинг! — деярли эркалагандек оҳангда сўкинди комендант ёрдамчиси. — Моҳирона раҳбарлик қанақа бўлишини кўрдиларингми? Кучдан қолдик, чарчадик эмиш… Мажбур қилмоқ керак. Ўн минут чекиб олинглар! — деб мамнуният билан танаффус эълон қилди у ва ариқча бўйидаги қуруқроқ жойга ўтди. Унинг кетидан дудмалланиб маҳкумлар битта-биттадан лойдан чиқишди ва нима бўлшшши кутиб қарши томонда тизилишди. Костиков тўппончасини шинелининг ичига — қинига солиб қўйди, чўнтагидан бир қути “Беломор” чиқарди.
— Олинглар, чекинглар…— Биринчи навбатда ошначилик қилиб папиросни Сурвилага тутди. У лой чапланган бармоқлари билан эҳтиёт қилиб қутидан бир дона папирос олди ва ҳақирона бир тарзда ҳовучда тутиб турилган гугуртдан тутатиб одди. Йўл узра хушбўй тутун таралди. Ҳамма таранг бир сукут ичида эди.
— Топшириқни бажариш вақтида рўй берган фавқулодда воқеани тугатишдаги зарбдорона меҳнат учун миннатдорлик эълон қиламан, — деди Костиков юмшаган оҳангда.
Бу сўзлар аллақачон маҳбусларнинг хотирасидан ўчиб кетган эди. Уларни эшитиб сесканиб кетишди. Уларнинг тортиб олинган ҳаёти шу сўзлар орқали юракни орзиқтирувчи садо бермоқда эди. Улар бу сўзларни ҳазил ўрнида қабул қилдилар. Энди эса шу ҳазил ҳам улар учун ҳаётдан бир нишона эди. Фақат анави чекист ҳазили билан маҳкумларнинг ғашига тегмоқчидай эди. Бу эса уларнинг ҳар бирининг дардини яна ҳам чуқурлаштирар эди.
Ёлғиз Шестаккина комендант ёрдамчисининг сўзларига жиддий қарашга тайёрдай эди.
— Раҳмат, ўртоқ… Гражданин бошлиқ. Қани энди, шу миннатдорлик ино-батга олинса…
— Олинади, олинади, — деб мужмал ваъда берди Костиков.
— Нариги дунёда, — деб истеҳзо қилди Сурвила.
— Нега нариги дунёда? — деб эътироз бидцирди Костиков. — Бу дунёда ҳам инобатга олинади. Мен сизга энг яхши чуқурни ваъда қиламан. Куп-қуруқ, сариқ қуми билан.
У жиддий гапиряптими ёки уларни беҳаёлик билан мазаҳ қиляптими, англаб бўлмади — тонгги ғира-ширада унинг навқирон чеҳрасидаги ифодани ажратиб олиш қийин эди. Аммо овозида ҳақоратомуз оҳанг йўқ эди, бу эса беихтиёр равишда чекистга нисбатан бир илиқлик уйғотди.
— Мен ахир айбдор эмасман, — деди Шестак олдинга қадам ташлаб. — Тер-говчи Кутасов билади. Мен зараркунанда эмасман.
Костиков мириқиб папиросини тортди-да, хаёлчан бир қиёфада оғзи-бурнидан буруқситиб тутун чиқарди.
— Албатта, айбдор эмассан. Агар айбдор бўлганингда сени қийма-қийма қилиб ташлашарди, биронта қовурғанг соғ қолмаган бўларди. Хотинингни кўз ўнгингда… Айбдор бўлсанг шунақа бўларди. Ҳозир эса тепаликдаги қайинзорда хотиржамгина отиб ташлаймиз, вассалом. Тўғрими, буржуй? — қўққисдан у Валерьяновга мурожаат қилди. У бошқалардан нарироқда турарди.
Комендантнинг ёрдамчиси нима қилиб бўлса ҳам Валерьяновнинг жиғига тегишга, уни жавоб беришга мажбур қилишга ҳаракат қиларди. Аммо у жавоб бермади. Балки у ёш чекистнинг гапларини эшитмагандир ҳам. Ўзининг ҳаётида ўн тўққизинчи йилдан бери — уни Алуштада отиб ташламоқчи бўлишгандан буён бунақа чекистлардан озмунчасини кўрдими? Албатта, ўшанда отиб ташлашганда кейинчалик бошига тушган жуда кўп савдолардан уни озод қилган бўлишарди. Аммо Алуштада қўйиб юборишди. Ўшанда кўнгиллилар армиясининг элликтача зобитлари қаторида шароб сақланадиган ертўлада сувсиз, овқатсиз, ҳатто ҳожатга ҳам чиқармай уч ҳафта ушлаб туришган эди. Валерьянов очлик ва ташналикдан кўра ҳам ҳожатга чиқармаганларидан кўпроқ азоб чекди, у нотаниш одамларнинг кўз ўнгида анча вақтгача “катта”сини ҳам, “кичиги”ни ҳам қилолмай юрди — ана ўшанда чекистларнинг ғайри инсоний қиёфасини англаб олди. Улар одам эмас. Агар уларни рисоладаги ақл билан идрок этишнинг иложи бўлса, фақат шундай деб таърифлаш мумкин. Валерьяновнинг туғишган укаси поручик Аркадий Аркадьевич қанақа одамлар билан мулоқотда бўлаётганини тушуниб етмади, шекилли — қизиққонлик қилди, норози бўлди, баҳслашди. Охир-оқибатда эсидан оғиб қолди. Уни итдай отиб ташлашди ва йўл бўйида ўсган сассиқ алафлар ичига улоқтиришди. У эса ҳеч қаерда қаршилик кўрсатмади, норозилик билдирмади, ҳеч ким билан талашиб-тортишмади, имкони борича ўзини ўтдан паст, сувдан тинч тутишга ҳаракат қилди. Асосан шу сабабдан мана — ўлмай тирик қолди. Хўш, оқибатда нимага эришди? Укасининг қисмати унинг ҳам бошига тушди-ку! Фақат, орадан ўн беш йил ўтгандан кейин… Шунақа экан, арзирмиди шунча уринишлар?
