Реваз Мишвеладзе. Журъат (ҳикоя)

Азизим, хафа бўлмагин-у, ҳаммасига ўзинг айбдорсан. Менга бу сўзни айтиш қийин, нима бўлганда ҳам онанг тенги келаман. Яратгандан болаларимнинг, набираларимнинг соғлигини тилайман. Лекин агар турмушга чиқиш тўғри келиб қолса, ҳеч иккиланиб (Худо сақласин) ўтирмасдим. Сен нимага қайғуряпсан, тушунмайман? «Вақти соати билан» деганинг нимаси? Тўғри, ёшлик йилларингни шамолга совургансан. Ўзинг ўйлаб кўр, қуртлаган ёнғоқ на сичқонга, на одамга керак бўлади. Лекин сенга ҳали ҳам кеч эмас. Ҳар хил бўлмағур хаёлларни каллангдан чиқариб ташла.
Тўғрисини айтсам, азизим, ҳеч кимга, ҳеч нарса, ҳеч қачон кеч эмас. Фақат қалбинг буюрган ишни қилсанг бас. Эй Худойим-э, нима деганинг бу, вақтида турмушга чиқолмадим, эмиш. Ҳеч кимнинг «мен роса уриндим, жуда ҳам хоҳлаган эдим, лекин қўлимдан келмади”, дейишга ҳаққи йўқ. Буларнинг ҳаммаси ёлғон. Бундай дейиш ярамайди. Бошингизга тушган ҳар бир кулфат учун тақдирни рўкач қилавериш керак эмас. Пешанамга ёзилган эмиш, бўлмаган гап. Пешанангизга ёзилмаган, фақат ўзингиз журъат қилмагансиз. Тақдирнинг арзимаган синовларига дош беролмаган бўлишингиз мумкин. Ҳаммангиз ўз орзуимдаги куёвни излаб тополмаганман, дейсиз. Учрамаса-чи?
Сен ўз имкониятингни ҳисобга олганмисан? Ўзингнинг қанақалигингни яхши биласанми? Дарров тушкунликка бериласан. Ўз орзуингдаги йигит учрамадими, бошқа бўлмағур нарсаларга берилиб, ўз умрингни хазон қилишинг керак, шундайми? Йўқ, ундай эмас, кўзингни каттароқ оч. Севги дейсанми? Севги бор нарса, унинг мавжудлигига мен ҳам ишонаман. Катта севги катта қурбонликни талаб этади. Севги ҳам ўхшамадими, тушкунликка тушиш керак эмас. Менинг кузатишимча, камдан-кам аёллар ўз севгисига содиқ қолади. Сен эса ҳеч кимни севолмадим, шунинг учун турмушга чиқмадим, деб ўзингни оқламоқчи бўласан. Бу нима деганинг, севдим-у, лекин эрсиз қолдим? Демак, сенинг севги ҳақидаги тушунчанг тўлиқ эмас экан. Сен ўзингни катта тутгансан, севгингга беписандлик билан қарагансан. Бу худбинликдан келиб чиқади.
Катта севги бу Яратганнинг инъоми, бу истеъдод. Бундай севги менга берилмагани учун нима, сочимни юлишим керакми, турмушга чиқмаслигим керакми? Севги баъзан тўйгача (бу яхши), баъзан эса тўйдан кейин келади. Сен эса катта севгини кутиб умрингни елга совуряпсан. Кутиб-кутиб мана, қирққа ҳам кириб қолдинг. Биласанми нима? Мен ҳаётда кетидан манаман деган йигитлар эргашиб юрган ҳурлиқоларни кўрганман. Ажабланарли томони шундаки, кўпи турмушга чиқолмай қолиб кетган. Кўп қизлар ўзига ҳақиқий шаҳзодани қидирадилар. Шаҳзодага тегиш учун ҳақиқий малика бўлиш кераклигини эсдан чиқарадилар. Танлаб-танлаб тозисига учрабсан, деган гап бор. Кўп танлайвериш керак эмас. Униси ундоқ экан, буниси бундоқ экан. Ўзинг қанақасан? Ҳар қандай маймун ҳам ойнага қараб ўзини гўзал деб ўйлайди. Ҳаётга ҳушёрроқ назар солиш керак. Ўзингнинг камчилигинг йўқми? Камчилик фақат Яратганнинг ўзида бўлмайди.
