Гапнинг рости, манови жанобнинг ғалати гапларидан бутунлай довдираб қолгандим, ҳозир ҳам уларни худди ўшандай тарзда такрорлаб беролмасам керак, деб қўрқаман. Негаки ўша оқшом бошқалар ҳам ундан худди менга ўхшаб ғоят мутаассир бўлган эдилар. Бунга балки мутлақо нотаниш одамнинг ғаройиб, ҳайрон қолдирадиган даражадаги самимияти сабаб бўлгандир…
Ўша нотаниш кимсани биринчи марта бундан икки ойча муқаддам Сан Марко майдонида учратгандим. Кенг майдон бўйлаб айланиб юрган одамлар сийрак, мовий осмонга бўй чўзиб турган, заррин нақшлар билан безатилган ҳашаматли, ажойиб бино олдидаги байроқлар денгиз тарафдан эсаётган енгил шабададан ажиб ҳилпирарди; бош дарвоза яқинида бир қизалоқ ҳар томондан унга ёпирилиб келаётган каптарларнинг улкан галасига макка дони сепмоқда эди. Қиёси йўқ нақадар гўзал манзара…
Шунда мен уни учратиб қолдим, ҳозир – ушбу сатрларни ёзаётган пайтимда ҳам уни аниқ-тиниқ кўз ўнгимда тасаввур қилмоқдаман. У ўрта бўйли бўлиб, тез юрар, юрганда ҳам ҳассасини иккала қўллари билан орқада тутганича букчайиб оларди. Бошида қора тусдаги қўпол шляпа, эгнида эса кулранг ёзги палъто, қорамтир йўл-йўл шим кийволган. Негадир мен уни инглиз бўлса керак, деб ўйловдим. Ёши ўттизларда, балки элликка ҳам боргандир. Юзи силлиқ қирилган, бурни бир оз катта, кулранг кўзлари ҳорғин боқар, лабларида ҳамиша қандайдир англаб бўлмайдиган, ғалати табассум ўйнарди. Аҳён-аҳёнда қошларини бир чимириб, ён-верига синовчан назар ташлайди, сўнг яна ўз олдига, ерга қараб олар, ўзига ўзи бир нималар гапирган кўйи бошини сарак-сарак қилганича кулимсираб қўярди. Шу алпозда у майдон бўйлаб уззукун у ёқдан-бу ёққа бориб келарди.
Ўша кундан бошлаб уни энди ҳар куни кузата бошладим. Чунки унинг, хоҳ яхши ҳаво бўлсин, хоҳ ёмон ҳавода бўлсин, тушдан олдинми, тушдан кейинми барибир узлуксиз кунига кенг майдон бўйлаб ўттиз ё эллик маротаба у ёқдан-бу ёққа ёлғиз ўзи ва худди ўшандай ғалати хатти-ҳаракатлар билан одимлаб бориб-келишдан бошқа ҳеч қандай юмуши йўқ ҳисоби эди.
Юқорида айтганим ўша оқшом аллақандай ҳарбий хор концерт бераётган эди. Камина “Флориан” қаҳвахонасининг майдон узра ўрнатилган мўъжазгина столларидан бири ёнида ўтирардим, концерт тугаб, томошабинлар оқими тарқала бошлагач, нотаниш киши ҳар доимгидек паришонхотир кулимсираганича ёнимдаги бўш ўринлардан бирига келиб ўтирди.
Вақт ўтган сайин теварак-атрофдаги ғала-ғовур ҳам тиниб, ҳадемай барча столлар бўшаб қолди. У ер-бу ерда онда-сонда одамлар кўриниб қолар, энди майдон бўйлаб улуғвор осойишталик ҳукм сурар, осмон юлдузлар билан қопланган, гўзал Сан Марко узра яримта Ой осилиб турарди.
Мен қўшнимга орқа ўгирганимча газета ўқирдим, ниҳоят унга томон ярим ўгирилишга мажбур бўлдим; чунки шу пайтгача ундан бирон сас эшитилмаган, бирон ҳаракат сезилмаган, энди эса у тўсатдан гапира бошлаган эди.
