Тунжар Жўжанўғли. Кўчки (2 пардали драма)

ҚОР КЎЧКИСИ ФАҚАТ ТАБИИЙ ҲОДИСАМИ?

1987 йил. Кинокомпанияда ишлардим…
Кунлардан бир кун, мен учун қадрли бўлган дўстим билан гаплашиб қолдик. У менга ғаройиб бир воқеани гапириб берди.
“Шарқий Онадўлининг тўрт томони баланд тоғлар билан ўралган бир қишлоқ аҳолиси баланд овозда гаплашолмас, қаҳ-қаҳ отиб кулолмас, қисқаси, хоҳлаганча кўнгилхушлик қила олмасмиш…
Сабаби шовқин-сурон, баланд овозда гапириш – қор кўчкисига сабаб бўларкан. Бу вазиятнинг муҳим томони шундан иборатки, бу ерлик аҳоли йилнинг тўққиз ойида қор кўчкиси таҳликаси билан яшар экан. Бу қишлоқ одамлари йилнинг фақат уч ойида кўнгилдагидай яшаб, баланд овозда гаплашар, қуроллардан ўқ отар, тўй-томоша қилар ёки чақалоқлар дунёга келар эмиш”.
Яъни, ҳаётнинг бор жозибаси-ю шижоати айнан мана шу уч ойда амалга ошаркан, холос. Қолган тўққиз ой эса шовқин-суронсиз, кулгисиз, андиша ва қўрқув ичидаги ҳаётдан иборат экан.
Менга жуда ҳам таъсир қилган бу ҳолат ҳақида саҳна асарини ёзмоқчи бўлдим. Лекин бундай ақл бовар қилмас ҳолатни томошабинга қандай етказиш мумкинлиги, ғаройиб бу воқеани саҳнага қай шаклда олиб чиқиш мақсадга мувофиқлиги мени безовта қиларди.
Шундай бўлса-да барибир, саҳна асарини ёзишга киришдим.
Ва шундай қарорга келдим:
Қор кўчкиси фақатгина табиий ҳодиса эмас…
Балки ўзимиз тафаккуримизда яратдик бу қўрқувни…
Омад ёр бўлсин!

Муждот Гезенга бағишланади.

ИШТИРОКЧИЛАР:

КЕКСА ЭРКАК – 80 ёшларда. Фақат ҳасса ёрдамида ҳаракат қилади.
КЕКСА АЁЛ – 70 ёшларда. Тетиккина, аммо эътибор қаратиш учун атайлаб ўзини бемажол кўрсатади.
ЭРКАК – 50 ёшларда.
АЁЛ – 45 ёшларда.
ЁШ АЁЛ – 18 ёшларда. Ҳомиладор.
ЁШ ЭРКАК – 20 ёшларда.
ДОЯ – 40 ёшларда.
РАИС (Эркак) – 75 ёшларда.
АЁЛ ВАКИЛ – 70 ёшларда.
ЭРКАК ВАКИЛ – 60 ёшларда.
1 ҚЎРУВЧИ – 35 ёшларда.
2 ҚЎРУВЧИ – 35 ёшларда.

ВОҚЕА ЖОЙИ:

Воқеа атрофи тоғлар билан ўралган қишлоқдаги бир уй ичида бўлиб ўтади. Деразадан, томдан осилиб турган муз парчалари кўринади. Хона деворида икки милтиқ осиғлиқ. Улар бир-бирига қарата худди отилишга тайёрдек кўринади. Чап томонда бир хона, ўртада катта даҳлиз – меҳмонхона жойлашган. Ўнг томонда яна битта хонанинг эшиги кўринади. Ташқарига чиқадиган эшик эса ўртада, рўпарада жойлашган. Меҳмонхонада оддий бир печка бор. Унинг ёнида ёқиш учун тахланган ўтинлар. Ерга кигизлар солинган, деворларга эса ихчамгина гиламлар осилган. Хонада яна дўмбира ва сурнай бор. Улар худди чалинишларини кутаётгандай…
Чап томондаги ўзларига ажратилган хонада ёш аёл ва ёш эркак ухлашмоқда. Кекса аёл меҳмонхонадаги печкага яқинроқ жойлашиб, кўзларини шифтга тикканча ётибди. Унинг ёнида эри – кекса эркак қотиб ухламоқда. Кекса эркакдан худди ўлиб қолгандай, овоз ҳам чиқмайди. Ўнг томондаги хонада эркак ва аёл ухлашмоқда. Барча оила аъзолари ерга солинган кўрпа-тўшакда ётишибди. Уйнинг хоналари девор билан бўлинмаган.
Барча кўринишлар худди реал ҳаётдан олинмагандай, рамзий бир ифодага эга. Мутлоқ жимлик. Бу сукунат томошанинг бошидан сўнггига қадар давом этади. Барча юришлар ва ҳаракатлар овозсиз амалга оширилади… Худди ҳаракати секинлаштирилган фильм тасаввури пайдо бўлади…
Пичирлаб гаплашиш финалга қадар давом этади. Иштирокчиларнинг баланд овозда гапирмаслиги, барча хатти-ҳаракатларини шовқин-суронсиз амалга ошириш қўрқуви томошабинларга ҳам таъсир қилмоғи лозим.

БИРИНЧИ ҚИСМ

Тонг отмоқда… На бир кўппак, на бир хўроз сасидан дарак бор. Атрофда сукунат ҳукм сурмоқда. Кун ёришган сари, ичкарида ақл бовар қилмас бир ёруғлик пайдо бўла бошлайди. Сассизлик билан бирга ёруғлик кўпаяётгандай.
Кекса аёл ҳамма уйқуда эканлигидан фойдаланиб товуш чиқармай ҳожатхонага қараб юради. Бироздан сўнг ошхонага келиб бир нарсаларни шошилиб ейди. Секин атрофни кузатади.
Ёш аёл юзини буриштирганча ётган жойидан турмоқчи бўлади. Биқини санчиб оғриётгани билинади. Эрини уйғотиш ёки уйғотмасликка иккиланади. Сассиз ўрнидан туради. Унинг ҳомиладор экани билинади.
Кекса аёл ёш аёлнинг яқинлашаётганини сезиб, оғзидаги емак билан аста-секин бориб ўз ўрнига ётади. Ўзини худди ухлаётгандай кўрсатади. Ҳатто устидаги кўрпани, ёш аёлнинг раҳми келиб уни устига ёпиб қўйиш учун, атайлаб пастга туширади.
Ёш аёл сассиз юришга ҳаракат қилиб, олдинига даҳлиз томонга юриб, кейин ҳожатхонага ўтиб кетади. Кекса аёл уни зимдан кузатади… Ёш аёл бироз вақтдан сўнг яна даҳлизга қайтади. Кекса аёлнинг ухлаётганини кўриб, уни очилиб қолган кўрпасини устига ёпади. Ёш аёл ўз хонасига ўтиб кетаркан, кекса аёл мақсадига етганидан ўзини бахтли ҳис қилади ва оғзидаги емагини чайнашда давом этади.
Ёш аёл ўрнига келиб чўзилади.
Кейин эркак ўрнидан туриб, хонадан чиқади. Даҳлиздан секин ташқарига ўтади…
Кекса аёл яна ўзини ухлаётгандай кўрсатади. Эркакнинг қайтиб келишини билгани учун, яна устидаги кўрпани пастга ташлайди.
Бироздан сўнг эркак қайтиб келади. Эркак кекса аёлнинг тушиб кетган кўрпасини кўтариб, устини ёпади. Ўз хонасига ўтади ва ўрнига ётади.
Кекса аёл кўзларини очиб, бошини гоҳ у томон, гоҳ бу томон қаратиб ўз хаёлларига чўмиб кетади.
Ёш аёл оғриқдан ётган жойида безовта бўлади. Маълумки, янгидан тўлғоқ бошланади.

