Уида. Нелло ва Патраш (ҳикоя)

I

Нелло ва Патраш бу шафқатсиз дунёда деярли ёлғиз эдилар. Уларни кўп йиллик чин дўстлик иплари чамбарчас боғлаб турарди. Нелло — ёш бола, Патраш — катта фламанд ити, Нелло — гўдак, Патраш — кекса ит, шунга қарамай, улар тенгдош эдилар.
Ит ва бола ҳар доим бирга юришар, чунки илк учрашишган заҳотиёқ бир-бирини ёқтириб қолишганди. Бир дақиқа ҳам ажралишмас эдилар. Бу икки бахти қаро етимчани меҳрибон бир қария асраб олганди.
Қария, бола ва ит Антверпен шаҳри яқинидаги фламанд қишлоғи четида кичкина ғариб кулбада кун кечиришарди. Бу ернинг атрофи дала ва кенг ўтлоқ бўлиб, қишлоқ ўртасидан оқиб ўтадиган анҳор соҳилларида терак ва мажнунтоллар қулф уриб ўсади.
Қишлоқ йигирма чоғли уйдан иборат эди. Уйларнинг деразалари тўқ-яшил ёки кўкимтир-мовий рангда, томлари қизғиш ва қорамтир тунукалар билан ёпилганди. Деворлар бир хил — қордек оппоқ, кўзни қамаштиради.
Қишлоқ четидаги йўнғичқазор тепаликда шамол тегирмони қурилганди. Унда кўп йиллар — ярим аср, балки ундан ҳам аввал Наполеон аскарлари учун ун тортиларди. Шу пайтларда тегирмон ҳам, парраклари ҳам қизил рангга бўялган, йиллар ўтгач, шамол ва қуёш таъсирида бўёқлар қорамтир тус олганди. Тегирмон инграгандек овоз чиқарар, парраклари бамисоли бодга йўлиққан кекса кишининг аъзои баданига ўхшаб илвиллаб қолганди. Шунга қарамай, тегирмон ҳозир ҳам бутун вилоятга ҳалол хизмат қиларди. Тегирмонга рўбарў найзадор қуббали кичкина кулранг черковнинг ягона қўнғироғи эрталаб, туш пайти ва кечқурун бўғиқ жарангларди. Қишлоқдан сал нарида гулларга бурканган ўтлоқ ва бошоқ тортган буғдойзор сокин денгиздек чайқалиб ётарди, уларнинг ортида — олисроқда, Антверпен жомесининг қиррадор девори ва найзали қуббаси кўриниб турарди.
Қишлоқ четида Нелло билан Патраш яшайдиган ғариб кулбанинг эгаси қашшоқ ва мункиллаб қолган қария Жон Даас эди. Бир вақтлар аскарлик қилган бу киши, юртни харобага айлантирган урушни сира унута олмасди. Урушдан у ҳеч нарса орттиргани йўқ, фақат яраланиб, майиб бўлгани қолди.
Даас саксон ёшга кирганда Арденнада яшайдиган яккаю ёлғиз қизи икки ёшли ўғлини унга қолдириб, ҳаётдан кўз юмди. Қария зўрға кун кўраётганига қарамай, бошига тушган мусибатни матонат билан енгди. Тез орада Нелло кўзининг оқу қораси, қувончи ва овунчоғига айланди.
Қария набираси билан ғариб кулбада яратганга шукур қилиб яшай бошлади.
Бу уй лойдан омонат қурилганига қарамай, саранжом-саришта, денгиз чиғаноғидек оппоқ эди. Ёнидаги бир парча ерда ловия, карам ва қовоқ ўсарди. Жон Даас билан Нелло қўл учида кун кўришарди. Кўпинча кечки таомсиз ётиб қолишар, ҳеч қачон тўйиб овқат емас эдилар. Қария набирасини жонидан яхши кўрар, Нелло эса ёқимтой ва итоатгўй, ширин бола бўлиб вояга етмоқда эди. Улар борига қаноат қилишга одатланишган, фақат бирон кори ҳол юз бериб, Патрашдан ажралиб қолишдан хавотирланишар эдилар. Патраш бўлмаса қандай кун кечиришади, ахир? Ит уларнинг боқувчиси ва ягона дўсти, агар у йўқолиб кетса ёки ўлиб қолса, уларнинг ҳоли вой бўлиши аниқ. Чунки Жон Даас кекса ва ногирон, Нелло эса ҳали мададга муҳтож гўдак эди.
Фламанд зотли Патраш малла ранг, калласи бўриникидек катта, қулоғи тиккайган, кўкракдор, оёқлари бақувват кўппак эди. У одамларга садоқат билан хизмат қилишга ўрганган вафодор итлар наслига мансуб. Оғир аравачаларга қўшиладиган бундай итлар кўпинча тинка-мадори қуриб, йўлда ўлиб кетишарди. Патрашнинг ота-оналари шундай қисматга дучор бўлишган, уни ҳам шундай келажак кутарди. Бўлмасам-чи! Насронийлар юртида камбағал қарияга ҳеч ким ёрдам бермайди, Патраш эса бор-йўғи оддий бир ит эди.
У кучуклик пайтиданоқ аравача тортиш қанчалик оғирлигини, қайишлар аъзои баданини қандай қақшатишини татиб кўрган эди. Уни, ёшига етмасиданоқ, идиш-товоқ билан савдо қилиб, кўк денгиздан мовий тоғларгача тинимсиз кезиб юрувчи савдогарга сотиб юборишганди. Ҳали кичиклиги учун баҳоси ҳам сув текин бўлганди.
Бағри тош савдогар уззу кун маст-аласт юрарди. У аравачани турли-туман идиш-товоқлар, кастрюл, челак ва кўзача сингари сопол, мис, қалай буюмлар билан тўлдириб, Патрашни силласи қуригунча ишлашга мажбур этарди. Ўзи аравача ёнида трубкасини тутатиб борар ва йўлда учраган барча қовоқхоналарга бирма-бир кириб чиқарди.
Патраш, ўзининг бахтигами ёки бахтсизлигигами, ғоят кучли ва чидамли эди. У оғир меҳнат остида эзилиб ўлиб кетмади, очлик ва ташналикка, қамчи азобларига бардош берди.
Икки йил ўтди. Бир куни Патраш, одатдагидек, металл ва сопол идишларга лиқ тўла аравачани Антверпенга, Рубенс1 юртига чанг-тупроқ йўлдан тортиб бораётганди. Ёз айни авжида, ҳаво ниҳоятда иссиқ, хўжайини одатига кўра эриниб қадам ташлар, аммо дам-бадам қамчисини силкитиб, Патрашнинг мадордан қолаётган оёқларига қарсиллатиб тушириб турарди. У ҳар галгидек, йўл ёқасидаги дуч келган қовоқхонага кириб пиво ичар, бечора итга эса лоақал бир дақиқа тўхтаб, ариқдан сув ичишига ҳам имкон бермасди. Патраш қуёш тиғида қизиб кетган йўлдан зўр-базўр борар эди. У бир кеча-кундуздан бери ҳеч нарса емаган, бунинг устига мана, ўн икки соат бўлдики, бир томчи сув ҳам ичмаганди. Чанг-тўзонда ҳеч нарсани кўриб бўлмасди, яралари азоб берар, оғир юк елкаларини эзиб ташлаганди. Патраш бехосдан гандираклаб кетди ва оғзидан кўпик чиқиб, йиқилиб тушди.
У йўлнинг қоқ ўртасига, қуёш тиғига йиқилганича ўликдек ҳаракатсиз ётиб қолди. Хўжайин ҳар галгидек бу сафар ҳам ихтиёридаги ягона воситани ишга солди — итни бўралаб сўкди, тепиб, калтаклади. Лекин фойдаси бўлмади: қора тупроққа беланган Патраш қимирлай демас, ўликдек донг қотган эди.
Унинг куни битганини сезган хўжайин барча афзалларини ечиб олиб, жон таслим қилаётган итни тепиб йўл чеккасига чиқарди ва қарға-қумурсқалар ихтиёрига ташлаб, оҳ-воҳ қилиб сўкинганича оғир аравачани тоққа қараб ўзи судраб кетди. У Лувендаги ярмаркага ошиқарди, чунки молларини сотиш учун майдончадан яхши жой олиш дардида эди. Манзилга етгунча аравани ўзи судраб боришини ўйларди-ю, итни авайлаш, ғамхўрлик қилиш лозимлигини хаёлига ҳам келтирмасди. Ўлай деб турган ҳайвондан наф борми? Йўлда дуч келган биринчи итни тутиб олади-да, Патрашнинг ўрнига қўяди, вассалом.
Патраш йўл чеккасида, ўтлар орасида узоқ ётди. Шу куни йўл жуда серқатнов бўлди. Юзлаб одамлар пиёда ёки хачирга минган ҳолда арава ҳайдаб, замбилғалтагини судраб, Лувен ярмаркасига ошиқарди. Баъзилар Патрашни пайқамас, баъзилар эса кўрса-да, эътибор бермай ўтиб кетишарди. Битта ит бор бўлди-ю, йўқ бўлди, нима қилибди.
