Сайин Муратбеков. Ёвшан иси (ҳикоя)

I

Эҳ, менинг унутилмас, узоқ болалик чоғларим…
Орадан қанча йиллар ўтиб кетган бўлса-да, қўнғирранг пўстинли, чўпдек озғин, оқсоқ ўша бола ҳамон ёдимда. Баъзан кўзимни юмиб хаёл суриб кетаман, шунда овул оралаб бир тўда болалар қий-чув кўтарганча югуриб кетаётганлари, уларнинг ортидан эса майиб бола ўртоқларидан қолиб кетмаслик ҳаракатида оқсоқлана-оқсоқлана чопиб бораётганини аниқ-тиниқ тасаввур этаман. У югуришга ҳарчанд уринмасин, барибир дўстларидан ортда қолиб кетарди. Шунда боланинг: “Ҳой, тўхтанглар! Юринглар бизникига, янги эртак айтиб бераман, мана, кўрасизлар бугунги эртагим кечагидан ҳам қизиқроқ!” – деган сўзлари ҳамон қулоғим остида қайта-қайта жаранглайди.

Қирқ иккинчи йилнинг баҳорида Аяннинг онаси вафот этди. Бечора бола бувиси билан қолди. Отасини эса урушнинг дастлабки кунларидаёқ армияга чақиришган эди. Шунда Аяннинг бувиси уни бизнинг овулга олиб келди, чунки овулимизда кампирнинг қариндош-уруғлари яшашар, улар етимча Аяннинг бошини силашар, деган умидда буви набирасини овулга бошлаб келганди.
Аян илк бор уйдан ташқарига чиққан куни биз болалар овулдаги ягона серқатнов кўчада “уруш-уруш” ўйнаётган эдик. Тупроқ тўлдирилган қоғоз “граната”ни қилиб “душман”га улоқтирдик. Ўтиб бораётган чол-кампирлар бизнинг ўйинимиздан норози бўлиб: “Тавба, манави тирмизакларнинг аҳмоқлигини қаранглар-а! Бошимизга тушган уруш касофати етмагандай булар ҳам ярамизни янгилаганлари-чи! Бошқа ўйин қуриб қолганми?! Хаҳ, зумрашалар-а, зумрашалар!” – дея саннаб қўйишарди. Ҳаво дим, атрофда тиқ этган шамол йўқ, улоқтирилган “гранаталар” нинг кулранг чанг-тўзони қуёш юзини тўсиб, кўча узра анча вақтгача тарқамай муаллақ осилиб турар, биз бўлсак “урра!” деб қичқирганча “душманимиз”га ҳужум бошлардик, азбаройи ўйинга берилиб кетганимиз учун ён-атрофдаги ҳеч нарсани кўрмасдик. Бир пайт “командиримиз” Содиқ чанг-тўзон орасида тўхтаб:
– Ҳой, бола, сен кимсан? Қаердан келиб қолдинг?– деб сўраб қолди.
Шу ондаёқ ҳаммамиз ўйинни тўхтатдик – чунки овулда бир-биримизни яхши таниганимиз учун ҳозирги савол ғалати туюлганди. Дарҳол ўгирилиб, оқ кўйлак ва қора калта шим кийиб олган нотаниш болага кўзимиз тушди. Унинг кўриниши бизнинг овул болаларига сира ўхшамасди, пешонасига тушиб турган дағал қора сочлари янаям ҳайратга солди. Овулимизда янги боланинг пайдо бўлиши биз учун катта янгилик эди, шунинг учун дарҳол ўйинимизни йиғиштириб, Аянни қуршаб олдик. Ҳар бир бола унинг ёнига яқинроқ бориб, тузукроқ кўришга ҳаракат қиларди. Овулимиз болалари учун Аяннинг пайдо бўлиши мароқли томошадек гап эди.
– Ҳой, бу бола ким ўзи?
– Қаердан келган, билмайсанми? – деб бир-биримизни туртар эдик, бақрайган кўйи бегона боланинг бошдан-оёғигача кўздан кечирардик.
– Мен бу бола кимлигини биламан! – деди баланд овозда Содиқ. – Сен овулимизга кеча кечқурун келдинг-а, тўғрими? – дея мурожат этди у янги келган болага. – Кўк сигирларинг бор, тўғрими?
– Тўғри, – жиддий бош ирғаб маъқуллади янги келган бола. – Лекин сигиримиз кўкиш эмас, сен уни кечаси кўрганинг учун шундай туюлган шекилли, аслида сигиримиз сарғиш. Бузоғимиз ҳам бор,– қўшиб қўйди у. Шу тоб унинг лабида табассум жилвалангандек кўринди менга.
Содиқ яна: – Отинг нима? – деб савол берди.
– Аян.
Баъзи бир болалар унинг исмини эслаб қолиш мақсадида “Аян” деб шивирлаб ҳам қўйдилар.
– Юр биз билан, дўстлашамиз,– таклиф қилди Содиқ Аяннинг розилигини ҳам олмай, нари етаклаб.
Янги бола Содиқнинг исқирт ва тимдаланган бармоқларидан жирканиб, қўлини аста тортиб олди. Ҳозир жанжал бошланмасайди, деб юрагим орқамга тортиб кетди. Содиқни кимки камситса, аламини олмай қўймасди.
– Болалар, қаерда чўмилса бўларкин-а? Қаранглар, жудаям иссиқ бўлиб кетди, – деб қолди бу орада Аян.
– Агар билсанг, бизда шунақаям роҳатижон жой бор, ўша жойда чўмилмабсан, бу дунёга келмабсан! – жавоб қайтарди ҳамманинг номидан Содиқ. – Хоҳлайсанми, ҳозироқ борамиз?
– Xоҳламай-чи, жуда хоҳлайман-да! – хурсанд бўлди Аян.
Содиқ овулимизга келган янги болани кўл томон бошлаб бораркан, йўл-йўлакай кўлнинг суви маззалигини роса мақтарди. Биз ҳам уларнинг ортидан эргашиб боряпмиз. Болалар Аяннинг ёнида ўралашишар, ҳар бири нимадир деб бу ғалати бола олдида ўзини кўрсатишга ҳаракат қиларди. Лекин барибир Содиқнинг болаларга бошчилиги сезилиб қола бошлади.
– Сув тагида қанчагача ўтира олишимни биласанми? Олтмишгача санагунингча ўтира олишим мумкин, – завқ билан ёлғонни дўндирди Содиқ. Шу тобда ростгўй Содиқнинг ўзи ҳам тўқиган ёлғон гапига чиппа-чин ишониб кетди.
Ўша куни биз мазза қилиб чўмилдик, яйраб офтобда тобландик. Кўл бўйида кечгача ялло қилиб ўйнадик. Кечга томон Аянга шунчалик ўрганиб кетдикки, гўё у овулимизда азалдан яшайдигандек эди.
Хуллас, биринчи куниёқ Аян ҳаммамизнинг ҳурматимизга сазовор бўлди. Айниқса, бизга унинг хушмуомалалиги ёқиб қолди. Ҳар бир бола Аянга ўзича дўст бўлишга ҳаракат қиларди. Аммо Аян ҳаммага бир хилда яхши муносабатда бўлар, болалар билан дўстлашмоқчи эканлигини билдиришга ҳаракат қиларди. Жанжалкашлардан баъзи бирлари Аянни можарога тортишга ҳаракат қилишарди, лекин Аян оғир-босиқлик билан жанжалдан ўзини четга оларди. Хиралик қилаверган болаларга эса у шундай жавоб қайтарарди:
– Мен уришишни хоҳламайман. Уришиш аҳмоқлик, мен бувимнинг ёлғиз набирасиман. Жанжаллашсам, бувим қаттиқ хафа бўладилар.
Уришқоқ Есиқбойнинг битимга келишдан ўзга чораси қолмади. Аян бўш келадиганлардан эмаслигига у дастлаб танишганидаёқ ишонч ҳосил қилганди. Ўшанда биз қум устида кураш тушгандик, Аян бирин-кетин ҳаммани енгганди. Фақат Есиқбойгина уни йиқитганди, холос.
Жангари Есиқбойнинг миясида тўрт кундан буён Аян ҳамма қатори бир бола, уни ҳам уриб кетаверса бўлади, деган фикр ўрнашиб қолганди. Шунинг учун у Аянга тегажоғлик қила бошлади. Лекин кўнгилчан ва ақлли Аянни жанжалга тортиш осон эмасди.
– Бўлди, бас қил! – деди чиройли кулиб Аян Есиқбойга.
Лекин кунлардан бир куни Есиқбойнинг сабр косаси тўлди, у кафтига туфлаб Аяннинг юзига сурта бошлади. Аян юзини артгач, бундай деди:
– Нима, уришмасанг туролмайсанми?
– Ким билан, сен биланми? Сендақаларни кўпини кўрганман! – деди Есиқбой ва шайланиб Аяннинг пешонасига чертмоқчи бўлди, аммо Аян вақтида чап бериб қолди.
– Юр, сой бўйига. Кўчанинг ўртасида сен билан уришмайман. Бу ерда бувим кўриб қолишлари мумкин,– хотиржамлик билан деди Аян.
– Сой бўйида қўлингдан нима келарди? Шундоғам пўстагингни қоқайки, бувинг ҳам билмай қолмайди,– гердайди Есиқбой.
Биз уларнинг ортидан эргашиб бордик. Ҳамон гердаяётган Есиқбой сой бўйига етганда чирана бошлади:
– Қани, оғайничалиш, бу ёққа кел-чи. Ҳозир сенга кўрсатиб қўяман.
Аян кўйлагини ечиб, бутоққа илди-да, кураш тушишга ҳозирлана бошлади. Рақибларнинг бўйлари бир-бирига тенг эди. Есиқбой қўлини биринчи бўлиб чўзди-да, Аянни ўзи томон қаттиқ тортиб йиқитмоқчи бўлди. Бироқ Аян оёғини ерга маҳкам тираб олганди, биз уларни кузатиб турар эканмиз, Есиқбой Аянни ҳалоллик билан йиқита олмаслигига кўзимиз етарди. Буни Есиқбойнинг ўзи ҳам тушунди. У Аяннинг сочига чанг солиб, уни юз-тубан йиқитмоқчи бўлди. Аян оғриқдан тишини-тишига қўйиб аста ағдарилди. Есиқбой унинг устига миниб олиб, юз-кўзига қарамай мушт тушира кетди. Есиқбой елкаси билан Аяннинг юзини босиб турарди, биз қаттиқ типирчилаётган оёқлар тупроқ тўзитаётганини кўрардик, холос. Баногоҳ Есиқбой қаттиқ “дод” солиб бир ёнига ағдарилди.