Бу орада осмон ёриша бошлади. Йўлнинг икки чеккасида ғира-шира адирлик бағридан дала ва унинг этагидаги бутазор сузиб чиқди. Осмондан майда куз ёмғири гоҳ ёғар, гоҳ тинарди, дала томондан ғарбнинг намхуш шабадаси эса бошлади. Дала йўли адирга олиб боради. Машиналар юравериб, йўдда иккита чуқур ариқча ясаган. Ҳозир улар лойқа сувга тўлиб ётипти. Шаҳарликлар бу йўлдан кўп қатнамайди. Ариқлар ички ишлар халқ комиссарлиги машиналарининг ғилдиракларидан ҳосил бўлган, йўлнинг ўзини ҳам шулар солган. Кўпроқ кечаси қатнашган. Баъзан, кундуз кунлари ҳам юришга тўғри келган. Айниқса, Москвадан текширувчилар босганда… Шаҳар турмасини ошиғич равишда енгиллатиш талаб қилинарди.
Костиковнинг гапларига Валерьянов пинагини бузмагани унга ёқмади.
— Ҳой буржуй! Сенга гапиряпман!
— Эшитяпман,— деди Валерьянов паст овозда.
— Менинг яхшилигим учун қуллуқ қил. Отиб ташламоқчи бўлувдим…
— Раҳмат.
— Шунақа-да! Раҳматни ҳам ўзинг тилаб олишинг керак. Тарбия кўрмаган бир буржуйсан-да!
— Узларининг буржуйлари билан муомала қилишганда жуда ҳам боадаб бўлиб қолишади,— деб гапни илиб кетди Шестак,— оғизларидан “миннатдорман” тушмай қолади.
— Ўзлариникига шунақа қилишади, йўқсулларга қилишмайди,— деб гап қўшди Сурвила. — Йўқсуллар уларнинг душмани.
— Кам отишган-да уларни,— деди Шестак.
— Анчасини отиб ташлашган. Лекин ҳаммасини отиб битириб бўлармиди? Кўпроқ айбларини излашган. Далил-исбот қидиришган. Ўзлари иқрор бўлишини кутишган. Қанча қоғоз исроф бўлди-ю…—деди алам билан Сурвила гўё йиғилиб қолган дардини айтиб йиғлаётгандай.
— Ёзиб нима қилишаркин?.. — ҳайрон бўлди Шестак. —Ахир, аксилинқилобчи “мана ман” деб кўриниб турмайдими? Мана костюми, мана кўйлаги, мана — шапкаси…
— Балки бўйинбоғи ҳам бордир? — деб жилмайди Костиков.
— Ҳа, бор, албатта,—деб паст овозда жавоб берди Валерьянов, — ҳар бир зиёли одамда бўйинбоғ бўлади.
— Отилиши муқаррар бўлса-ю, яна бўйинбоғ боғласа… Бўйинбоғ нима қилиб берарди? Ё турмада ўзини осишга яраб қолармикин?
— Шу билан жазодан қутулиб қоламан дейди-да, — дея луқма ташлади Сурвила. — Бизда бунақа номер ўтмайди. Бизда тартиб қаттиқ!
Ҳе ўша тартибларинг бошларингни есин, деган фикр ўтди Автухнинг кўнглидан. Унинг усти-боши шалаббо, изғириндан суякларигача сирқираб кетганди. Автух уларнинг турли-туман тартиблари билан сўнгги йилларда қишлоқда хўб танишиб улгурган эди. Чаласи билан турмада танишди. Совет ҳокимиятига унинг қаршилиги йўқ эди — у сиёсатга кам қизиқарди. Лекин унинг ери бор ва у ўзининг нонини ўзи топиб ейишни истар эди. Ҳолбуки, унинг ёқасидан олиб, колхозга кирасан дейишади. Колхозга кирса кириб ҳам қўяқоларди. Лекин колхозда қандай хўжалик юритишларини ва бунинг оқибатида нималарга эга бўлишларини хўпам туйиб кўрди. Колхоздаги тартиблар кўз кўриб, қулоқ эшитмаган тартиблар эди. Бунақа тартиблар дунёнинг ҳеч қайси бурчагида бўлмаса керак. Картошка ер бағрида совуқ тушгунича чириб ётаверади. Ёғингарчилик вақтида ўриб олинган ғалла янчилмасдан хирмонда қолиб кетади ва турган жойида қизиб тамом бўлади. Асбоб-аслаҳалар уч йил мобайнида шалағи чиқиб йўқ бўлиб кетишга келди. Аравани тузатадиган, эгар-жабдуқни созлайдиган одам йўқ. Ҳамма ҳосилни давлатга топширишади, ўзларига лоақал уруғликка олиб қолишмайди, апрелдан бошлаб кўк ейишади. Ўрмон ёқасидаги бир шапалоқ ерининг орқасидан у зўр-базўр кунини кўриб келарди, тузукроқ яшашига йўл қўйишмас эдилар. Баҳорда унинг ерини қирқишарди, унга сассиқ алафлар билан қопланган ноқулай бўлакни қолдиришарди ва яна “колхозга кирасан” деб тиқилинч қилишарди. У кирмайман дейди. Шунда ўтлоқни олиб қўйишади, сигирни боқадиган жой қолмайди. Кейин унинг ғарамларини тортиб олишади. Сабабки, колхоз молхона қура бошлаган эмиш, шунга ускуна керак бўлиб қолипти. Буюмларининг ҳаммасини колхоз олиб бориб бир жойга тахлаб қўйди, колхозчилар уларни қиши билан олиб кетиб ўтин қилишди. Яна бошлиқлар келиб дағ-даға қилишди — энди ҳам кирмайсанми колхозга? Шунда улар хутордан катта ерга олиб борадиган йўлни трактор солиб кавлаб ташлашди. Ҳайдалган ердан юриб ўрмондан айланиб, бир-икки чақирим йўл босиб бориладиган бўлиб қолди. Гўё у Польшага қатнаб туради деган мишмишлар шу сабабдан тарқаган бўлса, ажаб эмас. Ҳе-е, сенларнинг гўрларингни шунақа олисдан берсин-а— деб ўйлади алам билан Автух Козел.
