Пабло Неруда. Йўл кўрсатувчи юлдузлар

http://n.ziyouz.com/images/pablo_neruda.jpg

Нобел мукофоти топшириш маросимидаги нутқнинг охири

Биз эса – Америка қитъасининг чексиз кенгликлари ёзувчилари, бу ерларни жисм ва қондан иборат мавжудотлар билан муттасил тўлдиришга даъват эшитамиз. Биз ўз бурчимизни англаймиз, бу – курраи заминда яшовчиларнинг бурчи, ва айни пайтда, бу бўм-бўш, лекин адолатсизлик билан лиқ тўла дунёга танқидий кўз билан қарашни ҳам ўз бурчимиз деб биламиз; аллазамонлар ўтиб кетган азоб ва изтироблар билан ҳисоб-китоб қилиш ҳам бизнинг бурчимиз; тош ҳайкалларда, бузилиб, емирилиб кетган ёдгорликларда, сайёрамизни қоплаб ётган қирларнинг чексиз сукутида, момақалдироқ овози билан хониш қилаётган дарёларда мудраб ётган орзуларни юрагимиз билан илғаб оламиз. Тил-забонсиз қитъанинг кенгликларини сўзлар билан тўлдириш заруриятини туямиз; афсоналар тўқиб, буюмлар ва ҳодисаларни ўз номи билан аташ бизни сархуш қилади. Эҳтимол, менинг камтарона тажрибам шулар билан изоҳланар ва бу ҳолатларда қуюшқондан чиқиб кетишларим, ҳаддан зиёдлигим, дабдабабозлигим -Америка қитъасида яшовчиларнинг ҳар кунги, оддий машғулотидан нари эмас. Ҳар бир шеърим кўзга кўринадиган нарса бўлишга интилади, ҳар бир поэмам юмушларда нафи тегадиган қурол бўлишга ҳаракат қилади, ҳар бир қўшиғим- маконда бирлашиш нишони –барча йўллар унга элтади, ёинки -тош ёки дарахт парчаси- биздан кейин келаётганлар унга ўз нишонларини тирнаб туширадилар.

Шоирнинг бурчи шундай эканлигига ишонган ҳолда – мен ҳақманми ёки барча оқибатларга кўмилиб адашаяпманми, бундан қатъи назар –шундай қарорга келдимки, менинг фаолиятим жамият олдида ва ҳаёт олдида, шу жамият ҳаётининг камтарона бир бўлаги бўлиши керак. Бундай хулосага, шарафли мағлубиятларни, якка-ёлғиз ҳолда эришилган ғалабаларни мушоҳада этиб келдим. Ва Америка қитъасида ёйилиб кетган курашларга қўшилиб кетиб тушундимки, оддий бир инсон сифатида менинг миссиям шундан иборатки, уюшган кенг халқ оммасига қўшилиб кетишим керак, унга қоним ва жоним билан, бутун эҳтиросларим ва умидларим билан қуйилишим керак, чунки мана шу айқириб оқаётган оқимдан халқлар ва ёзувчилар учун зарур йўллар ажралиб чиқади. Гарчи менинг бу назариям аччиқ ёки ширин эътирозларга сабаб бўлди ва бўлаяпти, шу нарса ҳақиқатки, мен ёзувчи учун бошқа йўлни тасаввур қилолмайман. Агарда биз, бепоён ва қаҳрли мамлакатларнинг ёзувчилари, зулмат чекинишини, ўқиш ва ёзишни билмайдиган миллион-миллион одамлар ўзларининг инсоний қадр-қийматларига эга бўлишини истасак, шу йўлни танламоқ керак.

Бизга оғир мерослар қолди: бизнинг халқлар ўтган асрларнинг лаънат тошини елкасида кўтариб келади, ваҳоланки энг гўзал ҳаётга лойиқ, улар қачонлардир тош ва металлдан қурган ғаройиб минораларни, яратган ажойиб хазиналарни даҳшатли колониал қуллик ер билан яксон қилиб ташлади, ўзларини эса сукут сақлашга мажбур этди. Бу даҳшат ҳали-ҳануз яшаб келаяпти.

Бизга йўл кўрсатувчи юлдузлар –кураш ва умид. Бироқ кураш ҳам, умид ҳам якка-ёлғиз бўлмайди. Ҳар бир одамда ўтган даврлар, жаҳолат, адашишлар, эҳтирослар, шу кунларимизнинг долзарб эҳтиёжлари, тарих югуриги мужассам. Агар мен, улуғ Америка қитъасининг феодал ўтмишига қандайдир шаклда хизмат қилганимда нима деган одам бўлардим! Наҳотки, бошимни баланд тутган бўлардим? Шу кунларда, менинг ватанимдаги ўзгаришларга озгина ҳисса қўшганимда кўнглимда ғурур ҳисси уйғонмаганида, Швеция менга кўрсатаётган шон-шарафга наҳотки сазовор бўлардим? Американинг харитасига қараб, беқиёс сахий кенгликларининг улкан ранг-баранглигини кузатиб, нима учун аксар ёзувчилар бу қитъанинг бадномлик ва талон-тарожлар билан булғанган ўтмишини ўзларига қабул қилгилари келмаслигини тушуниш мумкин.

Мен қийин йўлни танладим ва бу йўлда масъулиятни, шахсга коинотнинг маркази сифатида таъзим қилишни одамлар билан баҳам кўрдим, кўпсонли жангчиларга камтарона хизмат қилишни афзал билдим, гарчи улар вақти-вақти билан адашиши мумкин, лекин чарчоқ нималигини билмай олға юрадилар, ҳар куни вақтдан орқада қоладиган қайсарлар ва бетоқат калондимоғлар билан юзма-юз тўқнаш келадилар. Шоирлик бурчи менга, на фақат гўзаллик ва уйғунлик, ҳайратли муҳаббат ва чексиз қайғу билан ошно бўлишни амр қилади, балки инсонларга хос қаҳрли ишларни ҳам поэзиямнинг бир бўлаги қилиб олишни талаб этади.

Бундан роппа-роса юз йил муқаддам бир камбағал ва улуғвор шоир –тушкунликка учраганларнинг қаҳри энг қаттиғи, қуйидагича башорат қилган эди: “Тонготарда биз, алангаланаётган сабр-тоқат билан қуролланиб улуғвор шаҳарларга кириб борамиз”.

Башоратчи Рембонинг бу пайғамбарона сўзларига ишонаман. Менинг ўзим чекка ўлкада, катта дунёдан бешафқат жуғрофия туфайли ажралиб қолган мамлакатда туғилиб ўсдим. Мен шоирларнинг энг кўзга кўринмаси эдим, менинг поэзиям маҳаллий эди. Бироқ, мен инсонга доим ишониб яшадим. ҳеч қачон ноумид бўлмадим. Ва, эҳтимол, айнан шунинг учун ўз поэзиям ва шиорларим билан мана шу жойларга келиб турибман.

Сўзимнинг ниҳоясида яхши ниятли кишиларга, меҳнаткашларга, шоирларга шуни айтмоқчиманки, келажакнинг бари Рембонинг қуйидаги сўзларида мужассам: алангаланаётган сабр-тоқат билангина қуролланиб, биз ҳаммага ёруғлик, адолат ва қадр-қиммат берадиган улуғвор шаҳарни забт эта оламиз.

Бу демак, поэзия қуруқ ашулабозлик эмас.

Рус тилидан Қудрат Дўстмуҳаммад таржимаси.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 7-сон