Аян унинг билагидан маҳкам ушлаб олганди. Есиқбой Аяннинг қўлидан чиқиб кетишга ҳаракат қила бошлаганди, Аян унинг билагини бурай бошлади. Кейин у кўз ўнгимизда зўравон Есиқбойнинг гарданидан тутиб, икки маротаба тумшуғини ерга ишқади.
– Энди кўнглинг ўрнига тушдими? – сўради Аян босиқлик билан.
– Вой-вой! Бўлди-бўлди! – қичқириб юборди Есиқбой оғриққа дош беролмай.
Аян Есиқбойнинг боши устидан ҳатлаб ўтиб, қаддини ростлади. Чунки у қадимий қозоқ афсонасига кўра ғолиб шундай қилса, мағлубнинг қолган кучи ҳам енганга ўтишини биларди. Шундан сўнг Аян кўйлагини хотиржам кийди-да, қўли билан сочини текислаб, тўппа-тўғри тепаликка кўтарила бошлади.

II

Куз келди. Биз биринчи синфга бордик. Имомжонов деган кекса киши бизни ўқита бошлади. Ўқитувчимизнинг шамоллаган кўзлари ёшланиб турарди. У ўша вақтларда тахчил ҳисобланган китоб-дафтар олиб келиб, бизларга савод ўргатишга киришди.
Мен Аян билан бир партада ўтирардим. Унинг зеҳни ўткирлигига шахсан гувоҳ бўлганман. Ёдимда, жонимизга теккан ноллар ва рақамлардан сўнг ўқитувчи доскага биринчи ҳарфни ёзди, биз ҳарфни дафтар бетига бита бошладик. Ёзиб-чизишга ўрганмаган қўлимиз ручкани беўхшов ушларди. Бармоқларимизни яхши буколмай қийналардик, Аян бўлса, партада ўтирволиб, муаллимимиз Имомжоновдан сабрсизлик билан дарс давомини сўрарди.
– Сабр қил, Аян, ҳаммасини ўз вақти билан ўргатаман, – тинчлантирарди уни ўқитувчимиз қизиқувчан шогирди борлигидан хурсанд бўлиб.
Дарс тугагач, Аян кўнгли тўлмай:
– Нега ўқитувчимиз ҳамма ҳарфларни ўргатмаяптилар? – деб қўярди. – Ҳарфларни ўрганиб олсам, дадамга хат ёзардим.
Бу ҳаммамизнинг дилимиздаги гап эди. Ҳар биримиз дадамиз ёки акамизга хат ёзиш дақиқаларини сабрсизлик билан кутардик. Кекса муаллимимиз эзгу ниятимизни тушунгандек бизга ўқиб-ёзишни ўргатиш учун вақтини ҳам, кучини ҳам аямаётганди. Ниҳоят, кунлардан бир куни танаффус вақтида биз Аяннинг атрофини ўраб олдик, у: “Меҳрибон дадажоним…” сўзларини қийналмай, мустақил ўзи ёзганди. Шу кундан эътиборан Аян мактабдан қайтди дегунча қаламини лабларида намлаб, дадасига хат ёзадиган бўлиб қолди. У қаламини ҳадеганда намлайвергани учун лаблари сиёҳранг бўлиб кетарди.
Аянга жуда-жуда ҳавасимиз келарди, чунки ҳаммамиз ҳам ҳарфларни бир-бирига қўшиб, маъноли гап туза олавермасдик. Аммо Аян ёзишни яхши ўрганиб олган бўлса-да, бурни кўтарилиб кетмади, бирортамиз унинг ёнига бориб: “Аян, ёрдам қилиб юбор, акамга хат ёзмоқчи эдим”, десак, Аян оғриниб ўтирмай: “Мен ёзган хатни олгин-да, кўчириб ола қол. Фақат дадамнинг исми ўрнига ўзингнинг акангнинг исмини қўйсанг, бас, тушундингми?” – дерди.
Бора-бора барча синфдошлар фронтга хат ёза бошладик. Хатларнинг мазмуни деярли бир хил эди, чунки улар Аяндан кўчириб олинарди.
Муаллимимиз гўё бизнинг хат ёзишга ўрганишимизни кутиб тургандек, кўп ўтмай, тўсатдан оёқ-қўли шол бўлиб ётиб қолди. Бошқа муаллим йўқ эди (уруш йиллари кичик бир овулда муаллим қаёқдан топиларди дейсиз). Биз ўз-ўзидан узоқ муддат ўқимай қўйдик.
Жуда яхши сақланиб қолган хотиралардан яна биттаси ҳамон ҳозиргидай эсимда. Кунлардан бир куни Аян қандайдир буқани яйловдан ҳайдаб келатуриб, уни минмоқчи бўлди. Одатдаги ювош буқанинг ўша куни асовлиги тутиб, ирғишлай-ирғишлай Аянни устидан учириб юборди. Тўпиғи чиқиб кетган Аян бир ойча уйда кўрпа-тўшак қилиб ётди. Унинг лат еган тўпиғи чала битди. У энди кўчага кам чиқар, оёғи оқсоқ бўлиб қолганди. Бу орада қиличини қайраб қиш кириб келди. Ерга биринчи қор тушди. Чана учиш ва болаларнинг қий-чув кўтариб қорбобо ясаш даврлари бошланди.
Овулимиз Эчкиўлмас тоғининг этагида. Қишда биз тепаликдан пастга қараб қор устида чана учардик. Қоронғи тушгунга қадар болаларнинг шодон қийқириқлари янграрди. Овулимизда қиш фасли ҳам ажиб манзара касб этади. Тизза баробар қор ёғади, сўнг тоғ этагига қуёш тушиб, ҳаво мўь- тадиллашади. Тепаликдан чанада учиб тушаётганингда юзларингга совуқ урилади, ёқимли ғижирлаётган қор зарралари нуқрадек сачраб ялтиллайди. Йўл-йўлакай тепалик сари чана тортиб чиқаётган ўртоқларингнинг қип-қизариб кетган юзларини кўриб янада яйрайсан.
Ўша кундаги чана учиш бошқа кунлардагидан асло фарқ қилмасди. Кун кеч бўлиб қолганди. Қонталашранг қуёш катталашиб, Эчкиўлмас тоғи ортига ботиб борар, унинг нурлари ҳамон борлиқни чулғаб турарди. Тоғнинг қори эриган ёнбағирларида ўтлаган подалар овул сари тушиб келаётганди. Дилрабо, ҳузурбахш, ғам-андуҳдан холи манзара.
Шу пайт баногоҳ янграган йиғи овози ҳаммамизни чўчитиб юборди. Пастроққа тушиб, йиғи овози Аяннинг уйидан эшитилаётганини билдик. Биз чаналаримиздан тушиб, кулфат рўй берган ерга югуриб кетдик. Одамлар бир-бирларига:
– Эшитдингларми, Аяннинг бувиси қазо қилибди, – дейишарди.
Бўсағада турган Аяннинг ранги қордек оқариб кетган, киприклари пирпирарди. Қўни-қўшни аёллар уввос солиб йиғлашмокда. Аян худди кар ва соқовдек миқ этмас, ҳамон киприклари пирпираб, ора-чора титраб қўярди, холос. Биз бир-биримизни итариб-туртиб, Аянга яқинлашдик. У бизни индамайгина кутиб оларкан, чаналаримизга ҳавас билан қарай бошлади.
Қуёш Эчкиўлмас тоғи ортига ботиб кетди. Ён-атрофни қоронғулик чулғади. Биз Аян ҳозир йиғлаб юборса керак, деб ўйлаб, ундан кўз узмасдик. Кимдир эшитадиган қилиб:
– Ҳой, Аян нега йиғламаяпти? Ахир бувиси ўлди- ку! – деб қўйди.
Аян эшик ёнидан нари бориб, биз томонга ўгирилгач, сўради: –Хўш, болалар… Эртак эшитишни хоҳлайсизларми?
Аян бу гапни шундай хотиржам айтдики, гўё унинг бувиси эмас, балки бизларнинг бувимиз вафот этгану унинг тасаллисига муҳтождек эдик.
– Хўш, эртак эшитасизларми? – саволини такрорлади Аян маъюс жилмайиб.
– Майли,– деди Содиқ,– ҳойнаҳой, қизиқарлироғидан айтарсан?
Аян чуқур тин олди-да, гўё ёнида биз йўкдек эртагини бошлаб юборди:
– Бир бор экан, бир йўқ экан, бир етим бола бўлган экан.
Аян эртагини ора-чора тўхтаб-тўхтаб айтишда давом этди. У эртакни ҳозир тўқиётгани сезилиб турарди. Эртак қайғули бўлса-да, унинг қаҳрамони – етим бола сира тақдиридан нолимас, пишиқ-пухта иш тутардики, биз ҳатто Аяннинг бувиси қазо қилганини ҳам унутган кўйи кулардик…
Эртаси куни Аяннинг бувисини дафн этишди. Катталар тарқалишгач, қабр ёнида қолган Аян анча вақт бошини солинтирганча қимирламай турди. Шунда ҳам кўзидан бир томчи бўлса-да, ёш думаламади. Охири у қабр уюмидан бир қисм қор аралаш тупроқ олиб, уни: “Бувижон, тупроғингиз енгил бўлсин”, – дея атрофга сочиб юборди.
Шу куниёқ Аян бувисининг узоқ қариндоши Бапай исмли чолнинг уйига кўчиб ўтди. Аввал дарвозадан Бапай бува чиқди. Унинг чанасига олақуроқ кўрпа-ёстиқлар ортилганди. Кетма-кет сигир етаклаган Аян кўринди. Сигир бир-икки қадам юргач, гўё қадрдон молхонасидан олиб кетаётганларини сезгандай таққа тўхтаб қолди. Бизларга эрмак топилмай туради ўзи, дарҳол чаналаримизни бир чеккага қўйиб, сигирни қисталангга ола бошладик.
– Қани, бир-икки-уч, жилдирдик!..– дея кучаниб қичқирди Есиқбой.
Кампирга ўрганиб қолган сигир маъюс кўзларини катта-катта очганча жойидан силжимай бизларга қараб турарди. У худди кана чақаётгандай бошини уёқ-буёққа чайқаб, думини силкитарди; жонивор олдинига Аянни сузишга чоғланди-ю, лекин кейин ювош тортиб мунгли мўрагач, Аяннинг ортидан эргашиб кетди.