Ҳамма нарсасини олиб, шипшийдам қилишди, қирқадиганнинг ҳаммасини қирқиб олишди, хуллас, хонавайрон қилишди. Кейин унинг тойига кўз олайтира бошлашди. Колхоз отлари аллақачон қирчанғига айланиб бўлган эди, уларни роса ишлатишар, лекин ёлчитиб боқишмасди. Автухнинг тойчоғи эса худди сувратдагидек, гижинглаб турар эди. Ўзининг байталидан бўлган бу тойни Автух жуда меҳрини қўйиб парвариш қилар, ҳаттоки уни бўй етиб қолган қизларидан ҳам аъло кўрарди. Баъзан шундай бўлардики, Автух ўтлоқдан аравага ўт босиб келарди, кечгача у шу даражада толиқиб қолардики, тўшагига чиқиб ётишга ҳам ҳоли қолмас эди. Бунинг ажабланадиган жойи йўқ — ҳар қайси тепаликда елкаси билан аравани суяйди, уни итариб, гўё отига ёрдам берган бўлади. Рост, тойчоғи ҳам эгасининг аҳволини яхши фаҳмлаётганга ўхшарди, у ҳаракат қилар, ҳали камқувват оёқларининг томирлари кўпчиб кетгудек бўлар, ўтни қанча ортса ҳам аравани тортаверарди. Шунақа отни колхозга топшириб, ҳамманинг мулкига айлантириб бўларканми? Бир ёзнинг ўзида уни ишдан чиқариб, ҳаром ўддиришарди. Йўқ, тойни ўғирлаб кетишди. Кечқурун уни отхонасига олиб бориб, оёқларига арқон солди, лекин кишан урмади — кун бўйи ҳаракат қилиб ҳориган оёқларга раҳми келди. Ким ўғирлаганини Автух дарҳол фаҳмлади. Нимаси бор, буни қишлоқ аҳлининг ҳаммаси биларди. Қишлоқда фақат битта ўғри бор эди. У Автухдан олдин ҳам одамларнинг молларини ўғирлаб юрган. Автух районга югурди, милицияга, прокурорга учради. Ҳеч нарса чиқмади. Ҳаммалари индамай қулоқ солишди, дардига ҳамдард бўлгандай бўлишди, лекин қидиришни хаёлларига ҳам келтиришмади. Автухнинг ўзи ўғри ким эканини кўрсатиб берганини ҳам инобатга олишмади. Асосли далил керак дейишди, далил эса йўқ. Аммо Болозев отларни ўғирлаб, полесъелик лўлиларга пуллаб юриши кўпдан бери одамларга маълум бўлса, яна қанақа исботу далил керак? Йўқ, бу гап кетмас экан. Далил-исбот бўлиши керак экан. Тартиб шунақа экан.
Унда жуда асосли далиллар зарур бўлганди, бу ишда эса, умуман, ҳеч қанақа далил-исботсиз ҳам бўлаверар экан. Автух ҳеч қачон чегарадан ўтишни хаёлига ҳам келтирган эмас. Польшада нима қилади у? Пишириб қўйиптими? Булар бўлса боргансан дейишади. Гўё бирор марта уни Польшада ушлаб олишгандай. Ёки уни биров кўргани бордай. Шундоқ бўлса ҳам, боргансан деб ёзишди, вассалом. Бўйнингга оласан!
У аҳмоқ ҳам анави партия аъзосининг гапига кириб, бўйнига олиб ўтирипти-я! Айтган қоғозларига қўл қўйиб берди. Шундай қилса, яхши бўлади деб ўйловди. Йўқ, бундай бўлмади, аксинса, тескариси бўлди. Энди узил-кесил ишнинг пачаваси чиқци, шекилли, Поляк жосуси бўлиб қолди. Ўзига ҳам, қизларига ҳам яхши совға бўлди. Бир умрларига татийди.
— Ҳа, большевикча тартиб! — дея маъқуллади Шестак.— Сичқон ҳам ўтолмайди.
— Сен унингни ўчириб ўтирсанг-чи! — дея қўққисдан унинг гагшни чўрт кесди Костиков. — Сенга тушиб қолган гап борми, сотқин?
— Менми? — деб бўзариб кетди Шестак.
— Ҳа, сен, сен, — дея равон оҳангда такрорлади комендант ёрдамчиси ва Валерьянов томонга бош ирғади. — Манави сотқин эмас, чунки у ошкора душман. Оқ офицер. Яна нима бало. Сен бўлсанг, ваъдани бизга бериб, ишратни бошқалар билан қиласан.