Ҳар ҳолда кутганинг эркак киши. Уни кўргазма учун қўйиб қўймайсан-ку. Инсон Яратганнинг бандаси. Эҳтимол, бўйи пастдир ёки новчадир. Ёки бурни узундир. Унинг қалбига ҳам озгина назар сол. Балки ёқиб қолар. Бунақа инжиқлик билан эр танласанг, умуман эрсиз қоласан. Ҳар қандай бекаму-кўстман, авлиёман деган одамингда ҳам албатта бирор камчилик бўлади. Беайб Парвардигор. Кўпинча бу дунёда меҳмонлигимизни унутиб қўямиз. Нимани кутасан?! Етар энди шунча танлаш. Наҳотки бу дунёда сенга ёқадиган бирорта одам бўлмаса?!
Тақдиринг кетидан югуриб умринг ўтиб кетганини ҳам билмай қоласан. Бундай қарасанг, қариб қолибсан. Ойнага қарашга ҳам юрагинг бетламай қолади. Бир соатнинг ичида қариб кетишинг мумкин. Қарабсанки, атрофингда на эринг, на бола-чақанг бор. Биласанми, сендек гўзал қиздан «шу пайтгача турмушга чиқмадим”, деган сўзни эшитсам, юрагим увишиб қолади. Негадир, ҳатто жаҳлим ҳам чиқиб кетади. Ўзимга баъзан аралашиб нима қиласан, сенинг нима ишинг бор, дейман.
Лекин сен каби одамларнинг ўзи ҳақидаги фикри жуда ҳам юқорилигини кўриб, жим туролмайман. Яна биттасини билардим, ҳеч кимни ўзига муносиб кўрмади, мана қариқизлигича қолди. Гуноҳ бўлса ҳам гапираман, нима қилай? Ўзи соғлом, кўркам, ҳеч қанақа камчилиги йўқ, лекин бунақалар қандайдир аҳмоқона сабабларни рўкач қилиб турмушга чиқмайдилар ёки уйланмайдилар. «Севмайман», «шароит йўқ эмиш…» Ҳой, хом сут эмган банда, вақти соати билан севиб қолганингни ўзинг ҳам билмай қоласан. Шароитни ўзинг яратишинг керак. Менга бундайлар ҳечам ёқмайди, тўғрисини айтсам.
Агар вайсашларим жонингга тегмаган бўлса, мен сенга ўзимнинг қандай қилиб турмушга чиққанимни гапириб бераман. Сенга ҳам худди менга ўхшаб иш тутгин демаяпман, меники жуда қизиқ бўлган, эшит.
Ҳозир нимани ҳам маслаҳат берасан, замон бутунлай бошқача бўлса. Йигитлар ҳам, қизлар ҳам ўзгариб кетган. Ҳар нарсанинг ўз даври бўлар экан. Бу воқеани айтиб беришимдан мақсад сени ҳаётда озгина фаолроқ бўлиб, ўз ҳаётингни кўнгилдагидек қуришингни истайман. Бир доно одам айтган экан: «мен югуряпман, лекин вақт менга етиб олиши керак», деб. Бу дегани биз ўз ҳаётимизга ўзимиз хўжайин бўлишимиз керак, дегани.
Мен бозор олдидаги Ниношвили кўчасидаги саккизинчи тор кўчанинг ўнинчи уйида истиқомат қилардим. Отам тунукачи эди, ўтган йили қазо қилди. Жойи жаннатда бўлсин. Яқинда бир йил бўлади. Эшитгандирсан, Турдзеладзе номидаги Кутаисидаги ягона мактабни, мен ўшани тамомлаганман. Кейин эса ҳамшираликка ўқидим. Йигирма биримдан темирйўлчилар касалхонасида ишлай бошладим. Ҳозир ҳам ўша ерда ишлайман. Мен оилада ягона фарзанд эдим. Йигирма ёшида ҳамма қизлар гўзал бўлади, дейишади. Ҳаммаям бундай эмас. Мақтаняпти демагин-у, лекин ўшанда мен ҳақиқатдан ёмон эмас эдим. Қадди-қоматим келишган, ой деса ойдеккина. Буларнинг ҳаммаси энди ёшликда қолиб кетди. Шартим кетиб, партим қолди. Ҳар кимнинг ўз таъби бор. Эркакларни тушуниб бўладими? Қўшниларимиз фақат ўғил болалар эди. Уларнинг орасида ўсганим учун табиатим ҳам ўғил болага ўхшаб кетган эди. Лекин нимагадир ҳеч қайсисига кўнгил бермаган эдим. Назаримда, улар ҳам менга бефарқ эдилар.