– Сигиримиз жуда ақлли-да, ҳамма нарсага тушунади,– деди Аян бизнинг олдимизда сигирини оқламоқчи бўлиб.
Биз уни янги уйигача кузатиб бориб, сўнг яна чана учишга киришдик. Аян олдимизга орадан бир кун ўтгач келди. У бир чеккада тураркан, кўзлари ёнар, болаларнинг тепаликдан чана учишларини ҳавас билан кузатарди.
– Менинг ҳам чанам бор эди, шаҳарда қолиб кетган,– деди Аян унинг ёнига чана учириб келганимда.
У бу сўзларини худди биз Аянни бир нарсада айблаётгандек, ўзини оқлаш мақсадида гапираётгандек айтди.
– Аян, агар хоҳласанг, чанамни олиб уча қол,– деб таклиф қилдим унинг мўлтираб қараб туришига дош беролмай.
– Ростданам бир учиб кўрсаммикан-а? – деди Аян гапимга ишонқирамай, сўнгра унинг юзига табассум ёйилди-да: – Қани, ким мен билан мусобақа ўйнайди? – деб қолди.
Аян оқсоқланган кўйи тепаликка менинг чанамни олиб чиққач, унга қорни билан ётиб, шу заҳоти пастга учиб тушди.
– Раҳмат! – деди ўрнидан тураркан. – Ўзиям ўкдай учиб тушдим-а! Жудаям тез-а!
– Менинг чанам буникиданам тез сирпанади, – мақтанди Содиқ. – Қани, Аян, меникида учиб кўр-чи!
– Олиб кел чанангни, – деди суюниб кетган Аян.
У Содиқнинг чанасида учиб бўлгач, Есиқбойнинг чанасида энди тепаликдан учиб тушмоқчи бўлиб турган ҳам эдики, болалар бараварига:
– Аян, Аян! Менинг чанамда уч! Меникида уча қол! –деб қичқира бошладилар.
– Эҳ, росаям мириқиб учдим-да! – деди Аян ҳарс-ҳурс нафас олатуриб. Афтидан у бундай кўп чана учишга ўрганмаганлиги сабабли чарчаб қолганга ўхшарди.
– Ўрнига яна битта эртак айтиб берасан,– ҳазиллашди Содиқ.
– Майли, хўп,– жилмайди Аян болаларга қараб. Кечқурун бўлсин. Бугун аввалгиларидан ҳам қизиғини айтиб бераман.
Қоронғи тушар-тушмас биз Бапай буванинг уйи олдига бир-биримизни чақириб тўпланаётгандик, чолнинг кампири чиқиб ҳаммамизни койиб кетди:
– Ҳой, зумрашалар, бу нима шовқин?! Нега бақир-чақир қиласанлар?
Мияни қоқиб қўлга бердиларинг-ку! Қани, туёқларингни шиқиллатиб қолинглар-чи бу ердан! Хаҳ, ишёқмас тирмизаклар! Ҳозир адабларингни бериб қўймасамми! – Кампир қоқ суяк муштини пўписали силкитганди, ҳаммамиз дуч келган томонга қочдик. Сал кейин ҳаммамиз бир ерга тўпланиб, бошимиз қотиб қолди: эртак эшитиш нима бўлади энди? Барчамизнинг юзимизда афсус аломати. Шу пайт Содиқ жонимизга оро кириб қолди.
– Болалар, юринглар отхонага! Томга чиқиб, хоҳлаганча эртак эшитаверамиз, қалай, зўрми?
Бошқа ҳеч кимнинг хаёлига келмабди-я бу фикр! Отхонанинг томига кузда хашак бостириб қўйилган, унинг ҳиди атрофга гуркираб анқирди. Ўша ерда маза қилиб эртак эшита қоламиз! Ақлингга балли, Содиқ!
Биз “урра!” дея қичқириб, ўзимизни отни ниқталаган каби отхона томон югурдик. Ҳаммадан орқада Аян оқсоқланиб келарди. Терилган тош устидан томга чиқиб олиш айтарли қийин эмасди, айниқса, зерикиб юрганлар учун айни муддао бўлди. Томдаги жой айни кўнгилдагидай экан! Аввалига хуррам ёзни эслатувчи хушбўй ҳид анқиётган хашакка бўйимиз баравар кўмилиб роса думалашдик. Сўнг болалар тинчиб, давра қуриб ўтира бошладилар. Эртакчи Аян давра ўртасидаги бир боғ хашак устида ўтирди-да, ўткир нигоҳини қорайиб кўринаётган жарлик томон тикди. Аянни қоронғиликда базўр кўрардик. Лекин Аяннинг кўзлари қоронғиликка тикиларкан, бошқа болалар кўришмаётган нималарнидир илғаб олаётганди. Биз болалар бундан сеҳрлангандай эдик.
– Қадим замонда… – деб салмоқ билан эртагини бошлади Аян. – Бир бола яшаган экан… У етим экан…
Аяннинг овози бизни дарҳол ўзига ром этиб қўйди. Ҳаммамизнинг вужудимиз қулоққа айланганди гўё. Гарчи Аян ҳозирги эртакни ичидан тўқиётганини билсак ҳам унинг ҳар бир сўзига чиппа-чин ишонаётгандик. Том остидаги отлар дам пишқириб, дам депсинарди. Биз отларнинг хархашасига парво ҳам қилмай, хаёлан Эчкиўлмас этагидаги зимистонликда жойлашган мамлакатда сайр этардик.
Шу кундан эътиборан қоронғилик тушиши биланоқ сеҳргоҳимиз – отхона томига чиқиб ўтириш одат тусига кириб қолди.
Шундай оқшомлардан бирида Содиқ уйидан ўғирлаб чиққан газета ҳамда бир сиқим тамаки билан келиб қолди. У худди катталар каби гердайиб ўтириб олди-да, газетага тамакидан солиб ўради, сўнг чўнтагидан бир дона гугурт чўпи бор қутичани чиқазиб, ўрамани беўхшов тутатди. Биз унга бақрайганча қараб қолдик; Содиқ ичига биринчи марта тутун тортгани учун бўғилиб-бўғилиб қаттиқ йўталди, сўнгра кўз ёшларини артатуриб бепарво:
– Энди бошласак ҳам бўлади. Қани, Аян, бошла эртагингни! – деди.
– Ие, тўхта-тўхта, аввал мен ҳам чекиб кўраман. Қани, бериб тур-чи, мен ҳам бир тортай, – дея Қосим тимдалоғич сабрсизлик билан ўрамага қўл узатди.
Содиқнинг қўли очиқ, қизғанчиқ эмасди. У қўлбола папиросни Қосимга узатди. Қосим бўлса, папиросни танқис емишдек шартта юлқиб олди. Орадан бироз вақт ўтгач, Қосим акса уриб, йўталишга тушганди, биз унинг устидан кула бошладик, кимдир:
– Ажаб бўлди, иккинчи очкўзлик қилмайсан! – дея танбеҳ ҳам берди.
Шу пайт гапга Есиқбой аралашди:
– Қани, Содиқ, бу ёққа бер-чи, қандай чекиш кераклигини бир ўргатиб қўяй сенларга.
– Хўп, ма,– дея ҳамон гердайиб папиросни узатди Содиқ.
Есиқбой тутунни чуқур тортди-да, сўнг аста бурнидан чиқара бошлади. Кейин у биздан устунлигини намойиш қилиб: “Чекиш мана бундай бўпти, зумрашалар”, деган маънода ҳаммамизга кўз югуртириб чиқди. Мен ҳам беихтиёр чекиб кўрдим. Кўп ўтмай, папирос кичкинагина бўлиб қолди, энди уни ҳеч ким оғзига олишга журъат этолмасди.
Эртасига болалар тамаки олиб келишди-да, бирин-кетин газета йиртиб, тамаки ўрай бошладилар. Шу-шу Аяннинг эртакларини тамаки чеккан кўйи тинглайдиган бўлиб қолдик.
Қайсидир куни аллақайси бола уйидан тамаки ўғирлаётганда онаси тутиб олибди. Бундан хабар топган ота-оналаримиз ташвишга тушиб, тамаки билан газетани яшириб қўядиган одат чиқаришди. Лекин эгаси минг пойласин, ўғри бир пойласин, деганларидек эртак эшитишга амал-тақал қилиб тамаки “ўмариб” келардик.
Аяннинг ғаройиб эртакларида баҳодирлик, донолик ва мардлик ҳикоя қилинарди. Эртакларнинг бизга, айниқса, ёқадиган жойи шунда эдики, уларнинг асосий қаҳрамонлари биз бўлардик. Аян эртак айтиш давомида бизнинг ҳар биримизни юзлаб, ҳатто минглаб фашистларни қириб таш- лаётган қаҳрамонлар тарзида тасвирларди. Остимизда ғиркўк тулпор, қўлимизда кумуш шамшир. Табиийки, бизга дуч келиб қолган ҳар қандай фашист тирақайлаб қочишга мажбур бўларди. Орамизда эртак тинглаётган Қосим тимдалоғич ҳам бурнини тортган кўйи эртак қаҳрамонига айланиб, бир ўзи бир қилич сирмаб билан қанчадан-қанча фашистларни қийратаётгандай бўларди.
Биз Аяннинг эртакларини берилиб тинглар эканмиз, қорнимиз оч-тўқлигини ҳам, юпун уст-бошимизни ҳам унутиб юборардик. Хаёлий жасоратимиз олдида ҳеч нарса чўт эмасди. Аян эртакни тугатиши ҳамоно биз ҳозиргина ўзимиз қатнашгандай бўлган воқеаларни муҳокама қилишга тушиб кетардик:
– Агар менинг шундай сеҳрли шамширим бўлганида, тўппа-тўғри фронтга борардим-да, фашистларни боплаб адабларини берган бўлардим. Агар дадам фашистлар қуршовида қолса, дарҳол сеҳрли қиличимни яланғочлаб, ёнларига бораман-да: “Дада, бу мен, ўғлингиз Содиқман, дейман, кейин шартта ташланиб, душманни қилич дамидан ўтказавераман”. Баъзида Аян даҳшатли эртаклар айтарди. Ана шунда ён-атрофимизни учаётган афсонавий қушларнинг мис қанотлари овози тутиб кетарди. Тор кўчалар, сой ва жарликлар бир кўзли махлуқлар, алвастию жинлар билан тўларди. Ана ваҳима-ю, мана ваҳима! Жарлик тарафдан шамол қулоғимизга қўрқинчли увиллаётган товушларни келтириб урар, ўшандай дақиқаларда кимдир қўққисдан “а!” деб юборса, нақ ўтакамиз ёрилиб, шартта хашак ичига кириб кетишимиз ҳам ҳеч гап эмасди.