Ёш аёл (эрини қўллари билан туртади): Туринг.
Ёш эркак (уйқусираб): Нима бўлди?
Ёш аёл: Қорним…
Ёш эркак: Нима?
Ёш аёл: Оғрияпти.
Ёш эркак: Ҳожатхонага бор.
Ёш аёл: Бориб келдим.
Ёш эркак: Ундай бўлса…
Ёш аёл: Ана… Яна оғриқ бошланди. Қўрқаяпман.
Ёш эркак (ишонгиси келмасдан): Нега қўрқаяпсан?
Ёш аёл: Қўрқаяпман-да!
Ёш эркак: Шамоллагансан. (Яна безовталанади) Бошқа нима бўлиши мумкин?
Жимлик.
Ёш эркак: Яхшимисан?
Ёш аёл: Ўтиб кетди…
Ёш эркак: Қўрқинчли ҳеч бир нарса йўқ дедим-ку.
Ёш аёл: Бирдан… Ҳалиги… деб ўйладим.
Ёш эркак: Нима?
Ёш аёл: Ҳалиги… Тўлғоқ бошланди деб ўйладим.
Ёш эркак: Бўлиши мумкин эмас.
Ёш аёл: Бўлмасам бу оғриқ қаердан келди?
Ёш эркак: Қорин оғриғини тўлғоқ билан адаштиряпсан.
Ёш аёл: Ахир у тепкилади… Тепкилаяпти.
Ёш эркак (қўлини хотинининг қорнига қўяди. Хурсандликдан кулимсирайди): Жуда яхши! Сабрсизланмоқда шекилли…
Ёш аёл: Яна бир неча кун сабр қилиши керак.
Ёш эркак (хотинининг қўлларини тутади): Бу қўрқувларни каллангдан чиқар. Камида бир ой вақт бор. Қўрқинчли ҳеч нарса йўқ. Ўз вақтидан олдин, хоҳласанг ҳам туға олмайсан. Бу ҳақда энам сенга гапирмадими?
Ёш аёл: Вақтидан олдин туғишган экан, лекин…
Ёш эркак: Кимдан эшитдинг?
Ёш аёл: Энамдан.
Ёш эркак: Анча йиллар олдин бўлган.
Ёш аёл: Фарқи йўқ.
Ёш эркак (бефарқлик билан): Биз дунёга келгунга қадар бўлган бу воқеа.
Ёш аёл: Ҳомиладор аёлни тириклайин тобутга қўйишган экан…
Ёш эркак: Сенга энам айтдими?
Ёш аёл: Онангизга гапираётганида эшитиб қолдим.
Ёш эркак: Бу воқеалар ўтмишда қолди. Бошқа бундай мудҳиш воқеа бўлмаган. Бироз ухлаб олишинг керак!
Ёш аёл кўзларини юмганча ухлашга ҳаракат қилади. Безовталик энди ёш эркакка ўтди. Хотинининг сочларини силайди. Хаёллар оғушида… Ташқаридан келаётган оқариш борган сари кучаяди. Жимлик ҳамма томонни қамраб олмоқда.
Ёш аёл (кўзларини очади): Агар хақиқатдан ҳам тўлғоқ бошланса-чи?
Ёш эркак: Бўлиши мумкин эмас.
Ёш аёл: Нима учун?
Ёш эркак: Чунки катталаримиз ҳаммасини ўйлаб, ҳисоблаб чиқишган.
Ёш аёл: Улар ҳеч хато қилишмайдими?
Ёш эркак: Йўқ!
Ёш аёл: Нега?
Ёш эркак: Чунки улар ҳаммасини тўғри ҳисоблашади.
Жимлик.
Ёш аёл: Аммо… Сиз ҳам қўрқдингиз.
Ёш эркак: Бу табиий эмасми?
Ёш аёл: Ундай бўлса менинг қўрқувим ҳам табиий.
Ёш эркак: Тўғри… Лекин ҳозир ҳаммаси жойида. Қолаверса, икки кундан кейин барча хавотирлар орқада қолади. Отларимиз, эшакларимиз, итларимиз, сигирларимиз, қўйларимиз, хўроз ва товуқларимизни ҳам қайтариб шу ерга олиб келамиз. Уч ойга бўлса ҳам… Кейин сен милтиқларнинг ҳайқириб отилиши билан туғасан. Чақалоқнинг илк ингасини эшитамиз… Бу ҳайқириқлардан қўрқмаймиз… Хоҳлаганча бақирамиз… Ҳамма ҳайқиришдан қўрқмайди… Чунки хавотирли кунлар ортда қолади. (Ёш аёлнинг сочларини силашда давом этади) Барча баралла қўшиқ айтади. Кексалар ҳам сурнай овозига жўр бўлиб майдонларда ўйинга тушишади. Уч ой! Бу эркинлик айнан уч ой давом этади. Кейин илк қор ёққанда, чақалоғимизни олиб бу ерлардан, тоғларни тарк этиб бошқа тинч жойларга кетамиз. Боламизни қўрқув бўлмаган ерда катта қиламиз. Ҳайвонлар билан уч ойга келганлар ҳам яна ортга қайтишади. Чунки отлар кишнайди, эшаклар ҳанграйди, итлар ҳуради, сигирлар мўрайди, қўйлар маърайди, хўрозлар қичқиради, товуқлар ҳам қуқулайди… Сенга бир сирни айтайми?
Ёш аёл: Айтинг.
Ёш эркак: Бу ерларга бошқа қайтмаймиз. Худди биздан олдин кетиб қолган ёш оилалар сингари. Бу ерларни тарк этиб, умримизнинг сўнгига қадар қўрқмасдан бахтли яшаймиз. Ўлимимиз яқинлашганда бу ерларга қайтамиз. Худди кексаларимиз каби…
Ёш аёл: Ёз ойлари ҳам келмаймизми?
Ёш эркак: Сен ва ўғлимиз келмайди, мен ўзим келиб кетаман. Чунки бу ердагиларга қишга озиқ-овқат олиб келиш керак. Ун, шакар, туз ва бошқа керакли нарсаларсиз бу ердагилар қандай яшайди?
Ёш аёл: “Сен ва ўғлимиз” дедингиз… Ўғлимиз бўлишини қаердан биласиз. Балки қизимиз бўлар…
Ёш эркак: Балки… Гап учун айтдим-да.
Ёш аёл: Мен ҳам бу ерга келиб ота-онамни кўришни хоҳлайман. Уларнинг соғинчига чидай олмайман.
Ёш эркак: Уларни бу ерга боғлаб қўйишгани йўқ. Хоҳласалар биз билан кетишлари мумкин.
Ёш аёл: Ота-оналаримиз ҳам бу ерлардан кетишса, қайтиб келишимизга ҳожат қолмайди.
Ёш эркак: Бизникилар бу ердан кетишмайди… Чунки бобом ва энам бу ерда ўлиш учун келишган. Бизникиларни қўявер, яхшиси, ўзимизни боламизни катта қилишни ўйлайлик. Қўрқинчсиз катта бўлишини таъминлайлик. Кекса бир донишманд шундай деган экан: “Қўрқув ичида бўлган инсон эркин фикрлашдан йироқлашади… Чунки қўрқув ҳар қандай фикрни камситиб, йўққа чиқарадиган энг расво ҳолат. Барчамизга даҳшат келтирувчи қўрқувдан болаларимизни узоқлаштирайлик!”. Йўқ, йўқ бунга рози бўлолмайман.
Ёш эркак хотинининг ухлаб қолганини кўради. Шовқин қилмай, аста-секин меҳмонхонага ўтади. Кекса аёл яна ўзини ухлаётгандай қилиб кўрсатади.
Ёш эркак: Энажон, ухламаётганингизни биламан.
Кекса аёл: Нима бўлди, ўғлим?
Ёш эркак: Сиздан бир нарсани сўрамоқчиман.
Кекса аёл: Сўрайвер.
Ёш эркак: Ўтган куни онамларга ҳам айтгандим. Илгарилари кутилгандан олдинроқ туққан бир аёл ҳақида гапирган экансиз. Анча илгарилари бўлган экан…
Кекса аёл (безовта бўлиб): Сенга бунинг нима қизиғи бор?
Ёш эркак: Хотиним буни эшитиб жуда ҳам қўрқибди…
Кекса аёл: Нимадан қўрқади? Унга бунинг нима дахли бор!?
Ёш эркак: Дахли йўқ, лекин қўрқибди-да. Ёш ва тажрибасиз-да… Мен ҳам ўйланиб қолдим.
Кекса аёл (мароқ билан хотирлайди): У пайтлар мен худди хотининг сингари ёш эдим. Турмушга чиққанлар орасида тўртта қиз эдик. Ҳаммамизнинг тўйларимиз чиройли ўтган, лекин чимилдиққа киришимиз учун тўрт ой кутишимиз талаб қилинди. Ҳаммамизга нима учун бундай иш тутилиши катталар томонидан тушунтирилган эди. Айтилганидай, уч дугона эрларимизга яқинлашишдан ўзимизни тутиб турдик… Аммо битта дугонамиз ўзини тута олмади. Хато қилди… Ҳар куни эр-хотин чимилдиққа киришди. Кейин қор кўчкиси хатарининг тугашига уч ой қолганда, ўша дугонамизнинг тўлғоқ санчиқлари бошланди. Кейин бўладиган иш бўлди…
Ёш эркак: Нима бўлди?
Кекса аёл: Нима бўлиши олдиндан аниқ эди. Дарҳол доя чақирилди. Ҳаммаси ойдин бўлди. Тезда масъул эркаклардан керакли қарор чиқди. Дугонамиз тобутга қўйилиб, олдиндан тайёрланган мозорга кўмилди…
Ёш эркак: Эри нима қилди?
Кекса аёл: Кўз ёшлари дарё бўлиб оқди. Бу мудҳиш воқеанинг олдини олишга кўп ҳаракат қилди, ёлворди, ялинди… Ҳатто ўзини ҳам хотини билан гўрга қўйишларини сўради, лекин бўлар иш бўлган эди… Унга бошқа иложи йўқлигини тушунтиришди.
Ёш эркак: Кейин нима бўлди?
Кекса аёл: Уч ойдан кейин қор кўчкиси ўтиб, тобут очилганида, бари бефойда эди…
Ёш эркак: Аммо бу инсониятга зид воқеа-ку…
Кекса аёл: Бошқаларнинг тирик қолиши, яшаши учун бу қурбонлик зарур эди. Туғиш жараёнида қор кўчкиси юз бериши аниқ-ку. Ҳамма қор тагида ўлиб кетарди-да. Бошқа йўл бормиди?
Ёш эркак: Мен қаердан билай? Балким туғиш пайтида аёлнинг оғзини нима биландир боғлаш мумкинмиди? Овозини чиқармасликка ҳаракат қилиш керак эди.
Кекса аёл: Бизнинг қонун-қоидаларимизга биноан, бундай вазиятда бошқа имкониятларни қўллаш ман қилинган. Азалдан шундай бўлиб келган. Биз аёллар, худди қор кўчкиси хавфи бордек, туғаётганимизда овоз чиқармасликка ҳаракат қилдик, лекин тўлғоқ пайтидаги оғриқдан бақирмаслик мумкин эмас. Бундан ташқари, чақалоқнинг йиғлаши-чи? Шуни унутмаки, энг раҳмсиз қонун-қоидалар ҳам фақат инсоннинг тақдирини ижобий ҳал қилиш, бахтли бўлиши учун яратилган.
Ёш эркак: Бу қандай бахт?! Бировнинг гуноҳсиз ўлими бошқаларга қандай бахт келтириши мумкин?! Қайси виждон билан бу ишни амалга ошириш мумкин?!
Кекса аёл: Каллангдан чиқар бундай хаёлларни, вассалом… Бир бало, мингта маслаҳатдан кучли, дейишган. Балким, айнан мана шу мудҳиш ходисанинг таъсири билан мана эллик йилдан бери бундай воқеа бошқа такрорланмай келаётгандир.

Ёш эркак бирпас жим бўлиб қолади, кейин ҳожатхонага қараб юриб кетади. Ёндаги хонада аёл уйғонади. Овозсиз хонадан чиқади. Эрини уйғонишидан ховотир олиб, секин юриб чиқади. Кекса аёл билан қарама-қарши келади.

