Умар Сайфиддин. Жароҳат изи (ҳикоя)

– Бу нима? Роман ёзяпсанми?
– Йўқ.
– Унда нима?
– Бир неча достон.
– Ҳарб ҳақидами?
– Эски қаҳрамонларнинг ҳаётига доир.
Жуда тез шуҳрат қозониб кетган қариндошим бетакаллуфлик билан ёнимга ўтириб олди. У урушнинг бошида ўрта мактабни эндигина битирган тажрибасиз бир доктор эди. Аммо узоқ-узоқ ҳудудларга бориб, тинмасдан ишлаб, терлатмага, вабога қарши эмлашлар топиб, бир йил ичида «фавқулодда» кўтарилиш қилган, мингбоши лавозимига тайинланганди.
– Қаерга кетяпсан? – дея сўрадим.
– Ҳайдарпошога.
– Факультетгами?
– Ҳа.
Кулдим:
– Бу дейман, яна янги кашфиёт борми?
– Йўқ. Шунчаки, бор-йўғи бир мушоҳада, шунчаки бир фараз…
– Нима устида?
– Безгакнинг давосига оид. Назаримда, калаванинг учи топилгандек туюляпти. Бир ҳафта аввал хулосаларимни юборгандим. Бугун мени чақиришди. Тафсилотларини сўрашса керак, деб ўйлаяпман. – Сўзини тугатмай туриб ортига бурилди. Қўлимда ёпиқ турган дафтаримни олди.
– Қани, ёзган достонларингни ўқийлик-чи? – дея оҳиста очди. – Вой-бў-ў! Бу қандай ёзув? Худди чумолининг изига ўхшайди-ку!
– Менга бер. Ўзим ўқийман, яхшиси сен тингла!
– Қани, бўлмаса бошла-чи.
Дафтаримни олдим. Ўзим энг ёқтирадиган назмий ривоятлардан бирини очдим. Секин ўқий бошладим. Бу, зирҳли икки душман суворийсига асир тушган ҳолда ҳужум қилиб, уларнинг бошларини олишга муваффақ бўлган кекса бир аскар ҳақидаги ҳикоя эди. Ёш докторга бу қаҳрамоннинг шижоатини яхшилаб етказиш учун овозимга оҳанг бериб, бир парда кўтарганча ўқир, уларнинг олишувлари ҳаяжони тасвирланган жойларда тўхтаб, бир нафас тин олар, бу билан ҳикоямнинг таъсир кучини кенгайтирмоқчи бўлардим. Шамол бир оз кучли бўлгани учун кема саҳнида ҳеч ким йўқ эди. Рўпарамиздаги диванда ўтирган ориқ бир шапкали кимса умуман бизга қулоқ солмас, худди биринчи марта кўраётгандек кўз узмасдан кема портининг гавжум бурчакларига тикиларди. Уч саҳифадан иборат достонимни ўқиб битиргач:
– Қандай? – дея сўрадим.
– Яхши…
– Хўш, сенингча, ҳозир ҳам мана шундай қаҳрамонлар борми?
Доктор кулди. Бошини чайқаб:
– Мана, – деди, – столда ўтириб олиб, тўрт девордан иборат берк хона ичида ўзини «Ҳаётни тадқиқ қиляпман!» дея ҳисоблайдиган бечора романнавис ёзувчининг хом хаёли!
– Бу нима деганинг?
– Сенингча, шу синиқ қалқонли кекса аскаринг, бугунги ҳаётга кўра миллий қаҳрамон бўла оладими?
– Албатта.
– Ундай бўлса, мен сенга шуни айтиб қўяйки, жудаям қаттиқ адашяпсан, аниқроғи, алданяпсан!
– Нега?
– Бугунги аскарлар, зобитлар, қўмондонлар эмас, ҳатто докторлар, саломатлик ходимлари, тез тиббий ёрдам автоуловида беморларни; от, туя, хачир сингари ҳайвонларда ярадор аскарларни ташийдиганлар ҳам сен таъриф-тавсифини келтирган аскарингдан минг карра ортиқроқ қаҳрамондирлар!