Анча вақт ўтгач, оқиб ўтаётган оломон орасида қадди букчайган, оқсоқ, мункиллаб қолган қария кўринди. У ниҳоятда ғариб кийинган, чанг босган йўлдан оёғини зўрға судраб келарди. У Патрашни кўргач, ҳайрат ичида тўхтади, сўнг йўл чеккасига ўтиб, қалин ўт устига тиз чўкди ва раҳм-шафқат тўла нигоҳи билан узоқ термилиб қолди. Ёнидаги уч ёшлардан ошган малла соч, қора кўзли болакай ҳам ўт-ўланга кўмилиб, қимирламай ётган улкан итга анграйиб қараб турарди.
Кичкина Нелло билан катта Патраш ана шу тарзда учрашган эдилар.
Кекса Жон Даас итни кўп машаққатлар билан йўл ёқасидаги кулбасига олиб борди. Ташналикдан ва очликдан силласи қуриган Патраш жазирамада йиқилиб қолганди. У бир неча ҳафта касал, заиф, яримжон алфозда ётди. Бу ерда уни ҳеч ким ўшқириб калтакламас, аксинча, силаб-сийпалаётган кекса кишининг меҳрибон қўлларини ҳис этар, қулоғига эса мурғак боланинг ёқимли овози эшитилар эди. Қария ва гўдак Патрашга бирдек ғамхўрлик қилишарди. Аввало кулбанинг бир бурчагидан жой ажратиб, юмшоқ пичан тўшаб бердилар. Кечалари итдан дам-бадам хабар олиб туришарди. Патраш илк бор бўғиқ овоз чиқариб вовуллаганда улар хандон отиб кулиб юбордилар, севинчдан кўзларида ёш пайдо бўлди. Энди соғайиб кетиши аниқ. Қувончга тўлган жажжи Нелло мойчечаклардан гулчамбар ясаб, итнинг бўйнига осиб қўйди.
Бутунлай тузалиб, яна бақувват тортиб кетган Патрашнинг катта қора кўзлари ҳайратдан чарақларди: уни ҳеч ким сўкмас, ҳуда-беҳуда калтакламасди. Миннатдор кўппак бу меҳрибон кишиларга умрбод боғланиб қолди, уларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатини меҳр билан кузатадиган бўлди.
Қари аскар Жон Даас ҳар куни сут тўла идишларни кичкина аравачасига ортиб Антверпенга олиб борар эди. Сутни сигири бор қўшнилардан оларди. Улар бу ҳалол одамга тўла ишонишиб, маҳсулотларини топширишар ва ўзлари уйларида қолиб, боғларини парвариш қилишар, моллари, товуқларини боқишар ёки кичкина чорбоғларида ишлашарди. Аммо қария учун шаҳарга бориб-келиш кун сайин оғир машаққатга айланиб борарди. Ёши саксон учга етган, Антверпен эса роппа-роса беш чақирим узоқда эди.
Бир куни буткул соғайиб кетган, бўйнига мойчечакдан чамбар осилган Патраш, офтобда тобланиб ётган кўйи, аравачани тортиб бораётган қария орқасидан мўлтираб қараб қолди. Эртаси куни чол аравага қараб юриши биланоқ, Патраш ётган жойидан қўзғалиб, шоти орасига кириб олди ва аравани тортмоқчидай бўлиб турди. Шотида боғланадиган ҳеч нарса йўқлиги учун у аравачани тишлаб тортишга урина бошлади. Қария уни секингина четга сурди, аммо Патраш оёғини тираб туриб олди. Даас ён берди. У бўйинбоғ ясади, шундан буён ҳар куни аравачани шаҳарга ит тортиб борадиган бўлди.
Қиш бошланди, Жон Даас тақдирнинг илтифотидан мамнун эди. Қариб, ҳолдан тойганидан қор босиб, ўнқир-чўнқир, ботқоққа айланган оғир йўлдан аравачани тортиб шаҳарга бориб-келиши амри маҳол бўлиб қолганди. Патраш эса йўл азобини писанд қилмасди. Аввалги хўжайиннинг зил-замбил юкини судраб, ҳар қадамда тепки еганига қиёсланса, ялтироқ бидонлар ортилган тўқ-яшил аравача ўйинчоққа ўхшаб туюларди. Бунинг устига ҳар доим далда бериб, яғринини силаб-сийпалайдиган, оғзидан илиқ сўзлар тушмайдиган меҳрибон қария ёнида борарди. Соат уч-тўртларда манзилга қайтишгач, у хоҳлаган ишини қилиши мумкин эди: бола билан майсазорда умбалоқ ошар ёки бошқа итларга қўшилиб, хушҳол ўйнаб юрарди. Патраш ниҳоятда бахтиёр эди.
Шундай қилиб, икки йил ўтди. Бод касали қари Даасни буткул ҳолдан тойдирди, энди у аравачага етиб юролмас эди. Унинг ўрнига беш ёшга тўлган Нелло сут сота бошлади. У бобоси билан бирга шаҳарга кўп марталаб боргани учун барча йўлларни яхши билиб олганди.
Қўй кўз, юзлари қип-қизил, жингалак сочлари елкасига тушган Нелло ёқимтой бола эди. Қайсидир бир рассом мис бидонлар ортилган тўқ-яшил аравачани тортиб бораётган, бўйнига жажжи қўнғироқли бўйинбоғ осилган катта малла ит тасвирини кўп марталаб чизди. Албатта, бу расмларда яланг оёқларига катта бошмоқ кийган, Рубенс чизган суратлардаги ёқимтой болаларни эслатадиган Неллонинг қиёфаси ҳам акс этган эди.
Нелло ва Патраш ишга шунчалик абжирлик ва қувноқлик билан киришиб кетишдики, ҳатто Даас ўзини яхши ҳис қиладиган ёз ойларида ҳам шаҳарга боришига ҳожат қолмади. У аравача кўздан ғойиб бўлгунча остонада қараб турарди. Сўнгра офтобда исинганча хаёлга чўмиб ўтирар ёки мудроқ босиб, уйқуга кетар эди. Минорадаги соат учга занг урганидан кейин у уйғонар ва жажжи невараси билан кучуги қайтишини бетоқат кута бошларди. Бўйинбоғи ечилган Патраш шодон вовуллаб ирғишлар, Нелло эса бугун нималар қилганини бобосига бирма-бир сўзлаб берарди. Кейин овқатланишарди — сутга бўктириб қора нон ейишар ёки обиёвғон ичишарди. Яланг текисликдаги соялар аста-секин узайиб бориб, соатли минорани қоронғилик босганда учаласи ҳам тинч уйқуга кетишарди.

II

Улар ёзда осуда кун кечиришарди. Шаҳар атрофидаги Фландрия манзаралари мақтагудек гўзал эмас эди. Текислик бўйлаб чўзилган дала ва ўтлоқлар орасида ҳар жой-ҳар жойда кулранг қуббали ибодатхона ёки бир боғ пичан орқалаб келаётган ёлғиз одамнинг қораси кўриниб қоларди. Аммо бу ўлка ерлари ҳосилдор бўлиб, бепоён уфқлар ўзига хос тароватга ҳам эга эди. Қирғоқ бўйидаги қамишлар орасида нилуфарлар ўсар, кўкка бўй чўзган тераклар шовуллар, анҳор бўйлаб қуёш нурида товланаётган ранг-баранг байроқлар осиб олган катта юк кемалари оҳиста сузарди.
Нелло билан Патраш бўш вақтларида яшил ўтлоқ бўйлаб кезишар, кўпинча канал қирғоғидаги қалин майсалар орасида ётиб, олис денгизларнинг шўр ҳавосини бағрига жойлаб келаётган баҳайбат кемаларни томоша қилишни яхши кўришарди.
Қишда аҳвол анча оғир кечарди. Қаҳратон совуқ туфайли тонг қоронғисида туришга тўғри келар, баъзан ейишга ҳеч нарса тополмай қолишарди. Ёзда узум ишкомлари билан қопланган сокин кулбани қиш тунларида иситиш оғир машаққатга айланарди. Баъзан уй ичига оқиб кирган сув музлаб қоларди. Илвиллаб қолган деворлар орасида шамол ғувиллар, яланғоч ёввойи узум ва шумшайган дала қорайиб кўринарди. Хуллас, қиш уларни аяб ўтирмасди. Совуқдан боланинг қўл-оёқлари қорайиб кетганди, серғайрат Патрашнинг панжалари муз парчаларидан жароҳатланган эди.
