Умберто Эко. Қадрдон набирам, ўқиб ёд ол!

Қадрдон набирам!

Мен, рождество муносабати билан ёзилган ушбу мактубимни Де Амичис[1] кайфиятидаги сингари ўта насиҳатомуз тарзда яқинларимизга ҳамда шу каби яна бошқа нарсаларга зўраки муҳаббат уйғотсин деб йўллаётганим йўқ. Сен буни эшитиб ҳам ўтирмас эдинг (сен энди катта бўлдинг, мен эса анча қариб қолдим). Чунки эндиликда қадриятлар тизими шу қадар ўзгардики, ўгитларим ўринсиз туюлиши мумкин.

Алқисса, ҳозир планшетингдан фойдаланаётган кезларинг сенга амалда асқотиб қоладиган биттагина маслаҳат бермоқчиман. Мен сенга мияси айниган қарияга ўхшаб кўринишдан чўчиётганим учун бу маслаҳатни бераётганим йўқ. Мен, ахир, ўзим ҳам ундан фойдаланаман. Ҳар ҳолда, сенга инсонлар билан инсонлар, одамлар билан ҳайвонлар ўртасидаги шаҳвоний ўйинларни намойиш этувчи юзлаб порнографик сайтларга эътиборингни қаратмасликни маслаҳат бера оламан. Ишқий муносабатлар бунақанги хийла бир зайлдаги ҳаракатлардан иборатлигига ишонма! Бундай саҳналар сени ҳаётдаги мавжуд қизлар олдига бориб танишишдан кўра, атайлаб уйда тутиб туриш учун ўйлаб чиқарилган. Тахминимча, сен ҳақиқий йигит бўлиб улғайдинг, аксинча бўлса, менинг тавсияларимни ўз ҳолатингга илова сифатида қабул қил, лекин мактаб ёки ўйин майдончаларидаги қизларга назар сол, негаки улар телеперсонажлардан яхшироқ ва пайти келиб сенга “online” қизлардан кўра кўпроқ қувонч бахш эта оладилар. Сўзларимга ишон, чунки менинг тажрибам катта (агарда мен компьютердаги бу шаҳвоний ўйинларни кузатиб вақт ўтказганимда эди, отанг ҳеч қачон туғилмас ва сен ҳам ҳозир ёруғ дунёда бўлмас эдинг).

Бироқ мен сен билан бу ҳақда эмас, балки тенгқурларинг ва ҳозир университетларда таҳсил олаётган сендан аввалги авлодни шикастлашга улгурган бир касаллик ҳақида гаплашмоқчиман. Мен хотирани йўқотиш ҳақида гапиряпман.

Чиндан ҳам, агар сен Буюк Карл кимлигини ёки Куала-Лумпур қаерда жойлашганлигини билмоқчи бўлсанг, шу заҳоти тугмачани босишинг ва барчасини интернетдан аниқлашинг мумкин. Зарурати бўлса, шундай қил, аммо керакли маълумотни олгач, қачонки, масалан, мактабда шу билимлар сенга зарур бўлганда, қайта қидириб ўтирмаслик учун, унинг маъносини ёдда сақла! Энг ёмони шуки, хоҳлаган пайтингда саволингга компьютер орқали жавоб олишга бўлган ишонч сенда ахборотни эсда сақлаш истагини сўндиради. Бунга қуйидагича муқояса келтирса бўлади: шошилганда бир кўчадан бошқасига автобус ёки метрода етиб олиш мумкинлигини англаган киши эндиликда яёв юрмасам ҳам бўлаверади, деган қарорга келади. Аммо пиёда юрмас экансан, сен ногиронлар аравачасида юрадиган одамга айланасан. Эй, айтганча, сен спорт билан шуғулланасан ва танангни бошқара оласан-а, бироқ, кел, сенинг миянгга қайтамиз.

Хотира худди оёқларинг мушакларига ўхшайди. Машқ қилмай қўйсанг, улар шалвираб қолади ва сен (дангал гаплашайлик) овсарга айланасан. Бундан ташқари, биз барчамиз кексарганимизда Альцгеймер[2] касаллиги билан оғриш хавфидан холи эмасмиз ва бундай кўнгилсизликнинг олдини олишнинг йўлларидан бири ҳамиша хотирамизни машқ қилдиришдир.