– Жа-а, унчаликмасдир. Бўрттириб юбормаяпсанми?
– Рост гапиряпман, қанақа бўрттириш? – деди.
Одамзот жудаям ғалати-да! Фикрига, орзу-умидига тескари бирор ҳолатга дуч келса, дарров ўзгаради. Докторнинг мен учун идеал бўлган қаҳрамонни ёқтирмагани деярли нафсониятимга тегди. Бир муддат жим қолдим. Ёзган асари тақдирланмаган бир ижодкор аламини туйдим. Бу алам бир оз мотамга ўхшар, қайсики суюкли фарзандининг қийматсизлигини, таҳқирланганини, ўлдирилганини кўрган бир бечора отанинг мотамига… Ҳа, докторнинг санъатдан, руҳнинг нозик эҳтиёжидан мутлақо хабари йўқ эди. Билмас эдики, санъаткор ҳол ичида мафкурасини керагича ҳолат-ҳаяжони билан ҳис қилолмагач, хаёлан мозийга қайтади. У ерда азалий афсоналарда яшаётган минглаб хаёлот ва руҳлар бордир. Бу хаёлотларга, тарихнинг тимсолида ранглар, шакллар беради. Уларга мафтун бўлади. Шунга кўра достонларини тараннум этади.
– Ҳайҳот, азизим! Сен илм одамисан, – дедим. – Шундан мозийнинг завқларини ҳис қилолмайсан!
– Сен эса хаёлпарастсан. Ҳолнинг ҳақиқатини кўролмайсан.
– Ҳолда нима гўзал нарса бор?
– Мозийда нима бор?
– Мозийда бугунги маданият ва моддийлик сўндирган нурлар бор! Улвият — улуғлик бор! Руҳ қуввати бор. Фикр устида фидокорлик бор. Тўғрилик, садоқат, вафо, фазилат, карам, шафқат, муҳаббат, ишқ бор. Ҳаётнинг ҳақиқий маъноси бўлган мафкура бор. Сўнгра нозиклик, нафосат бор… Эҳ, ҳозир-чи?..
– Ҳозир булар йўқми?
– Йўқ-йўқ, – дея инградим. Доктор кулди. Менга ачингандек қаради:
– Нақадар хато, нақадар янглиш эътиқод!..
– …
– Кема очиқ денгизда сузиб борар, шимол шамоли чап ёнимиздан урар, қўлимда турган дафтарнинг варақларини очиб, қаҳрамонимни тан олмаган ёш докторга худди муносиб бир жавоб беришни истаётгандек бўларди. Такрор сўрадим:
– Менга айт-чи, ҳолда мозийнинг ҳарорати борми?
– Ҳолда ҳарорат эмас, ўт бор, ўт!.. – деди.
– Мен кўрмаяпман.
– Чунки хаёлпарастсан. Ҳақиқатни кўзинг кўрмайди. Ўтмишдаги арава бугун қандай автомобил шаклида бўлса, сен сўраган ҳароратинг ҳам оташ шаклидадир. Мозийдаги ўқ, бугунги пулемётдир. Ўтмишдаги кулба бугун муҳташам бир сарой, обидадир. Мозийдаги сол ҳозирда моторли қайиқ. Мозийдаги масалчининг бир қутига миниб, бир юртдан бошқа бир юртга учиш орзуси бугунги кунда ҳақиқатдир. Яъни самолётлар ёхуд ҳаво шарлари…
– Аммо маънавий фазилатлар… – дея гапини бўлмоқчи бўлдим.
– Улар ҳам, – деди, – улар ҳам асрлар оша ривожланиш йўлидан ўтиб, сизнинг тор хаёлингизга сиғмайдиган даражада кенгайган.