Аммо қиш пайтларида ҳам улар тиним билишмасди. Йиртиқ бошмоқ кийган бола ва бўйинбоғидаги қўнғироқларни жиринглатган ит муз босган дала бўйлаб тўхтовсиз кезишарди. Баъзан Антверпен кўчаларидаги аёллар уларни ёвғон шўрва ёки бир бўлак нон билан сийлар, раҳмдил савдогар эса уйларига қайтаётган пайтларида аравачага бир неча палён ташлаб қўярди. Қишлоқдаги бекалардан баъзилари уларга озгина сут инъом этадиган кунлар ҳам бўлиб турарди, шунда улар қор босган кўчаларда эрта тонгдан тетик қадам ташлаб, уйга қувноқ ва бахтиёр ҳолда қайтар эдилар.
Умуман олганда, улар жудаям ёмон кун кечиришмасди. Йўлда ва кўчаларда эртадан, кечгача дам олмай ишлаб, эвазига фақат тепки еб, сўкиш эшитадиган бошқа итларни кўрган Патраш эса ўзини ниҳоятда бахтли ҳис этарди.
Патрашнинг биргина дарди бор эди. У ҳам бўлса, денгиз ёқасига жойлашган Антверпен шаҳри билан боғлиқ эди. Савдо расталари, тор, ифлос кўчалари, гавжум бозор майдони, кичкина ҳовлилардаги тошдан қурилган эски уйлари билан танилган шаҳарда бутун дунёга донг таратган Рубенс туғилиб, ижод этган. Бу ердаги муқаддас Яков ибодатхонасида унинг мармар қабри бор. Шаҳардаги бошқа иморатлардан баланд бўлган бу улуғвор кулранг бинога Неллонинг тез-тез келиб туриши Патрашга ёқмасди. Бола қора равоқлар ичига кириб ғойиб бўлар, кўчада қолган Патраш эса дўсти нега уни ташлаб кетганига ақли етмай, жонсарак кутишга мажбур эди. Баъзан у зинапоялардан ўтиб, аравачадаги идишларни тарақлатган ҳолда ичкарига киришга уринар, аммо ҳар гал кумуш занжирга калит шодасини осиб олган қора кийимли киши уни ҳайдаб юборарди. Патрашнинг остонада кутишдан бошқа иложи қолмасди. Мана шу бинога кириб чиққандан кейин Неллода бўладиган ғалати ўзгариш Патрашни безовта қиларди. Бола ичкаридан гоҳ кўзлари чарақлаб, гоҳ ғам-ғуссага ботиб чиқар эди. Уйга қайтгандан кейин ҳам хаёлга чўмиб қолар, ўйнаб-кулмас, ғамгин, афтодаҳол бўлиб, қоронғи осмонга тикилганча жим ўтирарди.
Нега бундай бўлаяпти экан? Боланинг ғамга ботиб юриши яхши эмас. Патраш Неллони қуёш нурларига чўмган далада ёки шовқин-суронли бозор майдонида кўпроқ юришини хоҳларди. Аммо Нелло катта ибодатхонага қатнагани-қатнаган. Патраш уни кутиб темир панжаралар тагида ётар, баъзан улишга тушар, аммо буни заррача нафи тегмасди. То эшик ёпилмагунча бола ичкаридан чиқмасди. У Патрашнинг бўйнидан қучоқлаб, кенг пешонасидан ўпар ва ҳар гал қулоғига бир хил сўзларни пичирларди: — “Уларни” бир марта кўрсам қанийди, Патраш! Бир мартагина кўролсам!..
“Улар” нима экан?” — Патраш бунга тушунолмай Неллога мулойим, ақлли кўзларини тикиб, жовдираб қарарди.
Бир куни қоровул жойида йўқ бўлиб, эшик очиқ қолганди. Патраш дўстининг орқасидан ибодатхона ичига кириб борди. “Улар” ён деворга ишланган парда билан тўсиб қўйилган иккита катта суратлар эди. Рубенс чизган учинчи сурат — “Хушхабар” очиқ бўлиб, Нелло унинг қаршисида тиз чўкиб, ҳайрат билан тикилиб ўтирарди. У Патрашни сезиб қолгач, индамай ўрнидан турди-да, итни етаклаб ташқарига юрди. Боланинг юзлари кўз ёшдан ҳўл эди. Тўсиб қўйилган суратлар ёнидан ўтар экан, у шивирлади:
— Эҳ, Патраш! “Улар”ни кўролмаслик қанчалик оғир. Пулим йўқлиги учун кўролмайман-да. Ахир рассом бу суратларни чизган пайтда, камбағаллар кўрмасин демаган-ку. У ҳар қандай киши уларни хоҳлаганча кўришини орзу қилган. Мен бунга жуда ишонаман. Ярамас одамлар бўлса уларни парда орқасига яшириб қўйишган. Уларга нур ҳам тушмайди, пулдор одамларгина кўриш имконига эга. Уларни кўриб ўлсам, армонсиз кетардим!
Аммо у расмларни кўролмасди, чунки Рубенснинг “Салбга тортиш” ва “Салбдан олиш” асарларини кўриш учун кумуш франк тўлаш керак. Бу эса Нелло учун бамисоли ибодатхонанинг найзадор қуббасига чиқишдек имконсиз нарса эди. Унинг қўлига ёвғон учун озгина ун ва бир неча ғўла ўтин сотиб олишга зўрға етадиган майда судан бошқа пул тушмаганди.
Бола расм чизишни жон-дилидан яхши кўрарди. Аравачага қўшилган катта ит билан эрта тонгда шаҳар кўчаларида пайдо бўладиган бу содда қишлоқ боласи Рубенс ҳақида ўйлагани-ўйлаган эди. Қорни оч, йиртиқ-ямоқ бошмоқ кийиб, совуқда қалтираб юрганига қарамай, у чуқур хаёлга ботиб кетар, “Хушхабар” асаридаги жингалак олтин сочли соҳибжамол Мариянинг мулойим сиймоси кўз олдидан асло нари кетмасди.
Қашшоқликда ўсган Нелло мактаб кўрмаган эди, аммо табиат унга ноёб истеъдод ато этгандики, бу бахт белгисими ёки бахтсизликми, ҳеч ким, ҳатто боланинг ўзи ҳам билмасди. Фақат Неллодан бир қадам ҳам ажралмайдиган Патрашгина бола дуч келган нарсани тошларга бўр билан чизиб ташлашини ва похол тўшагида ётган пайтида ҳам Рубенснинг номини тилдан қўймаслигини билар эди. Қуёш чарақлаб чиқаётган ёки туманга чулғаниб ботаётганда бола шодликка тўлиб ёки ўйга толиб, тикилиб қолишини Патраш кўп марталаб кўрган. Малла ит пахмоқ башарасига Неллонинг гоҳ қувончли, гоҳ ғамгин кўз ёшлари тез-тез оқиб тушишига кўникиб қолганди.
— Кулба билан бир парча ер сотиб олишга қурбинг етишини билсам, тинчгина оёқ узатардим, — деб кўп такрорларди фалаж бўлиб қолган чол неварасига. — Еринг бўлса хотиржам рўзғор тебратардинг, қўшнилар ҳурмат қилиб “баас” деб чақиришган бўларди.
Камбағал фламанд деҳқонларининг ҳаммаси бир парча ерни орзу қилади. Ёшлигида олам кезиб, юртига қашшоқлигича қайтган кекса аскарнинг азиз набираси ер ҳайдаб, бадастур яшашини орзу қилишдан бошқа нарсага кучи етмасди.
Нелло индамасди. У бир парча ер эгаси бўлиб, шинам уйда яшаб, қўшнилари учун “баас” бўлишни эмас, бошқа нарсаларни кўпроқ ўйларди. Қуёш ботаётганда ёки илк саҳар туманида дала чеккасидан ўтаётганида ибодатхонанинг найзадор қуббаси унга бутунлай бошқа нарсаларни гапираётгандек бўларди. Бола ўз орзуларини ғира-шира тонгда шаҳарга кетаётганда ёки қалин қамишлар шилдираб турадиган қирғоқда дам олиб ётган пайтларида итнинг қулоғига болаларча шивирлаб айтарди. Буларни катта одамларга айтишдан фойда йўқ эди. Қайтанга бир бурчакда қимирламай ётиб қолган кекса Жон Даасни ранжитган бўларди, холос. Қария ҳар замонда пиво ичгани кириб турадиган майхона деворига кўк ва қизил бўёқларда чизилган “Мадонна” деб аталувчи сурат билан Фландриянинг дунёга машҳур дурдоналари орасидаги фарқни ажрата олмасди.
Нелло кўнглидаги ажиб орзуларини Патрашдан ташқари Алоизага ҳам айтишга журъат этарди. Алоиза — мулойим, кўзлари қоп-қора, ўн икки ёшли қизалоқ эди. У яшил тепаликдаги эски қизил тегирмонда яшар, отаси қишлоқнинг энг бадавлат одами ҳисобланарди. Қизча Нелло ва Патраш билан дўст эди. Улар ёзин-қишин бирга ўйнашар, далада қорағат териб, мойчечаклардан гулчамбарлар ясашар, қор тушгач сирпаниб, умбалоқ ошиб, сўнг тегирмончининг уйидаги оромижон ўчоқ ёнида исиниб вақт ўтказишарди.