Ҳозир ўша дўстларимдан баъзилари вафот этиб кетишган. Баъзилари ҳали ҳам ўша ерда яшайди. Уларни ҳозир кўриб қолсам, худди акамни ёки укамни кўриб қолгандек хурсанд бўлиб қучоқлашиб кўришаман. Бундай олиб қарасанг, улар ҳақиқатдан ҳам акам ёки укамдек бўлиб қолган эдилар. Ахир бирга ўсганмиз, бирга копток тепишардик. Онам уришгани-уришган эди. «Қанақа қизсан ўзи, ўғил болаларга қўшилиб эртаю кеч коптокнинг кетидан югурганинг-югурган», дерди. Жуда шўх бўлсам-да, оқкўнгил эдим. Дадам эса онамга қараб, бу қизингни ким ҳам оларди, деб бошини чангаллагани-чангаллаган эди.
Дадамнинг айтгани тўғри чиқишига озгина қолди. Йиллар қандай тез ўтиб кетганини сезмай ҳам қолдим. Ўзимча шошиб нима ҳам қилардим, деб йигирма саккизга кирганимни сезмай ҳам қолибман. Назаримда, худди ҳали ҳам ёш қиздек эдим. Атрофга қарасам, мен тенги қизлар аллақачон турмушга чиқиб икки, уч болали бўлишган. Ҳатто, баъзи мен тенгдош йигитлар иккинчи маротаба ҳам уйланиб улгурганлар. Мен эса ҳамманинг энг яхши дўсти эдим, уларнинг тўйида елиб-югуриб хизмат қилардим. Охирида ўзим билан ўзим қолдим.
Эсимни йиғиб қарасам, бунақаси кетмайди. Мен билан ҳамма дўсти, яқин кишиси сифатида муносабатда бўларди-ю, лекин ҳеч ким ўзингнинг ҳолинг қанақа, деб сўрамасди. Худо сенинг ҳам бахтингни берсин, дейишарди, тамом вассалом. Ўзимча ҳали ҳам кеч эмас, энди ўзим учун жиддийроқ ҳаракат қилмасам бўлмайди, деб ўйладим.
Кўчамизнинг охиридаги касалхонага етмасдан берироқда Отар Чимбуридзе деган йигит яшарди. Унинг ота-онаси Обча деган жойда яшар, ўзининг эса бир хонали квартираси бўлиб, у пединститутни тамомлаб, ўша ерда ассистент бўлиб ишда қолган экан. Мен у билан тасодифан тўйда танишиб қолдим. Шунақанги озғинки, бурнидан тортсанг, йиқилиб тушгудек. Баъзан костюмининг тугмачалари осилиб қолганига эътибор бердим. Лекин бўйинбоғсиз юрмасди. Нима қилса ҳам ассистентда. Жуда ҳам оддий кийинар эди. У ўрта бўйли, бир томонга озгина оқсарди. Кўзлари мулойим, лекин ҳушёр боқарди. Тўғрисини айтсам, унинг ташқи кўриниши менга ёқмасди. Лекин у билан суҳбатлашганимда унинг қалби теран, гап-сўзлари мантиқли эканлигига эътибор бердим. У билан йўлда учрашиб қолсак сўрашадиган, озгина у ёқ-бу ёқдан гаплашадиган бўлиб қолдик. Унинг менга қараб бечораҳол жилмайишими ёки мазмунли суҳбатларими, нимасидир ёқиб қолди. Баъзида қисқа салом-алик қилиб, у ҳам ўз йўлига, мен ҳам ўз йўлимга равона бўлардик.
У менга нимадир муҳим бир сўзни айтмоқчи-ю, лекин журъат қила олмаётгандек туюларди. Отар шунақанги уятчан ва тортинчоқ эдики, унинг бирон маротаба қизлар билан гаплашиб турганини кўрмаганман. Шундай қилиб беш йил ўтди. Мен ҳам ўттиз учни уриб қўйдим. У ҳам ўзининг ҳаётий ташвишлари, мен ҳам ўзимнинг ташвишларим билан овора эдик. Шу беш йил ичида тузукроқ гаплашмадим ҳам. Кутаисида деярли ҳамма бир-бирини билади. Отар Чумбуридзе ҳақида, унинг уятчанлиги, тортинчоқлиги, ҳатто унинг юрадиган қизи ҳам йўқлиги ҳақида орқаворотдан сўзлар эшитдим.