Қирқ иккинчи колибр милтиғининг олдида тўппончани кўз олдингга келтириб кўр. Мозийнинг улуғлиги ва фазилати, ҳолнинг қуввати қаршисида табиийки, худди боланинг ўйинчоқ милтиғидек бўлиб қолади. Мозийдаги ниҳол, бугун улкан бир чинорга айланган. Шошма, масалан, энг нозик туйғуга эга бўлган фазилат… Ишқ эмасми? Мозийда ана шу ишқ бир кишига, бир оилага, ниҳоят бир қабилага нисбатан ҳис қилинарди. Эндиликда бу ишқ шу қадар кенгайган, шу қадар улканлашганки, ичида инсон, оила, қавм-қариндош уммонга тушган ёмғир томчилари янглиғ йўқ бўлиб кетган. Бугунги миллат, Ватан, инсоният муҳаббатини ўйлаб кўр. Бугун мафкура учун нима фидо қилинмайди? Суюклими? Оилами? Ҳаётми? Нима? Нима? Мозийдаги шахс асрлар мобайнида ақлий, ҳиссий жиҳатлардан анча камол топган, ҳайвоний сифатлардан узоқлашган, ўзгарган. Энди унинг руҳи, унинг виждони улкан бир коинотни қамраган бутун бошли бир оламга айланган…
Кўриб турардимки, бу ёш доктор, бир қанча ҳамкасблари каби, яхшигина нотиқ ҳам эди. Уч йиллик тинимсиз изланиш унинг асабларини пўлатдек мустаҳкамлаган, йиллардир доимо устидан бомба ёғдирган ҳарбий самолётлар тўхтовсиз визиллаб учиб турган шифохона чодирларида мутлақо бепарво ва хотиржамлик билан мураккаб операцияларни олиб бориш; даҳшатли жароҳатлар, узилиб кетган қўллар, ёрилиб кетган қоринлар, мажақланган бошлар, қўрқинчли ўлимларни кўриш, уни тамомила бошқа бир инсонга айлантириб қўйганди.
У янги ҳарбнинг ахлоқий қийматини, нақадар буюклигини, юксак фидокорлигини бутунича ҳис қилган, бошидан кечирган, ичида яшаган бир ҳолатда ҳаяжон билан ҳикоя қиларди. Тасвирлари фан одамларига хос мавҳум таъбирлар билан қоришиқ эди. Жанг майдонларида кўрганларини айнан эмас, гўё ўзи шоҳид бўлган нарсалардан чиқарган таркибий хулосани менга етказишни истарди; унинг фикрича, инсонларда маънавий фазилатларнинг қуввати зеҳннинг ҳажми билан мутаносиб эди. Эски инсонларнинг ижтимоий муҳитлари чекланган эди. Оила, қабила, кўчманчи элат ва ниҳоят қавм… Зеҳнларнинг ҳажми ҳам, ижтимоий муҳитларнинг соҳаси даражасида эди. Яъни, тор эди. Бу тор зеҳнларда, уфқи кенгаймаган дунёқарашларда табиийки, фазилатлар ҳам тор бўлади. Шахс ўзи мансуб бўлган жамиятнинг, ҳатто бутун инсониятнинг шуури билан ҳис қилишга, ўйлашга бошлаган эди. Энди фазилатлар ҳам зеҳнларнинг ҳажмига мослашган, ишониб бўлмас даражада кенгайганди.
Жим ўтирар, дафтаримни ўйнаганча кулимсираб унинг сўзларини тинглардим. Салимияга етиб келгандик. Пишқирган кўпикли денгизнинг устида дайди чайкалар чарх уришар, ёнимиздан елканли бир кема ўтиб борарди. Доктор ўнг тарафдаги ўринлардан бирида ётган аскар билан саломлашди. Сўнгра тўсатдан сўзларидаги оҳанг ва мавзуни ўзгартириб сўради:
– Сенинг достонларингдаги эски қаҳрамонлар ичида ҳарб майдонида яраланганлар борми?
– Албатта бор! – дедим.
– Неча ерларидан жароҳат олишган?
– Жангнинг қандай шиддатда ўтганига қараб… Уч, беш, ҳатто баъзида…
– Хўш-хўш?
– Ҳатто ўн еридан!
– Бу кўпми?
– Озми?
– …
Кулди:
– Мана бу ёққа қара, – деди. Менга чап тарафидаги каравотлар ичидан энг чеккадагисини кўрсатарди.