– Венецияга биринчи марта келишингизми дейман, афандим?—сўради у, французчани бир оз бузиб гапираркан; мен унга инглиз тилида жавоб қайтармоқчи эдим, у кутилмаганда шеваларсиз соф олмон тилида аста, хириллаган, бўғиқ овоз билан, товушини тиниқлаштириш учунми, тез-тез томоқ қириб, йўталганича сўзида давом этди. — Буларнинг ҳаммасини илк бор кўриб тургандирсиз, ҳойнаҳой? Барчаси сиз кутгандекмикан ишқилиб? Балким ундан ҳам зиёдароқдир, эҳтимол? Эҳ! Бу қадар гўзал деб ўйламаган бўлсангиз керак-а? Тўғрими? Сизни бахтиёр деб ҳисоблаб, сизга ҳавас қилишлари учунгина шундай ўйлаётган бўлмасангиз керак? Эҳ!
У ўриндиққа бемалол суяниб олди-да, кўзларини тез-тез пирпиратганича менга диққат билан тикилди, унинг ҳозирги юз ифодасида аллақандай мубҳамлик зоҳир эди.
Орага узоқ сукунат чўкди, ушбу ғалати суҳбатни энди қандай давом эттиришни ҳам билолмасдан ўрнимдан турмоқчи бўлгандим, у шошилиб мен томон энгашиб, сўз қотди:
– Кўнгил қолиш нима эканлигини биласизми, афандим?– сўради у секин ва қатъий оҳангда, ҳассасига иккала қўллари билан таяниб олиб.
– Алоҳида, айрим ҳолдаги чакана муваффақиятсизлик, омадсизлик эмас, балки умумий, кенг маънодаги кўнгил қолиш, барча нарсалардан, бутун ҳаётдан кўнгил қолишини айтаяпман? Албатта, буни сиз билмасангиз керак. Аммо бу нарса ёшлигимдан бери мудом таъқиб этиб келади, у мени сўққабош, бебахт ва бир оз ғалати ҳам қилиб қўйган, буни инкор этолмайман. Сиз мени қандай қилиб ҳам тушуна олардингиз, афандим? Лекин сиздан илтимос қилгудек бўлсам, мен учун икки дақиқа вақтингизни ажратиб, гапларимни тинглай оларсиз, деб ўйлайман. Чунки гап очилдими, энди уни айтмасам бўлмас….
Аввало шуни айтишим керакки, камина кичкинагина бир шаҳарчада, пастор1 оиласида туғилиб, ўсганман, унинг покдомон ҳужраларида эскича урфдаги, уламоларгагина хос бўлган жўшқин, таъсирли некбинлик ҳамда яхши ва ёмон, савоб ва гуноҳ ҳақидаги дабдабали панд-насиҳатлардан иборат ўзига хос, ғайриоддий муҳит ҳукм сурарди, камина бундайин баландпарвоз каломларни тинглашга сира-сира тоқат қилолмасдим, чунки менинг назаримда азоб-уқубатларимга айнан улар айбдордек туюлаверарди. Ҳаёт мен учун шунчаки қуруқ сафсатадангина иборат эди, холос. Негаки ушбу сўзлар каминада фавқулодда ва аҳамиятсиз тасаввур-тушунчалар уйғотар, мен эса улардан бошқа ҳеч нимани билмас эдим.
Шу тариқа одамлардан илоҳий эзгулик ва ақл бовар қилмас разолат кутиб яшардим; мен ҳаётда мафтункор гўзаллик ва қабоҳат кутиб яшардим; каминани уларнинг барчасига бўлган, кенг борлиққа, қандай бўлишидан қатъи назар, бўлғуси саргузашт воқеаларга, фавқулодда бахт-омад ҳамда сўз билан таърифлаб бўлмайдиган, кутилмаган даҳшатли изтиробларга бўлган теран, ваҳимали ҳирс ва ҳавас чулғаб олган эди.