Тегирмончининг ёлғиз фарзанди Алоиза қишлоқдаги энг бойвучча қиз эди. Кўк мовут пальтосида биронта ямоқ ёки доғ кўринмасди. Ярмарка кунлари совға қилинган тилларанг ёнғоқ ва хўрозқандлар кўплигидан қизчанинг ҳовучига сиғмас эди. Байрамларда бошига қимматбаҳо тўр ва нодир тошлар билан зийнатланган қалпоқча киярди. Қалпоқча бувисидан қолган ноёб ёдгорлик саналарди.
Алоизанинг отаси баас Когес ниҳоятда ўжар киши эди. Бир куни у тегирмон орқасидаги пичани ўрилган ўтлоқда қизи билан дўстларини кўриб қолди. Алоиза янги пичан боғи устида ўтирар, Патраш эса тиззасига бошини қўйиб, чўзилиб ётарди. Иккаласининг ҳам бўйнида мойчечак ва бўтакўзлардан тўқилган гулчамбар. Нелло бўлса силлиқ қарағай тахтачага кўмир билан уларнинг суратини чизмоқда эди.
Тегирмончи тўхтаб, арзандасининг суратига разм солди ва айни ўзидек чиққанини кўриб, ҳайратга тушди. Шунга қарамай, онасига қарашиш ўрнига кўчада сандироқлаб юрган қизини жеркиб, уйига ҳайдади. Қўрқиб кетган Алоиза йиғлаб юборди. Тегирмончи Неллонинг олдига келиб, тахтачани юлқиб олди.
— Доим шунақа эрмак қиласанми? — сўради у жиддий.
Бола бошини эгди.
— Нимани кўрсам, шуни чизаман, — деб ғўнғиллади у.
Тегирмончи ўйланиб қолди, сўнг чўнтагидан кумуш франк олиб Неллога узатди:
— Айтиб қўяй: беҳуда эрмак билан вақтингни бекор ўтказма. Аммо манави нарсанг Алоизага жуда ўхшабди, у онасига ҳам ёқса керак. Мана бу бир франк сенга, мен суратни сотиб оламан.
Боланинг юзи қизарди. У қўлини кўксига қўйиб, тегирмончига тик қаради.
— Пулингиз керак эмас, баас Когес. Портретни шундоқ олаверинг, — деди у самимият билан. — Сиз ҳар доим менга меҳрибонлик қиласиз.
Сўнг у Патрашни чақирди-да, ўтлоқ бўйлаб уйига кетди.
— Бу франк “уларни” кўришга етарди, — шивирлади у Патрашга. — Аммо мен унинг портретини сотишни хоҳламайман.
Когес уйига келиб хотинига тайинлади:
— Алоиза бундан кейин анави бола билан ўйнамасин. Катта бўлиб, унга уйланаман деб қолса, яхшилик чиқмайди.
— У жуда одобли, камтар бола, — деди тегирмончининг хотини девордаги ўйма ёғочли соат устига қарағай тахтачани ўрнатаётган эридан кўз олмай.
— Мен буни инкор этаётганим йўқ, — деди тегирмончи трубкасини буруқситиб.
— Унда нимадан қўрқаяпсан? — журъатсизгина сўради хотини. — Буни нимаси ёмон?! Мол-дунёмиз иккаласига етиб ортади, бахтли яшашса бўлди-да.
— Сочи узун, ақли калта аёлсан-да! — бақирди тегирмончи трубкасини столга улоқтириб. — Бола — қашшоқ, ундан ҳам ёмони, ўзини рассом деб ўйлайди. Кўзингга қара, яна бирга ўйнаб юришганини кўрсам, қизингни монастирдаги пансионга жўнатиб юбораман.
Қўрқиб кетган хотин эрининг буйруғига бўйсунишга мажбур бўлди. Фақат камбағал деб, қизини азиз дўстидан жудо қилиш ачинарли бўлса-да, эрига гап қайтаришга ботина олмади. Шу кундан бошлаб, у Алоизани ҳар хил баҳоналар билан Неллонинг олдига йўлатмай қўйди. Ориятли бола қаттиқ хафа бўлди ва Патраш билан тегирмонга боришни бас қилди. У Алоизанинг портретини чизганим тегирмончига ёқмаган бўлса керак, деб тусмол қилди ўзича.
Болалар ногоҳ учрашиб қолишганда қиз соғинчдан югуриб келиб қўл узатса, ўзидан кўра қизнинг тинчлигини кўпроқ ўйлаган бола, маъюс жилмайганча, уни нари итариб шундай дер эди:
— Қўй, Алоиза, отангни жаҳли чиқади! Мен билан бирга беҳуда сандироқлаб юришингни, бирга бўлишимизни хоҳламайди. У яхши одам, сени ҳам яхши кўради. Уни хафа қилмайлик, Алоиза!
Неллонинг юраги ғам-ғуссага тўла эди. Эндиликда у тераклар қулф урган йўлдан Патраш билан биргаликда бораётиб, қуёш чиқишини аввалгидек шодон кузатмай қўйганди. Бир пайтлар у шаҳарга кетаётганда ҳам, қайтаётганда ҳам эски тегирмон олдида тўхтаб, тегирмончининг оиласи билан хуррам саломлашиб ўтарди. Пастак эшикдан қорамтир сочли бош кўринар ва мўъжаз қўллар Патраш учун катта бир бўлак нон узатарди. Энди эса бола бу ерда сира тўхтамасди, фақат Патраш эшикка мўлтираб тикилиб ўтарди. Айнан шу пайт Алоиза кўз ёшларини оқизган кўйи ўчоқ олдидаги сўриндиқда нимадир тўқиб ўтирарди, ун солинган қоплар орасида имирсилаб юрган баас Когес эса ўжарлик билан ўзича ғудранарди:
— Шуниси маъқул. Қашшоқ бўлса, буни устига мияси нуқул бўлмағур хаёлларга тўлиб юрса. Ундан узоқ юрган тузук.
Совғасини қабул қилиб, ўзини рад этишганини бола катта адолатсизлик деб ҳисобларди. Шикоятга одатланмаган Нелло аламини ичига ютиб, кекса Жон Даасни: “Биз камбағалмиз, бизга танлашни ким қўйибди”, — деган сўзларини одоб билан тинглар, аммо кўнглида: “Камбағал ҳам танлаши мумкин, — машҳур бўлса у ҳам ҳурмат-эътиборли бўлади”, — деган яширин илинж билан юрарди. У соддадиллик билан шундай бўлишига жуда ишонарди.
Бир куни Алоиза уни даладаги анҳор бўйида тасодифан учратиб қолиб, эртага туғилган кунига қишлоқдаги барча болалар таклиф этилгани, Неллони бу тантанага чақиришга ота-онаси рухсат бермагани тўғрисида сўзлаб, аччиқ йиғлади.
— Ҳаммаси ўтиб кетади, Алоиза, юпатди уни Нелло. — Вақти келиб отанг мени юзимга эшик ёпмайдиган бўлади. Фақат сен мени унутмасанг бўлди, Алоиза, сўзим эсингда турсин, мен ҳали машҳур рассом бўламан.
— Сени унутсам-чи!!! — кўз ёши аралаш ҳазил қилди қизча.
Нелло ботаётган қуёш нурларида ярқираб турган ибодатхона қуббасига қаради. Боланинг юзидаги қандайдир тантанавор, шу билан бирга ғам-ғуссага тўла ғалати табассум Алоизани қўрқитиб юборди.
— Барибир мен рассом бўламан, Алоиза, — пичирлади Нелло. — Оламга машҳур бўламан ёки ўлиб кетаман.
У баланд ўсган буғдойзор оралаб уйига бораётиб, қишлоғига кўп йиллардан сўнг бахтиёр қайтишини, шунда Алоизанинг қариндошлари уни остонаданоқ иззат-икром билан кутиб олишларини ўйлаб, ширин хаёл сурар эди. Уни кўриш учун ҳали барча ҳамқишлоқлари йиғилишади, деҳқонлар бир-бирларига:
— “Кўраяпсизларми? Бу номи дунёга машҳур рассом ўзимизнинг жажжи Нелло бўлади. Бир вақтлар у камбағал эди, итининг шарофати билан бир парча нон топарди”, — деб шивирлашади.
Нелло бобосига мўйна ёқали барқут кафтан кийдириб қўйишини ва уни Рубенс картинасидаги чолга ўхшатиб чизишини кўз олдига келтирди. У Патрашга олтин бўйинбоғ сотиб олади ва итнинг ёнида туриб, йиғилган одамларга:
“Бир вақтлар бу ит менинг ягона дўстим эди”, — деб эълон қилади.