– Ўша ерда ётган зобитни кўряпсанми?
Диққат билан у кўрсатган зобитга қарадим.
Катта қалпоқли, жудаям келишган, жудаям ёш, бениҳоят озғин, баланд бўйли, хушбичим, сариқроқдан келган бир аскар эди…
– Кўрдим. Сал аввал салом берганинг шу зобит эмасмиди?
– Ҳа… Ажиб бир тасодиф, тўғрироғи, тақдир, Чаноққалъада, Кавказ жабҳасида, Бағдодда, Сурияда, Македонияда мени у билан учраштирди. Ҳар гал шифохонада, операция столининг устида.
– Демак, жудаям кўп яраланган экан-да.
– Неча еридан деб сўрасанг-чи! Тахмин этиб кўр-чи?
Ҳарб жабҳаларини кўз олдимга келтиришга уриндим.
– Беш жойидан… – дедим.
У яна кулди:
– Йўқ.
Жанг майдонлари сонини яна биттага оширдим:
– Ўн еридан…
– Йўқ…
– Ўн беш…
– Йўқ.
– Ўн саккиз…
– Йўқ.
– Йигирма…
– Йўқ.
– Йигирма беш еридан…
– Йўқ. Яна қўш.
Тараддудланиб туриб:
– Ўттиз… – дедим.
– Йўқ. Яна қўш.
– Ўттиз беш…
– Йўқ.
«Қирқ…» деёлмадим. Бундай бўлиши мумкин эмасди!
– Латифа айтяпсан, доктор… – дея кулдим.
– Йўқ-йўқ, мутлақо латифа эмас. Неча еридан эканини айтайинми?
– Айт.
– Нақ қирқ тўққиз жойидан!..
Ҳайрат ичра қотиб қолдим. Ёш зобитга қарадим. Қўлидаги ҳассасини ялтироқ резина этикларига урар, кўзларини бир нуқтага тикканча Истанбул-нинг бениҳоят ёрқин бир туман ичра уйқусираётган карахт уфқларини томоша қиларди.
– Ёлғон.
– Худо ҳаққи, рост сўзлаяпман!
Такрор ёш зобитга қарадим. Ундан нигоҳимни узолмасдан сўрадим:
– Бу жароҳатларнинг барчасини алоҳида-алоҳида олганми?
– Йўқ, ҳар бир жангдан беш, ўнтадан ярани бир вақтда олган… Бир мартасида Бағдодда ўн саккизта жароҳат билан менга келтиришди. Оёқларидан пулемёт ёмғири тешиб ўтган, ерга йиқилиши билан устида бир снаряд портлаган…
Қулоқларимга ишонгим келмасди:
– Қандай қилиб ўлмасдан тирик қолди?
– У ўлмайди. Сабаби, унда кучли бир иймон бор! Унинг ўзи бўлса, бошидан оёқларининг орасига қадар тўрт бармоқ узунлигида, елкаларининг орасида тўрт бармоқ энлилигида ўзаро кесишган бир ҳудуд чизиб: «Мана шу ерларга ўқ тегмаса, ўлим йўқ», дейди. Сурияда бел суягига ўқ текканди. Оёқлари ишламасди. Ўқни чиқариб олдим. Яна асаб толалари ишлаб, оёқлари ҳаракатлана бошлади. Бир ҳафтада ўзини тўплаб олди. Яна ўтли жанггоҳга ўзини урди. Шундай бир кучга, шиддатга, шундай буюк жасоратга эгаки… Сенга буни таърифлаб беролмайман… Операция пайтида наркоздан бош тортади, ўзини беҳуш қилишимизга мутлақо йўл қўймайди.
Минг ҳайрат ичра яна ёш зобитга боқдим. Ҳозиргина у ҳақда эшитганларимга асло ишонгим келмасди. Шу қадар келишган, шу қадар хушбичим ва чиройли, шу қадар жиккаккина вужудга шу даражада кучли, қувватли руҳ қандай қилиб сиғиши мумкин?!.