Ҳаётимдаги илк кўнгил қолиш нечоғли қайғули бўлганлиги ҳамон эсимда, афандим. Эътибор берсангиз, у бирон-бир гўзал орзу-умиднинг қандайдир саробга айланиши билан эмас, балки ҳаётимга илк мусибатнинг кириб келиши билан боғлиқ эди. Ўшанда ёшгина бола эдим, кечаси шовқиндан уйғониб кетдим, уйимизга ўт тушган эди. Оловнинг сирли, маккор тиллари чор-атрофни чулғаб олиб, то хонам эшигигача етиб бораёзган, бутун қават ва зина ҳам аланга ичида қолган эди. Буни энди пайқаганимни биламан, уй билан бирга пастга қуладим ва жонҳолатда “Ёняпти! Ёняпти!” деб қичқира бошладим. Уш бу сўзлар ҳамон қулоқларим остида фавқулодда аниқлик билан жаранглайди, ўшанда, гарчи эс-ҳушим, онгим у қадар бўлмаса ҳам ҳарҳолда қандайдир туйғуни ҳис этганлигим мудом эсимда. Сезишимча, бу ёнғин эди; мана ҳозир ҳам уни аниқ-тиниқ кўз олдимга келтираяпман! Охири нима бўлди дейсизми? Ҳали ҳаммаси эмас…
Ёлғиз Худога маълум, бу ҳазилакам нарса эмасди. Бутун уй батамом ёниб кул бўлган, оиламиз фавқулодда хавф-хатардан бир амаллаб жон сақлаб қолган, ўзим эса, анчагина жойим куйиб, жароҳат олган эдим. Шу ўринда ўшандаги болаларча тасаввурим билан бўлажак воқеа-ҳодисотлардан ўзиб кетиб, туғилиб ўсган уйимнинг ёнғинда кўйиб, кул бўлишини илгаритдан сезган эдим, десам нотўғри бўлур эди. Аммо шунга аминманки, ботинимда аллақандай ноаниқ шуур, ғира-шира, тасаввур яшаган ва қандайдир даҳшатли бир ҳодисани олдиндан англаб, пайқашимга туртки берган эдики, бунга қиёсан борлиқ, воқелик менга ожиз кўриниб кетганди. Ёнғин – умримдаги биринчи мудҳиш воқеа бўлган, бу билан эса ҳаётимдаги ҳайратланарли ва ажойиб орзу-умиддан ҳам кўнглим қолган эди.
Қўрқманг, сизга барча умидсизликларимни бирма-бир батафсил ҳикоя қилмоқчи эмасман. Мен фақат бир нарсани айтмоқчиман, яъни ҳаётимдаги улкан орзу-умидларимни ўзимнинг бебахт иштиёқ-интилишларим билан, қолаверса, минглаб китоблардаги: шоирларнинг асарларидаги қуруқ сафсаталар билан бир умрга аллалаб келган эканман. Эҳ, шу десангиз мен уларни ана ўша шоир деганларни ёмон кўриб қолдим денг, уларга қолса, ўзларининг баландпарвоз сўзлари билан тўрт томонга жар солишса, иложи бўлса, ана ўша сўзларини Везувий узра қад кўтарган ирвит дарахти билан ёнма-ён ва ҳатто само гумбазига ҳам муҳрлаб қўйишса – ҳар қандай дабдабали сўзнинг аслида ёлғон-яшиқ ёҳуд киноя-пичингдан иборат эканлигини ҳис этмаслигим мумкинми, ахир!
Эҳ, завқ-шавққа тўла ўша шоирларнинг нағмасини қаранг, нимаймиш, гўё тилимиз камбағал эмиш, э йўқ, уларнинг ўзлари камбағал, афандим! Фикри ожизимча, ҳаётдаги муҳтожлик ва етишмовчилик билан солиштирганда, аслида тилимиз бой, ниҳоятда бой. Азоб-изтиробларга келсак, улрнинг ҳам ўз сарҳадлари бор: ожизликнинг жисмоний, калтафаҳмликнинг эса руҳий – бахт-омад бобида ҳам худди шундай! Инсоннинг ўз фикрини баён қилиш эҳтиёжи сабаб товушлар дунёга келган, улар воситасида ана ўша сарҳадлар оша ёлғонлар амалга ошириб келинган.