Аяннинг хаёлида шундай эртаклар пайдо бўлганида қай ҳолатга тушганини ҳали-ҳанузгача асло эслай олмайман. Эҳтимол, у ёлғизликдан эзилган пайтлари умидсизликка тушиб, ҳаёт – бу бахтсизлик, деган қарорга келган бўлса керак. Шунинг учун ҳам Аяннинг мурғак хаёлида қўрқинчли махлуқу инсу жинслар намоён бўлаверган, шекилли. Яна ким билсин, у ёғи менга қоронғи. Лекин, шунга қарамай, Аяннинг эртаклари доимо яхшилик билан тугарди, чунки у эзгулик ғалаба қилишига ишонарди.
Айни вақтда бизни ҳеч ким Аяндек хурсанд қилолмасди. Аян нотекис тишларини кўрсатганча, ним жилмайиб, кулгили эртакни бошлаши билан оёқларимизни типирчилата-типирчилата қорнимизни ушлаган кўйи қотиб-қотиб кулардик. Ана шундай дақиқалари ер юзида гўё уруш бўлмаётгандек, ота-оналаримиз иссиқ уйда беташвиш-беғам ўтиришаётгандек туюларди.
– Аян, яна бошқасини айтиб бер… Сенга осон-ку, – деб ялиниб-ёлворардик биз эртак тугагандан кейин.
Қанча ялинмайлик, Аян бир айтган эртагини бошқа такрорламасди. У ўрнидан туриб, кийимига ёпишган хас-чўпларни қоқаётиб, айбдор одамдек шундай дерди:
– Оғайнижонлар, вақт алламаҳал бўлиб қолди. Ухлашимиз керак, ҳойнаҳой, уйдагилар хавотир олишаётгандир.
Назаримда, Аян бизни ялинтириш мақсадида илтимосимизни рад этаётгандек туюларди. Эртак тўқиш унга чўт эмасди, фақат хоҳласа бас эди…
Аян кундузлари офтобга ўзини тоблаб, хаёл суриб ўтирар, биз бўлсак, бепарво чана учганимиз-учган эди. Кечга томон ҳорғин, ҳаммаёғимиз ҳўл бўлиб кетган бўлса-да, дўстимиз бугун бизга қандай эртак ўйлаб қўйган экан, деган ўйда отхона томон ошиқардик. Сийлов тариқасида болалардан биронтаси Аянга чанасини бериб турарди. Бу одат тусига кириб қолганди. Қайси биримиздир сахийлик кўрсатардик. Аммо бора-бора эртак эшитишга қизиқмай қўйдик. Бир куни чана бериш навбати келган ўртоғимиз шундай деди:
– Аян, чанамни эртага бера қолсам майлими? Хафа бўлмайсанми?
– Йўқ, хафа бўлмайман,– ноилож жавоб қайтарди Аян.
Бошқа болалар ҳам чана беришдан аста-секин бош торта бошладилар. Қор сатҳи яхмалак бўлиб, роҳатижон сирпанчиқ училадиган пайтда кимнинг ҳам чана бериб туришга кўзи қиярди дейсиз? Агар болалардан биронтаси инсофга келиб, тил учида бўлса ҳам: “Аян, чана учасанми?” дея таклиф қилиб қолса-ю, Аян чана учишга муваффақ бўлса, бу унинг шу кунги энг катта хурсандчилиги ҳисобланарди.
Аян чанани тепаликка судраб чиқарди. Лекин унинг қувониши вақтинчалик эди. Чунки тепаликдан пастга сирпаниб тушган заҳоти чанани дарҳол эгасига қайтариб бериши керак. Аян буни яхши тушунса ҳам чанасини таклиф қилган бола хижолат бўлмаслиги учун чор-ночор чанани олиб уча қоларди. Кейин совуқ қотган юзини ёқаси билан тўсган кўйи оёқларини бир-бирига ура-ура, жимгина бизнинг чана учишимизни томоша қила бошларди.
Баъзида дарвозадан Бапайнинг кампири чиқарди-да:
– Ҳой, Аян, қаерларда санқиб юрибсан? Бу ёққа кел. Бор, сигирни арқонла, ўрдак-ғозларни қама. Ҳа-я, эсим қурсин, бияниям суғориб қўй. Охурга хашак ташлаш эсингдан чиқмасин! – дея юмушларни устма-уст қаторлаштириб ташларди. Аян:
– Хўп бўлади, ҳозир, бувижон,– деркан, ичкарига кириб кетатуриб, биз томонга ҳавас билан қараб-қараб қўярди. Юмушларини бажариб бўлгач, дарҳол яна ёнимизга қайтиб чиқарди.
Аян кун ботишини сабрсизлик билан кутарди. Эчкиўлмас чўққиси ортига қуёш ботиб, қош қорайиши ҳамоно унинг кайфияти чоғ бўлиб, чеҳрасига табассум ёйиларди.
– Энди отхонага бора қолай. Бугун кечагидан ҳам яхши эртак тўқиганман…
Баъзи кунлари Аян кечгача сабр қилолмай, кундуз куни ҳам болаларни эртак тинглашга таклиф этарди.
– Чана учавериш жонингларга тегмадими? Ҳар куни фақат шу-я ўйининглар, – дерди у лабларини чўччайтириб.
Аян жўрттага шундай дер, лекин биз унинг асл мақсадини тушуниб турардик. Шунинг учун болалардан бирортаси: “Эртак эшитмаймизми бундан кўра? Ҳаммаёғимиз шалаббо бўлиб кетди-ку,” – деб қоларди.
Бу Аян учун айни муддао эди.
– Шуям чана бўлди-ю,– дея бурнини жийириб қўярди у.– Худди бузуқ аравага ўхшайди. Қани энди чанангнинг рули, мотори, чироғи бўлса! Ҳам пастга учсанг, ҳам юқорига кўтарилсанг ўшандай чанада.
– Вой-бўй, намунча хаёлпараст бўлмасанг? Чана ҳеч жаҳонда ҳам пастга учиб, ҳам тепаликка чиқиши мумкинми?
– Жудаям мумкин-да! Худди Тайбурилга ўхшаб учқур бўлиши мумкин чана!
– Тайбурилга ўхшаб дейсанми? Қоплонбек ботир минган тулпорга ўхшабми?
– Ҳа. Вақти келиб, пастниям, тепаликниям фарқ қилмайдиган чаналар бўлади.
Аян билан астойдил тортишишни ҳеч ким лозим кўрмасди. Ҳамонки Аян айтаётган экан, ўшандай чаналар, албатта, бўлади.
Ҳаммамиз дилимизда Аяннинг тасаввуридаги чанага эга бўлишни орзу қила бошладик.

III

Аяннинг феъли жуда ғалати эди. Кунлардан бир куни оқшом, ётиш олдидан айланиб келгани ташқарига чиқдиму ўз кўзларимга ўзим ишонмай қолдим: кимдир қоронғиликда тепаликдан чанада тушиб келаётганди. Ярим кечада чана учаётган қайси тентак бўлдийкин, деб ўйладим. Яқинлашиб қарасам, Аян экан. Хурсандчиликдан унинг оғзи қулоғида эди. Аян чана учишга шундай берилиб кетгандики, фойдалана олмай қолган кунлари ҳиссасини чиқаришга шошилаётганга ўхшарди.
– Сенмисан, Аян? – савол бердим беихтиёр.
– Ҳа, менман. Содиқ эртагача чанасини бериб турди. Ке, бирга учамиз!
– Жинни бўлдингми, нималар деяпсан? Ақлинг жойидами ўзи? Ярим кечада ҳам чана учиб бўларканми?
– Ие, ҳали сен билмайсанми? – ажабланди Аян.– Ойдинда чана учиш мазза-ку, хосиятиям бор.
Ойдинда чана учишнинг қандай хосияти борлигини билмаганим учун индамай қолдим. Бу орада Аян яна тепаликка кўтарилиб, чанага ўтирди-да, пастга қараб ўқдек отилди. Дарҳақиқат, ҳозир унинг ой нурида чана учиб тушаётгани қандайдир ўзгача кўринар, эртаклардаги каби сирли манзара касб этганди.
– Урра!– қичқирди Аян шодон қўл силкитиб.
Мен ҳам қаттиқ сеҳрланиб, чана келтирмоқ учун уйга ғизилладим. Аксига олиб, қоронғи даҳлизда пақир, тоғораларга қоқилгандим, ҳаммаёқни шақир-шуқур овоз босиб кетди.
– Даҳлизга тағин ит кириб олганга ўхшайди, – деди чўчиб уйғонган онам.
Чанамни ола жўнаб қолмоқчийдим, шу пайт ёнгинамда онам пайдо бўлди.
– Ие, шақир-шуқур қилаётган сенмидинг ҳали, ярим кечада ухламай нега ивирсиб юрибсан?
– Чана учмоқчийдим.
– Кундузи учаётганинг каммиди?! – жаҳли чиқди онамнинг. – Тавба, ҳамма ухлаб ётибди-ю, чана учишга бало борми, а? Шошмасанг, эрталаб учардинг!
– Аян учяпти, у айтяптики…
– Аян, Аян… балога учрасин ўша Аянинг. Нуқул: “Аян ундоқ деди, Аян бундоқ деди!” – деганинг-деган. Чанани ҳозироқ жойига қўйиб, ёт ўрнингга.
Онам шундай деб, қўлимдан юлқиб олган чанани нарига улоқтириб юборди.
Дард-дунём қоронғи қиёфада ечиндим-да, бувамнинг ёнига чўзилиб, узоқ вақт кўзимга уйқу илинмади. Қулоғим остида ҳамон қорда сирғалиб учиб бораётган “қанотли” чананинг ғизиллаган товуши эшитиларди. Ниҳоят, кўзим илиниб, Аянни туш кўрдим, у қанотли чанада Эчкиўлмас тоғининг чўққилари сари учиб борарди…
Бу қиш қор қалин ёғди. Қайсидир куни осмонни қора булут босиб, суяк-суякдан ўтгудек изғирин эса бошлади. Шу куни овулдаги чироқлар одатдагидан барвақтроқ ёнди. Биз одатдагидек отхона томига йиғилиб, қоғозга тамаки ўрардик-да, навбатдаги эртакни эшитишга ҳозирлик кўра бошладик. Эсимда, Аяннинг юзида майин табассум ўйнарди.