— Мен бошқалар билан ишрат қилмаганман. Мен ўзимизникилар билан…— деб қизишди Шестак.— Мен партияга хизмат қилганман. Мен большевикман. Мени бу ерга қамаганлари… хатолик бўлган…
— Бўпти,— деб қўл силқди Костиков. — Тагига етишади.
Кандай қилиб тагига етишаркин — Шестак буни тушуна олмади. Ким тагига етади? Качон? Умуман, бу нима дегани? Чекистнинг гапи жуда-жуда мужмал эди, аммо шу мужмалликда чўкаётган одамга хизмат қиладиган сомон парчадек алланечук халос этувчи маъно бор эди. Борди-ю ҳали чинданам бирор илинж бўлса-я? Шестак шуни ўйлаб, бир кайфиятда, бироқ юрагида жиндай умид пайдо қилиб, яширин алам билан бир чеккага чиқци. Комендант ёрдамчисининг ёнига Сурвила келди.
— Ҳой, менга қара, — деди у яқин турганлар эшитмасин учун овозини пастлатиб. — Мени ҳамми?
— Сени ҳам,— деди Костиков унга чақнаган кўзларини тикиб. Сурвиланинг гўштдор башарасида таажжуб ифодаси пайдо бўлди.
— Манавилар билан бирга-я?
— Бу ёғини кўрамиз, — деди чекист бир неча муддат индамай тургач. Кейин собиқ ҳамкасабасининг бўғриқиб кетган юзига папирос тутунини пуфлади.
Костиковнинг бу мужмал гапи Сурвиланинг юрагида ҳам ночоргина умид учқунини ёқди. Албатта, яқин-яқинларда ҳамкасаба бўлиб юрган одам ҳукмни ижро этмасликка журъат қилади деган ўйни Сурвила хаёлига ҳам келтира олмас эди. Буни қўйинг, у ҳатто буйруқни бажаришда жиндай енгилликка ҳам йўл қўя олмайди. Лекин шундоқ бўлса ҳам — у жиндай юмшаши мумкин-ку? Ҳукмни сал юмшоқроқ ижро этса ҳам бўлади-ку! Ахир, ўзининг одамига — чекистга имкони борича бир оз ён босса ҳеч нарса қилмас. У маҳкум бўлса-да, барибир одам-ку? Ахир, унинг гуноҳи ҳар қанча оғир бўлмасин, манави халқ душманларининг гуноҳи билан қиёслаб бўладими? Ахир, Сурвила отиб ташлаганларидан кейин ҳам Дзержинский армиясининг садоқатли солдати бўлиб қолаверади. Ори рост, у ҳам анча-мунча хатоликларга йўл қўйган. Уларнинг кўпчилиги тажрибасининг камлиги ва ўқимаган бир оми бўлгани учун рўй берган. Бир ёш толиба қиз билан шунақа бўлганди. Уни отиб ташлашга тўғри келганди. Ўшанда у ҳали ёш эди. Қизалоқ ҳам бир қарашда жонни олар даражада дилбар эди — нимжонгина, келишгангина, истараси иссиқ, бетининг ярми кўздан иборат. Шу кўзларга қаради-ю, Сурвиланинг ихтиёри қўлдан кетди, қизни отишга юраги бетламади. У тегмайдиган қилиб отди. Ўқ қулоғининг ёнидан ўтиб кетди. Лекин қиз, бари бир, ҳандаққа қулаб тушди — афтидан, қўрққанидан ҳушидан кетиб қолган бўлса керак. Қиз йиқилганича шу хандақда бошқа жасадларнинг тагида қолди. Буни ҳеч ким пайқагани йўқ. Кейин ҳам ҳеч ким ҳеч қачон унинг қилғилиғидан хабар топгани йўқ. Лекин барибир Сурвила анча вақтгача ўзини гуноҳкор ҳис қилиб юрди, чунки тушундики, қиз боланинг жозибасига дош беролмади, қаршисида фош қилинган маккор душман турганини унутиб қўйди. У ўзининг бу хатосини бир умрга эслаб қолди, эҳтимолки, шунинг учундир, бутун умри давомида бўйнидаги юмушларни керагидан ортиқ ўринлатиб бажаришга ҳаракат қилди. Унинг ҳаракати самарасини берди. Анча вақт ўтгач, тергов бўлимида ишлаб юрган кезларида ярим йил учун энг юксак кўрсаткичга эришди — 127 кишига олий жазони ёпиштирди. Ўшанда унинг суврати йил охиригача бошқарманинг Ҳурмат тахтасида осиғлиқ турган эди.
Энди бўлса, мана —унинг ўзини…
Улар ҳордиқ чиқариб, нафасларини ростлаб улгурмай, шаҳардан келадиган йўдда машина пайдо бўлди — у ҳам усти ёпилган, каттакон юк машинаси бўлиб, ўйдим-чуқурларда сакраб-сакраб чайқалиб келарди. Машина яқин келиб тўхтади. Ундан шинел кийган учта ўқчи аскар тушди ва қўлларидаги милтиқни ўқталиб, маҳкумлар гуруҳига ёпирилишди.
— Оставить!— деб хотиржам команда берди Костиков.— Ҳаммаси жойида. Шофёрлар тунука идишдаги бензинни машинага қуя бошлашди, маҳкумларни эса Костиков яна кузовга жойлади. Кузовда уларни уйқусираган Зайковский ранжиб қарши одди.
— Ухлагани ҳам қўймадинглар…
— Ҳали кўп ухлайсан,—деди Сурвила, — зах ер бағрида…
— Ҳе-е, жин урсин. Бунақа ҳаётдан кўра, — деб сўкинди безори ва кузов устига узун гавдаси билан кўндаланг чўзилди.