Нима, бунга мен айбдорми? Ё бўлмасам, ўзи умуман йўқ ҳодисалар ҳақида тасаввур уйғотаётган маълум сўзлар таъсиротидан фақатгина менинг эсим оғиб қолаётганмикин?…
Мен ўзимнинг улкан тасаввур-тушунчаларимга мос келадиган саргузаштлар сари ана шундай иштиёқ-ла тўлиб-тошган катта ҳаётга қадам қўйдим. Худо шоҳид, афсуски бу нарса менга насиб этмаган экан! Камина дунёнинг кўкларга кўтариб мақталган жойларини ҳам бориб кўрдим, инсоният энг дабдабали сўзлар билан айланиб-ўргиладиган санъат асарларидан баҳраманд бўлиш учун узоқ вақт дарбадар кездим; уларга юзма-юз турарканман, ўзимга ўзим шундай дедим: нақадар гўзал, бироқ: бундан-да гўзалроқ нарсалар йўқмикин? Бори шумикин, холос?
Мен ҳақиқат, воқелик деган гапларни тушунолмайман; бу билан ҳамма гапни айтиб бўлдим, чоғи. Қачонлардир, эсимда йўқ, дунёнинг қай бир гўшасида, тоғ устида, чуқур, торгина дара тепасида турардим. Қоя деворлари яланғоч ва тик эди, ҳув пастда эса тошдан-тошга урилиб, пишқириб оқаётган сувнинг шовуллаши эшитиларди. Пастга қараб туриб, ўзимча ўйладим: ҳозир қулаб тушсам нима бўлади? Ўз-ўзимга жавобим ҳам тайёр эди: мабода шу ҳодиса рўй бергудек бўлса, йиқилаётиб ўз-ўзимга шундай деган бўлардим: Ниҳоят, пастга қулаяпсан, билсанг, мана шу ҳақиқат! Хўш, ҳақиқат деганлари нима ўзи?
Кўрган-кечирганларим бир оз ҳангома қилишга етади, десам ишонасизми? Бундан кўп йиллар муқаддам бир қизни севардим, ул шундай гўзал бир хилқат эдики, уни жон деб ўз ҳимоямга олган бўлардим; бироқ у мени севмасди, бунинг ҳеч бир ажабланарли жойи йўқ, мен бўлмасам, бошқаси… Бироқ мен учун бундан-да ғамгинроқ кўргилик бўлиши мумкинмиди? Лаззат ўрнига аччиқ мусибат келтирган ушбу воқеадан ҳам кўра оғирроқ азоб бормиди менга? Шундан сўнг неча-неча тунларни мижжа қоқмай бедор ўтказдим, алалхусус, ҳамма нарсадан ҳам кўра мени бир ўй мудом қийнарди: зўр мусибат деганлари мана шу! Ниҳоят уни бошдан кечираяпман! Хўш, мусибат дегани нима ўзи?…
Энди сизга ҳаётимдаги бахт ва омад ҳақида гапириб беришим шартмикин? Инчунин, бошимга бахт-омад қуши қўнган пайтлар ҳам бўлган, лекин бахт-омаддан ҳам кўнглим қолган… Ҳожати йўқ; чунки мен сизга айтмоқчи бўлган мисоллар кўнглимни қолдирган, ҳафсаламни пир қилган, умидсизлик олиб келган ўша ҳаётнинг ўртамиёна, зерикарли, бемаъни бўлганини сизга барибир тушунтириб беролмайди.