Кекса аёл (ҳожатхонага ишора қилади): Ўғлинг у ерда…
Аёл: Нега ухламаяпсиз?
Кекса аёл: Очқадим.
Аёл (унинг гапини эшитмайди): Бироз ухлаб олинг.
Эркак ҳам уйғонади.
Кекса аёл (ўғлининг келаётганини кўради, лекин аҳамият бермайди): Оч қолдим…
Аёл: Ҳар нарсани мен ўзим қилишим керак…
Кекса аёл: Агар оёқларимда қувват бўлганда, сенга айтмаган бўлардим.
Аёл (егулик бир нарсаларни тайёрлаб, кекса аёлнинг олдига қўяди): Тўкмай енг.
Кекса аёл: Қачон тўккан эдим?!
Аёл: Тўккансиз демадим…
Кекса аёл: Тўкмаган бўлсам, нега ундай дейсан?
Аёл: Хафа бўладиган гап айтмадим-ку.
Кекса аёл: Хурсанд бўладиган гап ҳам гапирмадинг.
Аёл: Яхши… Сиз ҳақсиз, ош бўлсин.
Кекса аёл: Оғзим қуриб қолди, ютолмаяпман.
Аёл: Чой дамлайми?
Кекса аёл: Бироз сув бер, етади.
Эркак бу гапларни сабр билан тинглайди. Хотинига хўмрайиб қарайди.
Эркак (хотинига): Қиладиган анча ишимиз бор. Тайёргарлик кўришимиз керак.
Аёл: Шу ердамидингиз?
Эркак: Бошқаларни ҳам уйғотиш керак.
Аёл (овоз чиқармай): Агар онангиздан бўшасам.
Кекса аёл ишора билан ўғлига неварасининг ҳожатхонада эканлигини тушунтиради.
Кекса аёл: Сув!
Аёл норозилик билан пичирлаб сув узатади, кейин шовқинсиз печка ёнига бориб, ўчоқдаги ўтинларни қўзғайди. Олов яхши ёна бошлайди. Печканинг устидаги катта чойнакка яна сув қуяди. Эркак аста-секин кекса аёлнинг ёнига келиб ёноғидан ўпади… Кекса аёл кўзлари билан ишора қилиб аёлдан шикоят қилади. Эркак бундай ҳолатга кўникиб қолгани учун, “Сабр қилинг” дегандай ишора қилади. Ёш эркак келади. Эркак ўғлига келинни ҳам чақиришни ишора қилади. Ёш эркак боши билан “хўп бўлади”деб, ичкарига кириб, аёлининг сочларини силайди. Ёш аёл эрининг қўлларини тутади. Бир он қўлларини ушлаганча ўзини бахтли ҳис қилади.
Ёш эркак: Энди яхшимисан?
Ёш аёл: Яхши…
Ёш эркак (жимлик): Қилиниши зарур бўлган жуда ҳам кўп ишлар кутиб турибди… Энди турсанг ҳам бўларди.
Ёш аёл ўрнидан туради. Кўрпа-тўшакни овозсиз йиғиштиради. Кутиб турган эри билан меҳмонхонага – залга чиқади. Аёл ерга солинган жойга дастурхон ёзиш билан овора экан, эркак ва ёш эркак деворда осилиб турган милтиқларни қўлларига олишади. Эркак ўғли тўрвада олиб келган нарсалар билан унга бирма-бир қуролни қандай тозалашни кўрсатади. Ёш эркак ҳам худди отаси кўрсатгандай милтиқни тозалайди. Аёл ва ёш аёл тезлиги пасайтирилган фильм сингари бир томондан дастурхонни безашса, иккинчи томондан атрофни йиғиштиришади. Бу орада икки милтиқ ҳам тозаланади. Чой бордоқлари (стакан) тўлдирилади. Ёш эркак тозаланган милтиқни ўқламоқчи бўлганида, эркак юзини буруштириб, унга қаршилик қилади.
Эркак: Ҳозир ўқлаш шарт эмас. Вақти келади…
Ёш эркак: Қизиқ, ҳовуздаги сувнинг аҳволи қандай экан?
Эркак (қўли билан кўрсатиб): Яна уч бармоқча бўшлиқ бор эди.
Милтиқларни илк ҳолатидай яна деворга осиб қўйишади. Ёш эркак аёлларнинг дастурхон ҳозирлашининг сўнгги дамларини ҳисобга олиб, милтиқнинг ўқларини қутиларга жойлаб, ёнига қўяди. Кейин отасининг қўлларига сув қуйиб, юзларини ювиб олишига ёрдамлашади. Эркак сочиқ билан артинади.
Ёш эркак: Ҳовуз сувидан хабар олайми?
Эркак: Майли, эринмасанг бориб келақол.
Ёш эркак овозсиз ташқарига чиқади. Аёллар эса дастурхоннинг сўнгги ҳозирлигини битиришади.
Ёш эркак (келиб қўли билан ишора қилади): Икки ярим бармоқ қолибди.
Эркак: Яхши… Балким ҳовуз бугун тўлиб, милтиқларни отармиз. Лекин бу кетишида энг кечи билан эртага кечаси тўлади-ёв…
Ёш эркак: Иншоллоҳ… Фақат кеч бўлмаса бўлгани!
Эркак: Нега бунчалик хавотирланасан?! Ҳовуздаги сув бир-икки кун кеч тўлса нима қилибди. Орқамиздан қувиб келаётганлар йўқ-ку!
Олдин эркак дастурхонга ёнига ўтиради… Кейин бошқалар.
Эркак: Нега дадамни уйғотмадинг?
Кекса аёл: Тинчгина овқатланайлик… Кейин ўзим уни тўйдириб қўяман. Халақит бермасин. Биласанми, даданг қанақа одам эди? Еру-кўкка сиғмасди. Айтишади-ку, бўрини қарилигини кўринглар, деб. Мана аҳвол…
Аёл: Ҳаммага ҳам шундай кексайиш насиб этсин. Бировнинг қўлига қараб қолгани йўқ.
Кекса аёл (аччиқ-аччиқ кулимсираб): Сен шундай деб ўйлайвер!
Ҳамма овозсиз чой ичиб, қоринларини тўйдиришмоқда. Бўшаб қолган бордоқларни ёш аёл қайтадан чой қуйиб тўлдирмоқда. Кекса аёл ёнидаги егуликлар тугагани учун ўғлини қўли билан туртиб, яна егулик сўрамоқда. Баъзан неварасини туртиб, егулик сўрайди. Лекин аёлга мурожаат қилмайди. Бирдан кекса эркак ётган жойида жонланиб, қимирлайди. Нонушта қилаётганларни кузатади.
Кекса аёл: Келинг… (атрофдагиларга) Жой беринглар, келсин. Кела қолсангиз-чи (қўллари билан ишора қилиб, дастурхон атрофига келишини тушунтиради). Келинг энди… (эркак ҳам ёрдам беришга киришади. Кекса аёл эрининг оғзига бир нима солишга ҳаракат қилади. Худди аччиқ бир дори ичираётгандай, кекса эркакни мажбурлайди)
Кекса аёл (қўлларини очиб дуо қила бошлайди): Тангрим! Мени шундай аҳволга туширма! Куним битганда сассиз ёнингга ол.
Кекса эркак (бошқаларига қараганда жуда ҳам паст, эшитилар-эшитилмас овозда гапиради.): Ҳамма кетди… Мен ҳам кетдим…
Эркак: Овқатингизни енг, дада.
Кекса эркак: Ёшлар ҳаммаси кетди. Ортга қайтишмади. Биз-чи, нима қилдик? Бизлар орқага қайтдик. Ҳар йили қиш фасли тугаши билан орқага қайтдик. Бутун қиш қийналиб, меҳнат қилиб, топган унимиз-ла, шакар ва тузимиз-ла, арпа ва буғдойимиз-ла ортга қайтдик. Қишда шунча эркак оч қолмасин, дедик. Ҳар йили яна ҳам жим, сассиз бўлишни ўргатдик сизларга. Энди ҳамиша шу ердамиз. Шунинг учун ҳам бу ерда, вақти келганда, илк милтиқ отиш шарафига мен муносибман. Ҳар йили шундай бўлган. Бу йил ҳам шундайлигича қолади…
Эркак: Қорнингизни тўйдириб олинг, дада.
Кекса эркак: Асл йигит – чақалоғини катта қилиб, яна бу ерга қайтган йигитдир. Қолаверса, овоз чиқариб, керак бўлса, бақириб гапиришнинг мазасини билатуриб, бу ерларга қайтиб келиши, бу ҳақиқий йигитнинг ишидир. Менинг фикримга қарши чиқадиган борми орангизда? (Жимлик) Қачон милтиқларни отамиз?
Эркак: Эртага, дада.
Кекса эркак: Мени эътиборга олишмаяпти, гўё қари филлар ўлиши учун ажратилган ерларига боргани сингари, менга ҳам худди шундай қарашяпти…
Эркак: Нима дейишса, деяверишсин. Билган билади. Сиз бу ерга ўз қишлоғингизни яхши кўрганингиз учун қайтгансиз.
Кекса эркак (йиғлайди): Аслини сўраганда, мен ҳам билмайман, нега бу ерга қайтиб келдим. Менга ортиқ на овқатнинг, на сувнинг мазаси татийди. Ҳатто милтиқларнинг овози ҳам… Қушинг сайрамаса, тишинг кесмаса, шу ҳам ҳаёт бўлди-ю.
Кекса аёл (ўз-ўзига): Тишингиз ҳозир ҳам ўткир… Қушларингиз ҳам сайраб турибди… Яшаган кунларингизга шукур қилинг. (Эрига қараб) Бўлмаган гапларни гапирмасангиз-чи!
Аёл (жуда ҳам паст овозда): Жонга тегиб кетди, ҳаммаси!
Кекса эркак: Дўстларим! Агар яшаётган бўлсанг, қушларинг сайраши, тишларинг ўткир бўлиши керак! Ана шунда инсон яшаяпти дейиш мумкин.
Кекса аёл: Қушларингиз сайраганини ҳам кўрдик! Атрофдагилар сиздан маза қилишди. Бизга бирор фойдаси бўлдими?
Кекса эркак: Маъносини билмасанг, фойдаси бўлмайди-да.
Кекса аёл: Кунига уч мартадан қуш сайратишга киришсангиз, албатта, унинг на маъноси, на ҳаваси қолади. Ҳар куни асал есанг, у ҳам жонингга тегади!
Кекса эркак: Агар ундай бўлса, сен сайратмаган қушни бошқалар сайратади! Айбни ўзингдан қидир!
Кекса аёл: Тилингизга жуда ҳам эрк берманг! Аллоҳимга шукурлар бўлсин, қушнинг сайрамаган кунларига ҳам насиб эттирдинг, энди ғам емасам ҳам бўлади! (Қизишади) Чойингизни ичинг! Чой ичиш учун ўткир тишлар керак эмас! Тишсиз ҳам ошқозонингиз озиқланмоқда… (овозсиз) Агар қушингиз учмаётган бўлса, барчаси фойдасиз!
Кекса эркак (тик туради): Тўхта, хотин! Билмаган нарсангга аралашма!
Кекса аёл: Хўп бўлади… Ўз дардингиз билан куйиб ёнаверинг! Йиғланг! Йиғланг! Йиғлаб олсангиз енгил тортасиз!
Кекса эркак овоз чиқармай йиғларкан, бошқалар нонушта қилишда давом этишади. Хона жуда ҳам исиб кетган. Худди қуёш хонага кириб олгандай. Кекса эркак ҳам аста-секин чойини ичиб, нонуштасини тугатади. Кейин ҳожатхонага қараб юради. Аёл ва ёш аёл дастурхонни йиғиштиришга киришадилар. Кекса эркак келиб ўтиради. Ёш аёл бир четда идишларни ювиш билан овора. Кекса эркак қўли билан ишора қилиб, аёлдан тамаки беришини ишора қилади.
Эркак: Беравер!
Аёл яшириб қўйган тамакилардан бирини кекса эркакка узатади… Кекса эркак тамакини севиниб олади. Ўғлига ишора қилиб, уни ёқишга ёрдам беришини билдиради. Эркак отасининг тамакисини ёқиб беради.
Кекса эркак (ҳузурланиб тамаки тутунини ичига тортади.Ўғлига қараб): Амакингни танимагансан. Агар ҳаёт бўлганида, ҳозир шу ерда, ёнимизда бўларди. Мендан икки ёш катта эди… Ўз дунёсига ўралиб қолган йигит бўлган. Кам гап эди. Қор кўчкидан ҳаммамиз қўрқардик, лекин у барчамиздан кўпроқ қўрқарди… (хонага ишора қилади). Ёнма-ён ётардик. Баъзан тунда қўрқинчли тушдан жиққа тер босиб уйғониб кетарди. “Нима бўлди?” деб сўрардим. Индамасди. Кунлардан бир кун, хеч кимга айтмаслик шарти билан, менга барча қўрқув сабабларини айтиб берди. Гўёки, бир кун келиб ҳаммаси “Қор кўчкиси” билан тугайди, деган фикр-ўйлар унга тинчлик бермас экан. “Имкони борича диққат-эътиборли бўлайлик. Агар биронтаси масъулиятсизлик қилса, ҳаммамиз йўқ бўламиз… Бир бақириқ бўлса ҳаммамиз йўқ бўламиз. Ҳеч нарса қўлимиздан келмайди. Чорасиз қолиш қанчалик ёмон нарса, Тангрим!”, дер эди акам раҳматли. Жуда қўрқар эди ва бутун умрини “Қор кўчкиси” ваҳимаси билан яшаб ўтди. Мана шу қўрқув билан ўлиб кетди. Қўрқинч инсонни ғажиб ташлайди… Қўрқув инсоннинг ажалидир… Бир куни эрталаб акам менга шундай деди: “Шу онда ташқарига чиқиб бақиргим келаяпти… Ўзимни бу хоҳишдан тўхтата олмаяпман… ”. Мен эса унга қараб: “Жинни бўлиб қолдингми? Қор кўчиб тушади, ҳаммамиз ҳалок бўламиз. “Қор кўчки”дан қўрқардинг-ку?”, дедим. У эса: “Қўрқувнинг ажалга фойдаси йўқ. Қўрқиб юриш жонимга тегди. Қўрқиб яшагандан кўра, қўрқмай ўлган афзалроқ. Барибир бир куни бор овозим билан бақириб, хуморимдан чиқаман. Шундай қилиб қўрқувларимдан биратўла халос бўламан”, деди. Менинг ҳам жаҳлим чиқди: “Жуда яхши… Биз ҳам шундай қилиб, қўрқувлардан қутулиб оламиз…” Бу гапларни айтишга айтдим-у, лекин кейин жуда ҳам қўрқиб кетдим. Борди-ю, гина қилиб айтганларимни ростга олиб бақириб юборса-я?
Кекса эркак бирдан уйқуга кетади. Эркак отасининг ёнидаги кулдонни олиб қўяди. Идишларни юваётган ёш аёл бир он боши айланиб сесканади, оғриқдан юзи буришади. Ёш эркак хотинининг аҳволини кўриб, унинг ёнига боради.
Ёш эркак (бошқаларга эшитилмайдиган ҳолда): Нима бўлди?
Ёш аёл: Яна бошланди…
Ёш эркак: Ўтиб кетади.
Ёш аёл: Чидай олмаяпман (инграйди). Сабр қила олмаяпман.
Ёш эркак: Чидашинг керак!
Ёш аёл: Менинг қўлимда эмас.
Ёш эркак: Сабр қил!
Кекса аёл хавфсираб ёшларни қидира бошлайди. Лекин барибир нима бўлаётганига охиригача тушунмайди.
Ёш аёл: Қўлимдан нима ҳам келарди?
Ёш эркак: Бошқалар билмаслиги керак.
Ёш аёл: Қандоқ қилиб?
Ёш эркак: Хонага ўтайлик.
Ёш эркак ва ёш аёл секин қўшни хонага ўтишади. Худди ҳеч нарса юз бермаётгандай, аста-секин ичкаридаги хонага ўтишади. Ёш аёлнинг санчиғи давом этади.
Ёш эркак: Энди яхшимисан?
Ёш аёл: Давом этаяпти!
Ёш эркак: Ўтиб кетади.
Ёш аёл: Қўрққаним бошимизга келаяпти, шекилли… Шу пайтгача бундай оғриқни кўрмаган эдим. Бу оғриқ бошқача… Тўлғоққа ўхшайди! Аниқ, бу тўлғоқ оғриғи! (Сассиз йиғлайди) Энди нима бўлади? Нима қиламиз?!
Ёш эркак (ноилож бўлишига қарамай, давом этади): Бўлиши мумкин эмас. Ҳали вақти келмади-ку?! Январь ойига яқин эди, илк маротаба бирга бўлганимиз. Ҳали орадан тўққиз ой ўтмади-ку?! Ҳеч бўлмаганда, 10 кун бор (бармоқлари билан санайди). Яна энг камида бир ой бор экан, туғишингга. Ўтиб кетади. Қўй, ваҳима қилма!
Аёл келиннинг йўқлигини фаҳмлайди. Чала, ювилмай қолган идишларни кўриб жаҳли чиқади, ўзи ювишни давом этади. Эркак тахтачалардан бир нарсалар қуришга ҳаракат қилади. Кекса аёл атрофда бўлиб ўтаётган ишларни тушунишга ҳаракат қилади. Кекса эркак қаттиқ уйқуда. Ҳатто баъзан енгилгина “ҳуруллаб” қўяди. Аёл идиш-товоқларни ювиб бўлади.
Аёл (қўлларини сочиққа артиб): Келинни кўрдингизми?
Эркак: Ўз хоналарига ўтишди. Нега сўраяпсан?
Аёл: Идишлар ювилмай қолибди.
Эркак: Келинни кўпам безовта қилма. Ҳомиладор ахир.
Аёл: Кошкийди, мени ҳам сиздай кайнотам бўлганида… Мени ҳеч ким бундай эъзозламаган эди.
Эркак: Ўтган ишни аралаштирма.
Аёл: Масала менга тааллуқли бўлса, ҳамиша “ишни аралаштирма” дейсиз. Бу оиланинг барча ишлари менга қолиб кетди. Ҳаммасини мен едириб-ичиришим керак.