Улар яна уйдим-чуқур лой йўлдан ўрмалагандай кетиб боришар, орқаларидан эса иккинчи машина секин келарди. Лекин ҳаммалари чўзилиб кетган бу саёҳатлари охирлаб бораётганини ҳис қилишарди. Уларнинг ҳар қайсиси сафар охирида рўй берадиган мудҳиш воқеа ҳақида унча ўйламасликка ҳаракат қилар, лекин ўйламасликнинг иложи йўқ эди. Феликс Яшин суд бўлган кундан бери уни қанақа қилиб отиб ташлашларини кўз олдига келтиришга уринарди. Отишнинг аниқ тартиб-қоидаларини у, албатта, билмас эди, аммо эслайди. Ўқчилар қатор саф тортиб туришади, найзали милтиқлар ғишт девор тагидаги қурбонларга ўқталинган. Курбонлар оқ кўйлақда, ҳар бирининг кўкси ифтихор билан тоғдай кўтарилган. Уқчилар баравар ўқ узади. Милтиқларнинг оғзидан енгилгина кўкиш тутун кўтарилади, қурбонлар Тъер жаллодларига лаънатлар ёғдиради. Чиройлик! Хўш, бу ерда-чи? Қани улар учун саф тортган ўқчилар? Анави машинада ўтирган аскар йигитларнинг учта милтиғи-ю, комендант ёрдамчисининг битта тўппончаси чиройли қилиб бирваракай ўқ чиқариш учун камлик қилса керак, албатта. “Лаънат!” деб кимлар ҳайқираркин? Феликсга қолса, у сира ҳам қичқирмайди, унга деса жаллодлари ҳам, қурбонлари ҳам қўшмозор бўлмайдими! У ерда — турмада ва терговда. Автухдан деҳқонча фаҳмсизлиги учун қаттиқ ўпкалаган эди. Бироқ кейин маълум бўлдики, унинг ҳамқишлоғидан юз чандон ўтиб кетадиган нусхалар ҳам бор экан. Лоақал анави Шестакни олайлик. У билан Феликс камерада бир неча марта суҳбатлашган, адабиёт ҳақида унга нималардир деб гапирган. Шестакка ўхшаганлар камерада биттамиди? Яхши ҳамки, улар билан бирга Сурвила ўтиргани йўқ. Уни алоҳида камерада сақлашган бўлишса керак-да. Чекистларнинг камералари ҳам бошқа. Ҳаётда ҳам уларнинг ҳамма нарсаси бошқа-ку! Фақат у — шоиргина оддий халқ билан бирга, шодликсиз ғам-ғуссалари билан бирга. Феликс Яшин неча марталаб пушмон еди — нега энди адабиётга меҳр қўйди? Нега ўқиди? Нега шоир бўлмоқни ҳавас қилди? Ундан кўра саводсиз ўтгани минг бор яхши эмасмиди? Унинг укаси тўрт синфни битирган. Колхозда ишлайди. Китобсиз, шеърсиз ҳам кунини кўриб юрибди-ку! Китобсиз ўлиб қолаётгани йўқ.
Ундоқ деса Автух амаки ҳам шеър ёзган эмас, ёзиш бир ёқца турсин, умрида шеър ўқимаган ҳам бўлса керак. Шундай бўлса-да, энди уларнинг жасади бир чуқурда ёнма-ён. Шунақа бўлгандан кейин ҳаётда нима қилганингни ўзинг топиб олавер.
Бу пайтда Автухнинг фикрлари машинадан, ўнқир-чўнқир йўлдан ва ҳатто орадан кўп ўтмай шаҳар ёнидаги ўрмон даҳанасида уни муқаррар тарзда қарши оладиган қисматдан ҳам олисда эди. Автух ҳозир ҳам ўзига одат бўлиб қолганидек бутун фикри-зикрини ҳамиша — эркин юрганида ҳам, турмада ҳам ва ҳатто ўлим сари олиб кетаётган сўнгги йўлда ҳам банд қилиб келган энг муҳим нарса тўғрисида ўйларди. Афсуслар бўлсинки, булар бефойда ўйлар эди, чунки бу ўйлар ўтмишга қаратилган эди. Ўтмишни эса на қайтариб бўлади, на ундаги бирон нарсани ўзгартириш имкони бор. Ўрмон ёқасидаги жилға бўйида бир неча ариқ картошка кавланмай қолиб кетди. Куз ёмғирлари босиб ёғиб берса борми! Унда у ерларга кириб бўлмай қолади. Хотини уловсиз фақат белкурак билан қандай эплайди? Кеч қолса, совуқ уриб кетади, картошка нобуд бўлади. Кишда нима ейсан? Рост, ҳозир ейдиган оғизлар камайиб қолган, лекин ишлайдиган азаматлар ҳам камайган-да! Энг муҳими эса, хўжалик эгасиз қолди — унинг ўрнини бешта ишлайдиган азамат ҳам босолмайди.
Машинанинг кузови бир ёнга оғди, кейин кабина кўтарилиб кетди. Машина аллақандай дўнгликдан ошиб ўтиб, тўхтади. Зайковский ғаши келиб ним қоронғилиқда ўрнидан турди-да, кейин яна ўтирди. Афтидан, қандайдир янги бир нарсани ҳис қилди, шекилли, сўкинмади. Бошқалар ҳам индамай ғуж бўлиб олишди — улар ниманидир кутишарди. Эшикни ҳали очишганича йўқ, уларни ташқарига чиқаришмаяпти. Ташқарида соқчилар ғўнғир-ғўнғир ниманидир гаплашишяпти, кимдир қайгадир югуриб кетди. Афтидан тайёргарлик кўришмоқда эди.
Ниҳоят, тақир-туқур қилиб эшик ланг очилди. Машина бир ёнга анча-мунча оғганича қарағай ниҳоллари ўсган жойда турарди.