– Бу йигит қаерлик?
– Истанбуллик… Сенга қисқача унинг ким эканини айтиб бераман. Бағоят бой, обрўли оиланинг бор-йўғи биттагина ўғли… Урушдан аввал Олмонияда ўқиркан. Мен билмагандим, аммо Эранкўйда яшайдиган қўшниларидан эшитдим. Фавқулодда истеъдодли санъаткор экан. Уруш эълон қилиниши билан ҳарбий тайёргарликка югурган. Камон ёйини ташлаб, қўлига қилич ушлаган… Бутун қўшинда унинг шуҳратини эшитмаган одам топилмайди. Ишонмасанг, хоҳлаган кишингдан сўрашинг мумкин.
– Исми нима?
– Фарҳод Алибек.
Пароход Ҳайдарпошо портига кириб борарди.
– Мен бу исмни шу пайтгача ҳеч қаерда эшитмадим, унинг расмини ҳам бирорта газетада кўрганим йўқ, – дедим. Доктор:
– Қанчалар зуккосан! Мана, сенинг — машҳур ёзувчининг дунёқараши! – дея такрор кулди. – Сен янги қаҳрамонларни, маданий, яъни миллий қаҳрамонларни мутлақо тушунолмайсан. Улар шов-шувли мақтов-олқишларга, кўтар-кўтарларга, дабдаба ва ҳашамга учмайдилар, ҳатто бундай рекламалардан жирканадилар! Қаҳрамонликларини ўзларига эмас, миллатга, халққа, қўшинга оид эканини айтишади. Қаҳрамонлик даъвосида кўкракларига уришмайди. Масалан, мана шу Фарҳод Алибек, суратини чиқаришга мутлақо изн бермайди. Кавказ жабҳасида бир тунда ўтказган махфий текширувлари чоғида ўзлари босқин қилган казакларнинг қиличлари билан яраланиб, менинг шифохонамга келтирилганди. Жанг майдонига юбориш учун суратга олмоқчи эканимни айтдим. Рад қилди. «Халқнинг, қўшиннинг шарафини ўз нафсимга хос хислат ўлароқ кўрсатиш ўғирликдир!» деди. Мен ҳам худди сенга ўхшаб, бошида унинг гапларига умуман тушунмадим. Кўрсатган қаҳрамонликларини санаб ўтдим. Шунда у: «Бу — менинг бурчим… Ватаним олдидаги, миллатим олдидаги вазифам… Бир мен эмас, миллионлаб аскарлар ўз вазифаларини бажармоқда. Агар сиз айтганингиздек қилиш лозим бўлса, у ҳолда уларнинг суратлариниям газеталарга босиш керак!..» деди.
– Ўзини тамомила унутиш, одамлар назарига тушмасликка, камтаринликка интилиш… Бу жудаям ғалати истак! – дедим.
– Йўқ, сен айтганчалик эмас. Шифохонада у билан узоқ-узоқ суҳбатлашдим. Руҳиятини ҳис қилишга уриндим. Ва оз-моз англагандек бўлдим. «Ўликларга мукофот, тирикларнинг хотирасидир», дейди. Унинг фикрига кўра, қаҳрамонлар ўлганидан, абадий ҳаётга кўчганидан сўнг эсланиши, мақталиши лозим. Тириклигида, соғлигида мақташ ҳамда мукофотлаш қаҳрамонликнинг, фидокорликнинг холислигини йўқотади. Фазилат асли шуурсиз хислат, ҳеч қандай манфаатни кўзламасагина у шуурли ҳолга кўчади. Акси бўлса, соҳибини обрўсизлантиради, тубанлаштиради…
Пароход тўхташ жойига яқин қолган, йўловчилар ўринларидан тура бошлаганди. Доктор:
– Қани, Ҳайдарпошога туш… Сенга уни таништириб қўяман, – деди.
– Яхши!
Юрагим потирларди…
Қўзғалдик. У ҳам оёқда ҳассасига таяниб турарди. Доктор унинг олдига борди. Қўлини сиқди:
– Қандайсан, Фарҳодбек?