Эркак: Едириб ичирасан-да. Бу сенинг вазифанг. Кейин болаларимиз бизга қарайдилар…
Аёл: Ҳозирги ёшлардан умид қилаётганингизга ҳайронман. Ҳали вақт кўрсатади. Болалари туғилгандан кейин яна бу ерларга қайтишни хоҳлашадими, йўқми, кўрамиз. Ҳозиргача ёш оилалардан ҳеч бири қайтиб келмаган.
Эркак: Менинг ўғлим бўлак… У албатта, биз билан яшагани бу ерга қайтиб келади.
Аёл: Балким ўғлингиз бу ерга қайтиб келишни хоҳлар, лекин келин бунга рози бўлармикан? Кўрмаяпсизми, ўғлингиз келиннинг оғзига қараб турибди. Худди фақат унинг хотини ҳомиладор бўлгандай…
Кекса аёл ўғли ва келини орасида тортишув бўлаётганини ҳис этади. Бўлаётган гапларни тушинишга ҳаракат қилади, аммо начора… Бир томондан ичкаридагилар аҳволидан безовта.
Эркак: Яна қайноналигинг тутиб қолмасин?!
Аёл: Ҳақиқатни айтсам, қайноналигим тутган бўларкан-да.
Эркак: Чўзвординг. Келинлигингни ҳам кўрдик… Онамга қилганларингни унутганим йўқ. Ҳозиргача онамларни тинч қўймайсан.
Жимлик. Ёш аёлнинг оғриғи тўхтаган. Эркак хотинининг юзидаги маржондек терларни рўмолча билан артмоқда.
Ёш эркак: Мана кўрдингми, ҳаммаси ўтиб кетди.
Ёш аёл: Иншоллоҳ…
Ёш эркак: Меҳмонхонага ўтайлик. Хавотир олишмасин…
Ёш эркак хотини билан меҳмонхонага ўтишади. Кекса аёл бўлиб ўтган вақеаларни охиригача тушунмаган бўлса ҳам, нималардир бўлаётганини ҳис этади. Ёш аёл ошхона томонга юради.
Аёл (киноя билан): Овора бўлма, қизим. Мен идишларни ювиб қўйдим…
Ёш эркак: Бироз боши айланиб қолди, онажон.
Ёш эркак отасининг ёнига ўтиб ўтиради. Тахта парчасини қўлига олади. Ишлашга киришади. Ёш аёл кекса эркакнинг устини ёпиб қўяди. Ўтинларни аралаштиради.
Кекса аёл (тортинчоқлик билан): Ўғли-и-им… Мени ҳалиги…
Эркак ва ёш эркак ўз ўринларидан туришади. Маълумки, кекса аёлнинг юра олишини билишмасди. Кекса аёлнинг икки қўлидан ушлаб ҳожатхонага олиб боришади.
Аёл (ўрнидан туриб, уларнинг орқаларидан эшикни ёпади): Шу етмай турганди…
Ёш аёл: Ҳеч бўлмаганда гапираяпти-ку, онажон. Тилдан қолганда нима қилардик?
Аёл (жаҳли чиқиб): Нима қилардик? Чорасиз қолардик. Бу ишни бир томонини мен кўтараман, дейдиган кимса топилса, мен ғам емасдим.
Ёш аёл: Аҳамият берманг, онажон. Бироз оғирлашдим. Шунга қарамай қўлимдан келганча ёрдам беришга ҳаракат қиламан.
Аёл аҳамият бермайди. Жим бўлишади. Эркак ва ёш эркак, кекса аёлни суяб олиб келишади. Уни ётоғига ётқизишади.
Кекса аёл: Аллоҳ сиздан рози бўлсин! Ушлаганингиз олтин бўлсин! Аллоҳ муродингизга етказсин! Аллоҳ сенга қўчқордек ўғил берсин!
Ёш эркак: Иншоллоҳ, эна! Айтганларингиз ўз вақти соатида бўлсин! Барча қўрқувларимиздан қутуламиз!
Эркак ва ёш эркак яна ёғочларнинг парчаларини қўлларига олишади. Ишлашда давом этишади. Кекса аёл аксирмоқчи бўлади. Оғизу бурнини беркитиб, овозсиз акса уради.
Бошқалар: Кўп яшанг!!!
Кекса аёл: Раҳмат. Мени ёшимга киринглар!
Кекса эркак (бирдан уйғонади… Акаси билан бўлган воқеани қолган еридан давом этишга киришади): “Йўқ!” дедим… “Бу ишни қила олмайсан! Бақира олмайсан! Ҳаммамиз ҳалок бўламиз… Тушунмаяпсанми, ҳаммамиз ўламиз!”. “Ҳаммасини тушуниб турибман. Лекин эплолмаяпман. Ташқарига чиқиб бақиргим келаяпти”. Акам бу гапларни гапираркан, ичида йиғларди. “Бу кетишда ҳамманинг ўлими мени қўлимдан бўлади. Аммо, Аллоҳим бу қандай тақдир?! Бақиришни бунчалик эҳтирос билан хоҳлашни кўрмаганман. Худди аёлга бўлган эҳтиросдай… Бутун борлигим билан ҳайқиришни хоҳлайман! Бу хоҳишдан ўзимни тия олмаяпман, жим бўлишни хоҳламаяпман…” деб қайғурарди. Мен акамнинг бақириб юборишидан қўрқардим, шунинг учун нуқул уни кузатиб юрардим. Қаерга борса, кетидан борардим. Ундан фақат илтимос қилардим. У менинг ночор ҳолимни кўриб, қўлларини мушт қилиб сиқар, тишларини бир-бирига босганича бақиришдан бироз вақт бўлса ҳам воз кечарди. Кунлардан бир кун: “Бақиришдан воз кечдим!” деди. Ишонмай сўрадим: “Ростданми?” У эса “Ҳа”, деб ишонч билан жавоб берди. Мен ўшанда жуда ҳам хурсанд бўлган эдим. Севинганимдан кўзимдан ёш чиқиб кетди. Хурсанд бўлишимга улгурмай, акам ўз фикридан қайтди: “Бақирсам қанча бақирардим… Яхшиси, милтиқни олиб чиқиб, варанглатиб отаман… Ана шунда тоғлардан кўчган қорлар ҳам кучли, ҳам кўп бўлади”. Аллоҳимдан ўтиниб, дуо қилиб ёлвордим. Акам ақлини йўқотиб қўйган инсон сингари кўринди. Нима қиларимни билмай отамнинг олдига бориб, ҳамма бўлиб ўтган гапларни тушунтирдим. Отам: “Милтиқларнинг ўқларини яширсак, хеч нарса қила олмайди”, деди. Мен эса норози бўлиб: “Бўлмайди. Бу тўғри қарор эмас. Яна асабийлашса-чи? Менимча, милтиқни отолмагандан кейин жаҳли чиқиб, бор овози билан ҳайқириб бақиради… Зотан, қор кўчкиси учун милтиқнинг отилиши шарт эмас, ота… Бор овоз билан бир бақириш қор кўчишига туртки бўлади. Агар бирон бир чора кўрмасак ҳаммамиз ҳалок бўламиз. Зудлик билан бу ҳол ҳақида керакли жойга хабар бермасак, сиз ҳам, мен ҳам айбдор бўламиз. Етар энди, ота, бу ҳақиқат. Акамни сақлаб қоламан деб, ҳаммамизни нобуд қиласизми?”. Отам бу гаплардан кейин бироз ўйланиб, кейин: “Ҳақсан” деди-да, ўша заҳоти “Кексалар кенгаши”га хабар берди. У ердагилар отамни сассиз тинглашиб, нима қилиш кераклиги ҳақида узоқ маслаҳатлашишди. Чунки бундай вазият кексалар учун ҳам янгилик эди. Отам уларга қараб: “Ўғлимга қандай чора кўрасизлар? Айтинглар, билишга ҳаққим бор”, деди. Кексалар кенгаши аъзолари бироз маслаҳатлашиб: “Қандай чора кўришимиз аниқ… Ҳар ҳолда, барчамиз ўлим кунини кутмаймиз-ку. Қўл-оёғини боғлаб, оғзини ёпиб, бир хонага қамаб қўямиз”. Отам бу масалани тагига етиш мақсадида: “Қачонгача яширамиз?” деса, улар: “Қор кўчкиси хавфи ўтгунга қадар… Унгача оғзини очиш мумкин эмас, ахир у ақлини йўқотиб қўйибди-ку. Борди-ю бақириб юборса-чи!?”. Уларнинг қарорига рози бўлмаган отам ўз фикрини билдирибди: “Овқат емасдан, сув ичмасдан инсон қандай қилиб тирик қолади? Ахир, сизлар ўғлимни билатуриб, тириклайин гўрга тиқаяпсизлар-ку!”. Лекин улар отамга қулоқ солмай, акамнинг қўл-оёқларини боғлаб, оғзини ёпиб, бир хонага ташлашди. Очидан ўлиб қолмасин деб, акамни кунда бир марта овқатлантиришарди. Овқатлантираётган қўрувчилар емакни оғзига тиқиб, бақириб юбормасин деб, оғзини қўллари билан ёпишарди. Ўн беш кун мана шу аҳвол давом этди. Айтиш осон, ўн беш кун… Кейин бир кун келиб, “Ўғлинг ўлди!” дейишди. Ўзи ўлдими ёки қўрувчилар бўғиб ўлдиришдими, билолмадик (ухлаб қолади).
Эркак (ўғлига): Эшитганмидинг бу воқеани?
Ёш эркак: Албатта, эшитганман.
Аёл: Бу воқеани нечанчи марта эшитяпсан?
Ёш аёл: Мен ҳам камида уч марта эшитганман…
Кекса аёл: Қор кўчки хатари ўтгандан кейин илк боламни туғдим. (Ўғлига) Сени туғдим… Кейин илк қор ёққанда бу ердан кетгандик. Борган жойимизда ҳам қўрққанимиздан узоқ вақт овоз чиқармай юрдик. Кўникиб қолибмиз сассизликка. У ердагилар бизни жуда ҳам ёқтириб қолишди. Бизни сокин ҳаракат қилишимиз уларга жуда ҳам маъқул келарди. Бизлар ҳам борига шукур қилиб яшардик. Энг оғир ишларни биз бажарардик. Ерлилар биздан жуда ҳам фарқ қилишарди. Шовқин-сурон, бақир-чақир билан ишлашар, бир-бирларини баланд овоз билан чақиришар эди. Энг аламлиси, бизлар ҳатто кулганимизда ҳам имкон қадар овоз чиқармасдик, улар эса баралла хохолаб кулишарди. Бизни “эркакларга ўхшаб” эркин овоз чиқариб яшашга чорлашарди. Улар бизларга қараб: “Сизларни қишлоғимизга қабул қилдик, сизлар ҳам бизларга ўхшаб эркин яшанглар. Керак бўлганда бақириб-чақиринглар, хоҳлаган пайт мазза қилиб кулинглар…” дейишарди. Кейин иккинчи ўғлимни туғдим. Аммо унинг умри қисқа экан, узоқ яшамади. Ундан кейин бир қизим туғилди, у ҳам яшамади. Бу афандига келсак, (эрини кўрсатиб) тез орада ўзгара бошлади. Ўзича акасининг ҳалок бўлганидан хафа эди… Ҳар куни ичиб маст ҳолда келишни одат қилиб олди. Яна ўзича: “Бу дард мени битиради…” деб, мени ўзига ҳамдард қилди. Кейин билсам, бошқа бир аёл билан алоқаси бор экан. Мен: “Нега бу