— Қани, чиқ! Биттадан!
Лекин ҳеч ким ўрнидан қўзғолмади, бир лаҳза гўё ҳамма гунг бўлиб қолганди. Бироқ орадан кўп ўтмай Костиковнинг табассумли башараси кўринди. У гапни таҳдидли тарзда сўкинишдан бошлади.
— Нима, алоҳида таклифни кутяпсанларми? Ҳой, сен! — деб кузовда биринчи кўзи тушган одамга ўқрайди. Бу Автух эди. — Қани, туш бу ёққа!
Автухнинг юраги аламдан ўртаниб кетди — нега энди у биринчи бўлар экан? Нима, бу ердагиларнинг ичида энг катта душманми? Ундан каттароқ душманлар ҳам бордир?.. Аммо илож қанча? Комендант ёрдамчиси кутиб турипти. У бесўнақай тарзда машинадан тушди.
Рўпарасида тонгги енгил туман ичида қарағай ниҳоллари мудраётгандай сокин турарди. Уларнинг орасида эса диққат-эътиборини бир нуқтага жамлаб, навқирон қизил аскарлар қотиб туришипти. Бир оз чеккароқда пастлиқда қумлоқ адир сарғайиб кўриняпти. Ҳаммаси равшан эди…
— Қани! Олға!
Тушуниб бўлмайдиган қаҳру-ғазаб билан Костиков Автухнинг елкасига туртди. Автух эса, оёғи ҳўл майсага чалишиб қолиб, йиқилиб тушли. Кўкрагида юраги қинидан чиқиб кетай деб гурс-гурс урарди. Ўзининг беўхшов, фақирона қиёфаси учун жуда хўрлиги келиб кетди, қаттиқ алам қилди — айниқса, ундан кўзини олмай тикилиб турган ҳарбий кийимдаги навқирон, саришта йигитлар қаршисида хижолатдан ерга кириб кетай деди. Каловланиб ўрнидан турди-да, тўсатдан қалбини ўртай бошлаган аламни енга-енга, чуқур томон ночоргина қадам ташлади.
— Бўпти, чўқиниб ол, — деди Костиков паст овозда, деярлик дўстона оҳангда. Улгурмай қолишдан қўрққан Автух православларга хос тарзда ўнгдан чапга қараб шоша-пиша чўқинди. Чориғи юмшоқ тупроққа тегди. Тупроқ шувиллаб чуқурга тўкилди. Автух вақтидан олдин чуқурга қулаб тушмай деб қўрқиб кетди. Боши айланди, кўнгли беҳузур бўлди. У кўзларини юмганича кута бошлади. Тезроқ бўлақолса гўрга эди…
— Қўрқадиган жойи йўқ, — деди аввалгидек дўстона оҳангда чекист. Тўппончасининг затворини шиқирлатиб, ўқдонга биринчи ўқни жойлади. Автух эндигана қазилган чуқурга қарашга улгурган ҳам эдики, орқасида боши устида ўқ пақиллади. Чуқурнинг ўзи Автух сари ташланди — унга бағрини тутди.
— Ана! Биттаси бўлди! — деди комендант ёрдамчиси бардам овозда. У машинага ўгирилди. Унинг чекистлик иши бошланган эди. У бу ишни эпчиллик билан ўрнига қўйиб бажарарди. Ҳар доимгидек яна машинада ҳамма тахта бўлиб қолди. Гўё энди кимни чақирар экан дея кутиб, биқиниб олишгандай. Комендант ёрдамчиси кўриб қолдими ё эсладими — машинанинг орқа томонига қапишиб, индамай турган Зайковскийни чорлади.
— Ҳой сен, безори!
Зайковский бир лаҳза кутиб, ўрнидан турди, қатъият билан эшик томон юрди-да, машинадан сакраб тушди.
— Қўлингни орқага! Орқага!
— Қандай орқага қиламан. Мана, синган, кўрмаяпсанми?
— Ҳозир иккинчи қўлинпш ҳам синдираман! — деб унинг енгига ёпишди Костиков. Аммо Зайковский чап бериб қолди.
— Тегма! Сенга отиш буюрилганми — отавер. Лекин қўлингни теккизма!
— Вой сен безори-ей!
— Мен безори эмасман.Мен сиёсийман. Ҳамманг қўшилиб ҳам менчалик бўлолмайсан.
— Шунақами?
— Шунақа.
— Хўп, кетдик, бўлмаса! — деди хотиржамгина Костиков тўппончаси билан чуқур томонга ишора қилиб. Яқин ўртада турган жангчилар найзаларини кўтаришди. Афтидан, бунақа даҳанаки жангни улар бу ерда камдан-кам кўришарди.
— Менга қара, билиб қўй,— деб бирдан тўхтади Зайковский. Костиков ҳам тўхтади.— Агар сенинг ўзингаи отадиган бўлишса, бу чуқурда отишмасин. Ҳамма еқни саситиб юборасан.
— Вой ифлос-ей! — ғазабланди комендант ёрдамчиси ва Зайковскийнинг кўкрагига қараб ўқ узди — бир эмас, уч марта отди. У чуқурга етиб Гормай, қулади, унинг гавдаси тагида бир зумда қонли кўлмак ҳосил бўлди.
— Менга дўқ қилади-я! Кўрсатиб қўяман дўқингни! — Костиков сира ўзини босиб ололмади.
Афтидан, отиб ташланган маҳбуснинг заҳарли гаплари чекистга қаттиқ ботганди. У жиноятчининг гавдаси жон талвасасида силкинаётганини кузатиб, яна бир неча дақиқа тўппончасини ўқталиб турди. Бир ёнга ташланган соғ қўли билан Зайковский ҳўл майсани чангаллаб олган, аммо уни узиб олишга ҳоли йўқ эди. Бармоқлар кучдан қолиб бўшашди.
