Марк Туллий Цицерон. Нутқлар

1. КАТИЛИНАГА ҚАРШИ СЕНАТДА СЎЗЛАНГАН БИРИНЧИ НУТҚ

I.(1) Катилина, менга айт, қачонгача бизнинг сабр-тоқатимизни суиистеъмол қиласан? Эсидан оғган одам билан ушбу хавфли ўйин яна қанча давом этиши мумкин? Сенинг кеккайишингнинг қачонлардир чегараси бўладими? Палатиннинг тунлари қўриқланиши ҳам, соқчиларнинг назорати ҳам, — яна қаерда? Шаҳарда! — халқнинг хавфсираши ҳам, барча яхши фуқароларнинг хавотирланишлари ҳам, бу сафар сенат мажлисининг қаттиқ қўриқланган жойда ўтказилиши ҳам, — ниҳоят, бу юзлар, бу кўзлар ҳам кўриниб турибдики, сен учун ҳеч нарса эмасга ўхшайди! Ёки сен ўз ниятларингнинг фош бўлганлигини сезмаяпсанми, сенинг фитнанг ҳақида ҳамма билишини ва қўл-оёғинг занжирбанд эканлигини кўрмаяпсанми? Кеча, ундан олдинги тунда нима қилдинг, қаерда эдинг, кимларни йиғдинг, қандай қарорга келдинг, — булар бизнинг биронтамизга номаълум деб ўйлайсанми?
(2). Замон шундай! Бизнинг хулқимиз шундай! Сенат ҳамма нарсани тушунади, консул ҳамма нарсани кўриб турибди, бу одам эса ҳали ҳам яшамоқда ва ҳаёт! Яшамоқда? Кошки фақат шунинг ўзи бўлса. Йўқ, у сенатга келади, умумдавлат кенгашларининг қатнашчиси бўлади ва яна бизларнинг ҳар биримизни кўзлари билан авраш, сеҳрлашни кўнглига тугиб қўяди. Биз-чи? Давлат суянчиғи бўлган бизлар нима қилмоқдамиз? Республика олдидаги бурчимизни биз унинг қутурган хуружларидан қутулишдагина деб ўйлаймизми? Йўқ, Катилина, консуллик буйруғи билан аллақачон сени ўлдириш, сен ўзинг бизга тайёрлаган офатни фақат сенинг ўзингга қаратиш керак.
(3). Дарҳақиқат, буюк понтифик, муҳтарам Публий Сципион республика асосларини фақат салгина қимирлатиб қўйган Тиберий Гракхни ўлдирган эди-ку, — айтиш керакки, Сципион ўшанда хусусий бир шахс эди, холос. Ҳозир Катилина бутун ер юзини қирғин ва ёнғинлар билан барбод қилмоқчи бўлса ҳам, биз консуллик ҳокимиятига эга бўлатуриб бўйин эгиб, чидаб турсак! Мен қадимгироқ мисоллар, Гай Сервилий Агаланинг ўз қўли билан янги тартибларни хоҳлаб қолган Спурий Мелийни ўлдирганлиги ҳақида айтиб ўтирмадим. Иродали, қатъий одам ашаддий душманни қандай қаттиққўллик билан бартараф этса, унга хавфли фуқарони ҳам шундайин бартараф этишга имкон берадиган мардлик бу республикада қачонлардир бўлган, ҳа, бўлган эди. Катилина куч ва оғирлиги билан сенга қарши йўналтирилган сенат қарори бизда ҳам бор; сенаторлар тоифасига дадиллик ва қудрат, журъат етишмайди, деб бўлмайди — гап бизда, консулларда эканлигини яширмайман, гўё биз ўз ҳокимиятимизнинг юксак мақомида эмасмиз.
II. (4). Қачонлардир сенат, консул Луций Опимий республиканинг ҳеч қандай зарар кўрмаслиги ҳақида ғамхўрлик қилсин, деб қарор чиқарган эди, — бир кеча ҳам ўтмай (исёнкорлик ниятида гумон қилинибгина) Гай Гракх ўлдирилган, гарчи унинг отаси, бобоси, аждодлари ҳурмат ва эҳтиромли машҳурликка сазовор бўлган бўлсалар-да; собиқ консул Марк Фулвий ҳам ўғиллари билан бирга ўлган. Худди шундай сенат қарори билан консуллар Гай Марий ва Луций Валерийларга давлат ишониб топширилган эди; шундан кейин халқ трибуни Луций Сатурнин ҳамда претор Гай Сервилий ҳеч бўлмаса бир кун ўлимни, давлат эса — қасосни кутишларига тўғри келганмиди? Биз эса, мана йигирма кундан бери сенат ишониб топширган шамширнинг тиғи ўтмас бўлишига йўл қўймоқдамиз. Зеро, бизда ҳам худди шундай сенат қарори мавжуд, аммо уни гўё қинда сақлангандай жадвалларга жойлаб ўтирибмиз, аслида шу қарорга кўра Катилина, сени дарҳол қатл этиш даркор эди. Сен эса ҳаётсан. Ҳаётсан ва қабиҳ жасорат сени тарк этмаган, фақатгина чуқурлашиб бормоқда! Шундай бўлса ҳам сенатор отахонлар, менинг чуқур ишонч ва хоҳишим — ғазаб ва жаҳлга йўл қўймасликдир. Менинг чуқур ишонч ва хоҳишим — республика учун ушбу хавфли соатда вазминлик сақлаш ва сабрли бўлишдир. Аммо, афсуски, бу нарсалар йўл қўйиб бўлмас ғофилликка айланиб қолаётганини ўзим ҳам кўриб турибман.
(5). Италия заминида, Этрурия даралари яқинида Рим халқига қарши қароргоҳ барпо этилган, кундан-кунга душманлар сони ортиб бормоқда, ушбу қароргоҳ бошлиғини, душманлар йўлбошчисини биз ўз шаҳримизда, бу ҳам камлик қилганидай — сенатда кўриб турибмиз; у ҳар куни республикани ичкарисидан барбод этишга тайёр турибди. Катилина, агар ҳозир сени ҳибсга олишга буюрсам, қатл этишга буюрсам, ишончим комилки, виждонли барча одамларнинг умумий ҳукмлари кимнингдир: “Жуда қаттиқ жазо!” дейишидан кўра: “Жуда кеч” дейишдан иборат бўлади.
Шундай бўлса ҳам, аллақачон ижро этилиши керак бўлган ишни амалга оширишга ҳозиргача шошилмаяпман. Бунинг ўз сабаби бор. Қисқаси, менинг амалга оширган ишимни адолатли ва қонуний деб тан олмаган шундай бир аблаҳ, шундай бир лўттивоз, сенга шундай ўхшаш одам қолмаганидагина сен қатл этиласан.
(6). Токи сени ҳимоя қилишга жасорат қиладиган ҳеч бўлмаса бир одам топилар экан, сен ҳаёт бўласан, аммо сенинг ҳаётинг ҳозиргига ўхшаб қудратли қўриқчилар исканжасидаги ҳаёт бўлади ва сен республикага зарар етказа олмаслигинг учун кўпдан-кўп қулоқлар, кўпдан-кўп кўзлар сенинг ҳар бир қадамингни худди шу кунгача бўлгани каби кузатадилар ва пойлайдилар.