аёл билан юрасиз?” деб сўрасам, уялмасдан менга қараб: “Мен акамнинг ўлимидан кейин нима қилаётганимни билмай қолдим. Менга тегма…” деб, мавзудан ўзини олиб қочарди. Кейин билсам, битта аёл билан эмас, тўғри келган фоҳишалар билан алоқа қиладиган бўлиб қолибди. Мен эркакларнинг дардига ҳар хил аёллар малҳам бўлишини эримнинг аҳволидан билдим. Катта ёшли бир қўшни аёл мени эримнинг кирдикорларидан хабардор этди. Бир кун уйимизга келиб, эркакларни уйга қайтаришнинг турли йўллари борлиги ҳақида гапириб берди. У менга қараб: “Оҳ тортиб йиғлагандан кўра, ўзингга оро бериб, чиройли кийимларни кийиб, очиқ чеҳра билан эрингни кутиб ол”, деди. Мен унинг айтганларни бажо келтирдим. Аммо эрим менга қиё ҳам ҳам боқмади. Бу ҳам етмагандай, қўшни хола менга эрим ёқтирган энг яхши таомларни тайёрлашни таъкидлаганди. Лекин эрим уйга маст ва қорни тўқ келарди. Биласизларми, тўқ эркакка овқат едириш қанчалар қийин?! Бу ишлар кутилган натижа бермагандан кейин, қўшни холанинг учинчи маслаҳатини ишга солдик. Режага кўра, мен кичкина болам билан бирга касал бўлиб қолишимиз керак… Айнан мен ҳам касал бўлишим керак эдики, болани боқиш, парвариш қилиш эримга қолсин… Аллоҳга шукурлар бўлсин, мана шу учинчи маслаҳатни амалга оширгандан кейин, эрим буткул уйга қайтди. Лекин мен учун бу жараёнлар жуда ҳам қийин бўлди. Сизлар бу афандининг бундай мулойим ётишларига ишонманглар, у жуда кўп нарсаларга қодир…
Бирдан ёш аёл оғриқдан безовта бўла бошлайди. Қорни оғриганидан икки букилади. Зўрға қўшни хонага ўтади. Хотинини безовта бўлганини кўрган эри унинг орқасидан чиқади. Уларнинг безовталигини кекса аёл зимдан кузатади. Оғриқнинг оқибатини ўйлаб даҳшатга тушади.
Ёш аёл: Чидай олмаяпман! Аллоҳим сабр бер… Чидай олмаяпман!
Ёш эркак: Нима қила оламан? Сабр қил!
Ёш аёл: Бу тўлғоқ санчиши… Тушунсангиз-чи! Аллоҳим, бу кўргуликдан мени қутқар!
Ёш эркак: Овозингни чиқарма! Сабрли бўл!
Кекса аёл эркакка ишора билан бир нималарни тушунтиришга ҳаракат қилади. Эркакнинг тушунмаётганини кўриб, ўрнидан туриб, ўғли томон юради. Аёл ўтирган ўрнидан тура олмайдиган кекса аёлни юриб кетганини кўриб шошиб қолади. Тили тутилади.
Кекса аёл: Ўғлим! Келин!
Эркак: Нима бўлди, она?
Аёл: Юраяпти! Онангиз юраяпти!
Эркак: Она, сиз юраяпсиз!
Кекса аёл: Юраяпманми? Ҳа, юраяпман… Қўйинглар мени юришимни. Келин туғмоқчи!
Эркак: Нималар деяпсиз, она?
Аёл: Онангиз юраяпти!
Эркак: Онамнинг айтганларини эшитмадингми, хотин!? Келин туғаяпти, деяпти!
Учаласи ҳам қўшни хонага ўтишади. Уларнинг келгани сезмаган ёш эркак хотинини тинчлантириш билан овора. Ёш аёл эса кучли оғриқдан инграшда давом этади.
Эркак: Нималар бўляпти, ўғлим?
Аёл: Бирон нарса бўлдими?
Ёш эркак: Ҳеч нарса бўлгани йўқ…
Аёл: Аҳволини қара?
Ёш аёл: Шунчаки қорним оғримоқда (билдирмасликка ҳаракат қилади). Ҳозир ўтиб кетади.
Ҳамманинг кўзи ёш аёлда… Ёш аёл оғриқни билдирмасликка ҳаракат қилмоқда. Ортиқ сабр қилолмай, ерга ўтириб қолади.
Аёл: Бу! Бу! Ё Тангрим!
Ёш эркак: Йўқ, она, бу сиз ўйлаган нарса эмас. Бору-йўғи қорни оғрияпти, холос.
Аёл: Иншоллоҳ… Сув ичасанми?
Ёш аёл: Чидай олмаяпман! Жуда оғрияпти… (инграшни бошлайди)
Ёш эркак (қўли билан хотинининг оғзини ёпишга ҳаракат қилади): Ҳозир ўтиб кетади…
Ёш аёл: Ўтмаяпти.
Эркак: Нималар бўлаяпти?
Ёш эркак: Қорни оғрияпти, дада.
Аёл: Бу оддий қорин оғриғига ўхшамаяпти. Мен кўп марта туққанман. Бу тўлғоқнинг санчиғи…
Эркак: Ё Аллоҳ…
Кекса аёл: Мен сизларга айтдим-ку.
Аёл: Энди нима бўлади?
Ёш ёлнинг оғриғи пасаяди, аста-секин тинчланади, лекин юзларидан тер оқади.
Ёш эркак: Мен сизларга оғриқ ўтиб кетади, дегандим-ку. Мана ҳаммаси яхши энди.
Аёл: Ҳеч ҳам ўтиб кетгани йўқ. Шунчаки озгина танаффус бўлади. Бир оздан кейин яна санчиқ бошланади.
Эркак: Сен қаердан биласан?
Аёл: Мен билмасам, ким билади? Ҳаммаси бўлиб, олти марта туққан бўлсам… Ростдан ҳам бу тўлғоқ санчиғи.
Бироз жимлик чўкади.
Ёш эркак: Нимага асосланиб бундай деяпсиз, она?
Аёл: Ҳозир айтдим-ку, эшитмадингми? Сендан бошқа беш марта туққанман. Мен билмай ким билсин?
Яна жимлик.
Эркак: Ишонч ҳосил қилишимиз керак.
Ёш аёл: Ўтиб кетди. Оғриқ бутунлай тўхтади.
Кекса аёл: Ҳамиша шундай бўлади. Олдин санчади, кейин ўтиб кетади. Яна оғрийди, яна ўтиб кетади. Кейин эса…
Ёш эркак: Қандай қилиб?
Эркак (жиддий): Бор дояни чақир.
Ёш эркак: Нега?
Эркак: Уни чақиришга мажбурмиз. Агар бу санчиқ “тўлғоқ” бўлмаса, унда ҳаммаси ойдинлашади. Шундай қилиб, ҳамма саволларга жавоб топамиз. Қўрққандан кўра, борини билган яхши…
Ёш эркак: Агар ростданам тўлғоқ бўлса-чи?
Эркак: Дояни чақир, тезроқ келсин.
Ёш эркак: Борди-ю, ҳақиқатан тўлғоқ бўлса-чи!?
Аёл: Нима бўлганда ҳам, биздан талаб қилинган ҳаракатларни бажаришимиз керак. Дояни чақиришимиз шарт!
Яна бироз жимлик ҳукм суради.
Эркак: Бу ишни кечиктириб бўлмайди. Энди ҳар бир дақиқа ҳисобли. Бу ернинг қонун-қоидаларига бўйсунишимиз шарт.
Ёш эркак: Аммо-лекин!?
Эркак (жиддий): Бошқа ҳамқишлоқларни хавф остида қолдира олмаймиз. Агар бирон бир қоидани бузувчи ҳодиса бўлса, дарҳол керакли жойга хабар беришимиз керак. Чақиринглар дояни!
Ёш эркак: Йўқ!
Эркак: Чақиришимиз шарт!
Ёш эркак: Йўқ! Бу тўлғоқ санчиғи эмас! Илгарилари ҳам бундай оғриқлар бўлган эди. Кейин ўтиб кетарди. Мана кўриб турибсизлар, оғриқ қолмади. Яна бироз кутайлик.
Эркак: Нимасини кутамиз? Туғишини кутамизми?
Ёш эркак: Хотиним туғаётгани йўқ-ку?!
Эркак: Сен қаердан биласан? Сен ҳам ишонч ҳосил қилишинг керак. Чақиринглар дояни!
Ёш эркак: Тўхтанг, онажон! Бекорга тўпалон қилмайлик! Бироз кутайлик.
Эркак: Кутмаймиз! Бизнинг вақтимизни олма! Ўзингни алдама! Бор, чақир!
Ёш аёл: Тўхтанг, онажон! Ўтиб кетди. Ҳеч қаерим оғриётгани йўқ. Қасам ичаман, санчиқ, оғриқ йўқ энди.
Кекса аёл: Оғриқ, тўлғоқлик бўлмаса, нега безовта бўлаяпсан, қизим? Доя келиб бу санчиқ нимадан эканлигига аниқлик киритади. Бу ташхисдан ҳаммамиз хотиржам бўламиз, шундай эмасми, болам…
Эркак: Онам тўғри айтаяпти. Барчасига аниқлик киритишимиз керак. Буни бизга фақат доя айтиши мумкин.
Ёш эркак: Борди-ю, ростан, бу санчиқ тўлғоқ бўлса-чи?
Аёл: Бу ҳақда ҳамма яхши билади. Агар вақтида тўлғоқ ҳақида хабар бермасак, бизлар ҳам айбдор бўламиз.
Эркак (жиддий): Ҳаммасини аниқ билишимиз керак. Ёки муддатидан олдин алоқа қилдингларми?
Ёш эркак: Мени бундай маъсулиятсизликда қандай айблаяпсиз?
Эркак: Ундай бўлса, нега доянинг келишига қаршилик қиляпсан? Айт менга, нега? Гапирсанг-чи! Гапир! Сенга айтаяпман, гапир!!! Эшитаяпсанми мени? Гапирсанг-чи!
Эркак ўғлининг ёнига келади ва уни чимчилаб ғазабини босмоқчи бўлади.
Ёш эркак: Ҳаммаси сиз ўйлагандай эмас, дада! Қасам ичаман!
Эркак: Бўлмасам нега қўрқаяпсан, тентак! (Чимчилашда давом этади) Менинг обрўйимни икки пуллик қилмоқчимисан? Бироз сабр қила олмадингми, тарбиясиз! Ҳирсингга соҳиб чиқсанг, шу кунлар бошимизга келмасди! Уятсиз! Сабрсизлигинг ўзингни ҳам, бизни ҳам таҳликага солди. Энди бутун қишлоқ бизга нафрат кўзи билан қарайди. Одамлар ўзларини бизнинг оиладан олиб қочишади…
Ёш эркак: Мен одатларимизни бузганим йўқ, дада!
Ёш аёл (йиғламоқда): Биз гуноҳ иш қилмадик. Қўрқинчли ишга қўл урмадик…
Эркак бирдан ўйланиб қолади. Ортиқча гапириб юборганини тушунади.
Аёл (ўғлини эрини қўлидан тортиб олади): Йўқ деяпти-ку! Қўйиб юборинг уни.
Эркак ўғлини қўйиб юборади.
Эркак (ҳали ҳам ўз фикридан қайтмаган): Барибир ишонч ҳосил қилишимиз керак. Бориб дояни чақириб келинглар. Бор! Тезроқ!
Аёл: Нима дейман, унга?
Эркак (жим бўлиб қолади, бироз ўйланади): “Келиннинг ҳолатидан шубҳаландик. Кўриб берсангиз яхши бўларди. Ишонч ҳосил қилмоқчимиз”, дейсан. Ростини айтгин. Яқинда санчиқ бўлди, дегин! Бўла қол!
Аёл устига катта рўмол ёпиниб, овозсиз ташқарига чиқади. Ёш аёл бир чеккада пиқиллаб йиғламоқда. Хонанинг бошқа томонида эса қолганлар “нима бўларкин” деб хавотирда эдилар.