Аввалига Костиков хотиржам эди, буткул ишчанлик кайфиятида эди. Энди сезиларли даражада кайфияти бузила бошлади. Ҳукмларни ижро этишнинг одатдаги жараёни издан чиқа бошлади. Бунга асосий айбдор москвалик безори эди. Ўзларининг, яъни белорус халқ душманлари билан ҳеч қачон ортиқча чалкашликлар чиқмас эди. Белоруслар ҳамма вақт итоаткор бўлишган, хандақ олдида ўзларини осойишта тутганлар, интизомга бўйсунганлар. Турма, узоқ давом этган тергов, суд уларни узил-кесил синдирган. Ана шунақаларни отсанг маза қиласан-да! Рост, баъзи бирлар (айниқса, партия аъзолари) ўлим олдидан ўзлари кўниккан шиорларни айтиб қичқиришади: “Яшасин ўртоқ Сталин!” Ё “комунизм”… Баъзилар ҳатто “Яшасин жаҳон инқилоби!” дейди. Костиков бунақа хитобларга ўрганиб қолган, индамайди. Майли, яшаса яшайверсин. Шундай дерди-да, навбатдаги эгилган бошга қараб ўқини узаверар эди. Унинг кўз ўнгидан қанчадан-қанча бўйинлар ўтмади — уларнинг баъзилари қора ё малла, силлиқ ё сержун, туклари оқарган ёхуд тақир. Лекин уларнинг биронтаси Костиковни ҳақорат қилган ёхуд ҳадди сиғиб сўккан эмас. Сиёсий жиҳатдан онгли бўлишган-да, азаматлар. Манави зоти паст ҳаромзода бўлса…
— Бир йўла икки кишидан чиқларинг! — деб ғижиниб буйруқ берди Костиков машина ёнида. — Сен — оқгвардиячи ва сен — икки пуллик шоир! Тезроқ!
Феликс Яшин итоаткорлик билан машинадан сакраб тушиб, шеригини кутиб турди. Валерьянов кучдан қолгани учун кузовдан бесўнақай тушди — қорнига ўгирилиб, оёқларини ерга чўзди. Кейин бармоқларининг асабий ҳаракатлари билан пальтосининг тугмаларини қадай бошлади. Дуся бир амаллаб тирик қолиши мумкиндир деган ўй келди унга қўққисдан. Хотинининг йўқсуллар табақасидан экани наҳотки асқотиб қолмаса? Болалари ҳам тирик қолишса ажаб эмас. Майли, етим-есир бўлишса ҳам. Бекорга ўлиб кетгандан кўра яхши-ку!.. Ҳар нима бўлганда ҳам, барибир, ҳаёт ширин-да!..
Қизил аскар Зайковскийнинг тинчиб қолган жасадини чуқурга судраб туширди. Адир устидаги юмшоқ қумлоқни уларнинг этиклари анча топтаб қўйган, шу важдан ҳандақнинг лаби олдидаги энсизгина майдонча анча қулай бўлиб қолганди. Валерьянов тиз чўкиб, уч бора чўқинди-да, қимир этмай қотиб қолди. У ўзининг мудҳиш қисматини — кўпдан кутилган интиҳосини қарши олишга тайёр эди. Ибодат қилиб олмоқчи бўлди-ю, лекин улгурмайман деб ўйлади. Феликс Яшин паришонхотирлик билан унинг ёнига ўрнашди. Унга нимадир ҳалақит бермоқца эди, Валерьянов пастга қараб, хандақнинг унча чуқур эмаслигини кўнглидан ўтказган ҳам эдики, орқа томондан кетма-кет янграган икки ўқ уларнинг икковини хандаққа қулатди.
Машинада икки киши — Шестак билан Сурвила қолган эди.
— Сотқин, қани чиқ!
Машина кузовининг эшигида Шестакнинг бўзарган юзи кўринди. Соқоли бир неча кундан бери қирилмаганидан патакланиб кетганди.
— Менга айтяпсанми?
— Ҳа, сенга. Сенга! Қани, туш.
— Мен сотқин эмасман. Боя айтувдим-ку! Бу — англашмовчилик. Хато!
— Қанақасига хато бўларкан? — дея жон-пони чиқиб кетди Костиковнинг.— Ҳаммаси хатга тушган, имзолар чекилган. Қани, қадамлаб марш!
Ранги ўчган, ўзини йўқотиб қўйган Шестак машинадан сакраб тушди-да, оғзини калпа-каппа очиб, қурт еган, ярми синган тишларини кўрсатиб эснай бошлади.
— Мен, ахир… Мен, ахир… Мени отиб бўлмайди! Мен партия аъзосиман! Бундай гапларни ёки шунга ўхшаш илтижоларни Костиков хандақ тепасида кўп эшитган эди. Айниқса, партия аъзолари отилиш олдидан кўп тавалло қилишарди. Бундай ҳолларда Костиков синалган далилини ишга солар ва бу далил ҳамиша бехато амал қиларди.
— Агар сен партия аъзоси бўлсанг, нима бўқ еб органларга қаршилик кўрсатяпсан?
— Менми? Мен… кўрсатаётганим йўқ…
— Марш ундоқ бўлса! Хандаққа жўна! Ёрдам берайми?
Шестак худди мастга ўхшаб гандираклаб хандаққа жўнади. Аммо топталган қумлоққа етиб боргач, яна тўхтади:
— Тўғри иш бўлмаяпти-да…
— Ҳаммаси тўғри! — деди комендант ёрдамчиси ва унинг бўйнига ўқ узди. Шестакнинг қоқ суяк гавдаси хандаққа — ундан аввал қулаган жасадлар ёнига йиқилди.
