Қария жаноб Хокинс одатда ўзининг нураб ётган деворининг олдида ўтириб олиб, мактабдан уйига қайтаётганган кичкина болаларни имлаб ўзига чақирарди.
– Болалар! Бу ёққа келинглар, болалар! – деб қичқирарди.
Аксарият болалар унинг олдига яқинлашишга қўрқиб, қарияни узоқдан мазах қилиб қочишарди. Улар чолнинг ғалати қўшиғини эшитишарди:
– Бобонг айтган чуқурни қазигин тез,
– Қазиб- қазиб топгайсан катта сюрприз.
Бу қўшиқнинг маъносини ҳеч ким тушунмасди. Бир бола чолнинг қўшиғига қизиқиб унинг олдига борди. У қария айтган жойни қазиб ҳам кўрди. Қазиб-қазиб ҳеч нарса тополмагач, чарчаб уйига қайтиб кетди.
Бир куни Эрни Виллакер исмли болакай икки ўртоғи билан мактабдан уйига қайтаётганида қария Хокинс уларни чақирди.
– Болалар! Бу ёққа келинглар, болалар! – қариянинг бўғиқ овози эшитилди.
– У сени чақиряпти, Эрни – деб Виллакерни туртди дўстларидан бири.
– Бекор айтибсан! – деди Эрни. Жаноб Хокинс эса кўрсаткич бармоғи билан Эрнига ишора қилди.
– Бу ёққа кел, болакай! – чақирди қария. Эрни унга жаҳл билан қаради.
– Бор-чи? Ёки қўрқаяпсанми? – деди Эрнининг дўстлари.
– Қўрқаётганим йўқ. Фақат ойим дарсдан сўнг тўғри уйга келишимни тайинлаганлар-да! – деди Эрни.
– Ёлғон! Сен қария Хокинсдан қўрқаяпсан!
– Ҳеч ким ундан қўрқаётгани йўқ!
– Унда чолнинг олдига бор!
– Ҳой, болакай! Олдимга кел, болам! – деб қичқирди чол.
– Майли. Фақат ҳеч қаерга кетиб қолмай, мени шу ерда кутларинг! – ниҳоят рози бўлди Эрни.
– Ҳеч қаерга кетмаймиз, хавотирланма! Эрни бошини баланд кўтариб қария Хокинс томонга юрди.
– Ҳа, жаноб? – деди чолнинг олдига бориб.
– Яқинроқ кел – деди қария. Эрни унга яқинлашди.
– Мендан қўрқаяпсанми?
– Йўқ, жаноб.
– Жуда соз. Энди мени диққат билан эшит, болакай. Катта сюрприз олишни хоҳлайсанми?
Эрни ортига ўгирилиб қаради. Ўртоқлари индамай қараб туришарди. Шу пайт болакай елкасига қариянинг қўллари текканини ҳис қилиб даҳшатга тушди.
– Ҳой, бу ёққа келинглар! – деб дўстларига қичқирди Эрни.
– Тинчлан, болам. Сенга ҳеч нарса қилмоқчи эмасман – деди жаноб Хокинс. Эрни типирчилай бошлади. Қария уни ўзига торди.
– Б-бу ёққа… – деб бақирди Эрни.
– Бас қилсанг-чи! Наҳотки катта совға олишни истамасанг?
– Й-йўқ, рахмат жаноб.
– Йўқ дема! Жон деб хоҳлайсан-ку! Жаноб Миллернинг даласи қаердалигини биласанми?
– Ҳ-ҳа.
– Ўша даладаги катта эман дарахтини-чи?
– Б-биламан.
– Ўша далага борасан-да эманнинг остида туриб черковнинг гумбази томонга қарайсан. Тушиндингми?
– Ҳ-ҳ-ҳа-а!
Қария болакайни ўзига янада яқин торди.
– Кейин гумбазга қараб ўн қадам юрасан. Тушиндингми? ўн қадам!
– Ҳ-ҳа.
– Ўн қадам юрганингдан сўнг тўхтайсан ва ўша тўхтаган жойингни ўн фут чуқурликда қазасан. Қанча қазиркансан?
– Ў-ўн фут.
– Баракалла! Демак гумбаз томонга қараб ўн қадам юрасан ва ўн фут чуқурликда қазийсан. Қазиб-қазиб катта сюрприз топасан! Хўш бу ишни қиласанми?
– Ҳа, жаноб. Албатта айтганингиздек қиламан.
Чол болакайни қўйиб юборди. Эрни дўстлари томонга югурди.
– Тағин эсингдан чиқмасин! – деб унинг ортидан бақирди чол.
Эрни янада тезроқ югуриб уни кутиб ўтирган икки ҳамроҳининг олдига борди.
– У сени қийнаб ўлдирмоқчи бўлдими?
– Йўғ-е!
– Унда нима хоҳлаяпти?
Болалар қариянинг одатий қўшиғини эшитишди:
– Бобонг айтган чуқурни қазигин тез,
– Қазиб- қазиб топгайсан катта сюрприз.