ПАРДА

ИККИНЧИ ҚИСМ

Ёш аёл ўз хонасида қайғули ва безовталаниб ўтирибди. Ёш эркак хотинига яқин ўтирган ҳолда, ўйланмоқда. Вазиятдан чиқиш йўлини қидирмоқда. Кекса аёл ўтирганча кўзларини эшикка тиккан. Эркак баъзан деразадан ташқарига қараб, хонанинг ичида юрмоқда. Кекса эркак ухламоқда. Хонанинг ташқари эшиги очилиб, аёл кириб келади.
Эркак: Нима бўлди?
Аёл: Айтдим.
Эркак: Нима деди?
Аёл: Ҳозир келар экан.
Эркак: Нега бирга келмади?
Аёл: Қўриқловчиларга хабар бериши лозим экан…
Аёл келиннинг ёнига ўтади. Аста-секин келинга тасалли бериш учун уни бошини силайди.
Ёш аёл: Келдими?
Аёл: Ҳозир келади… Мен йўқлигимда бирор нарса бўлдими?
Ёш аёл: Йўқ!
Аёл: Қўрққанимиз бошимизга келмасин…
Ёш аёл: Иншоллоҳ.
Аёл: Балки бу оғриқ ҳомиладорлик билан боғлиқ эмасдир.
Ёш аёл: Иншоллоҳ.
Аёл: Мендан жаҳлинг чиқмадими?
Ёш аёл: Жаҳлим чиқишига хаққим борми?
Аёл: Нима ҳам қилардик. Хабар беришга мажбур эдик. Ким бўлишдан қатъий назар, хабар берилиши шарт эди.
Ёш аёл: Биламан.
Жимлик.
Ёш аёл: Қўрқаяпман.
Аёл: Қўлимиздан бошқа иш келмайди.
Ёш аёл: Жуда ҳам қўрқаяпман.
Эркак деразадан доянинг келганини кўради шекилли, безовта бўлиб аёлнинг ёнига келади.
Эркак: Келишяпти!
Аёл билан эркак эшикни очишади.
Аёл: Хуш келдингиз!
Эркак: Марҳамат.
Олдин доя, кетидан 1-қўрувчи ичкарига киради.
Доя: Хайрли тонг.
1-қўрувчи: Кунимиз ойдин бўлсин.
Эркак: Хайрли тонг.
Ёш эркак: Сизга ҳам.
Аёл: Сенга ҳам.
Кекса аёл: Хуш келдинг, болам.
Доя кекса аёлнинг қўлини ўпади.
Кекса аёл: Сени ҳам қўл ўпувчиларинг кўпайсин, болам.
Ёш эркак ҳам доянинг қўлини ўпади.
Доя: Раҳмат, ўғлим.
Ёш эркак: Бу тўлғоқ эмас…
Доя: Иншоллоҳ.
Аёл: Бирор ичимлик берайми?
Доя: Бундай вазиятда вақт ғанимат. Кеч қолмайлик. Агар ташвишланадиган бирон ҳол бўлмаса, албатта, қаҳваларингизни ичаман.
Аёл: Иншоллоҳ.
Доя: Келин қаерда?
Аёл олдинда, доя унинг орқасидан келиннинг ёнига боришади.
Эркак (1-қўрувчига): Марҳамат, ўтиринг.
1-қўрувчи ўтиради. Доя ёш аёлнинг ёнига келади. Сочларини силайди.
Доя (аёлга): Сен чиқ бу ердан!
Аёл қолганларнинг олдига чиқади.
Доя: Шифосини берсин, қизим.
Ёш аёл (овозини титроқ босади): Раҳмат, хола.
Доя: Олдин гаплашиб олайлик…
Ёш аёл: Хўп.
Доя: Аммо саволларимга тўғри жавоб берасан, хўпми?
Ёш аёл: Хўп.
Доя: Қачон чимилдиққа кирдинглар?
Ёш аёл: Декабрнинг ўрталарида.
Доя: Ундан олдин ораларингда хеч нарса бўлмаганмиди? Масалан, ўпишиш ёки шунга ўхшаш ҳаракатлар. Балки эҳтиётсизлик қилиб… Мендан ҳеч нарсани яширма.
Ёш аёл: Яширганим йўқ!
Доя: Сенга яхшилик қилиш учун сўраяпман.
Ёш аёл: Қасам ичиб айтаман, ҳеч нарсани яширганим йўқ.
Доя бармоқлари билан санай бошлайди. Яна бошқатдан санайди.
Ёш аёл: Хола, жудаям қўрқиб кетаяпман.
Доя: Қўрқадиган ҳеч нарса йўқ, болам. Вақтини ҳисоблаб чиқдим, хавотирга ўрин йўқ. Ҳисобга кўра, туғишга ҳали бир ой бор.
Ёш аёл: Худо хоҳласа…
Доя: Агар бугун туғилиши керак бўлганда, анча олдин чимилдиққа кирган бўлишларинг керак эди (доя яна бошқатдан санайди). Ҳаммаси тўғри. Лекин биласанми қизим, хато бўлса барибир ўртага чиқади. Агар мендан бирон нарсани яширмаётган бўлсанг, бу оғриқ тўлғоқ эмас.
Хавотир билан келиннинг юзига тикилади.
Ёш аёл (дояни хавотир билан тикилаётганини англайди): Рост айтаяпман. Қасам ичиб айтаман, рост гапиряпман. Зотан, бирга бўлишимизга имконият ҳам бўлмаган. Ота-оналаримиз ҳатто узоқдан кўришишга ҳам рухсат беришмаган.
Доя: Тўғри, олов билан порохни ёнма-ён сақлаб бўлмайди, қизим. Яна шундай мудҳиш воқеани билатуриб…
Ёш аёл: Ўша аёлга ҳам сиз қараган эдингизми?
Доя: Йўқ, азизим. Нима мен шунчалик қари кўринаяпманми? Бу ҳодиса анча олдин бўлиб ўтган. Лекин ўша воқеадан кейин, бошқа бундай иш қайтарилмаган. Иншоллоҳ, бундан кейин ҳам қайтарилмайди.
Ёш аёл: Иншоллоҳ.
Доя: Қўрқувинг ўтиб кетдими?
Ёш аёл (қўрқуви давом этишига қарамай): Ўтиб кетди.
Доя: Ўтсин… Барибир қўрқувнинг ажалга фойдаси йўқ. Тамоман ишонч ҳосил қилишимиз учун бир кўриб, текшириб оламиз. Ёт. Чўзил, чўзил…
Ёш аёл ёни билан ётади.
Доя: Чалқанча ёт…
Ёш аёл бош қисмини томошабинларга қарата ётади.
Ёш аёл: Шундайми?
Доя: Шундай. Оёқларингни қорин томон торт. Иккаласини ҳам. Кўйлагингни кўтар. Ана шундай…
Доя ёш аёлнинг кўйлагини яна бироз кўтаради.
Доя: Оёқларингни кўтар. Кўтар, баландроқ (ёш аёлнинг ич кўйлагини ечади). Офарин. Қўрқинчли ҳеч нарса йўқ (эгилиб қўли билан қорнини босиб кўради, такрор-такрор қўллари билан қорнини силаб кўради. Туради). Кийинавер.
Ёш аёл кийинади, туриб қўлларини қовуштирганча кутади.
Доя: Биринчи санчиқ қачон бўлди?
Ёш аёл (ёлғон гапиргани билинади). Сизга хабар беришдан олдин…
Доя (жаҳли чиқади): Зинҳор ёлғон гапирма! Қачон юз берди бу иш? Билишим шарт. Бошқалар билмасин, лекин мен билишим керак! Иншаллоҳ, айтганларинг ёлғон бўлиб чиқмас.
Ёш аёл: Ёлғон эмас.
Доя: Илк санчиқни айтаяпман.
Ёш аёл (безовта бўлиб): Кун ёришмасдан…
Доя: Кейин-чи?
Ёш аёл: Бироз ўтиб, кейин яна бошланди.
Доя: Кейин-чи?
Ёш аёл: Бошқа оғримади.
Доя (бир зум жимлик ҳукм суради): Биласанми қизим, онангни жуда яхши танийман. Узоқ йиллар қўшни бўлиб яшадик. Афсус, жуда ҳам хафа бўлдим. Бу ҳодиса ҳақида катталарга айтишим керак. Уларнинг билиши шарт. Чунки одатимиз ва қонун-қоидамиз шуни талаб қилади (овозини пасайтиради). Уларга сўнгги санчиқ ҳақида гапириб беришинг лозим, тушундингми?
Ёш аёл: Тушундим.
Доя: Акс ҳолда, оилангдагиларни ҳам балога ўртоқ қиласан! Ҳа, яна шуни ҳам унутма, Тангридан умид узилмайди! Балким, бу оғриқларнинг тўлғоққа алоқаси йўқдир.
Ёш аёл (чорасиз): Иншоллоҳ! Ота-онам ҳам келишадими?
Доя: Йўқ! Улар келишмайди. Бу одатимизга тўғри келмайди.
Ёш аёл: Ҳеч бўлмаса, онамни чақиринглар.
Доя: Мумкин эмас. Терговни мана шу уйда олиб борамиз. Қаттиқ тергов бўлади.
Доя сассиз бошқаларнинг олдига чиқади.
Эркак: Нима бўлди?
Доя (аёлга): Қўлимни ювиб олай.
Аёл ўчоқда қайнаётган сувдан идишга олиб, уни совуқ сув билан аралаштириб, доянинг қўлига қуяди.
Ёш аёл: Нима дейсиз?
Доя (қўлларини сочиққа артиб): Жуда хоҳлаган эдим, аммо насиб қилмади. Қаҳвангизни ичмайман. Мажбурламанг, тартиб шундай. Бу ҳақда хабар беришим керак. Нима ҳам қилардик? Бутун бало ўтиб кетган бўлсин. (1-қўрувчига) Сен шу ерда кутгин.
Доя аста-секин хонадан чиқади. Аёл унинг орқасидан эшикни ёпади. Ҳамма хафа… Кекса эркак ухламоқда. Ёш эркак хотинининг ёнига ўтади. Ёш эркак билан ёш аёл бир-бирларини қучоқлайдилар.
Кекса эркак (уйқудан уйғонади. Атрофга қарайди. Ўша ерда туриб гапиришни бошлайди): Менга қолса акамни ўлими сирли бўлиб қолаверади. Уни бақиришдан тўхтатиб қолиш учун ўлдиришган. Раҳм-шафқатсиз йўқ қилишди! (Бирдан биринчи қўрувчини кўриб қолади) Сизлар, қўрувчилар! Сизлар! (Қўлини биринчи қўрувчини таҳдид қилгандай силтайди) Сизлар уни ўлдирдинглар!!! Сизлар! Қўлларингиз билан бўғиб ўлдирдинглар! Қотиллар! Қотил қўрувчилар!
Кекса аёл эрини овоз чиқармай тинчлантиришга ҳаракат қилади.
Саҳна қоронғулашади.