Сўнг у ибодатхона томонга қаратиб катта мармар қаср қуради, кўркам боғ яратади. Бу қасрда ўзи эмас, балки буюк ишларга бел боғлаган камбағал ва ёлғиз ўсмирлар яшайди. Ўзи ҳақида мақтовлар эшитганда эса:
“Менга эмас, Рубенсга миннатдорчилик билдиринглар. Агарда у бўлмаганида, мен бу мартабага етармидим?” — дейди.
Мана шундай гўзал ва содда хаёллар оғушида дала бўйлаб бораётган Нелло бахтиёр эди. У буюк рассом даҳосидан миннатдор, ҳатто Алоизанинг туғилган кунида қоронғу кулбасида қора нондан бўлак ҳеч вақо йўқлиги ҳам кайфиятини бузмаган эди. Қишлоқ болалари эса шу дамда тегирмон орқасидаги катта шийпонда думалоқ ширин кулчалар еб, конфетлар шимиб, юлдузли осмон остида скрипка ва най жўрлигида қўшиқлар айтишиб, хуррам ўйин-кулги қилишмоқда эди.
— Куюнма, Патраш, — деди Нелло итининг бўйнидан қучоқлаб, кулба остонасида ўтираркан. — Куюнма, вақти келиб ҳаммаси бошқача бўлади.
Тунги шамол тегирмон томондан қувноқ кулги товушларини олиб келарди.

III

— Бугун Алоизанинг туғилган куни эди шекилли? — деди кекса Даас. Бола бош силкиб тасдиқлади. Бобоси бу ҳақда эсламаса яхши эди.

— Унда нега уйда ўтирибсан? — давом эттирди бобо. — Бу кун доимо уларникида бўлар эдинг.
— Сизни ёлғиз қолдириб кетгим келмади, сиз касалсиз-ку, — ғулдиради бола бобосининг тўшагига энгашиб.
— Хавотир олма! Нуллет холани чақирсанг, келиб ёнимда ўтиради. — Чол бир оздан кейин болани яна гапга тутди. — Тўғрисини айт, Нелло, нима бўлди ўзи? Қизча билан уришиб қолдингми?
— Йўқ, бобожон, ундай эмас! — тез жавоб берди бола уятдан қизариб. Сўнг: — Баас Когес бу йил мени таклиф қилмади. Нимагадир мени ёқтирмай қолган, — деди.
— Биронта ёмон иш қилгандирсанда?
— Ҳеч қачон. Қарағай тахтачага Алоизанинг расмини чизган эдим, холос.
— А-а!
Қария жим қолди. У боланинг жавобларидан гап нимада эканлигини дарров англади. Касаллик уни кўпдан бери уй бурчагидаги, ичига пахта ўрнига қуруқ барг тиқилган тўшакка михлаб ташлаган бўлса-да, ёруғ дунё ишларини унутгани йўқ. Қария Неллонинг сомонранг жингалак сочларини кўкрагига босиб, ўксик овоз билан:
— Сен жудаям камбағалсан, чироғим. Жудаям камбағалсан! Ҳали кўп қийналасан, — деди.
— Камбағал эмасман, мен бойман! — шивирлади бола.
Нелло бунга чиндан ишонарди. Истеъдод — қирол хазинасидан кўра каттароқ бойлик деб биларди. У кулбадан чиқаётиб, остонада тўхтаб, куз осмонида чарақлаётган юлдузларга ва шамолда тебранаётган баланд теракларга узоқ тикилиб қолди. Тегирмончининг уйидаги барча чироқлардан нур ёғилиб, най садолари эшитиларди. Неллонинг кўз ёшлари юзига оқиб туша бошлади, — у ҳали мурғак бола эди-да, — шундай бўлса ҳам жилмайди:
— Ҳали ҳаммаси бошқача бўлади… — шивирлади у.
Ҳамма товушлар тиниб, бутунлай қоронғи тушгач, у Патрашни эргаштириб кулбага кирди. Улар ёнма-ён ётиб, чуқур уйқуга кетдилар.
Неллонинг фақат Патраш биладиган яна бир сири бор эди. Уй орқасида эски ташландиқ устахона бўлиб, бу ерга Неллодан бошқа ҳеч ким оёқ босмаганди. Устахонага шимол томондан ёруғлик тушиб турарди. Бола рандаланмаган тахталардан мольбертга ўхшаш бир нарса ясаб, унга сарғиш қоғоз қўйиб, тасаввуридаги манзарани чиза бошлаганди.
Нелло ҳеч кимдан ҳеч нарсани ўрганмаганди. Бўёқ сотиб олишга пул қайда дейсиз? Ҳатто энг арзон қаламларни олиш учун ҳам неча марталаб нондан воз кечишга тўғри келарди. У кўрган нарсаларини фақат қора ва оқ ранглардагина акс эттира оларди.
Сарғиш қоғозга тўнка устида ўтирган кишининг улкан гавдаси қалам билан чизилганди. Нелло кекса ўтинчи Шимелни кечқурунлари ана шу алфозда ўтирганини кўп марта кўрган эди.
Расм чизиш қоидаларини болага ҳеч ким ўргатмагани учун, у тана тузилишини ҳам, санъатдаги шартлилик қонунларини ҳам билмасди, шунга қарамай, кекса ўтинчининг қиёфаси ва ажиндор юзини шунчалик табиий акс эттира олган эдики, тўнка устида ўйга чўмиб ўтирган ёлғиз қария бостириб келаётган қоронғилик қўйнида тирик одамдек кўринар эди. Албатта, расмни бутунлай бенуқсон деб бўлмасди, унда жиддий камчиликлар мавжуд эди, аммо у ҳаққонийлиги ва ўзига хос гўзаллиги билан кекса кишининг ички кечинмаларини чуқур ифодалаганди.
Бола ҳар кунги юмушларини адо этиб бўлгач, мольберт қаршисига ўтирар, Патраш эса дўсти қандай ишлаётганини кузатиб ёнида соатлаб чўзилиб ётарди.
Нелло бу расмни Антверпен шаҳрида эълон қилинган кўрикка тақдим этиш иштиёқида матонат билан пинҳона меҳнат қилмоқда эди. Кўрикда ўн саккиз ёшга тўлмаган ҳар қандай ўсмир бўр ёки қаламда чизилган мустақил расми билан қатнашиши мумкин эди. Энг яхши расм учун икки юз франк мукофот белгиланганди. Рубенс юртдошларидан учта энг машҳур рассом ҳакамликка тайинланганди.
Нелло бу сурат устида кўклам, ёз, куз пайтлари тиним билмай ишлади. Агар мукофот олса, ўзи севган санъат соҳасида ўқишга кириши мумкин.
Булар ҳақида у ҳеч кимга гапирган эмас. Бобоси барибир уни тушунмайди. Алоиза билан эса учрашмай қўйди. Орзулари ҳақида фақат Патраш билан ҳасратлашиши мумкин, шу боис бола унинг қулоғига шивирларди:
— Рубенс мукофотни менга берган бўларди. Агар тирик бўлганда шубҳасиз, у мени тақдирларди.
Суратларни биринчи декабргача топшириш лозим эди. Ғолиб чиққан ўсмир Рождество байрамини шод-хуррам нишонласин деб ҳайъат қарори йигирма тўртинчида эълон қилиниб, мукофот топширилади.
Совуқ тонглардан бирида, юраги умидворлик ва хавотирга тўла Нелло, катта суратни яшил аравачага солиб, Патраш ёрдамида шаҳарга олиб борди. Кўрик шартларида кўрсатилганидек, уни жамоат биносининг кираверишида қолдирди.
“Балки сурат ёмон чиққандир. Мен уни нотўғри баҳолагандирман?” — деган ўйга ҳам борди у хавотирланиб.
Суратни қўйиб келгач, ўзига ортиқча ишониб, қалтис ишга қўл ургандек безовта бўла бошлади. Ялангоёқ, чаласавод бола, чинакам рассомлар назарига арзимайдиган расм учун мукофотдан умидвор бўлиши ақлсизлик эмасми?
У ибодатхона ёнидан ўтаётганда сал ўзига келди. Кулранг туман қўйнидан Рубенснинг жилмайиб турган улуғвор қиёфаси кўрингандек бўлди, гўё буюк санъаткор унга: “Дадил бўл! Агар мен тушкунликка тушганимда номим асрлар оша машҳур бўлмасди”, — дегандек туюлди.
Қиш қаттиқ келганди. Кечки пайт Нелло билан Патраш шаҳардан қайтаётганларида бўрон бошланди, сўнг бир неча кунгача тинимсиз қор ёғди. Йўллар музлаб, ирмоқларни қалин қор қоплади, далаларда изғирин, эрта саҳар қўшниларникига кириб-чиқиш ва ғира-ширада ҳали уйқудан уйғонмаган шаҳарга сут олиб бориш тобора қийинлашди.