III. Агар ҳатто тун сояси ҳам гуноҳли бу тўдани яшира олмаса, агар ҳатто хусусий уйнинг деворлари ҳам фитна иштирокчиларининг овозларини тутиб тура олмаса, агар ҳамма нарса фош бўлаверса, ҳамма нарса ташқарига отилиб чиқаверса, сен яна нимани кутмоқдасан, Катилина? Илтижо қиламан — эс-ҳушингни йиғиб ол! Қирғин ва ўт қўйишлар етар. Тўхта! Сен ҳамма томондан қамалдасан. Сенинг барча манфур қилмишларинг бизга ёруғ кундан ҳам равшанроқ. Агар хоҳласанг, кел, бирга текшириб кўрамиз.
(7). Агар унутмаган бўлсанг, қабиҳ фитнадаги сенинг шеригинг ва малайинг Гай Манлий қуролли исён кўтараётгани ҳақида ноябр тақвимларига ўн бир кун қолганида сенатда хабар берган эдим; ўшанда исён кўтариладиган кунни аниқ айтгандим — ноябр календларига олти кун қолган кун, деб. Ё мен адашдимми, Катилина? Бундай даҳшатли воқеа нафақат рўй берди, бунга ишониш қийин, лекин худди ўша айтилган кунда рўй берди — бунга ҳақиқатан ҳам фақат ҳайратланса бўлади! Ноябр календларига беш кун қолганида энг мўътабар фуқароларни қирғин қилмоқчи бўлганингни ҳам сенатда айтган эдим. Ўшанда давлатнинг аксарият биринчи шахслари Рим деворлари ортидан паноҳ изладилар, бу билан улар ўзларини қутқаришдан кўра сенинг жирканч ишларингни тўхтатишни хоҳладилар. Мен қолдим. Ўшанда сен, ҳамма кетаверсин, сенга фақат менинг ўлимим кифоя эканлигини айтдинг; ўша бахтсиз кунда фақат мен қўйган соқчилар, фақат менинг эҳтиёткорлигимгина сени чамбарчас “боғлаб” қўйдилар ва давлатга зарар келтириш томонига қадам бостирмадилар; буни сен инкор этаоласанми?
(8). Кейин-чи? Ноябр календлари келди. Ҳужум билан Пренестени олишга жуда ишонганинг тунда — мен ўйлайманки, сен ушбу шаҳар менинг буйруғимга кўра уни кеча-кундуз қўриқлайдиган навкарлар билан олдиндан мустаҳкам ҳимоялаб қўйилганини тушунгандирсан. Сенинг бирон-бир қадаминг, бирон-бир айёрлигинг, бирон-бир фикринг менинг қулоқларим, нигоҳим, баъзан эса оддий сезгирлигимдан яширин қололмайди.
IV. Ниҳоят, кел, биргаликда ўтган кундан олдинги тунни эсга олайлик. Биз иккимиз ҳам бедор эдик, лекин гапимга ишонавер, сенинг республиканинг ҳалокатига қилган ҳаракатингга қараганда, унинг манфаати, эсон-омонлиги учун мен қилган ҳаракат кучлироқ бўлиб чиқди. Яъни: сен ўша тунда уйга, — ҳеч нарсани яширмайман, — Марк Леканинг Ўроқсозлар кўчасидаги уйига келдинг. Жинояткорона жоҳилликдаги кўп ўртоқларинг ҳам ўша ерга келдилар. Ўйлайманки, сен буни инкор этишга журъат қилмайсан. Нега индамайсан? Агар қайсарлик қилсанг, далиллар сени фош этадилар. Зеро бу ерда, сенатда, ўшанда сен билан бирга бўлганлардан баъзиларини кўриб турибман.
(9). Боқий худолар! Бизникига ўхшаш халқ, бизникига ўхшаш шаҳар борми ўзи? Бизнинг давлатимиз қандай давлат ўзи? Отахон сенаторлар, бу ерда, орамизда, ушбу энг муқаддас ва энг қудратли, ер куррасида тенги йўқ кенгашда, ҳа, шу ерда, бизнинг умумий ҳалокатимизни, ушбу шаҳарнинг ва балки бутун дунёнинг барбод бўлишини ўйлаётганлар қатнашмоқдалар. Мен консул эса уларга қарайман, давлат аҳволи ҳақидаги фикрларини билдиришларини сўрайман ва асо билан уриб ўлдириш зурур бўлганларни ҳатто ўзимнинг овозим товуши билан безовта қилишга журъат қилмайман!
Шундай қилиб Катилина, ўша тунда сен Леканинг уйига келган эдинг. Сизлар Италияни бўлакларга бўлиб олдингиз, ким қаерга бориши кераклигини аниқладингиз, Римда қоладиганларни ва сен билан бирга кетадиганларни танладингиз, шаҳарни ёқиб юбориш учун қисмларга бўлдингиз; сен ўзингнинг шаҳарни ташлаб чиқиб кетишинг ҳақидаги қарорингни тасдиқладинг, сенинг сўзларингга қараганда, менинг ҳаётлигимдек арзимаган нарса сени бу ерда ушлаб турибди, холос. Ўша ернинг ўзида икки Рим суворийси сени ушбу ташвишдан ҳоли қилишга бел боғладилар. Улар, ўша кечанинг ўзида, то тонггача мени ўз тўшагимда ўлдиришга ваъда бердилар.
(10). Сизларнинг йиғинларингиз тарқатилиши билан ҳамма нарса менга маълум бўлди. Мен ўз уйимнинг атрофидаги соқчи-қоровулларни кўпайтирдим ва кучайтирдим ва мени муборакбод этишлари учун сен юборган одамларни қабул қилмадим: мен кишиларга олдиндан айтиб қўйган кўп иззатга сазовор одамларим худди мен тайинлаган вақтда келдилар.
V. Нима дейсан, Катилина? Бошлаган ишингни давом эттир, — вақтни тайин қилгинда, ниҳоят ушбу шаҳардан чиқиб кет, — дарвозалар очиқ, боравер! Манлий қароргоҳи, деб аталувчи қароргоҳ — сенинг қароргоҳингдир! — сени, ўз йўлбошчисини кутиб қолди. Ҳаммани олиб кет, агар ҳаммани бўлмаса, ҳеч бўлмаганда, ўз тарафдорларингдан иложи борича кўпроғини олиб кет, шаҳарни тозалаб қўй! Агар сен билан менинг орамда шаҳар девори бўлса, менинг дилимни қўрқинчдан халос қиласан. Бундан буён сен биз билан туролмайсан. Мен бунга йўл қўймайман, бунга чидаб туролмайман, бунга қаршиман.
(11). Ҳақиқатан ҳам, агар шунча марта ушбу қабиҳ, даҳшатли, жирканч ўлат хавфидан барибир республикани қутқариб қолинган бўлса, у ҳолда бунинг учун биз чарчамай, боқий худолар ва аввало, бу ўринда шаҳримизнинг энг қадимий соқчиси, ҳимоячиси Юпитерга шукроналар айтишимиз зарур. Лекин энди ватанимиз тақдирини бир одамнинг раъйига боғлиқ қилиб қўйишга ҳаққимиз йўқ.