– Болалар, бугун ажойиб туш кўрдим. Тушимга дадам кирибдилар. Кечқурун устимга дадамнинг пальтоларини ёпиб ётгандим. Пальтодан доим ёвшан аралаш дадамнинг ҳиди келиб туради. Бувим тирикликларида шундай деганлар: “Дадангни қаерда туққанимни биласанми? Ўша Ёвшантепанинг энг баланд жойида туққанман. Молларни ўтлашдан уйга ҳайдаб келаётганимда тўлғоқ тутган-у нақ тепалик устида кўзим ёриган”. Эҳтимол, дадамнинг пальтосидан доим ёвшан ҳиди келишига ҳам сабаб шу бўлса керак. Хуллас, тушимда хушчақчақ, забардаст дадамни кўрдим. Дадам менга қараб нуқул кулармишлар.
– Мен ҳам бугун дадамнинг пальтосини ёпиб ётаман. Ундан ҳам доим ёвшан иси келади,– деди болалардан кимдир.
Шундан кейин бошқа болалар ҳам дадалари билан акаларининг кийи­мидан ёвшан ҳиди келишини гапира кетдилар. Энг қизиғи шундаки, болаларнинг гапларига қараганда, уларнинг дадалари билан акалари ҳам ўша Ёвшантепада туғилган эмишлар. Шундан сўнг ҳаммамиз тағин Аяннинг оғзига тикилдик.
– Болалар, ҳеч сезганмисизлар, мендан ҳам ёвшан иси келиб туради, – деди у. – Ҳойнаҳой, бу дадамга жуда-жуда ўхшаганлигимдан бўлса керак. Ҳамма шундай дейди. Мана, ишонмасанглар, ҳидлаб кўришинглар мумкин.
Биз Аянни искаб кўрдик: чинданам ундан ёвшан иси уфурарди. Эҳтимол, Аяннинг гапларига астойдил ишонганимиз учун шундай туюлган бўлса ҳам ажаб эмас.
Аянга ҳавасимиз келаётганини сезиб, бахиллиги қўзиган Есиқбой дарҳол гапга аралашди:
– Нима бўпти, мана, мендан ҳам ёвшан ҳиди келади, бошқа болалардан ҳам ёвшан ҳиди келяпти.
Шундан сўнг ҳамма уст-бошини ҳидлай бошлади:
– Мендан ҳам ёвшан иси келяпти!
– Мендан ҳам!
Ўшандаги хурсанд бўлиб кетганимизни бир кўрсангиз эди! Ниҳоят, чуғур-чуғуримиз тўхтаб, Аян энди эртак бошлашга оғиз жуфтлаган ҳам эди, тўсатдан тағин Есиқбой гапнинг белига тепди:
– Ҳой, тўхта! – деди у.– Менинг тимдалоғичда саволим бор. Нега кеча Аянга чанангни бериб турмадинг? Сенинг навбатинг эди-ку?!
– Менинг чанам синиб қолди, – йиғламсираб жавоб қайтарди Қосим.
– Оббо, келиб-келиб чананг кеча синиб қолибди-да, а? Аввалроқ эмас, кеча синдими? Кимни лақиллатяпсан?! Йиғиштир бунақа баҳонангни! – ўдағайлади Есиқбой.
– Унда, нега ўзингникини бериб тура қолмайсан? Аягансан-да ўзингникини! – бўш келмади Қосим тимдалоғич.
– Бўлди, болалар, бас қилинглар! Арзимаган нарсага ҳам жанжал кўтараверманглар,– ўртага тушди Аян.
– Аралашма сен, Аян. Бу тимдалоғични бир боплаб қўймасам бўлмайди, – дея Есиқбой шартта Қосимнинг қалпоғини юлқиб олиб, пастга улоқтирди. Ноилож пастга тушган Қосим ерда ётган қалпоғини бошига бостириб кийгач, нари кетаркан, Аян билан Есиқбойни акаси Туржонга урдиражагини айтиб қўрқитди.
Қосимнинг акаси Туржон уруш арафасида жанжалкашлиги билан ном чиқарган эди. У бир ой муқаддам урушдан қўлсиз қайтиб келган бўлиб, бизнинг назаримизда, Туржон ҳозир нима қилса ҳам ҳеч ким ҳеч нарса демайдигандай туюларди.
– Мен урушда бир қўлимни ташлаб келдим! Сенлардақа мишиқиларни деб, фронтда қон тўкканман! – дея таъна қиларди Туржон одатда.
У, айниқса, ёш болаларга кўп дашном берарди. Шунинг учун ҳам Қосим тимдалоғич бизни ўз акаси билан қўрқитмоқчи бўлган эди. Аммо ҳозир ҳайиқадиган одамимиз ёнимизда йўқ, Аяннинг янги эртак бошлашини сабрсизлик билан кутиб ўтирардик.
Ўша оқшом Аян етим бола ҳақидаги эртакни такроран айтиб берди.
– … у асов отда йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди, иттифоқо, от йўлда тилга кириб, одамлардек сўзлай бошлабди: “Қаршингдаги баланд тоғни кўряпсанми? Бу – дунёдаги тоғларнинг энг баланди ҳисобланади. Мен шу тоғнинг учига бемалол чиқишим мумкин. Қанотларимни кенг ёя оламан. Фақат қуёш ботишини кутиш даркор. Офтоб чиққанда ҳатто қуш ҳам бу тоғ устидан учиб ўтолмайди, сабаби, жазирама қуёш нури қанотларини куйдириб юбориши мумкин. Кўряпсанми, тоғ нақ қуёшга тегай-тегай деб турибди. Оқшом чўкиб, офтоб тафти пасайсин, кейин йўлга чиқамиз. Эҳтиёт бўл, мени маҳкам ушла, тағин йиқилиб тушма, яхшиси, кўзингни юмиб ол. Кўзингни қачон очишингни ўзим айтаман. “Кўзингни оч”, деганимдагина очасан, тушундингми?”
Хуллас, улар тунда осмонўпар тоғнинг нариги тарафига учиб ўтгач, бир ғорни кўрибдилар. У ердаги гулхан ёнида кимдир ухлаб ётарди. “Шу ерда бир кўзли махлуқ яшайди”, дебди от етим болага.
Аян бизни худди энди кўраётган каби кўзини катта-катта очиб қаради-да, ўзи тасвирлаган бир кўзли махлуқ худди унинг сўзларини эшитиб қолаётгандек овозини пасайтириброқ гапирди. Аян шу даража сеҳрли оҳангда гапирдики, беихтиёр ҳаммамизнинг этимиз жимирлаб кетди. Наздимизда Эчкиўлмас тоғининг серқирра, қоп-қора сояси гўё Аян тасвирлаган осмонўпар тоғу, унинг ортидаги ғорда бир кўзли махлуқ хуррак отиб ухлаб ётгандек туюлди. Эсаётган изғиринли шамол эса бамисоли унинг хуррагидан ҳосил бўлаётгандек эди. Ана шу хуррак-шамол таъсирида тоғ тебранар, махлуқ нафас олиб-чиқарганида чўққилар ўтов томидай дам юқори кўтарилиб, дам пастга тушаётганга ўхшарди. Биз ҳатто нафас олишга ҳам кўрқардик, ҳаммамизнинг дамимиз ичимизга тушиб кетганди. Тоғ тарафга қарашга ҳеч кимнинг юраги бетламасди.
Тобора зўраяётган шамол бетимизга тинимсиз ҳўл қор келтириб урарди. Овул тепасини қоп-қора, қуюқ булут босди. Бу булутлар йиғилиб келиб, уйлар тепасида муаллақ осилиб қолгандек эди. Қаердадир ит чўзиб-чўзиб вовиллай бошлади. “Итнинг вовиллаши бир кўзли махлуқни уйғотиб юборса кўрадиганимизни кўрамиз”, деган хаёлдан этим жунжикиб кетди.
Эртак энг қкзиқ жойига келганида болалардан бири:
– Войдод, ўт тушди-ку! – дея қичқириб юборди.
Томнинг бўғоти илонизи бўлиб ёна бошлаганди. Шамол ёнғинни дам сайин кучайтирарди. Болалардан кимдир томдаги хашак ғарамига тамаки қолдиғини ташлагани учун ёнғин чиққанди.
Биз гўё шамол пишиб етилган дарахт меваларини тўккан каби томдан ерга таппа-таппа ўзимизни ташладик-да, тумтарақай қочиб қолдик. Энг охирида Аян сакраб тушди, унинг:
– Вой! Вой, оёғим! – деб бақиргани ҳали-ҳали ёдимда.
Очиғини айтсам, ўшанда жуда ҳам номардлик бўлганди. Ҳаммамиз ўзимиз билан ўзимиз бўлиб, вой-войлаётган Аянни ўз ҳолига ташлаб қўйгандик, устига-устак, ҳаммаёқдан: “Отхонага ўт тушибди!” “Отхона ёнаётганмиш!” дея одамлар югуриб кела бошладилар. Уларнинг орасида айниқса Туржон ғазабнок бақирарди:
– Буни анави, бекорчи зумрашалар қилган! Ўша мишиқиларни деб қон тўкиб келганман-а!
Мен ўзимни йўл ёқасидаги буталар орасига ургандим, атрофга олазарак қараб, Туржонни кўриб қолдим. У қўлида қамчи билан тўппа-тўғри Аяннинг устига бостириб борарди. Кўп ўтмай, қамчиннинг ҳавода шувиллаган овози эшитилди. Туржон майиб Аянни аямай савалашга тушди. Аян бечора нуқул:
– Вой, нега урасиз мени? – дерди холос. Туржон бўлса, баттар ҳаддидан ошарди:
– Бу ҳам кам сенга, шумтака, ма, мана!
Охири Туржон Аяннинг биқинига керза этиги билан қаттиқ тепгандан сўнг, ёнғиндан безовталаниб депсинаётган отлар томонга югурди. Намиққан хашак бурқсиб ёнаётган эди. Югуриб келган одамлар алоҳа ёнғинни ўчиришди. Шундан кейин эркаклардан кимнингдир Аянга кўзи тушиб, уни силаб-сийпай бошлади:
– Боланиям шундай урадими?! Аламингни шу майиб мурғакдан оласанми, гўрсўхта?!
Бошқалар ҳам Аяннинг аҳволига ачинишиб, Туржонга танбеҳ бера бошладилар. Бундан биз болалар хиёл дадилланиб, яширинган жойларимиздан бир-бир чиқдик-да, четроқда тўпланган кўйи хижолатда бошимизни хам қилиб туриб қолдик. Ҳеч қайсимиз бир-биримизнинг кўзимизга қаролмасдик. Тўғри-да, қайси мард бошига кулфат тушган шеригини ташлаб, қочиб қолади?!