Костиков машинанинг ёнига қайтиб келганида Сурвила қисматига тан берган ҳолда уни кугиб турарди. Маҳкумнинг шишинқираган башараси буткул кўкариб кеттан эди — бунақа кечинмаларга дош беролмагани шундоқ сезилиб турарди.
— Нима, мени ҳам шу ёққами? — деб сўради у нигоҳини қумлоқ адирга тикиб.
— Қаёққа бўлмаса? Менинг алоҳида хандақим йўқ.
— Кавла.
— Бир камим шу қолган эди.
— Ўзим кавлай қолай, бўлмаса.
— Майли, кавлай қол! — деб рози бўлди Костиков бир оз ўйланиб.
— Қаердан кавлай?
— Қаердан бўларди? Манави ердан кавлай қол. Бўла қол, тезроқ. Сурвила шоша-пиша, асабий бир ҳолатда майса аралаш юмшоқ қумни теварагига сочиб кавлай бошлади. У кавлаётган чуқурининг бежирим бўлишини хаёлига ҳам келтиргани йўқ. Шунинг учун хандақ тўрт бурчак бўлиш ўрнига деярлик доира шаклида чиқди. Қарағайзор ичи унчалик совуқ эмас эди. Сурвила бир дақиқа кавлашдан тўхтаб, уринқираниб қолган жигарранг чарм камзулини ечди-да, Костиковнинг оёғи остига ташлади.
— Ма, ол. Бекор кетмасин.
Комендант ёрдамчиси лой чапланган хром этиги билан тепиб, чарм камзулни нарироққа улоқтирди. Сурвила ялиниб ўтирмади, хоҳламаса-хоҳламас. Унинг ўзига ҳам ҳеч нарса керак эмас. Манави алоҳида гўрдан бошқа. Органлар томонидан фош қилинган душманлар билан бирга ётгандан кўра бу ерда бир ўзи ётгани маъқулроқ бўлар. Лекин шундоқ бўлса-да…
— Нима важдан-а? Органнинг ҳалол ходимини-а? Нима жиноят қилдим? Бегуноҳ душманни маҳв этдимми? Э-э, уларни минглаб ўлдирсанг ҳам оз. Зарбдор ишим учун мени тўрт марта мукофотлашган. Ҳаммаси беҳуда бўлиб чиқдими? Душманни аяшади-ю, ўзиникини, садоқатли одамни аяшмайди.
— Бўпти, бас қил,— деб қичқирди хуноб бўлиб Костиков. — Жим турсанг-чи, бир пас.
— Мен жим турганман. Бутун умрим мобайнида жим турганман. Сенга ўхшаб.
— Жим бўлиб, чуқурингни кавласанг-чи…
— Йўқ, бекорларни айтибсан. Энди гапираман. Мана, сени олайлик. Соғ қоламан деб ўйлайсанми? Садоқатингни пеш қилиб қутулиб қолмоқчимисан? Йўқ! Сенга ҳам навбат келади.
— Жим бўл!!!
— Йўқ! Гапираман. Биз бир банкага солинган ўргумчаклармиз. Ўртоқ Сталин хабар топиб қолса борми?..
Ана шу гап ортиқча бўлди. Уларнинг ён-верида соқчи қизил аскарлар милтиқларини ўқталиб, қулоқларини динг қилиб туришипти. Ҳамма гапни эшитяпти улар. Юраги така-пука бўлиб, машина олдида шофёр ҳам индамай тик турипти. Ҳаммалари лол қолиб таниш чекистга тикилиб қараб туришипти. У ўзига гўр қазиб, қаёқцаги гапларни гапиряпти. Костиков тўппончасини кўтариб, мўлжаллаб ўтирмай, икки марта ўқ узди. Сурвила белкуракни қўлидан чиқариб юбориб икки букилди-да, кавланган чуқурга ёнбоши билан тушди.
— От яна… Қутулай…— дея зўрға сўради у.
Костиков бунақа илтимосни рад этолмасди. Бир қадам ташлади-да, Сурвиланинг бошига ўқ узди. Майсага ва қум устига миянинг қатиғи сачради.
— Олиб бориб бошқаларнинг ёнига ташланг, — деб буюрди Костиков қизил аскарларга.
Узун милтиқларини елкага илиб қизил аскарлар собиқ чекистнинг иккала қўлидан ушлаб, хандаққа судрашди. Костиков машинадан нари кетди. Қарағайзорда сукунат ҳукм сурарди. Ҳаво ёришиб кетди, қарағайларнинг устида паға-паға оқ булутлар қаёққадир аста сузиб кетяпти.
Бу лаънати тун Костиковнинг бор кучини суғуриб олди. У ҳар доим отишларга бамайлихотир қарашга, ўзини бир текис тутишга ҳаракат қиларди. Бир қараганда, ишнинг оғирлиги йўқ, лекин ҳар куни бир хил, бир хил, бир хил. Маҳкумларни қўйдай босиб келаверишади, босиб келаверишади… Ахир, қачон тамом бўлади бу? Костиков яланглик билан адирдаги қарағайзор орасига нигоҳ ташлади — кузда бу ерлар ҳам хандаққа тўлиб кетади, албатта. Ҳеч ажаб эмас-ки, уларнинг орасида унинг ҳам гўри бўлса…
Бу ҳаётда ҳамма нарса жуда осон…
Озод Шарафиддинов таржимаси
«Дружба народов» журналининг 1997 йил, 11-сонидан олиб, таржима қилинди.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 1998 йил, 3-сон