ПАРДА

УЧИНЧИ ҚИСМ

Йиғилганларнинг барчаси бўладиган ишларнинг оқибатини кутишмоқда. Кекса эркак тинчлантирилган, лекин яна қизишиб ора-ора биринчи қўрувчига қарайди. Эркак ҳам бу орада қўшни хона деразасига қараб безовта бўлади.
Эркак: Келишаяпти!
Аёл (кекса аёлга): Юра оласиз-ку. Тура қолинг, энди. Бизни ҳам бироз ўйланг.
Эркак: Тинч қўй, онамни!
Кекса эркак: Бўғиб ўлдиришди акамни!!! Қотиллар!!! Қотил қўрувчилар!
Кекса аёл: Булар бошқа қўрувчилар. Ҳаммасини аралаштириб юбордингиз.
Кекса эркак: Аралаштирганим йўқ… Биттаси мана шу эди! Сен эдинг, биламан! Хоин қўрувчи! Қотил қўрувчи!
1-қўрувчи (кекса эркакка): Ота, биз кимни бўғизлабмиз? Мен ҳеч кимни бўғганим йўқ. (Бошқаларга) Нималар деяпти?
Эркак (Биринчи қўрувчига паст овозда): Дадам анча кексайиб қолди. Кўп йиллар олдин бўлиб ўтган воқеани, худди яқинда бўлиб ўтгандай ўйлаяпти. Қулоқ солма!
Кекса эркак (жонланиб): Қотил қўрувчи! Қотил қўрувчи! Қотил қўрувчи!
1-қўрувчи: Балога қолдиқ!
Кекса эркак: Қотил қўрувчи! Қотил қўрувчи!
1-қўрувчи: Бундай давом этиши мумкин эмас!
Эркак: (“Мен ҳал қиламан”дегандай 1-қўрувчига қараб қўяди. Отаси томонга ўгирилади) Бўлди қилинг, ота. Гапирманг. (Бошқаларга) Келишди.
Кекса эркак хафа бўлиб жим бўлади. Кекса аёл билан бирга барча эшик томон юришади. Эркак эшикни очади.
Эркак: Марҳамат…
Аёл: Хуш келдингиз…
Кекса аёл: Яхшиликка бўлсин.
Тергов гуруҳи аъзолар: раис, аёл аъзо, эркак аъзо, доя, иккинчи қўрувчи ичкарига киришади.
Раис: Хуш кўрдик!
Бошқалар (ҳурмат билан): Хуш кўрдик. Хуш кўрдик.
Эркак: Марҳамат, юқорига ўтинглар.
Кекса эркак (хотинига иккинчи қўрувчини кўрсатиб, бошқалар эшитилмас ҳолда): Мана иккинчи қотил ҳам келди.
Кекса аёл эрига эркакнинг жаҳли чиқаётганини ишора этади.
Аёл: Қаерга ўтирасиз?
Раис (хонани кўздан кечиради): Мана шу баландроқ жойга ўтирамиз. Мана шунда хаммаси тўғри бўлади.
Эркак (қўли билан кўрсатади): Мана шу ер бўладими?
Раис ёнидаги гуруҳ аъзоларини кўздан ўтказади. Аъзолар раисга қараб, ишга тайёр эканликларини ишора қилишади.
Раис: Жуда яхши.
Раис, гуруҳ аъзолари ўтиришади. 1-қўрувчи ва 2-қўрувчи эшик олдида туришибди. Кекса эркак тергов гуруҳи аъзолари ва қўрувчиларни диққат билан кузатади.
Раис: Стол олиб келинглар.
Эркак ва аёл столни олиб келиб раиснинг олдига қўйишади.
Эркак: Бирор нарса керакми?
Раис: Гаплашаётганимизда оғзимиз қуриб қолиши мумкин. Шунинг учун бироз сув келтирсангиз бизга. Етарли даражада бордоқларни ҳам олиб келинг.
Аёл сув тўла идиш билан бирга бордоқларни столни устига қўяди.
Раис: Раҳмат қизим. Келин қаерда?
Аёл: Келсинми? (Ўғлига) Мен ўзим чақириб келаман.
Аёл ичкарига юради. Ёш аёлнинг меҳмонхонага келишини ишора қилади.
Раис: Келин келмаса бирор бир масалага ойдинлик кирита олмаймиз.(Кекса аёлга) Шундайми?
Кекса аёл: Шундай!
Раис: Ҳаммангиз ўтиришингиз мумкин. Бу йиғилишимизнинг сабабчиси, бу ерга келиб ҳаммамизнинг олдимизда пайдо бўлган саволларга очиқ-ойдин жавоб бериши лозим. Тушунарлими?
Ҳамма: Тушунарли!
Раис (қолган кенгаш аъзоларига): Бошлаймизми?
Бошқа аъзолар бошларини эгиб, розилик аломатини кўрсатишади.
Кекса эркак (хотинига овозини пасайтириб): Ниҳоят қўрувчиларни жазолашади!
Кекса аёл эрига ишора қилиб, жим бўлишини сўрайди. Понтамимачи сингари қўл ҳаракатлари билан эрига бўлаётган жараёнларни англатишга ҳаракат қилади.
Кекса эркак: Ҳомиладор аёлни нега қийнашади? Қотиллар!
Кекса аёл: Жим!
Раис: Бу ерга келишдан олдин, махсус ҳовуздаги сув ҳажмини ўлчаб келдик. Маълумки, бу ҳовуздаги сув ҳажми қорларнинг эришига қараб тўлади ва шундан кейин таҳлика битади. Ҳозир сув тўлишига, таҳлика ўтиб кетишига яна икки бармоқ бўш жой қолибди. (Қўли билан кўрсатади) Бу дегани бугун кечга яқин ёки энг кечи билан эртага бу бўшлиқ сув билан тўлади ва қор кўчкиси таҳликаси ортда қолади. Ундан кейин, қиш бошланиш арафасида кетиб қолган оилалар, болалар, турли озиқ-овқатлар, ун, гўшт, туз-шакарлар ва бошқа нарсалар билан қайтиб келишади ва уч ойга яқин, яъни қор ёғгунга қадар шу ерда бизлар билан бирга яшашади. Бошқа ерлардаги сингари тўйлар, чақалоқларнинг туғилишлари, турли хил байрамлар нишонланади. Биринчи қор ёғиши билан ҳомиладорлар ва бошқа келганлар қайтиб кетишади. Шундай қилиб кейинги қор эригунга қадар бир-бирларини кўришмайди. Шундай қилиб бу ҳол ҳар йили такрорланаверади. Бизлар эртанги кунни байрамона нишонлаш учун маслаҳат қилиб турган жойда, доя келиб кутилмаган нохуш хабарни етказди.
Эркак вакил йўталгиси келганини билдиради. Ҳамма хавотир олади. Бундай ҳолларда бўлгани сингари, аёл вакил унга овозини ёпиш учун ёстиқ беради. Эркак вакил ёстиқ билан юзини ёпиб яхшилаб йўталиб олади, томоғини қириб, ўзига келади. Кейин ёстиқни аёл вакилга қайтаради.
Раис: Афсусланиб шуни билдиришга мажбурманки, сўнгги эллик йил ичида бўлмаган бир мудҳиш воқеага гувоҳ бўлмоқдамиз. Яъни, кутилгандан олдин тўлғоқ гувоҳи бўлмоқдамиз… Бу воқеадан бошқалар сингари мен ҳам жуда ранжидим. Қўлимиздан ҳеч нарса келмайди. Қабул қилинган қоидаларга бўйсунамиз! Чунки бу ҳодиса барчанинг умрига зиён келтиради.
Эркак вакил яна йўталгиси келганини билдиради.Энди унинг юзига бир неча ёстиқни босишади. Эркак вакил бу ҳаракатдан нафас ололмай ҳалок бўлади. Бу майитни юқорироқ ерга жойлашади ва ҳамма ҳурмат билан ёнидан ўтади. Барча бир дақиқали сукут сақлайди.
Раис: Энди вақт йўқотмасдан, зиммамизга тушган ишни охирига етказайлик. (Дояга) Сенга қачон хабар беришди?
Доя: (Ўрнидан туриб) Яқинда…
Раис: Аҳвол қандай?
Доя: Келинни ҳар томонлама кўриб чиқдим. Кейин сизга хабар бердим. Қайғу ва хавотир билан айтаманки, келин туғади…
Раис: Ишончинг комилми?
Доя: Ишончим комил.
Раис: Балким янгидан ташхис ўтказарсан.
Доя: Кераги йўқ. Чунки барча белгилар тўлғоқ яқинлигини кўрсатаяпти.
Раис: Ўтиришинг мумкин. Сизлар! (ёш эркак ва ёш аёл ўрниларидан туришади) Бизнинг қонун-қоидалар бўйича туғиш фақат бир ойдан кейин мумкин, лекин сизлар бу талабларни бузиб, бир ой олдин яқинлашибсизлар. Бу билан шу ерда яшаётганларни таҳлика остида қолдирибсизлар. Сизлар ўз айбларингизни биласизларми?
Ёш аёл: Биламиз…
Ёш эркак: Биламиз…
Ёш аёл: Лекин, бу бизнинг айбимиз эмас.
Раис: Бу нима дегани?
Ёш эркак: Ҳисобни катталар қилишган. Мана шу кундан рухсат дейишди. Бизга рухсат берилган кун чимилдиққа кирдик. Унгача менга хотинимни фақат узоқдан кўрсатишди, холос.
Эркак: Ҳурматли раис, рухсат беринг, мен гапирсам.
Раис: Қисқароқ қилиб гапиринг.
Эркак: Ўғлим тўғри гапираяпти. Уларни белгиланган кунга қадар бирга бўлишларига қаршилик қилдик.
Аёл: Ҳатто қўллари ҳам бир-бирларига тегмаган.
Раис: Рухсатсиз гапириш мумкин эмас. Тушунарлими?!
Аёл: Тушунарли, Раисбей.
Раис: Айтайлик, сизлар иддао қилганларингдай ҳаммаси ўз вақтида қилинди. Унда бундай аҳволга қандоқ қилиб етиб келдик.
Ёш эркак: Бу эрта туғилиш.
Доя (ўрнидан туриб): Тўғри Раисбей. Бу эрта туғилишдир.
Ёш эркак: Яъни биз айбдор эмасмиз.
Жимлик
Раис: Хоҳ ундай, хоҳ бундай, нима фарқи бор? Биз бу ерда туғиш эртамиди, кечмиди, бу ҳақда баҳс юритаётганимиз йўқ. Биз учун натижа муҳим. Шу онда хотининг туғиш ҳолига келибди ва таҳлика ҳали ҳам бор. Демак, ҳозир бу ерда қилиниши шарт бўлган ишни қилишимиз керак. (Овоз чиқармай, кенгашнинг бошқа аъзоларидан розилик олади) Бу ёш аёл вақт ўтмасдан тобутга қўйилади ва кейин тупроққа кўмилади! Бу қарордан биз ҳам жуда афсусдамиз, лекин наилож…
Ёш эркак: Раисбей!
Раис: Бўладиган иш бўлибди, энди тортишишдан фойда йўқ. Чунки бу ёш аёл ҳар дамда туғиши мумкин. Бунинг оқибати барчамизга фожиа бўлиши маълум. Агар дояни бу қарорга қарши эътирози бўлса, марҳамат, гапирсин! (Дояга) Чунки бу ҳолатда эътироз этиш ва қайтадан текширишни фақат сиз ҳал қиласиз. Бу масалада бирон бир фикрингиз борми?
Доя: Йўқ, Раисбей.
Раис: Бўладиган иш бўлибди, энди тортишишдан фойда йўқ…
Доя: Тегишли жараённи бошланглар!
Кекса эркак: Булар қўрувчиларни тергов қилишмаяпти!
Эркак ва кекса аёл, кекса эркакка жим бўлишни ишора қилишади.
Ёш эркак: Хотинимни айбсиз айбдор қилаяпсизлар. Ноҳақ жазо бераяпсизлар. Биз барчасини тўғри қилдик, айтилган пайтда тўй бўлди, айтилган пайт чимилдиққа кирдик.
Раис (жаҳли чиқади): Бу гапларни гапириб бўлдик, болам. Бизни қароримизга қарши чиқиш мумкин эмас. Қабул қилинган қонун-қоидаларга биноан Кенгаш чиқарган қарорга барча бирдек бўйсуниши шарт! (Яна жаҳли чиқади) Сен нима демоқчи бўлаяпсан?! Сенга қарасак, шунча инсонни ўлимга маҳкум қилмоқчисан, шундайми?!