– Менга қаранглар… – деди болалардан кимдир.
– Менга қаранглар эмиш… Овозингни ўчирсанг бўларди, – жеркиб ташлади уни Есиқбой.
Аянни Бапайнинг уйига олиб кетишди. Бизнинг дилимиз хуфтон, гапимиз қовушмасди, охири ноилож уй-уйимизга тарқалиб кетдик. Уйга борсам, катталар ҳали ухлашмабди. Бувам тўшалган ўрни устида ўтирибди. Онам билан бувимнинг авзойлари бузуқ. Улар менинг келишимни пойлаб туришган шекилли.
– Мана, қаҳрамонимиз ҳам келди. Кўриб қўйинглар! – деди жаҳл билан бувам. – Майиб боланимас, сени савалаш керак эди қўрқоқ!
Мен ўзимни қандай оқлашни билмай, бармоғим билан деворни чўқилаб турардим. Қорним жудаям оч. Қани энди овқат сўрашга юзим чидаса! Овқат беришларига ҳам арзимайдигандай ўзимдан қаттиқ нафратланардим.
– Бечора Аян, жабр бўлди-да, бола бояқишга. Отаси урушда бўлса. Буваси билан бувисининг ўзлари бировнинг ёрдамига муҳтожлар, бир оёқлари ерда бўлса, бир оёқлари гўрда бечораларнинг, – деди онам. Сўнгра менга мурожаат қилди:
– Ўтир, дангаса! Овқатингни егин сўрраймасдан.
– Емайман, – дея ғудрандим гарчи қорним ўлгудек оч бўлса ҳам, кейин ёнламасига аста-аста юриб бориб, ўрнимга етиб олдим-да, ечиниб, шартта кўрпанинг орасига кирдим.
Қаттиқ чарчаганим учун дарҳол кўзим уйқуга илинаётиб бувамнинг:
– Бундан эллик йил аввалги қувватим бўлганида, Туржонни боплаб адабини бериб қўйган бўлардим! Жудаям ҳаддидан ошиб кетяпти кўрнамак! – деган гаплари қулоғимга узуқ-юлуқ чалинди, холос.
Эрталаб уйғонгач, онам кўзадан сопол косага сут қуяётганини кўриб қолдим. Онам қараб турганимни сезгандек мен томонга ўгирилди:
– Ўрнингдан туриб, нонушта қил. Мен манави сутни Аянга элтиб берай. Қорни очиб кетгандир бола пақирнинг. Айтишларига қараганда, ҳалиям қимирлолмай ётганмиш бечора.
Мен нари-бери нонушта қилиб олдим-да, Аянникига югуриб кетдим. Аянларнинг уйида ип йигираётган кампир билан онам ниманидир шивирлаб гаплашишаётган экан. Дам-бадам Аян тарафга қараб қўйишади. Аян печканинг ёнгинасида ётган бўлса ҳам, лекин унинг эти жунжикар, қуроқ кўрпага ўралиб ётарди. Юзлари қамчи зарбидан моматалоқ бўлиб кетибди.
– Ҳеч қаеринг оғримаяптими? – сўрадим Аяннинг ёнига яқин ўтириб.
– Ҳечқиси йўқ, тузалиб кетаман,– жавоб қайтарди зўр-базўр оҳангда Аян.
Биз жим бўлиб қолдик. Ниманиям гаплашардик дейсиз?! Бир-биримизга тикиламиз, холос. Иттифоқо, қулоғимга онам билан кампирнинг гаплари чалиниб қолди:
– Хўш, оёғи қалай? Солдирдиларингми? – сўради онам.
– Қаерда дейсиз! Чолим бечора кеча кечқурундан бери зир югуриб юрибди. Бугун саҳар-мардон туриб кетган эди. Фойдаси йўқ барибир. Овулда ким ҳам бор тузатадиган?
– Синган-чиққанларни тузатадиган Асилбек-чи? Айтишларига қара­ганда, унинг қўли енгил эмиш-ку!
– Эҳ, нимасини айтасиз, у ҳам шаҳарга кетган экан. Ҳамма нарса аксига юради ўзи. Дард устига чипқон бўлди бу ташвиш. Ўзиям тинчгина уйда ўтирмайди зумраша, – Аян томонга бош ирғаб, ишора қилди кампир. – Ярим кечагача қаерлардадир санқиб юргани-юрган. Ҳамма нарсага қизиқаверади. Ҳеч ўйинга тўймайди. Хавотирланганимиз билан иши йўқ. Ўзимиз зўрға юрганимизда. Тезроқ уруш тугаб, отаси қайтиб кела қолсин-да ишқилиб. Ўшанда биз ҳам хотиржам оёғимизни узатиб кетардик.
Кампирнинг қулоғи оғир эди, шунинг учун у худди гапини биров эшитмаётгандек хонани бошига кўтариб шанғиллаб гапирарди.
– Вой-вой-ей, ҳеч бандани дардга чалинтирмасин-да, – деди онам шу орада ўрнидан қўзғалиб,– майли, куяверманг, тузалиб кетар… Мен бора қолай бўлмаса, негадир белим оғрияпти. Айтгандай, бирон нарса зарур бўлиб қолса, бемалол, ҳеч тортинмай бораверинглар. Қўлимиздан келганини аямаймиз.
Кампир қўлидаги урчуқни ерга қўйди-да, онамни кузатмоқчи бўлдими ё бошқа иш биланми, ҳарқалай онамнинг кетидан чиқиб кетди. Аян иккаламиз холи қолдик. Шунда хаёлимга келган бир режани Аянга айтдим:
– Туржон биздан катта. Унга кучимиз етмайди. Акасининг ўрнига Қосимни боплаб дўппослай қоламиз. Ўшанда Туржонга роса алам қилади, биз кўпчиликмиз, қайси биримизни тутиб олиб уришни билмайди.
– Тимдалоғичда айб йўқ, номардлик бўлади унда,– деди Аян ҳамон девор томонга ўгирилиб ётган кўйи.
– Қўявер, барибир Туржоннинг укаси-да тимдалоғич, – дедим ўзимникини маъқулллаб. Ичимда бўлса Аяндек ақлли бола ҳам оддий нарсани тушунмаётганидан ҳайрон бўлардим. Асли, Туржоннинг ҳам айби йўқ, – негадир тантилик қилди Аян.
– Унда ким айбдор? – сўрадим ҳанг-манг бўлиб.
– Уруш айбдор, билдингми? Ҳаммасига уруш айбдор!
– Ҳечам-да! Туржон урушдан олдин ҳам жанжалкаш эди, дейишади-ку катталар! Ишонмасанг, хоҳлаган одамингдан сўраб кўр.
– Энди сира-сира тамаки чекмайман, ҳаммасига шу тамаки…
Шундан сўнг Аян мен томонга ўгирилди-да:
– Илтимос, анави пальтони олиб бер… Йўқ, йўқ, уни эмас, ёнидаги қорасини,– деди уйнинг тўрида осиғлиқ турган эски пальтони кўрсатиб.
Дарҳол майиб ошнамнинг илтимосини бажардим. Аян қўлимдан пальтони авайлабгина олиб, юзини унинг дағал тукларига суртганди, бурун катаклари кенгайиб кетди.
– Ёвшан иси келяпти, бу дадамнинг пальтоси, қанийди, ҳозир дадам келиб қолсалар. Раҳмат, энди жойига илиб қўй пальтони. Бувим кўриб қолсалар, хафа бўладилар. Ҳеч кимга бермай сақлаяптилар дадамнинг пальтосини.
Шундан сўнг Аян чалқанча ётиб, бўйнининг кўкарган жойини силаб қўйди.
– Кўнглим сезиб турибди, яқин кунларда дадам келиб қоладилар…
Орадан ўн кунча ўтгач, Аян ўрнидан туриб, аста юра бошлади. У илк бор кўчага чиққанида, оёғи умрбод майиб бўлиб қолганини тушундик.
Аян илгаригидек тоғ этагидаги ўзи ёқтирган сайҳонликка келарди-да, чана учаётган болаларни томоша қилиб турарди. У бизнинг ҳар бир ҳаракатимизни ҳавас билан кузатарди. Мабодо бирон қизиқ воқеа рўй бериб қолгудек бўлса, ич-ичидан хандон отиб куларди. Шундай пайтларда у ўзини ҳамма болалар қатори тўрт мучаси соғдек сезарди. Лекин энди Аян умуман чана учмай қўйган, учолмасди ҳам…

IV

Гоҳо кечки пайтлари Аянларникига борардим. Кун бўйи югура-югура чарчаганим учун оёқларимни зўрға кўтариб босардим. Остона ҳатлаб кирганимда, Аян печкага сиқим-сиқим сомон ташлаб ўтирган бўларди. Уруш йиллари ўтин тақчил бўлгани учун ноилож сомон ёқишга тўғри келарди. Баъзан сомон орасидан бўлиқ бошоқлар ҳам чиқиб қоларди. Енгил ёнаётган сомон орасидаги бошоқ чарсиллагани ҳамоно қўрни титкилаб, қовурилган бошоқни топардик-да, ҳузур қилиб ердик. Қўрда қовурилган буғдойдан иштаҳали таом бўлмаса керак дунёда! Айрим кунлари мен Аяннинг қовурмоч еб ўтиргани устидан чиқиб қолардим.
Мабодо, кечки таом пайти бориб қолсам, Аян мени амал-тақал тайёрланган овқатга таклиф этишдан уялгани учун печка ёнидаги кигиз устига чақирарди-да, ер остидан чол-кампирларга қараб қўярди. Чол-кампирлар буғдой билан жўхори толқонини озгинагина ёққа қориб ейишарди, холос. Уларнинг бор емишлари шу эди. Аян бўлса қовурилган буғдой билан чекланарди.
– Сен ҳали ёшсан, бизга ўхшаб қари эмассан. Тишларинг бақувват,– юпатгучи эди кампир Аянни.
Аян тасдиқ маъносида бош ирғарди-да, чойдан бир-икки ҳўплагач, пиёласини тўнкариб қўярди-ю, менга яқинлашиб сўрарди:
– Янги эртак эшитишни хоҳлайсанми? Бугун тўқидим. Бошлайверайми?
– Сўраб ўтирибсан-а! Бўл, бошла тезроқ.