Айниқса Патрашга оғир эди. Йил сайин Нелло улғайиб, кучга тўлган сари, қари кўппак оёғини зўрға судраб босадиган бўлиб борарди. Аммо ишини тарк этмас, фақат оғир жойларда Нелло ёрдамлашиб, аравачани итариб борарди. Ит яхши кўролмай қолганди, похол тўшагидан қўзғалиши қийинлашган бўлса-да, минорадаги соат бешга занг чалганда, меҳнат кунини бошлашга шай бўлиб жойида турарди.
— Уйда қолавер, Патраш, етар шунча ишлаганинг. Энди аравачани ўзим тортаман, — дер эди унга ҳар куни Нелло.
Аммо Патраш ўжарлик билан жойини эгаллар ва кўп йиллардан бери босиб ўтадиган қорли дала бўйлаб аравача тортишни тарк этмасди.
— Бечора Патраш, яқинда иккимиз ҳам ер қаъридан жой оламиз, — дерди кекса Жон Даас ингичка, бурушқоқ қўлини узатиб, итни силар экан. Ичида: — “Биздан кейин боланинг аҳволи нима кечаркин?” — деб ўйларди.
Бир куни Нелло Патраш билан Антверпендан қайтаётиб қори босилиб, мармардек силлиқ бўлиб қолган йўлдан бўйи бир қарич, зар ёқа, қизил камзулли, ноғора ушлаган масхарабоз қўғирчоқни топиб олди. Ўйинчоқ яп-янги, уни ким йўқотганини Нелло билмасди. Алоиза кўрса, хурсанд бўлади, деб ўйлади у.
Бола тегирмончининг уйига яқин келганида қоронғи тушиб қолганди. Алоиза хонасининг ёруғ ойналарига боқар экан: “Ўйинчоқни унга берсам нима бўпти? Буни ёмон жойи йўқ-ку! Ахир неча йиллар қадрдон бўлганмиз”, — деган фикр миясидан ўтди. Ойна остига қия супа қилинган эди. Нелло унинг устига чиқди-да, деразани оҳиста чертди. Чироқнинг пилиги буралиб, хона ёришди. Қизча деразани очиб қаради. Нелло унга қўғирчоқни узатди.
— Сенга ўйинчоқ олиб келдим. Йўлдан топиб олдим, — шивирлади у. — Эсдалик учун олиб қўй, Алоиза.
У супадан сакраб тушиб, қоронғилик қўйнида кўздан ғойиб бўлди, қизча ҳатто миннатдорчилик билдиришга ҳам улгуролмай қолди.
Кечаси тегирмонда ёнғин чиқди. Ғалла сақланадиган омбор ёнди, аммо тегирмон билан турар жойларга шикаст етмади. Қишлоқда тўс-тўполон кўтарилиб, Антверпендан ўт ўчирувчи машиналар келди. Тегирмончининг мол-мулки суғурта қилингани учун айтарли зарар кўрмади, аммо шунга қарамай, талвасага тушиб, кўринганга ёнғин бекорга чиққан эмас, кимдир қасддан ўт қўйган, деб гап тарқата бошлади.
Кечаси уйғониб кетган Нелло қўшниларга қўшилиб ёнғинни ўчиришга чопди. Баас Когес уни ҳайдаб юборди.
— Кеча қоронғида ҳовлида изғиб юрган эдинг, — жаҳл билан бақирди у. — Ўт қаердан чиққанини сен яхши биласан!
Ҳайратдан ўзини йўқотган Нелло нима дейишини билмай қолди. Бу гаплар жиддийлигини ёки бундай пайтда ҳазиллашиш мумкинлигини ақлига сиғдиролмасди. Тегирмончи кейин ҳам қўни-қўшниларга ўз шубҳасини айтиб юрди. Болани айблаш учун ҳеч қандай далили бўлмаса-да, уни кечқурун ҳовлида кўришгани-ю, Алоиза билан бирга ўйнашга рухсат бермагани учун Когесдан ўч олмоқчи бўлгани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Бойга ёқиш мақсадида қўшнилар Жон Дааснинг неварасига ёмон кўз билан қараб, уни четлаб ўта бошладилар. Ҳеч ким очиқчасига уни айбдор санамаса-да, ҳамма тегирмончи тарафида эди.
Илгарилари Нелло Патраш билан деҳқонлар ва фермерларнинг хонадонига сут олиш учун кирганида уни хайрихоҳлик ҳамда илиқ сўзлар билан қаршилашарди. Энди эса қайрилиб қарамайдиган, ҳатто гаплашишдан қочадиган бўлишди. Қишлоқ камбағаллари тегирмончининг бемаъни шубҳасига ишонмасалар-да, бойнинг ғазабидан ҳайиқишарди, чунки кўп жиҳатдан унга боғлиқ эдилар-да.
Бир куни тегирмончининг хотини:
— Болага нисбатан адолатсизлик қилаяпсан, — дейишга журъат этди. — У виждонли, ҳалол бола, ҳеч қачон бундай ярамас ишга қўл урмайди.
Аммо баас Когес ўжар киши эди, ёмон иш қилаётганини кўнгли сезиб турса-да, тан олишни хоҳламасди.
Нелло бу адолатсизликларни мағрур хотиржамлик билан енгарди. Фақат Патраш билан ёлғиз қолгандагина алам-ҳасратларини унга тўкиб соларди. Баъзан ўзига-ўзи: “Агар мукофот олсам, улар бу ёвузликлари учун пушаймон бўладилар”, — деб тасалли берарди.
Бола ўн олти ёшга қадам қўйган эди. Шу кичкина қишлоқда яшаб келаяпти. Шу пайтгача ҳамма уни яхши кўрарди. Мана энди қўшнилар ноҳақ юз ўгириб, уни қийин аҳволда қолдиришди. Айниқса, аёзли қиш кунлари бу ҳолат қаттиқ сезила бошлади, чунки бола ҳамиша бировларнинг мулойим сўзига, меҳрибонлиги ва кўмагига муҳтож эди. Қаҳратонда, одамлар бир-бирига суяниб яшайдиган бундай чоғларда у қўшнилардан нажот топарди. Мана шундай оғир пайтда Нелло билан Патрашни ўз ҳолига ташлаб қўйишди. Улар қария билан бирга кўпинча ўтинсиз, ҳатто нонсиз ўтиришарди. Бахтга қарши, шу кезларда Антверпендан бир ишбилармон киши келиб қолди. У хачир қўшилган аравасида шаҳарга сут ташимоқчи эканини фермерларга билдирди. Таклифи кўпчиликка маъқул тушди. Фақат уч-тўрт хонадонгина янги ишбилармон қиммат сўраяпти деб, Нелло билан Патрашдан воз кечмади. Энди Патраш тортиб борадиган юк ниҳоятда енгил бўлиб, Неллонинг даромади ҳам шунга яраша камайиб кетди.
Патраш, одатдагидек, ҳар бир таниш уй олдида тўхтаб, дарвозага умидвор тикиларди. Аммо қўшнилар, хайрихоҳ бўлганига қарамай, баас Когесдан қўрққанларидан эшикларини ёпиб олишарди. Патраш бўш аравачани чор-ночор олдинга тортар эди.
Байрам яқинлашиб келарди. Қор уюмлари нақ одам бўйи кўтарилган, одамлару жониворлар қалин муз қоплаган анҳорнинг хоҳлаган жойидан бемалол ўтадиган бўлиб қолди. Бундай пайтларда қишлоқда ҳаёт жонланиб кетади. Ҳатто энг қашшоқ хонадонларда ҳам дўлма пиширилиб, хурсандчилик бошланади.
Фақат биргина кулба қоронғилик ва совуқ ҳукмида эди.
Нелло билан Патрашнинг бошига мусибат тушди. Байрамга бир ҳафта қолганда кекса Жон Даас вафот этди. Кейинги пайтларда фалаж хасталигидан тинка-мадори қуриган, қўлларини аранг қимирлатиб, бир неча сўзни шивирлаб, зўрға айтадиган аҳволга тушиб қолган эди. Бобо ухлаб ётган кўйи оламдан ўтди. Тонг чоғи Нелло билан Патраш бошларига тушган мусибатдан хабар топгач, бу дунёда бутунлай ёлғиз қолишганини ҳис этишди. Қашшоқ, мадорсиз қария ҳеч нарса билан ёрдам беролмаса-да, уларни яхши кўрар ва доим кулиб қарши олиб, далда берарди.
Қор ёғиб турган совуқ кунда Нелло билан Патраш қарияни сўнгги йўлга кузатдилар. Мурғак набира ва қари итдан бошқа ҳеч ким тобут орқасидан қабристонга бормади.
“Энди феъли юмшаб, етимчани уйимизга киришига рухсат берар”, — деб ўйлади тегирмончининг хотини ўчоқ ёнида трубка чекиб ўтирган эрига қараб.