Ҳар куни тушдан сўнг болалар жаноб Миллернинг даласига бориб ўша эман дарахтининг остида ўтирганларича қариянинг гапларини муҳокама қилишарди.
– Бу ерда нима кўмилган экан-а?
– Олтин-да! Бошқа яна нима бўлиши мумкин?
– Агар олтин бўлса нега чолнинг ўзи уни қазиб олмайди?
– У бу ишни қилишга қарилик қилади.
– Ҳа-а тўғри!
Болалар олтин ҳақида ўйлай бошлашди. Улар қариядан яна бир марта сўраш учун унинг уйи олдидан ўтишди лекин жаноб Хокинс болаларни бошқа олдига чақирмади.
Бир куни болалар мактабдан қайтишаётганида қария Хокинснинг бошқа болаларга алланималарни гапираётганини кўришди.
– У бошқаларга ҳам айтяпти! Тезроқ ҳаракат қилмасак олтиндан қуруқ қолишимиз аниқ – деди Эрни қизишиб. – Шошилишимиз керак! – деди дўстлари.
Болалар Эрнининг уйига боришди. Эрни ертўладан белкуракларни олиб чиқди. Улар жаноб Миллернинг даласига боришди. Эманнинг остидан черков гумбазига қараб ўн қадам юришди.
– Қани қазишни бошладик! – деди Эрни.
Болалар қазишни бошлашди. Уч фут қазиб бўлишгач, дам олиш учун тўхташди.
– Чиндан ҳам бу ерда олтин бор деб ўйлайсизларми? – деди болалардан бири.
– Билмадим. Қазийверайлик-чи кўрамиз – деди иккинчиси.
– Ҳой Эрни агар ўн фут чуқурликка тушиб кетсак бу ердан қандай қилиб чиқамиз?
– Арқон олганман. Шунга осилиб чиқамиз.
Улар яна қазишга тушишди. Соатлаб тўхтовсиз қазишди. Кийимлари, юзлари ва қўллари кир бўлиб кетди. Бўйлари баравар қазишганида ёмғир ёға бошлади. Болаларнинг ҳамма ёғи лой бўлиб кетди. Улар қазишдан тўхтаб дам олишди.
– Қанча қазидик? – деди Эрнининг дўсти.
– Олти фут! – деди Эрни хансираб.
Бир оз ўтиб улар яна қазишга киришишди. Қазийвериб-қазийвериб қўллари қовариб кетди.
– А-ах! Бўлиб қолдикми-а? – деди болалардан бири.
– Йўқ ҳали. Айтдимку ўн фут қазиш керак деб – деди Эрни.
– Кучим қолмади. Бошқа қазий олмайман! – деди ҳалиги бола.
– Унда уйинга жўна! – деди Эрни.
– Кетаман. Жуда чарчадим! – деб тепага кўтарилди болакай.
– Мен ҳам чарчадим. Уйга кетаман. Кеч бўлиб кетди. Кечки овқатга улгирмасам ойимдан гап эшитаман –деб иккинчи болакай ҳам арқонга осилиб тепага чиқди.
– Кетаверларинг! Олтиннинг ҳаммаси ўзимга қолади! – деб бақирди Эрни.
– Ҳеч қанақа олтин йўқ! Яхшиси биз билан юр. Уйга кетамиз – деди болалар пастга қараб.
– Ҳеч қаерга кетмайман – деди Эрни қазишда давом этиб.
– Қўрқмайсанми? – деди дўстлари.
– Нимадан қўрқишим керак?
– Билмадим. Майли биз кетдик! Болалар жўнаб кетишди.
– Ҳечқиси йўқ. Яна озгина қазисам, бир сандиқ олтин билан уйга кириб бораман! – деди Эрни ўзига ўзи.
Қоронғу туша бошлади. Эрни эса қазишда давом этди. Озгина қазиганидан сўнг белкуракнинг учи тақ этиб бир нарсага тегди. Тупроқ орасидан узун қутининг юзаси кўринди. Болакай қазишдан тўхтади. “Каттасини топдим-ку!” – деди ичида севиниб ва тезда белкурак билан қутининг атрофидаги тупроқларни ола бошлади. Қутини қазиб бўлгач, уни анча узун эканини кўрди. Қутининг оғзи иккита эшикчадан иборат эди. Эшикчаларнинг ҳар бирига занглаган кичкина қулф илинганди.
Эрни қутининг тепа қисмидаги эшикчага илинган қулфни белкурак билан урди. Эшикча очилди. Болакай бирдан бор овози билан бақириб юборди. У қути ичидан чиқиб келаётган одамни кўриб дахшатга тушиб орқага тисарилди.
– Сюрприз! – деди унга қути ичидан чиқиб келган жаноб Хокинс.
Рус тилидан Феруз Зиёдуллаев таржимаси
“7×7” газетаси, 2016 йил, 28 январ сони