– Унда эшит… Бир бор экан, бир йўқ экан, бир бола яшаган экан. У ёлғиз экан…
Аян шундай дея эртак бошлаган дамлар мен учун энг ажойиб дамлар бўларди. Шуниси яхшики, бизга чол ҳам, кампир ҳам халақит беришмас, улар толқон ейиш, устидан босиб-босиб чой ичиш билан овора бўлардилар. Чойдан сўнг чол ўрнига ўтиб ёнбошларди-да, чўзиқ кекириб қўйгач, ёстиқни у қўлтиғидан-бу қўлтиғига олган кўйи биз билан ҳазиллашиб ҳам қўярди:
– Намунча шивир-шивир қилмасаларинг? Оббо фитначилар-ей! Ҳойнаҳой, бирон қизни ўғирлашни маслаҳатини қилаётган бўлсанглар керак, а? Тўғри топдимми?
Ётишдан аввал кампир хира чироқни янаям пасайтираётиб:
– Сен бекорчиларга бу аҳволда лампамой ҳам етказиб бўлмайди. Ҳеч гапларинг адоқ бўлмади-бўлмади-да.
Ниҳоят, бува билан буви уйқуга кетишарди, мен бўлсам, уларнинг хурраклари жўрлигида мириқиб эртак эшитардим.
Қайсидир куни кечаси билан жуда кўп қор ёғиб чикди. Ўша куни болалардан бири қорбўрон ўйнашни таклиф қилиб қолди. Биз икки гуруҳга бўлиндик. Бир чеккада турган Аян ҳам ўзини тиёлмай, “мени ҳам ўйинга қўшинглар”, дея илтимос қилиб қолди.
– Оқсоқ оёғинг билан халақит берасан-ку? Югуролмасанг. Тушун ахир ўзинг, – дейишди бир хил болалар.
Аяннинг кўзларида ёш ғилтиллади. У шартта орқасига ўгирилди-ю, бошини солинтирган кўйи оқсоқлана-оқсокдана болалардан узоқлаша бошлади. Аянга раҳмим келиб, юрагим туздек ачишиб кетди. Шу заҳоти унинг кетидан югурдим.
– Аян, қаерга кетяпсан?
– Кўрмайсанми…– деди Аян ўкириб юборишдан ўзини зўрға тийиб.
Анча жойгача ёнма-ён, жимгина бордик. Шу алфозда Асилбек табибнинг уйига етганимизни ҳам сезмабмиз. Эшик олдида Аян чуқур хўрсиниб, ичкарига йўналди. Дўстимни ёлғизлатмаслик учун мен ҳам Аянга эргашдим.
Асилбек отхона тозалаётган экан. У бизни кўрган заҳоти ишини тўхтатди-да, белкуракка суяниб, нарироқданоқ сўради:
– Хўш, хизмат, болалар?
– Буважон, жон буважон, нима қилиб бўлсаям оёғимни тузатинг. Мен ҳам болалар билан югуриб юргим келяпти,– илтижо қилди Аян.
Табиб белкуракни деворга суяб қўйгач, олдимизга келиб, Аяннинг оёғига тикилиб разм солди.
– Бапай айтувди… Ўзинг унамабсан-ку. Энди вақт ўтган, бўтам, оёғингни тўғрилаб бўлмайди,– деди Асилбек ота “иложим йўқ” деган маънода.
– Бир иложини қилинг, буважон. Жудаям югургим келяпти,– ёлборишга ўтди Аян.
– Э, болам-а, осон эмас-да оёғингни тузатиш. Ёмон азоб чекасан, оғриқ қаттиқ бўлади. Сеникидақа оёқни ҳеч қачон даволамаганман бунинг устига, – деди узрли оҳангда Асилбек табиб.
– Йўқ, деманг, жон бува, бир уриниб кўринг,– йиғламсиради Аян.
Асилбек буванинг Аянга қаттиқ раҳми келди шекилли, ноилож кўнгандай бўлди:
– Қайдам-ов, майли, қани, бир ҳаракат қилиб кўрай-чи. Ҳой, кампир, манави йигитчаларга бирор егулик келтир.
Ён хонадан аёл кишининг: “Хўп бўлади, ҳозир”, деган овози эшитилди.
Биз қисилиб-қимтиниб, хонанинг бир бурчагига чўкдик. Кириб келган кампир елиб-югуриб олдимизга бўғирсоқ билан айрон келтириб қўйди. Мен икки кишининг ҳиссасини тамадди қилишимга тўғри келди. Чунки ҳозир Аяннинг томоғидан ҳеч нарса ўтмасди. Бу орада ташқарига чиқиб кетган табиб ҳам қайтиб келди.
– Хўш, азаматлар, қоринни тўйғазиб олдингларми? – сўради у остонаданоқ очиқ чеҳра билан.
Аян бош силкиб қўйди.
– Баракалла, азаматлар. Сен, бувиси, тоза адёл солиб юбор. Манави ерга. Сен лочин, қани, оёғингни узатиб ёт-чи! Дадил бўл! Ўзинг илтимос қилиб келдинг, чидайсан буёғига. Ўғил боласан-ку!
Шундан сўнг табиб қандайдир малҳам билан Аяннинг оёғини узоқ силади. Мен Аяннинг аъзойи бадани таранг тортилаётганини ҳис қилиб турардим. Болакайнинг хавотирланаётганини сезган табиб чалғитиш мақсадида бўлса керак, қўли ишда-ю, ўзи аллақандай қизиқ воқеаларни гапирарди. Орадан ярим соатларча вақт ўтгач, Асилбек бува қўлини кескин бир силталаганди, кўзлари ола-кула бўлиб кетган Аян хонани тўлдириб: “Вой, ўлдим!” дея бақириб юборди.
– Мана, бўлди, азамат, бўлди, – деди юпатган оҳангда табиб.
Сўнг кампир оппоқ латта олиб келди, чол Аяннинг товонини қаттиқ танғиб қўйди-да, оғир жисмоний меҳнатдан қутулган қиёфада бўшашиб, ўтирган жойида деворга суянди.
– Ана, тамом. Энди сенга ҳамма болаларнинг ҳаваси келади, – деб қўйди, – беш-ўн кундан кейин тойчокдай ирғишлаб юраверасан, бўтам. Лекигин ҳуда-беҳуда баланд-пастга сакрайверма.
Сепини ёйиб баҳор келди. Овулда ишчи кучи етишмас эди. Биз болалар катталар қатори далага чиқиб ишлай бошладик. Аввалига вазифамиз қийин эмасдек туюлди: омочга қўшилган ҳўкиз устига миниб олиб, уни таёқча билан халалардик. Орқада эса аёллар омоч бошқаришар, чунки эркакларнинг ҳаммаси фронтга кетишган бўлиб, эркаклар иши ҳам аёллар зиммасига юкланган эди.
Ер ҳайдаш эрта тонгданоқ бошланарди. Ҳўкизлар имирсилаб омоч тортар, ағдарилган тупроқ қоп-қорайиб, ортда қолиб кетарди.
Кўпинча омоч тиши бирор чуқурликка тушиб қолар, шунда ҳўкиз юкини тортишга қийналарди. Ҳўкизлар қишда ҳам боқувда бўлмай, тинимсиз ишлар, баҳорга келиб буткул ҳолдан тойгани учун шудгорда базўр одимларди.
– Қани, чуҳ, чуҳ, жонивор! – дерди ҳар бир бола ўзи минган ҳўкизини чўп билан ниқталаб.
Орқадаги омоч дастасини тутган аёл нуқул: “Ҳа, бўл, имиллама, бўла қолсанг-чи”, – дея қисталангга олгани-олган эди. Кечга томон “чуҳ-чуҳ”лайвериб, овозларимиз бўғилиб қолар, чўпдек озғин ҳўкизнинг суяги ботган қуймучимиз жазиллаб оғрир, чўп ниқталайверган кафтимиз без-без қиларди. “Чуҳ-чуҳ”лаб, чўп ниқталашимизга қарамай ҳўкизнинг тихирлик қилаверишини кўриб, алам-хўрликдан йиғлаган пайтларимиз ҳам кўп бўларди.
Омоч бошқараётган аёлнинг ҳўкиз устидаги болага раҳми келиб, тез-тез уни юпатиб қўяр, “эҳтиёт бўл, йиқилиб тушма тағин, болам”, дея далда ҳам берарди. Шуниси таажжубланарлики, аёл бояқишлар мажолсиз зўрға одимлаётган, кўзлари киртайиб, қўл-оёқлари қалтираётган бўлса-да, туйқус улардан бирортаси қўшиқ бошлаб қолар, шунда шудгордаги бошқа аёллар ҳам унга жўр бўлишарди.

Воҳ, бунчалар баланд Кўкча тоғ
Олисдаги жигарлардан
Бир хабар олиб бўлмас.

Ғамгин, соғинч тўла қўшиқдан мурғак дилимиз ўртаниб, зор-зор йиғлагимиз келса-да, ўғил болалик нафсониятимиз кўз ёши тўкишга йўл қўймасди.
Пилиги пасайтирилган лампамой чироқ хира милтиллар, ҳатто олдимиздаги овқатни ҳам сира кўра олмасдик, фақат таъми орқалигина атала тамадди қилаётганимизни сезардик. Кечки овқатдан кейин кийим-бошимизни ҳам ечмай похол устига чўзилардик-да, донг қотиб ухлаб қолардик. Тонг жуда тез ёришганга ўхшаб туюларди. Кўз очар-очмасимиздан бригадиримиз Туржон ертўлага кириб келарди-да:
– Ҳой, ишёқмаслар, қани, бир ўрнинглардан туриб юборинглар-чи! – дерди дўқ-пўписа аралаш.
Унинг овози бўғилиб қолган, кейинги кунларда аввалгига қараганда ҳам кўпроқ бақириб-чақирадиган бўлиб қолганди. Мана, ҳозир ҳам у деярли ҳар биримизнинг елкамиздан туртиб уйғотаркан, қўярда-қўймай ташқарига ундай бошлади. Ҳар кунги аҳвол шу. Яна ҳўкизларни “чуҳ-чуҳ”лаймиз, яна чўп ниқтаймиз.
Тушга яқин ҳолдан тойиб, мудроқ босади, кўзимиз илиниб қолгани учун гоҳо ҳайдалган тупроқ устига қулаганимизни ҳам сезмай қоламиз. Ҳўкиз шартта юришдан тўхтайди. Омоч бошқараётган аёл буни кўриб, қулаган бола устига келади-да, урушни лаънатлай-лаънатлай, ёрдамчисини силаб-сийпалаб, ҳўкиз устига миндириб қўяди.
Аян ҳам қайсидир куни кўзи илинган бўлса керак, ҳўкиз устидан қулаб тушди. У қалтис қулаганми, қаттиқ “дод” деди-ю, ётган ерида қимирлолмай қолди. Катталардан кимдир Аяннинг оёғидан оқ боғламни ечиб кўрмоқчи бўлганди, у бай-байлаб қўл теккизмасликни илтимос қилди.