Мана, менинг йўсиним. Ҳар куни эрталаб, худди болаликда бизни мажбурлашганидек, бирорта қисқагина шеърни ёд ол. Ўртоқларинг билан кимнинг хотираси кучли эканлиги бўйича мусобақа уюштиришларинг мумкин. Агар шеъриятга майлинг йўқ эса, унда футбол жамоаларининг таркибини эсда сақлашга уриниб кўр, лекин сен нафақат Рим клубининг ҳозирги ўйинчиларини, балки жамоанинг аввалги таркибини ҳам билишинг шарт (ўйлаб кўргин-а, мен Суперга тепалигида ҳалокатга учраган самолёт бортидаги Турин жамоаси ўйинчиларининг исмларини ёд биламан: Бачигалупо, Балларин, Марозо ва бошқалар). Ўқилган китобларнинг мазмунини ким яхши эслай олиши бўйича беллашинглар (хазиналар оролини қидиришга отланган “Испанъол” кемаси бортида кимлар бўлган? Лорд Трелони, капитан Смоллетт, доктор Ливси, Жон Силвер, Жим…). Ўртоқларинг уч мушкетёрлар ва д’Артаньян хизматкорларининг исмларини (Гримо, Базен, Мушкетон ва Планше) эслай оладиларми-йўқми, ойдинлаштир… Мабодо, “Уч мушкетёрлар”ни ўқишни хоҳламасанг (гарчи бу билан нимани бой бераётганингни билмасанг-да), унда ўзинг ўқиган бирорта китобдан баҳс оч.

Бу сенга ўйиндек туюлади, аслида ҳам бу бир ўйин холос, аммо кўрасан, миянг персонажлар, афсоналар ва турли эсдаликларга тўлади. Нимага қачонлардир компьютерни электрон мия деб аташганлигини сўрайсан. Шунинг учунки, у миямизнинг нусхаси сифатида ўйланган, бироқ инсон миясининг алоқалари компьютерникидан чандон ортиқ. Мия – бу шундай компьютер-ки, у ҳамиша сен билан, унинг имкониятлари машқлар натижасида кенгая боради, столинг устидаги компьютернинг эса давомли фойдаланишдан сўнг тезлиги пасаяди ва бир неча йилдан сўнг бошқасига алмаштиришни талаб этади. Миянг эса сенга 90 ёшгача хизмат қилиши ва машқ қилдириб турсанг, тўқсондан кейин ҳам ҳозиргидан кўп нарсани эслай олишинг мумкин. Устига-устак, у текин ҳам.

Бундан ташқари ҳаётингдаги воқеа-ҳодисалар ёки сен ўқиган нарсалар билан боғлиқ бўлмаган тарихий хотира ҳам бор. У сен туғилгунга қадар юз берган воқеаларни ўзида сақлайди.

Бугунги кунда, агар сен кинотеатрга бормоқчи бўлсанг, фильм бошланишига келишинг шарт. Кино бошлангач эса, худди нима юз бераётганини сенга изоҳлаб беришаётгандек бўлишади. Бизнинг замонларда кинотеатрга хоҳлаган пайтда, ҳатто фильм ўртасида ҳам кириш мумкин эди. Кўпгина воқеалар сен келгунча бўлиб ўтар ва нималар рўй берганини тусмоллашга тўғри келарди. Фильм янгидан бошланганда эса, хаёлингда тиклаган воқеаларинг қанчалик тўғри эканлигини кўрсанг бўларди. Агар фильм ёққан бўлса, кинотеатрда қолиш ва уни яна бир маротаба томоша қилиш мумкин эди.

Ҳаёт ҳам фильмни бизнинг замонлардагидай томоша қилишни эслатади. Биз юз минглаб йиллар давомида кўплаб воқеалар юз берган пайтга келиб туғиламиз ва таваллудимизга қадар нималар содир бўлганини билиш жуда муҳимдир. Шунинг учун ҳам муҳимки, бугун нимага бунча кўп воқеалар юз бераётганини англашимизга керак бўлади.

Бугун мактабда (сен ўқийдиган китоблар доирасидан ташқари) сенга сен туғилгунга қадар бўлган нарсаларни эслаб қолишни ўргатишлари лозим, аммо ҳозир бунинг уддасидан чиқолмаяптилар. Кўплаб сўровларнинг кўрсатишича, бугунги ёшлар, ҳатто 1990 йилда туғилган университет талабалари ҳам, 50 йил аввалги воқеаларни қўя турайлик, бор-йўғи 1980 йилда нималар рўй берганини билмайдилар, балки билишни истамаслар.

Аттанг, бундан бор-йўғи ўттиз йил аввал сиёсат саҳнасида бўлган “Қизил бригадалар”нинг фаолияти бугун кўпчилик учун сир бўлиб қолмоқда. Мен фашистлар ҳокимият тепасига келганидан ўн йил ўтиб, 1932 йилда туғилганман, аммо Римга қилинган юриш чоғида ким бош вазир бўлганлигини билардим. Эҳтимол, ҳокимиятдан четлатилган бу вазирнинг қанчалик аҳмоқ ва ёмон одам бўлганлигини англатиш учун фашистлар мактабида менга у ҳақда гапиришгандир. Шундай бўла қолсин, аммо мен бу ҳақда билардим. Лекин мактабни бир четга қўя турайлик. Бугунги ёшлар йигирма йил аввалги кинода ўйнаган аёл артистларни билмайди, мен эса дунёга келишимдан йигирма йил аввал овозсиз кинода суратга тушган Франческа Бертини ким эканлигини билардим. Балки, бунга уйимиз омборчасидаги эски журналларни бирма-бир варақлаганим сабабдир. Мен сенга ҳам эски журналларни варақлашни таклиф қиламан, чунки бу сен дунёга келмасингдан аввал бўлиб ўтган нарсаларни ўрганишга ёрдам беради.