Сенинг ҳийла-найрангларинг, Катилина, мен эндигина консул бўлганимдан бери таъқиб қиладилар ва ўшанда ҳам менга давлат қўриқчилари эмас, балки ўзимнинг доимо огоҳлигим ҳимоя бўлиб хизмат қилди. Кейин, охирги консуллик сайловлари вақтида, мени — ҳозирги консулни, мен билан биргаликда ўзингнинг сайловолди рақибларингни ўлдирмоқчи бўлдинг, ўшанда Марс майдонида сенинг жинояткорона ниятларингни бартараф этиш учун, ҳаммани безовта қилмай мен ўз дўстларимнинг ёрдамларига мурожаат қилдим. Қисқаси, қачонки сен менинг ҳаётимга тажовуз қилсанг, ҳар сафар сенга мен ўзим қарши турдим, гарчи менинг ўлимим республика учун улкан фалокатлар билан туташ бўлишини олдиндан билсам ҳам.
(12). Энди эса сен очиқчасига бутун республикага, боқий худоларнинг муқаддас ибодатхоналарига, шаҳар уйларига ва ҳар бир фуқаронинг ҳаётига тажовуз қилмоқдасан, ниҳоят, бутун Италияни барбод этиш ва хонавайрон қилишга чақирмоқдасан. Бошланишданоқ консуллик ҳокимияти ва аждодлар ўгитлари талаб қилган нарсани амалга оширишни хоҳламайман. Шунинг учун мен унчалик қаттиққўллик қилмайман ва ўйлайманки, ҳамманинг (халқнинг) осойишталиги, манфаати учун бундай юмшоқлик кўпроқ фойда келтиради. Зеро, агар мен сени қатл этишга буюрсам, давлатда бир ҳовуч сенинг тарафдорларинг фитна қолдиғи бўлиб қоладилар. Агар сен кетсанг, мен сени бунга кўп марта чақирдим, у ҳолда, республика учун ҳалокатли машъум нопоклик йиғиндиси шаҳардан супуриб ташланади.
(13). Нима дейсан, Катилина? Наҳотки, менинг буйруғим сенинг ўзингнинг хоҳиш-истакларингга мос бўлган нарсага гумонсирашга мажбур этса? “Сен душмансан. Шаҳардан чиқиб кет!” — консул иродаси шундай. Бу сургун қилишни англатадими, деб сўрайсан. Мен бундай фармойиш бермайман, лекин агар билишни хоҳласанг, менинг қатъий маслаҳатим шундай. <…..>

2. ТИТ АННИЙ МИЛОН ҲИМОЯСИГА СЎЗЛАНГАН НУТҚ

I. (1). (Муҳтарам) судьялар, шунчалар шавкатли инсон ҳақида, ватан фаровонлиги ўз ҳаётидан азиз бўлган Тит Милон ҳақида бундай журъатсизлик билан нутқ сўзлайбошлашим гарчи менга уят бўлса-да, — гарчи унинг тарафини олиш чоғи руҳий кучда унга тенглашишим зарур бўлса-да, афсус, ундай эмас; янги суд, янги кўриниш менинг нигоҳимни даҳшатга туширади ва менинг кўзларим форумнинг ҳамма тарафидан одатдаги кўриниш ва аввалги тартибларни беҳуда излайдилар.
(2). Сизларнинг йиғинингиз ғайриоддий доирада иш олиб бормоқда, уни одамларнинг ғайриоддий оломони ўраб олган; гарчи бизларнинг ўзимизни зўравонликлардан асращ учунгина ҳар бир ибодатхона олдида соқчилар турган бўлсалар-да, тинч суд маҳкамасидан ушбу сарбозларга назар ташлаган чоғда улардан қўрқмаслик барибир қийин.
Агар буларнинг ҳаммаси Милонга қарши амалга оширилган, деб ҳисоблаганимда, бор куч қуролда бўлганида нутққа ўрин йўқ, деб ўйлаб, момақалдироқдан олдин жим бўлардим. Лекин буни энг адолатли ва энг оқил инсон Гней Помпей қилгани менга тасалли беради, менга манзур бўлади, чунки унинг (яъни Помпейнинг — У.О.) адолатлилиги, суд қарорларига ишониб топширилган одамни сарбоз қуролининг ҳукмига бериб қўйишга йўл қўймас эди, унинг мулоҳазакорлиги эса жунбушга келган оломон ўзбошимчалигини давлат идораси билан муқаддаслаштиришга йўл қўймас эди.
(3). Шунинг учун ҳам ушбу ҳарбий бўлинмалар ўз бошлиқлари билан бирга ва қуролланган ҳолда бизга хавф туғдирмайдилар, балки ҳимоя қиладилар, хотиржамлик устига бизни руҳий тетикликка чақирадилар, менинг нутқим учун эса ҳам ёрдам, ҳамда осойишталикни ваъда қилмоқдалар.
Қолган барча оломон (мен, албатта, фуқаролар оломонини назарда тутмоқдаман), ҳа, бу ердаги қолган бутун оломон — бизга тарафдор: қаердан нимани кўришга имкон бўлса, ўша ердан одамлар кузатиб турибдилар ва уларнинг барчалари суд қарорини кутмоқдалар ва фақат мард Милонга шафқат юзасидангина эмас, балки ҳамма, ҳозир сўз унинг ўзи ҳақида, унинг болалари ҳақида, унинг ватани ҳақида, унинг эсон-омонлиги ҳақида бораётганини билади.
II. Бизга бегона ва душман бир хил одамлар мавжуд — улар, Публий Клодийнинг талончилик, ўт қўйиш, оммавий қирғинларидаги қутуришлари ўстирган, тарбиялаган одамлардир. Сизнинг бугунги ҳукмингизни олдиндан талаб қилиш мақсадида кечган йиғинда ана шуларни гижгижламадиларми? Ва бугун, агар уларнинг қичқириқлари эшитилса, бу қийқириқлар, сизнинг манфаатингиз учун доимо бундай одамларни ҳам, уларнинг қийқириқларини ҳам сариқ чақачалик кўрмайдиган фуқарони асраш кераклигини эслатсинлар.
(4). Муҳтарам ҳакамлар, руҳингиз тушмасин: агар ушбу қўрқинч вужудингизга сингиб кетган бўлса, силкитиб ташланг. Агар сизлар фазилатли ва солиҳ зотлар ҳақида фикр юритишга ва қадрлашга ваколатли бўлсангиз, ниҳоят сизларга энг яхши тоифаларнинг мумтоз кишиларига кимда-ким лойиқ ва солиҳ бўлса, ўшалар ҳақида энди, ғамхўрликни аввалгидек кўриниш ва сўз билан эмас, балки ирода ва амалий иш билан изҳор қилиш учун жуда қулай фурсат берилганида, сизлар бир қарорга келишингиз зарур: биз, ҳар галгидек сизларнинг иродаларингизга бўйсуниб, бу ердан маҳзун ва ғамгин чиқиб кетамизми ёки, аксинча, фуқароларнинг энг тубанларидан шунча кўп азият чеккандан сўнг сизларнинг қатъийлигингиз, жасоратингиз, донишманд¬лигингиздан нажот топамизми?