Хотинининг ўйларини Когес билиб турар эди, аммо тош юраги заррача юмшамади, ҳатто аянч мотам иштирокчилари ўтиб кетишаётганда ҳам эшикни очиб қараб қўймади.
“Бола — гадо, — дерди у ичида, — Алоиза унга яқинлашмагани маъқул”.
Хотини етимлар ҳақида оғиз очмади. Аммо дафн тугаб, Нелло билан Патраш мозордан қайтиши биланоқ, у Алоизанинг қўлига бўзноч гулларидан ясалган кичкина гулчамбар тутқазиб, ҳали қор босмаган янги қабр устига қўйиб келиш учун юборди.
Ғамга ботган Нелло билан Патраш уйга қайтишди. Энди мана шу ғариб, вайрона кулбани ҳам тарк этишга тўғри келади. Нелло бир ойдан бери ижара ҳақини тўлай олмаганди, бугунги дафн маросимидан сўнг эса қўлида сариқ чақа ҳам қолмади. У уй эгаси — Когесга ошна этикдўз олдига тўлов муддатини бир оз чўзишни сўраб борди. Аммо хўжайин шафқат нималигини билмайдиган золим ва очкўз киши экан, ҳужрадаги ҳамма нарсани — қошиқдан тортиб жинчироққача — тортиб олди, Нелло билан Патрашга эса эртадан бошлаб гумдон бўлишни буюрди. Вайрона бўлса-да, уй эди, улар бу кулбада бахтиёр эдилар: ёзда узум ишкомлари-ю, ловия япроқларига бурканган ҳовли дала ёқасида, қуёш нуридан чароғон, ниҳоятда чиройли кўринарди.
Рождество байрами арафаси эди. Нелло эрта-саҳар уйғониб, ягона дўстини қаттиқ қучоқлади. Иссиқ кўз ёшлари садоқатли Патрашнинг бошига оқиб тушди.
— Кетдик, Патраш! Кетдик, азизим! — пичирлади у. — Ҳайдаб чиқаришларини кутиб ўтирмайлик. Кетдик!
Патраш итоаткорлик билан қўзғалди, улар ҳужрадан чиқишди. Яшил аравача ёнидан ўтар экан, Нелло оғир хўрсиниб бошини эгди. Аравача энди уларники эмас — хўжайин қарз эвазига уни тортиб олганди. Патрашнинг мис қўнғироқли бўйинбоғи қор устида ағанаб ётарди.
Улар таниш йўл билан Антверпенга жўнадилар. Тонг ёришиб келарди, дарвозалар деярли очилмаган, аммо баъзи ҳовлиларда одамлар ғимирлай бошлаганди. Нелло очиқ дарвозалардан бири олдида тўхтади, бобоси бу оиланинг кўп юмушларини бажариб берганди.
— Патраш учун бир бурда нон беролмайсизми? — дадил мурожаат қилди бола. — У кечадан бери ҳеч нарса егани йўқ.
Бека бу йил сулининг баҳоси ошиб кетгани ҳақида тўнғиллаб, эшикни дарҳол ёпиб олди. Нелло билан Патраш ҳорғин судралиб йўлда давом этдилар ва бошқа ҳеч қаерда тўхтамадилар. Шаҳар минорасидаги соат ўнга занг урганда улар зўр-базўр Антверпенга кириб бордилар.
“Сотадиган бирон-бир нарсам бўлганда, Патрашга бир бўлак нон олиб берардим”, деб ўйлади Нелло. Эгнидаги фуфайка, иштон ва оёғидаги ямоқ бошмоғидан бошқа ҳеч нарсаси йўқ эди. Патраш, дўсти нега безовта бўлаётганини сезиб, бурни билан боланинг кафтига туртиб қўйди.
Туш пайтида энг яхши расм учун мукофот кимга тегиши эълон қилинади. Нелло ягона бойлиги қўйилган бинога қараб юрди. Уй бўсағаси, зиналар ва фойе ўсмирларга тўла эди — баъзилари тенгдош, бошқалари ундан катта — ҳаммаси ота-онаси, қариндош-уруғи ёки дўстлари билан келганди. Патраш билан оломон орасига келиб қўшилганида Неллонинг юраги дукуллаб уриб кетди.
Шаҳар соати ўн иккига занг урди. Зал эшиклари очилди, ҳаяжонланган шошқин оломон гуриллаб ичкарига ўзини урди. Мукофотга сазовор бўлган сурат энг баланд жойга ўрнатиб қўйилиши ҳаммага маълум эди.
Неллонинг кўз ўнгини туман қоплаб, боши айланиб кетди, оёқлари ўзига бўйсунмай қолди. Кейин кўз олди равшанлашди ва у юқори кўтариб қўйилган мольбертни кўрди. У ерда бошқа бир сурат турарди. Қандайдир жарангдор овоз мукофот Антверпен шаҳрида туғилган Стефан Кислингерга, пристан хўжайинининг ўғлига берилганини тантанали равишда эълон қилди.
Нелло кўзини очганда, тош йўл чеккасида ётганини кўрди, Патраш уни ҳушига келтириш учун зўр бериб ялаб-юлқимоқда эди. Сал нарида антверпенлик ёш-яланглар омадли ўртоқларини қуршаб, шодон қийқириқлар билан қирғоқ сари кузатиб борардилар.
Нелло тебраниб ўрнидан турди ва итни қучоқлаб олди.
— Ҳаммаси тамом бўлди, Патраш, — шивирлади у. — Ҳаммаси тамом.
Очликдан силласи қуриган Нелло ўзини қўлга олишга уриниб, зўр-базўр қишлоқ томон йўлга тушди. Патраш ҳолсиз бошини эгиб, аранг судралиб унга эргашди.
Бўрон бошланди. Шимол томондан шиддатли шамол эсди. Аёз игна каби тешиб ўтарди. Дала орқали таниш йўлдан бориш катта машаққатга айланди. Қишлоқ кўринган пайтда соат тўртга занг чалинди. Патраш ногоҳ тўхтаб, ерни искади ва ғингшиб қорни кавлашга тушди. Кўп ўтмай қор уюми орасидан яшил чарм ҳамённи тишлаб тортиб чиқарди ва қоронғиликда болага келтириб берди. Йўл чеккасидаги устунда чироқ хира нур сочарди. Нелло беихтиёр ҳамённи чироққа солди ва “Когес” деган ёзувни ўқиди. Ҳамён пулга тўла эди. Бу топилдиқ болани карахтликдан чиқарди. У ҳамённи қўйнига солиб, итни силаб қўйди ва олға интилди. Ҳеч нарсани тушунмаган Патраш унга жа⬬дираб қаради.
Нелло тегирмончининг уйига борди ва ташқаридаги дарвоза олдида тўхтаб, уни зўр бериб тақиллата бошлади. Тегирмончининг хотини эшикни очди. Қўрқиб кетган Алоиза орқада мўралаб турарди.
— Сенмисан, бечорагинам, — кўз ёши аралаш мулойим хитоб қилди аёл. — Келақол, азизим, хўжайин кўриб қолмасин. Бошимизга фалокат тушди: у уйга келаётиб бор пулини йўқотиб қўйиб, уни излаб кетди. Шундай қорда топиб бўлармиди?! Бутунлай хароб бўлдик.
Нелло ҳамённи унга узатди ва Патрашни чақирди.
— Патраш бу пулларни ҳозиргина топиб берди, —тез гапирди у. — Буни баас Когесга айтиб қўйинг. Энди у кекса итга бошпана бериб, қорнини тўйғазишга қаршилик қилмаса керак. Патрашни орқамдан чиқишига йўл берманг, илтимос, ундан меҳрингизни аяманг.
Улар эс-ҳушини йиғиб олгунларича, Нелло энгашиб Патрашни ўпди ва эшикни тез ёпиб, қоронғида ғойиб бўлди.
Ҳайрат ва қувончдан донг қотган она ва қиз нима дейишни билмай қолишди. Улар ит қочиб кетмасин деб эшикни тамбалаб қўйдилар ва уни сийлашга тутиндилар. Олдига ширин дўлма ва қайнатилган гўшт қўйдилар, уйдаги барча яхши нарсалардан келтирдилар. Ҳаммаси беҳуда кетди. Патраш овқатга қайрилиб ҳам қарамади. У ёпиқ эшик олдидан қўзғалмади.
Соат олтиларда орқа эшикдан тегирмончи кириб келди. Чарчоқ ва диққатпазликдан рангида қон қолмаганди.
— Энди ҳеч нарсага умид қилиб бўлмайди, — деди у тушкун овозда. — Фонар ёруғида ҳаммаёқни титиб, қидириб чиқдим, ҳеч қаердан топиб бўлмади.
Хотини унга ҳамённи узатиб, қандай топилганини сўзлаб берди. Тегирмончи стулга ўтириб қолди ва кафтлари билан юзини бекитди.
— Болага беҳуда жабр қилган эканман, — деди у ниҳоят.