Хўш, узоқ ўтмишдаги воқеаларни билишнинг нимаси бунча муҳим? Чунки кўпинча шунга ўхшаш билимлар бугунги воқеаларнинг кечишини тушунишга кўмаклашади ва ҳар қандай вазиятда, футбол жамоаларининг таркибини билганинг сингари, хотирамизни бойитишга хизмат қилади.

Эътиборга олиб қўй, сен ўз хотирангни нафақат китоб ва журналлар кўмагида, балки интернет ёрдамида ҳам чиниқтиришинг мумкин. Интернет фақатгина дўстларинг билан суҳбатлашишда эмас, балки жаҳон тарихини ўрганишда ҳам қўл келади. Хеттлар ва камизарлар кимлар? Колумбнинг учта кемаси қандай номланарди? Динозаврлар қачон қирилиб битган? Афсонавий тўфонда Нуҳ алайҳиссалом, унинг оиласи ва ҳайвонлар жон сақлаб қолган кеманинг штурвали бўлганми? Буқанинг аждодлари нима деб аталган? Юз йил аввал йўлбарслар ҳозиргидан кўпроқ бўлганми? Мали империяси ҳақида сен нималарни биласан? У ҳақда кимдан эшитгансан? Тарихда иккинчи Папа ким эди? Микки Маус қачон яратилган?

Мен бундай саволларни поёнсиз бера олишим мумкин ва улар тадқиқотлар олиб бориш учун ажойиб мавзулар бера оладилар. Буларнинг барчасини ёдда тутиш керак. Кун келиб қартайганингда, сен ўзингни худди Ватерлоо жангида қатнашгандек, Юлий Цезарга қотиллик уюштирилганини кўргандек, Бертольд Шварц олтин оламан деб ҳовончада турли моддаларни аралаштира туриб, тасодифан порох кашф этган ва портлаб парча-парча бўлиб кетган (унга ўзи шу керак эди!) жойда бўлгандек ҳис қиласан. Хотираларини бойитишга интилмайдиган сенинг айрим дўстларинг эса, ўзларининг бир зайлдаги зерикарли ва ёрқин ҳиссиётлардан мосуво биргина умрларини яшаб ўтадилар.

Шундай экан, хотирангни бойит ва эртагаёқ “La Vispa Teresa”[3]ни ёд ол.

Русчадан Мавлон Бобохонов таржимаси

“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 4-сон

—————————–

[1] Эдмондо де Амичис (1846-1908) – италиялик ёзувчи, шоир ва журналист. 1886 йилда унинг “Юрак” номли болаларга мўлжалланган қиссаси нашрдан чиқади. Бу ерда айнан шу қиссага шама қилинмоқда. Гап шундаки, иккинчи номи “Ўқувчининг кундалиги” бўлган бу қисса ўта насиҳатомуз руҳда битилган эди. Қисса дунёнинг ўндан ортиқ тилларига таржима қилинган.

[2] Альцгеймер касаллиги мия функциясининг сўниши аломатларидан биридир. Бу касаллик қарилик маразми, деб ҳам аталади, одам худди ёш боладек бўлиб қолади. Бемор бўлиб ўтган воқеаларни эслаб қололмайди, қайси кунлигини, ҳафталигини, ўзининг ёшини, турар жойини билмайди. Энг ёмони, бемор яқинларини, ҳатто, хотини, ўғил-қизларини танимай қолади. Одамлар билан мулоқот қилиш қобилиятини йўқотади. Альцгеймер касаллиги кекса ва жуда қариб қолган одамларда пайдо бўлади ва эси пастликкача олиб келади. 65-70 ёшларда 5,7%ни, 85 ёшдан кейин 43%ни ташкил қилади. Ҳозирги кунда 55 ёшдан ошганларда, ҳатто ёшроқларда бошланиши мумкин бўлиб қолди. «Lanсet» журналининг маълумотларига кўра, ҳозир дунё бўйича эси паст қариялар сони 24,1 миллион. 2040 йилга бориб, улар сони 81,1 миллионга етади. Ўзбек халқи ота-онасига меҳрибон бўлгани учун кексаларни ниҳоятда иззат-ҳурмат қилади, ардоқлайди. Шунинг учун бўлса керак, қарияларимизда бу касаллик кам учрайди.

[3] “La Vispa Teresa” – италиялик хонанда Ка Бизарронинг “Ўйноқи Тереза” қўшиғи. Бу ерда унинг матнини ёдлашга (умуман шеър ёдлашга) ишора қилинган.