– Жуда яхшиман, тақсир.
– Сизни кўрдим, аммо ёнингизга келолмадим. Сабаби, холаваччамни ташлаб кетолмадим. Уни сиз билан таништирмоқчиман…
– Миннатдорман. Захирадаги зобит Фарҳод Алибек!
– Танишганимдан хурсандман, – дея асабдан титраётган қўлини сиқдим. Доктор бу номсиз қаҳрамон билан суҳбатлаша бошлади. Мен муқаддас бир борлиқ қаршисида завқ туяётган гуноҳкор бир мўмин бандадек сукут сақлаб турар, унинг йирик мовий кўзларига, кенг пешонасига, ҳеч кимга ўхшамаган гўзал чеҳрасига боқиб, ич-ичимда кучли бир титроқни ҳис қилардим.
– Ҳозир шу ердамисиз, докторбек?
– Ҳа, сиз-чи?
– Мен ҳам бир муддат шу ерда бўламан, шекилли…
Юра бошладик. Ёш зобит сал-пал оқсарди. Доктор сўради:
– Оёғингиз уюшдими? Одамлар чиқиб кетгунича бир оз кутиб тура қолайлик, унда.
– Йўқ-йўқ, юраверамиз, уюшмади. Бу сафар Галичяда бомба олиб кетди.
– Оёғингизними?
– Ҳа, ўнг оёғимни.
Доктор иккимиз турган еримизда тош қотиб қолдик. У эса кулимсирарди:
– Аммо Аллоҳга шукрки, қўрққан нарсамга учрамадим, – деди. – Ҳа, бу жанг-жадал замонида энди аниқ истеъфога чиқарилиб, бир чеккага отиламан, сўнгра бирор унвонга эга бўлиб ўтиравераман, деб юрагим ёрилганди.
Сарғайган, бирданига юз-кўзидаги завқни йўқотган доктор мотамсаро бир оҳангда сўради:
– Бироқ энди қандай қилиб урушга борасиз?..
– Жудаям қулай… На автомобил билан, на от билан, на-да яёв…
– У ҳолда қандай?
– Самолёт билан.
– …
– Кеча назоратдаги ҳайъат аъзолари аризамни маъқуллашди. Мени учувчилар синфига ёзишибди. Самолёт бошқаришда оёқ ишлатилмайди. Киши ўтирган жойидан жанг қилаверади… Ҳам минглаб метр юқорида, булутларнинг орасида.
– …
– …
Докторнинг ҳам, менинг ҳам овозимиз чиқмади. Пристандан тушиб келардик. Ясама оёғини ҳануз яхши ишлатолмаётган бу янги, миллий, оламшумул қаҳрамонга қараб, қўлимдаги эски қаҳрамонлар ҳақидаги достонларни денгизга улоқтириб юборишни истардим.
Гўё уятли бир иш қилиб қўйган кишидек, ғайри ихтиёрий тарзда бу ҳақир дафтарни ғижимлаб, чўнтагимга тиқдим.
Чипта йиғиладиган ёғоч панжарадан ўтдик. Шоҳбекатнинг кенг мармар зинапоялари олдида у қўлларимизни сиқди. Кетаркан, докторга:
– Шунингдек, азизим, ҳадеб жароҳат олаверишдан тўйиб кетдим. Самолётда эса бундай бўлмайди… Ҳаммасидан кўра мана шунга қувоняпман, – деди.

* * *

Вокзал ҳовлисининг ёнидан кетарканмиз, доктор мендан сўради:
– Янги қаҳрамонлар ҳақида фикринг қандай?
– …
Жавоб беролмадим. Юксак самонинг азалий мовийликлари ичра фан қанотларида учган бу қаҳрамонларнинг асло ярадор бўлмасликларини, булутларнинг остида беркинганча кутаётган муҳаққақ ўлимнинг, уларга узоқ давом этажак ҳеч бир оғриқ, ҳеч бир жисмоний азоб туйдиролмаслигини ўйлардим.

Туркчадан Гулбаҳор Абдуллоҳ қизи таржимаси