(5). Дарҳақиқат, мен ва Милоннинг бошимизга тушган заҳмат ва ташвишлар, азобларни айтиш ёки тасаввур қилиш мумкинми? Биз энг мўътабар мукофотлар умидида давлатга хизмат қилиш учун бел боғлаган эдик, аслида эса энг қаттиқ азоб-уқубатлар қўрқинчидан ҳозиргача қутула олганимиз йўқ! Айтиб ўтишим лозимки, Милон ҳамма вақт энг яхши одамлар тарафини олиб, ёмонларга қарши тургани учун халқ йиғинлари пайтида на гирдоблар, на бўронлар уни четлаб ўтмаслигини доимо тушунардим; аммо бу ерда, судьялар — барча тоифаларнинг кўрки бўлган одамлардан иборат суд ва кенгашда Милоннинг душманларига нафақат хавфсизлигини йўққа чиқариш, балки–ҳатто унинг шонли исмини озгина бўлса-да, обрўсизлантиришга умид туғдирадиган одамларни хаёлимга ҳам келтира олмайман.
(6). Айтиб қўйишим керак, муҳтарам судьялар, ҳозир Милонни ушбу айбловларидан ҳимоя қилиш учун трибун бўлган пайтлари ҳақида ва ватан манфаати учун у нималар қилганлиги ҳақида гапириб ўтирмайман. Агар сиз ўзингиз Клодийнинг Милон учун ясаган кишанларини ўз кўзингиз билан кўрмасангиз — аввалги хизматларимиз учун бизни кечиришларингизни илтимос қилиб ўтирмайман, сизларнинг ўзингиз учун халоскорлик бўлган Клодий ўлимини халқ бахтига эмас, Милон шарафига ҳисоблашларингизни сизлардан ўтиниб сўрамайман; лекин, агарда Клодийнинг барча найранглари ушбу ёруғ кундан-да равшанроқ намоён бўлса, ана шунда муҳтарам ҳакамлар сиздан, бизга ҳеч қандай имконият қолмаганида бир нарсага: жазоланишдан қўрқмай рақибларнинг душманлиги ва қуролидан ўз ҳаётимизни ҳимоя қилишга ижозат беришингизни ўтиниб сўрайман ва илтижо қиламан.<…..>
IV. (10). <….> Демак, муҳтарам ҳакамлар, бир қонун бор: уни биз ёзмаганмиз, лекин у биз билан туғилган, уни биз эшитмаганмиз, ўрганмаганмиз, балки уни табиатнинг ўзидан олганмиз, биз уни симирганмиз, ўзлаштирганмиз; биз уни ўрганганмиз, балки у туғилганимиздан бери биз билан, ундан биз тарбияланмаганмиз, балки у бизга сингиб-сингиб кетган; ва ушбу қонун бундай дейди: агар бизнинг ҳаётимиз қароқчилар ёки душманларимизнинг кирдикорлари, зулми, қиличлари туфайли хавф остида бўлса, у ҳолда ҳимояланишнинг ҳар қандай усули қонуний ва виждонан тўғридир. Қурол сўзлаган пайтда, қонунлар сукут сақлайдилар: агар кутаётганга, ўзига ҳақ ўлимни талаб қилишидан олдин ноҳақ қатл хавф солса, улар (қонунлар) ўзларини кутиб туришга буюрмайдилар.
(11). Айтиш кераки, зеро, ёзилган қонун ҳам инсонга сукут сақлаб ва оқиллик билан ҳимояланишга йўл қўяди: қонун “инсонни ўлдиришни” эмас, “инсонни ўлдириш учун қурол олиб юришни” ман қилади! Суд, қурол билан ҳимояланиш ҳақидаги ишни кўриб чиқаётганида инсонда шамшир борлигига эмас, балки ушбу шамшир (кимнидир) ўлдиришга мўлжалланганига қараши зарур. Иш муҳокамасида бу ҳолатни унутмангиз, ҳурматли судьялар, — агар сизлар нимани эсдан чиқармаслик кераклигини ёдингизда сақласангиз, мен аминманки, менинг нутқим сизлар учун ишонтирарли бўлади: ёмонлик қилувчи одамни ўлдириш — доимо қонунийдир. <…..>
IX. (23). Аммо энди баҳсни ҳам, ишни ҳам муҳокама қилишга фурсат етди. Ўйлаб кўринг! Содир этилган нарсаларни бундай эътироф этишлар олдин ҳам бўлган экан: сенат эса ишимиз ҳақида бизнинг ўзимиз хоҳлагандай фикр билдирган бўлса; Помпей эса, гарчи иш ҳақида баҳс бўлмаса-да, бари-бир ҳуқуқ ҳақида муҳокама бўлишини хоҳлаган экан; ва ана шу адолатли ва оқилона муҳокамани ўтказиш учун ҳам ҳакамлар сайланиб, раис тайинланган — демак, сиз ҳакамларга кўриб чиқиш учун фақат бир нарса қолган: ким кимга пистирма қўйган? Ушбу нарса далиллардан равшанроқ намоён бўлиши учун рўй берган воқеани қисқача айтиб бераман, илтимос қиламан, сизлар диққат билан эшитинг.
(24). Публий Клодий, ўзининг барча қабиҳ ишлари билан, давлатни қийнаш учун претор бўлишга интилиб ва ушбу йилдаги сайловларнинг кечиктирилиши преторликка жуда оз муддат қолдиришини кўриб — зеро, уни преторликда бошқалар хоҳлайдиган шон-шараф қизиқтирмайди, балки у, фазилатли, лойиқ фуқаро Луций Павлени преторликдаги ўртоғи бўлишини хоҳламайди, у кўпроқ ватанни қийнаш мақсадида тўла йил претор бўлишни истайди — буларни билиб туриб, у бирданига ўзининг қонуний йилини ўтказиб юборишга ва кейинги йили преторликка ўтишга истак билдиради. Қандайдир башоратларнинг қўрқинчи уни бундай қилишга ундаган эмас, — у ўзи айтганидай преторликнинг тўла ва қисқартирилмаган йилини хоҳлаган, холос.
(25). Аммо, агар Милон консул бўлса, унинг преторлиги нобоп ва гумонли бўлиб қолишини у тушунар эди; Милон эса рим халқи розилиги туфайли унинг кўз ўнгида консуллик сари дадил борарди. <…..> Ва қачонки, ҳар қандай ёмонликларга тайёр турган шоввоз муносиб инсон ва унинг ашаддий душмани консул бўлиши аниқлигини кўргач, — унга бунинг ҳақида нафақат сўзлар, балки римликларнинг дастлабки овоз беришлари ҳам хабар берган эди, — ҳужум қилишга қарор қилди ва Милонни ўлдириш ҳақида очиқчасига гапира бошлади. <…..>
X. (27). Бу орада Публий Клодий, — бу иш қийин эмас эди, — феврал тақвимигача ўн учинчи куни қонун ва анъанага кўра, Милон, албатта, ўзи диктатор бўлган Ланувийга коҳиннинг кўрсатмасини бажарищ учун бориши кераклигини билиб қолди. Шундай қилиб, бир кун қолганида у бирданига Римдан чиқиб кетди, — шу кунги исёнкор йиғиннинг ҳам баҳридан ўтиб чиқиб кетди, гарчи уни бу ерда орзиқиб кутаётган бўлсалар ҳам, нега шундай қилди? Ўз ер-мулкида Милонга пистирма қўйиб кутиш учун, албатта: Ўзининг жинояткорона иши учун вақт ва жойни аниқлаш керак бўлмаганида асло ўша йиғиндан қолмас эди!