Гапнинг қисқаси, ҳечам эсимдан чиқмайди, йигирма саккизинчи сентябр куни эди. Отар Чимбуридзенинг эшигини қоқдим. У худди менинг боришимни кутиб тургандек, эшикни очиб, ҳечам ажабланмади. Ичкарига таклиф қилди ва стулни суриб қўйди. Қувончини яширолмасди, нуқул куларди. Хонанинг бетартиблигига – ювилмаган идиш-товоқлар, дераза рахининг чанг босганлигига эътибор бердим. Бўйдоқ эркакнинг хонаси нима ҳам бўларди? Хотин киши бу уйга умуман оёқ босмаганлиги билиниб турарди. Полга тикилиб туриб, «Бошқа илож тополмадим, охири ўзим келиб сени севишимни билдириб қўйишга қарор қилдим. Сен менга уйланишинг керак», дедим. Ўша дамни эсласам, ҳалигача кулгим қистайди.
У худди қиз болага ўхшаб қизариб кетди. Кейин кула бошлади. У мени ҳазиллашяпти, деб ўйлади. Ҳазиллашмаётганимни билиб:
– Мен сени бошқа иш билан келгансан, деб ўйлабман, – деди.
Мен:
– Ҳаётда энг асосий иш шу эмасми, бугундан бошлаб сенинг хотинингман, ортиқча сўзнинг кераги йўқ, – дедим.
У эса:
– Эсинг оғиб қолганми нима бало, ким ўргатди сенга бунақа бемазагарчиликни, шунақа қилиб ҳам турмушга чиқадими? – деди.
Қарасам, мени ҳайдаб юборадиган. Менинг жаҳлим чиқиб кетди, нима бўлганда ҳам қиз боламан, ўзимга яраша ғурурим бор.
– Сен эси йўққа нимам ёқмаслигини билишни истардим. Ахир беш йилдан бери мени орқамдан кузатишингни биламан-ку, йигит киши ҳам шунақа бўладими? Кўриб турибман-ку ахир аҳволингни. Айт-чи, сендан нима камим бор? – дедим.
Қисқаси, унга ичимдаги бор гапимни тўкиб солдим. У эса кула бошлади. Кейин эса бошини қашиб туриб мулойимлик билан менга танбеҳ бергансимон:
– Нимага жаҳлинг чиқади, ахир сен яхши қизсан, бу ахир ҳаёт-мамот масаласи, жиддийроқ ўйлаб кўриш керак, шошқалоқлик ярамайди. Озгина вақт ўтсин, бир-биримизга тўғри келмасак-чи, унда нима бўлади, – деди.
– Ҳеч қандай ўрганишнинг кераги йўқ, бутун Кутаисидан сўраб чиқ, мен ҳақимда биронта одам ножўя гапирармикан, мен ҳеч кимга ёмонлик қилмаганман, ҳамма мени яхши кўради. Қисқаси, менинг ўзим бошимни эгиб келдим, уйлансанг уйлан, бўлмаса нима ҳам дердим, – дедим.
У эса:
– Мен уйда бўлмаганимда бошқа одамнинг олдига борармидинг, – деган аҳмоқона саволни берди. Мен чидаб тура олмадим, йиғлаб юбордим.
– Қанақа тўнкасан, сен уйда бўлмаганингда эртага келардим, наҳотки сезмасанг, сени севаман-ку. Беш йилдан бери наҳотки сезмагансан, қанақасан ўзи? – дедим.
У ҳам йиғлаб юборди.
– Нега беш йилдан бери жим юрдинг? – деб сўради.
Унинг юраги мен ўйлаганимдан кўра ҳам меҳрлироқ экан. Охири у ҳам мени севишини изҳор қилди. Қисқаси, биз турмуш қурдик. Ўшандан бери биргамиз. Уч болани катта қилдик. Баъзилар ҳамма оилада ҳам уруш-жанжал бўлиб туради, бусиз мумкин эмас, дейди. Мен умуман бундай гапларга қўшилмайман. Жанжалсиз, бир-бирига меҳр-оқибат билан яшайдиган оилалар кўплаб топилади. Биз бир-биримизни авайлаб яшадик ва ҳозир ҳам авайлаймиз. Ишонасанми, қирқ йил мобайнида бирон маротаба ҳам бир-биримизга қўпол муомала қилмаганмиз. Сен ҳам яхши одамга турмушга чиқиб, биз каби аҳил яшашингни тилайман.

Ҳамидулло Исмат таржимаси