Ёш эркак (ҳаяжонланади): Шунча инсон… ўлмасин! Хотиним ҳам ўлмасин!
Раис: Мени сени тушунаяпман, йигит! Бизлар ҳам ўз вақтида ёш бўлганмиз, лекин бошқаларни нобуд қилишга хақимиз йўқ.
Ёш эркак (сал бўлмаса йиғлаб юборишга қодир): Туғиш дегани бирдан бўлмайди-ку. Яна бироз кутайлик, сизлардан ўтиниб сўрайман.
Раис: Буни биздан сўрама, мумкин эмас. Бутун қишлоқ аҳлини таҳликага ташлай олмайман. Сен танлашинг керак, ё хотининг ёки бутун қишлоқ аҳли. Бошқа иложи йўқ. Агар бошқа йўли бўлса эди, биз уни қўллардик. Энди чўзмасдан айбдорни қатл қилишимиз керак. Қабул қилинган қоидага биноан барча жараёнларни амалга оширишимиз даркор. (Яна ҳам жаҳли чиқиб) Агар ҳозирнинг ўзида бирдан хотининг туғишни бошласа, унинг ҳайқириғидан тоғдаги қорлар кўчиб тушса, нима бўлади? Агар сен шундай қайсарлик қилаверсанг, сени ҳам айбдор қилиб, хотинингга қўшиб қатл қиламиз. Овозингни ўчир!
Ёш эркак: Раис жаноблари…
Раис: Огоҳлантираяпман! Унутма! Сўз кумуш бўлса, сукунат олтиндир! Юз йилларча шу тушунча билан яшаб келмоқдамиз. (Қўриқчиларга қатл жараёнини бошлашни ишора қилади)
Кекса эркак: Булар қўрувчиларни тергов қилишмаяпти! Қотилларни эмас, айбдорларни қатл қилишаяпти!
Раис: Бу қария нима деб валдираяпти?!
Кекса эркак: Акамни бўғиб ўлдирганларни тергов қилинглар!
Раис: Нималар деяпсан?
Кекса эркак: Қотилларни тергов қилинглар! Улардан қўрқасан-да, чунки улар сени ҳам бўғиб ўлдиришлари мумкин-да.
Раис: Буни ҳам оғзини боғланглар!
1-Қўриқчи ёнида олиб келган каттакон бир бўз латта билан эркакнинг оғзини боғлаш билан овора бўлади.
Раис: Тезроқ бўлинглар!
Кекса эркак (оғзини боғлашларига қарши чиқади): Энди акамни аҳволини жуда ҳам яхши тушунаяпман!
Раис (2-қўрувчига): Наригисини ҳам тайёрланглар! Тезроқ бўлинглар!
2-қўрувчи: Амрингиз бажо келтирилади!
2-қўрувчи келиннинг оғзини бўз латта билан боғлашга киришади.
Раис: Мени шоширтириб қўйдинг, йигит. Майли, дардинг катта деб, сени авф этдим…
2-қўрувчи (ёш аёлнинг оғзи ва қўлларини орқадан боғлаб қўйилади): Тамом, бошлиқ!
Раис (қўли билан келиннинг кўзларини ҳам боғлашга ишора қилади): Ишингни чала қилма.
2-қўрувчи келиннинг кўзларини ҳам боғлайди. Келин қўрққанидан титрай бошлайди.
Раис: Тамом. (Қолганларга) Ҳеч ким бу ердан кетмасин! Иш тугагунча барчамиз шу ерда, уй ичида қолишимиз керак. (1-қўрувчига) Сен шу ерда қолиб, ишни охиригача олиб борасан. (Бошқа аъзоларга) Қани туринглар. Гувоҳлигимизни бажарайлик.
Раис ва бошқа аъзолар ўтирган ўринларидан туришади. Иккинчи қўрувчи ёш аёлни олиб кетишга ҳаракат қиларкан, қийналади. Чунки келин юришга тўсқинлик қилади. Ҳатто инграб, кетишни хоҳламаётганини кўрсатади. Иккинчи қўрувчи раиснинг ишораси билан ёш аёлни судраб ташқарига олиб чиқишга ҳаракат қилади. Уларнинг орқаларидан раис ва Кенгаш аъзолари юриб боришади. Бошқалар сассиз кутишар экан, ёш эркак уларга билдирмай, милтиққа ўқларни жойлаштиради.
Ёш эркак (милтиқни осмонга қаратиб): Тўхтанглар!!! (Бирдан ҳамма қотиб қолади)
Раис: Нима қилмоқчисан, болам?
Ёш эркак: Тўхтанглар, дедим!!!
Аёл вакил: Бу нима дегани? Бу нима қилмоқчи?!
Ёш эркак: Мени милтиқни отишга мажбур қилманглар!!!
Раис: Бу мумкин эмас!
Аёл вакил: Милтиқ отилса, нима бўлишини биласанми? Аллоҳим, ўзинг асра!
Раис: Ҳаммамиз ўламиз!
Ёш эркак: Тўғри, ҳаммамиз ўламиз! Ё хотиним яшайди ёки ҳаммамиз бирликда халок бўламиз!
Жимлик.
Эркак: Пастга тушир қуролни!
Аёл: Бизни ҳам ўлдирмоқчимисан?
Эркак: Ахир ҳаммамиз ўлиб кетамиз-ку!
Ёш эркак: Дада, энди сизлар менинг ишимга аралашманглар.
Эркак: Қандай қилиб ишингга аралашмаймиз? Ўзингга кел, ўғлим…
Ёш эркак: Хотиним ўлиб кетаверсинми? Хотиним ва бўлажак боламнинг тирик қолишлари учун қўлимдан келган барча ишни амалга оширишим керак.
Эркак: Қўлингдан нима ҳам келарди?
Кекса аёл: Ҳаммамиз биргаликда ўламиз!
Аёл: Ҳали ёшсан… Сенга бошқа хотин топилади. Бошқа аёллар ҳам сенга бола туғиб бера олади.
Кекса аёл: Ота-онангни қотили бўласан!
Кекса эркак: Мен неварам билан ғурурланаяпман! Яша!
Ёш эркак: Мени тушунмаяпсизлар. (Раисга) Ҳеч ким қимирламасин! Ҳамма жойида қолсин! Жойларингизга ўтинглар!
Раис ва аъзолар ўринларига ўтишади. 2-қўрувчи келинни ўз ўрнига олиб келади. Эрининг ишораси билан қўлларини, кўзларини ва оғзини ечади, бўшатади. Жимлик.
Раис: Оғзим қуриб қолаяпти. Сув ичиб олсам бўладими?
Ёш эркак: Бўлади.
Раис сув ичиб олади. Бошқа аъзолар ҳам сув ичишади.
Раис: Энди нима бўлади?
Аёл вакил: Нимани кутаяпмиз?!
Ёш эркак: (1-қўрувчига) Сен! Дада сиз ҳам, бориб сув ҳавзасига қаранглар! Аҳволни билайлик! Бўлақолинглар!
1-қўрувчи ва эркак ташқарига чиқишади.
Кекса эркак: Қўрувчиларни ҳам тергов қилайлик!
Кекса аёл эрининг тинчлантиради. Ҳамма нима бўлишини кутмоқда. Раис ва кенгаш аъзолари ҳам ҳайрат билан жараённинг давомини кутишмоқда. Бироз вақт ўтгандан кейин эркак ва 1-қўрувчи кириб келишади.
Эркак: Бир бармоқ бўш жой қолибди!
1-қўрувчи: Тўғри, бир бармоқ!
Ёш эркак: Зотан, ҳозирча санчиқ қайта бошлангани йўқ. Балким доя адашгандир! Бу санчиқ туғиш аломати эмасдир. Лекин сабрсизликдан менинг хотиним ўлиб кетиши мумкин эди. Мана ўзларингиз кўринглар, ҳеч қандай санчиқ йўқ!
Раис: Нималар деяпсан, болам? Доя ҳеч ҳам ёлғон гапирмайди. Майли, бизни қўя тур, ота-онанг ҳам ўлиб кетишади-ку?! Ҳамма ўлиб, қор тагида қолиб кетамиз. Қанча одам яқинларидан айрилади. Уларга раҳминг келмайдими?!
Эркак ишонч билан ёш эркакнинг ёнига келади. Милтиқни пастга туширишни талаб қилади. Қуролни қўлига олади. Шу пайт кекса эркак нариги милтиқни қўлига олиб, эркакка тўғрилайди ва уни четга чиқишга мажбурлайди. Ёш эркак милтиқни дадасининг қўлидан олади. Бирдан ёш аёл оғриқдан букила бошлайди.
Раис: Ё тангрим!
Доя: Бу аёл ҳозир туғишни бошлайди!
Ёш эркак (1-қўрувчига): Оғзини боғла!
1-қўрувчи келиннинг оғзини яна боғлаб қўяди.
Ёш эркак: Ичкарига олиб киринглар! Оғзини боғла!
1-қўрувчи келинни ичкарига олиб киради. Кекса эркак қўллари билан қарсак чалиб хурсанд бўлади.
Ёш эркак (дояга): Ичкарига ўтинг. Она сиз ҳам ёрдам беринг.
Доя (аёлга): Битта тоғора билан иссиқ сув келтиринглар! Тезроқ!
Ёш эркак: Тезроқ она!
Раис (даҳшат ичида): Чақалоқнинг бақириши нима бўлади?
Аёл вакил (даҳшатга тушиб): Бақиради!
Раис: Ҳаммамиз ўламиз!
Аёл вакил: Ўламиз! Ҳалок бўламиз!
Кекса эркак: Зотан мени вақти соатим келиб қолган… Менга фарқи йўқ. Мен энди акамнинг аҳволини яхши тушунаяпман. Ўлишдан олдин мен ҳам эркин бўлиб, бақиришни хоҳлаяпман. Ҳайқиргим келяпти. Ҳозироқ!
Кекса аёл: Йўқ! Мумкин эмас!
Эркак: Мен сизни ўғлингизман, ота.
Аёл: Ҳаммаси тугади, шекилли!
Эркак: Мени ўлимимга сабабчи бўласизми? (Қўли билан отасининг оғзини ёпишга ҳаракат қилади)
Аёл (ўғлига қараб): Сени ўлимимга сабабчи бўлсин, деб катта қилганмидим? Оқ сутимни ва меҳнатимни сенга ҳалол қилмайман!
Ёш эркак: Жим бўлинглар!
Доя 1-қўрувчига ташқарига чиқишини ишора қилади. 1-қўрувчи бошқаларнинг ёнига келиб туради. 2-қўрувчи ёш эркакка билдирмасдан яқинлашади. Ёш эркак сезиб қолиб, милтиқнинг дастаси билан уни уриб ерга ётқизади.
Ёш эркак: Эҳтиёт бўлинглар! Яна бундай ишни қилмоқчи бўлсангиз, ёмон бўлади!
Раис (1-қўрувчига): Тентак!
Ёш эркак: Тушунарлими?
2-қўрувчи: Тушунарли.
Ичкарида келинни туғишига ёрдам бериш учун ётқизишган. Доя аёлга нима қилиш кераклигини тушунтирмоқда.
Аёл вакил (қўрқиб): Аммо, чақалоқнинг оғзини ёпиб туриш керак. Ахир у тинмай бақириб йиғлайди-ку.
Раис: Сув ҳавзаси тўлгунча чақалоқнинг оғзини ёпиб туриш зарур.
Келиннинг инграшлари ортади. Инграшлар ичидан чиқади… Келиннинг инграши бирдан тўхтайди. Доя чақалоқнинг оғзини ёпиб юқорига кўтаради. Чақалоқ доянинг қўлидан тоғорага тушиб кетади… Кучли бақириш эшитилади. Қулоқни кар қилувчи чинқиришлар эшитиларкан, доя чақалоқни яна қўлига олади. Жимлик. Ҳамма қор кўчишининг қўрқинчли овозини диққат билан кутмоқда… Баъзилар эса қўлларини очиб дуо қилишга киришган. Қор кўчкисидан эса ҳамон дарак йўқ…
Раис: Қор кўчки тушмади!
Аёл вакил: Энди тушмаса керак.
Раис: Иншоллоҳ!
Ёш эркак: Жим бўлинглар!
Жимлик давом этади.
Кекса эркак хотинининг қаршилига қарамай, ёш эркакнинг қўлидаги милтиқни тортиб олиб, ташқарига отилиб чиқади. Ваҳимали бир отиш қилади. Милтиқдан даҳшатли овоз чиқади. Бироздан сўнг ҳамма хурсанд бўлиб бақира бошлайди. Ташқарида милтиқ овозлари билан бирга доул – сурнай овозлари ҳам янграйди…

ПАРДА

2001 йил. Саригерме. Ўртажа.

Турк тилидан Ойбек Вейсал ўғли таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2017 йил, 10-сон