(28). Милон эса ўша куни кенгашнинг охиригача сенатда бўлди; кейин у уйига кетди, уй кийимини, бошқа пойабзални кийди, одатдагидек, то хотини тайёргарлик кўришини кутиб турди ва шундан кейингина йўлга тушди — агар Клодий ҳақиқатан ҳам Римга қайтиб келишни хоҳлаганида, аллақачон қайтишга улгурган бўларди. Клодий уни йўлнинг ярмида — енгил кийимда, кучсиз, одатда, бирга бўлувчи ҳамроҳ — юнонларсиз, доимо бирга юрадиган хотинисиз учратди, — бизнинг қабиҳ ниятли танишимиз эса, аввалдан режалаштирилган қотилликка тайёрланиб, хотини билан, аравада, оғир плашда, ўспирин қуллар, аёл-қуллардан иборат малол келувчи ҳамроҳлар билан борарди.
(29). Клодийга Милон йўлнинг ярмида, унинг чорбоғи олдида соат тушдан кейинги бешларда ёки шунга яқин бир пайтда дуч келди. Шу пайт унга адир устидан қуролланган оломон ҳужум қилди; унинг кўз ўнгида аравакашни ўлдирадилар, плашини ечиб ташлаб, ҳимояланиб қочади; Клодийнинг ҳузуридагилар Милонга орқадан ҳужум қиладилар, баъзилари эса Милон ўлган, деб ўйлаб, унинг орқада келаётган қулларини урадилар. Ўз хожаларига содиқ қолган ва қочиб кетмаган қулларнинг бир қисми ҳалок бўлдилар, қолган қисми эса, хожаларига ёрдам беролмай, Клодийнинг Милон ўлди, деган қийқириғини эшитиб ишонадилар; шу пайтда улар буйруқсиз, хожалари билмаган ва қатнашмаган ҳолда, — айбни хаспўшлаш учун буларни айтаётганим йўқ: ҳеч нарсани яширмай, қандай бўлса шундай айтмоқдаман! — уларнинг ўрнида бизларнинг қулларимиз бўлса нима қилишларини хоҳласак, шу ишни қилдилар.
XI. (30). Воқеа шундай бўлган эди, муҳтарам ҳакамлар: қабиҳ ниятли одам мағлуб бўлди, унинг кучи кучдан (синди), аниқроғи, унинг қабиҳлиги — жасорат туфайли синди. Ватан учун, сизлар учун, барча яхши фуқаролар учун бу нимани англатишини гапириб ўтирмайман: ватанни ва сизларни қутқармай туриб, у ўзини қутқара олмаганидан кейин, демак, унинг тақдири шундай экан, барибир, Милонга бу ёрдам бермайди. Агар бу ноқонуний бўлса, уни ҳимоя қилишга менинг кучим етмайди; агар ўз боши, жисми ва ҳаётини нима қилиб бўлса ҳам зулмдан ҳимоя қилишга тўғри келса, маърифатли одамларга уларнинг ақл-идроклари, варварларга — зарурат, ажнабийларга — урф-одат, ёввойи ҳайвонларга — табиатнинг ўзи йўл кўрсатади, — агар сизлар, кимда-ким ҳар қандай одам, қабиҳ, золим одамларни учратса, ўша одамни, — ё уларнинг қиличидан, ёки сизларнинг ҳукмингиз билан, — ўлимга маҳкум этишни хоҳламасангиз, бундай ҳолатда рўй берган ҳодисани жиноят деб ҳисоблай олмаймиз. Агар бу жиноят, деб ҳисобланадиган бўлса, — у ҳолда, албатта, Милон ўзи Клодийнинг сўйишга бир неча бор интилган пичоғига бўйнини тутиб бергани, — фақат бошини омон сақлаб қолгани учунгина, — сизлар томонингиздан қатл этилишидан яхшироқдир. Агарда ҳар ҳолда бундай бўлмаса ва агар сизларнинг фикрингиз ўзгача бўлса, у ҳолда бу ердаги суд Клодий ўлдирилгани ҳақида эмас (буни биз тан оламиз!), балки у, қонун бўйича ўлдирилдими ёки қонунга хилофми, мана шу ҳақдадир — бу эса, одатдаги суд музокараси мавзусидир.
Пистирмадан ҳужум қилинди, бу бизга маълум; ва сенат давлатга бу зарар келтирди, деб қарор қилди; аммо ким кимга ҳужум қилгани номаълум, мана шу масалани биз кўриб чиқишимиз зарур. Сенат инсонни айбламади, балки қилинган ишни ёмонлади; Помпей ҳам қилинган иш масаласини эмас, ҳуқуқ масаласини қўйди; Демак! суд, ким-кимга пистирма қўйгани ҳақида бўлиши керак эмас! Фақат бир нарса муҳокама этилиши зарур: агар Клодийга Милон бўлса — у жазолансин; агар Клодий Милонга бўлса — биз ўзимизнинг оқланишимизни кутишга ҳақлимиз. <…..>
XIX. (52). Менга, муҳтарам ҳакамлар, ҳозирча ҳамма нарса равшанга ўхшаб туюлмоқда. Клодийнинг яшаши Милонга ҳатто фойдалидир, — Милоннинг ўлими, Клодийнинг кўзлаган мақсади учун жуда зарур. Клодий Милонни жуда ёмон кўради, Милон эса Клодийни ёмон кўрмайди. Клодийнинг доимий одати зулм ўтказиш, Милонники эса — ҳимоядир. Клодий очиқчасига Милонга ўлим тиларди, — Милондан бундай нарса эшитилмаган. Милоннинг сафарга кетиш муддати Клодийга маълум, Клодийнинг қайтиш куни Милонга номаълум эди. Милоннинг сафарга кетиши зарур эди, Клодий — учун эса сафар қиладиган вақт эмасди. Милон ўша куни Римдан чиқиб кетишини яширмаган, — Клодий эса ўша куни қайтишини яширарди.
Милон ўз ниятларини ўзгартирмаган, Клодий сохта сабаблар билан ўзгартирган.
ХХI. <….> (55). Клодий нега ғолиб бўлмади? Чунки ҳаммавақт ҳам қароқчи йўловчини ўлдиравермайди — баъзида йўловчи ҳам қароқчини ўлдиради. Гарчи тайёргарлик кўрган Клодий тайёр бўлмаган одамга ҳужум қилган бўлса ҳам, – шундай бўлдики, худди аёл эркакка дуч келгандай бўлди.