Аянни кўтариб, бригада капасига олиб бордилар-да, ошпаз аёлга арава келгунча болакайдан кўз-қулоқ бўлиб туришни тайинладилар.
Орадан анча вақт ўтгач, ошпаз аёл ҳовлиққанча шудгорга югуриб келди. Унинг лаби-лабига тегмасди:
– Ўртоғинг ғалати экан-ку! Нима қилганини биласанми? Ўзини осиб қўйишига озгина қолди-я! Ҳа, ҳа, ўлай агар. Бир пайт капага бош суқиб қарасам… Нақ ўтакам ёрилаёзди! “Ҳой, бола, бу нима қилиқ, жонингдан тўйдингми?” десам, дарҳол ерга чўзилди-ю, ўзини ухлаганга солиб олди. Ё тавба! Дарров бу ёққа югурдим. Ўзинг гаплашиб қўймасанг бўлмайди, ўртоғинг шекилли у?
Ҳўкиздан шартта тушиб, капага қараб югурдим, орқамдан ҳарс-ҳурс қилиб келаётган ошпаз аёл ҳалиям тинмай жаврарди:
– Унга айтиб қўй, ҳозир ҳаммага оғир, ким тараллабедод қилиб юрибди? Отинг ўчгур уруш айбдор ҳаммасига! Айт, ёш жонига жабр қилмасин, гуноҳ бўлади-я ахир…
Етиб борсам, Аян кўзларини юмиб чалқанча ётибди.
– Аян! Аян! – шивирладим мен унинг бош томонига ўтириб.
Аян кўзини очиб, юзимга қаради-да:
– Биласанми, ўзимни ўлдирмоқчи бўлдим. Кейин нега бундай қиляпман, деб ўйлаб қолдим. Дадамни эсладиму эс-ҳушимни йиғиб олдим, – деди.
Аян шундай дегач, бурнини ёқасининг учига теккизиб, жилмайган кўйи гапини давом эттирди:
– Ҳаммаёқдан ёвшан иси келяпти, жудаям мазза. Дадам келиб, албатта оёғимни тузаттирадилар. Шаҳарда оқ халат кийган докторлар бор. Дадам мени докторларга кўрсатиб: “Ўғлимнинг оёғини тузатинглар!” деб илтимос қиладилар. Докторлар оёғимни даволашади, ўшанда ҳеч нарса кўрмагандай бўлиб кетаман. Кейин дадам мени мактабга олиб борадилар.
Аян ҳозир ҳатто эртакларидан ҳам таъсирлироқ сўзлаётгани учун унинг гапини жон қулоғим билан тинглаб, ўртоғимга нисбатан янаям ҳурматим ортиб борарди.
– Мана, кўрасан, яқинда уруш тугаб, отам албатта қайтиб келадилар. Фашистларни енгиб, ёнимга қайтиб келадилар,– деди Аян гапининг охирида ишонч билан. Мен ўртоғимнинг орзуси ушалишига, дадаси фронтдан соппа-соғ қайтиб келишига чин юракдан ишонардим.
Кечга томон экиш учун уруғ келтирилган аравада Аянни олиб кетишди.
Ҳа, бизнинг болалигимиз жуда оғир, қийинчиликда кечган. Уруш тугаб, азоб-уқубатлар ўтмишга айланган, жароҳатлар аста-секин битган бўлса-да, лекин ўша кулфат излари аҳён-аҳён ўз кучини кўрсатиб туради. Овулимизда ғаддор уруш йиллари жудолик жабрини чекмаган, оч-яланғочлик азобини кўрмаган бирор хонадон топилмасди, десам янглишмасам керак.
Ниҳоят, интиқ кутилган Ғалаба куни келди. Урушда боши омон қолганлар бирин-сирин уйларига қайта бошладилар. Уларнинг аксари майиб, тўрт мучаси соғи саноқли эди. Шунга қарамай, кимки эшикдан кириб келса, ўша куни овулда байрам бўлиб кетарди. Сабаби, ўзи эмас, қорахат келганлар кўп эди.
Ёзнинг жазирама кунларидан бирида Аяннинг отасидан қорахат келгани ҳали-ҳали ёдимда. Уруш охирлаб қолди, ҳали замон фронтдагилар қайтиб келишади, дерди катталар. Баногоҳ Аяннинг отаси…
Аян чанг-тупроқ кўчада оқсоқлана-оқсоқлана ортимиздан югуриб келарди. У озғин бўлгани учун нуқул тушиб кетаётган шимини бир қўли билан ушлаб олганча, ялиниб-ёлворарди:
– Ҳой, болалар, тўхтаб туринглар! Янги эртагим бор! Эшитсанглар, жудаям мазза қиласизлар! Қаёққа кетяпсизлар, болалар?
Ўйин қизиғида ким ҳам унинг гапига қулоқ соларди дейсиз! Ортиқча юкка кимнинг тоқати бор?! Хуллас, Аян анча орқамизда қолиб кетган, бизни тўхтатиб, етиб олишга ҳаракат қиларди. Иттифоқо, қайсидир эшикдан почтачи чиқиб қолиб, Аяннинг қўлига хат тутқазди-ю, нимадир дегач, қўли билан Аяннинг кифтига қоқиб қўйди-да, бошини қуйи эгилтирган кўйи нари юриб кетди. Биз почтачи қандай хат бериб кетганини билмоқ ниятида “гурра” изимизга қайтдик. Аянга яқинлашарканмиз, у хатни яна бир кўздан кечиргандан сўнг чўнтагига солиб қўйганини кўрдик. Ўртоғимиз турган жойида тек қотган, ранги оппоқ оқариб кетганди. Шундан сўнггина кўнглимиз нима гаплигини сеза бошлади. Аян хиёл жим тургач:
– Хайр, болалар, мен кетдим,– деди-да, оқсоқлана-оқсоқлана отхона томонга юриб кетди.
– Негадир уйга боргим келмаяпти,– дея мен Аяннинг ортидан эргашдим. Аян бўлса, гўё ён-атрофида нима бўлаётганини ҳам унутиб қўйганга ўхшарди. Охири у отхонага кириб кетди. Отхона дим, гўнг ҳиди димоқни ёриб юборай дерди. Катта-катта хира пашшалар дам сайин юзга урилади. Шифтдан чумчуқ боласининг чирқиллаган овози эшитилди. Ёруғликдан кирганим учун кўзим қоронғиликка ўрганишини озроқ кутгач, пайпаслана-пайпаслана ичкарироққа кира бошладим. Аян бурчакдаги хашак устида юзини кафтлари билан тўсиб ўтирарди. Анчадан кейин у кафтлари орқаси билан кўз ёшларини артиб ташқарига йўналди. Мен ҳам орқасидан етиб чиққандим, Аян сир бой бермаслик учунми:
– Ҳаво жуда иссиқми, а? – деб қўйди…
Орадан бир ҳафта ўтди. Эчкиларимизни яйловга ўтлатгани элтиб, қайтаётганимда Бапай буванинг эшиги олдида тўпланишиб турган болалар билан катта тугунга кўзим тушди. Болалар бир-бирларига нимадир дейишарди. Уларга яқинлашгандим:
– Аян болалар уйига кетяпти,– деб қолди четда турган Есиқбой.
– Нима? Қаёққа кетяпти? – сўрадим аввалига ҳеч нимага тушунмай.
– Ҳозир уни станциягача кузатиб қўйишар эмиш, у ердан поездда олиб кетишаркан.
Шу пайт ичкаридан Аян чиқиб келди. Ёнида Бапай бува билан кампири ҳам бор эди. Бапай бува аравакаш йигитга Аянни тўғри станцияга олиб бориб кўйишини қайта-қайта тайинлай бошлади. Кампир бўлса, йиғламсираб Аянни кучоқлади.
– Бахтли бўл, болагинам. Отангга ўхшаб яхши одам бўлиб етиш. Эсон-омон бўлсак дийдор кўришармиз ҳали.
– Етиб борган заҳотинг хат ёз. Саводинг бор-ку, – деди Бапай бува. – Аттанг, ҳозир харидор йўқ-да, бўлмаса, сигирни сотиб пулини бериб юборардим. Майли, борган жойингни хабар қилсанг, кейинроқ жўнатарман.
– Ие, нега сотарканмиз сигирни? – ранжиди кампир, – Аян ўсиб-улгайғач, сигири бир кунига ярар. Болам, бувангнинг гапини қўявер. Сотмаймиз. Сигиринг қайтиб келгунингча ўзидан кўпайиб туради.
– Кераги йўқ ҳеч қанақа сигир-пигирни! – деди ўксиган овозда Аян ўпкаси тўлиб, сўнгра биз билан бир-бир хайрлашаркан, аравага чиқиб олди. Аравакаш:
– Қани, чуҳ, жонивор! – дея отга қамчи босди.
Есиқбой аравага осилиб, кўча охиригача Аянни кузатиб қўйган бўлди. Биз узоқ вақт аравадан кўзимизни узмасдан турдик. Чанг кўтариб кетаётган аравада ўтирган Аян узоқдан бизга сўнгги марта қўл силкитиб қўйди.
– Негадир бошим оғрияпти, – деди Содиқ қовоғини уюб уйи томон кетаркан.
– Мен бугун ўйнамайман! – қичқирди болалардан яна кимдир.
Шундай қилиб, ўша куни кеч кирмаёқ болалар уй-уйларига тарқаб кетишди.
Биз анча кунгача Аянни, унинг эртакларини эслаб юрдик. Баъзан қиш оқшомлари тўпланардик-да, Аян бир пайтлар бизга айтиб берган эртак­ларни хотирлашга уринардик.

Яқинда мен болалик чоғимни эслаб, овулимизга бордим. Баногоҳ Эчкиўлмас тоғи ортида етим бола курашган тоғу тошларни ларзага солиб хуррак отаётган бир кўзли махлуқ ҳамон ухлаб ётгандек туюлди. Ҳозир Аян қаерда экан? Ҳаётмикин у, эҳтимол, олимми ёки бирор раҳбар бўлиб кетгандир?
Шамол эсиб, Ёвшантепадан ёқимли, таниш ҳид таралди. Хаёлга толдим: Аян тирик бўлса, албатта овулимизга келади. Чунки хушбўй ёвшан исини бир марта туйган одам бу ерларга келмай қўймайди.

Рус тилидан Назира Жўраева таржимаси

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 5-сон