Ярим маъбуд дея мақталган Инсон – ким ўзи у? –деб ёзган эди ёш Вертер бир замонлар. Нима, ўзига ниҳоятда керак бўлиб турган кучлардан ҳам маҳрумми у? Модомики, қувончдан энтиккан ё изтиробга чўмган экан, уни буларнинг ҳеч қай бири тўхтатиб қололмайди, бепоён чексизлик қаърига йўқ бўлишга талпингани учун ҳам унинг хира, туссиз онги қайтиб келади.
Денгизни илк бор кўрган кунимни тез-тез эслаб тураман. Денгиз улкан, бепоён. Уни соҳилдан туриб кузатарканман ўзимни озод, эркин ҳис этардим: чунки унинг адоғида уфқ ястаниб ётарди. Нега энди айнан уфқ? Ахир мен ҳаётдан чексизлик кутган эдим-ку… Балки, менинг назаримдаги уфқ бошқа бировларникига қараганда торроқдир? Камина ҳақиқат, воқелик деган нарсаларни тушуна олмаслигимни айтиб ўтган эдим – балки ақлим ошиб-тошиб кетаётгани учун шундайдир? Ёки тушуниб улгурмаёганмикинман? Эҳтимол, хулоса қилишга шошаётгандирман, ким билади? Ё бахт-омад ва дард-изтиробнинг фақат энг қуйи даражаларинигина, энг нозик ҳолатларинигина билармиканман?
Бундай деб ўйламайман; одамларга ҳам ишонолмайман, ҳаёт билан юзма-юз туриб, шоирларнинг баландпарвоз сўзларига қўшиладиган озчилик кишиларгагина ишонаман, холос – ахир бу қўрқоқлик ва алдовнинг ўзгинаси-ку! Ҳа, айтгандай, эътибор берганмисиз, афандим, яна шундай бир тоифа одамлар ҳам борки, улар шунақанги мақтанчоқ ва бошқаларнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромига зимдан ҳавас қилишларига шу қадар ўч бўлишадики, ўзларини энг зўр бахт-омадга эришган қилиб кўрсатадилар-у, бироқ кўрган-кечирган азоб-изтироблари ҳақида лом-мим демайдилар?…
Қоронғи ҳам тушиб қолди, энди гапларимниям унчалик эшитгингиз келмаётгандир; шунинг учун, сўзни мухтасар қилиб, бир нарсага иқрор бўлмоқчиман, яъни мен ҳам бир пайтлар ўзимни ўзимга ва бошқаларга бахтиёр қилиб кўрсатмоқ учун… ана шунақанги одамларга қўшилиб… ёлғон сўзлашга уринганим рост. Бироқ анча йил бўлди, шуҳратпарастлигим барҳам топиб, ундан қутулганман, ана шундан буён камина ёлғиз, бебахт ва бир оз ғалати ҳам бўлиб қолганман, буни инкор этмайман.
Энди эса, тунлари юлдуз тўла осмонни кузатиб, хаёл суриш севимли машғулотимга айланган; чунки бу дунёга, бу ҳаётга қўл силтаб, ундан воз кечиб қўяқолишнинг энг яхши йўли ҳам шу эмасми, ахир? Шу билан бирга ўзимнинг улуғвор тасаввур-тушунчаларимни зиғирча бўлса-да, ҳамон асраб қолиш ҳақида, уларгагина хос бўлган ҳақиқатни умидсизликни ҳеч қандай бир азоб-уқубатсиз намоён қила оладиган озод, эркин ҳаёт ҳақида, ҳеч қандай уфққа эга бўлмаган умр ҳақида орзу қилаётганимни кечиримли ҳол деб ўйлайман, шундай эмасми?…
Камина мудом шу ҳақда орзу қилиб, ўлимни кутиб яшамоқдаман.
Эҳ, мен уни, ўлимни, ана шу охирги кўнгил қолишни ҳам ҳозирданоқ шундай бир аниқ тасаввур қиламанки!… Шуми ўлим дегани ҳали? Сўнгги дамда ўз-ўзимга шундай дейишим турган гап: мана, ниҳоят, унга ҳам етиб келдим! Хўш, ўлим дегани нима ўзи?…
Олмон тилидан Мирзаали АКБАРОВ таржимаси