(56). Ҳа, Милон Клодийга қарши огоҳ бўлищ зарурлигини биларди. Ўзининг ўлими Клодийга қанчалик зарурлигини ва Клодий қанчалик дарғазаб ҳамда муттаҳам эканлигини у доимо эсда тутарди. У ўзининг ҳаёти баҳоланиб бўлганини ва деярли сотиб бўлинганини биларди, шунинг учун ҳаётини қўриқчи ва соқчиларсиз турли хавф-хатарларга қўйиб бермасди. Тасодиф эса кучли, жанг натижаси эса номаълум, Марс бахш этувчи бахт ўзгарувчан, мағлуб бўлган одамдан зирҳини ечиб олаётиб шодон душман йиқилиб ётганнинг зарбасидан ўлган пайтлари бўлган. Кечки зиёфат ва ичкиликлардан боши айланган тўда бошлиғи бепарво бўлган, чунки у душманни ўраб олиб, охирида келаётган унинг ҳамроҳларини унутган ҳамда ғазаб ва хожасининг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи йўқлигидан ёниб турган бу одамларга дуч келган ва бу садоқатли хизматкорлар ўз хожаларининг ҳаёти учун ўч олишлари ила жазосини топган.
XXVII. (72). Йўқ, муҳтарам ҳакамлар, Клодийнинг ўлдирилиши мени ташвишлантирмайди; мен Клодийнинг ўлими ҳақида қандай фикрда эканлигингизни билмаслик даражаcида унчалик ғофил эмасман, унчалик ақлдан озганим йўқ, сизларнинг туйғуларингизга бегона эмасман. Агар мен айбларни қандай чилпарчин қилган бўлсам, шундай чилпарчин қилмаганимда бирон-бир Милон ҳеч қандай жазосиз ва бор овози билан ўз шон-шуҳрати йўлида бундай деб айтган бўларди: “Ҳа, мен ўлдирдим, мен ўлдирдим! Худди оломонга хушомад қилганидай ўз бойлигини совуриб, подшоҳлик ҳокимияти илинжида буғдой нархини арзонлаштиргани учунгина айбланган Спурий Мелийни ва ўз дўстидан мансабни исёнкорона тортиб олган Тиберий Гракхни ҳам ўлдирганим йўқ, — уларни ким ўлдирган бўлса, ўша одамлар аллақачон ўз шон-шуҳратлари билан оламни тўлдириб юбордилар! Мен (Милон, ватан озодлиги учун жонини фидо қилиб шундай дейишга ҳақли эди!) қачонлардир энг мўътабар аёллар томонидан муқаддас ўринда, разил бузуқиликда тутиб олинганни; (73). Муқаддас маросимларни оёқости қилгани учун сенат қарори билан неча марта ўзининг қатл орқали гуноҳини ювиши керак бўлганни; Лукулл терговда аниқлаган ва қасамёд ила эълон қилганидай ким ўзининг туғишган синглиси билан бузуқлик қилиб қонини аралаштирган бўлса, ўшани; сенат ҳам, халқ ҳам, бутун дунё ҳам шаҳар ва фуқароларнинг халоскори, деб атаганлари одамни ўз қулларининг қиличлари кучи билан Римдан ким ҳайдаган бўлса, ўшани; ким подшоҳ¬ликларни берган ва тортиб олган бўлса, ким хоҳлаган одами билан бойликни бўлашиб олса, ўшани; ким форумда беҳисоб жанжаллар чиқарган ва жасурлиги ҳамда шуҳрати билан Римда биринчи бўлган одамни қурол ва зулми орқали ўз уйида беркиниб ўтиришига эришган бўлса, ўшани; ким на жиноятда, на бузуқиликда ман этиш нималигини билмаса, ўшани, халқ цензи ҳақидаги давлат ёдгорлик ҳужжатларини йўқ қилиш учун ким нимфалар ибодатхонасига ўт қўйган бўлса, ўшани;
(74) Ким на қонунларни, на фуқаролик ҳуқуқини, на мулкдорлик ҳуқуқини билмаса, ўшани; ким бировларнинг ер-мулкларига суд маҳкамасининг найранглари билан эмас, ёлғон талаблар ва қасам ичишлар билан эмас, балки ҳуруж, қамал, ҳарбий юришлар орқали эга бўлиб олишни истаган бўлса, ўша одамни ўлдирдим. <……>
XXVIII. (76). Буларнинг ҳаммасига чидаб бўладигандай туюлади: гарчи Клодий давлат ва фуқароларни, узоқ ва яқиндагиларни, ўзиники ва бегоналарни ҳеч нарсанинг фарқига бормай барбод этса ҳам, халқнинг беқиёс сабр-қаноати тобланиб ва тошқотиб қандайдир кўникиб қолди. Лекин ҳозирнинг ўзида бош кўтарган ва хавф солаётган бошқа балолар олдини қандай оласиз ёки йўқ қиласиз. Зеро, агар Клодий ҳокимиятга киришса, — оҳ, иттифоқчилар ҳақида, халқлар ҳақида, подшоҳлар ҳақида, тетрархлар ҳақида гапириб ўтирмайман, — чунки аниқ биламанки, сизлар Клодий сизларнинг чорбоғларингиз, уйларингиз, мол-мулкингизга! — босқин қилишидан ўшаларга (яъни, иттифоқчилар, халқлар, подшоҳлар, тетрархларга — дейилмоқчи — У.О.) босқин уюштиргани яхши бўлар эди, деб илтижо қилишингизни биламан, — мол-мулкингизга? Йўқ! У сизларнинг болаларингиз ва хотинларингизга, худо билан қасам ичаман, ўзининг бевош эҳтиросларини ёғдириб юборади! Наҳотки мен ҳамма биладиган, ҳамма кўриб турган, ҳамманинг хотирасида қолган нарсани ўйлаб топаётган бўлсам? Ҳам жамиятни, ҳам хусусий бойликларни қўлга олиш учун Рим қулларидан иборат қўшин тузишга Клодий тайёр эканлигини ҳам ўйлаб топдимми? <…> (78). Буни унутманг, ҳакамлар! Сизлар ҳам, болаларингиз ҳам умид қиламанки, ватанда ҳали кўп яхшиликларни кўрасиз; ва ҳар сафар, Публий Клодий ҳаёт бўлса, буларни кўра олмасдим, деб ишонч ҳосил қиласиз. Менинг умидим буюк ва уйлайманки, у мени алдамайди: ушбу йил ушбу консул даврида ватан учун шифобахш бўлади, чунки у одамларнинг бевошлигини бостирди, эҳтиросларни жиловлади, қонунлар ва судни мустаҳкамлади. Қандай ақлидан озган одам гўё буларнинг ҳаммаси Публий Клодийнинг ҳаётлигида рўй бериши мумкинлигига ишонади? Агар ҳокимият тепасида ушбу қутурган одам турса, сиздаги бор нарса эгалик ҳуқуқи билан сизларда қолармиди? <…>
XXXVI. (92). Мен ўз мавзуим ҳақида етарли даражада гапирдим, балки ҳатто мавзудан ортиқча ҳам гапиргандирман. Муҳтарам ҳакамлар, сизлардан илтижо қилиш ва сизларга ялинишдан бошқа ҳеч нарса қолмади: бу жасоратли одам ҳатто сўрамаётган бўлса-да, унга шафқат кўрсатинг, — мен якка ўзим, унинг ихтиёрига қарши ўлароқ ҳам илтимос қиламан, ҳам бунга чақираман! Гарчи биз йиғлаганимизда Милон бир томчи ёш тўкмаган бўлса-да, гарчи унинг юзи асло ўзгармаган, овози қатъий, нутқи аввалгидай бўлса-да, буни кўриб тошбағир бўлманг: балки у, ана шу аҳволда кўпроқ ёрдамга муҳтождир. Ҳатто гладиаторлик жангларида ҳам кимлиги номаълум бўлган одамларнинг тақдир ва қисматларига қараб, биз кимда-ким титраб-қақшаса ва раҳм-шафқат ҳақида илтижо ва илтимос қилса, ўшалардан жирканамиз, лекин кимда-ким мард, жасур бўлса ва қўрқмай ўлимни қарши олса, ўшаларнинг ҳаётларини сақлаб қолишга интиламиз, — кимда-ким бизнинг шафқатимизни тиласа, ундан кўра кўпроқ ана шу шафқатни тиламаган одамларга шафқат қиламиз; фуқароларнинг энг жасоратлисига юз баробар кўпроқ шафқатли бўлишимиз керак эмасми?