— Нелло яна бизникига келадими? — аста сўради бироз дадиллашган Алоиза. — Биз уни чақирамизми?
— Ҳа, азизим, — жавоб берди тегирмончи. — Эртага уни чақириб келамиз.
Рождество арафаси эди. Тегирмончининг уйида ҳамма нарса мўл-кўл: ўтин ва кўмир, қаймоқ ва асал, гўшт ва нон қалашиб ётарди; шипга байрам безаклари осилган, каккули соат яшил гулларга бурканган, Алоизанинг кўнглини олиш учун қоғоз фонарчалар, чиройли суратли хилма-хил конфетлар, турли-туман ўйинчоқлар сотиб олинганди. Уй ичи иссиқ ва ёруғ эди. Қизча Патрашни азиз меҳмон сифатида эркалашга уринди. Аммо Нелло йўқлиги учун Патрашга иссиқ ҳам, турли-туман таомлар ҳам татимасди. Уни ҳеч нарса билан чалғита олмадилар. Патраш эшик олдидан жилмас, пайтини топиб, қочиб қолиш пайида эди.
— У Неллони қўмсаяпти, — деди баас Когес. — Ажойиб ит экан. Яхши ит! Эрталаб сени ўзим болани олдига олиб бораман.
Ҳиди бурқираб турган шўрва келтирдилар, стол атрофи ғала-ғовур, қувноқ хандаларга тўлди. Айни шу дам кириб келган қандайдир беғам меҳмон эшикни қия қолдирди. Патраш сакраб туриб ўзини қоронғилик ва қаҳратон қўйнига урди ва кекса, мадорсиз оёқлари имкон берган қадар югургилаб кетди. У фақат бир нарсани — Нелло билан бирга бўлишни хоҳларди.
Қор тинмай ёғарди, соат ўнга яқинлашиб қолган, боланинг излари аллақачон кўмилиб кетганди. Патраш ўзига керак изни топгунча узоқ вақт қор искаб борди, аммо уни тезда йўқотиб қўйди ва яна қайта излашга тушди. Бу ҳол бир неча марта такрорланди. Ҳадемай қор тиниб, йўллар музлай бошлайди, қишлоқни қалин туман босади. Атрофда бирон тирик жон кўринмасди. Моллар оғилга қамалган, ҳар бир уй, ҳар бир кулбада байрам дастурхони ёзилган, атрофида одамлар хурсандчилик қилишарди. Кўчада биргина қари кўппак, касалманд Патраш изғирин қўйнида зўрға гандираклаб судралиб борарди.
У аранг топган излар Антверпенга қараб кетганди. Патраш шаҳар чеккасидаги тор, эгри-бугри кўчаларга тун ярмида етиб келди. Шаҳар зим-зиё. Баъзи жойлардагина дарпардалар орасидан бир тутам нур кўриниб қоларди, чўнтак фонари билан йўлни ёритиб уйига қайтаётган саёқ маст эркаклардан бошқа ҳеч ким дуч келмасди.
Қор босган кўча атрофидаги уйларнинг баланд деворлари ва пештоқлари қорайиб кўринарди. Шамол увиллар, дўконлар устига осилган лавҳалар тебраниб ғийқилларди, чироқ ўрнатилган темир устунлар чайқалиб турарди.
Кечаси одамлар қорда қолдирган излар айқаш-уйқаш бўлиб кетганди. Патраш ниҳоятда қийналди, Неллонинг изларини йўқотиб қўймасликка ҳаракат қиларди. Совуқ суяк-суягидан ўтиб кетди, муз парчалари панжаларини тилиб юборган, очлик чидаб бўлмайдиган даражада азоб бермоқда эди. Шунга қарамай Патраш сабр-тоқат ва матонат билан Неллонинг изидан бораверди. Бу излар уни катта ибодатхона остонасига олиб келди.
Кечки ибодатдан сўнг уйига шошган қоровул ибодатхонанинг эшикларидан бирини беркитмай кетганди. Патрашни олиб келган излар бино ичкарисидаги қора мармар устида оқ доғлардек ялтираб кўриниб турарди. Сукут чўккан мудроқ ибодатхона бўйлаб ўтган Патраш ниҳоят излаган кишисини топди. Нелло меҳроб қаршисида чўзилиб ётарди. Патраш унинг ёнига эмаклаб келди ва юзларини ялади. Бу билан у: “Сени унутади деб ўйладингми? Мен — итман-ку!” — деяётгандек эди.
Нелло қичқириб юборди, ўрнидан туриб, Патрашни қучоқлади. Сўнг:
— Ёт, Патраш, — деб шивирлади. — Биз бугун бирга ўламиз. Одамларга кераксиз эканмиз. Дунёда бизнинг ҳеч кимимиз йўқ.
Патраш унга янада яқинроқ сурилди-да, Неллонинг кўкрагига бошини қўйди. Боланинг ғамга ботган қора кўзларида дона-дона кўз ёшлари қалқиб турарди. Шимол денгизидан эсаётган шамол барча тирик мавжудотни йўқ қилиб юборадиганга ўхшайди. Иситилмаган, мармар ётқизилган улкан хоналар қор босган даладан ҳам совуқроқ эди. Баланд гумбаз остида кўршапалаклар ғужғон ўйнашарди. Аҳён-аҳёнда тушган ойнинг хира нури тошга ўйилган тасвирларни ёритиб юборарди. Бир-бирига маҳкам ёпишиб олган Нелло билан Патраш совуқдан дағ-дағ қалтираб, Рубенс суратлари остида жимгина ётишарди. Уларнинг хаёлида гулга бурканган ўтлоқда югуриб ўйнаганлари, баланд қамишлар орасидан, денгиз томон сузиб кетаётган қайиқларни кузатганлари бирма-бир жонланмоқда эди.
Ногоҳ ёруғ нур қоронғиликка чек қўйди, булут остидан чиққан ойнинг шуъласи қорда акс этиб, атрофни саҳар пайтидагидек ёритиб юборди. Деворга ишланган машҳур “Чормихга тортиш” ва “Чормихдан олиш” суратларини бир лаҳза кўриш имкони туғилди. Бола ибодатхонага кирган заҳоти суратларга тортилган пардани суриб қўйган эди. Нелло сакраб турди. Унинг рангсиз юзларида қувонч ёшлари йилтирар эди.
— Ниҳоят уларни кўрдим-а! — хитоб қилди у. — Ниҳоят кўрдим!
Нелло гандираклаб кетди. У Рубенс суратларидан кўз узмаган ҳолда тиз чўкди. Ахир уларни кўришни қанчалар орзиқиб кутган эди! Аммо ой булутлар орасида ғойиб бўлди, ҳаммаёқни яна зулмат босди. Нелло Патрашни қаттиқ қучоқлади.
— Энди бизларни ҳеч ким ажратолмайди, — деб шивирлади у.
Эртаси иккаласини ибодатхонанинг мармар поли устида музлаб қолган ҳолда топиб олишди. Рубенснинг мўъжизакор суратларини ёпиб турадиган парда суриб қўйилган. Суратлар чиқаётган қуёш нурида ярқираб кўринарди. Музқотган икки дўстнинг атрофига оломон йиғилди. Тонгда юзларини дағал ажинлар босган ўрта ёшли киши келди. У худди аёллар сингари ўкириб йиғлар, — мен болага ёвузлик қилдим! — деб фарёд соларди.
Кейинроқ бир машҳур рассом келди, одамлар унга йўл бўшатиб, олдинга ўтказдилар. У йўл-йўлакай гапириб борарди:
— Мен бу ерга ноёб истеъдодли болани излаб келдим, адолат юзасидан айтганда, кеча мукофотни у олиши керак эди. Унинг суратида тўнка устида ўтирган ёлғиз киши тасвирланган. Сурат катта маҳорат билан ишланганди. Болани топишим керак. Уни ўз тарбиямга олиб, рассомлик санъатини ўргатаман.
Отасига ёпишиб олган жингалак тилла сочли қиз ҳўнграб йиғларди:
— О, Нелло, тура қол, Нелло! Биз билан бирга юр. Ойим сени кутяптилар. Сенга совғалар тайёрлаб қўйганмиз, дадам бизга қўшнай чалиб берадилар. Патраш ҳам яйраб яшайди. О, Нелло, тура қол!
Рубенс чизган буюк асарларга қараб жилмайганча қотиб қолган ўсмирнинг рангпар юзлари гўё: “Кечикдинглар” деб таъна қилаётгандек эди.
Энди Нелло билан Патрашга меҳрибончиликнинг кераги йўқ эди.
Бола билан ит бир умр бирга яшади, ўлгандан сўнг ҳам уларни бир-биридан ажратиб бўлмади — бола итнинг бўйнидан маҳкам қучоқлаб олганди. Қадрдон қишлоғининг одамлари уларни бир қабрга дафн этдилар.

Ортиқбой Абдуллаев ва Дилдора Алиева таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 12-сон