(93). Тўғрисини айтсам, муҳтарам ҳакамлар, мен доимо эшитадиган, ҳамма ерда ёнида бўладиганим Милоннинг нутқлари менга азоб беради ва ўлдиради; (Милон айтадики): “Ҳамюртларим, сизга тинчлик, сизга тинчлик тилайман! Хавф-хатарсиз бўлинг, эсон-омон, фароғатда бўлинг, бахтли бўлинг! Мен учун шон-шуҳратли бу шаҳар менга қандай муносабатда бўлмасин, барибир, ушбу шаҳар барқарор бўлсин; юртдошларим менсиз, лекин мен туфайли хотиржам яшасинлар; агарда улар билан менинг бирга бўлишим мумкин бўлмаса, у ҳолда мен ён босаман ва бошимни олиб кетаман. Агар менга яхши давлатда яшаш насиб қилмас экан, у ҳолда ҳеч бўлмаса ёмонида ҳам яшамайман: менга озод ва фаровон обод шаҳарни топишга имкон беринг, мен ўша ерда ором топаман.
(94). Оҳ, беҳуда сарф қилган меҳнатларим (у шундай хитоб қилади), оҳ, менинг ажойиб умидларим, оҳ, менинг бекорчи истакларим! Ватан бошига тушган оғир соатда сўниб бораётган сенат томонида туриб, ҳолдан тойган Рим суворийлари томонида туриб, Клодий жангарилари ҳузурида ўз овозидан айрилиб бўлган виждонли, ҳалол одамлар томонида туриб мен — халқ трибуни, ҳалол, виждонли одамлар мени ҳимоясиз қўядилар, деб ўйлашим мумкинмиди? Мен эргашган сенат қани? Суворийлар қани, сенинг суворийларинг қани (у менга шундай дейди)? Шаҳарларнинг садоқати қани? Бутун Италиянинг норозилиги қани? Ниҳоят, шунча кўп одамга ёрдам берган сенинг нутқинг, сенинг ҳимоянг қани, Марк Туллий? Неча марта сен учун ўлим сари борган бўлсам ҳам сен менга ҳеч ёрдам беролмайсанми?” <….>
XXXVII.(101). Менинг кўз ёшларим Милонни ҳеч ҳам ҳаяжонлантирмайди: унинг руҳияти жуда кучли, қаерда жасоратга ўрин бўлмаса, ўша ер унинг учун қувғин манзилидир, ўлим эса унинг учун — жазо эмас, ҳаётнинг табиий тугалланишидир. У табиатан шундай; аммо сизлар-чи, муҳтарам ҳакамлар, сизлар нимага жасорат кўрсатасиз? Милон ҳақидаги хотирани сақлаб қоласиз-у Милоннинг ўзини улоқтириб юборасизми? Уни дунёга келтирган шаҳарга эмас, унинг жасоратини қабул қилган шаҳарга кўпроқ ифтихор бўлиши учунми? Мағлубликни билмайдиган зот ва фуқаронинг ушбу ҳалокатли, ёмон кунларида сизлар, ватан учун неча марталаб қон тўккан мард, жасурларга, сизлар центурионлар ва жангчиларга мурожаат қиламан; наҳотки сизларнинг кўз ўнгингизда, наҳотки, сизларнинг қуролли соқчилигингизда ана шундай жасорат, шон-шавкат Римдан ҳайдалади, суриб чиқарилади, отиб юборилади?
(102). Мен қанчалик ожизман, мен қанчалик бахтсизман! Милон, мени ватанга қайтаришга уларни мажбур қилаолдинг; мен сени ватан учун сақлаб қолишга уларни мажбур қилолмайманми? Болаларим учун сен иккинчи отасан-ку? Энди мен болаларимга нима дейман? Ҳозир узоқда бўлган, ёшликдаги дўстим, укам Квинт, сенга нима дейман? У (яъни Милон — тарж.) кимнинг кучи билан мени қутқарган бўлса, ўшаларнинг кучи билан Милонни қутқариб қололмаганимними? Қандай иш унинг қўлидан келди? Шундай иш унинг қўлидан келдики, бунинг учун бутун дунё миннатдордир! Ва кимнинг ҳузурида бунга эриша олмадим? Клодийнинг ўлими кимни кўпроқ хавотирдан озод қилган бўлса, ўшалар ҳузурида! Ким ҳеч нарса қилолмайди? Мен!
(103). Қачонки мен оммавий ҳалокат таҳдидини сезган, топган, фош қилган, йўқотган бўлсам, ўша кунлари мен ўзимни қандай жиноят, қандай ёвузлик билан гуноҳкор этиб қўйдим! Менинг ва яқинларимнинг барча бахтсизликлари бизнинг устимизга ана шу манбадан оқиб тушди! Сизлар мени қайтаришни нега хоҳладингиз? Менинг кўз ўнгимда, мени қайтарган одамни ҳайдаб юбориш учунми? Сизлардан илтижо қиламан, қайтиш мен учун ҳайдалишдан аччиқроқ бўлишига йўл қўйманг: ким менинг қайта тикловчим бўлса, мен ўшандан маҳрум этилсам, бу ҳуқуқда қайта тикланиш бўла оладими?
XXXVIII. <…>… Оҳ, агар Клодий тирик бўлса, претор, консул, диктатор бўлса! Мен ҳозир кўриб турганимни кўришдан кўра яхшироқ бўларди!
(104). Оҳ, боқий худолар! Муҳтарам ҳакамлар, сизнинг шафқатингизга муносиб мард инсон: “Йўқ, йўқ, — дейди, — Клодий ўринли жазо олса бўлгани, мен эса агар зарурат бўлса, ўзимга ноўрин жазони оламан!” Ватан учун туғилган шундай мард инсон гарчи ватан учун бўлса-да, ватанда ўлмайдими? Унинг руҳини ҳамиша ёд этасиз-у, Италияда унинг жасади устида ёдгорлик бўлмайдими? Ва бунга сиз чидай оласизми? Ҳар қандай бошқа шаҳар ўзига чақириб олишга қувонгани одамни ҳукм билан Римдан ҳайдалишига сизлардан қайси бирингиз маҳкум этасиз? (105). Ушбу мард инсонни қабул қилган ўлка фараҳли ва уни ҳайдаб чиқаргани ношукр ҳамда уни йўқотгани бахтсиздир! Етар! Кўз ёшларим менга гапиришга халақит бермоқда кўз ёшлари билан ҳимоя қилишни Милон тақиқлаган. Шундай қилиб, (муҳтарам) ҳакамлар, сизларга ёлвораман ва илтижо қиламан; сизларнинг юракларингиз изҳор қилган нарса учун овоз беришга қўрқманг. Ва ишонингки: Сизларнинг жасоратингиз, адолатингиз, садоқатингиз қадрига ушбу судга энг, ҳалол, энг доно энг жасур фуқароларни ким сайлаган бўлса, ўшалар (яъни, халқ назарда тутилаётган бўлса керак — тарж.) етадилар.

Русчадан Урфон Отажон таржимаси.

ЛУҒАТ

К в е с т о р — давлат хазинасини назорат қилувчи.
П р е т о р — қадимги Римда олий суд ҳокимиятига масъул мансабдор.
Т р и б у н — авом халқ манфаатини ҳимоя қилувчи мансабдор шахс.
Т р и у м в и р а т — қадимги Римда давлатнинг уч шахс томонидан биргаликда бошқарилиши.
Ф о р у м — қадимги Римдаги халқ йиғини ўтказиладиган майдон. Бу ерда суд ҳам қилинарди.
Э д и л л а р — қадимги Римда жамият бинолари ва ибодатхоналар, бозорлар, йўлларни назорат қилувчи мансабдор шахс, трибунларнинг ёрдамчилари.

* * *

Марк Туллий Цицерон жаҳон маданияти тарихида ўчмас из қолдирган буюк сиймолардан бири. Цицерон милоддан аввалги 106-йил 3 январда Арпин шаҳри яқинидаги Лация шаҳарчасида туғилди. Цицероннинг отаси суворийлар тоифасидан эди. Хотини Гелвия вафот этгач, у ўғиллари — етти ёшли Марк, уч ёшли Квинт билан Римдаги уйига кўчиб ўтди ва фарзандларининг тарбияси билан жиддий шуғулланди. Ёш Цицерон машҳур ҳуқуқшунос Квинт Муций Сцевола ва унинг куёви, машҳур нотиқ Луций Луциний Крассларнинг тарбиясини олди; шу пайтда Римда дарс берувчи родослик ритор Аполлоний Молондан юнон сухандонлигини ўрганди. Цицерон эпикурийчи Федр, стоик Диодот, академик Филонлардан фалсафани ўрганди. Юнон шоири Архий Цицероннинг шеър ўқишига раҳбарлик қилди, актёрлар Росций ва Клодий Эзоп унга декламацияни ҳамда нутқ сўзлаётгандаги ҳаракатларни ва ўзини қандай тутишни ўргатдилар. Цицерон ана шу йигитлик палласида форумда ўз даврининг энг иқтидорли нотиқлари — Красс, Антоний, Сулпиций ва Котталарнинг оташин нутқларини эшитди.
Цицерон йигирма ёшида икки китобдан иборат “Топиш ҳақида” рисоласини ёзди ва бу асар шу кунгача сақланиб қолган. Цицерон форумдаги биринчи нутқини Саодатманд Сулла даврида сўзлаган эди. У, 76-йили квесторлик мансабига сайланди ва Сицилияда хизмат қилди. 69-йили у эдил, 66-йили претор бўлади. Преторлик даврида Цицерон ўзининг биринчи сиёсий нутқини сўзлайди. Бу нутқида Цицерон машҳур саркарда Гней Помпейга Шарқда фавқулодда ҳарбий ваколатлар берилишини ёқлаб чиқади. Ниҳоят, 63-йили Цицерон консул бўлиб сайланади. Цицероннинг консуллиги даврида Катилина фитнаси фош этилади. Консулликка сайлов орқали тўрт марта эриша олмаган Катилина давлат тўнтаришини амалга ошириб, ҳокимиятни қўлга олмоқчи бўлади. Лекин бундан вақтида хабар топган Цицерон Катилинани Римдан ҳайдаб чиқаради ва унинг энг яқин ҳамфикрларини, тарафдорларини қатл этади. Бу воқеалардан кейин Цицерон “ватан отаси” деган фахрий унвонга мушарраф бўлади. Цицероннинг Катилинага қарши сўзлаган нутқлари “Катилинарийлар” деб ном олди ва нотиқлик санъати тарихига кирди.
60-йилда Красс, Помпей ва Цезарь биринчи триумвиратни тузадилар. Цицерон яккаланиб қолади. 58-йили Клодийнинг талаби билан Катилина тарафдорларини қатл эттирганлиги учун Цицерон қонундан ташқари, деб эълон қилинади ва Римдан ҳайдалади. Цицерон Фессалоникадаги чорбоғида яшай бошлайди. Бир ярим йилдан кейин Милоннинг саъй-ҳаракатлари туфайли, ҳамда триумвирларнинг хайрихоҳликлари билан у Римга қайтади. Цицерон энди Помпей ва Цезарнинг тарафини олиб, сенатда нутқлар сўзлайди. Лекин у аста-секин сиёсий фаолиятдан узоқлашиб, рисолалар ёза бошлайди.
59-йилги халқ трибуни Публий Клодий Цицерон ва Тит Анний Милонга ашаддий душман эди. 52-йил 18 январда Милон (57 йилги халқ трибуни) ва Клодий тасодифан йўлда учрашиб қоладилар. Учрашув ерида рўй берган тўқнашувда Милоннинг қуллари Клодийни ханжар (бошқа маълумотларга кўра — найза билан) санчиб ўлдирадилар. Милон суд маҳкамасига тортилади ва бу суд маҳкамасида Цицерон Милоннинг ҳимоячиси сифатида қатнашади. Баъзилар ушбу суд жараёнида Цицерон сўзлаган нутқни унинг энг яхши нутқларидан бири, деб; баъзилар муваффақиятсиз, деб баҳолайдилар. Нима бўлганида ҳам Милон Римдан чиқариб юборилади. Ушбу нутқнинг Цицерон томонидан қайта ишланган нусхаси бизгача етиб келган.
Цицероннинг нотиқлик санъати назариясига бағишланган “Нотиқ ҳақида” ва “Нотиқ” асарлари, “Брут ёки машҳур нотиқлик ҳақида” номли китоби, “Тускулан баҳслари”, “Давлат ҳақида”, “Қонунлар ҳақида” рисолалари маълум ва машҳур. Бундан ташқари, у шеърлар ва достонлар ҳам ёзган. Цицероннинг кўпгина нутқлари ва мактублари сақланиб қолган.
Цицерон 43-йили ўзининг чорбоғида Марк Антонийнинг одамлари томонидан ўлдирилган…
Айтиб ўтиш керакки, Цицероннинг “Нотиқ ҳақида” асаридан ва икки (Верресга қарши ҳамда Катилинага қарши) нутқидан парчалар академик Ойбек томонидан таржима қилинган. (Ойбек. “Мукаммал асарлар тўплами” XV том, 133-142- саҳифалар).
Буюк нотиқнинг ўқувчиларга тақдим этилаётган ушбу икки нутқи, Москвада 1988-йили нашр этилган “Античная литература. Рим. Антология” китобидан таржима қилинди, нутқлар ушбу нашрда ҳам қисқартирилган ҳолда берилган.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 6-сон